Исмат Хушев: У.Юсуповнинг шогирди, Ш.Рашидовнинг сафдоши, И.Каримовнинг дўсти
Усмон Юсуповнинг шогирди, Шароф Рашидовнинг сафдоши, Ислом Каримовнинг чин дўсти
Виктор Алексеевич Хайдуров Москвада вафот этиб, 6 ноябрь куни ўз васиятига кўра Ўзбекистон тупроғига қўйилди…
1.
“Дунё ўзбеклари”нинг 2014 йил, 5 ноябрь кунги сонидаги мақоладан:
“Ҳозиргина бизга етиб келган хабарга кўра, узоқ йиллар Ўзбекистонда йирик давлат арбоби бўлиб келган Хайдуров Виктор Алексеевич куни кеча Москвада вафот этган.
У Тошкентдаги ҳукумат уйини сотиб, ҳаётининг сўнгги йилларида жуда қашшоқ умр кечирди.
Яқинда инфаркт бўлгани боис, даволангани Москвага кетган эди. У ерда унинг ўғли яшарди. Лекин минг афсуски, Виктор Алексеевичга даволаниб, Ўзбекистонга эсон омон қайтиб келиш насиб этмади.
У кеча – ўзининг туғилган кунида — 83 ёшида – Москвада ҳаёт билан видолашди…
Саратовда туғилиб, Янгийўлда ўсиб улғайган Хайдуров ўзининг салкам ярим асрлик меҳнат фаолияти давомида Сирдарё ва Ўзбекистон учун жуда кўп савобли ва хайрли ишларни қилишга улгурди.
У Усмон Юсупов қўлида тарбия топган эди.
Москвадан учган самолёт яна бир неча соатлардан сўнг унинг жасадини Тошкентга олиб келади.
Бугун тушдан кейин унинг жанозаси бўлиши кутилмоқда.
Марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз…»
2.
Мақолада эълон қилганимиздек, 5 ноябрь куни Москвада қазо қилган Виктор Алексеевич Хайдуров 6 ноябрь куни тонг саҳар самолётда Тошкентга олиб келинди.
Бу ерда уни дўстлари ва сафдошлари – давлат ва жамоат арбоблари, бугунги фаровон истиқболи учун ярим аср умрини бағишлаган жиззахлик ва сирдарёликлар, юзлаб садоқатли шогирдлари кўзда ёшу, юзда мотам билан кутиб олишди.
Виктор Алексеевичнинг дафн маросимида Президент маҳкамаси раҳбари Зелемхон Ҳайдаров бошлиқ бир гуруҳ Ўзбекистон Олий раҳбарияти вакиллари ҳам иштирок этишди. У билан бирга ишлаган, уни яхши билган ва ундан жуда кўп яхшиликлар кўрган дўстлари ва шогирдлари уни хотирлаб, марҳум шаънига яхши ва илиқ сўзлар айтишди.
Россиянинг Саратов шаҳрида туғилиб, Янгийўлда камол топган, ўзининг сал кам ярим асрлик жўшқин меҳнат фаолиятини Ўзбекистон халқларининг истиқболи ва бахт саодати йўлида сарфлаган Виктор Алексеевич Хайдуров пойтахтимизнинг Домбрободдаги қабристонида – ўз ота онаси ётган қабри ёнида дафн этилди…
3.
Биз бу мақоламизга: “Усмон Юсуповнинг шогирди, Шароф Рашидовнинг сафдоши, Ислом Каримовнинг чин дўсти” деб бежиз сарлавҳа қўймадик.
1955 йил Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини муваффақиятли тугатган ёш агроном Мирзачўлдаги энг тўнғич хўжаликлардан бири – Булганин номли (Ҳозирги Усмон Юсупов) йирик пахтачилик хўжалигига бўлим агрономи бўлиб ишга келади. Бўлим агрономлигидан, бўлим бошлиғи, сўнг совхознинг бош агрономи бўлади.
1964 йил Хрушчев ҳокимиятдан ағдарилгандан кейин ўша пайтда Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлган Шароф Рашидов Мирзачўлга – Усмон Юсупов ҳузурига келади.
