Телевидениемизда жараён деган кичик лавҳа берилиб, унда дунё бўйича рейтинглар эълон қилиб бориляпти. Ўзбекистоннниг рейтингларини кўриб, эшитиб кўнглинг фахр ва ифтихорга тўлади.
Фаҳм-фаросат бобида ўткир биродарларимиз бекорга бизларни «Ўзбаки зўраки» дейишмайди.
Ҳа, ҳамма нарсада бизга энг яхшиси керак. Мана шу истак, ўзбекни юксакликка етаклайди.
Шунинг учун бир вақтлар Имом Бухорий, Ат Термизийлар ҳадис илмини, Мотрудий мазҳаб илмини, Марғиноний исломий ҳуқуқ илмини, Фаробий давлат бошқаруви илмини, Каффол Шоший қулф ясашдан ташқари таржимонлик илмини, Ал Хоразмий математикани, Ал Беруний география ва астрономияни, Ибн Сино медицинани, Замахшарий грамматикани, Фарғоний механикани, Кошгарий, Навоий туркий тилни, Бобур географиянинг дунёдаги энг зўри бўлишга интилган, шукрким уларнинг кўпчилиги ҳозиргаячаям «энг зўри» -дея тан олинади.
Меъморчиликдаям боболар зўр бўлишган. Академик, раҳматлик устоз, архитектура фанлари доктори Пўлат Зоҳидов Миср эҳромлари ва юртимиздаги биноларнинг пойдевори бир хиллигини исботлаган.
Бу нимадан дарак? Эҳромларниям бизнинг боболар қурганидан!
Оқсарой, Бибихоним, Тожмаҳални ким қурган?
Кейинчалик қозоқ хонларининг асосий қароргоҳи бўлган Аҳмад Яссавий ансамблини ким қурган? Жавоб аён-а?
Рустам Қосимжонов жаҳон чемпиони бўлди. Равшан Эрматов адолатли ҳакам сифатида Осиёнинг энг зўри (аслида дунёдаям) сифатида тан олинди.
Фахр-ифтихор яхши туйғу. Миллий-ғурур ва ифтихор тараққиётга етакловчи омиллардан бири. Асосий омил эмас, улардан бири. Чунки, «ҳар қандай дорининг кўпиям заҳар» дейишади японлар, мақолларидан бирида. Бу Расули Акрамдан келтирилган ҳадисга ҳамоҳанг.
Фахр-ифтихорланиш орқали баъзи кўрсаткичларимизни дунё билан бўйлаб олгач, улар ҳақида биз эмас улар гапирсалар ҳам бизга етади.
Масалан, миллий фахр ва ифтихорга шимирилган молиячи ва банкирларимиз миллий валютамизни энг қадрли қоғозлардан бирига айлантириш ҳақида қайғуриб, кеча-ю кундуз ўқиб, ўрганиб йўлини топсинлар. Кейин жараён лавҳасида Бир ўзбек сўми 500 АҚШ доллари, бир ўзбек сўми 450 евро, бир ўзбек сўми 400 Англия фунт стерлинги десинларчи нима бўларкин? Дунё лол қолади-ю. Қўлимиздан келмайдими?
Келишига умид, ишонч бор. Қаердан? Боболаримиз қайси ишга аралашган бўлсалар ўшанинг энг зўрини қилганлар-ку, бизчи?
Майли молиячи ва банкирларни ўз ҳолига қўятурамиз.
Мен ҳуқуқшуносман. Иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқшунослик фаолиятимга, шукрким чорак асрдан ўтди.
Тарихий-тилшуносликда таққослаш назарияси фанини Ўзбекистонга олиб келтириш бўйича олиб бораётган илмий изланишларимни бир муддат тўхтатиб, ҳуқуқшунослик соҳасида Марғиноний бобом қилган ишни такрорлайманми? деган фикр туғилиб, қўлимни клавиатурага босяпман.
Албатта, Марғиной бобонинг даражасига етишга менга йўл бўлсин! У кишининг қилган иши мен учун маёқ, холос.
Бундан ташқари, нокамтарлик бўлсаям, айтиб қўяй Ўзбекистоннинг учта Қонуни ташаббускорлари сифатида рўйхатда бормиз. Битта ташаббусимни Россияликлар ҳам қабул қилган-у… майли, гапдан чалғимайлик.
Ҳа, мен ўзбек ҳуқуқшуноси сифатида эртага жаҳоннинг мана бу рейтингида биринчилар қаторида эътироф этилишини хоҳлайман:
Экранда енгил мусиқа садолари ва «ЖАРАЁН» деган ёзув пайдо бўлади. Кадр ортидан бошловчи гапиради:
Одил судловни қўллашда айбсизлик презумпциясини қўллаш бўйича жаҳон рейтинги. Рейтингда қатнашган 151 мамлакат ичида Ўзбекистон саккизинчи ўрин!
Айтишингиз мумкин, «нега биринчи эмас» деб.
О-зимни гапга очмасимдан туриб такрорлайсиз:
– Сендан нима кетди, бу фақат хаёл-ку, дейсиз.
– Тўғри, хаёл. Аммо, биласизми, фақат мени тўғри тушунинг «одам гапираётган гапини хаёлгаям сиғдириш қийин экан»…
Саккизинчи эмас йигирманчи бўлсаям, ўттизинчи, қирқинчи бўлсаям собиқ СССР давлатлари ичида биринчилар қаторида бўламиз.
Аммо, лекин ва бироқ менга СССР ичида биринчилик кам! Ҳа, тўғри бу ўжарлик.
Лекин нима қилай? боболарим қонидан менгаям ўтган-да
Шунинг учун мен дунёдаги адолатли суд тизимларидан бири бўлишини истайман.
Нега энди айбсизлик презумпциясини қўллаш рейтингини танладингиз деган савол туғилиши табиий.
Сизга бу масаланинг аҳамиятли томонини айтсам. Гап шундаки айбсизлик презумпцияси жиноят судининг артериал қон томири десаям бўлади.
