Мамадали МАҲМУДОВ: АФСОНА ВА ҲАҚИҚАТ (Асарнинг тўлиқ қисми)
АФСОНА ВА ҲАҚИҚАТ
Эссе
Эрксевар йўлдошим
Баҳодир Хон Туркистонга
Илдиздан чиққайдир ҳар қандай
самар.
Мирза Бедил.
Афсона тагида ҳам ҳақиқат бор,
болам.
Ўғуза момом сўзи.
I Бўлим
ҲАЁТ ТЎХТОВСИЗ КУРАШДАН ИБОРАТ
Қўрқмай курашган киши
тилагига етади.
Ботир Тангриқут
Американинг Миссури штатидаги Сент – Люс кентида Ўзбекнинг Қўнғирот уруғига мансуб оға – инилар яшайдилар: Баҳодир, Баҳром, Бурхон, Бахтиёр, Ихтиёр, Ботир, Бобир. Еттови ҳам дев сиёқли йигитлар. Худди “ Алпомиш” достонидаги Алпомиш мисол. Еттови ҳам уйли – жойли. Бола – чақали. Еттови ҳам тўкис яшайдилар. Фақат она юрт соғинчини ҳисобга олмаганда.
Еттови ҳам ҳайдовчи. Ҳар бирининг узоқ масофага юк ташийдиган машинаси бор. Тирикчиликлари шундан.
Менга оға- иниларнинг тўнғичи – Боҳодир Хон Туркистон телефон қилиб туради. Замон – замони билан. Кўнгли тусаган онларда. У Россияда (Тoмск ) Политехника институтида ўқиган. Бироқ сўнгги курсларни Тошкентда битирган.
Баҳодир Хон Туркистон яхши орзу- умид билан ўзи туғилиб ўсган юрт – Кеш¹да 1999 йилда «Кеш»ҳиссадорлик жамиятининг 60.5% акцияларини (Тошкент фонд биржасидан) ўз ҳалол пулига сотиб олдаи. 2000 йил 25 февралдан унга раислик қилади. Ўшанда бу агрокомплекс банкрот ҳолатида бўлади. Боҳодир Хон Туркистон бир йил ичида уни оёққа турғизади. Ўзбекэлда биринчи ўлароқ бу хўжаликни СССРдан қолган давлат пахта ва дон режасидан озод этади. Боҳодир чин маънода мулкдор бўлади. Мулк эса ўзининг хақиқий эгасини топади. Бироқ ишни энди йўлга қўйганда, маҳаллий прокурор, полислар қилдан қийиқ ахтаришга тушадилар.
Яъни:
Ўз лавозимларини суистеъмол қилиб,
——————————————————————————————————————————————————-
¹ “ Кеш кенти VII асрда бунёд этилган. XIVюз йилликда эса у “ Шаҳрисабз” деб атала бошлаган”.
(“ Амир Темур” китоби, Ибн Арабшох) Менимча Кеш номини қайта тиклаш керак. Ёки уни “Кўккент” деб аташ лозимдир. Бу икки атама ҳам туркчадир.
Ёлғон важларни рўкач этиб,
“ Юмалоқ хат”лар уюштириб,
Сохта гувоҳларни ишга солиб,
Қамоқ билан қўрқитиб…
Мақсад: ундириш…
Баҳодир Хон Туркистон куйиб сўзлайди:
— Нафсларини ўз эл – юртидан устун қўйган ҳаром ерларга, қон ичарларга бас келиб бўлмайди. Қирилиб ўлсин бу каззоблар!
Шу очофатларни деб бизлар (етти ака- ука) узоқларга бош олиб кетдик. Аниғи, бош олиб кетишга мажбур бўлдик. Бўлмаса ҳозир қамоқда ўтирган бўлардик. Тухматдан. Тухмат ёмонда, ака.
Ота – онам ( Хасан, Норой ) зор йиғлаб қолишди. Юрагимиз эзилди. Юрагимиз қон бўлди. Иложсиз кетдик. Лекин, кейинча, менинг ўрнимга отам ( Хасан Чори) ни қамашди. Отам қамоқдан ярим мажруҳ ҳолда чиқди. Чиқди-ю оз вақт ўтмай дунёдан ўтди. Отамни қабристонга қўйишга ҳам қаршилик қилишди. Гўрни ҳам қизғанишадими ? 70 дан ошган кишига! Тарихда бундай бўлмаган. Бирон юртда бундай бўлмаган. Ер ютсин уларни! Ўзларининг бошларига шу кун тушсин, илоҳо!
Мен бундай гапларни айрим ойдинлардан ҳам эшитганман.
Хусусан, З. отли йўлдошимдан ҳам:
“ Куч ишлатар тизимлари буринларини тиқмаган тармоқ қолмади. Қишлоқ хўжалиги, чорва, саноат, қурилиш, савдо… Бу саҳоларни тушунсалар кошки. Бироқ?.. Не илож?.. Юрт шулар қўлида. Бутун бойлик ҳам. Еб тўймайди. Юртда нафас олиш қийин. Бундайда элнинг бири икки бўладими? Ер ютсин! Ҳамма нарсадан совудим. Қамалмай деб фирмамни ёпдим. Туҳмат деган нарса қўғирчоқ бўлиб қолди. Худодан қўрқмайди. Қонунни қурол қилади. Оч қорним, тинч қулоғим. Европага кетаман. Жонимга тегди. Агар бир менга шундай “бер-бер…” бўлмаганда, буни сизга айтиб ўтирмасдим. Бу – халқнинг бошига тушган бало! Бу – иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, манъавий таназзулга ҳомила…”
Фақат ўзбек эмас, ҳар бир миллат кишиси табиатида қўшиб – чатиб гапириш бор. Ёмонласа ерга киргизади, мақтаса осмонга чиқаради. З. нинг бўрттирмасини англасамда, унга бир сўз демасдим. Андиша қилардим. Қолаверса, 20 йилдан бери кўча кўрмаган одам ҳаёт ҳақиқатини қаердан билади? Сукут сақлаган маъқул. Балки, З. қандайдир даражада ҳақдир? Шамол бўлмаса, оғочнинг учи қимирламайди. Яна қайдам? Ҳар нарса Тангрига аён. Мен бир ожиз бандаман.
Лекин нима бўлганда ҳам Баҳодир Хон Туркистоннинг гапида жон бор. Ҳеч бир инсон бекорга ота – онасининг кўз ёшини оқизиб, ўзи туғилиб –ўсган ерини ташлаб кетмайди. Бунга нимадир ёки кимдир сабабчи бўлади. Кўпинча, бу йўқлик, сиқув, босим асосида юз беради. Баҳодир Хон Туркистон ўша , ўзи айтган зўравонлар кун бермагани учун Ватандан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Худди “ Алпомиш” достонидаги Бойсари мисол. Ўз оғаси Бойбўри ундан ўлпон талаб қилмаганда, у ўн минг уйли эли билан ўз юртини ташлаб, 90 тоғ ошиб, 6 ой йўл босиб Қалмоққа кетармиди?
Йўқ, Бойсарининг ноласини эшитинг:
Хазон бўлса боғда гуллар сўлмайми,
Ўз элимда сиғинди бўп юргунча
Бўлак юртда кун ўтказиб бўлмайми?
“Алпомиш“достони, 15-бет.
Илдизан олиб қараганда, душманлик, туғдирган ким?
Кимлар? З. нинг айтишича,нафси бузуқ, хулқи бузуқ, калтабин маҳаллий амалдорлар. Ора бузарлар шулар. Эл бузарлар шулар. Ёлғон, туҳмат билан пора талаб қилиб, қамоқ билан қўрқитиб, юртдан бездирганлар шулар. Тепага чумолини туя қилиб кўрсатган шулар. Мухолифат айни шу эл дардидан узоқ муттаҳамлар туфайли вужудга келган. Келаяпти. Қонунни ниқоб айлаган бу жиноятчи, ёлғончи, хоинларнинг томирлари қирқилмас экан, бу ҳол давом этаверади.
З. Нинг бу фикри қанчалик тўғри, тўғримаслигини билмадиму, бироқ Баҳодир Хон Туркистон тимсолида у ҳақ.
Юқорда зикр айлаганим – Алпомиш сиёқ ,Алпомишдек содда дил Баҳодир Хон Туркистон билан телефонда қўнишиб турамиз. Турли мавзуда. Кўпинча миллатимиз кечмиши ҳақида. Ўзи инжинер бўлса ҳам тарихга қизиқади. Бундан бир неча ой муқаддам у мендан “Алпомиш” достони қайси замон, қайси маконда яралгани тўғрисида сўради. Кутилмаган савол. Мен “ Алпомиш” тарихини билмайман. Фақат Ҳамид Олимжон сўзи эсимда қолган: “ Алпомиш”минг ёшда”… Яна? Ўйлайман. Ушбу сўз хотирам туманлари орасидан сизиб чиқади:
“ Биз Алпомишнинг минг йиллигини нишонлашга қарор қилдик. Бироқ , балки икки ярим йиллигини нишонласак, бу ҳам ҳар томонлама асосли бўлади ва бунинг тагида, албатта катта – катта маъно ва ҳақиқат бор”.
Ўзимга – ўзим савол бераман:”Буни ким айтган ?” Ўйлайман. Хотирам тиниқлашади. Гап оҳангига қараганда дейман :” Ислом Карим”. Буни Баҳодир ХонТуркистонга айтдим. У жавобдан қониқдими, қониқмадими,билмайман- Ўзингиз нима дейсиз? – деб сўради.
— Менимча, Тўнғу Ҳоқон даврида, — дедим ишончсиз бир овозда.
— Тўнғу Ҳоқон?.. Ким у?
— Хун ҳукмдорлари сулоласига асос солган буюк ҳоқон.
-Қачон ўтган?
-Ҳали динлар дунёга келмаган замонларда. Яъни Зардуштий, Яҳудий, Будавий, Насроний, Ислом динларидан кўп юз йиллар аввал.
