Дунё ўзбекларини, “Дунё ўзбеклари” бош муҳаррири, дўстим
Исмат Хушевни, оиласини ва мени тоқат билан ўқиётган бир
ҳовуч шеърхонларимни янги йил билан табриклайман.
Ҳатто лашкар-лашкар душманларимни ҳам табриклайман. Узоқ яшанг! Қора кунларимни кўрдинглар, яхши кунларимни ҳам кўринг! Сиздан қарзимни узай, қиёмат қарз бўлиб қолмасин!
Янги йилда кўнглинг оқарсин, элим!
Косанг оқарсин!
Дунё — дунё ўзбеклариники бўлсин!
Юсуф Жума.
«Шеър дегани бундоқ бўлур» туркумидан
Бир этак ғўр фарзанд, бир нодон хотин,
Ҳаёт, боринг шуми, нақадар даҳшат! ! !
Беомон ғаниму дўсту ёр сотқин
Ҳаёт, боринг шуми, нақадар даҳшат! ! !
Тағин сони катта, ақли калта эл,
Бўлсам дер аждодим қулларига қул.
Ҳамма зоғ, не керак Юсуфдек булбул,
Ҳаёт, боринг шуми, нақадар даҳшат! ! !
У дунё ҳақида лоф кўп, рости не?!
Аёндир қоп-қора ернинг ости не?!
Фақат бахтсизликми замин усти, не?!
Ҳаёт, боринг шуми, нақадар даҳшат! ! !
Ҳамма бир бирини еб ётар нохуш,
Инсон ҳокдан эмас, зоти каламуш.
Ҳатто кўрсатмадинг бирон ширин туш,
Ҳаёт, боринг шуми, нақадар даҳшат! ! !
О кетиб бормоқда бир гўзал, малак
Тўхтат, ковушига бўлайин патак,
Ўлдим, ғойиб бўлди ушлатмай этак,
Ҳаёт, боринг шуми, нақадар даҳшат! ! !
Тинглагин: заминдан кўккача фарёд,
Тинглагин: бешикдан қабргача дод,
Барча дод деб қўяр сўнги йўлга от,
Ҳаёт, боринг шуми, нақадар даҳшат! ! !
12. 27. 2015
Отойининг олдида булбуллар жим бўлибди
Мир Алишер қошида форсийлар гум бўлибди.
Жайхун Махтумқулидай, Сайхун оқар Машрабдай
Турк тилим — дарё, ўзга тилларчи қум бўлибди.
Бизни камситганлар не, ё ёғий, ё сотқиндир
Рақибларнинг итига тиллари дум бўлибди.
Отойи Шайхзодадир, Шайхзодадир Мақсудбек
Шеъриятнинг мулкида мангу ҳоким бўлибди.
Шайхзодадан бошланиб Шайхзодада тугар шеър,
Кир диллар ўзларига ўзлари ем бўлибди.
Шоҳлари арзимас Мирзо Улуғбекнинг тукига,
Шайхзоданинг олдида Фирдавсий ким бўлибди.
Улар ўтди деманглар, Пирлар Юсуфда ҳаёт,
Ҳасадгўйлар оғзига қалами эм бўлибди.
12. 26. 2015
Яноқларинг олмалари ол
Пишган эди, тўкилди кимга?!
Дудоқларинг гулослари бол
Пишган эди, тўкилди кимга?!
Этдинг менга боғингни инъом,
Боролмадим қисмат қўйди дом.
Анорларинг, эй соҳибжамол,
Пишган эди, тўкилди кимга?!
Қароғларинг қаролилари,
Чарбоғларинг зардолилари,
Бир биридан ширин бетимсол
Пишган эди, тўкилди кимга?!
Кокилларинг қоп-қора анжир
Анжирлардан терилган занжир
Тушай девди ерга, гулниҳол,
Пишган эди, тўкилди кимга?!
Юракдан то суяккача қон —
Кўзларимда қоп-қора уммон,
Ҳижронингда Юсуф — хун, увол,
Пишган эди, тўкилди қумга?!
12. 12. 2015
Dunyo o’zbeklarini, “Dunyo o’zbeklari” bosh muxarriri do’stim Ismat Xushevni, oilasini va meni toqat bilan o’qiyotgan bir hovuch she’rxonlarimni yangi yil bilan tabriklayman.
Hatto lashkar-lashkar dushmanlarimni ham tabriklayman. Uzoq yashang! Qora kunlarimni ko’rdinglar, yaxshi kunlarimni ham ko’ring! Sizdan qarzimni uzay, qiyomat qarz bo’lib qolmasin! Agar o’lib ketsangiz go’rdan chiqarishga to’g’ri keladi.