Агар айбсизлик презумпцияси тан олинмаса ва унга риоя қилинмаса 1937 йилги репрессив суд жараёнлари 1948-49 йиллардаги врачлар иши, 1983-84 йиллардаги пахта иши каби бир ёқлама суд жараёнларига йўл очиб берилади.
Энди айбсизлик презумпцияси нима дегани ҳақида. Интернетдан ушбу масалага боғлиқ ҳуқуқшуносларимизда қандай фикрлар бор экан десам, Ф.Мажидов деган бир ўзбек талабасининг курс ишига дуч келиб қолдим.
Мана сизга бўлажак ўзбек ҳуқуқшунослари!
Марғинонийга муносиб авлод девордим (нега курс иши россияликлар сайтига жойлаштирилганидан ҳайрон қолмадим) ўзимга ўзим ва унинг илмий изланишидан бир каттагина, аммо жуда долзарб парча келтирсам:
Тошкент давлат юридик институти
“Жиноят-процессуал ҳуқуқи” кафедраси
КУРС ИШИ
Мавзу: Айбсизлик презумпцияси
Бажарди:3-ҳуқуқ “3-курс “Б” поток 1-гуруҳ талабаси Мажидов Ф.
Тошкент 2011
Айбсизлик презумпцияси – жиноят процессининг муҳим демократик тамойилларидан бири ҳисобланади. Шу ўринда даставвал, презумпция тушунчасига тўхталиб ўтсак. Қомусий луғатларда “презумпция (лат. praesumptio) – акси исботланмагунга қадар ишончли деб тан олинадиган тахмин”1, “ёлғонлиги исботланмагунга қадар ҳақиқат деб ҳисобланувчи тусмол”, деб таърифланади.
Юридик адабиётларда презумпция одатда қонунчилик техникаси усули ёхуд мантиқий хулоса сифатида кўрилади. Презумпцияни бундай тушуниш жуда кенг бўлиб, уни бошқа ҳуқуқий тузилмалар билан аралашиб кетишига сабаб бўлади. К.Б.Калиновский ва А.В.Смирновлар таъкидлаганидек, “ҳар қандай презумпция – ҳуқуқий норма бўлиб, бир юридик фактнинг бўлиши туфайли бошқа юридик факт ҳам унинг акси исботланмагунга қадар тан олинади”.
Юридик адабиётлар таҳлили презумпциялар қатор ўзига хос хусусиятлари билан таърифланишидан далолат бермоқда, хусусан:
1. Презумпция – шартли равишда юридик факт деб тан олинувчи қоидалардир. Айрим муаллифлар презумпциясини тахмин, фараз деб эътироф этадилар, бу бир жиҳатдан тўғри, зеро “тахмин” – “у ёки бу ҳодисанинг эҳтимоллигини англатади”. Бироқ, презумпцияларнинг қатор мажмуи учун ҳодисаларнинг эҳтимоллиги эмас, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги алоҳида эҳтиёж хосдир.
2. Ҳар қандай презумпция ҳуқуқий нормалар мазмунини ифодалайди ҳамда бу усул аниқ ҳуқуқий муносабатларни юзага келтирувчи юридик факт сифатида баҳоланади6. Презумпцияларни ҳуқуқий ва фактикка бўлиш кенг тарқалган. Бунда одатда қоида тариқасида юридик презумпция – ҳуқуқ нормаларида мустаҳкамланган; фактик эса, ҳуқуқ нормаларида мустаҳкамланмаган презумпциялар фарқланади.
3. Презумпциялар юридик норма асосларига тенглаштирилмайди.
4. Презумпцияларни эгри далиллардан келиб чиқувчи хулосалардан фарқлаш лозим. Улар ўртасидаги асосий фарқ шундаки, эгри далиллар ёрдамида исботланганда, далиллар мажмуи талаб қилинади. Презумпцияда эса, бир далилнинг ўзи етарли бўлиши мумкин.
5. Презумпциянинг белгиланиши исботлашда у ёки бу тарафга юридик факт мавжудлигини инкор этиш имконини беради.
6. Презумпциялар исботлаш мажбуриятини тақсимлаш вазифасини ҳам бажаради.
Демак, айбсизлик презумпцияси умумий маънода шахс айби исботлангунга қадар унинг айбсиз ҳисобланишини англатади.
Айбсизлик презумпциясини жиноят процессининг принципларидан бири сифатида тасаввур этиш узоқ тарихий илдизларга эга. Яъни, айбсизлик презумпцияси бир неча асрлар олдин дунёга келган, демократик ислоҳотлар давридаёқ муҳим аҳамият касб эта бошлаган ҳуқуқий қоидадир. Бу принципнинг илдизлари қадимги ахлоқ нормаларига бориб тақалиб, моҳият эътибори билан инсоннинг ёмонлиги аниқланмагунга қадар яхши одам ҳисобланишини англатади. Айбсизлик презумпцияси ўша даврда ҳукмронлик қилган ва мазмуни жиноят содир этганликда бирор шахс гумон қилиш билан унинг айбдорлигини қайта исботламай туриб айбдор ҳисобланиши бўлган ғояларга қарши қаратилган эди. Хусусан, Францияда 1789 йилда қабул қилинган Инсон ва фуқаролар ҳуқуқлари Декларациясида ушбу тушунча ўзининг аниқ ва ёрқин ифодасини топган: “Ҳар бир инсон айбдор деб эълон қилингунга қадар (суд томонидан) айбсиз деб тахмин қилинар экан, зарурият туғилганда уни қўлга олишда қўлланилган ортиқча қаттиқ чора қонун билан қатъий жазоланиши лозим” (9-модда).
Бу ҳақда юридик адабиётларда таъкидланганидек, “Praesumptio juris тамойили судланувчи манфаатларига хизмат қилиб, айби исботлангунга қадар унинг айбсизлигини назарда тутади”; “замонавий жиноят процесси айбсизлик презумпцияси мазмунидан клеиб чиқади”.
