«Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Намоз НОРМЎМИН: ШИАЛАР НИМА ИСТАЙДИ?
ШИАЛАР НИМА ИСТАЙДИ?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Ислом дунёси Суннийлар ва Шиалар, дея икки катта тоифага бўлингани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бу ҳақиқат бугун ўзини нафақат эътиқодий ва фикрий майдонда, балки қонли уруш майдонларида ҳам ўзини кўрсатмоқда. Ироқда, Сурияда, Йеменда, Ливанда мусулмонлар орасидаги бундай айрилиқ туфайли қонли воқеаларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Баҳрейн, Саудия Арабистони, Қувайт, Ливан каби давлатларда ҳам жиддий маънода бу айрилиқнинг ишоратлари бор…
Мусулмонлар орасида дедим, чунки Эрон раҳномалик қиладиган шиа дунёси ҳам мусулмон оламининг бир парчаси ўрнида кўрилади. Яъни, Шиалар ҳақида ҳеч ким буларнинг ҳаммаси мусулмон эмас, деган гапни айтмайди….
У ҳолда Шиалар кимлар ўзи ва улар нима истайдилар?
Шиа луғатда фирқа, тоифа, тарафкаш маъноларига келади. Бунинг сабаби Шиаларнинг саҳоба даврида мусулмонлар орасида ўртага чиққан ихтилофлар, уруш жанжаллар ва сўнгра содир бўлган шундай жараёнларда Али (ра) ва у кишининг наслидан бўлган имомларнинг тарафини олишларини иддао қилишларидир. Яъни, Шиалар ўзларича Али (ра) ва у кишининг наслидан бўлган имомларни Муҳаммад (сав)нинг ҳақиқий ворислари ва кимки уларга эргашса улар ҳам ҳақиқий мусулмонлардир, деб биладилар.
Гапнинг бошида шуни айтиш керакки, Ислом динининг асоси ким бўлишидан қатъий назар, бирор инсонга (ҳатто саҳоба бўлса ҳам) тарафкашлик қилиш ва унга мутлақ маънода эргашишда эмасдир. Ислом динининг асоси Аллоҳни ягона Роб ва Илоҳ, деб ва Муҳаммад (сав) Аллоҳнинг охирги Пайғамбари, деб имон келтиришда ва шу шаклда Қуръони Карим ҳукмларига ва Муҳаммад (сав)нинг саҳиҳ суннатларига эргашишдидир…
Яъни, Шиаларнинг тарафкашликка муккасидан кетишиларининг Ислом динида умуман ўрни йўқдир. Қолаверса, тўрт рошид (ўз ишларида энг тўғри амал қилган) халифалар, яъни Абу Бакр (ра), Умар (ра), Усмон (ра) ва Али (ра)ларга тарафкашлик қилиш, улардан бирини қабул қилиб иккинчисини инкор қилиш каби даъволар Исломнинг асоси бўлган Қуръон ва Суннатда ўрин олмаган…
Мусулмонлардан исталган нарса бу халифаларни саҳобалардан билиб, уларга ҳурмат билан қараш, улар қилган яхши амалларни ўзларига ўрнак олиш, агар нотўғри амаллари бўлса, ки албатта улар ҳам хатолар қилишган, бу амалларга эргашмасликдир. Умумий қилиб, айтадиган бўлсак, Муҳаммад (сав)нинг саҳобалари илк мусулмонлар ва бу умматнинг Исломга эргашган энг яхши кишиларидир. Шу билан бирга улар Насронийликда ёки бошқа динларда ўрин олган “муқаддас оталар”, руҳонийлар (роҳиблар) ва шунга ўхшаш инсонлар мутақ суратда эргашадиган, мутлақ суратда итоат қиладиган ва ҳатто сиғинадиган “зотлар” ҳам ҳисобланмайдилар. Зотан, Ислом дини инсонлар орасида муқаддас тоифалар бўлишини рад қилади, чунки муқаддас санаш Илоҳликнинг асосий сифатларидан биридир. Аллоҳ Таоло Ўзининг Зоти ҳақида “ У (Аллоҳ) ал Қуддус (Муқаддасдир)”, дея марҳамат қилган…(Хашр сураси, 24 оят)
Шиалар эса Имом Али (ра) ва унинг наслидан бўлган 11 имомни (Али р.а билан бирга 12) мана шундай муқаддас зотлар ўрнида кўрадилар. Бу имомлар қуйидагилардир:
