«Озодлик» радиоси хабари: Ватандаги важоҳатли воқеаларнинг ваҳимаси…
“Самарқанд ИИБси фирибгарларга ҳомийлик қилмоқда”
15.12.2015
Озодликка мурожаат қилган бахмаллик Анвар Боймиров¸ “Ласетти” оламан деб самарқандлик фирибгар гуруҳ қўлига тушиб¸ қарийб 10 минг долларидан ажрагани¸ бу воқеа юзасидан Самарқанд Ички ишлар бошқармаси терговчилари номига жиноий иш очиб¸ жиноятчиларни жазолашни пайсалга солаëтганидан шикоят қилди.
Бор мол-ҳолини сотиб¸ “Ласетти” машинаси сотиб олиш учун Самарқанд машина бозорига борган Анвар Боймиров¸ шаҳарда танилган фирибгар гуруҳи қўлига тушган.
Боймиров ҳикоясига кўра¸ қарийб 10 минг долларни санаб олган даллол¸ машинани янги эгаси номига расмийлаштиришни эртасига ваъда қилиб¸ жуфтакни ростлайди.
Қўлида вақтинчалик ишончнома билан қолган Боймировдан¸ 9 ой ўтиб¸ бу машина тортиб олинади.
“Самарқанд марказида хотини номида дўкони бор бу фирибгар шахс¸ шу кетганча уч йилдан бери Ўзбекистон ҳуқуқбонлари радарига тушмай келмоқда¸тахминимча¸ менинг аризам бўйича жиноий очган терговчилар¸ аслида бу одамни қўлга олишдан манфаатдор эмасга ўхшайди”¸ дейди Боймиров.
“Қарамоғимиздаги ҳамма қорамолни сотиб¸ машина олишга ҳавас қилган ўғлим¸ бу фирибгарликка чидолмай икки марта ўзини осди¸ зўрға сақлаб қолдик. Ҳам пул¸ ҳам машинасиз қолганимиздан кейин бормаган еримиз қолмади. Лекин Ўзбекистонда одамларни қақшатаëтган фирибгарларни кимлиги¸ қаерда яшашини била туриб¸ жазоламас эканлар”¸ OzodMikrofonга дардини тўккан дейди Боймиров.
ОЗОДЛИК
Наманганда ёлланма қотиллар уч кишини тириклайин каналга чўктирди
25.12.2015
Ўзбекистонда хуфёна ўғирликлар кўпроқ қиш фаслида содир этилади. 118 ёшли Саъдияхон момонинг 330 дан ошиқ невара-чевараси бор. Россиялик хонанда Вера Брежнева Тошкентдаги концертда қўшиқ сўзларини унутиб қўйди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.
Янги йилдан пенсия жамғармасига мажбурий ажратма ошади
2016 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон фуқароларининг Молия вазирлиги қошидаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ўтказиладиган мажбурий суғурта бадаллари ставкаси 7,5 фоизга ошади (“Адолат кўзгуси”, 24 декабрь). Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар тарқатган. Ҳозирда пенсия жамғармасига фуқароларнинг бир ойлик маошидан 7 фоизи мажбурий равишда ўтказилади.
Ўзбекистонда 2014 йили 52 минг 498 кишига амнистия қўлланган
Ўтган йили Ўзбекистонда 52 минг 498 кишига амнистия акти қўлланилган (“Ўзбекистон овози”, 24 декабрь). Шундан 7865 нафарини аёллар, 1174 нафарини вояга етмаганлар, 681 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 172 нафарини ногиронлар ташкил этади. 2014 йилги амнистияга мувофиқ, 3289 нафар маҳкум жазони ўташ муассасасидан озодликка чиқарилган. Ўзбекистон Олий суди судьяси Умиджон Расулбердиевга кўра, мамлакат мустақил бўлган 24 йилдан бери 26 марта умумий афв эълон қилинган.