-Аниғи?
-“ Хунлар тарихи” китобида ёзилишича, эрамиздан 1200 йил олдин.
-Ақл бовар қилмайди… Менимча, “ Алпомиш” достони кейинроқ пайдо бўлган.
-Балки?
-Хунларни Сиз Турк авлоди, деб биласизми?
-Юз фоиз!
-Дунё тан олган ҳақиқатми бу?
-Мутлақо! Бутун дунё, жумладан Хитой йилномаларида ҳам бу қайд этилган. Чин Хундан зада эди. Шунга у “ Хитой девори” ни қурган. Қўрққанидан. Ҳозир бу девор Хитойга улкан фойда келтираяпти. Ҳар куни туман – туман сайёҳлар… Бунинг учун Чин Хундан миннатдор бўлиши керак. Мен академик Л. Н. Гумилевнинг ушбу сўзини аҳамиятли деб биламан:
“ Ўз даврида ер юзида Хун салтанатига тенг келадиган давлат бўлмаган. Хун – қўрқув билмас, ёвқур эл бўлган. Турк ботирликни ўз аждоди – Хундан мерос қилиб олган”.
Умуман Хун, унинг қондош давомчиси Турк ўзи билган, билмаган ҳолда Хитой обрўси, шанъи, қудрати, нуфузини кўкка кўтарган. Хитой тарихидаги энг буюк салтанат – Тан империясини ким қурган? Турк. Туркнинг Тоба – Табғач уруғи. Бу тўғрида Хитой тили, кечмиши, адабиётини пухта билган тарихчи, этнолог, географ олим А. Н. Гумилевдан икки узанди келтираман:
“V асрда турки тобалар ҳали Хитой бўлиб ҳам улгуришмаган. Турклар хитойлашаётган бу турки элатни “ Табғач” деб аташган. Табғачнинг катталаридан бири – қадимги Тан вилояти ҳокими, лашкарбоши Ли Юан сулолага мойил киши бўлиб, бошқалари – Боюй-Со, Ван Сю-ба ва Вей Дао-Эр туркларга таяниб фитна уюштиришарди”.
Л.Н. Гумилев,”Қадимги турклар”.
“ Тан сулоласи ( 624- 774 ) асосчиси Ли Юан ҳали кўчманчилик одатларидан воз кеча олмаган хитойлашган турк бўлиб, унинг сафдошлари ҳам худди шундай бўлганлиги учун ҳам ўз кишисини тахтга ўтказишган эди. Император турк Тайқзуннинг теварагида хитой олимлари билан бир қаторда уйғур йўлбошчиси – бир қўлли Киби Хи, Турк шаҳзодаси Ашина Шэни сингари турк ботирлари бор эди. Турк Гаоцзун эса соф хитойча тарбия кўриб ўсди… Хитой асилзодалари бу сулолани “ Ёт қон” деб билар ва ундан нафратланарди”.
Л.Н. Гумилев, “ Қадимги Турклар”
-Бу сулола, Баҳодир, 150 йил ҳукм сурган. Охир оқибат эса хитойлашган. Миллион – миллион турклар… Ўйлаб кўринг.
-Отлари ғалати, Хитойча…
— Ҳозирги Туркларнинг исмлари туркчами? Деярли йўқ.
Араб босқинидан кейин араблашган. Мисол: Абдураҳмон, Муҳаммад, Маҳмуд, Абдужаббор… Робия, Зулайҳо, Фотима, Хадича… Бу отларнинг маъноларини туркилар билишадими? Деярли йўқ. Турклар ўз болаларига туркча исмлар қўйишлари ҳам фарз,ҳам қарз. Қуръонда бунга қарши оят йўқ. Ҳатто имо ҳам. Етар арабпарастлик! Арабу ўрис томонидан топталган ғуруримизни тиклайлик. На фақат тил, ҳар жабҳада ЎЗЛИГИМИЗНИ илдиз – илдизимизгача англаб олайлик. Биз туркларнинг жаҳон маданияти, илму фани майдонида ўз муносиб ўрнимиз бор. Араб, ўрис, Хитойлардан – да юксак. Шуни қон – қонимиз билан англамас эканмиз, олға дадил силжий олмаймиз.
Исм борасида мен ўзимни ислоҳ қилдим. Мамадали… Маҳмуд… Бу нима дегани? Билмайман. Ота – онам менга аллақандай етти ёт исм қўйишган. Туркбўри авлоди. Араб – чи, саҳройими, бадавийми, бир нима. Ўрис – чи? Кечагина уни немис Пётр одам қилди. Соч – соқол, жунларини олишни, немис, инглиз, французча кийинишни, уй тутишни ўргатди. Оврўпа маданиятини олиб кирди. Сергей Есениннинг “ Улуғ жанг қиссаси” дан олинтилар:
Нопок Рус, ювилмаган,
Таралмаган Рус!..
Кийими бошдан – оёқ
Немисча бутун.
Сўз қотади улуғвор
Алексеевич Петр…
Ёронлар , аҳмоқ подшо
Бош бўлди бизга.
Узоқ – узоқ юртлардан
Уста чақириб,
Питер шаҳрин қурмоқда
Немсча қилиб.
Бошқа иши йўқмикин
Подшоҳимизнинг.
Немислаштирмоқ бўлар
Не учун бизни.
Қирқади князларнинг
Мўйлов, соқолин.
Кўриб йиғлагинг келар
Руснинг аҳволин…
Эр – Риётда яшаётган Зуҳриддин Туркистоний Тошкентга келганда менга шу гапни куйиниб айтган:
-Араблар миллатчи. Арабистонда яшаётган туркларга ёт кўз билан қарайди. Яқинда 18 – қаватдан бир ўзбекни улоқтириб юборди. Бундай ҳодисалар кўп… Мусофирлик қурсин, жигарим!..
Араб дунёсида яшаётган қанча турки билан қўнишсам, ҳаммасидан шунга ўхшаш сўзларни эшитганман. Миллион – миллион туркларнинг ўлимига зомин бўлган, юртни омонсиз талаган, эркакларни қул, хотинларни чўри этган, тарих, адабиёт, ёзувимизни кул қилган шу араблар бўлади. Бунга мисол келтириб ўтирмайман. Чунки “ Бўз бўри” романимда бу муфассал акс этган.
Мен ўз отимни туркчага ўзгартирдим: Эврил Турон. Турк исмлари бетакрор: Темур, Улуғбек, Бобур, Элтузар, Ботир…
Ойюз, Севинч, Чаман, Гўзал, Юлдуз…
Ўзингники – ўзингники. Дунёда бунинг ўрнини ҳеч нима босолмайди. Бунинг қадрига етмаган қондошлардан нафратланаман. Айниқса араб, ўрис, хитой ялоқларидан. Менинг наздимда улар ҳар қандоқ ғанимдан ёмон ва тубандирлар.
Энди сизнинг эътирозингизга келсак, Баҳодир, у олис замонда ҳам Чин ичкарисидаги турклар Хитойча ном билан аталган бўлиши мумкин. Ёки Чин йилномачалари туркча отларни билиб ё билмай хитойлаштиргандирлар? Келажакда ўзимиздан чиққан туркшунослар бунга ойдинлик киритишар, деб ўйлайман. Мана, қаранг, хитойлар ҳатто “ Турк” сўзини ҳам “Ту-кю” деб бузиб талаффуз қилганлар. “Турк” сўзи “Кучли” “ Кескир” деган маънони англатади. “ Ту-кю” қандай мазмунни ифода этади? Ҳеч қандай. Бутун Хитой манбаларида туркча номлар бузилган. Турк тарихи ҳам. Шунинг учун академик Гумилев: “Халқ тарихини тўлалигича унинг душмани нуқтаи назаридан ўрганиш хатодир, — деб ёзади, — аниқ воқеалар оқими жараёнидан келиб чиқиб қадимги турклар тарихини ёзиш учун Хитой йилномаларида келтирилган барча ҳодисаларни танқидий қайта идрок қилишга тўғри келади. Иш хитой солномаларида қабул қилинган баён этиш услуби билан мураккаблашади. Йилномада “ муваффақият қозонилмади” деб ёзилган бўлса, бу доим хитой қўшинининг узил- кесил тор-мор этилишини ифодалайди. Агар “Чегарани талади” деб ёзилган бўлса, бу ё рақиб отлиқ аскарларининг узоқ муддатли босқини ёки бирор бир исёнчини қўллаш учун уюштирилган шошилинч ҳамла бўлади. Бунинг устига исёнчи ҳақида лом – мим дейилмагани учун, у ҳақдаги ахборотни бошқа материалдан излашга тўғри келади (яхшиямки , хитой тарихига оид саналар доимо тўғри берилади), воқеалар оқими қиёслаш йўли билан равшанлаштирилади. Бундай чалкашлик, ўрни билан эса сохталаштиришлар тасодифий эмас, бу йилномачининг мағлубиятини баён қилишда Хитойнинг ҳукмрон табақалари нафсониятига тегиб кетмайдиган шаклни топиш учун қилган интилишларидан келиб чиқади.
Хитой тарихёзарларининг яна бир хавфли тарихий методи бор – бу оддий волюнтаризм. Уларнинг нуқтаи назаридан турклар устидан ғалабани тушунтириб ўтиришга ҳожат йўқ: хитойлар доим ҳар ерда ғолиб бўлиши табиий бир ҳолдир. Мағлубиятларчи? Бунда айбдор –совуқ, қор – ёмғир, кўпинча доим нуқсони топиладиган саркарда ёки император. Эътироз йўқ, аскарий саркарданинг уқувсизлиги урушда наф келтирмайди, бироқ ўрта аср Хитой манбаларида жамиятдаги синфий зиддиятлар доимо ташқи воқеалардан ажратиб берилади, оқибатда, воқеалар боғланиши бузилади. Бу қийин вазият Хитой тарихини бизнинг мавзумизга тегишли жойини керагидан ҳам чуқурроқ ўрганиш йўли билангина бартараф қилинади. Жуда қийин, енгиб ўтиш оғир бўлган муаммо бу тарихий чегаралардир. Чунки хитойлар кўп шаҳарлар, ҳатто кичик кентлар номларини ҳам тез – тез ўзгартириб туришган…
“ Қадимги Турклар”.
