«Озодлик» радиосининг хабар беришича, Жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб Туркия дунёнинг 89 давлатига нисбатан виза тартибини жорий қилишни режалаштирмоқда.
HaberIzmir нашрига кўра, ушбу давлатлар рўйхатига Ўзбекистон ҳам киритилган. Шунингдек, рўйхатда МДҲнинг Россия, Украина, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Грузия каби давлатлари ҳам бор.
Расмий Анқаранинг мазкур қарори Туркия билан Европа Иттифоқи ўртасида имзоланган виза режимини енгиллаштириш ва реадмиссия ҳақидаги келишув доирасида қабул қилинган.
Туркиянинг Тошкентдаги консули Озодлик билан суҳбатда ушбу хабарни инкор қилди.
Бугунги кунда ўзбекистонликлар Туркияга визасиз бориши ва ушбу мамлакат ҳудудида 30 кун давомида қолишларига изн берилган.
Туркия ўзбек савдогарлари учун асосий савдо ўчоғи ҳисобланади. Ўзбекистон бозорларининг аксар қисми Туркиядан келтирилган моллар билан тўла.
Шунингдек, Туркия курортлари ҳам ўзбекистонлик дам оладиган асосий масканлардан биридир.
Россиядаги иқтисодий инқироз чуқурлашиб¸ рублнинг долларга нисбатан қадри пасайиши ортидан ўзбекистонлик минглаб меҳнат муҳожири ўзи учун янги меҳнат бозори изламоқда. Кузатувчилар Туркия ўзбекистонлик иш изловчилар учун Россия муқобилига айлана бошлаганини таъкидлаётган эди.
ЎХҲ хабарлар бўлими
Туркия матбуоти Ўзбекистон билан виза режими қайта тикланиши ҳақида хабар тарқатди
Туркия оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, Туркия дунёнинг 89 мамлакати, шу жумладан, Ўзбекистон билан ҳам виза режимини тикламоқчи. Хабарларда айтилишича, мазкур тартиб шу йилнинг июнидан жорий қилинади. Ўзбекистон билан бир қаторда рўйхатда Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари ҳам бор.
Қозоғистон оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги ушбу масалада Туркиядан ҳеч қандай расмий ахборот олгани йўқ. Айни пайтда вазирлик “хабарга очиқлик киритишга ҳаракат қилмоқда”.
Туркиянинг ушбу мамлакатдаги элчихонаси ҳам мазкур масалада расмий маълумот йўқлигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги вақтда Туркиядан Сурияга турли мамлакатлардан келаётган террористларни ўтишга уриниши кўпаяётгани сабабли ушбу мамлакатга турли эътирозлар билдирилаётган эди. Шундай бўлса-да, Туркия туристик ташкилотлари ушбу хабар бўйича ўз хавотирини билдиришмоқда.