1.Али ибн Аби Толиб (ра) 2. Ҳасан ибн Али (ра) 3. Ҳусайн ибн Али (ра) 4. Али ибн Ҳусайн (Имом Зайнулобидийн) 5. Муҳаммад ибн Али (имом Боқир) 6. Жаъфар ибн Муҳаммад (имом Содиқ) 7.Мусо ибн Жаъфар (имом Козим) 8. Али ибн Мусо (имом Ризо) 9. Муҳаммад ибн Мусо (имом Жавод) 10. Али ибн Муҳаммад (имом Ҳодий ёки имом Нақий) 11. Ҳасан ибн Али(Имом Ҳасан Аскарий) 12. Муҳаммад ибн Ҳасан (Имом Маҳдий)…
Бу имомлардан илк учтаси саҳобалардан бўлиш билан бирга Муҳаммад (сав) аҳли оилаларидан эдилар. Улар солиҳ инсонлар ва замонасининг Ислом дини учун фидойилари эдилар. Имом Али ва ўғиллари мусулмонлар орасида содир бўлган уруш жанжалларда шаҳид бўлгандилар. Жаъфарул Содиқ раҳимаҳуллоҳ Ислом олимларининг устозларидан, шу жумладан Ҳанафий фиқҳининг асосчиси сифатида танилган Имом Нўъмон ибн Собитнинг (Абу Ҳанифа ёки имом Аъзам) ҳам устозидир.
Руйхатдаги энг сўнгги имом Муҳаммад ибн Ҳасан (Имом Маҳдий) Шиаларнинг эътиқодига кўра 4 ёшида бир ғорда йўқолиб қолган ва ғойиб дунёсига кетган. Шиалар бу имомнинг (имом Маҳдийнинг) яна дунёга қайтиб келишига ва умматни қутаришига ишонадилар…Айтиш керакки, бу бир ҳикоядир. Бу ҳали Ислом динида мукаллаф ҳам бўлмаган тўрт яшар бир боланинг содда тил билан айтганда уйдирма ҳикоя асосида муқаддаслаштирилишидир. Қолаверса Исломий таълимотига кўра қутаришу фойда беришу зарар бериш мутлақ маънода Аллоҳ таолоа оиддир. Шунинг учун мусулмонлар намознинг ҳар раъкатида “Иййака наъбуду ва иййака настаъин”, яъни Аллоҳ таолога муножаат қилиб, “Факатгина Сенга ибодат қиламиз ва фақатгина Сендан ёрдам сўраймиз”, дейдилар…
Демак, Шиаларнинг ишончида бу 12 имомлар пок ва масъум инсонлардир, мусулмонларнинг уларга эргашишлари шартдир. Аслида эса Ислом динида имом дейилганда нафақат намозда имомлик қиладиган кишилар эмас, мусулмонларнинг илмий, ижтимоий раҳбарлари, амирлари ёки раислари тушунилади. Табиийки вақт ўтиши билан, яъни насллар ўзгариб туриши билан бундай раҳбарлар ҳам ўзгариб туради. Ҳар бир наслнинг (даврнинг) мусулмонлари бундай раҳбарларни ўз ичидан ўзлари ташкил қилган Шуроларда сайлайдилар, бу раҳбарлар Ислом қоидаларига амал қилиш шарти билан мусулмонлар уларга итоат қилишлари керак бўлади…
Шиаларда эса бу 12 имомга худди пайғамбарлар каби илоҳий куч тарафидан тайинлаган мақомлар эгалари, деб эътиқод қиладилар. Чунки уларга кўра Пайғамбарни Аллоҳ мақомига тайинлаган, имомни эса мақомига Пайғамбар тайинлаган. Бу нуқтаи назарга “Вилоят” қоидаси, яъни Пайғамбарнинг ўз Волийси сифатида бир имомни, бу имомларнинг эса ўзларидан кейин келадиган имомларни тайинлаши ҳам дейилади…
Демак, бугунги кунда Шиаларда алоҳида руҳоний синф мақомиин олган Оятуллоҳлар мана шу шаклда ўз мақомларига тайинланган имомлар ҳисобланадилар. Шунинг учун ҳам Шиаликнинг бошқа исми “Имомия”дир…
Ўзлари имом, деб билан кишиларни бу шаклда муқаддаслаштирган Шиалар уларга тириклигига мутлақ итоат қилгани каби, ўлгандан кейин ҳам уларнинг қарбларини муқаддас маконларга айлантириб, имом ҳаётда бўлсин, ўлган бўлсин уларни Аллоҳ таолога ибодату итоатда Аллоҳ ва ўзлари орасида воситачи (васила) қилиб оладилар. Шунинг учун ҳам Нажаф, Карбала ва бошқа шаҳарда Шиалар имом, дейдиган кишиларнинг қабрлари улар учун муқаддас маконлар ҳисобланади. Бу муқаддас қабрларни зиёрат қилиш Шиаларда энг муҳим амаллардан ҳисобланади..