Ушбу тамойил узоқ вақт ҳуқуқшунос олимлар ўртасида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келди. Чунончи, ўз вақтида ушбу тамойилга қарши ғоя тарафдорлари ҳам уни жиноят процесси тамойиллари тизимидан чиқаришни таклиф қилганлар. Хусусан, К.А.Мокичев “мазкур қоиданинг (яъни, айбсизлик презумпциясининг) тутириқсизлиги – жуда табиий. Шубҳасиз, ушбу қоидага риоя этадиган бўлсак, суриштирув ва терговни амалга оширувчи прокурор ва терговчи, ҳаттоки суд ҳам суд ҳукми қонуний кучга кирмаганга қадар айбсиз шахс билан муомалада бўладилар…”12. Ҳолбуки, айбсиз шахсни асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортиш, уни ноқонуний ҳукм қилишдек катта айб бўлмаса керак, назаримизда. Айниқса, бугунги суд амалиётини таҳлил этиш асосида ягона хулосага келиш мумкин – ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида айбсизлик презумпциясига оғишмай риоя этилишини, шунингдек, суд иш юритувининг бошқа муҳим тамойилларига қатъий итоат этилишини изчиллик ва фаоллик билан таъминлашга эришишимиз лозим.
Бу авваламбор, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни тақозо этади. Шу ўринда қайд этиш ўринлики, айбсизлик презумпцияси бир қатор нуфузли ва Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган.
Хусусан, айбсизлик презумпциясининг замонавий тушунчаси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт, Асосий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Конвеция, Инсон ва Халқлар ҳуқуқлари Африка Хартияси ва бошқа халқаро ҳужжатларда ўз баёнини топган.
Чунончи, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси ушбу қоидани қуйидагича мустаҳкамлайди: “Жиноят содир этганликда айбланган ҳар бир инсон ҳимоя учун барча имкониятлар таъминланган ҳолда, очиқ суд мажлиси йўли билан унинг айби қонуний тартибда аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланишга ҳақлидир”(11-модда).
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 14-моддаси 2-қисмида “Жиноят қилишда ҳар бир айбланувчи унинг айби қонунга биноан исботлангунча айбсиз деб ҳисобланиш ҳуқуқига эгадир” дейилган.
Асосий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Конвенциянинг 6-моддаси 2-қисмида “Жиноят содир этганликда хар бир айбланувчи унинг айби қонунга биноан исботлангунча айбсиз ҳисоблади” қоидалари мавжуд.
Шунингдек, Инсон ва Халқлар ҳуқуқлари Африка Хартиясининг 7-моддаси 1-қисмининг “b” бандида ҳам “Ҳар бир инсон айбдорлиги ваколатли суд томонидан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланиш ҳуқуқига эга” эканлиги ўз аксини топган.
Таъкидлаш ўринлики, мустақиллик йилларида халқаро ҳуқуқнинг юқоридаги умумэътироф этилган нормалари талабларидан келиб чиққан ҳолда миллий қонунчиликда ушбу муҳим қоиданинг зарурий ҳуқуқий замини ҳозирланди. Чунончи, Асосий Қомусимизданинг 26-моддасига биноан, “жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди”. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ушбу моддасида “ҳар бир шахс” иборасининг қўлланилиши айбсизлик презумпциясининг айбланувчи ёки гумон қилинувчигагина эмас, балки Ўзбекистон Республикасида яшаётган барча шахсларга берилган ҳуқуқ эканлигини англатади.
Ушбу конституциявий норма қоидаларини янада ривожлантирган ва тўлдирган ҳолда ЎзР ЖПКнинг 23-моддаси қуйидагиларни мустаҳкамлайди: 1) гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади; 2) гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас; 3) айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.
2000 йил 14 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддаси иккинчи қисмида “Айбланувчи, унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда исботланмагунгача ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунга қадар, айбсиз ҳисобланади” дейилган.
Шахснинг айби тўла исботланганда у айбланувчи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин. Бу мажбурият иш юритишни олиб борадиган, айблов вазифасини амалга оширадиган мансабдор шахслар – суриштирувчи, терговчи ва прокурор зиммасига юклатилган17.
Бир сўз билан айтганда, “Айбсизлик презумпцияси принципининг моҳияти тергов ва суд муҳокамасини олиб борадиган барча шахслар учун, шунингдек судланувчи билан айбдордек иш кўриш ҳуқуқига эга бўлмаган бошқа барча муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлган холисона ҳуқуқий ҳолат сифатида ана шундан иборатдир”.
Давлат айблов функцияси шахсга нисбатан қаратилар экан, шахснинг бу функциядан ҳимояланишда энг асосий ҳимоячи қурол айбсизлик презумпцияси ҳисобланади. Айблов функцияси шахснинг айблилигига қаратилган фаолият бўлганлиги билан унинг айбдорлигини билдирмайди. У шахснинг айбдор деб топилишини ўзига мақсад қилиб қўйган фаолиятдир. Айбсизлик презумпцияси эса, бу – айби қонунда белгиланган тартибда ва тегишли органлар томонидан тасдиқланмагунча шахснинг айбсиз ҳисобланишидир.
Юридик адабиётларда ҳам айбсизлик презумпцияси тўғрисида бир-бирига яқин қатор фикр ва мулоҳазалар билдирилган:
“Айбсизлик презумпцияси – жиноят ҳуқуқи ва процессидаги айбланувчи (судланувчи)нинг айби қонунда белгиланган тартибда исботлангунга қадар айбсиз деб ҳисобаланишини белгилайдиган ҳуқуқий қоида. Айбсизлик презумпцияси – энг муҳим демократик принциплардан бири, шахс ҳуқуқлари муҳофазасини таъминлайди, асоссиз айбланиш ва ҳукм қилинишдан асрайди. Айбсизлик презумпцияси фуқароларни давлатдан муҳофаза қилишга қаратилган”.
“Айбсизлик презумпцияси (лoт. “praesumptio innocentiae”) – жиноят суд иш юритувининг энг асосий принципларидан бири бўлиб, исботлаш мажбурияти айбловчи зиммасида бўлишини англатади”.
