Ўзбекистон музлатилган пулларни қайтариб олмоқчи…
Ўзбекистон музлатилган пулларни қайтармоқчи
-
14 Январ 2016
Оврўпо ва АҚШда бошланган Ўзбекистондаги коррупцияга боғлиқ йирик текширувлар ортидан хорижий банкларда қарийб 1 миллиард АҚШ доллари музлатилган. Ўзбекистон молиявий жиноятлар учун жавобгарлар аллақачон жазога тортилганини айтиб ва мамлакат йирик коррупцион схеманинг қурбони бўлганини рўкач қилиб, маблағларни Ўзбекистонга қайтаришга бел боғлаган.
Швейцариядаги L’Hebdo нашри журналисти François Pilet нинг “Дада Каримов ўз маликасининг ўлжасини қайтариб олмоқчи” мақоласида ёзишича, Ўзбек расмийлари музлатилган пуллар учун жадал кампания бошлаганлар.
Ўзбекистон Адлия вазирлиги АҚШдаги маҳкама раисидан пулларни қайтаришни сўраган.
2015 йил 16 декабрида Ўзбекистон Адлия вазири Музраф Икромов имзоси билан жўнатилган мактубда ёзилишича, “…Р. Мадумаров бошчилигидаги уюшган гуруҳ аъзолари, жумладан, Г. Авакян, Б. Эргашев, Ш. Сабиров ва бошқа шахслар узоқ муддат қамоққа ҳукм этилганлари ва “МТС”, “Вимпелком” телеком компанияларидан Р. Мадумаров ва бошқалар эгалик қилган “Takilant”, “Swisdorn”, “Expoline” ширкатларига корупцион пуллар ўтказилиб, жиноий даромадларни қонунийлаштириш(пул ювиш) мақсадида ташкил этилган “First Global Investment Ltd схемаси юзасидан ўтказилган ҳар томонлама тергов якунланди…”
Шунингдек, хатда ёзилишича, маҳкама қарорига биноан, мазкур “First Global Investment Ltd дохил жиноий уюшган гуруҳнинг барча мол-мулки Ўзбекистон ҳудудида мусодара қилинди.
Сўнг Ўзбекистон Адлия вазири “халқаро сиёсий ва фуқаровий ҳуқуқлар пакти”нинг 7-бандини эслатган, бу бандда жазога тортилган муайян шахснинг содир этган жинояти учун иккинчи марта маҳкамага тортиб жазоланмаслиги лозимлиги урғуланади.
Халқаро келишувларга асосланиб, Адлия вазири Икромов хорижда музлатилган пуллар ва мол-мулкни Ўзбекистонга қайтаришни сўраган.
Хат охирида вазир жаноблари ушбу жиноят ишининг баъзи қисмлари устидан тергов жараёни ниҳоясига етмагани учун ўзининг мактубида келтирилган маълумотларни махфий сақлашни Америка мулозимларидан сўраган.
Ноқулай аҳвол
Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва йирик телекоммуникация ширкатлари билан боғлиқ тергов жараёни юзасидан АҚШ, Белгия, Люксембург, Швеция, Швейцария, Норвегия ва яна қатор Оврўпо мамлакатларида бир миллиарддан ортиқ АҚШ доллари музлатилгани айтилмоқда.
François Pilet нинг Би-би-сига айтишича, ҳатто Швейцария андозалари билан қараганда ҳам коррупцион схемалар орасида Ўзбекистон иши жуда йирик саналади. Бунинг миқёсини Филлипиннинг Маркос ва Нигериянинг Абача билан боғлиқ коррупцион можароларига таққослаш мумкин.
Швейцариялик журналистга кўра, АҚШ адлия мулозимлари Ўзбек расмийларидан деярли икки йил жараёнида ҳеч қандай жавоб олмаганлар.
Ва 2016 йил январи бошида “дефолт қарор” қабул қилмоқчи, яъни, пулларни Америкада қолдиришни кўзлаган қарорни имзоламоқчи бўлганлар.
François Pilet назарида, Ўзбек томони зудлик билан нуфузли америкалик юридик ширкатни ёллаб жуда ақлли иш тутган.