Шиалар ўз вақтида мусулмонлар орасида низолар туфайли шаҳид қилинган имомлар, айниқса Имом Ҳусайн (ра) учун ҳар йили аза тутадилар. Бундай аза маросимлари Шиаликда бир ибодат шаклини ҳам олган дейиш мумкин. Бундай маросимларда Шиалар ўзларини занжирлайдилар, бу занжирлар билан вужудларини уриб, ўзларини азоблайдилар, ўзлари тўқиб олган аза қўшиқларини айтиб турли марсиялар айтадилар ва ҳк…
Шиаларга кўра, тўрт Хулофаи Рошидиндан Абу Бакр (ра), Умар (ра), Усмон (ра)лар халифалик ишида Али (ра)га хиёнат қилишган, яъни улар Муҳаммад (сав)нинг ҳақиқий ўринбосари (халифаси) бўлган Али (ра)нинг ўринини ноўрин эгаллашган. Шунинг учун ҳам Шиалар бу уч халифани жуда қаттиқ ёмон кўрадилар, Шиалардар баъзилари уларни мунофиқликда айблайдилар, улар бу халифларга лаънат ўқишни яхши амал, деб биладилар. Шунингдек, улар мўминларнинг оналаридан Оиша (ра)га ноўрин тухматлар қиладилар. Шуни айтиш керакки, агар бу туҳматлар агар Оиша (ра) онамизга тирик бўлганларидаги туҳмат моҳиятда бўлса, бу амални қилганлар диндан чиқадилар. Чунки бундай туҳматнинг асли йўқлиги Қуръони Каримда марҳамат қилинган…
Шиалар ичидан шундай тоифалар чиққанки, масалан баҳоийлар (ўз устозларини пайғамбар ҳатто Илоҳ дейдилар), алавийлар (булар асосан Туркия ва Сурияда кўп учрайди, булар Ислом динида намоз ибодатининг борлигини инкор қиладилар), Нусайрийлар, булар Башар Асад оид бўлган тоифадир, булар Ислом, Насронийлик ва маҳаллий урф одатлардан ўзларига янги дин ижод қилганлар) бу тоифаларнинг мусулмонлардан эмаслигида ҳеч шубҳа йўқдир…
Шиаларнинг яна баъзи Ислом дини билан алоқаси бўлмаган ёки динда бўлса ҳам шакли ўзгартирилган амалларига тақияни бўртириш (қасддан ёлғон гапиришни одат қилиб олиш), муте никоҳи (аёлларни пул эвазига вақтинчлик никоҳлаб олиш), намоз ўқиганда сажда жойига тош қўйиш, азонда “Ашҳаду анна Алийун валиуллоҳ”, дейиш, Эрон шиаларининг Наврўзни расмий байрам қилиши каби ишларни ҳам айтиш мумкин…
Шиалар мана шундай эътиқодий хатолари (имомликни эътиқоднинг асосларидан деб билиш), шаклига ва даражасига қараб ширк (имомларини муқаддас зотлар, деб уларнинг қабрларига сиғиниш) ёки хурофоту бидаът (имомларини ибодатда воситачи қилиш, ўтиб кетган имомларга азани анъана қилиб олиш, бу аза маросимларида ўзларини занжирлаб, вужудларини қон талаш қилишлари ва ҳк), тақия, муте никоҳи, сажда жойига тош қўйиш, азонда Али (ра)нинг исмини айтиш каби амаллари туфайли Шиа бўлмаган ва бундай амалларни қилмаган мусулмонларни (яъни Сунний мусулмонларни) ўзларининг энг асосий рақиби ва ҳатто душмани ўрнида кўрадилар.