“Айбсизлик презумпцияси (лoт. “praesumptio innocentiae” – тахмин, фараз) – ҳуқуқдаги шундай ҳолатки, унга кўра айбланувчи айби қонун билан белгиланган тартибда тасдиқланмаганга қадар айбсиз ҳисобланади. Жиноят процессида айбсизлик презумпцияси мақсади – шахс ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, айбланувчининг ҳимояга бўлган конституциявий ҳуқуқини таъминлаш, айбсиз кишини ноқонуний ва асоссиз жавобгарликка тортиш ва ҳукм қилишдан муҳофаза қилишдан иборат”.
Мухтасар қилиб айтганда, “айбсизлик презумпцияси жиноят процессининг асосий ва конституциявий принципларидан бири бўлиб, шахс жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланишини, у ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслигини, шунингдек, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлигини белгилайди”. Қонунчилигимизда айбсизлик презумпцияси принципининг амал қилинишининг ўзи унинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги ва ҳақиқий демократик ҳуқуқ эканлигидан далолат беради. Субъектив ҳуқуқ сифатида айбсизлик презумпцияси ҳуқуқидан шахс одатда гумон қилинувчи тариқасида ушланган пайтдан бошлаб фойдаланиши мумкин. Шунингдек, Конституциянинг ушбу моддасида шундай талаб қўйиладики, шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилишидир.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасида “Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз хисобланади”23, деб мустаҳкамланганлигидан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, ЖПКга мувофиқ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчини айбдор деб топиш учун, биринчидан унинг айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботланиши, иккинчидан, ушбу жиноят бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўлиши талаб қилинади.
Суддан ташқари шахсни жиноят содир этишда айбдор деб топишга ҳеч қандай орган ёки мансабдор шахс ҳақли эмасдирлар. “Маълум шахсни жиноят содир этганликда айбдор деб топишда ва унга нисбатан жазо чораси тайинлашда ёки уни айби исботланмаганлиги, асосланмаганлиги учун ноҳақ жавобгарликка тортилганлигини реабилитация қилишда ҳал қилувчи овозга фақатгина суд эгадир”. Ҳеч қандай давлат органи айбланувчи шахсни ноқонуний равишда жиноятчи ҳисоблаб, айби исботланмай туриб, суд қилиш ҳуқуқига эга эмас ва бу ҳолат қонунда назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Суд айбланувчининг айбини ечиш учун мажбур этиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириши мумкин, лекин бу иш шахснинг қадр-қимматини қатъиян ҳурматлаш асосида бажарилиши лозим. Тергов қилиш чоғида ҳам гумон қилинувчи ёки айбланувчи шахсларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳатти-ҳаракатларни содир қилиш тақиқланади.
Юқоридаги қоидаларда айбсизлик презумпциясининг асосий мазмуни кам берилган. Аммо шуни ҳисобга олиш керакки, жиноят процессида айбсизлик презумпциясининг руҳи деярли тўла мавжуд. Умуман олганда, айбсизлик презумпциясининг тўла мазмунини бир моддада очиб бериш мумкин эмас, чунки бунинг имкони йўқ.
Шундай бўлсада, асосий мазмунни тўлароқ шаклда Ч.С.Касумов беришга ҳаракат қилган. У айбсизлик презумпциясига қуйидагича таъриф беради: “Жиноят содир қилишда гумон қилинувчи ёки айбланувчи шахс, унинг айбдорлиги қонуний тартибда исботланиб ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан тасдиқланмагунча айбсиз деб ҳисоланади”.
Бу қоидада жиноий жазо ҳақида гапирилмайди, чунки жиноий жазо ўз-ўзидан жиноятчиларга нисбатан суднинг ҳукми орқали тайинланади ва қонуний кучга киргач амалга оширилади.
Республикамизда ҳимоя ҳуқуқини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги 41-сонли “Ҳимоя ҳуқуқини таъминловчи қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисидаги” қарори ҳам муҳим ўрин тутади. Мазкур қарорда ҳимоя ҳуқуқи тўғрисида қуйида билдирилган фикр диққатга сазовор: “Гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш конституциявий қоида ҳисобланади ва жиноят-судлов ишларини юритишнинг барча босқичларида унга қатъий риоя қилиниши керак. Шунинг учун уларнинг процессуал ҳуқуқларига оғишмай риоя этиш, иш ҳолатларини ҳар тарафлама, тўла ва холисона ўрганиш, гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини қораловчи ва оқловчи, шунингдек, уларнинг жавобгарлигини оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни аниқлаш, иш бўйича мавжуд бўлган тахминларни синчиклаб текшириш, далиллар тақдим этиш ва уларни келтиришда процесс иштирокчиларининг тенг ҳуқуқларини таъминлаш зарур”.
Шу ўринда бир неча табиий саволлар туғилади.
Биринчидан, жиноят процессига бу тусдаги презумпция нима учун керак? Нима учун тергов ва суд органлари ҳар бир иш ҳолати бўйича айни ҳақиқатни нима бўлганлигини аниқлаши зарурлиги талаби билан чекланиш ҳамда жиноят ишларини тергов қилиш ва ишни судда кўришда тўлиқ холислик асосида турфа презумпциялардан холи равишда асосий эътиборни ҳақиқатни аниқлашга қаратиш мумкин эмас?
Иккинчидан, айбсизлик презумпциясига биноан ким айбсиз ҳисобланади? Башарти, умумий маънода барча инсон тушуниладими ёки фақатгина гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб этиш учун асослар мавжуд бўлган аниқ доирадаги шахслар тушуниладими?
Учинчидан, айбсизлик презумпцияси ҳақиқий воқеиликка, амалиётга зид эмасми? Зеро, аксар ҳолларда суд муҳокамасида айби исботланадиган айбланувчининг айбсизлик презумпцияси ҳуқуқи амалиётда ўз ўрнини топмайди. Шундай экан, бошқа принциплар билан таққослаганда амалиётда тасдиғини топмайдиган презумпция нима учун керак?