Бу Holwell Shuster&Goldberg адвокатлар ширкати бўлган. Holwell Shuster&Goldberg Нью-Йорк дистрикт маҳкамаси ҳакамига мактуб йўллаган ва бу хатда Ўзбекистон ушбу коррупцион машмашада жабрланган томон экани таъкидланган, шунинг учун пулларни Ўзбекистон ҳукуматига қайтариб бериш имконияти берилиши керак дея қонунан исботлаган.
Мазкур ширкатнинг асосчиларидан бири Richard Holwell ўтмишда айнан Нью-Йорк дистрикт маҳкамасида ўн йил ҳакам бўлиб ишлаганди.
Унинг хатини олгач, 7 январ куни Нью-Йорк дистрикт маҳкамаси Ўзбек ҳукуматига маълум муддат берилсин деган қарор чиқарди, деб айтади журналист.
Шу тахлит Ўзбек томонида Америка ҳукумати музлатган пуллар ва мол-мулкни қайтариш имконияти пайдо бўлган.
“Бироқ АҚШ ва Швейцария ҳукуматлари ҳозир жуда ноқулай аҳволга тушганлар. Чунки агар қарор Ўзбекистон фойдасига чиқарилса, улар пулларни коррупцияга ботган деб саналган мамлакатга қайтариб беришлари лозим бўлади”, дейди журналист François Pilet.
Гулнора Каримованинг алоқаси…
Америка адлия мулозимлари музлатилган пуллар тақдирини ҳал этиш мақсадида АҚШ қонунларига мувофиқ барча тегишли томонларга маҳкамада ҳозир бўлишни сўраб бир неча мактуб юборишган.
Шунингдек, Гулнора Каримова дохил унга алоқадор деб топилган шахсларнинг барча манзилгоҳларига, ҳам Ўзбекистон ва ҳам хорижий мамлакатда қайд этилган адресларига хатлар жўнатилган. Адлия вазири Икромовнинг мактубида Ўзбекистон Бош прокуратураси бу хатларни ҳибсга олгани ҳақида ёзилади.
Яъни, журналист François Pilet нинг айтишича, шу билан Ўзбек томони мазкур шахсларнинг алоқаси йўқ эканини таъкидлаб, музлатилган пулга ягона даъвогар Ўзбекистон давлати деб ифодалашга уринмоқда.
Ўзбекистонда Гулнора Каримовага тегишли экани айтилган коррупцион тузилмалар ва унга яқин шахсларга нисбатан тергов Оврўподаги коррупция билан боғлиқ йирик текширувлар ортидан 2013 йилда бошланганди.
2014 йил сентябрида Ўзбекистон Бош прокуратураси Президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова миллионлаб доллар маблағларни ноқонуний ўзлаштириш ва пул ювиш билан боғлиқ йирик жиноят иши юзасидан терговга жалб этилганини тасдиқлаган, аммо унинг жиноят ишидаги ролига аниқлик киритмаган.
2014 йилнинг 22 сентябрида Бош прокуратура “савол-жавобида» Гулнора Каримова жиноий иш бўйича қай юридик мақомда ўтаётгани борасидаги саволга – “уюшган жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзосига жазо муқаррар”, деган жавобни берган. Жавобнинг охирида прокуратура тергов натижалари борасида жамоатчиликка муфассал маълумот беришга ваъда этган.
Бироқ ушбу баёнотдан сўнг Ўзбек расмийлари ушбу иш борасида сукут сақламоқдалар.
Бир эмас, бир неча йирик коррупция айбловларига алоқаси бор дея таърифланаётган Гулнора Каримованинг Ўзбекистонда уй қамоғида экани тахмин қилинади.
Вақт ўтган сайин унинг жазога тортилиши борасидаги фикр-мулоҳазалар ҳам сусайиб бораётир.
Швейцарияда истиқомат қилаётган ва воқеалар ривожини яқиндан кузатиб бораётган мустақил иқтисодий шарҳловчи Алишер Таксановнинг айтишича, Ўзбекистон томони сиёсий ўйин қилмоқда.
