«Дунё ўзбеклари» тақдим этади: Ал-Шабабга Трамп баёноти қўл келди
Ал-Шабабга Трамп баёноти қўл келди
-
8 соатлар аввал
Сомалидаги ал-Шабаб жиҳодчи гуруҳи ўз пропаганда видеосида Доналд Трампнинг мусулмонларни АҚШга киритмаслик чақириғини ишлатиши ортидан, жаноб Трамп ўз сўзларини ҳимоя қилиб чиқди.
Республикачилар партияси номидан президентликка номзод бўлиш йўлида курашаётган Трамп «бошқалар кўтаришга қўрқаётган муаммо»ни ёритгани учун олқишлар остида қолаётганини билдирди.
Ал-Қоиданинг Сомалидаги қаноти ҳисобланмиш ал-Шабаб Трамнинг ўтган ойги тарғибот маросимида қилган баёнотини ўз видео клипига қўшди.
Си-Би-Эс Ньюснинг «Миллатга юзланиб» дастурида чиққан Трампдан унинг мазкур баёноти мусулмонларни жиҳодга қўшилишларига етаклаши мумкинлиги сўралганда, у бошқа сиёсатчилар ҳам унинг фикрига қўшилаётганларини айтди.
«Меникидан ўзгача қарашларга эга бўлган одамлар ҳам, биласизми, балки Трамп ҳақдир, буни ўрганайлик, дейишаяпти», — деди у.
Ал-Шабаб чиқарган видеода асли африкалик Америка фуқаролари Исломни қабул қилиш ва жиҳодга қўшилишга ундалади.
Унда айтилишича, АҚШда ирқчилик, полиция шафқатсизлиги ва мусулмонларга қарши кайфият авж олган.
Ўтган бир неча йил давомида Миннесота штатидан бўлган бир неча асли сомалилик америкаликлар ал-Шабаб сафига қўшилганлар.
Сомалининг Ғарб томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳукуматини ағдариш ва шарианинг қаттиққўл турини ўрнатишни мақсад қилувчи ал-Шабаб Кения ва Эфиопияда қонли ҳужумларни амалга оширган.
Ўтган ой жаноб Трамп АҚШ ҳукумати «нималар бўлаётганини англаб етмагунча АҚШга мусулмонлар киритилиши буткул тўхтатилиши»га чақирганди.
ББС
Қайси мамлакатда сайлов бўлмасин, вада беришлар, ёлғон ҳар доимо олдинги планга чиқади. Нима? Трамп факт далиларга эгами «Ислом Давлати» ни тузишда Обамини иштирок этгани ҳақида. Бўлар бари популистек тарғибот сайлов кампанияси. Бу президентлик сайловда республикачилар партияси ғалаба қилса керак. Америкаликлар ўзгаришлар бўлишини хохлашади.