Тўртинчидан, айбсизлик презумпциясига мувофиқ, айбланувчи айбсиз ҳисобланар экан, “айбланувчида эҳтимолий жиноятчини кўриш – айбсизлик презумпцияси эмас, балки айнан айблилик презумпцияга таянган ҳолда иш кўриш” мантиққа зид бўлиб қолади. Ҳолбуки, на терговчи на суд “эҳтимолий” жиноятчи деб билмайдиган шахсни жиноий жавобгарликка жалб этиш қонунийлик ва фуқаролар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш каби принципларга зид эмасми? Шу ва бошқа шу сингари муаммолар ва қийинчиликлар яқин ўтмишда процессуал соҳа мутахассислари ўртасида айбсизлик презумпцияси борасидаги қарашларида жиддий фарқлар юзага келишига сабаб бўлди.
Башарти, адабиётларда айбсизлик презумпцияси ҳақида билдирилган қарашларни бирор йўсинда таснифлашга ҳаракат қилсак, ушбу гуруҳларнинг қуйидаги хусусиятларини ажратишимиз мумкин:
1) айбсизлик презумпциясига қарши фикр тарафдорлари айбсизлик презумпциясини рад этган ҳолда қуйидаги омилни сабаб қилиб кўрсатадилар: “…айнан мазкур шахснинг аниқ факт бўйича айбсизлиги туфайли суриштирув ҳам, тергов ва суд ҳам бўлиши мумкин эмас”.
2) иккинчи нуқтаи назар муаллифлари айбсизлик презумпциясини айбсиз тергов бўлиши мумкин эмаслиги сабабли эмас, балки айбланувчи ҳам ўз айбсизлигини давлат ва жамият каби исботлаши лозим деган важ билан рад этадилар. Бошқа сўзлар билан айтганда жиноий жавобгарликка тортилаётган шахс айбдорлик презумпциясига асосан ўз айбсизлигини исботлаши шарт;
3) учинчи қараш тарафдорлари эса, жиноят процессида жиноий жавобгарликка тортилаётган шахсга нисбатан ҳар қандай презумпциялардан воз кечиш мақсадга мувофиқ, яъни “…жиноят процессида айбланувчига нисбатан на айбдорлик ва на айбсизлик презумпцияси қўлланилмаслиги лозим”. Айб исботланмаган тақдирда айбланувчи манфаатларининг кафолати сифатида суднинг судланувчини тўлиқ реабилитация қилувчи ҳукм чиқариш тариқасидаги мажбурияти, ушбу нуқтаи назар тарафдорлари фикрича, айбсизлик презумпцияси доирасидан четга чиқади, шунингдек, айбланувчига исботлаш мажбуриятини юклаш ҳам мақсадга мувофиқ эмас29.
4) тўртинчи нуқтаи назар тарафдорлари айбсизлик презумпциясининг жиноят суд иш юритувидаги аҳамиятини масаласини ҳал этишда билишнинг илмий жараёнларидан фарқли равишда суд муҳокамасининг ўзига хослигидан келиб чиқадилар. Ушбу фарқ суд муҳокамаси ноилмий бўлганлиги сабабли эмас, балки илмий тадқиқот билиш натижаси билан якунланиши мумкинлигида ифодаланади. Суд муҳокамаси эса, юридик оқибатсиз якун топиши мумкин эмас ва шунга монанд айб ё тасдиқланади ёки рад этилади. Бироқ, суд-тергов амалиётида айрим ҳолларда айбланувчининг айблилиги ёки айбсизлигини аниқ белгилашнинг имкони бўлмай қолади. Шундай вазиятларда айбланувчи айби эҳтимоли мавжуд бўлса, айбланувчи айбига оид гумонлар бартараф этилмай қолса, терговчи ва суд айблилик масаласини очиқ қолдирган ҳолда айбланувчига сиз айбдор эканлигингизни аниқлай олмадик, бироқ биз сизнинг айбсиз эканлигингиз ҳам ишончимиз комил эмас, сизнинг айбдорлик масаласингиз муноазарали, дея олмайди30. Бундай ҳолларда тергов ва суд органларини ҳеч иккиланмайдиган айбдор ёки айбсиз деган аниқ жавоб беришлари лозим. Бундай жавобни беришлари учун мазкур шароитда улар ёки шахс айби исботлангунча айбсиз ҳисобланади (айбсизлик презумпцияси) ёки айбланувчи айбсизлиги исботлангунча айбдор ҳисобланади (айбдорлик презумпцияси) деган қоидадан келиб чиқиб ҳаракат қиладилар.
Айбсизлик презумпцияси ва ундан келиб чиқувчи шубҳа-гумонларни судланувчи фойдасига ҳал этиш тўғрисидаги қоида В.П.Нажимов ишларида чуқур таҳлил этилган. Муаллиф шубҳа-гумонларни айбланувчи фойдасига ҳал этишни “судда у ёки бу факт бўйича шубҳа туғилганда, уларга шубҳасиз факт сифатида муносабатда бўлиш лозим (бундай хулоса ҳақиқатни аниқлаш принципидан келиб чиқади)” деб талқин этишга қарши чиқади. Тадқиқотчи ушбу қоида мазмунини қуйидагича изоҳлайди: “аниқланган фактлар (мавжуд далиллар) бир эмас, балки бир неча хулосалар чиқариш имконини берса, улардан айбланувчи учун энг қулай ва яхшиси танланади”31. В.П.Нажимов фикрича, айбсизлик презумпцияси “жиноят процессуал қонунчиликда мустаҳкамланган айб фақатгина суд ҳукми билан белгиланади”, деган қоидада янада яққол ифодаланади. Ушбу принцип шунингдек, “фақатгина исботланган ҳолатни таъкидлаш мумкинлигини кўзда тутувчи объектив ҳақиқат принципи”32 мазмунидан ҳам келиб чиқади. Демак, суд айбдорликни исботламагунга қадар шахс айбдор деб тан олиниши мумкин эмас. Амалдаги Жиноят-процессуал қонун нормалари мазмунидан келиб чиқиб, суд муҳокамасида айби исботланган шахсга нисбатан айблов, акс ҳолда эса, оқлов ҳукми чиқарилади, деган хулосага келиш мумкин. Ушбу норма мазмуни, магар айбланувчи айби исботланса, уни суд қилиш деганда эмас, балки унинг айбсизлиги исботланмаса, уни оқлаш лозимлигидан далолат беради. Бу борада Е.Никифорова қайд этганидек, “Шахснинг жиноят содир этганликда айбдорлиги ҳақидаги хулоса тахминларга асосланиши мумкин эмас ва шубҳасиз етарли далиллар билан исботланиши лозим. Айбловни тасдиқлайдиган ишончли далиллар бўлмаган ва янги далиллар тўпланмаган тақдирда иш юритиш тугатилади ёки оқлов ҳукми чиқарилади”33.