Ўзбекистон Бош прокуратураси Миллий Хавфсизлик Хизмати билан биргаликда Гулнора Каримовани бу ўйиндан имкон қадар безиён олиб чиқишга жуда қаттиқ ҳаракат қилмоқда.
Унга кўра, “жазога тортилган қўшиқчи, сотувчи ва ҳисобчи каби шахслар давлат активларидан фойдаланиш даражасида имкониятга эга бўлишмаган, бунинг ортида катта қудратга эга бўлган шахс тургани аниқ”.
ББС
«Ўзбекистон томони жуда ақлли амалга қўл урди»
-
14 Январ 2016
Швейцарияда нашр этиладиган L’Hebdo нашри “Дада Каримов ўз маликасининг ўлжасини қайтариб олмоқчи” деб сарлавҳа қўйилган мақола эълон қилган.
Мақолада ёзилишича, Ўзбек расмийлари Президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага алоқадор деб кўрилаётган ва хорижда музлатилган йирик миқдордаги маблағни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида жадал кампания бошлаганлар.
Ўзбек расмийларига кўра, Ўзбекистон йирик коррупцион схеманинг қурбони бўлган ва ҳозирга келиб молиявий жиноятлар учун жавобгарлар аллақачон жазога тортилган. Шунинг учун ҳам АҚШ расмийларидан музлатилган мол-мулкни Ўзбекистон давлати ихтиёрига бериш сўралган.
L’Hebdo нашри журналисти François Pilet ўзининг сўнгги журналистик тадқиқоти натижалари ҳақида Би-би-сига қуйидагиларни айтиб берди:
François Pilet: Гап 1 миллиардан ортиқ АҚШ доллари ҳақида кетмоқда. Ҳатто Швейцария андозаларига мувофиқ коррупцион схемалар орасида Ўзбекистон иши жуда йирик саналади. Бунинг миқёсини Филлипиннинг Маркоси ва Нигериянинг Абачаси билан боғлиқ коррупцион жанжалларга таққослаш мумкин. Икки ярим йил мобайнида бирор жиддий воқеа бўлгани йўқ, ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Ўзбек ҳукумати мазкур муддат ичида ўз ҳаракатларини ошкор қилмади. Бизга пулни қайтариб беринглар, дея ҳеч ким мурожаат қилгани йўқ. Ягона нарса — бу Гулнора Каримованинг Ўзбекистонга боргач, ғойиб бўлгани, холос. Таҳминан икки йилдан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати бир неча ҳафта олдин музлатилган пулни мамлакатга қайтариш ташаббуси билан чиқди. Декабр ўрталарида Ўзбек томони АҚШда жойлашган Нью-Йорк Дистрикт ҳакамига Ўзбекистон Адлия вазири номидан мактуб юборган. Мактубда чет эл банкларида АҚШ ҳукумати томонидан музлатиб қўйилган қарийб 500 миллион доллар Ўзбекистонга тегишли экани айтилади. Мактубдан Ўзбек фуқаролари жиноий ишга қўл урганлар ва Ўзбекистон мазкур жиноятчиликнинг бевосита қурбонига айланган, деган маъно келиб чиқади. Ўзбек расмийлари Нью-Йорк маҳкамасидан пулларни ўзларига қайтаришни сўрадилар. Швейцарияда сақланаётган бошқа 500 миллион долларлик маблағ масаласига келсак, Ўзбек томони шу вақтга қадар ўхшаш мактуб билан мурожаат қилгани йўқ. Мен ўтказган тадқиқот натижасида Швейцария мулозимларидан буни тасдиқлашга муваффақ бўлдим. Ўйлайманки, яқин ўтмишдаги мантиққа биноан Ўзбек томони Швейцарияга ҳам худди шундай мурожаат билан чиқади.
Би-би-си: Америка томонига қилган мурожаатида, Ўзбек расмийлари мақсадга эришиш учун қандай даллиларни келтиришмоқда?
