Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовга
Б.Муҳаамадиев: — 23 йилдан буён паспорт олаолмайман. Боболарим, ота – онам Сариосиёда туғилиб ўсган, ўзим ҳам шу жойда туғилиб ўрта мактабни битирганим, СССР даврида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлганим ҳолда мустақиллик даврида фуқаролиги йўқ шахсга айланиб қолганимга ҳайронман…
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаев,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири А.Аҳмадбоев,
Ўз.Р.ИИВ Хорижга чиқиш – келиш ва фуқороликни расмийлаштириш
бошқармаси бошлиғи Б.У.Шорихсиев,
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилоти раиси И.Адилов,
Дунё ўзбеклари” интернет газетаси Бош муҳаррири Исмат Хушев
ва барча ОАВга
Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани, “Ҳуфар” Қишлоқ
Фуқаролар йиғини, Янги Ҳаёт шаҳарчасида яшовчи,
Муҳаммадов Бозор Шукурович томонидан
Т А К Р О Р И Й М У Р О Ж А А Т
Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 15, 21, 24, 35, 37, 44 -моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисидаги қонунининг 1, 4, 5, 7, 18 — моддалари талаблари асосида.
Мен, Муҳаммадов Бозор Шукурович 26.12.1966 йилда Сурхондарё вилояти, Сариосиё туман, “Ҳуфар” Қишлоқ Фуқаролар йиғини, Янги Ҳаёт маҳалласида туғилганман. Миллатим тожик, маълумотим ўрта, Сариосиё туманидаги 9-умумий таълим мактабини 1984 йилда битирганман. Оилаликман, 2 нафар фарзандим бор. Муқаддам судланмаганман.
-
Отам – Муҳаммадов Шукур, миллати тожик, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, 1927 йилда Сариосиёда туғилган ва 2007 йилда шу туманда вафот этган;
-
Онам – Саидова Иззатой – 1930 йилда Сариосиё туманида туғилган. Миллати – тожик. Муқаддам судланмаган, айни пайтда нафақада. Сариосиё тумани, “Ҳуфар” Қишлоқ Фуқаролар йиғини, Янги Ҳаёт шаҳарчасида яшайди, мен билан бирга жами вояга етган 7 нафар фарзандлари бор.
Акаларим: – Рамозон, Абдураҳим, Абдумурод Маҳамедовлар ва Ҳанифа, Ҳабиба исмли опаларим ҳамда синглим Муяссарлар ҳаммаси оилаликСариосиё туманида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларидир.
Турмуш ўртоғим: — Хўжаева Назира Облоқуловна 1975 йилда Сариосиё туманида туғилган, миллати тожик. Ўрта маълумотли, судланмаган.
-
2004 йилда Сариосиё туманида туғилган ўғлим Шукуров Шодрўз Бозор ўғли – шу тумандаги 9 – умумий ўрта аълим мактабининг 4 – синфи ўқувчиси;
-
Иккинчи фарзандим — Шукуров Беҳрўз Бозор ўғли 2008 йилда Сариосиё туманида туғилган;
Ушбу оила аъзоларим билан Сариосиё туманидаги Янги ҳаёт шаҳарчасида доимий яшаб келмоқдамиз.