Қонуннинг келтирилган моддалари таҳлилидан келиб чиқиб, юқоридаги фикримизни ривожлантириб, шуни айтиш мумкинки, бизнинг жиноят процессимиз учун судланувчига гумонда сақлаш хос эмас, зеро, исботланмаган айб туфайли оқловчи ҳукм чиқарилади ҳамда судланувчи тўлиқ реабилитация қилинади. Айнан шу ҳам айбсизлик презумпцияси мазмунини ифодалайди ҳамда гумон ва фаразларни судланувчи фойдасига ҳал этилишини кўрсатади. Айбсизлик презумпцияси мазмуни ва аҳамиятини янада аниқлаштириш учун юқорида кўтарилган яна бир масала ким айбсиз ҳисобланади – айбланувчими (судланувчи), гумон қилинувчими ёки ҳар қандай фуқароми, деган саволга жавоб бериш зарур.
Қатор муаллифлар “айбланувчи” атамасида фақатгина айбланувчи сифатида жиноий жавобгарликка тортилган кишини тушунадилар ҳамда айбсизлик презумпцияси тушунчасига нафақат айбланувчи, балки гумон қилинувчини ҳам киритиш лозим, деб ҳисоблайдилар (И.Л.Петрухин, Ч.С.Касумов ва б.қ.).
Фикримизча, ушбу институтнинг ҳаракат доирасини аниқ процессуал шахс (гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи) билан чеклаш мақсадга мувофиқ эмас. Шу сабабли бунда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган қоидадан келиб чиққан ҳолда ушбу ҳуқуқнинг барчага бир хилда тегишли эканлигини айтиш ўринли.
Айбсизлик презумпцияси – воқеиликка тўғри бўлган ҳуқуқий ҳолат бўлиб, унга асосан айбдор шахсни жиноят содир этишдаги айбини, қачонки суднинг айблов ҳукми чиқарилган бўлиб, айнан шу шахс айбдор деб ҳисобланса ва унинг айби жиноят иши бўйича йиғилган исбот-далиллар билан тасдиқланиб, процесс иштирокчиларида ушбу шахсни асосланган ва адолатли равишда жавобгарликка тортилганлиги, жазоланганлиги тўғрисида ишонч ҳосил қилганда тасдиқлаш мумкин бўлади34.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодекси 23-моддаси 2-қисмида кўрсатилишича, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас.
Бундан кўриниб турибдики, айбланувчи ўзини айбсизлигини исбот қилиб беришга мажбур эмасдир. Жиноят содир қилган шахсни айбдорлигини исботлаш мажбурияти суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судга юклатилгандир. Жиноятни содир қилишда дастлабки тергов ва суриштирув органлари, прокурор фақат ЖПКнинг нормаларига риоя этишлари керак.
Лекин айбланувчи ўзининг ҳимоя ҳуқуқидан фойдаланиб, ўзининг айбсизлигини исботлашга хақлидир, аммо бу унинг мажбурияти эмас.
ЖПКнинг 23-моддаси 3-қисмига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчини фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги кўрсатилган. Шунингдек, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубхалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига хал қилиниши керак.
Бунга кўра айбланувчи ўзининг айбсизлиги тўғрисида далиллар тақдим қила олмаслиги уни айбли деб топишга асос бўла олмайди. Далиллар тўплаш вақтида белгиланган тартиб-қоидалар бузилган бўлса, яьни далиллар қалбакилаштирилса, бундай далиллар ҳуқуқий кучга эга эмас деб топилади ва ўз-ўзидан айблов учун асос бўла олмайди. Тергов органлари етарли далиллар бўлсагина шахсни айбланувчи тариқасида ишга жалб тўғрисида қарор чиқаради.
Айбланувчини ўз айбига иқрорлиги бошқа далиллар билан ҳақиқатдан тасдиқланган тақдирдагина, уни айблаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Айбсизлик презумпциясининг ҳуқуқий табиатини тушунтиришда икки хил қараш бор. Биринчиси: айбсизлик презумпцияси – бу фақатгина ҳақиқатни аниқлаш услуби бўлиб, жиноий иш учун масъул органлардан исталган бири – тергов, прокуратура, суд аввал айбланувчининг айбсизлигини тахмин қилади, кейин тўпланган далиллар асосида унинг акси эканлигига ишонч ҳосил қилишади, шунда айбсизлик презумпцияси ўз ҳаракаиини тўхтатади. Шундай қилиб, айбсизлик презумпциясидан воз кечиш учун терговчи айбланувчининг айбли эканлигига ишонч хосил қилишининг ўзи етарли. Иккинчиси: айбсизлик презумпцияси жиноий иш учун масьул у ёки бу шахсда айбдорлик фикри туғилганда рад этилмайди; у қонуний қонуний ҳукм кучга киргунча амал қилади. Бу фақатгина қонун нуқтаи назаридан, процессда қатнашувчи алоҳида субъектларнинг қараши эмас.