Бу ерда Шиаликнинг маркази ҳисобланадиган Эроннинг бу диний адашувлар ёнида сиёсий манфаатларининг ҳам катта аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтиш керак. Эрон давлат тушунчасида Сафавийлик (ўн икки имомга эргашишнинг давлат мафкураси ҳолини олиши)қарашлари ёнида Форс миллатчилиги, Форсларнинг эски жоҳилия анъаналари (Наврўз каби) муҳим роль ўйнайди. Бутун бу факторлар Эрон ва бошка шиаларнинг ўз манфаатлари йўлида (Шиаликни ёйиш, Шиа давлатларининг сиёсий манфаати ва ҳк) қаттиқ туриб ҳаракат қилишларига сабаб бўлмоқда. Бу мақсадда Эрон, Ироқ, Ливандаги Шиаларнинг Ҳизбеллоҳ ҳаракати, Йемендаги Хусийлар ва Суриядаги Башар Асад қўшинлари ҳамкорлик қилмоқдалар. Бу ҳамкорликка Русия ва баъзи маълумотларга кўра Хитой ҳам қўшилгандир…
Бу ерда шундай савол туғилади? Нега Эронлик ва бошқа Шиалар Афғонистонда, Ироқда, Сурияда ва бошқа жойларда бошқа мусулмонлар билан бирга бу тупроқларни босиб олган ғарбликларга қарши курашмайди? Чунки Эрон ва бошқа Шиалар ғарб дунёсини ёки бошқа ғайримуслим ўлкаларни эмас, айнан Сунний дунёсини ўзларининг асосий душмани, деб биладилар…
Шу даражадики, Эрон ғарб кучларининг Афғонистондан чиқиб кетишига ҳам эътироз қилган, яъни уларнинг бир Ислом мамлакатидан чиқиб кетишини истамаганди. Бу қанақа мусулмонлигу бу қанақа Исломий давлат ўзи…
Шу ўринда Шиалар ўзларига асосий душманлар ўрнида кўрадиган Сунний мусулмонларнинг асосий сифатларига ҳам қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз. Шиалар ва Суннийлар орасидаги орадаги асосий фарқ эътиқодийдир, яъни суннийларда иймоннинг асоси ягона Роб ва Илоҳ бўлган Аллоҳ таолога эътиқод ва У Зотнинг охирги пайғамбари Муҳаммад (сав)га иймон келтиришдан иборатдир. Бунинг ёнида албатта Аллоҳнинг Фаришталарига, Китобларига, Пайғамбарларига, Охират куни ва яхшиликнинг ва ёмонликнинг Қадарга эканлигига иймон келтириш шартдир. Яъни, Суннийларда Шиалардада бўлгани каби “Имомия” (12 Имомга эргашиш) эътиқоди йўқ. Зотан, бундай эътиқод Ислом динининг ўзида йўқдир. Шу билан бирга Суннийликда умумий маънода юқорида айтилган Шиалар қиладиган ширку хурофат, уйдирма, бидъат, тақияни бўртириш (қасддан ёлғон гапиришни одат қилиб олиш), марҳум имомлар учун аза кунларида ўз жонларига жабр қилиш амаллари кузатилмайди. Фақат ўзини сунний деб биладиган баъзи сўфи тоифаларда ҳам ўз пирларининг қабрларини муқаддаслаштириш, уларни ибодатда восита (робита) қилиш каби баъзиларда ширк даражасида, баъзиларида эса хурофоту бидъат даражасида амаллар учрайди…
Мусулмон дунёсининг 90% Суннийлар, 10% яқинини эса Шиалар ташкил қиладилар. Ҳар икки тарафда ҳам ўз диний қарашларига амал қилмайдиган, динни ижтимоий ҳаётнинг бир парчаси деб билмайдаган (дунёвий, яъни секуляр) тоифалар бордир.
