Журналист Исмат Хушевнинг Президент, мухолифат ва МХХ ҳақидаги мақоласини ўқиб
Суратда: Журналист Исмат Хушев Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан…
(Исмат Хушевнинг “Ўзбек мухолифати ва махсус хизматлар фаолияти ёки Ўзбекистон президентининг ўз мухолифларига нисбатан тоқатсиз муносабати хусусида” мақоласини ўқиб)
Ўзбекистонда битта муаммо бор. У ҳам бўлса – президент Ислом Абдиғаниевич Каримов.
У 27 йил давомида келтириб чиқарган асоратлар, эрта бир кун нафақат Ўзбекистонни, бутун Марказий Осиё Республикаларини издан чиқариш учун етиб ортади.
Каримов ҳокимиятдан кетгандан кейин ҳам, унинг шарпаси ёвуз руҳ сингари Ўзбекистонни бир неча йил таъқиб қилиши муқаррар.
Бу «Муаммо» Марказий Осиёда Яқин Шарқ фожиасини келтириб чиқармасдан олдин унга қарши минтақадаги соғлом кучлар бир мақсад йўлида бир жабҳага бирлашмоқлари лозим.
Ўзбекистон Ироқ, Сурия каби боши берк кўчага кириб қолса, бутун минтақани хароб қилади.
Туркистон келажагини асраб қолмоқ учун биринчи галда, ўзбекистонликлар кўпроқ жон куйдирмоқлари керак.
Миллатнинг бой-камбағал, зиёли-оми қатламлари бир муштга айланиб, бир ёқадан бош чиқазсаларгина, муаммода ечимини топмоқдан ўзга чора қолмайди.
Ўйлаб, ақл билан маслаҳатли амалга оширилган ҳар қанақа иш фаровонликка ва тараққиётга бошлайди. Ақлсизлик ва шошма-шошарлик – беқарорлик ва офатларга сабаб бўлади.
Ватан – ҳамма учун Ватандир! У фақат Президент ва СНБники эмас.
Унинг абгор бир аҳволга тушиб қолишида, ҳар биттамизнинг ўзимизга яраша айбимиз бор. Унинг тўғри йўлга кириб, тараққиётга эришишида ҳам ҳар бир фуқаро қурби етгунча фаол иштирок этиши зарур! Бу учун мамлакатда мўътадил қонунлар ва адолати бошқарув тизими устивор бўлмоғи лозим.
Каримов режими мухолифатни мажруҳ қилгани йўқ, бутун бошли ўзбек миллатини мажруҳ қилди. Юраги душманлар отган заҳарли ўқлардан пора-пора бўлган, тани асрлар асносида заҳмлардан ачишиб, қаддини ростлай олмай ингранаётган – бутун Ўрта Осиё Республикаларининг олтин бешиги бўлмиш, Ота Туркистонни мажруҳ қилди…
Мухолифат – миллат томирида тоза қон айланиши, баҳс ва мунозараларда ўлканинг ҳар бир аъзоси чиниқиб, юраги аниқ ва соғлом тепиши учун зарур. Мухолифат – жамиятнинг бир бутунлигини ташкил қилиб турган аъзоларни ҳаракатга келтирувчи қувват манбайи демакдир. Мухолифати йўқ жамият – қўл-оёғи мажруҳ, вужуди тўшакка михланиб ҳаракатдан қолган хаста каби ночордир.
Ўзини мухолиф санаган ҳар бир одам, буни англамас экан, у мухолиф эмас. У авантюрист ёхуд сиёсий фирибгардир.
Бунга тарихда жуда кўп мисоллар бор. Уларнинг энг сўнггиларидан ва энг ашаддийларидан биттаси – Ўзбекистон президенти Ислом Абдиғаниевич Каримов эканлигига бугун бутун дунё гувоҳ бўлиб турипди.
Афсуски, ҳатто ўзини мухолифат тарафида санайдиган баъзи бир Абдираҳим Пўлатовга менгзаш докторлик унвонига эга кимсаларнинг, бу кабиларни ўттиз йиллаб англаб ета олмагани, юртнинг ҳалокат ёқасига келиб қолишида миллатнинг эмас, унинг зиёлиларининг кўпроқ айби борлигини кўрсатади.
Абдираҳим Пўлатов “Бирлик”ка асос солган Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий фаолиятидаги энг катта хатоси эди.