Бизнингча, биринчи қараш тарафдорларининг фикрларига тўлиқ қўшилиб бўлмайди. Айтайлик, айб тегишли тергов олиб бориш бораётган орган айбдорлилик ҳақида фикрга келган вақтдан ўрнатилган хисоблансин. Айни шу жойда (гарчи суднинг ҳукмигача ҳали узоқ бўлсада) айбсизлик презумпцияси айбдорлик презумпциясига ўз ўрнини бўшатиб беради, тергов органининг кейинги фаолияти объектив тергов эмас, айблов тезисини исботлаш ҳаракатига айланади. Бу айнан ўша айблилик ёндошуви бўлиб, у кўп холларда суднинг хатосига олиб келади ва айбсиз кишини судлашга мажбур этади.
Гап шундаки, айбсизлик презумпцияси – бу тахмин эмас, балки фикция бўлиб, у бир томонлама тушунтиришга асосланади. Айбсизлик презумпциясини тўғри тушуниш учун уни фуқароларнинг виждонлилик тамойилидан фарқлаб, ажрата олиш керак.
Айбсизлик презумпциясини терговчи ва прокурорнинг айбланувчининг айблилигини дастлабки терговда исботлагандан кейин ўз ички ишончи асосида ҳеч қачон айбланувчини айбсиз деб хисоблай олмаслиги ҳам рад этади. На терговчи, на прокурор айбланувчини ҳукм қонуний кучга киргунга қадар айбсиз деб ҳисобламайди, балки жиноий жазо ҳуқуқи субъекти сифатидаги давлат айбсизлик презумпциясини тан олиб, у терговчи, прокурорнинг хулосалари суд процесси босқичларида текширилишини талаб қилади.
Айбсизлик презумпцияси терговчи ва прокурорни айбланувчининг айблилигига ишонишни тақиқламайди, айни пайтда у бундай ишончни етарли асос сифатида кўрмайди ва айбли деб хулоса чиқаришга ҳамда жазо чорасини қўллашга йўл қўймайди. Терговчи ва прокурор шуни англаб етишлари лозимки, уларнинг ишончи баъзи холларда иш судда кўрилганда тасдиқланмаслиги мумкин.
Айбсизлик презумпцияси объектив ҳуқуқий ҳолат сифатида иш ҳолатларини текшириш услубини кўрсатиш билан чегараланмайди; презумпция шу билан бир қаторда процессуал жиҳатларни, яъни ҳукмнинг қонуний кучга киришини аниқлаб, ундан айбланувчининг айби ва иш бўйича тўла ҳақиқат ўрганилган, аниқланган ҳисобланиши керак.
Айбсизлик презумпцияси ЖПК бир-бирига боғлиқ қисмлари тузилишини белгилайди, яъни шахсни жиноят содир этишда айбдор деб топиш учун етарли процессуал кафолатлар ҳажмини аниқлайди ва ҳеч қачон суднинг қонуний кучга кирган ҳукмидан олдинроқ процесс қатнашчиларининг қарашини ифодаламайди.
Қонун шундай ҳолатларга йўл қўядики, унга кўра дастлабки терговда қилинган айбдорлик ҳақидаги хулоса суд текширувини талаб қилмаслиги ҳам мумкин. Бу ҳолатларда жиноий ишлар дастлабки терговда тугатилади. Булар “оқланмайдиган” асосларга кўра олиб борилади, жумладан, шахсни жавобгарликка тортиш муддати ўтган бўлса; аминистия акти чиқарилган бўлса; шахс вафот этган бўлса ва бошқалар (ЖПКнинг 84-моддаси). Бунга ўхшаш бошқа ҳолатлар терговчи томонидан ишни бошқа шахсга ёки вояга етмаганлар иши бўйича комиссияга юборилиши учун сабаб бўлади. Ҳақиқатдан ҳам, бу жойда шахснинг айблилиги ҳақидаги якуний хулоса дастлабки терговда вужудга келган. Бунга ўхшаш ҳолатларни қонунда кўрсатилган умумий қоидалардан истисно сифатида кўриш лозим.
Айбсизлик презумпциясини баъзан шу нарса билан рад этмоқчи бўлишадики, гўёки айбсиз шахсга нисбатан процессуал мажбурлов чораларини қўллаш мумкин эмас, яъни ушлаб туриш, қамоққа олиш, гаров, кафиллик ва бошқалар. Кўрсатилган чораларни айбсизлик презумпциясига қарши бўлганлар таъкидлашади, уларнинг айтишича, бу чоралар айбланувчига уларнинг жиноятни содир этишда тахмин қилинаётганлиги асосида қўлланади.
Бу далил яна айбсизлик презумпциясини объектив ҳуқуқий ҳолатини, процесснинг у ёки бу иштирокчисининг айбланувчининг айбдорлигига субъектив ишончи билан аралашиб кетган. Бу қарашларга мувофиқ, процесснинг ваколатли субъекти айбланувчи(гумон қилинувчи)га нисбатан мажбурлов чораси қўллайди, сабаби уни терговга ва судга чақирувга биноан ҳозир бўлишини таъминлаш ёки ишнинг турли ҳолатларини йўқ қилиб юборишини олдини олиш учун керакдир. Процесснинг чора қўллаётган субъекти нуқтаи назаридан айбланувчи айбдор ҳисобланади, қонун нуқтаи назаридан ҳали айбдор эмас. Айнан шунинг учун ҳам процесснинг ваколатли субъектига айбланувчи(гумон қилинувчи)га нисбатан фақат процессуал мажбурлов чораларини қўллашгагина йўл қўяди, жиноий-ҳуқуқий мажбурловни қўллашни тақиқлайди35.
Демак, исботлаш жараёнида айбсизлик презумпцияси уч элементни ўз ичига олади: 1) гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг айбдорлигини исботлаш бурчи фақат исботлаш юклатилган шахсларга юклатилишини; 2) исботлаш процессида ҳар қандай гумонни гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал этилишини; 3) айбланувчининг айбдорлигини исботланмаганлиги унинг айбсизлиги исботланганлигига тенглиги.