Тор доирадаги ишончли манбаларнинг хотирлашича, икки арбоб ўртасида шундай мулоқот бўлган: Шароф Рашидов Усмон отага Ўзбекистон оқсоқоли – Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раислиги вазифасини таклиф этади. Бироқ соғлиги туфайли Усмон Юсупов бу таклифни қабул қилолмаслигини айтиб: “Шарофжон, бу вазифаларда жудаям ажойиб кадрлар ишлаб турибди. (Ўша пайтда Олий Совет Президиуми раиси Ёдгор Насриддинова эди – таъкид бизники – И. Хушев) Қолаверса, мен бу поғоналарнинг ҳаммасини, худога шукур, босиб ўтдим. Агар менинг кўнглимга қарасанглар, менга энди Ўзбекистон равнақи учун улкан бир боғ яратиш имконини берсаларинг, хурсанд бўлардим. Республиканинг қайси бурчидан лозим бўлса, чўлданми, саҳроданми — ўн минг гектар ташландиқ ер ажратиб беринглар, токи мен куч қувватим бор экан, шогирдларим билан бирга бир боғ яратиб қолдирайки, у доимо бизнинг кекса авлодни эслатиб турсин…” – дейди.
Шароф Рашидов бу таклифни мамнуният билан қабул қилади ва тез кунда республика ҳарбийларидан вертолет олиб бериб, шундай дейди: “Усмон ака, марҳамат, мана Сизга вертолет, бутун Ўзбекистон бўйлаб учиб, кузатинг, Сизга қаер маъқул бўлса, ўша жойни ихтиёрингизга берамиз. Сиз шундай иззат ҳурматга сазовор инсонсиз дейди.
Вертолетда учаётган Усмон Юсупов Тошкент яқинидаги ташландиқ яйловга қўнишни таклиф қилади. У Ўзбекистон ва Қозоғистон оралиғидаги бўм бўш бўлиб ястаниб ётган бийдай дала тимсолида бўлажак шовуллаган боғлар келажагини кўргандай бўлади. Бугунги Халқобод – Усмон Юсупов хўжалигининг барпо бўлиши мана шу тариқа амалга ошган эди.
Мирзачўлдаги Булганини совхози билан хайрлашаётган Усмон Юсуповга Шароф Рашидов: “Ўрнингизга кимни совхоз раҳбари этиб қолдирсангиз, биз шунга розимиз” – дейди.
Усмон Юсупов ҳеч иккиланмай ўз ўрнига совхоз бош агрономи бўлиб ишлаб турган Виктор Алексеевич Хайдуровни тавсия қилади. Виктор Хайдуровнинг катта истиқбол йўли мана шундай бошланган эди…
4.
Усмон Юсуповнинг назарига тушган Виктор Алексеевич Хайдуров 1970 йилларнинг бошида Нормуҳаммад Жўраевич Худойбердиевдан кейин Сирдарё обкомининг (1971) биринчи секретари этиб сайланади.
Бунга қадар у Сирдарё области ташкил топган 1963 йилда обкомнинг қишлоқ хўжалиги бўлими мудири, сўнг қишлоқ хўжалиги бўйича обком секретари, облисполком раисининг биринчи ўринбосари ва нияҳот Сирдарё облисполкоми раиси бўлиб ишлаган эди.
Бу пайтда Сирдарё ва Жиззах областлари ягона бир вилоятга бириккан ва Сирдарё республиканинг улкан регионларидан бири эди. Сирдарё йилига 600 минг тонна пахта бериб, умумий ҳосилнинг 95 фоизи машиналарда териб олинарди.
Ва ниҳоят 1980 йилларнинг бошида В.А.Хайдуров республика масштабига кўтарилиб, Ўзбекистон ССР Халқ Контроли қўмитаси раиси этиб тайинланади. Айни пайтда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети Бюро аъзолигига номзод ҳам бўлади. Бу вазифа – катта масъулият бўлиб, республика раҳбариятидаги биринчи ўнликка кирарди.