Муҳаммад Солиҳ хоҳламаганда эди, Абдираҳим Пўлатов “Бирлик”нинг остонасидан осонгина ҳатлаб ўтиб, у бошчилигида вужудга келтирилган “даҳлиз йўлаги”дан сиёсат майдонига киролмасди.
Руҳиятига етти ёт бегона “Озодлик”, “Ҳурлик” каби эзгу ғояларни унинг суистеъмол қилишига имконият яратиб берилиб, сиёсат бозорида коммунистлар сарқити бўлмиш қолоқ ғоялар билан чайқовчилик қилиши учун унга “Бирлик” қурбон берилмасди.
Шоир Рауф Парфи билан журналист Фахриддин Худайқулов “Бирлик ҳайъати”га қаерлардандир топиб еталаб келган Абдираҳим Пўлатовни танлаш-танламаслик ҳуқуқини Зойир Аъламга ўхшаган ҳаракат ичкарисида таъсир доираси кучли ҳисобланган фигуралар Муҳаммад Солиҳнинг инон-ихтиёрига ҳавола қилган эдилар. Ва шу ўринда Муҳаммад Солиҳнинг инсонларга ишонувчанлиги панд берди.
Пўлатов ўз соҳасида ёлчитиб бир ишни қойиллатмаган, ўз устоди Академик Кобулов устидан «бу одам миллатчи, академияга фақат ўзбекларни ишга қабул қилаяпти » деб донос ёзган бир хоин эди.
Муҳаммад Солиҳ албатта уни танимасди, факат у эмас, кўпчилик танимасди.
Халқ ичида ҳеч ким танимайдиган бир кимсанинг сиёсат майдонига кириб қолиши – мухолифатни поракандаликка олиб келгани етмаганидек, мустабид Ислом Каримовнинг ўз ҳокимиятини мустакамлашига ҳам кенг йўл очди.
Абдираҳим Пўлатов мухолифат тарихида мухолифатни инқирозга етаклаганларнинг энг каттасидир.
Ҳа, Абдираҳим Пўлатов сиёсатга адашиб эмас, суқилиб кирган эди. Бу не-не фожеаларга сабаб бўлмади. Ўшанда, бу каби ўйинлар замирини кўпчилик тушунмаган бўлса ҳам, алданганларнинг аксари бугун жуда кўп нарсаларни англаб, надоматлар чекаётганлари ҳам бор гап.
Эътибордан йигирма йиллар-ки буткул четда қолган Абдираҳим Пўлатовнинг эса, бугун яна эътибор қозониш учун чўпоннинг нонини еган фалон жойи қичиган қўтир эчкидай, Аллоҳ ишларига бурун тиқаётганини айтмаса ҳам бўлади.
Ўзбекистонда нима кўп, доктор билан қўшиқчи кўп. Миршаб билан спортчиларнинг ҳам куни туғиб ётипди. Улар миллат маънавияти ва мамлакат тараққиёти учун эмас, бир қонхўрнинг амал курсисини узоқ йиллар ушлаб туриши ва юртни кун-кундан кўпроқ ҳалокатга дучор қилиши учун терлаб-пишаётганидан ҳаммамиз яхши хабардормиз.
Мустақиллик йилларида, уларнинг бундан ортиқ нимани қойиллатганини ўзлари билмасалар, бошқа биров билмайди. (Абдираҳим Пўлатовнинг бош мураббийси Абдулла Комилов деган “Бирлик”ни ичидан пораканда қилган КГБ жосуси билан пора бериш-олиш бўйича Ўзбекистон мутлоқ чемпиони, юрист-академик Миролим Одилов деганлари, бундан мустасно, албатта).
Миллат тақдири миллатнинг Беҳбудий, Авлоний, Мадаминбек, Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Соғуний ва ҳакозо даҳо ўғлонлари дунё қараши асосида шаклланган шахслар қўлига тушганда эди, ўзбек тупроғи нафақат Туркистоннинг, ер юзининг жаннатига эвриларди.
Ер юзида яна бир иқтисоди кучли, илмий салоҳияти чексиз, ер ости ва усти бойликларини тўғри йўлда истифода эта олишга қодир бир ўлка қад ростлаган бўларди.
Афсус, неча асрлар-ки унинг аъмолига президент Каримовга ўхшаган эшак ўғрилари соҳиб чиқмоқдалар…
Президент Ислом Каримовнинг бутун эгаллаган билимлари шайтоний амалларга таянади. Унга некбин ишларни амалга оширишга имкон бермайдиган бу тўсиқ, бир вақтнинг ўзида, унинг ҳақиқий хожаси ҳам.
