"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Аъзам Ўктам раҳматли дунёнинг кетига шапатлаб ўтди…

Ўтганлар ёди | 29/12/2015 06:52-     29296 марта ўқилди

аъзам ўктам яхшисиAbdugafur Iskandar
 Аъзам Ўктам раҳматли дунёнинг кетига шапатлаб ўтди…
Бир куни ишхонасига бордим. “Шарқ” нашриётида ишларди. Келганимни айтиб тилпон қилувдим, пастга тушди.
Аъзам акани кўрганлар, суҳбатидан баҳраманд бўлганлар яхши билади: у инсонни кўрган дўстнинг тунд юзи ҳам, албатта, ёришиб кетарди. Жуда дилкаш, дилбар табиатлик эди раҳматли.
(Шунинг учун ҳамдир балки, ҳали-ҳануз суҳбатини соғинаман.)
Хуллас, пастда кўришдик. Куз эди. Ҳаво салқинроқ. Ёмғир шивалаб турибди. Эгнида узун қора чарм куртка. Бир пайт оёғига кўзим тушди: ёзда киядиган усти тешик туфли.

– Э, ака, бошқа туфли йўқми? – деб сўрадим.
Кулимсиради-да:

– Иккита туфлим боракан. Унисининг таги тешик, бунисининг усти… Ўйлаб-ўйлаб, бугунга усти тешиги маъқулроқ, шекилли, деб шунисини кийиб чиқдим, — деди. Ичимни бир нарса қириб ўтди. Билдирмадим. Аканинг парвойига хам келгани йўқ.
Шу билан у ёқ-бу ёқдан гаплашиб-кулишиб, кўнгилнинг кирини аритиб, айтгандай, у киши музқаймоқни яхши кўрармиди, дейман-да, салқин кунда кўчадаги кафеда соябон остида биттадан музқаймоқни еб, кейин мен ҳам, у киши ҳам ишимизга кетдик.
Аммо хаёлим аканинг туфлисида эди. Ёрдам қилай десам, у пайтлар ўзим ҳам амал-тақал кун ўтказаман. Ниҳоят, муаммонинг чораси топилгандай бўлди. Ношир Тўлқин ака Нурмуҳамедов билан чораклик тақвим китобини чиқарардик.
Китобча учун Аъзам ака раҳматли ҳам мақолалар ёзиб турарди; ўша кишининг олдига бориб, имконингиз бўлса, қалам ҳақини олдиндан берсак, аҳволи шунақа экан, деб айтдим. Тўлқин аканинг ҳам ажойиб тантиликлари бор (Оллоҳ шифо берсин, ҳозир бетоб ётибди), қанчалиги эсимда йўғ-у, ҳарҳолда, яхши пойабзалга етадиган пулни қўлимга тутқазди. Мен пулни кечқурун Аъзам аканинг уйига ташлаб ўтадиган бўлдим…

Ишдан қайта-қайта Аъзам акани яна йўқлаб тилпон қилдим. У кишим боришимга яна пастга энди. “Тўлқин ака бериб юборди, янги мақолалар учун қаламҳақи”, деб қўлига тутқаздим. Сўнг: «Эртагаёқ туфли оволинг, ака», деб қўшиб қўйдим.

– Э тавба, қаранг, тақсир, ҳалигина кеннойингиз: “Эртага табибга борадиган кунингиз, аммо пулингиз йўқ, қандай борасиз?” девди, мен: “Худойим шифо бераман деса, табиб ўз оёғи билан келади, табиби келмаса, пули келади”, деб жавоб қиб турувдим… Ана, айтганимдай бўлди…

“Туфли-чи, ака?” десам, “Ҳаҳ, совуқ тушишига бор, бу ёмғирлар ҳеч нарсамас, ҳали яна мақола-пақолалар ёзармиз-да”, деб ҳазил билан жавоб қайтарди.

“Аҳ, – дедим. – Бўпти, зўр қиб ёзинг, ганарарини ошиғи билан обераман”.

Эртаси куни Тўлқин акадан яна пул ундиришимга тўғри келди. Раҳматли ҳам яхши-яхши мақолалар ёзиб берди.
https://www.facebook.com/abdugafur.iskandar
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Ўхшаш мақолалар йўқ.

МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.