François Pilet: Ўзбек мулозимларининг айтишича, пулларни қайтариш жараёнида улар АҚШ ҳукуматидан кўра кўпроқ манфаатдор. Америка ҳукумати АҚШ ҳудудида фаолият юритаётган молия биржаларида савдо қилган телекоммуникация ширкатлари коррупцион пул ўтказмаларига аралашган деб билади. Айнан шу ҳолат Америка расмийларига пулларни эркин муомаладан чиқариб, музлатиб қўйишга ҳуқуқ берди. Бироқ бу пулларни улар шу пайтгача аниқ жиноятга боғлай олганлари йўқ. Ўзбек расмийларининг айтишларича, бир неча Ўзбекистон фуқаросининг жиноий ҳаракатларга қўл ургани оқибатида бутун мамлакат зарар кўрган. Ўзбек томони мазкур жиноятчилик юзидан тергов олиб боргани, жиноий гуруҳ аъзоларини маҳкамага тортиб, Ўзбекистон заминида уларни ҳукм этиб, жазога тортганини айтмоқда. Яъни, буларнинг бари Ўзбекистонга тегишли ва бу “ўзбек иши”дир, дейишмоқчи. Ва бундан: “Пуллар бизники, демак бизга қайтариб берилиши шарт” деган маъно келиб чиқади.
Би-би-си: Сиз олиб борган журналистик тадқиқот чоғида Ўзбек расмийлари ёллаган америкалик бир юридик ширкатнинг Нью-Йорк маҳкамасига ёзган хатига ҳам асосланиб мақола ёзгансиз. Хатда америкалик адвокатлар ўзбек томонининг манфаатларини вакил сифатида намоён этаётганларини ёзишган. Бу хат бирор бир натижа бердими?
François Pilet: Энг қизиқ томони шуки, АҚШ адлия тизими вакиллари Швейцария терговчиларидан кўра жадалроқ иш тутмоқдалар. Икки ярим йил ичида швейцарияликлар ҳеч нарса қилгани йўқ. Шунинг учун Нью-Йорк ҳаками 7 январ кунини мўлжаллаб, Ўзбек томонидан бирор жавоб келмаса, “дефолт қарор” қабул қилиб, пулларни Америкада қолдиришни кўзлаган ҳукм чиқармоқчи бўлган. Ўзбекистон бунинг олдини олиш учун 4 январ куни Holwell Shuster&Goldberg номли америкалик ширкат орқали арз қилган. Яъни, Ўзбек томони қўшимча вақт сўраган. 7 январ кунидаги маҳкама қарорига биноан, Ўзбек томонига бир неча ҳафта вақт берилган. Бу дегани, ўз даллиларини ва фактларини тайёрлаш учун Ўзбек расмийлари маълум муддатни қўлга киритганлар. Ўзбек расмийлари, АҚШда нуфузли деб саналган тажрибали юридик ширкатни ишга солишган. Улар қонуний йўллар орқали ва Америка қонунларини ишга солиб, ўз манфаатларига эришишга ҳаракат қилмоқдалар. Бошқа дипломатик йўлларни ишга солган ёки солмаганлари ҳақида менда маълумот йўқ.
Би-би-си: Ўзбекистон ҳукумати бу ишни ютиб чиқа оладими? Яъни, пулларни охир-оқибат қайтариб ололадими?
François Pilet: Буни айтиш қийин, Ўзбекистон томони жуда ақлли амалга қўл урди, “биз жиноятчиликни фош этдик, ўзбек халқидан пулларни ўғирлаган жиноятчиларни қамадик ва ҳоказо… Шунинг учун пуллар мамлакатга қайтарилиши лозим”. Яъни, катта маҳорат билан олиб борган мантиқий далилларни келтиряпти, деб айтган бўлардим. Бироқ АҚШ ва Швейцария ҳукуматлари жуда ноқулай аҳволга тушиб қолганлар. Чунки агар қарор Ўзбекистон фойдасига чиқарилса, улар пулларни коррупцияга ботган деб саналган мамлакатга қайтариб беришлари лозим бўлади. Бу эса улар учун қабул қилиб бўлмайдиган амал деб кўрилмоқда.