Унинг савия даражаси, ҳамин қадар эзгуликка йўғирилган билимларни эгаллаган кимса саводи билан тенг бўлганда эди, у бошида кечиктирмасдан мухолифатни оёққа қўйиш билан шуғулланарди.
Ташқаридан курсисини ушлаб туришга кўмаклашадиган кучларни қидириш ўрнига, у ичкарида ўз қўли билан бунёд этаётган давлатчилик асосларининг пойдеворини кўтарарди. Уни, халқнинг ўзи қўллаб-қувватларди.
Қонунларни оёқости қилмаганда эди, унинг халқ ардоғидаги собиқ ва демократ президент бўлганига йиллар кечарди. У бугунги кундаги сингари миллатнинг энг катта душманига эмас, мамлакатнинг миллий қаҳрамони – янги ўзбек давлатчилигининг асосчисига айланарди.
У куракда турмайдиган тутриқсиз ҳаракатлари билан умрини беҳуда ишларга сарфлади. Фаолиятини ўзбек зиёлиларининг шахс бўлиб шаклланишига бағишламади.
Мухолифатни шакллантирмади. Миллатга етишмай турган сифатларни у шу шаклда ўз ҳукумати билан ишлаб чиқиб, қанотлари қийилган ўлкага янги бир ҳаёт бахш этолса эди, у ҳақиқий ғалаба нашидасини сурарди.
Бугунги кунлардаги каби оиласи бахтсизлигини, эпсизлиги орқасидан таъминламасди. Ўлим ва тафтсиз, совуқ бир ҳаёт ўртасида, шохи синган қари қўтосдек, кўзлари ғазаб қонига тўлган арслонлар, ўзига ўхшаш шоғол-тулкилар орасида – яън мухолифат ва душманлари ўртасида, у ҳеч қачон тириклигида хом талош бўлмасди.
Бадном бўлмасди, бутун халқнинг қарғишига – тул қолган ўн минглаган ўзбек аёллари ва отасиз ўсаётган милёнлаган ўзбек етимларининг гуноҳи учун эрта бир кун ҳар икки дунёда жавоб бермасди. Ҳар сафар жиноятларини хаспўшлаш учун атрофидаги яқинларини қурбон беришга ҳожат қолмасди.
“Ислом Каримов ҳокимиятга келган тўқсонинчи йиллар бошида – бир муддат мухолифат билан ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилди. Лекин бу узоққа чўзилмади. Буни мухолифат истамади эмас, аксинча Каримов ўз феълу хўйлига кўра мухолифатга тоқат қиладиган одам эмас эди…”
Исмат Хушев шундай деб ёзади:
“Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, унинг ўзи табиатан асли мухолиф характерли одам эди.
Бу шу маънодаки, Ислом аканинг ўзи ҳамиша ўзини мавжуд тузимга нисбатан мухолиф фикрли қилиб кўрсатишга уринар ва буни қайсидир маънода қойилмақом қилиб эпларди ҳам”.
Ҳа, у ҳақиқий шайтон эди. Унинг бир умр дили бошқа, тили бошқа бир одам бўлиб келгани, буни бугун тўлиқ исбот этади. Мансаб ва мақсади йўлида у ҳеч қачон ҳеч нарсадан тоймасди.
Ёлғон гапириш, иғво, одамларни бир-бирига қайраш, унинг сиёсий услуби эди.
“Ислом ака билан У Минфинда министр ва ё Қашқадарёда обкомнинг биринчи секретари бўлганида бирга ишлаганлар яхши билишади. Ислом Каримов ҳамиша мавжуд тузумга нисбатан норози қиёфада бўлган ёки ўзин атай шундай қилиб кўрсатган бўлиши мумкин”.
Ҳа, у ўзини атай шундай қилиб кўрсатган.
Бугун буни ҳам исботлашга ҳожат қолмади. Вақт ҳаммасини жой-жойига қўйди. Кимнинг ким эканлиги, ҳаммага аён бўлиб қолди. Унинг нияти ҳамиша янада юқори мансаб пиллапояларини эгаллаш эди.
Мол-дунё у учун аввал бошдан иккинчи даражали бўлиб келган. “Аввал иқтисод, кейин сиёсат” деган, у томондан ҳар кун минг марта айтиладиган гаплар ҳаммани чалғитиш учун айтилган.