Наманганлик фуқаро ишдан ҳайдагани учун раҳбарини ёлланма қотилга ўлдиртирди
Наманган вилояти Норин туманида ишбилармонлик билан шуғулланган сармоядор аёл ёлланма қотиллик қурбони бўлди (“Ҳуқуқ”, 24 декабрь). Зумрад Бойметова таъсис этган икки фирмага ўн йил давомида фуқаро Азизбек Аҳмедов директорлик қилган. А. Аҳмедов топшириқларини бажармагач, таъсисчи З. Бойметова уни ишдан бўшатган. Шундан кейин А. Аҳмедов собиқ раҳбаридан қасос олиш учун уч нафар қотил ёллаган. Жиноятчилар тунда З. Бойметованинг уйига бостириб кириб, уни, келини Д. Ортиқовани ва невараси Жавоҳирни жабрдийдага қарашли “Нексия” машинасига босиб, Андижон каналига олиб борган. Сўнг уччала жабрланувчини ҳамда “Нексия” машинасини каналга чўктирган. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди жиноят буюртмачиси А. Аҳмедовни 20 йилга, судланувчилар Ш. Исмоилов ва Н. Ҳусановни 25 йилга, вояга етмаган Б. Боқижоновни эса 15 йилга озодликдан маҳрум этган.
Ўзбекистон аҳолисига йилига 400 минг тонна балиқ зарур
Бир киши йилига ўртача 11 килограмм балиқ истеъмол қилиш лозим (“Оила даврасида”, 24 декабрь). Бу ҳақда Ўзбекистонда балиқчиликни ривожлантириш илмий-тажриба станцияси директори Руҳулло Қурбонов маълум қилади. Унга кўра, Ўзбекистон аҳолисини балиқ маҳсулотлари билан етарлича таъминлаш учун йилига 400 минг тонна балиқ етиштириш керак бўлади. Шу боис балиқчиликни ривожлантириш, керак бўлса, мамлакатдаги ҳар бир қишлоқда балиқ етиштиришни йўлга қўйиш талаб этилади. Қайд этилишича, ўтган йили аҳолига 46534 тонна (30381 – сунъий ҳавзалардан, 16153 – табиий ҳавзалардан) балиқ етказиб берилган.
Ўзбекистонда хуфёна жиноятлар кўпроқ қиш фаслида содир этилади
Ўзбекистонда ўғирлик жинояти кўпроқ қиш фаслида содир этилади (“Ҳуқуқ оламида”, 24 декабрь). Тўрақўрғон туман ИИБ терговчиси Эркинжон Абдураззоқовга кўра, бунинг энг асосий сабаби шуки, қишда куннинг қисқа ва туннинг узоқ давом этиши хуфёна ишлар билан шуғулланишга имконият яратади. Қайд этилишича, Тўрақўрғон туманининг Шаханд қишлоғида ёлғиз келини билан яшаган, ўғли Россияга кетган кекса аёл тунда тўнаб кетилган. Ўғри уйқудаги кекса аёлнинг ёстиғи тагидаги пулни ўмариб кетган. Шу муносабат билан ИИБ вакили фуқароларга хавфсизликни чоралари кўриш лозимлигини эслатган.
Россиялик хонанда Вера Брежнева Тошкентдаги концерт пайти қўшиқ матнини унутиб қўйди
15 декабрь куни Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида россиялик хонанда Вера Брежнева концерт берди (“Даракчи”, 24 декабрь). Хонанда “8 первых свиданий” фильмига ёзилган қўшиғини куйлаётиб матнни унутиб қўйган. Шоу бизнес нашри бу катта камчилик экани, аммо хонанда вазиятдан чиқа олганини ёзган. Вера Брежневанинг Тошкентдаги концерти учун чипталар 100 минг сўмдан 500 минг сўмгача сотилган.