Би-би-си: Ўзбек томони хатида Гулнора Каримова умуман тилга олинмаган, Америка маҳкамасининг сўнгги ҳужжатларида эса, унинг исми бир неча марта очиқ қайд этилган. Бу нима билан боғлиқ?
François Pilet: Гап шундаки, Ўзбекистон ҳукумати мазкур фирибгарлик ёки ўғрилик жиноий гуруҳ томонидан амалга оширилганини исботлашга ҳаракат қилмоқда. Уларни қароқчилар, бандитлар деб атаб, улар улкан маблағни давлат захираларидан ўғирлаганларини кўрсатмоқчи. Бундай иддаоларга жавобан АҚШ ҳукумати Швейцария ҳукумати билан бирга айтишларича, йирик миқдордаги коррупция айрим жиноятчилар ёки бир-иккита тадбиркор томонидан уюштирилган эмас, буларнинг бари амалга оширилганига ягона сабаб — президент қизининг аралашгани бўлган. Шунинг учун Ғарб терговчилари Гулнора Каримованинг аралашганини исботлашга уринмоқдалар, улар музлатилган маблағларни жиноий схемани ташкиллаштирган деб гумон қилинаётган шахсга қайтариб беролмаймиз деб айтишмоқда. Айнан шуни назарда тутган Ўзбекистон ҳукумати ўзбошимча иш тутган бир нечта шахсдан иборат гуруҳ деган назарияни олдинга сурмоқда. Гулнора Каримова мазкур жиноий ҳаракатларга қўл урганини исботлаш қийин, чунки у бирор-бир из ёки банк ҳужжатларида имзо қолдирмаган. Лекин, бир неча шахснинг ҳеч қандай дастаксиз хорижий ширкатлардан бир миллиардан ошиқ пулларни мусодара қилишга қодир бўлганлари ҳақидаги иддаоларга катта шубҳа билан қараш керак.
ББС
Ўзбекистон
“Каримов малика қизининг пулларини қайтариб олмоқчи”
14.01.2016
Ўзбекистон ҳукумати коррупция билан боғлиқ текширувлар ортидан хорижий банкларда музлатиб қўйилган 1 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ пулни қайтариб олиш уринишини бошлаган. Швейцарияда чиқадиган L’Hebdo нашрида босилган “Каримов ота малика қизининг пулларини қайтариб олмоқчи” сарлавҳали мақолада ëзилишича¸ Ўзбекистон томони молиявий жиноятлар учун жавобгар шахсларнинг аллақачон жазога тортилгани ва мамлакат уларнинг йирик коррупцион схемалари билан боғлиқ жиноят қурбони бўлгани иддаоси билан АҚШ Адлиясига мурожаат қилган.
Мақола муаллифи Франсуа Пиленинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон томони музлатилган пулларни қайтариб олиш учун АҚШдаги Holwell Shuster&Goldberg адвокатлик ширкатини ёллаган ва шу ширкат воситачилигида Ўзбекистон Адлия вазири имзоси билан ёзилган мактуб 4 январь куни Ню Йорк ҳаками Эндрю Картерга топширилган.
- Хатда Америка томони музлатган қарийб 500 миллион долларнинг Ўзбекистонга тегишли экани, Ўзбекистон айрим тадбиркорлар қўл урган жиноятчиликнинг бевосита қурбони бўлгани айтилади. Лекин мактубда Гулнора Каримованинг номи тилга олинмайди. У ерда Каримованинг ёрдамчиси Гаяне Авакян, Гулноранинг жазмани Рустам Мадумаров, Баҳодир Эргашев ва бошқалар номлари келтирилади. Ўзбекистон томони коррупцияон схемалар тузиб, йирик миқдордаги коррупцион пулларни ўзлаштириб келган бу шахслар қилмиши учун жазоланди, биз уларни ҳибсга олдик, бу жиноятлар Ўзбекистонга қарши қилинган жиноятлар эди ва энди бу пуллар Ўзбекистонга қайтариб берилиши керак, демоқда,- дейди швейцариялик журналист.