-Менам, ўзимча, шундай деб ўйлаб юрардим, Эврил ака.
— Ҳеч бир халқ, Баҳодир, ўзига душман деб билган миллат тарихини холис ёритмайди. Айниқса Хитой. У ўзи билан ёвлашган Хун – Турк кечмишини иложи борича камситиб, бузиб ёзган. Турки исмлар масаласида ҳам шунақароқ. Яна, мана, Гумилев асаридан бир олинти:
“ Византия, арман, араб – форс тарихчилари асарларида турклар ҳақидаги дараклар узоқ – юлуқ ёки мужмал. Турки исмларни улар таниб бўлмас даражада бузиб ишлатганлар. Бунинг устига унвон ўрнига исм ва аксинча қўллашлар тез – тез учраб туради. Бироқ юнон – арман ва араб – форс манбалари умумий саҳннинг узвий қисми сифатида айрим парчаларни тўлдириш ва хитой манбаларининг шубҳали ўринларини тушуниш учун ёрдам беради…
Турклар оврўпаликлар каби туғилганидан то ўлгунича бир исм билан ўтган эмас. Турк исми доим унинг жамиятдаги мавқеини кўрсатиб турган. Болалигида лақаб, ўсмирлигида лавозим исми, эр етгач унвонли бўлган. Агар у хон бўлса унинг унвони поғонали уруш тизимига уйғун равишда ўзгариб борган.
Бундан ташқари турклар исми хитойча талаффузда бир бошқа бўлса, юнон, форс ва арабларда яна бошқача бўлган. Биз ким ва нима учун турли вақтларда ҳар хил номланишини аниқлашга муваффақ бўлдик. Мана шу жойда муаммонинг энг қизиқарли жойи бошланади: хитойлар иероглифлар турки исм эгасига яхши ёки ёмон муносабатни ифодалаш учун махсус танлаб олинган, айнан худди шу ерда хитой сиёсатининг рангларини илғаб олиш мумкин.
Исмларни танлаш бўйича ишимни VI – VII юзйилликлар учун иероглифларнинг тўғри талаффузини ва маъносини тиклаш билан шуғулланувчи хитойшунос М.Ф. Хван билан биргаликда олиб бордим. Бу маълумотларни турки сўзлар ва исм эгаларининг оти таржимаси билан ҳам чоғиштириш айрим турки исмлардан анча – мунчасини аниқлик билан танлаш имконини берди. Масалан, аввал қабул қилинган “ Ибу Шаболо Шеху Кехан” тўғриланиб “ Ирбис Ишбара Жабғу қаған” маъноси эса: “ Қор барси шафқатсиз “ қудратли оқсоқол хон” деб ўқилади. Олдинги ўқишларнинг баъзилари тузатилди. Масалан, Е.Шавани “ Бугя – Кэхан” даги “ Бугя”ни “ Билга” –яъни “доно,билимдон”деб таржима қилган бўлса, энди у “ Бўка “- “Қудратли”, деб ўқилади. Биз тиклаган исмларимизнинг кўпи фаразга асосланган бўлса ҳам мен аниқ кўриниб турган нотўғри хитойча оҳангни қолдиришдан кўра ( ўқувчи кўниккан шакллар изоҳларда қолдирилган) уларни матнга киритишни афзал кўрдим…
Турк , хитой, тибет исмлари учун халқаро транскрипсия йўқ. Ҳар бир оврўпа тилининг арфографияси бор. Чунки фонетика 1200 йил давомида ўзгариб кетди. Бундан ташқари, у лаҳжалар билан ҳам боғлиқ эди”.
“Қадимги турклар”
-Гумилев улуғ олим экан,Эврил ака.
— Мен уни Г. Е. Грумм Гржимайло, Н. А. Баскаков, Н.Я. Бичурин, С.П. Толстов, Т.М. Мелиоранский, Томсен, Маркват, Э. Молнар, Менандр, Г.В. Вернадский, В.В. Бартолдлардан ҳам юқори қўяман. Менимча, ўз замонида Хун – Турк кечмишини Гумилевчалик теран ва нисбатан холис ёзган олим йўқ. Бироқ, шунга қарамай, унинг асарларини ҳам танқидий ўрганиш лозим. У хато – камчиликлардан айромас. Босим Аталий, Заки Валидий каби туркчи олимлар Гумилевга нисбатан холисроқ кўринади.
-Гумилевнинг миллати ким?
— У шоира Анна Аҳматованинг ўғли. Билишимча, унинг томирларида ҳам Турки қон оқади.
— Ўзим Гумилев ҳақида ҳеч нарса билмасам – да, фикрингизга қўшиламан. Кўнглим шундай деяпти. Йўқса, у Хун – турк тарихи тўғрисида китоблар ёзармиди. Отлари ҳам Аҳмат… Гумил…
— Ҳа, шунақа… Боя ёдимдан кўтарилибди, Баҳодир, ҳозир эсимга келди. Турки тобалар Хитой тарихида Тан империясидан икки юз йил олдин ҳам буюк бурилиш ясаган. ВЕЙ империясига асос солган.
— Қандай?
— Мана, “ Қадимги Турклар” китобидан сўзма – сўз узанди:
“Турк Тоба¹ қавми тузган илк феодал давлати 420 йилга келиб, бутун Шимолий Хитойни бир императорликка айлантирди. Бу императорлик хитойча ВЭЙ номи билан маълум. Бу Тоба хони томонидан ўз фуқораларининг асосий кўпчилигини ташкил этувчи хитойларга
дастлабки ён босилиши ҳам эди. Кўчманчилар мағлублари билан аралашиб кетиши оқибатида V аср охирига келиб тобалар соч ўримларини кесдилар, қўл остидагилар билан мулоқат уларнинг
кучини қирқди, анъаналарини йўқ этди. Тили ва кийим – кечаги билан бирга уларни зафарларга етаклаган даштга хос шижоат ва уюшқоқликни ҳам йўқотдилар, айни чоғда ўзининг мустақил давлатини тиклашга жон – жаҳди билан курашган хитойларга сингиб ҳам
кетмадилар”.
-Барибир, кейинчалик сингиб кетишган- да, ака.
-Денгизга тушган тошдай.
-Ачинарли! Қанча турклар!.. Миллион – миллион турклар!..
-Энди, “ Алпомиш” достонига қайтсак, Баҳодир. Сезиб турибман, сиз менинг фикримга шубҳа қилдингиз. Ростини айтсам, ўзим ҳам унга унча ишонмайман. Балки, иккинчи фаразимга қўшиларсиз.
-Ўзингиз тўғри деб билсангиз.
— “ Алпомиш “достони Хун империяларининг энг гуллаган замонларида туғилган. Яъни милоддан аввалги 210 йилдан милоднинг 470 йилигача кечган даврларда. Тарих талқинича, мана шу 680 йил ичида Хун салтанатлари ер юзига ҳукмрон бўлган.
-Сал кам 7 аср – а?
Милоддан олдинги 210 йил…
Олам тарихидан ўчмас ўрин олган бу сана Осмон ва Ер тургунча яшайди. Хун салтанатининг қудрат, довруғи айни шу санадан бошланади. Яъни Ботир Тангриқут Ҳоқон бўлган йилдан. У Ўғузхон оти билан очун тарихига кирган.
Ўғузхон 26 та давлатни ўзига тобе этади. Ўғузхон биринчи галда (Эрамиздан олдинги 198 йил) Хитойни тиз чўктиради. Бойдинг тоғи жангида у Хан империяси қўшинларини бутунлай мажақлаб ташлайди. Император Лийибонг Оғузхонга ўз қизи – Нинг билан бирга беҳисоб олтин, беҳисоб ноёб нарсаларини беришга мажбур бўлади. Шу йўл билан у ўз жонини сақлаб қолади.
Хитой қарийиб юз йил Хун салтанатига ўлпон тўлайди .
Ўша замонда куч — қудратга беқиёс бу империянинг бошкенти (пойтахти) Хонбалиқ бўлади. Ўғуз ҳоқоннинг фахр, ғурурга ғарқ шу сўзига диққатингизни қаратаман:
———————————————————————————————————————————————
¹Тоба – туркча тўба
“ Бойкўл ( Байкал) дан Ҳинду Синдгача менинг ерим!..”
Ўғузхоннинг олти ўғли бўлади:
Кун (Қуёш) хон,
Ойхон,
Юлдузхон,
Кўкхон,
Тоқхон,
Денгизхон.
Ўғуз ҳоқон, ўғиллари ва кейинги авлодлари 210 йилдан (милоддан олдинги) 470 йилгача ( милоддан сўнгги), яъни 680 йил Ер юзига ҳукмрон бўлади. Бу – тарихий ҳақиқат. Абулғози Баҳодирхон ( Хива хони (1669)нинг “ТУРК ШАЖАРАСИ” китобида ҳам бу аниқ, тиниқ битилган.
Оврўпа Хун империялари императорлари ҳам айни шу Ўғузхон ( Ботир Тангриқут) уруғларидир.
— Отлари ҳам тоза ўзбекча экан.
— Ҳа шундай, Баҳодир.
— Ақл бовар қилмайди.
— Ўйлайман – ки, ўшанда маданият, санъат ривожланган. Жумладан, халқ оғзаки ижоди ҳам.
— фаҳмимча, бу тахминингиз ҳақиқатга яқин.
— Учинчи фаразимга, менимча, қўшиласиз.
— Асосласангиз.
— Ўзингиз ҳам биласиз, Баҳодир, ҳар бир миллатнинг келиб чиқиш тарихи бор. Масалан:
Француз тарихи 843,
Рус тарихи 862,
Турк тарихи 545 йилларда бошланган.