Меҳнат дафтарчамда қайд этилган фаолиятим:
-
1984 – 1986 йилларда Сариосиё туманидаги “Тўпаланг” сув омбори қурулишида ишчи;
-
1986 — 1988 йиллари Свердловский шаҳрида ҳарбий хизматда;
-
1989 – 1993 йиллари Душенба шаҳридаги тўқимачилик фабрикасида электромонтёр;
-
1993-1997 йилгача Сариосиё туманидаги 104- автокорхонада электрик;
-
1997 йилдан буён Сариосиё Пахта тозалаш заводида электрик…
Отам ва онамнинг миллати тожик бўлсада на улар, на ака, ука, опа-сингил, на хотиним ҳеч қачон Тожикистон ёки бошқа давлат фуқароси бўлмаганЎзбекистон Республикасининг тенг ҳуқуқли фуқароларидир.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигидан сўнг, Душенба шаҳридаги Тўқимачилик комбинатидан ишдан бўшаб, 1993 йилда уйимга қайтиб келганимдан сўнг янги паспорт олиш учун Сариосиё туман Ички ишлар бўлимига ариза топширганман. Ўша пайтдаги туман ИИБ паспорт бўлими бошлиғи Саломат Ғарибшоева: — Сиз Мустақиллик эълон этилган пайтда Тожикистон давлатида бўлгансиз., шу боис Сизни қайта фуқароликга қабул қилиш тўғрисида туман ҳокимининг қарори зарур., дегач, ўша пайтдаги туман ҳокими И.Суннатовга мурожаат этганимда у: — Сенинг ота – бобонг, ўзинг Сариосиёда туғилган, қўлингда Ўзбекистон Республикаси фуқороси паспортинг бўлгани ҳолда, сенга фуқаролик бериш тўғрисида қарор чиқариш Президентимиз Ислом Каримов 1992 йил 02 июлда имзолаган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисидаги қонунга хилоф, ўша паспорт бўлими бошлиғига айт паспортингни янгилаб берсин., деганди. Туман ҳокимнинг гапи қонуний бўлсада, туман ИИБ паспорт бўлими бошлиғи Саломат опа бу масалани ҳал қилмасдан кўп сарсон қилганидан ўшанда ФБШ бўлими бошлиғи, ҳозирги кунда паспорт бўлими бошлиғи бўлган Бахтиёр Назаров ҳам яхши хабардор.
Ўшандан буён деярли ҳар йили ҳужжатларни янгилаб қайта мурожаат этсамда, туман паспорт бўлими бошлиғи Б.Назаров ҳам ҳеч бир асоссиз мени: — фуқаролиги йўқ шахс., деб ҳисоблаб паспорт бермасдан келмоқда?!
Боболарим, ота — онам Ўзбекистонда туғилиб ўсган, ўзим ҳам шу жойда туғилган, ўрта мактабни битириб, СССР даврида Ўзбекистон фуқароси бўлганим ҳолда мустақиллик даврида фуқаролиги йўқ шахсга айланиб қолганимга ҳайронман…
Ҳолбуки, Президентимиз Ислом Каримов 1992 йил 02 июлда имзолаган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисидаги қонунининг 1- моддасида: — Ўзбекистон Республикасида ҳар бир киши фуқаро бўлиш ҳуқуқига эгадир. Ҳеч ким фуқароликдан ёки фуқароликни ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас.Ўзбекистон Республикаси ўз идоралари ва мансабдор шахслари орқали Ўзбекистон Республикаси фуқаролари олдида маъсулдир., дейилсада, муҳтарам Бахтиёр Назаров Президентимиз алоҳида таъкидлаган маъсулиятни ҳис этмасдан ҳеч бир асоссиз сарсон қилаётганлиги учун Сизларга такрорий мурожаат этмоқдаман!
Мазкур қонуннинг 5-моддасида: — Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти, паспорт олингунга қадар эса — туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ёки шахснинг фуқаролигига доир маълумотлар бўлган ўзга ҳужжат — Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлар деб ҳисобланади., ушбу қонуннинг 13-моддасида эса: — Туғилган пайтида ота-онаси Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган бола, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёхуд Ўзбекистон Республикасидан ташқарида туғилган бўлишидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланади., дейилган.
Ушбу қонунга кўра мен Ўзбекистонда туғилган, 1984 йилдаги фуқоролик паспортим асосида 1986 йилгача Сариосиё туманидаги “Тўпаланг” сув омбори қурулишида ишлаганим ҳолда энди яна қандай асосга биноан фуқоролиги йўқ шахсга айланиб қолишим мумкин?!
Агар, муҳтарам Б.Назаров 1989 – 1993 йиллари Тожикистон Республикасида вақтинча яшаб ишлаганим учун мен фуқароликдан маҳрум бўлган деб ҳисобласа, бу важ ҳам қонунга хилоф, чунки фуқаролик тўғрисидаги қонунида: —Чет элда яшовчи шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини сақлаб қолиши тўғрисидаги 7-моддасида: — Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет элда яшаши Ўзбекистон Республикаси фуқаролигининг тўхтатилишига олиб келмайди., дейилган. Бундан ташқари, мен Америкага эмас, ўша пайтлари собиқ СССР таркибида, кейинчалик МДҲ аъзоси бўлган Тожикистон Республикасида вақтинча рўйхатдан ўтган ҳолда яшаб, 01.03.1989 йилдан 07.01.1993 йилгача ишлаганлигим паспортим ва меҳнат дафтарчамда қайд этилган.