Ню Йорк ҳаками идораси ҳозирча журналистларга Ўзбекистон сўрови борасида изоҳ бермади. Маълум бўлишича, ҳакам бу юзадан дастлабки эшитувларни 27 январь кунига белгилаган.
— Бу АҚШ Адлия вазирлигини анча мураккаб вазиятда қолдирган. Агар ҳакам Ўзбекистон сўровини қондирадиган қарорни чиқарса, унда бу пуллар коррупция ботқоғига ботган Ўзбекистонга кетади. Бизга маълум бўлишича, ҳозир ҳакам Ўзбекистон томонидан ўз сўровида келтирилган жиҳатларни асословчи кўпроқ маълумот сўраган. Лекин Ўзбекистонда коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган шахсларнинг Гулнора Каримовага жуда яқин одамлар экани маълум. Шундай экан бу жараён Ўзбекистон учун осон кечмайди, — дейди Франсуа Пиле.
Ўзбекистонда Гулнора Каримовага тегишли экани айтилган ширкатлар ва унга яқин шахсларга нисбатан тергов АҚШ ва Европада коррупция билан боғлиқ йирик текширувлар ортидан, 2013 йилда бошланганди.
Учта телекомммуникация ширкати — TeliaSonera, VimpelCom ва МТС Ўзбекистон президентининг тўнғич қизига мамлакат мобил алоқа бозорига кириш учун қарийб 1 миллиард доллар пора бергани билан боғлиқ иддаолар ортидан АҚШ адлия тизимлари Европа ва Америка банкларидаги бу маблағларни музлатиб қўйган эди.
— Бу ерда гап икки ярим йил аввал Швейцария, АҚШ ва бошқа мамлакат банкларида музлатиб қўйилган бир миллиард АҚШ долларидан кўпроқ маблағлар ҳақида бормоқда. Бу маблағларнинг аксарини Швейцария банклари ҳибс этди. 800 миллион Швейцария франкидан кўпроқ маблағ Швейцария банкларида музлатилди. Кейинроқ АҚШ бир неча юз минг долларлик маблағни музлатди. Бундан ташқари Люксембург, Ирландия ва Бельгия банклари ҳам шундай амалга қўл урди. Бу маблағлар Гулнора Каримовага оидлиги ишонилаётган коррупцион схемалар орқали пора сифатида берилган маблағлар дея музлатилган, — швейцариялик журналист.
Ўзбекистон ҳукуматининг музлатилган маблағлар қайтарилишини сўраб Швейцария ва ëки бошқа давлатлар адлия тизимларига мурожаат этгани ҳозирча маълум эмас.
— Мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак¸ Ўзбекистон томони Швейцарияга ҳам худди шундай мурожаат билан чиқса керак, — дейди Франсуа Пиле.
Гулнора Каримованинг телеком соҳасидаги олди-бердилари илк бор 2012 йилда Швед жамоатчилик телевидениеси тайёрлаган репортажлар туфайли ошкор бўлди.
Ундан кейин Швециянинг ТТ хабар агентлиги ва Норвегияда чиқадиганKlassekampen газетаси ҳам қатор материалларни эълон қилди.
Репортажларнинг барчаси Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси OCCRP билан ҳамкорликда тайёрланди.
Бу материаллар Швеция ва Финляндияга доир TeliaSonera ҳамда Россия ва Новегияга қарашли VimpelCom компаниялари Ўзбекистонда мобил алоқа лицензияларини қўлга киритиш мақсадида Каримовага яқин одамларга миллионлаб доллар тўлаганини ошкор қилди.
TeliaSonera ва VimpelCom ширкатлари ҳозирда Швеция, Ҳолландия ва АҚШ расмийлари томонидан тергов қилинмоқда.
— Ўзбекистон ҳукумати музлатилган пулларни қайтаришга уринаркан бу борадаги сўровномасида Гулнора номини тилга олмаяпти. Чунки, коррупция ишларида Гулноранинг номи келтириладиган бўлса пулларни қайтариб олиш имконсиз бўлади. Чунки, АҚШ ёки Швейцария адлияси маликанинг ўғирланган пулларини уни отасига қайтариб бермайдику, — дейди швейцариялик журналист Франсуа Пиле.
