"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

«Озодлик» радиоси: Рамзан Қодиров – Кремлнинг асл башараси

Воқеа ва ҳодисалар, Дунё, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) | 23/01/2016 01:20-     31048 марта ўқилди

Рамзан Қодиров – Кремлнинг асл башараси
Рамзан Қодиров.
Рамзан Қодиров.
Таржимон Нодир Атаев

21.01.2016

Рамзан Қодиров ҳаддидан ошаётгани йўқ. Рамзан Қодиров тизим мафкурасига зид гапларни айтаётгани йўқ. Рамзан Қодиров инқирозга юз тутгани йўқ.
Йўқ, Чеченистон бошлиғи ўз ролини бинойидек ижро этмоқда.
Қодиров Владимир Путиннинг душманларини “халқ душмани” деб атади, унинг хўжакўрсинга ишлайдиган парламенти спикери “Эхо Москви” ва “Дождь” телеканали каби либерал нашрларни “сотқин” ва “бешинчи колонна” деб атади. Бу етмагандек, кремлпараст “Известия” газетасида Қодировнинг Россия мухолифатини “чиябўрилар” деб атаб, уларни Чеченистондаги руҳий касаллар шифохонасига жойлаштиришга чақириб ёзган мақоласи чоп этилди.
“Уколларни қолдирмасликни сўз бераман. Битта укол ёзиб берилган бўлса, дозани икки баробарга кўпайтирамиз”, деб ёзди Қодиров.
Бундай мақолалар “Известия”да бекорга нашр қилинмайди.
Кўп маънода Қодиров Путин тизимининг асл башарасидир. Қодиров тимсолида Путин тизимининг асосий инстинктларини, унинг агрессиясини, чуқур, қора ниятларини кўришимиз мумкин.
Қодиров кўпинча олдиндан хабар берувчи ролини ўйнайди.
Бунга кимда шубҳа туғилса, Қодиров 2014 йилнинг 28 декабрида Грознийдаги футбол стадионида 20 000 қуролли ва ҳарбий формадаги кўнгиллилар билан ўтказган парадни эсласин.
Ўша парадда Қодиров Путинни ҳам ички, ҳам ташқи рақиблардан ҳимоя қилишга онт ичди.
Мухолифатчи сиёсатчи Борис Немцов Facebookда бу нима англатиши ҳақида доҳийлик билан шарҳ қолдирган эди.
“Қодировнинг 20 000 аскари Грознийда стадионда тўпланаётган бир пайтда Путин нима кутаётганини билмайман. Қодиров ўз жангчилари тизимни ҳимоя қилишини ва Кремлнинг ҳар қандай буйруғини бажаришини айтди. Мен бунга ишонаман”, деб ёзган эди Немцов.
“Қодировнинг 20 000 аскари қаерга боради? Улардан нима талаб қилинади? Биз ўзимизни қандай тутишимиз керак? Улар Москвага қачон келади?”
Икки ойдан кейин 2015 йил 27 февралда Немцовга нима бўлганини ҳаммамиз биламиз: уни Кремль деворлари яқинида ўлдириб кетишди.
Табиийки, асосий гумонланувчи сифатида Қодиров бошқарувидаги “Север” батальони аъзолари кўрилди.
Қодиров Немцов қотиллигининг бир йиллиги яқинлашиб келаётган пайтда ўзини кўрсатаётганини ҳамма тушуниб турибди.