Хуллас, Виктор Алексеевич Хайдуров қаерда ва қайси вазифада ишламасин, ўзининг меҳнатсеварлиги, адолатпарварлиги ва ўзбекпарварлиги каби ажойиб ва инсоний фазилатлари боис ўз сафдошлари ва замондошларининг ҳурмат иззатига сазовор бўлди.
У ўзини – Усмон Юсуповнинг шогирди, Шароф Рашидовнинг сафдоши, Ислом Каримовнинг замондоши деб биларди. Бутун умри мобайнида қанчадан қанча юқори мартабали вазифаларда ишламасин, у ўз устозларининг номига заррача гард юқтирмади…
Ростдан ҳам шу уч буюк арбоб билан елкама елка ишлаган ва ўз тақдирини шу уч буюк раҳбар билан чамбарчас боғлаган яна ким қолди бугун Ўзбекистонда? Балки бордир шундай кишилар, лекин биз уларни ҳозирча кўрмаяпмиз, хотирамизга келмаяпти. Агар кимда ким бу рўйхатни тўлдирсалар, биз мумнун бўлардик. Тарихимиз шубҳасиз бойиган бўларди…
Назаримда, шундай буюк толе насиб этган ягона бир инсон қолди энди пешонамизда. Қолганлари бирин кетин бизни ва бу номард ва бевафо дунёни тарк этдилар…
5.
Аввал – шу уч буюк арбоб билан бирга ишлаш бахти насиб этган Ёдгор Насриддинова Москвада вафот этганида, Россия матбуотидан фарқли ўлароқ – Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бу ҳақда лом мим ҳам демади.
Кейин Ўзбекистоннинг собиқ биринчи раҳбари Нуриддин Акромович Муҳиддинов, собиқ ҳукумат раислари Ориф Олимов, Раҳмонқул Қурбонов, Нормуҳаммад Худойбердиев бирин кетин бандаликни бажо келтиришди. Уларнинг вафот этгани ҳақида ўзбек матбуоти уч сатр таъзияни ҳам раво кўрмади.
Бу – тарихий уч буюк арбоб билан ишлаш бахтига муяссар бўлганларнинг руҳи-покларига нисбатан бориб турган адолатсизлик ва ҳурматсизлик эди. Давлат ва жамоат арбобларининг вафоти боис шу ва шунга ўхшаш ноҳақликларни эътиборга олиб, биз ҳатто минг бир алам ва армон билан куйиб ёниб: “Ўзбекистонда таъзиянинг нархи қанча туради?” деб мақола ҳам ёзган эдик.
Ана шундай бир пайтда Виктор Алексеевич Хайдуровнинг вафоти Ўзбекистон Олий раҳбарияти томонидан эътибор берилиб, уни сўнгги йўлга иззат икром билан кузатилишини олқишлаш керак. Ўзбекистон президентининг бу эътиборини биз Виктор Хайдуровнинг мотам маросимида унинг энг яқин сафдоши Зелемхон Ҳайдаров бошдан оёқ иштирок этганида кўриб билиб турдик…
Кутилмаганда Виктор Хайдуров сиймосига нисбатан муносабат кескин ўзгарганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Уч йил муқаддам вафот этган собиқ СовМин раиси Нормуҳаммад Худойбердиевни инобатга олмаганда, бундай илиқ муносабат бошқа ҳеч бир арбобга насиб этмаган эди.
Ана шундай бир пайтда Виктор Хайдуровга нисбатан ўзбек ҳукумати қилган самимий муносабатни чин юракдан олқишлаган ҳолда, беихтиёр: “Ҳурмат ва одамийлик қиёфаларини сақлаб қолиш мумкин экан- ку. Бу ҳукуматда ҳам инсоний хислатларини тарк этмаган одамлар бор экан-ку!” – деб ўйлаб қоласан, киши…
Биз муқаддам бу мавзуда куюнчаклик билан, бироқ, самимий ёзган мақолаларимизни озми кўпми самарасини кўргандай бўляпмиз. Назаримда, музлар эриб, ҳаётбахш меҳр ва саховат булоқларининг кўзлари очилгандай…
6.