Юқоридагилар асосида айбсизлик презумпциясининг аҳамияти ҳақида қуйидаги хулосаларга келишимиз мумкин: 1) айбсизлик презумпцияси алоҳида шахснинг айбланувчига муносабатини ифодаламайди, балки объектив ҳуқуқий қоида саналади. Давлат, жамият фуқароларни виждонли, ҳалол ва тўғри деб ҳисоблайди, токи, бунинг акси ваколатли суд ҳокимияти органлари томонидан қонунда белгиланган тартибда исботлангунга қадар; 2) ушбу принцип инсонга ҳокимиятга қарши туриш, давлат ва шахс мунозарасидаги ўзаро нотенг кучларни ўзаро мувофиқлаштириш, тенглаштириш имконини беради ва ҳ.к.
Мухтасар қилиб айтганда, айбсизлик презумпцияси – жиноят процессининг энг муҳим демократик принципларидан бири бўлиб, мустақил аҳамиятга эга ҳамда жиноят процессида ўзига хос долзарб вазифани бажаради.
Ҳурматли ўқувчи!
Бироз бўлса-да тушунарли бўлдими?
Конкрет мисоллар орқали тушунтириш қулай, албатта. Бутун дунё суд амалиётида қонунларнинг қўлланилиши амалиётда кўрилган ишлар бўйича кўрилади. Ўша конкрет иш бўйича қабул қилинган, ўзгартирилган, бекор қилинган ҳукм кейинчалик ўша мамлакат ҳуқуқ тизими тарихида намуна сифатида қолдирилади.
Мендаям конкрет мисол бор. Бу масалани, Худо хохласа бир неча кундан кейин эълон килсак.
Муаллифга катта рахмат, жуда хам яхши макола, исботлари билан!Узбекистонда кабул килинган конунларни хисоблаб чиксак айтиш мумкинки дунёнинг хар кандай давлатининг конунлари билан беллаша олади. Аммо лекин «АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ»судянинг хохишига караб кулланилади. Заказной делолар, юкори органлар тайёрлаган делолар асло кайтмаслиги керак деган гап КОНУН булиб колган. Мустакиллик йилларида канча одам окланди? ДОИМ БИТТА ГАП «ОКЛАШ МУМКИН ЭМАС -ЮКОРИДАН ШУНДАЙ КУРСАТМА БОР, АМНИСТИЯГА РОЗИ БУЛСИН»! ДЕГАН!
Масалан менинг ишим билан бир-биридан мустакил 3 киши шугулланаяпди. Kеча Жиззахдаги ака билан гаплашдим, адвокат айтибдики — АЙБИМГА ИКРОРМАН ДЕБ КЕЧИРИМ ХАТИ ЁЗИБ БЕРСИН ШУНДА АНЧА ОСОН БУЛАДИ ИШЛАШ, АМНИСТИЯ БИЛАН КУТУЛАДИ ДЕБДИ. МЕН АМНИСТИЯГА РОЗИ БУЛГАНИМДА 2003 ЙИЛЛАРДАЁК БУ ИШЛА ЁПИЛИБ КЕТАР ЭДИ.
МЕН НИМА ДЕБ КЕЧИРИМ СУРАШИМ КЕРАК. КУРОЛОВ, КОДИРОВ, ВАЛИЕВ ВА БУРИТОШ АКАМ КУЧЛИ ЭКАН БИЛМАБМАН — КЕЧИРАСИЗЛАР ДЕЙИНМИ?
ЭНГ БИРИНЧИ УРИНДА КОНУН ИШЛАШИ УЧУН ОРГАНДА ИНСОФЛИК, БИЛИМЛИК ИНСОНЛАР ИШЛАШИ КЕРАК! БУНИНГ УЧУН ЭСА ЎЗБЕКИСТОНДА ЭНГ АВВАЛО ҚОНУНЛАР ИШЛАШИ КЕРАК, АНА ЎШАНДА БИЗ ВАТАНГА ҚАЙТСАК ЯРАШАДИ…
Муаллифга катта рахмат, жуда хам яхши макола, исботлари билан!Узбекистонда кабул килинган конунларни хисоблаб чиксак айтиш мумкинки дунёнинг хар кандай давлатининг конунлари билан беллаша олади. Аммо лекин «АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ»судянинг хохишига караб кулланилади. Заказной делолар, юкори органлар тайёрлаган делолар асло кайтмаслиги керак деган гап КОНУН булиб колган. Мустакиллик йилларида канча одам окланди? ДОИМ БИТТА ГАП «ОКЛАШ МУМКИН ЭМАС -ЮКОРИДАН ШУНДАЙ КУРСАТМА БОР, АМНИСТИЯГА РОЗИ БУЛСИН»! ДЕГАН!
Масалан менинг ишим билан бир-биридан мустакил 3 киши шугулланаяпди. Kеча Жиззахдаги ака билан гаплашдим, адвокат айтибдики — АЙБИМГА ИКРОРМАН ДЕБ КЕЧИРИМ ХАТИ ЁЗИБ БЕРСИН ШУНДА АНЧА ОСОН БУЛАДИ ИШЛАШ, АМНИСТИЯ БИЛАН КУТУЛАДИ ДЕБДИ. МЕН АМНИСТИЯГА РОЗИ БУЛГАНИМДА 2003 ЙИЛЛАРДАЁК БУ ИШЛА ЁПИЛИБ КЕТАР ЭДИ.
МЕН НИМА ДЕБ КЕЧИРИМ СУРАШИМ КЕРАК. КУРОЛОВ, КОДИРОВ, ВАЛИЕВ ВА БУРИТОШ АКАМ КУЧЛИ ЭКАН БИЛМАБМАН — КЕЧИРАСИЗЛАР ДЕЙИНМИ?
ЭНГ БИРИНЧИ УРИНДА КОНУН ИШЛАШИ УЧУН ОРГАНДА ИНСОФЛИК, БИЛИМЛИК ИНСОНЛАР ИШЛАШИ КЕРАК! БУНИНГ УЧУН ЭСА ЎЗБЕКИСТОНДА ЭНГ АВВАЛО ҚОНУНЛАР ИШЛАШИ КЕРАК, АНА ЎШАНДА БИЗ ВАТАНГА ҚАЙТСАК ЯРАШАДИ…