Ҳар бир муаммога ўша даврдаги қонун талаблари билан ҳуқуқий баҳо берилмаса, мантиққа хилоф хулосалар пайдо бўлиши табиий. Собиқ СССР даврида фуқороларнинг бошқа республикаларга бориб ўқиши, ишлаши ёки яшашига монъелик қиладиган тартиб йўқ эди.
Ҳар бир инсон ҳаётини фаровон этиш орзусида яшайди. Менинг ҳам ака – укаларим билан чорвачилик фермер хўжалиги ташкил этиш, боғ – роғлар барпо этиш ниятларим бор эди. Муҳтарам Президентимиз фермерлик, тадбиркорликга катта имконлар яратиб қўйган бир пайтда ҳуқуқим сунъий тарзда чеклангани оқибатида бу имтиёзлардан фойдаланаолмасдан 22 йилдан буён ўз киндик қоним тўкилган она ватанимда паспорт ололмасдан сарсон бўлиб юрибман.
Ватанимиз Мустақилликга эришгач Ўзбекистон фуқороларининг хориж давлатларига бориб келиши, ишлашига кенг имкониятлар яратилган бир пайтда, турли асоссиз баҳоналар билан фуқороларни йиллаб сарсон қилаётган Б.Назаровнинг ушбу қилмишларини шахсан Сизнинг бошчилигингизда амалга оширилаётган ҳуқуқий – демократик ислоҳатларга зимдан қаршилик деб ҳисоблайман!
Афсуски, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисидаги қонунда: — Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублик” ҳақидаги 4-моддасининг 1 – қисмида: — келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолатидан, ирқи ва миллатидан, жинси, маълумоти, тили, сиёсий қарашлари, диний эътиқоди, машғулотининг тури ва сажиясидан қатъи назар, ушбу Қонун кучга кирган вақтда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган, бошқа давлатларнинг фуқаролари бўлмаган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахслар., Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўладилар., дейилсада Сариосиё туманида туғилиб ўсган аксарият тожик миллатига мансуб кўплаб мен каби фуқоролар ўз ватанларида паспорт олаолмасдан сарсон бўлаётганлигига гувоҳ бўлганим учун ҳам Сизларга очиқ ва такроран мурожаат этишга мажбур бўлмоқдаман!
Бунинг яна бир сабаби, менинг Олий Мажлис Сенатига ёзган 14.07.2015 йилдаги мурожаатим: Ўз.Р.Олий мажлис сенатиқонунчилик ва суд – ҳуқуқ қўмитаси раиси Б.Матмуротов томонидан 21.07.2015 йилда Ички ишлар вазирлигига юборилгач:
-
Ўз.Р.ИИВ Хорижга чиқиш – келиш ва фуқороликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Б.У.Шорихсиев уларни 01.08. 2015 йилдаги № 22/1-М-247- сонли кузатув хати билан Сурхандарё вилояти ИИБ ХЧК ва ФРБ бошлиғи Ш.Кенжабоевга юборган.
Муҳтарам Б.У.Шорихсиев мурожаатимни ўз вақтида юборсада, қонуний назоратга олмаган шекилли, Фуқороларнинг мурожаатлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунида:- фуқороларнинг мурожаатларига қонунда белгиланган муддатда жавоб бермаган, чора кўрмаган мансабдорларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган бўлсада., ҳанузгача на Сурхандарё вилоят ИИБ ХЧК ва ФРБ бошлиғи Ш.Кенжабоев, на Сариосиё туман ИИБ бошлиғи ўтган олти ой мобайнида бирор жавоб ҳам бергани йўқ!
Муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич!
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида: — ота – оналар ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур., дейилган. Ўзингиз, айтинг паспорти йўқлиги учун бирор жойда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум ота фарзандлари олдидаги ушбу қомусий мажбуриятини қандай йўл билан амалга ошириши ёки ўзини ишсизликдан ҳимоя этиши мумкин?!
Вилоят, туман мансабдорлари на конституция, на қонунга итоат этмаса ҳуқуқлари поймол этилган шўрлик фуқоролар додини кимга айтсинлар?! Ёки, хориж давлатлардан бошпана сўрасинларми?! Паспорти йўқ фуқоро на фақат хорижга бориши, у ҳатто ўз ҳуқуқларини ҳимоя этиш учун судга ҳам мурожаат этаолмайди?!