Энди пешонамизда шу уч буюк арбоб билан ишлашган ягона шахс қолди. Бу – навқирон 36 ёшида Ленин мукофоти лауреати бўлган Тўхтамиш Боймировдир.
У 1956 йилда, Тошкент темир йўллар транспорти институтини битириб, Мирзачўлни ўзлаштириш Бош бошқармаси – “Голодностепстрой”га ишга юборилади. “Голодностепстрой” раҳбарияти эса ёш мутахассис Боймировни Булганин совхозига йўл қурувчиси қилиб тайинлайди.
Ёш ва ғайратли, энг муҳими ҳалол ва садоқатли Тўхтамиш Боймиров ўзининг илк фаолиятини Сирдарёнинг олис Боёвутига сургун қилинган Усмон Юсупов қўлида йўл қурилиш мастерлигидан бошлаган эди.
Тўхтамиш Боймиров ўта оғир аҳволдаги совхозни юксалтиришда Усмон отага шогирд бўлиш билан бирга унинг оқ фотиҳасини ҳам олади. Худди мана шу совхоздан у Усмон Юсуповнинг тавсияси ва оқ фотиҳаси билан Шароф Рашидовнинг назарига тушади..
Майли, бу ёғи энди алоҳида мавзу бўлади.
Виктор Хайдуровга қайтайлик…
7.
Виктор Алексеевич Хайдуровнинг жанозасида Зелемхон Ҳайдаровнинг бошдан оёқ иштирок этгани табиий. Шу маънодаки, Зелемхон акада Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги камдан кам мулозимларда учрайдиган – ўзини катта сиёсат ва ҳаёт йўлига олиб чиққан устозларга нисбатан ноёб бир садоқат ва муҳиблик ҳисси бор.
Маълумки, Зелемхон Ҳайдаров 1977 йил Шароф Рашидов тасдиғидан ўтиб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига ишга кирган эди. У бир неча йиллар Рашидовнинг назарида турди. Марказий Комитетни бевосита назорат қиладиган партия аппаратини инспекция қилиб текширадиган парткомиссияда раис Ўлжа Отақуловнинг ўнг қўли бўлди.
Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Рашидов боши узра қора булутлар тўпланганида уни сотмаган камдан кам кишилардан бири – Зелемхон Ҳайдаров бўлди.
Бугун ҳам З.Ҳайдаровга чорак асрдан бўён катта ишонч билдириб келаётган Президент Ислом Каримов Зелемхон аканинг мана шу буюк инсоний ва мардлик, меҳр ва оқибатлилик хислатларини ҳам назарда тутган бўлса ажаб эмас. Чунки бир маротаба соқинлик қилган одам – ёмон хотиндай яна сотаверади.
Зелемхон Ҳайдаров табиатида мардлик ва жасорат, инсоф ва диёнат мужассам эканлигига баъзан қойил қоласан киши. Зелемхон акага ўхшаш меҳр оқибатли инсонлар ҳақида ўйлаганда, буюк Суқротнинг “Одамдан – унинг одамгарчилиги азизроқ туради” деган ҳикматли сўзи беихтиёр ёдимизга тушади…
Кўп йиллик кузатишларимдан шуни айниқ айта оламанки, Ислом акада – камдан кам одамларга насиб этадиган ноёб бир хислат ва синчковлик бор: У киши одамни бир кўришда билади. Кўп ҳолларда адашмайди.
Таъбир жоиз бўлса, у кишида Хизр бобонинг назари бор. Лекин одамзод барибир мураккаб экан. Шундай буюк одамга ҳам панд берган шайтонлар ҳам талайгина. Менинг назаримда Ислом ака Зелемхон Ҳайдаров сиймосида адашмади. Биз бунга кўп марта шоҳид бўлганмиз…
8.
Қолаверса, бошқалар ҳам буни яхши билишади.
Биз бугун олис Канададан туриб, Ўзбекистон Президенти аппарати бошлиғи ва аслида Ўзбекистоннинг аллақачон иккинчи одами деб тан олинган Зелемхон Ҳайдаровнинг Виктор Хайдуров маъракасида бошидан охиригача турганлигини чуқур мамнуният билан эътироф этишни истардик.