Шиаларга муносабат масаласига келадиган бўлсак, уларнинг барчасига мусулмон эмаслар, деган назар билан қаралмаслигини юқорида айтдик. Амалда эса Шиалар ботил эътиқод ва амалларга эргашган жоҳил, бидъат ва хурофат аҳли ўрнида кўрилади.
Шунинг учун ҳам имкон бўлганда шахсий ва умумий тарзда Шиалар Ҳақ йўлга даъват қилинади. Бу ишда ҳақиқий Ислом олимларига катта масъулиятлар тушади. Шиаларни даъват қилишнинг фойдаси йўқ, деган фикрларга эса қўшилиб бўлмайди. Чунки мусулмон мўмин кишилар Ҳақ йўлига фақат тўғри ва ҳикматли даъват учун масъулдирлар, ҳидоят эса Аллоҳдандир.
Бир томондан Шиалар кўпчиликни ташкил қиладиган Эрон, Ироқ, аҳолисининг кўпчлиги Суннийлар бўлишга қарамай Эрон ва Ироқ билан ҳамкорлик қилаётган Сурия бошқа томондан Сунний дунёни тамсил қиладиган давлатлар орасидаги сиёсий муаммоларга келадиган бўлсак, бу муаммолар жуда мураккаб ва чуқур илдизларга ва шаклларга эгадир. Ҳар икки тарафнинг ўзларининг ички сиёсати, муммолари ва манфаатлари бўлгани каби, ҳар икки тараф ҳам ташқи кучларнинг жиддий таъсири остидадир. Шунинг учун ҳам баъзи нуқталарда ошкора душманлик ва уруш ҳолига етган бу муносабатларни таҳлил қилиш у қадар ҳам осон иш эмас.
Муҳими инсонларнинг Шиаларнинг хато бир эътиқодий ва амалий йўлда эканликларини, уларни тамсил қиладиган давлатларнинг Ҳақ йўлида эмас ўз манфаатлари йўлида ҳаракат қилишаётганини билиб, шу асосда уларга муносабатда бўлишдадир.
Намоз НОРМЎМИН
04.01.2016
www.namoznormumin.blogspot.com
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Olloh rozi buldin… ma’lumotga ega buldim
Журналист Исмат Хушев ва у кишининг гуруҳи томонидан бошқарилаёттган ва «дунё ўзбеклари» деб номланган ушбу сайни озод трибуна деб ўйлагандим. Шунинг учун, Намоз НОРМЎМИН ака томонидан «Шиалар нима истайди?» унвони остида ёзилган мақолага ўзимнинг фикр-мулоҳазаларимни далил-исботларга асосланган ҳолда мақола шаклида ёзиб, уни ушбу сайт таҳририятига жўнатгандим, албатта, ушбу ёзган мақолам сайтда чоп этилади деган умидда эдим. Аммо янглишганга ўхшайман. Ҳар ҳолда, сизларнинг сайтингизда сўз эркинлиги бор, деб ўйлабман-да. Аммо буни амалда кўрмадим.
демак Язид тугри иш килган демокчисизда,700 йилдан кейин хам шу бетокатлик шиаларга
Намоз ака шиалар хакида етарли даражада тасаввур олиш мумкин булган макола езибсиз, Сизга катта ташаккур! Сизнинг нихоятда долзарб вазиятда — зарур пайтда муайян холатга багишлаб макола езишингизга тасаннолар айтсак арзийди.
Maqola shiyalar oqimi tuliq yoritilibdi.Shiyalar haqida ma’lumot olmoqchi bulganlar uchun.
Faqat janjal ekanda bu islom dini.