ЎЗБЕКИСТОН ТЕЛЕВИДЕНИЯСИ ДИКТОРЛАРИГА «ОЧИҚ ХАТ»…
Ўзбекистон телевидениеси дикторларига очиқ хат
Евгений Кочергин Совет замони телевидениесининг диктори эди. Шу йил 14-январда унинг қизи Ирина Володина лифтдаги носозлик туфайли ҳалок бўлганини билмаган одам дунёда қолмади. Чунки, Россия телевидениеси барча телеканаллари дикторлари бу хабарни ўзларининг ҳамкасблари бўлган Евгений Кочергиннинг бошига тушган мусибат сифатида эълон қилдилар. Бирорта диктор Евгений Кочергинга таъзия изҳор қилишни ҳам унутмади.
Барчалари мудҳиш хабар сўнгида Евгений Кочергин Юрий Левитаннинг шогирди бўлган истеъдодли диктор эканини, у узоқ йиллар “Время” дастурини олиб борганини эслатиб ўтишди.
Шунга нима бўлибди, дейсизми?
Бу Россия дикторларининг, бизлар кўпинча ўрис дейдиган, номусулмон дейдиган рус дикторларининг ўз ҳамкасблари қайғусига бефарқ эмаслигининг, ҳамдард бўлганларининг ифодаси эди. Устоз ҳамкасбларини оғир кунда ёлғизлатиб қўймаганларининг, дардига шерик бўлганларининг исботи эди.
Шунга нима бўлибди, дейсизми?
Ҳурматли Ўзбекистон телевидениесининг эъзозда бўлган дикторлари!
Сизнинг ҳамкасбингизнинг отаси, қизи, невараси эмас, ўзи дунёдан ўтди!
Кўпчилигингиз оғзингизни тўлдириб, “Устозим” дейдиган Раҳматилла Мирзаев фожеали ҳалок бўлди! Ўз умрини телевидениега бағишлаган, фидойи инсон, ҳақиқатдан ҳам кўпчилигингизга устоз бўлган забардаст диктор дунёдан ўтди!
Қайсингиз бир оғизгина “Мирзаев ўлди” дея олдингиз?
Халқимизнинг ардоғида бўлган ажойиб диктор, кўпчилигингизни қўлингиздан тутиб, дикторликка олиб келган устоз сухандон, Ўзбекистон халқ артисти Абдумўмин Ўтбосаров ҳалок бўлди. Ҳаммангиз давраларда пичир-пичир қилиб юрганларингиздек, сўнгги нафасигача касбига содиқ қолиб, ҳалок бўлди. Вафот этди, демаяпман, ҳалок бўлди! Сўнгги сўзлари ҳам иши ҳақида бўлибди: “Битта жумлани ўқиб беришим керак эди…”
Ана шундай табаррук инсон дунёдан ўтиб, қайси бирингиз “Ўтбосаров ўтди” дея олдингиз?
Русларни ўрис деймиз, номусулмон деймиз, сиз ЎЗБЕКсиз-ку? Сиз мусулмон фарзандларисиз-ку? Сизларда иймон борми? Сизларда инсоф борми?
Агар “Ахборот”дами, бирор “Давра суҳбати”дами, боринг, ана, ҳамма канални босиб кеган овқат пиширишни реклама қиладиган бемаза кўрсатувларингиздами, “Раҳматилла Мирзаев ўлди” ёки “Абдумўмин Ўтбосаров дунёдан ўтди” деб қўйсаларингиз, нима бўларди?
Осмон узилиб тушиб, сизларни босиб қолармиди?
Сизларни биров отиб ташлармиди?
Ҳамкасбингизга ҳурматингизни, устозингизга садоқатингизни намойиш этиб, отилиб кетсангиз, яхши эмасмиди?
Сизлар айтмаганингиз билан халқ билмадими, улар дунёдан ўтганини? Бутун Ўзбекистон билди-ку? Барча тафсилотлари билан, икир-чикиригача, ғийбатигача билди-ку?
Барчангизни ҳурмат қилар эдим. Бировлар ёзиб берган матнни ўқиган бўлсангиз ҳам, сизларни кўп нарсани биладиган, айтадиган гапларига амал қиладиган, яхши одамлар, деб ўйлар эдим. Аммо мана шу ишлардан кейин сизларни қандай ҳурмат қилай?
Энди охиригача мард бўлингизлар! Бирортангиз марҳум дикторлар ҳақида кўрсатувлар қилинганда уларни “устозим эди”, “дўстим эди”, “яқин эдик”, дея тилларингизга олмангизлар!
Сизлар Раҳматилла Мирзаевга ҳам, Абдумўмин Ўтбосаровга ҳам дўст эмассизлар, шогирд эмассизлар, яқин ҳам эмассизлар!
Сизлар бир ўрисчалик бўла олмаган муте одамларсизлар!
Бир нарсани унутмангизлар, “Тегирмон навбат билан”, дейдилар. Навбат эса, тез келади. Ана шунда сизлар бугун қўлидан етаклаб келиб, дикторликни ўргатаётганлар ҳам худди сиз, устозлари каби чурқ этмай туришади.
Балки хурсанд ҳам бўлишар, “Улуғ-улуғ матнларни энди биз ўқиймиз, катта-катта байрамларни, казо-казоларнинг тўйларини энди биз олиб борамиз”, деб.
Ўрислардан воз кечганимизга чорак аср бўлди, аммо ҳали ҳам улардан ўрганадиган нарсангиз кўп эканлигига амин бўлдингизми?
Тўра Мурод,
Тошкент, Узбекистон
https://www.facebook.com/profile.php?id=1468123643
Ҳамроқул АСҚАР: АБДУМЎМИН ЎТБОСАРОВ ЁДИ
АБДУМЎМИН ЎТБОСАРОВ ЁДИ.
Қачон ўлишини билмайди инсон,
Демакки, Эгамиз шуни хоҳлаган.
Сен бир эл суйган камтар сухандон –
Керак бўлгандирки, Ўзи чорлаган.
Бугун сен кетдинг, эрта бизнинг ҳам,
Ўшал ҳудудларда бўлур жойимиз.
Тупроғимиз қуруқ, балки бўлар нам –
Бундан заҳмат чекмас қуёш, ойимиз.
Одам боласининг қисмати шулдир,
Камбағали ўлиб, қолмас бойлари.
Худойим, мардларни мардларча ўлдир –
Ўзингга хуш жойлар бўлсин жойлари.
04.01.2015 йил.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
2 шарҳ
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Фарход Бобожоновни хозир биров эсламайдиям. Ачинарли!
Абдумўмин вафоти ҳақида хабар топган заҳоти битилган Хамроқул Асқарнинг Абдумўмин Ўтбосаров ёди номли шеъри ҳам фақат Дунё ўзбекларида чоп этилди.
Шеърдаги:
Одам боласининг қисмати шулдир,
Камбағали ўлиб, қолмас бойлари.
Худойим, мардларни мардларча ўлдир –
Ўзингга хуш жойлар бўлсин жойлари.,
сатрлари хотирамда муҳрланиб қолган.
Тўра Мурод ойнаи жаҳон гулларини иймонга чорлаб марднинг ишини қилипти.
Отасига рахмат!