-Шундайми?
— Булар ораларидаги фарқни қиёсланг, ҳақиқат чиқади.
— Ўрис давлатчилигидан 317 йил аввал. Агар учиндан ҳам ўрис давлатчилиги бўлса…
— Тўғри, Баҳодир. Агар Тўнғу ҳоқон салтанатини ҳисобга олсак, э – ҳе,
қанча юзйилликлар олдин!
— Афсус, биз ўз кечмишимизни билмаймиз.
— Буни
Араб,
Ўрис,
Хитой яширган.
-Нимага?
— ЎЗЛИГИМИЗни англаб қолишимиздан, ўзлигимизга қайтишимиздан қўрқишган. Энди буни билишга деярли тўсиқ йўқ. Бироқ минг бўлакка бўлинган турки давлатларда бунга рағбат суст. Ўзаро аҳиллик, ўзаро бирлик етишмайди. Ҳали кўпи тобелик одатларидан қутила олмаган, ҳали кўпи манқуртлик қобиғини ёриб чиқолмаган. Уларнинг ичида яна шундайлари борки, ўз илдизларига болта уриш билан овора:
“ Биз турки эмасмиз”…
Бу сўзни айтган ва омма онгини заҳарлаётган халқ эмас, ичимизга шайтондай кириб олган бир ҳовуч ёт қон.
-Ачинарли, жуда ачинарли!
— Йўқ, бу фожеа, даҳшатли фожеа! Шайтони лаъинлар туби билан қўпориб ташланмас экан, илдизий ЎЗЛИК, илдизий БИРЛИККА эришиш қийин.Ҳозир “БУТУН ДУНЁ ТУРКЛАРИ БИРЛИГИ “деган КЕНГАШ тузиш ҳар қачонгидан кўра ҳам зарур, ҳаводай зарур. Турк оламини уйғотувчи, Ўзлигини англатувчи, турк бирлигига замин ҳозирловчи КЕНГАШ бўлади бу. Ўрис, Хитой хавфига қаранг. Эрон ҳам аждардай бош кўтармоқда. Менимча, бу КЕНГАШ Ғарбу АҚШ билан маслаҳатлашган ҳолда БМТ ёнида тузилгани маъқул. Бу, нисбатан хатарсиз бўлади.
-Чет эллардаги онгли туркилар ҳам шундай фикрдалар.
— Сезиларли уйғониш бўлаяпти. Ҳозир буни шамол десак, эртага у бўронга айланади. Ҳар қандоқ тўсиқларни янчиб ўтгувчи бўронга!..
— Тангри қўлласа, албатта.
— Мен бунга ишонаман. Энг тўғри йўл шу:
ТУРК БИРЛИГИ.
Ҳозир дунё турклари сони, менимча, Хитой, Ҳинддан сўнг учинчи ўринда. Эрондек улкан давлатнинг ҳам ярми турк. Аммо у ерда фақат форс гапиради. Қани Турк ори? Қани Ўғузхон ғурури? Қани уйғотувчи куч? Қани ЎЗЛИККА қайтаргувчи куч? Наҳот, уларнинг ичида ботир йигит – қизлар бўлмаса?..
-Гапга қизиқиб кетиб…
— Ҳа – ҳа, узр, — Баҳодирнинг оғзидан сўзини олдим, — узр. Сезгим алдамаса, “ Алпомиш” достони биринчи Турк ҳоқонлиги ( 545- 658) даврида яралган. Иккинчи ( Кўк турклар ҳоқонлиги 678 – 747), учинчи (Уйғур хонлиги 747-837) ҳоқонликлар замонларида у татар, қирғиз, уз,қарлуқ, бошқирд, ёқут,олтой, эфталит, телеут, мўғул каби турки қавмларга кенг ёйилган. Жумладан, Ўрта Осиё туркларига ҳам. Фандан аён, туркилар икки кўринишга эга:
Европаид,
Манголаид.
Тағин шуни алоҳида таъкидлайман:
Ўтроқ турклар,
Кўчманчи турклар.
Улар азал – азалдан Ўрта Осиёда яшаб келадилар. Бир сиқим форс замон зайли билан Эрондан (араб босқинида) Туркистонга келиб қолган “ Кишанланган қалблар”да буни баён этганман. Шу боис унга тўхтолмайман. Шуни урғу бериб айтаман, “ Алпомиш” достони биринчи Турк ҳоқонлиги даврида Сабир ( Сибир )да тўқилган ва сўнг Ўрта Осиё туркларига тарқаган. Чунки Сабир туркилари ( сабир, ёқут, хокос, шўр, тува ,қирғиз, олтой…) билан Туркистон туркларининг тиллари бир:
ТУРК ТИЛИ.
Агарчи улар бир қанча лаҳжа ва шеваларда қўнишсалар ҳам, ҳозиргига қараганда бир – бирларини ойдин тушунганлар. Сабаби: у замонларда бу турки кенгликларда араб, форс, ўрис унсирлари бўлмаган ва тиллар қоришмаган…
-Сўнгги фаразингиз кўнглимга ўтирди . Аммо , барибир, Алпомиш туғилган юрт тўлиқ аниқ эмасдай. Менимча, бунинг илдизига етиш учун изланиш керак. Яъни “ Алпомиш”га оид асарлар билан имкон даражасида танишиб чиқиш лозим.
-Бунга кўп вақт, кўп қувват кетади, Баҳодир. “ Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади” дегандай, Сизга тўғрисини айтсам, мен Алпомишни юзаки биламан. Узун замонлар аввал Ҳамид Олимжон, Ҳоди Зариф, Мақсуд Шайхзода, Тўра Мирза (ев), Малик Мурод (ов)ларнинг у, бу нарсаларига кўзим тушган. Бироқ булар аллақачонлар хотирамдан ўчган. Фақат шуни эслайман: Ҳамид Олимжон “ Алпомиш” достонини тартибга солган, нашр эттирган. Адашмасам , у биринчи марта “Алпомиш”нинг минг ёшга тўлганини ёзган. Сезишимча, бу бир таҳмин, халос. 1999 йилда “ Алпомиш” достони ЮНЕСКО нинг тадбирлар режасига киритилган ва у жаҳон миқёсида нишонланган. Буни сиз мендан кўра яхши биласиз. Чунки мен у пайтда номаълум қамоқда эдим.
-Ҳа, тўғри. Шуни эсласам юрагим эзилади. Сиз кўп жабр кўргансиз. Ҳаммадан кўп. 17 йил зулматда!.. 17йил сиқувда!.. Ҳалиям жонингиз тошдан экан. Тирик чиқдингиз. Тангрининг ўзи сизни асради. Бандаси баҳона.Ёруғликка чиқишингизда Ҳеллери Клинтоннинг ҳизмати беқиёс бўлди деб эшитаман. Руҳий қўлловда ҳикмат бор. Бироқ у хоним менга ёқмайди.
— Мен эса Хеллери хоним АҚШ призиденти бўлишини тангридан сўрайман.
-Озодликка келсак, Баҳодир, соғлиғимдан айрилиб чиқдим, ярим мажруҳ ҳолда. Шунга қарамай, Тангрига минг қатла шукур! Бола – чақанинг олдида ўлишнинг ўзи бир бахт. Қамоқда ўлиш душманга ҳам насб этмасин. Томирларни кесиб, ювмай, чуқурга ташлайди. Бунда нечта ўлик ётибди, бир Яратганга аён.
-Бирон ёзувчи Сиздек зулум кўрмаган. Ўзи Ўзбек элда арзигулик ёзувчи борми? Бўлса қани? Чинни ёзадиган ёзувчи? Ҳаммаси минғир-минғир… олди –қочди… ўз кўланкасидан қўрқадиган қул… Қалбсиз. “Ҳув…” деса сичқоннинг ини минг танга… Қўрқоқдан чин ёзувчи, чин шоир, чин олим чиқмайди. Анави “ Бирлик” билан “ Эрк” чиларда юрак бор деб ўйлайсизми? “Ҳой…” дегандан қочиб қолишган –ку. Қочмаганлари – Аҳмад Аъзам, Иброҳим Ҳаққул, Усмон Аъзим кабилари ялтоқликни касб этиб олишган. Аянчли ! Ҳолинг шу бўлса, нега “ Эрк”у “Бирлик”ка аъзо бўласан? Бу кунингдан ўлганинг яхши! Агар ҳукумат бошига бир иш тушса, туллаклар уни ҳам сотишади. Бир сотган одам сотаверади –да. Худди эрига хиёнат қилган хотин хиёнат қилаверганидек. Оғир дамда қочишни тўғри деб биласизми?
-Мен бунга аниқ бир нима деёлмайман.
— Ботир қочмайди!
— Қочганлар орасида қамоғу ўлимдан қўрқмайдиганлар ҳам бор.
— Кимлар?
— Муҳаммад Солиҳ, Жаҳонгир Муҳаммад, Сафар Бекжон, Шуҳрат Бобожон, Муҳаммад Ислом, Ботир Норбой, Абдулла Абдуразоқ, Юсуф Жума, Абдужалил Боймат, Пўлат Охун, Ёдгор Обид, Анвар Усмон, Абдурайим Пўлат…
-Бўлмаса нега қочишган?
-Ишини давом эттириш учун.
— Ишонмайман.
— Ихтиёрингиз.
— Чет элда ҳаммаси бир – бирига бўри. Бир – бирини кўролмайди. Бир – бирини ковлайди. Шулардан бир нима чиқади деб ўйлайсизми?
— Албатта бу фожеа! Лекин вақти келиб, гуручдан курмаги ажралади. Ҳаётнинг ўзи шунга олиб келади.
— Ишонмайман.