Бу масаланинг яна бир нозик томони бор: Хайдуров бутун умрининг ярим асрлик онгли ҳаётини Мирзачўлга бағишлаган инсон эди. Зелемхон Ҳайдаров эса Мирзачўлнинг қоқ маркази – собиқ Мирзачўл ва бугунги Гулистонда туғилиб ўсган. У юридик институтни битириб, она юрти Мирзачўлга қайтганда – Хайдуров Сирдарёнинг отаси – обкомининг биринчи котиби эди.
Тез орада Зелемхон Ҳайдаров обкомнинг етакчи бўлимларининг бири – “орготдел”да иш бошлади. Унинг кейинги истиқбол йўли ҳам бевосита Хайдуровнинг хизматидан мустасно эмас.
Хайдуров билан бирга ишлаган облсиполком раиси Иброҳим Ўролович Қўчқоровлар тенгдош ва қа қадрдон дўст эдилар.
Шу икки устоз Зелемхон Ҳайдаровнинг қўлидан тутиб, бўлажак ўзбек давлати арбобига доялик қилдилар десак арзийди.
Зелемхон аканинг буюк одамийлиги ҳам шундаки, у ҳар икки устозини ҳам унутмади. Биз бу ҳақда олдин ҳам (Зелемхон Ҳайдаровнинг сиёсий портретига шарҳ берганда ҳам) алоҳида айтганмиз ва яна айтамизки, Зелемхон Ҳайдаров ҳар икки оиладан ҳам имкон даражада қадамини узмайди.
Бугунги ўзбек арбобларидан уни ажратиб турадиган улуғлиги ҳам унинг ана шу меҳр оқибатлигидадир.
Бироқ шу ўринда ўзбек олий раҳбарияти табиатини оз моз биладиган одам сифатида шуни айтишим мумкинки, бугун Ўзбекистонда собиқ арбоблар ва тарихий шахсларга бўлаётган муносабатда фақат Президентни айблаш адолатдан эмас.
Бу кишининг “роли” ни мустасно этмаган ҳолда, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар бир давлат маслаҳатчиси ўз соҳасида йўл қўйилган ҳар бир бўшлиқ ва ўпирилиш учун шахсан ўзи жавоб бериши керак.
Афсуски, айрим ҳолларда бу ўпирилишларни уларнинг ўзлари сунъий равишда яратаётганлиги ҳам сирли бир ҳолдир…
Узоққа бормайлик, масалан, сиёсат майдонидан номи ўчирилган талай сиёсий арбоблар билан бир қаторда “Халқлар дўстлиги” каби муқаддас номни улкан санъат кошонасидан, пойтахнинг марказий шоҳ кўчасидан ва метро бекатидан бир кунда олиб ташланиши кимга керак эди?
Бундан мақсад нима?
9.
Виктор Алексеевич Хайдуров нафақат Зелемхон Ҳайдаровни, балки Сирдарёдаги кўплаб талантли кадрларни кашф этган эди.
У Зелемхон акани дастлаб ишга олган обкомнинг Бюро мажлисида ҳазил қилиб: “Зелемхон билан биз фамилиядошмиз, фақат биз Хайдуров, у киши Ҳайдаров. Зелемхон менинг укам бўлади!” – деган экан…
Виктор Алексеевич бу гапларни узоқни кўра билиб, нақадар пайғамбарона айтган экан – Зелемхон Ҳайдаров ростдан ҳам бир умр унинг укаси бўлиб қолди.
Шу билан бир қаторда маҳаллий миллат вакилларини юқори вазифаларга кўтаришда Хайдуровга тенг келадиган раҳбар – Ўзбекистондаги рус мулозимлари орасида бошқа бўлмаган. У кишининг бағри кенглиги ва қўллови боис давлат ва ҳукумат идораларида сирдарёлик вакиллар оз мунча эмас.