Наманганлик 118 ёшли момонинг 330 дан ошиқ невараю чевараси бор
Дунёнинг энг ёши улуғ инсонларидан бири – 118 ёшли Саъдияхон Иномова Наманганда яшайди. Бир неча матбуот нашри хабарига кўра, Саъдияхон Иномова 1897 йили Тўрақўрғон туманидаги Ёртепа қишлоғида дунёга келган. Бир умр қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилган онахон турмуш ўртоғи Исомиддин ота билан 8 фарзандни тарбиялаб вояга етказган. Айни пайтда Саъдияхон момонинг 45 набираси, 141 эвараси, 139 чевараси бор.
ОЗОДЛИК
Термизда қўшнисини ўлдириб ҳовлисига кўмган ака-ука ушланди
25.12.2015
Сурхондарё вилояти Термиз туманида яшовчи ака-ука Примқуловлар қўшни йигитни уриб ўлдириб, ўзларининг ҳовлисига кўмиб қўйган. Милиция ходимлари жасадни уч кундан сўнг топишган. Айни пайтда ака-укалар ҳибсга олинган ва тергов давом этмоқда.
Термиз туманидаги Учқизил қўрғонининг Янгиҳаёт маҳалласида яшовчи ака-ука 31 яшар Қурбонгелди ва 42 яшар Амонгелди Примқуловлар 21 декабрь куни маҳалладоши 33 яшар Равшан Беганчиевни ўз уйларига чақириб, уриб ўлдирган.
Бу ҳақда Озодликка хабар берган термизлик манбага кўра, ака-ука Примқуловлар жиноят изларини яшириш мақсадида жасадни ўзларининг томорқасига кўмишган:
“Мен ҳам шу маҳаллада яшайман. Ака-укаларни яхши танийман. Каттаси Амонгелди ўтириб чиққан. Милицияда ишлайдиган танишимдан билишимча, 21 декабрь куни кечқурун ака-укалар уйларида арақ ичишади. Кейин Амонгелди укасига Равшанни чақириб кел деб буйруқ беради. Қурбонгелди Равшанни чақириб келганидан сўнг ака-ука уни қўл-оёғини боғлаб ўлгунча уриб тепадилар. Жасадни эса ҳовлисининг чеккароқ жойига кўмишади”, деди манба.
Термиз туман ҳокимиятида ишлайдиган Озодлик манбаси ҳам шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:
“Бу одамларнинг орасида нима гап-сўз ўтганини, нега ака-укалар Равшанни ўлдиришганини туман прокуратураси тергов қилмоқда. Экспертизада ишлайдиган танишимнинг айтишича, жасад уч кундан сўнг 23 декабрь куни Примқуловлар томорқасидан кавлаб олинган. Жасаднинг қўл-оёғи қаттиқ боғланиб, уриб тепилган. Марҳум ички аъзолар жароҳатидан вафот этган. Ҳозирча бу қотилликнинг сабаблари ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Шуниси аниқки, қотилликда гумонланаётганлардан бири Амонгелди Примқулов аввал икки марта озодликдан маҳрум қилинган эди. Яқинда қамоқдан чиқиб келган эди”,деди ҳокимият мулозимларидан бири.
Унинг айтишича, қотилликда гумонланган ака-укалар ҳибсга олинган ва улар Ангор тумани ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш изоляторига юборилган (Термиз тумани ички ишлар бўлимида вақтинча сақлаш изолятори мавжуд эмас – таҳририят).
Ўзбекистонда фуқаролар томонидан ваҳшиёна қотилликлар содир этиш ҳолатлари кўп бўлмасада, учраб туради.
Жумладан, яқинда Наманган вилояти Норин туманида она, келин ва неварани каналга чўктирган қотиллар гуруҳи судланиб, улар 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум этилди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Тошкент вилояти Бўка туманининг Ачамайли файз маҳалласида истиқомат қилган 60 ёшлардаги эр-хотиннинг чавақланган жасадлари бошқа маҳалладаги тутқаторлар орасидан топилган эди.
ОЗОДЛИК