— Бошқа халқлар тарихида ҳам мухолифатлар аро бир – бирига ёвлик бўлган. Масалан, яқин ўрис кечмишида… Қочишга келсак, мажбурий ҳолда элчилар ҳам қочишган. Муҳаммад Пайғамбар 622 йилда Маккадан Мадинага бежиз ҳижрат қилмаган. Мусо элчи Мисрдан Сурияга қочган. Иброҳим пайғамбар ҳам қочган. Ўғузхон, Чингизхон, Темурлар ҳам бундан айромас. Ўлимдан қўрқмайдиган инсон йўқ. Ким ўзини бекорга ёнғин, сел, тўфонга отади? Ким бекорга ўз бошини кундага қўяди? Ақлдан озганни билмадим. Оқил бундай қилмайди. Эл:
“ Ўзини асраганни, Тангри асрайди” дейди.
-Ҳар нарсани оқлаш мумкин…
— Йўқ , бу ҳақиқат, Баҳодир.
— Ватан хоинларидан ҳам қаҳрамонлар ясалаяпти…
— Бу бошқа гап, ука. Ҳа, майли, икковимиз ҳам ўз фикримизда қоламиз.
— Мен йўлдаман, ака. Ҳозир тоғли ҳудудга кираяпман. Иложи бўса, Алпомиш ҳақида бир эссе ёзинг. Илдизини топиб. Ўзбек қўнғироти эканига урғу бериб.
— Бу иш қўлимдан келмайди, Баҳодир.
— Келади, келганда қандоқ!
— Мени ноқулай аҳволга қўйаяпсиз.
— Гапимни ерда қолдирманг, ака.
— Сўз бермайман, аммо бир ҳаракат қилиб кўраман.
— Яшанг…
Овоз узилди.
IIБЎЛИМ
СЎЗ
Сўз муқаддас.
Эл сўзи.
Баҳодир Хон Туркистонга: “Ҳаракат қилиб кўраман” дейишга дедиму, кейин афсусландим. Шошма – шошарлигим доим менга панд бериб келган. Нима ҳам дейман, табиатимда бор нарсани юлиб олиб ташлолмайман-ку. Минг уринмай беҳуда . Барибир бирон бир ерда “Хол” қўяман. Яна ҳам тўғрироғи “ қош қўяман” деб кўз чиқараман…
Кўп вақт ишни нимадан бошлашни билмай юрдим. Ўзимдан нафратландим. Кўнглимга ғашлик ин қурди. Шунча ўқиш , ёзишим турганда, илмий ишга қўл ураманми? Жин урсин! Алпомиш ҳақида юзлаб олимлар ёзишган. Мен улардан ўтиб нима ҳам дейман? Жин урсин! Бироқ “ Айтилган гап – отилган ўқ”. Биринчи галда менга Алпомиш ҳақида битилган асарлар керак. Уларни қаердан оламан?
Уйдан эшикка чиқишим хавфли. Балки менга қарши ҳаракат йўқдир? Лекин миямда, юрагимда хавотир бор, қўрқув бор. Бундан ҳеч қутулолмайман. Тушумда ҳам. Тушумда полислар, палачлар, ёлланмалар мени қувиб юришади. Зиндонга тиқишади. Қийноққа солишади. Бошимга қайноқ сув тўкишади. Тирноғимни қўпоришади. Тилимни суғуришади. Кўзимга чўғ тиқишади. Қўлимни кесишади. Белимни синдиришади. Қийноқ… Қийноқ… адоқсиз қийноқ… Чинқириб уйғониб кетаман. Тангрига ёлвораман: “ Уйқу берма менга, Яратган эгам!..”
Уйқу Тангридан. Тун узун. Ухламасликка тиришаман. Ҳолдан тояман. Ўзим сезмаган ҳолда пинакка кетаман. Яна туш . Яна қийноқ. Ўлимдан-да ваҳшатли қийноқ. Азобга чидолмайман. Яратганга илтижо қиламан:
-Жонимни ол!
Шундай онларда қийноқдан ўлган қисматдошларим тепамда парвона бўлишади. Қон – қон бўзлашади. Қандай дунё бу ўзи?Таг — тугига етиб бўлмайдиган дунё. Ўлган одам ҳам тириладими? Ўлган одам ҳам гапирадими? Ўлган одам ҳам йиғлайдими?
Нақадар сирли!
Ана Мансур!
Ана Комил!
Ана Ғофур!
Ана Ҳабибилло!
Сон саноқсиз!..
Мени чорлашади:
“ Бу ер тинч, бу ерда дажжоллар йўқ, буёққа кел, кўп қийналиб кетдинг, буёққа кел!”
Шу пайт полис дубинка билан қулоқ чаккамга қарсиллатиб уради. Кўзларимдан мингларча учқунлар сачрайди, юлдузларга айланиб. Додлаб уйғонаман.
“ Тангрим -эй, мени тушдан қутқар!” дея Унга ёлвораман.
У мудҳиш кун эсимда. Худди ҳозиргидай эсимда. 1999 йил. 19 феврал . Куппа кундуз куни мени ўғирлаб кетишди. Қора ниқоб кийган дажжоллар. Ўз маҳалламда. Ўз эли, эрки учун курашган одамни. Ватан озодлигини ёзган ёзувчини. Куппа кундуз куни ўғирлаб кетишди. Қонунни оёқ ости қилиб. Номаълум зиндонга. Қуролланган палачлар. Советлар даврида эл- юртимиз Мустақиллигига қарши турган палачлар. Ўрисга хизмат қилган дажжолар. Тили ёт, қони ёт палачлар! Энди қиёфаю, тилларини ўзгартирган палачлар.
16 йил 7 ой кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қийноқларни бошимдан кечирдим. Шунга қўрқув борлиғимга канадай ёпишиб олган. Ҳар чанд уринсам ҳам ундан қутулолмайман. Остона ҳатлаб кўчага чиқишга юрагим бетламайди. Хатарли . Таҳликали. Менга шундай туюлади. Мана — мана дажжолар мени занжирбанд этадигандай, мана — мана дажжолар мени чавақлаб ё отиб кетадигандай. Бу ҳам бир нав, ҳатто яқин дўстимга ҳам ичимда ишонмайман, у билан бир пиёла чой ичишга ҳам чўчийман. Худди пиёламга оғу солиб қўядигандай. Фақат тунлари эмас, кундузлари ҳам эшик, дарчаларни қулфлаб, занжирлаб юраман. Уйга келган ҳар бир кишидан шубҳаланаман:
“ У ёқнинг одамимасмикан?..”
Ё , Тангрим, нимага мен мунча қўрқаман? Жоним шунча ширинми? Бир бошга бир ўлимда. Бироқ… бироқ… Мендаги қўрқув бошқачадай. Гўё мен юрагимдаги дарду аламларни ёзолмай кетишдан қўрқаётгандайман. Ҳар нўчук менга шундай туюлади. Азиз ўқувчи, балки сен: “ Шуни баҳона қилиб, қўрқувини хас- пўшлаяпти”, деб ўйларсан? Мен бу ниятдан узоқман. Яна қайдам? Ўзимни- ўзим ҳам яхши билмайман. Ўзини- ўзи билмаслик ҳам фожеа. Балки, сен ҳақдирсан.
Балки, ҳозир шу қўрқоқлигим сабабли бошим қотаётгандир? Йўқса,
“ Алпомиш” достонига тегишли асарларни йиғиб олиш менга муаммо туғдирмасди. Қўрқоқман. Шундай экан, қандай қилиб бу муаммони ҳал этаман? Ўйлайман. Қайта — қайта ўйлайман. Ногоҳ кўз олдимга ёзувчи дўстларим Мирёқуб Қобил келади, Мамадали Эрон келади. Мирёқубни мен “ Қомусбек” дейман. У билмаган нарса йўқ. Жаҳон классик ва ҳозирги адабиётини, тарихини, халқларнинг этнографик келиб чиқишларию жўғрофик ўринларини беш бармоғидек билади. Қисқаси, қайси соҳадан сўрасангиз, жавоб беради. Яна билмаган тили йўқ. Унинг олдида Афлотун ҳам ип эшолмайди. Ўзбекэлда бундай киши кам учрайди. Лоф дейсизми? Ўзингиз биласиз. Мен ўз фикримга содиқман.
Мирёқуб Қобил ўз феъли, ўз ўй- хаёлу, ўз фикри билан яшайди. Бу борада у ҳеч кимга ўхшамайди, фақат ўзига ўхшайди. Етмиш ёшида ҳам оппоқ соч- сақоли билан велосипедда юради. Туғилган юрти — қадимги Қушонлар салтанатининг муваққат бошкенти — Пайшанби ( Ҳозирги Самарқанд ўлкаси, Оқтоғ этаклари, эски номи Гирди Қўрғон)га ҳам, тоғларга ҳам велосипедда боради. Саёҳатга жон- дили билан қизиқади. Тоғларни севади. Кўп ўқийди. Мен билмаганларимни ундан сўраб биламан. У ҳаддан ортиқ Художўй.Зардушт, будавий, мусовий, насроний, ҳамма динларни пухта ўрганган. Исломни сув қилиб ичган. Қуръонни ёд билади. Ўн тўртта мулла, иккита имон етиштирган. Аммо, сўнг исломдан қайтган. Сабабу тафсилоти тўғрисида вақт келганда ёзаман. Ҳозир мавруди эмас. Мавзу ҳам, эссе ҳажми ҳам буни кўтармайди. Фақат бир сўз айтаман, Мирёқуб Қобил дину воситаларсиз, яъни тўғридан-тўғри Яратганга сиғинади. Сиғинганда ҳам юраги билан, борлиғи билан. У Баҳоийни ҳақ деб билади. Ўзтурк ( Рауф Парфи) тили билан айтганда, Мирёқуб Қобил дарвеш табиат. Феълида қаландар сифат томони устивордек. Албатта , бу менинг нисбий фикрим.
Мирёқуб Қобил шайх Муҳаммад СодиқМуҳаммад Юсуф билан Ислом дини ҳақида баҳслашганда, уни рад этиб бўлмас далил — асослар билан мот қилган. Китобларидаги хато -камчиликларни (хусусан талоқ масаласидаги ёздиқларини) юз- хотир қилмай кўрсатиб берган. Кўчирмачилигини ҳам… Ўз номидан шогирдларига ёздиришларини ҳам қоралаган. Ҳозирги Ўзбекэл муфтиси ҳам Мирёқубнинг диний билимига лол қолган.
Мирёқуб Қобил ҳажга боришни, қоратошу авлиёларга тобинишни хушламайди. Худди Қарматийлар мисол. Унингча шайтонга тош отиш телбалик. “ Каъба — пул ишлаш масканига айланиб қолган, — дейди, — ўз уйингда, ишхонангда, сафарда ёлғиз Тангрига сажда қил. Фақат ёлғиз Тангрига. Бошқаси ширк. Фақат юракдан тобин. Шунда вожиб бўлади. Унутма, Ер — Тангрининг уйи. Каъба ҳам шунинг бир митти бўлаги…”
Мамадали Эронга келсак, у содиқ йўлдош. Яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам. Ўзбекэлга севгиси беқиёс. Камбағал бўлса ҳам етим -есирларга ёрдам қилгиси келади. Бошига мусибат тушган йўлдошидан сўнгги чақасини ҳам аямайди. Содда, жайдари ўзбек. Шу икки йўлдошим — Мирёқуб ва адашим билан маслаҳатлашаман. Фақат “Алпомиш” ни ўқиганимдан кейин. Ҳар қалай, у ҳақда олдиндан маълум билимга эга бўлай дейман — да. Бировнинг олдида мулзам бўлишдан ёмон нарса йўқ.
“ Алпомиш”, “ Ғўрўғли”, “ Кунтуғмиш”…ларни болалигимда эшитганман. Олис болалигимда. Гўё минг йиллар ўнжа. У замонлар энди менга чўпчакдай туюлади. Ўзи инсон ҳаёти ҳам афсона эмасмикан?” деб ўйлаб қоламан баъзан. Тушнинг биз идрок қилолмайдиган бир мураккаб туридай гўё. Тангри уни бизга чин кўрсатиб қўйган бўлса не ажаб?
Хотира — бўғча ё ҳозирги тилда айтганда компютер эмас. Достонларнинг номларинигина эслайман. Уларда кечган воқеалар эса кўз олдимда ғира — шира ва чалкаш — чулкаш тарзда милтирайди. Худди сўнаётган чўғдек.
Чўкаётган ғариб тоғлару яланғоч қоялар билан қуршалган Боғдонда қиш қаттиқ келади. Эллигинчи йилларда қор шу даражада кўп ёғардики, баъзан унинг бўйи томга тенглашарди. Гоҳида қашшоқликдан дарак берувчи ясси томли, лой сувоқли кулбалар кўринмай ҳам қоларди. Қор босган қопини очиш, ёзилма ва ошхонага йўлак солиш муаммо эди. Муз қотаётган қушлар жон талвасасида ичкарига пир — пир кириб, бурчакларни макон айларди. Гоҳо қор бўрони туну кун тинмай ўкурарди. Куртук (қор уйумлари)лар тоғ — тоғ бўлиб кетарди. Қўрадаги қўйлар қақшатгич совуқдан нобуд бўларди. Баъзан қоришқул (бўри) лардан ҳам. Оч бўрилар қишлоқ теварагида тинмай изғиб, тинмай улиб, юракларга ваҳима соларди. Бўғомбир қояси остида яшовчи Пошшо отли кишининг қизи ҳожатхонага чиққанда, бўриларга ем бўлади. Боғдонликлар одам ер қашқирларни “ Дўлти бўри” дейишарди. Қора тунларда кўз очирмас бўрон забтида манзилларига етишга улгурмаган йўловчилар ҳам улардан қочиб қутилолмасдилар. Боғдонни ваҳима қуршаб олганди. Хотинлар йиғлоқи болаларини:“Жим, жим деяпман, ана, дўлти бўри келаётти” деб қўрқитардилар.
Ғариб, совуқ кулбаларда на свет, на газ, на радио бўларди. Узун тунлар жинчироқнинг хира ёруғида оқ, кўк, қора… пўстаклар тўшалган сандал теварагида ўтириб, эртак, достонлар тинглардик. Эркак, хотин, ўғил, қиз баравар. Боғдонда азалдан эркак — аёл тенг ҳуқуқли бўлган. Хотин — қизлар ҳеч бир замонда паранжи- чочвон ёпинишмаган. Очиқ- ойдин, эмин — эркин юришган.
Тоат — ибодатга ҳам унча мойилликларини сезмаганман. Шаҳар кўрган бир- икки чала муллани айтмасам, ҳеч ким номоз ўқимасди. Боғдонликларда ўтчилик одатлари сақланиб қолган. Ҳар бешинчи куни ( жума) бўғирсоқ, юпқа, чўзмалар пиширишар, етим — есирларга улашишар, уйлари бурчакларию мозор бошларига чироқлар ёқишар, киши ўлса таёқ тутишар ҳамда зикрга тушушарди. Тўйларда ҳовлилари ўртасида улкан гулхан ловуллаб ёниб турарди. Эркак , аёл ўлан айтиб, олов айлана гурса- гурс ўйнардилар.
Киши шамолласа ҳам бахши олов ёқар, исириқ тутатар, ёнаётган латтани ҳай — ҳуйлаб хастанинг боши узра айлантирар, сўнг эса елкаларини қоқар, қулоқларини чўзар, энсаси билан чаккасини кафтлари орасига олиб сиқар ва ниҳоят тешикдан¹ ўтказарди. Мени ҳам шу усул билан Ғазна, Рўзи бахшилар даволашган. Ҳар иккови ҳам йиғи, сувхотин, тўй- маросим қўшиқларини эшиб куйлашарди.
Ҳамманинг ҳовлиси деворсиз, эшиклари қулфсиз, ҳалқасиз эди. Зарурат юзасидан уй эгаси бирон ерга боришни истаса, қопини ёпарди. Ҳайвон кирмаслиги учун. Улус ўғрилик, ғарлик, умуман ҳар қандай бузуқчиликдан узоқ яшарди. Ор- номусни ўлимдан ҳам устун қўярди. Полис уруғини кўрмаганман. Қишлоқ оқсоқолининг ўзи милиса, суд, прокурор, КГБ эди. Пора олиш, бериш деган нарса у ёқда турсин, “пора” сўзининг ўзи ҳам бўлмаган.
Боғдонда Оқилбек бахши, Султон бахши, Усмон тўполон отли кишилар бўлгувчи эди. Очунни тўлдириб юрардилар. Оқилбек бахшининг қўлидан тут оғочидан ўзи ясаган дўмбираси тушмасди. Мен уни сира хомуш ҳолда кўрмаганман. Кўк эшагига ўтириб олиб, дўмбирасини чертиб куйларди. Ўзи тўқиган узундан- узун мана бу ан- (қўшиқ)идан тўрт қатори эсимда қоган:
Бургут бўлиб яша ўғлим,
Четлаб ўтар сени зулум.
Тўғри бўлиб яша ўғлим,
Четлаб ўтар сени ўлим.
Оқилбек бахши ўнлаб достонларни ёд биларди. У дўмбирасини булбулдай сайратиб, “ Алпомиш”ни куйлаганда, еру кўкни оқ тўзонларга кўмиб ўкираётган бўрон тинар, оч бўрилар увлашдан тўхтар, қўни — қўшниларга тўлган муз кулбамиз исиб кетарди. Ё менга шундай туюлармиди, билмадим. Оқилбек бахши эҳтиросга берилган онларда
———————————————————————————————————————————————————¹Болани бир тешикдан киритиб, иккинчи тешикдан чиқаради. Бу тешиклар (ерни ўйиб) махсус ясалган.
ўзини ҳам унутар, достонларга ўз сўзларини ҳам қўшиб юборар эди:
Ботир бўлсанг, чиқа бергин майдонга,
От — потингман отадирман осмонга.
Алпомишман, сенга бермайман омон,
Қалмоқларга солай қиёмат замон…
Султон бахши юз — кўзинг демай унга тўнғилларди:
— Тўғри айт- да, тўпори, аслида ундоқмас, бундоқ:
Сен мард бўлсан, чиқа бергин майдонга,
От — потингман отайинми осмонга.
Алпомиш дер сенга бермайман омон,
Қалмоқларга солайин охир замон.
Ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, доим шовқин — сурон солиб юрадиган Усмон тўполон Оқилбек бахшининг тарафини оларди:
— Асли дейсан, аслида аниқлик етишмайди, эси пас, оҳанг ҳам бузилган. Охирги икки қаторга боқ:
Алпомиш дер сенга бермайман омон,
Қалмоқларга солайин охир замон.
Уста Оқилбек¹ узукка кўз қўйгандай “ Мард” ўрнига “ Ботир” сўзини қўллаган. Ботир ўзимизча — да, эси пас, мард мўлтаничами, бир нима.
— Майдакаш, тентак.
— Энангга тортибсан.
— Сопи ҳисобми, қопи?
— Ўл — э, эси пас…
Бу уч йўлдош ҳақ йўлида бир — бирини аямаса — да, бир — бирини ички меҳр билан севарди. Адашмасам, уста Оқилбек бахшилик ва билимда йўлдошларига нисбатан бир қадам олдинда юрарди. У “ Бобир -нома”ни бошдан — оёқ биларди. Илк бор мен бу ғаройиб асарни Оқилбек бахши оғзидан эшитганман. Ўшандан бери мана бу тўртликлар эсимдан чиқмайди:
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.
Яхши киши кўрмагай ёмонлик ҳаргиз,
Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур.
Толеъ йўқки жонимга балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб Ҳинд сари юзландим,
———————————————————————————————————————————————————¹Уста – уста Оқилбек оғочдан эшак, от , туя эгарлари, хонтахта, бешик, сандиқ, товоқ — қошиқ, кели, ҳуллас турли нарсалар ясарди.
Ёраб нетайки, не юз қаролиғ бўлди.
“ Бо Турк ситеза макун, эй мири Биёна,
Чолакию мардинагин Турк аёнаст.
Гар зуд наёию насиҳат накуни гўш,
Онжаки ки аёнаст чи ҳожат ба баёнаст”.
Эсимда , сандалда оёғимизни сўнаётган чўғга тоблаб ўтирарканмиз,
юрак ботиниб Оқилбек бахшидан: “ Буни тушунмадик, оға?” деб сўраганман. У форсча бир сўз билмаса ҳам, сезги ва зеҳни
ўткирлигидан шуни айтган. Бу сатрлар хотирамда абадга сақланиб қолган:
Турк билан ўйнашма эй Биёна беги,
Туркнинг ботирлиги дунёга аён.
Сўзимни олиб тез келмасанг агар
Ҳожат йўқ аённи айлашга баён.
Кейин Оқилбек бахши: “ Болалар буюк боболари кечмишларини билишса яхши бўлар” деган ўйдами, бизга ушбу тарихни баён этган:
“ Диққат билан эшитинглар, болалар. Бобур Темурнинг бешинчи буғини бўлади. Улуғ Темурнинг Мироншох ўғлидан Султон Муҳаммад, ундан Абдусаид, Абдусаиддан эса Умаршайх туғилади. 1483 йил 14 феврал куни Бобур дунёга келади. Бобур – арслон дегани. У 12 ёшида отаси Умаршайхнинг ўрнига Андижон тахтига ўтиради. Бобурнинг 4 ўғил, 3 қизи бўлган. Камрон ўғли шеърий девон тузган. У 20 ёшида “Хатти Бобур “ Ёзув ( алфавит)ини кашф этган.
Буюк Бобур асос солган Ҳиндистондаги империя 375 йил ҳукм сурган. Мана, унинг ўғиллари, невара, чеваралари, қисқаси, шох бўлган уруғлари шажараси:
Ҳумоюн,
Акбаршох,
Жаҳонгиршох,
Шох Жаҳон,
Аврангзеб Оламгир,
Баҳодиршох,
Фаррухшох,
Муҳаммадшох,
Аҳмадшох,
Оламгир ll ,
Шох Оламгир,
Акбаршох,
Баҳодиршох.
Мадраса ё бирон ўқув юртида ўқимаган Оқилбек бахшида туғма ихтидор, олмас хотира бўлган. Буни мен Боғдон ойдинларидан эшитганман. Бир эмас, бир неча марта. Ундан бери кўп сувлар оқиб ўтди. Мен ҳамон ойдинлар фикрининг қулиман.
III БЎЛИМ
СЎЗ ЗАҲРИ
Киши гўзал аёл томонидан севилса,
у бало- қазолардан омон қолади.
Зардушт.
Аччиқ сўз илон заҳаридан ҳам ёмон.
Ғазна бахши сўзи.
Нафс отани боладан, оғани инидан
айиради.
Эл сўзи
Ҳукмдор адолатли ва юксак фазилатли
бўлиши керак.
Темур ҳоқон.
Мамадали Эрон сўзимни икки қилмади. Ўзбек¹, ўрис ²тилларида нашр этилган “ Алпомиш” достонларини менга олиб келиб берди. Уларни синчиклаб ўқиб чиқдим. Тўғрисини айтсам, болалик онларимдаги тасаввурим ўзгарди. Болаликдаги таассуротлар гўзал бўлади. Кексалик- қарашларни жўнлаштиради, юрак ҳам, ҳис — туйғулар ҳам совуш ва ҳорғинликка юз тутади. Оламда вақт зарбасига учрамайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Ер, ой, қуёш, юлдузлар ҳам бундан айромас. Фақат улар аро вақт ўлчови ҳар хил. Бири узун, бири қисқа яшайди.
Вақт — туғдирувчи,
Вақт — емирувчи,
Вақт — ўлдирувчи…
Булар доимий тарзда бир — бирлари билан ўринларини алмаштириб турадилар. Даҳолар даҳоси Абу Райҳон Беруний тараққий этиш, йўқ бўлишга сабаб бўлган табиий ҳодисаларни текшираркан, дейди: “ Денгизлар қуруқликка, қуруқликлар денгизга, саҳролар водийга, водийлар саҳрога, тоғлар текисликка, текисликлар тоғларга айланади. Табиатда қотиб қолган
нарса йўқ. Дунёдаги ҳамма нарса маълум вақтдан кейин бир ҳолатдан
иккинчи ҳолатга ўтиб туради”.
Темур ҳоқоннинг ушбу сўзи ҳам одамни ўйлантириб қўяди: “ Тангридан
бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарса абадиймас. Ҳатто дунёга нур сочиб турган қуёш ҳам бир куни сўнади”.
Шу фикрлардан келиб чиқиб қаралса, “ Алпомиш”га нисбатан мендаги
ўзгариш ҳам табиий бир ҳолдек туюлади. Қолаверса, болалигимда мен
“Алпомиш”ни қандай бўлса шундай қабул қилганман. Энди эса?.. Мендаги бу ўзгаришни эссе давомида уқиб оларсиз.
Турки элларда етти ота- бобосининг отларини билиш ҳам қарз, ҳам фарз ҳисобланади. “ Алпомиш “ достони шу одат, шу анъанага амал қилган ҳолда ўқувчини воқеалар уммонига етаклайди.
Ўн олти уруғ Қўнғирот элида Добонбий ўтган. Ундан Алпинбий туғилган. У икки ўғил кўрган:
Бойбўри,
Бойсари.
Бойбўри ўн олти уруғ Қўнғиротга хон бўлган, Бойсари ўн минг ўтовли Қўнғиротга бош бўлган. Икковининг ҳам бойлиги еру кўкка сиғмаган. Аммо иккови ҳам фарзандга зор бўлган. Ўн олти уруғ Қўнғиротнинг юзга айтар жайдари эли гап қилган:
“ Қариса суянчиғи йўқ”,
“ Ўлса йиғловчиси йўқ”,
“ Бойлигини, шойлиги¹ни кўтариб кетадими?”
“ Алпомиш” эпосида бу шундай баён этилган:
“ Ана энди ўн олти уруғ Қўнғирот элида бир чупрон тўй бўлди… Шу тўйга барча халойиқлар йиғилди. Бийлар ҳам тўйга келди. Тўйдаги катталар
илгаригидай иззат қилиб… бийларнинг кўнглини хушламади, отини ушламади, остига либос ташламади, ошнинг кетини — бетини тортмади”.
Бу муомаладан бийлар эзилади ва бунинг сабабини сўрайди. Саволга достонда қуйидагича жавоб бор:
“ Бу сўзни эшитиб, ўн олти уруғ Қўнғирот элида пайга бетдан туриб бир чапани тоб бойваччаси айтди: — Эй, Бойбўри билан Бойсари! Бу тўй ўғиллининг ўғлидан қайтади, қизлининг қизидан қайтади, сенинг нимангдан қайтади?! Ўзинг ўлсанг, номингга хар мерасхўр чиқади, оғзига одам кириб кетади. Сенинг бундан буёқдаги ейдиганинг ошнинг кети – бетибўлади. Биз сенинг давлатингни бўлиб оламизми?”
Бийлар булардан бу гапни эшитиб, хафа бўлди. Хафа бўлиб, саксон тилла чупронга ташлаб, туриб кетди. Бориб чечиб минди бедов отди, иккови уйига етди. Иккови қилди маслаҳатди, бу сўз икковига жуда ботиб кетди… Бойбўри айтди: — Шу ердан Шоҳимардон пирнинг равзаси уч кунчилик йўл келар экан,
ҳар ким бориб тунар экан: давлат талаб давлат тилар экан, фарзанд талаб фарзанд тилар экан… қирқ кун тунаган киши муродига етиб қайтар экан. Биз
ҳам борсак, назру ниёзимизни берсак, Шоҳимардон пирнинг равзасини тунаб, биз ҳам бир фарзанд тилаб кўрсак”.
Шундай қилишди. Шоҳимардон пир равзасида қирқ кун Яратгандан фарзанд тилаб ётишди. Оҳлари Тангрига етди. Ойлар ўтиб, Бойбўри қиз-
———————————————————————————————————————————————————¹Шойлиги – Щохлиги, хонлиги маъносида.
ўғилли бўлди. Бойсари қизли. Элга қирқ кечаю қирқ кундуз тўй беришди. Шоҳимардон пири қаландар қиёфасида тўйга келди. Достонни эшитинг:
“ Шоҳимардон пири Бойбўрининг ўғлини отини Ҳакимбек қўйди, ўнг кифтига беш қўлини урди. Беш қўлининг ўрни доғ бўлиб, беш бармоғининг ўрни билиниб қолди. Қизининг отини Қалдирғочойим қўйди, Бойсарининг қизининг отини Ой Барчин қўйди. Ана шунда Шоҳимардон Ҳакимбекка Ой Барчинни аташтириб, бешиккерти қилиб: “Бу иккови эру хотин бўлсин, Ҳакимбек билан ҳеч бир киши баробар бўлолмасин, омин оллоҳу акбар”, — деб фотиҳани бетига тортди”.
Ойдан — ой ўтди. Болалар уч ёшга тўлишди. Учовини ҳам мактабга беришди. Етти ёшида ўқиш — ёзишдан узишди. Шунда Бўйбўри: “ Энди ўғлимга шоҳлик, сипоҳлик илмини ўргатаман” — деди. Бойсари оғасига таассуб қилди: “ Қизимга Кўкқамиш кўлида қўй соғдириб, туёқлик илмини ўргатаман” деди.