Айни кунларда президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова тақдирига оид аниқ маълумот йўқ.
Норасмий манбаларнинг Озодликка билдиришича¸ Гулнора Каримова устидан ëпиқ маҳкама ўтказилиб, у уй қамоғига ҳукм қилинган.
ОЗОДЛИК
Ўзбекистон
Тошкент Ғарб банкларида музлатилган МИЛЛИАРД долларни қайтариб ола оладими?
15.01.2016
Европада “ўзбек иши” номини олган коррупция жанжали ортидан Ўзбекистон фуқаролари номига Ғарб банкларида очилган ҳисоблардаги камида 1 миллиард АҚШ доллари музлатиб қўйилди. 2015 йил 16 декабрь куни Ўзбекистон Адлия вазири АҚШ маҳкамасига бу пулларни Тошкент ҳукуматига қайтариб беришни сўраб расман мурожаат қилди.
Тошкентнинг президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованики экани тахмин этилаëтган бу миллиард долларни қайтариб олиш имкони борми?
Озодликнинг бу саволига «Гулнора Каримова миллиард долларни қандай ўмарди?» деган савол юзасидан махсус журналистик суриштирув ўтказган Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ëритиш халқаро лойиҳаси бош муҳаррири Drew Sullivan жавоб берди.
— Ўзбекистоннинг бу сўровида манфаатлар тўқнашуви каби жиддий бир муаммо бор. Бу пулларни ўғирлаган одам Ўзбекистон президентининг қизи¸ яъни бевосита биринчи оила вакили. Ўзбекистон Адлия вазирлиги биз ўғриларни жазоладик¸ деяпти. Аммо Ислом Каримов ҳали ҳам президент ва унинг қизи Гулнора жазоланиб¸ қамалгани ҳақида бирор расмий маълумот йўқ. Гулнора Каримованинг уй қамоғида экани ҳақидаги гапларни ҳам тасдиқлаш имкони йўқ. Балки у айни дақиқаларда Сан Тропеда (Франция жанубидаги асосан зодагонлар яшовчи шаҳарча – таҳр.)мазза қилиб юргандир¸ балки у ҳали ҳам ҳукумат фаолиятининг сердаромад соҳаларини назорат қилаëтгандир. Биз буни билмаймиз. Шу боис¸ АҚШ маҳкамасини бу пулларни қайтариб бериш кераклигига ишонтириш жуда қийин бўлади.
Озодлик: Ҳозирча расман тасдиғини топмаган маълумотларга кўра¸ ўзбек маҳкамаси Гулнора Каримовани судлаб¸ унга уч йиллик уй қамоғи жазоси тайинлаган. Агар шу маълумот тўғри бўлса¸ унга асосан Тошкентнинг¸ Гулнора Каримова ҳам қилмиши учун жазоланди¸ ҳукумат ва Гулнора бир нарса эмас¸ аслида биз жабрланувчимиз¸ деган асосда 1 миллиард долларни қайтариб олиш эҳтимолини қандай баҳолайсиз?
— Бир қараганда¸ ўзбек томонида қўйган талабда жон бордек. Агар кимдир давлат ва халққа тегишли пулларни коррупция билан ўғирлаган бўлса¸ бу одамлар маҳкамага тортилиб¸ айби исботлангач¸ пуллар асл эгасига қайтарилиши керак. Адлия вазири ўз мактубида шунга урғу бермоқда. Аммо фундаментал муаммо шундаки¸ Гулнора Каримова бу пулларни отаси президент бўлган даврда ўзлаштириб келди ва на ота ва на унга ҳисоб берувчи ҳукумат уни тўхтатиш учун 10 йилдан кўпроқ вақт давомида ҳеч нарса қилмади. Ниҳоят¸ дейлик Гулноранинг маҳкамага тортилиб¸ унга уй қамоғи берилгани рост ҳам бўлсин. Уч йиллик уй қамоғи¸ биргина телекоммуникация соҳасида бир миллиард доллар ўғирлаш жиноятига лойиқ жазоми? Биз ўзбек адлия тизимини яхши биламиз. Минглаб одам 100 доллар нари-берисида пора олди деган айб билан узоқ йиллар қамоққа ташланмоқда. Бундай қаттиқ жазо усули нега бир миллиард доллар ўғирлаганга қўлланмаяпти? Биз ҳали президент қизининг ҳукумат тизимлари воситасида бошқа соҳалардан халқ ва давлатнинг қанча пулини ўғирлаганини билмаймиз. Яна такрорлайман¸ музлатилган бир миллиард бор-йўқ учта мобил алоқа ширкатидан олинган пора¸ айсбергнинг учи холос.