Унинг коммунист сифатида, иқтисодда шундан ортиқ нарсани билмаслигини ҳам хаёлдан соқит қилиб бўлмайди. Халқнинг дарди, орзу-армонлари уни ҳеч қачон қизиқтирмагани ҳам ҳақиқат. Зарур бўлганда, улардан ўзининг ёвуз манфаатлари учун фойдаланаб келади, холос…
Ҳа, у бутун фаолияти давомида, қилиниши лозим бўлган ишларнинг тамоман тескарисини амалга оширди. Жамиятни турғунликка маҳкум қилиш учун у қўлидан келган барча ёмон амалларни ўзига дастуруламал қилиб олди.
Мен “Дунё ўзбекларида” эълон қилинган “Ўзбек мухолифати ва махсус хизматлар фаолияти ёки Ўзбекистон президентининг ўз мухолифларига нисбатан тоқатсиз муносабати хусусида” мақоласини ўқиб, Исмат Хушевни қайтадан кашф этдим.
У диктаторнинг “ўз халқини қўрқув ва таҳликада ушлаб турувчи тоталитар сиёсатини” яхши акс эттирган.
Баъзилар айтаётганидек, унинг иқрори “Подшонинг эркатойи” ёхуд воқеалар оқими билан бир вақтлар оққанидан, сўнггида шармандаларча қувилгани ва аламзадалигидан юзага чиқмаган.
Бу бир виждони қийналган кишининг ўз миллати тақдирига бепарво бўла олмаслигининг иникосидир.
Ҳа, унинг иқрори миллат тақдирига бепарво бўла олмаган бир қалбнинг мамлакат ободлигини чин дилдан хоҳлаб, фуқароларни таҳликадан огоҳ этаётган бир шахснинг, огоҳлантириш ҳайқири бўлди.
Тескарисини тушунган кимсаларнинг ўзларининг тескарилиги ҳам тушунарли ҳолат.
Аммо, мақолада баҳсли ўринларни йўқ, деб айтиш қийин.
Масалан: “…Мўътабар Тожибоева издошлари сафига Ёдгор Обид..,” дея йигирмадан ортиқ мухолифатчилар номи тиркалган.
Шахсан, мен Ёдгор Обидни таниганимда ҳали М.Тожибоева деган хотин дунёда борлигини билмасдим. У ўша замонларда ҳам ўз фикрига эга, эътиқоди бутун, давраларда сиёсий қарашлари билан яхши танилган шоир эди.
Энди Ёдгор Обид қанақасига Мўътабар Тожибоеванинг издоши бўлиши мумкин?
Ва яна бир жиҳат: мақолада МХХ нинг юрт ташқарисига вазифа билан чиқариб юборилиб, бугун мухолифат ичида низо уруғларини сочаётган бир талай югурдаги ҳам мухолифат сафида санаб кетилган.
Аммо бу жузъий ва кейинги мақолаларда тузатилиши мумкин бўлган камчликлар
Хуллас, бу мақолани ўқиб, Исмат Хушевни мен ўзим учун қайтадан кашф этдим.
Тилагим, у шу йўлдан бошқа оғишмасин. Озодлик ва Ҳурликни куйлаган, ҳақсизлик ва зулмга қарши курашганлар қаторида номи ёзилсин!
Исмат, сизга минг офарин! Агар элнинг зиёлилари бир мушт бўлиб бир ёқадан бош чиқазсалар, диктаторнинг қўлидан ҳеч нима келмайди. Жуда, хайрли бир иш бошлабсиз.Ўзбек миллатига фақат зиёлиларининг бирлиги етмай турувди. Зиёлилар бош бўлса, бу миллат тоғни толқон қилади. Биз, энди ўзимизга келяпмиз. Ўзимизни айбларимизни хаспўшлаш учун халқнинг бошидан мағзава тўкканмиз, энди етар. Умрингиз узоқ, бошингиз тошдан бўлсин, дўстим! Бу қутлуғ йўлда сизга Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин!
Эргаш Сулаймонга мурожаат:
«Мақолада МХХ нинг юрт ташқарисига вазифа билан чиқариб юборилиб, бугун мухолифат ичида низо уруғларини сочаётган бир талай югурдаги ҳам мухолифат сафида санаб кетилган», деб ёзибсиз.
Кимлар булар?? Эргаш Сулаймон, аниқ ёзинг. Исмат Хушев на ўзини, на Президентни аямаётган пайтда, сиз нега аллакимларнинг номини аниқлаб айтишдан истиҳола қиласиз?