Азиз Тўраев – Хайдуров даврида аввал гулистон горкомининг биринчи котиби бўлди. Сўнгра ЦКда маданият бўлими мудири этиб тайинланди. Оддий ўзбек қизи Солия Давлатова – обком котиби, Светлана Ғуломова – облиспоком раиси ўринбосари даражасига кўтарилишди.
Ака ука Маҳмуд ва Иброҳим Ибодуллаевлар, Ғулом Хасанов, Абдулла Турдиқуловлар ҳам айнан Виктор Хайдуровнинг бевосита раҳнамолиги ва устозлигида вилоят ва район раҳбарликларига келишди.
Маҳмуд Абдурайимов аввал обком комсомолнинг биринчи котиби, кейин ЦКда орг отделда ишлади. Сўнг Жиззах шаҳрида горкомнинг биринчи котиби бўлди.
Рашид Берикбоев аввал Москвага олий академияга ўқишга юборилди. Кейинчалик уни муваффақиятли битириб қайтгач, Сирдарё обкомининг бўлим мудири, сўнг Ўзбекистон ССР Олий партия мактабига проректор бўлди. У бугун ҳам Ўзбекистон Олий Мажлиси аппарати масъулларидан бири.
Бугун буларнинг барчаси Виктор Хайдуровни ўзларини – катта сиёсат майдонига олиб кирган устоз деб билишарди.
Қолаверса, ўз пайтида Боявутдан чиққан шоира Ҳалима Худойберидеванинг илк шеърларини ўзидан аввалги биринчи котиб Носир Маҳмудов билан бирга олқишлаганлардан бири ҳам Виктор Хайдуров эди…
10.
2014 йилнинг эрта баҳорида Виктор Хайдуровнинг оиласи вафот этган эди. Шундан сўнг у ўзини ёмон ҳис қила бошлайди. Бу орада бир марта инфаркт ҳам бўлади.
Ва оқибат Москвага даволаниш учун кетади. Ўғли Алексейнинг Москва остонасидаги уйида уч ой яшаганидан сўнг, иккинчи бор инфаркт бўлади.
Ва ниҳоят 2014 йилнинг 5 ноябрь – туғилган кунида, 83 ёшида қазо қилади…
11.
Шуниси эътиборлики, сўнгги йилларда рус миллатига мансуб бўлган кўпгина собиқ давлат ва жамоат арбоблари, раҳбарлар бандаликни бажо келтириш учун Россияни танлаётган бир пайтда Виктор Алексеевич Хайдуров Москвада вафот эта туриб, ўғлига Ўзбекистонга олиб кетишини васият қилади: “Қадрдоним Алеша, ўлим шарпаси остонамда турганга ўхшайди. Агар Москвада куним битса, мени албатта Ўзбекистон тупроғига қўйишингни илтимос қиламан. Мен ўзбеклардан кўп яхшилик кўрдим. Улар мени хор зор қилиб қўйишмаса керак…”
Мана шу васиятда ҳам Хайдуровнинг Ўзбекистонга – ўзбекларга бўлган нақадар кучли ва буюк муҳаббати ва садоқатини кўришимиз ва ҳис қилиш мумкин.
Ва шу боис Хайдуров билан бўлган видолашув митинггида ҳам, Дўмбироддаги у дафн этилган қабристонда ҳам, тобут устида ҳам – уни билган ва таниган дўстлари, сафдошлари ва шогирдлари – бир сўз билан айтганда ўзбек қардошларининг кўз ёши тинмади…
12.
Хуллас, ўзбек халқи ўзининг яна бир буюк арбобидан жудо бўлди.
Маросимнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, унда – Зелемхон Ҳайдаров тимсолида – Ўзбекистон президенти девони эътибори намоён бўлди.
Унга, яна бир бор таъкидлаб ўтишни истардим, Девон мудири Президент аппарати раҳбари – Ўзбекистон Президентининг содиқ сафдошларидан бири Зелемхон Ҳайдаров бошдан оёқ тик туриб хизмат қилди.
Бу чуқур инсоний иззат ҳурмат Ўзбекистон ветеранлари ва меҳнат фахрийлари томонидан юксак мамнуният ва ифтихор билан қабул қилинганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим…