Абдулла Орипов: Соғлиқдадир менинг хаёлим, Тун ва куним ўтар имиллаб…
ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ,
ХАЛҚ ШОИРИ АБДУЛЛА ОРИПОВ
ХОНАДОН ШЕЪРИ
Каттакон шу дунё қўйнида
Яшаб турар бизнинг хонадон.
Эртанги кун мудом ўйида,
Ҳар биттамиз орзуманд чандон.
Соғлиқдадир менинг хаёлим,
Тун ва куним ўтар имиллаб.
Ёнимдасан, мунис аёлим,
Куйманасан тинмай ғимиллаб.
Яширасан ҳолингни доим,
Эмасмиз-ку ахир туйғусиз.
Гувоҳ эрур ёлғиз Худойим,
Мен уйқусиз, сен ҳам уйқусиз.
Мендан олиб қочасан кўзни,
Жилмаясан лабларинг титраб.
“Тузаласиз”, деган бир сўзни
Шивирлайсан ёнингга қараб.
Дастурхонга келганда таом
Термуласан, бир сўз демассан.
Мен очликка банди батамом,
Сен ҳам бирор луқма емассан.
– Туш кўрибман, – дейман, – кун порлаб,
Ёритибди бизларнинг уйни.
Энтикасан ўғлингни чорлаб:
– Сўйгин, – дейсан, – боғланган қўйни.
Тонгда баъзан кузатаман мен,
Телефонда манзил сўрайсан.
Биламанки, шу кетишда сен
Фолбинларга бориб учрайсан.
Нега шундоқ маҳзун кунни ҳам
Кўролмайсан, бадкирдор ғаним?
Хоҳлайсанки, енгса мени ғам,
Тупроқларга қоришса таним.
Қайта бошдан туғилмоқни гар
Тангри менга кўрсайди раво.
Йўлатмасдим сени муқаррар,
Ёнингга ҳам бормасдим асло.
Ер юзининг қай бир буржида
Кун кўрардим, хаёлим билан.
Яшар эдим бахт илинжида,
Ўша мунис аёлим билан.
15.01.2016
ҲАЁТНИ СEВ
Ҳаётни сев,
Борлигича сев,
Бир ён кулба, бир ён қалъалар.
Осмонларнинг дарғасиман, деб
Учиб юрар лочин, қарғалар.
Ҳаётни сев,
Шодлик, кулфатда
Бир ён оғу, бир ёнда табиб.
Бир ёнингда ғаним, албатта,
Бир ёнингда дўстлар бор, ҳабиб.
Ҳаётни сев,
Ёзми, қаҳратон,
Ҳар лаҳзада шукроналар айт.
Ҳатто Ҳажга боргину, шу он
Совимаган тўшагингга қайт.
Ҳаётни сев,
Тўйиб ва тўйиб,
Ота-онанг, фарзандинг қадар.
Десинларки, сен кўнгил қўйиб,
Сўнг ўзинг ҳам бўлдинг мўтабар.
Ҳаётни сев,
Боғлагин қанот,
Фазога ҳам учгин таваккал.
Қаттиқроқ сев, сени шу ҳаёт
Ёмон кўриб қолмасдан аввал.
12.01.2016
ҒАЛАТИ ОДАМЛАР
Шундай одамлар бор,
Юрмасдан тўғри,
Албатта, гапида бор чимдим заҳар:
Дейдилар: — Фалончи найновнинг ўғли,
Фалон идорага бўлибди раҳбар.
Биров тўй ўтказар йиғиниб, териб,
Меҳмон қилсам, дея маҳалла-кўйни.
Кимдир камситади ошин еб туриб:
— Сенга ким қўйибди карнайли тўйни…
Фалончи мукофот олибди кеча
Радио номини уч бор қайтарди.
Дейдилар: — Онаси фалончи чеча,
Тўйма-тўй юрарди, лапар айтарди…
Кибр куни кеча бўлмаган пайдо,
То абад иғвонинг нонин ейишган.
Бола Алишерни камситиб ҳатто,
Кичкина Ғиёснинг ўғли дейишган…
Кўчадан ўтади бир тобут оғир,
Дейдилар: — Етибди бунга ҳам навбат.
Тирик юрган эди азонда, фақир,
Ҳатто қилган эдик тўпланиб ғийбат…
Мудом бундайларга боқдик ҳайратда,
Ажабо, иссиқ ҳам, совуқ ҳам ёқмас.
Ўзларин кимлигин билмас, албатта,
Демак, ўзгага ҳам одамдай боқмас…
11.01.2016
УНУТИЛГАН ТУЙҒУЛАР
Тасанно, Абдулла ака, сиз улугсиз, Аллохдан соглик тилаймиз!
Ming bora ta’sanno ayting keladi Abdulla Oripov sherlari xayot xaqida xaqiqatlar oddiy suzlar qofiyasi emas albatta .