Озодлик: 28 январь куни Ню Йорк район маҳкамаси Ўзбекистон Адлия вазирининг расмий мурожаати юзасидан ўз дастлабки қарорини эълон қилиши кутилмоқда. Сиз Америка маҳкамаси қандай қарор чиқаради¸ деб ўйлайсиз?
— Биринчидан¸ мен Ўзбекистон томони маҳкамада ютқизади¸ деб ўйламайман. Шахсан мен учун¸ улар келтираëтган асослар жуда заиф. Аммо АҚШ маҳкама тизими шундай тузилганки¸ агар маҳкамада ютиш учун каттагина пул ташлаб¸ қудратли адвокатларни ëллашга қурбингиз етса¸ жараëн йилларга чўзилиши мумкин. Гап оз пул ҳақида эмас¸ 1 миллиард доллар устида бормоқда ва кўриб турганимиздек¸ ўзбек томонида адвокатлардан пул аяйдиганга ўхшамайди (Ўзбекистон ҳукумати ўз ҳимоясига Ню Йоркдаги қудратлиHolwell Shuster&Goldberg адвокатлар ширкатини ëллаган – таҳр.).Шунинг учун¸ бу жараëннинг камида 2-3 йилга чўзилишини кутиш мумкин. Бундан ташқари¸ ўзбек томони бу пулни қайтариб олиш учун Вашингтонга сиëсий таъсир ўтказишга ҳам уриниб кўради. Лекин АҚШ адлия тизими сиëсий ҳукуматдан мустақил бўлгани учун¸ бундай уринишлар иш беришига кўзим етмайди.
Озодлик: Сиз АҚШ адлия тизимлари сўрови билан музлатилган бир миллиард доллар Ўзбекистон ҳукуматига қайтарилмаслиги керак¸ бундай қилиш¸ ўғирланган пулларни яна ўғриларнинг ўзига қайтариш бўлади¸ деган фикрдасиз? Агар пуллар Тошкентга қайтарилмаса¸ у кимга берилиши керак? Бунинг учун қандай механизмлар бор?
— Ўзбек халқини тамсил қилувчи намояндаларнинг йўқлиги жиддий муаммо. Ҳукумат халқ эмас¸ ҳокимият тепасидагилар манфаатини тамсил қилмоқда¸ халқнинг эса бу пулни талаб қилувчи легитим вакиллари йўқ. Ўғирланган 1 миллиард доллар оддий ўзбекларнинг пули. Бу пуллар мобил телефон эгаларидан ўғирланган ва қайсидир йўл билан уларга қайтарилиши керак. Қандай қайтарилиши кераклиги жиддий ўйлаб кўриладиган савол. Агар мен АҚШ ҳукумати ўрнида бўлсам¸ махсус жамғарма очиб¸ бу бир миллиард долларни шунга берардим. Бу жамғармадан эса¸ иқтидорли ўзбек ëшларини хорижда ўқитиш учун грант ва стипендияларга¸ Каримовлар жабридан мамлакатдан қочишга мажбур бўлган ўзбекистонликларга ëрдам беришга фойдаланган бўлардим.
ОЗОДЛИК
Bu aslida sharmandali holat biz xurmat ila tilga oladigan prezidentimiz uchun . Xech tinchimas ekanda malikamizni mashmashalari .Ammo lekin yaxshi ishlari xam kup edi Gugushani .