Боболарим, ота – онам Сариоиёда туғилиб ўсган, ўзим ҳам шу жойда туғилиб ўрта мактабни битирганим, СССР даврида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлганим ҳолда мустақиллик даврида фуқаролиги йўқ шахсга айланиб қолганимга ҳайрон бўлиб, дарду ҳасратларим Сизга етиб боришига ёрдам берар деган умидда Инсон ҳуқуқлари ҳимоясига дохил ташкилотлар ва барча оммавий ахборот воситаларига мурожаатим этишга мажбур бўлмоқдаман. Чунки, 22 йилдан буён давом этаётган бу масала вилоят миқёсида ҳал бўлмаслиги кўриниб турипти…
Юқорида баён этилганлар ҳаётий ва асосли важларга асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида Сиздан:
-
Ўз.Р.ИИВ Хорижга чиқиш – келиш ва фуқороликни расмийлаштириш бошқармаси Сариосиё туман бўлими мулозимлари томонидан менинг бузулган конституцион ҳақ — ҳуқуқларим тикланиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 02.07.2012 йилда имзолаган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисидаги қонуни ижросини таъминлаган ҳолда менга Ўзбекистон Республикаси фуқоролиги паспорти олишимда қонуний ёрдам беришни –
СЎРАЙМАН!
Камоли эҳтиром ила —
Б.Ш.Муҳаммадов
26.01.2016 йил.
+998932281307
Иловалар:
-
Муҳаммадов Бозор Шукуровичнинг таржимаи ҳоли;
-
Муҳаммадов Бозор Шукуровичнинг 125.12.1966 йилда Сариосиё туманида туғилганлигини тасдиқловчи туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
-
Муҳаммадов Бозор Шукуровичга – Сариосиё туман Ички ишлар бўлими томонидан 12.07.1984 йилда берилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти;
-
Муҳаммадов Бозор Шукуровичнинг – 18.12.1984 йилда очилган меҳнат дафтарчасидаги 1984 -1997 йилларга оид маълумотлар кўчирмалар;
-
Муҳаммадов Бозор Шукуровичга — Ўзбекистон Республикаси, Сурхондарё вилояти, Сариосиё туман Мудофаа бўлими томонидан 28.03.2002 йилда берилган № 094720 – сонли ҳарбий гувоҳнома;
-
Муҳаммадов Бозор Шукуровичнинг – турмуш ўртоғи Хўжаева Назира Авлоқуловнага Сариосиё туман ИИБ томонидан 19.01.2001 йилда берилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти;
-
Муҳаммадов Бозор Шукуровичнинг — 2004 йилда туғилган ўғли Шукуров Шодрўз Бозор ўғлининг туғилганлик тўғрисида гувоҳномаси;
-
Муҳаммадов Бозор Шукуровичнинг — 2008 йилда туғилган ўғли Шукуров Беҳрўз Бозор ўғлининг туғилганлик тўғрисида гувоҳномаси;
-
Муҳаммадов Бозор Шукуровичнинг онаси – Саидова Иззатойнинг Сариосиё туман ИИБ Шарғун ШИИБ томонидан 17.04.2002 йилда берилган Ўзбекистон Республикаси паспорти;
-
Отам Шукур Махамедовнинг 23.07.2007 йилда вафот этганлиги тўғрисидаСариосиё туман ФХДЁ бўлими маълумотномаси;
-
Муҳаммадов Бозор Шукуровичнинг – фуқаролиги бўлмаган шахс эканлиги тўғрисида Сариосиё туман ИИБ ХЧК ва ФРБ бошлиғи Б.Назаровнинг 10.03.2010 йилдаги № 26 илова русумли маълумотномаси;
-
Муҳаммадов Бозор Шукурович – паспорт олишга оид харажатлар учун 50 АҚШ долларига тенг 68490 сўм пулни 01.12.2009 йилда тўлагани ҳақида “Денов” АБ квитанцияси;
-
Муҳаммадов Бозор Шукуровичнинг — Сариосиё туман “Хуфар” ҚФЙ, Янги Ҳаёт шаҳарчасида турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзанди билан яшаши ҳақида “Хуфар” ҚФЙ раиси 22.06.2015 йилда тасдиқлаган маълумотномалардан нусхалар.