Қодиров 2014 йилги парадда айтган сўзлари “Известия”да мазкур ҳафтада чоп этилган мақолада такрорланади.
“Биз бутун дунёга Владимир Путиннинг жангчи пиёдалари эканлигимизни айтамиз. Агар бизга буйруқ берилса, буни исботлаймиз”, деган эди Қодиров Грознийда.
“Известия”да чоп этилган мақолада эса Қодиров “Ватанпарвар сифатида, Владимир Путиннинг жангчи пиёдалари сифатида, мамлакатимнинг қотил ва сотқинлари билан ҳазиллашмайман”, деб ёзди.
Қодиров ҳеч ким исмини тилга олмади. Аммо унинг ҳамкори, Чеченистон парламенти спикери Магомед Даудов Қодировнинг мақоласи “Известия”да чоп этилишидан аввал Istagramда муайян исмларни тилга олди.
Даудов Қийноқлар олдини олиш маркази бошлиғи Игорь Каляпинни, “Эхо Москви” радиосининг бош муҳаррири ўринбосари Алексей Венедитковни, инсон ҳуқуқлари фаоли Лев Пономарёвни ҳамда мухолифатчи фаол Илья Яшинни тилга олди.
Нима демоқчи эканлигини яхши тушунишлари учун, Даудов ўз шарҳига жиловидан чиқиб кетишга интилаётган даҳшатли ит суратини тиркади.
Мухолифатчи журналист Олег Кашин “Слон”да чоп этилган мақоласида“Ким бу шарҳларни қолдиради? Нима учун булар ёзилади? Бу Чеченистон етакчилари ташаббусими ёки Москва топшириғими? Бундан кейин нима бўлади? Бирортани ўлдиришадими?” деб ёзди. Кашин ўзи ҳам 2010 йилнинг ноябрида ваҳший ҳужум қурбони бўлган эди.
Нефть нархлари тинмай пастлаб борар, рубль рекорд даражада шўнғир, Россия таназзули чуқурлашар экан, тизим фуқароларнинг бош кўтаришидан ва уларнинг етакчилигига таҳдид соладиган кучлар ҳақида хавотир олаётгани аниқ.
Афтидан, мухолифат юрагида қўрқинч ҳиссини уйғотиш учун Путин ва унинг ҳамтовоқлари ўзларининг асл башараларини очмоқдалар.
Кремлнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси Николай Сванидзе “РБК” билан суҳбатда Қодиров Путиннинг “Ҳар бир душманни топиб, қўлга олувчи опричнинасининг преториан ҳимоячиси” эканлигини исботлаш ниятида эканлигини айтди.
Сванидзе Қодиров мухолифатни қўрқитаётгани Путинга маъқул келаётганини ва уни жиловлаш учун президентда “на истак, на имкон” борлигини қўшимча қилди.
Шу ўринда савол туғилади: Қодировдан яна нималарни кутиш мумкин?
Озод Европа-Озодлик радиоси мухбири Брайан Уитмор мақоласини инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.
ОЗОДЛИК
Халқаро ташкилотлар Кремлни Қодировнинг “таҳдидларига” тегишли муносабат билдиришга чақирди
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров

22.01.2016

Нуфузли халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Россия Президенти Владимир Путин ҳукуматини Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва унинг атрофидагилар журналист ва фаолларга қилган “таҳдид” ва “дўқ-пўписалар” хусусида чора кўришга чақирди.
Amnesty International ва Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қодиров ва бошқа чечен расмийларининг етакчи журналист ва фаолларни ҳақорат қилувчи баёнотлар ва ижтимоий тармоқлардаги шарҳлари юзасидан хавотир билдирди.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси директори Жоэль Симон Путинга юборган очиқ хатида: “Изланишларимиз ҳукумат танқидчиларига қарши таҳдидли риторика ортидан зўравонликлар содир этилганини, мухбирлар ўзини ўзи цензура қилишга мажбур бўлганини кўрсатади”, деб ёзди. Симоннинг очиқ хати ташкилот вебсайтида 21 январь куни эълон қилинди.
Бир кун аввал Amnesty International Россия расмийларини “Чеченисто сиёсий етакчилари”нинг “бир неча таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, матбуот вакиллари ҳамда сиёсий фаолларга нисбатан очиқ таҳдидларига тегишли муносабат билдиришга” чақирган эди.
“Бундай таҳдидларга жиддай ёндашиш керак”, дейилган эди ташкилот баёнотида.
Қодиров ва унинг атрофидаги сиёсатчилар кейинги ўн кун ичида либерал сиёсатчилар, фаоллар ва журналистларга очиқчасига таҳдид қилиб келмоқда.
Ҳужумга учраганлар орасида мустақил фикрлайдиган “Эхо Москвы” радиосининг бош муҳаррири Алексей Венедиктов, таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Лев Пономарёв ҳамда мухолифатчи фаол Илья Яшинлар бор.
Қодиров 2007 йилда Путин тарафидан Россиянинг хавфсизлик жиҳатидан беқарор Шимолий Кавказ минтақасидаги Чеченистон республикасига раҳбар этиб тайинланганидан бери бу ҳудудда яккаҳокимга айланган.
15 январь куни Қодиров Путинга қаршиларни “халқ душманлари” деб атаб, уларни жазолашга чақирди. Орадан бир неча кун ўтиб кўп тиражли “Известия” газетасида чоп этиглан мақоласида Қодиров Путин рақибларини “чиябўрилар” деб атади ва Россияни сақлаб қолиш учун уларни жазолаш кераклигини таъкидлади.
Кейинги ўн кун ичида Қодировга яқин Чеченистон расмийлари ижтимоий тармоқларда турли видео ва суратлар билан таҳдидомуз чиқишларни давом эттиришди. Кремль танқидчилари буларни таҳдид ўлароқ қабул олди.
Бу видеолар орасида Россия Давлат думасига Чеченистондан сайланган депутат, Қодировнинг яқин дўсти Адам Делимханов юклаган видео, айниқса, эътиборлидир. Бу видеода Делимханов ва яна бир тўда чеченнинг ўтган йили февраль ойида мухолифатчи Борис Немцов отиб кетилган кўприкда туриб “Қодиров – Россиянинг ишонган тоғи, Аллоҳу акбар!”, дея хитоб қилгани акс этган.
Қодиров танқидчиларининг аксари Немцов қотиллигида унинг қўли бор, деб ҳисоблайди. Қодировнинг ўзи буни рад этади. Немцовнинг оила аъзолари ва дўстлари Қодировнинг сўроқ қилинишига эришишга қаратилган уринишлари зое кетди.
Amnesty International ҳам, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳам 2006 йилда Путинни танқид қилган журналист Анна Политковская, 2009 йилда эса чеченистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Наталья Эстемирова ўлдирилишидан аввал уларга таҳдид қилинганини кўрсатувчи ҳисоботлар борлигини қайд этди.
Симон Путинга юборган хатида “Биз сизни матбуотни қўрқитишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни қоралашга чақирамиз ва Россия конституцияси ҳимоячиси сифатида давлат расмийлари журналистларнинг ҳукуматни ҳамда давлат агентликларини танқид қилиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини ҳурмат қилишларига эътибор беришингизни сўраймиз”, деб ёзди.
Amnesty International эса Россия расмийларини “инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолиятлари учун таҳдидларга, ҳужумларга ёки таҳқирлашларга учраган барча шахсларни тезкорлик билан ҳимоя қилишга” чақирди.
Путин ҳали Қодиров ва қодировчиларининг таҳдидомуз баёнотлари борасида ҳеч бир муносабат билдиргани йўқ.
Аммо Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков 20 январь куни Қодиров “Известия”да чоп этилган мақоласида “қонуний сиёсат майдонидан четдаги” “система ташидаги” мухолифатчиларни назарда тутганини айтди. Interfax агентлигига кўра, Песков “Айтилган гапларни босиқлик ва синчковлик билан қабул қилиш керак”, деган.
«ОЗОДЛИК»

Ўхшаш мақолалар:

  1. Депардье: «Всё, что мне нужно для счастья – это дом с прудиком в Мордовии»
  2. ББС: Россияда ўзбек меҳнат муҳожири ёқиб юборилган
  3. Украина президенти собиқ Ички ишлар вазирини авф этди
  4. Сотрудники ФСБ арестовали своего коллегу за продажу 5 кг наркотиков
  5. Узбекистан останется союзником России еще четыре года
  6. 15 апреля — родился Никита Хрущев, первый секретарь ЦК КПСС с 1953 по 1964 годы.
  7. Юлия Тимошенко вскоре выйдет на свободу?
  8. Одесса губернатори Саакашвилига иш ҳақини АҚШ тўлайди
  9. Президент Имомали Раҳмон Умра ибодатини адо этди («Озодлик»нинг видеолавҳаси)
  10. Фото дня: Всяко разно, это не заразно…
  11. Исмат Хушев: Шукрилла Мирсаидов хонадонида (14)
  12. Сталин ватанига қайтмоқда
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.