Image copyrightnoneImage captionЛитва ўрмонидаги масжид 1558 йилда қурилган.
Шимоли-шарқий Оврўподаги ўрмон ичкарисида қадимий масжидга дуч келаман, деб ҳеч ким ўйламаса керак.
Аммо яқинда Би-би-си мухбири Тариқ Ҳусайн узоқ асрлардан бери Литвадаги ўрмонда яшаётган мусулмон жамоаси билан учрашди.
Ўрта асрларда Оврўпони қамраган жаҳолат Литванинг қуюқ ўрмонларига етиб келмаган ва бу ердаги кичик, аммо қадимий мусулмон жамоасига шикаст етказмаган.
Қирқ татар масжиди
Ўрмон ўртасида Шарқий Оврўпо қишлоқ меъморчилиги услубида қурилган ёғоч бинони бир қарашда ҳеч қачон масжид, деб ўйламайсиз.
Иншоот тунука томи ўртасидаги пиёзсимон гумбазни кўриб, православ черкови, деган хаёлга бориш мумкин.
Бироқ гумбазга ўрнатилган ҳилол бинонинг масжид эканлигини билдириб туради.
Бунчалик оврўпоча услубда қурилган масжид ҳозир Ғарбий Оврўпода ҳам топилмайди.
Литва пойтахти Вильнюсдан ярим соатлик автоулов йўлида жойлашган айни масжид 1558 йили тикланган.
Қуюқ ўрмон ўртасидаги бу овлоқ қишлоқ Кетуриасдесмит Тотору ёки Қирқ Татар, деб аталади.
Катта шаҳардан унчалик узоқ бўлмаса-да, мазкур маскан кўпчилик кўзидан панада.
Айтишларича, 600 йил илгари Литва Буюк Герцоги Витаутас қирқта татар оиласини таклиф этаган. Шу асно бу ерларда мусулмон жамоаси вужудга келган.
Насронийлардан ҳимоя
Ҳали насронийликни қабул қилмаган Литва ҳудудидаги Тевтон рицарлари XIV асрга келиб, қўшни масиҳий давлатлар таҳдиди остида қолганди.
Image copyrightnoneImage captionФотима-онанинг ота-боболари Литвани салбчи насронийлардан ҳимоя қилишган.
Шу боис тевтон етакчилари катта сонда татар мусулмонлари ва қараим яҳудийларини таклиф этишади ва шу асно христианлардан ўз ҳудудларини ҳимоялашни истайдилар.
(Туркийзабон қараим яҳудийлари ўзларини туркий халқ билишади. Уларнинг тили татарча ва ўзбекчага жуда яқин. Қараим тилида ҳатто мусулмон туркий халқлар ишлатувчи форсча ва арабча сўзлар ҳам кўп — таҳририят).
Маҳаллий тевтонлар кейинроқ насроний Польша ва Литвага қарши урушга кирадилар.
Бу урушлардаги энг муҳим тўқнашув — Грунвальд жангида эса улар мусулмон ҳамда яҳудийлар ёрдамида салбчи насронийларни енгишади.
Тевтон герцоги шундан кейин миннатдорчилик сифатида мусулмонларга ер ва диний эркинлик беради.
Бу — Испанияда католик инквизицияси авжига чиққан ҳамда мусулмон ва яҳудийлар таъқибу тазйиққа тушган даврлар эди.
Оллоҳберди қабри
«Биз Витаутасни жуда ҳурмат қиламиз. У Муҳаммад пайғамбаримизни (С.А.В) унутишимизга йўл қўймайди».
Айни мисралар — 1519 йилда татар мусулмонлари номидан Польша қироли ва Литва Буюк Герцоги номига битилган мурожаатдан бир парча.
Image copyrightnoneImage captionҚирқ Татардаги энг қадимий қабр 1621 йил вафот этган Оллоҳберди исмли кишиники.
«Биз Литвани севамиз ва сўнгги томчи қонимизгача бу замин ҳимояси учун курашишга онт ичамиз. Чунки бу тупроқни биз билан баҳам кўришган» — битилган айни мурожаатда.
Қирқ Татар қишлоғида бугун атиги 120 киши қолган. Улар асли келиб чиқишларини Қрим татарларига боғлашади.
«Витаутас туфайли биз бу ерларда яшаймиз. Ҳаммамиз Қрим татарлари эканлигимизни яхши биламиз» — дейди 75 яшар Фотима Стантрукова.
Қишлоқдаги энг қадимий қабр 1621 йилга бориб тақалади. Ушбу қабрга қўйилган кишининг исми Оллоҳберди экан.
Қишлоқ қабристони ҳам худди Оврўподаги черковолди мозорларини эслатади.
Бироқ бу гўшадаги қабр тошларига ҳилол акси туширилган.
Йўқолган масжидлар
Ўрта асрларда Литва ўрмонларидаги татар жамоалари кенгая бошлайди.
Бир пайтлар Вильнюс ва Беларусь пойтахти Минск шаҳри ўртасидаги ҳудудларда юзлаб татар масжидлари бўлган.
Мусулмон қишлоқлари ҳатто Польша ҳудудларигача кириб борган.
Ҳали Биринчи Жаҳон Уруши арафасида ҳам Литвада 25 масжид бор эди. Аммо бугун бор йўғи учта масжид қолган, холос.
Улар Қирқ Татар, Раизайи ва Немезис татар қишлоқларида жойлашган.
Image copyrightnoneImage captionҚирқ Татар аҳли масжидни Советлардан яшириб, асраб қолишган.
Бундан ташқари Польша қишлоқларида ҳам тўртта татар масжиди бор.
Масжидлардан ҳам олдин, ҳали 18 асрда бу ерда татар тили йўқола бошлайди.
«Анъана ва тилимиз асрлар оша унутилмоқда» — деб ёзганди ХIХ асрда яшаган татар шарқшуноси Муҳаммад Мурод ар-Рамзий — «Аммо мадрасалари бўлмаса ҳам, барибир, (татар) халқимиз Исломий эътиқодини сақлаб қолмоқда».
Бироқ ХХ асрга келиб, Исломий эътиқодга катта зарба етди.
«Совет даври энг ёмони бўлган. Исломий илми бўлган инсонлар ё отиб ташланган, ё Сибирга сургун қилинган» — дейди келиб чиқиши Қрим татари бўлган Литва Бош муфтийси Рамазон Ёқуб.
«Диний китоблар ва қадимий осори-атиқаларимиз ёндирилган. Масжидлар эса ёпилиб, бузиб ташланган. Хуллас, Ислом тақиқланган».
Рамазон Ёқуб ё Ромас Якубаскас?
Айни талотўпли даврларни яшаб келган татарларда бир одат бор. Улар болаларига иккита исм қўйишади.
Масалан, муфтийни ҳам ўз оиласи ва диндош дўстлари Рамазон Ёқуб, деб аташади. Лекин бошқалар учун расмий оти — Ромас Якубаскас.