Ҳакимбек етти ёшида Алп отини олади, ботир бўлиб элга танилади. Бу воқеа достонда жонли Қўнғирот шевасида мадҳ этилган:
“ Алпинбий бобосидан қолган ўн тўрт ботмон биричдан бўлган парли ёйи бор эди. Ана шундан етти яшар бола Ҳакимбек шул ўн тўрт ботмон ёйни қўлига ушлаб, кўтариб тортди, тортиб қўйиб юборди. Ёйнинг ўқи яшиндай бўлиб кетди. Асқар тоғнинг катта чўққиларини юлиб ўтди, овозаси оламга кетди… Шунда барча халойиқлар йиғилиб келиб айтди: “ Дунёда бир кам тўқсон алп ўтди… охири бу Алпомиш алп бўлсин. Тўқсон алпнинг бири бўлиб санага ўтди”, деди. Алпомиш от қўйилди”.
Кунлардан бир кун гапдан гап чиқиб Бойбўрибий ўғлидан сўрайди: — Киши
нимадан бахил бўлади, нимадан сахий бўлади. Алпомиш отасига шундай жавоб қайтаради: — … Кишининг моли закотга етса, закот берса бул ҳам сахий экан. Агар закот бермаса, бул ҳам бахил экан. Бойбўрибийни хаёл олиб қочади: “ Мен ўн олти уруғ Қўнғирот элининг ҳам бойи бўлсам, ҳам шойи бўлсам, мен кимга закот бераман. Менинг давлатимда ёлғиз иним Бойсари бахилликка чиқиб кетмасин”, — деб, ўз кўнглида: “ Бойсарибий укам менга закот берса керак”, — деб ўйлади. Ўйлаб: — Бойсарига боринглар, Бойсари ўз розичилиги билан бир чичқоқ улоқни закот деб менга берсин, закот ўрнига ўтар — да, Бойсари бахил бўлиб, бахилликка чиқиб кетмасин, — деб ўн тўрт маҳрамини буюрди”.
Маҳрамлар Бойбўрибийнинг гапини Бойсарибийга етказишади. Бу сўз Бойсарининг жон- жонидан ўтиб кетди. Бу сўз унинг борлиғига оғу бўлиб ёйилди. Аламу ғазабга миниб, ўз одамларига: — Ушла баччағарларни! — деб буюрди. Улар маҳрамларни битта- битта тутишди. “ Еттовининг қорнига қозиқ қоқиб ўлдирди. У еттовининг қулоқ, бурнини кесиб, ўзларига егизиб, отига чаппа мингизиб, отнинг устига тортиб бойлаб, “ Мана буни закот деб айтади”, — деб Қўнғирот тарафига ҳайдаб юборди”.
Шундан кейин Бойсарибий ўзига қарашли ўн минг уйли Қўнғирот элини тўплаб, уларга оҳини айтади:
Оҳ урганда кўздан оқар сел — сел ёш,
Маслаҳат бер, ўнг минг уйли қариндош.
Қўнғиротдан молга закот келибди
Маслаҳат бер, ўн минг уйли қариндош.
Дарди қул дардимни кимга ёраман,
Айрилиқ ўтига бағри пораман,
Муна элда сиғинди бўп тураман
Ўз акамга қандай закот бераман?!
Маслаҳат бер, ўн минг уйли қариндош!
Муна элда мен ҳам бекман, тўраман,
Ҳар на қисмат ёзилгандан биламан,
Азалий тақдирга нимиш қиламан
Ўз акама қандай закот бераман?!
Ўз акама ўзим закот бергунча,
Қалмоқ бориб жузъя бериб юраман.
Маслаҳат бер, ўн минг уйли қариндош!
Сен эшитгин Бойсарининг тилини,
Акам бизга миннат қилди улини,
Сабил қилиб кетай Бойсин элини,
Маслаҳат бер, ўн минг уйли қариндош!..
Элдан садо чиқмади. Бойсарибий яна нидо қилади:
Қулоқ солинг Бойсарининг тилига,
Кўчиб кетайин мен Кашал элига.
Давлат қўнса бир чивиннинг бошига,
Семруғ қушлар салом берар қошига,
Банда кўнар Тангри қилган ишига,
Қулоқ солинг Бойсари нолишига,
Қалмоқ бориб қўнсам Чилбир дашига…
Хазон бўлса боғда гуллар сўлмайми,
Ўз элимда сиғинди бўп юргунча,
Бўлак юртда кун ўтказиб бўлмайми?..
Асқар тоғнинг бошин чалгандир туман,
Энди менинг бунда турмоғим гумон,
Қалмоқ элга мен кетарман бул замон.
Қариндошлар, эшит айтган сўзимни,
Ёш тўлдириб бунда икки кўзимни.
Улсизлигим акам бунда билдирди.
Қаттиқ таъна қилди менинг қизимни.
Ўн олти уруғ Қўнғирот элида Яртибой деган оқсоқол бор эди. У Бойсарибийни қўллади:
Ушбу дамнинг дамларини дам дема,
Бошинг эсон, давлатингни кам дема,
Кетар бўлсанг олис қалмоқ юртига
Бул элатни қолар деб ҳам ғам ема.
Қайда кўчсанг, бизлар бирга борамиз…
То ўлгунча сенинг билан бўламиз…
Эргаштиргин бундан қанча кишини,
Ёмон билдик Бойбўрининг ишини.
Бирга кўчсак, бирга — бирга борамиз,
То ўлгунча сенинг билан бўламиз.
Яртибой оқсоқолнинг сўзини ҳамма маъқул топди:
“ Яртибой оқсоқол рост айтади. Бойбўрининг феъли кетди, бу ўз инисидан закот олса, бизлардан тортиб олса ҳам олади. Бойсари кўчиб кетса, бизларни Бойбўри сира қўймайди, Бойсари ўлик ерда- ўлик, тирик бўлса — тирик: энди Бойсин— Қўнғирот юртини Бойбўрига бўшатиб берайлик.
Ўн олти уруғ Қўнғирот элидан ўн минг уйли экин экмоқни билмайдиган элибойлар айрилиб, Бойсарига қўшилди. Булар ҳаммаси бой, қўйли, туяли, молининг сони йўқ эди: буларнинг ичида моли йўқ деган камбағалининг қирқ минг туяси бор, қўйининг сонини, ададини ўзлари ҳам билмас эди. Ўра ўра, бир қўра, икки қўра, ўн қўра қуй, деб санагани шул эди. Йилқи, молларини бир уюр фалон тўқайда юрибди, икки уюр фалон тўқай ерда юрибди, дер эди. Сонини санамоқни ҳеч қайсиси билмас эди. Булар қишдан ёзга экин экмай, мол бойлик қилар эди. Шунинг билан овқатларини ўтказар эди. Бойсарибийнинг йилқисининг сони шул эди: тўқсон тўқай йилқиси бор эди. Тўқсон тўқай дегани — йилқиси ҳар ерларда, тўқайларда, тоғларнинг дарасида, тўқайли ерларда ёйилиб юрар эди. Лекин йилқисининг- молининг сонини ҳеч билмас эди. Моли кўп эди…
Бойсарибий бошлиқ ҳаммаси юки — ёбини, танга- тиллаларини, хазина- дафиналарини ҳам туяларига юклаб жўнай берди. Аёлларга ҳам яхши отларни олиб келиб тортди… Барчиной энасига бир сўз деб турибди:
Бой отамман. Бий бобома не бўлди?..
Оҳ уриб йиғлайди мендайин санам,
Қолмоқда қолар — да гулдайин танам…
Бунда турмай, қалмоқ элга борарсан,
Қалмоқлардан кўп зулмни кўрарсан…
Бой отамман бий бобома не бўлди.
Насиҳат қилмабсан, эна, муштипар…”
Эпосдан узундан – узун узандилар келтирганим учун, балки, айрим йўлдошларим эътироз билдиришар? Уларни ҳақ деб биламан. Бироқ мен ўз истагимга қарши боролмадим. Нега? Мақсадим: бир сўзга урғу бериш эди.
Яъни бир сўз қудрати ва таъсирига…
Бир сўз қудрати ва таъсири…
Кўрдингиз, бир сўз оға – ини ўртасига ўнглаб бўлмас совуқчилик солди. Шу бир сўз сабаб Бойсари, хотини, қизи, ўн минг уйли Қўнғирот эли ҳаёти остин – устин бўлиб кетди. Бойбўри укасидан ўлпон сўрамаганда, шу ҳол юз берармиди? Йўқ. Эски – эски замонлардан бери сақланиб келаётган турмуш тарзлари, удумларию, қариндош – уруғчиликлари ўзгаришсиз давом этаверарди. Менимча, бу ерда фақат Бойбўрини айблаш нотўғри. Бойсари ҳам кечирилмас хато қилди. Унинг қизиққонглиги ва енгилтаклиги оқибатида ёзуқсиз маҳрамлар ўлдирилди, мусла этилди. Ундан оғаси номига: “ Иним гуноҳга ботмасин” деб бир чичоқ улоқ сўраганди. Закотга. Закот эса Ислом дини устунларидан бири ҳисобланади.
Ҳалокат ёқасига олиб борувчи иккинчи, учинчи хатолар ҳам Бойсарининг худбинлиги, калтабинлиги, жоҳиллиги туфайли рўй берди. Унинг сўзи билан ўн минг уйли Қўнғирот эли ўз ота маконини, қадирдон яйловини ташлаб, тинч, тўкис ҳаётидан кечиб, ёт юртга юз тутди. Чексиз саҳро, тўқсон тоғ, сонсиз давонларни кечиб ўтувчи олти ойлик йўл азобини ўйлаб кўринг! Хатарли, таҳликали, даҳшатли йўл азобини! Яна хотин – халаж, бола – чақа, тумонат – тумонат қўй, мол, от, туялар билан…
“ Йўл азоби – гўр азоби” дейди эл. Достонда бу ҳол бутун фожеаси билан тасвирланмаган. Хира, қисқа акс этган:
Олтойчилик йўлдир қалмоқ ораси,
Бораётган Бойсун элнинг тўраси.
Бошида бор эди зардан жиғаси
Ёз бўлса яйлови Аму ёқаси,
Мусофир бўб қалмоқ кетиб боради;
Ўн минг уйли Бойсун элнинг тўраси.
Ёмон билиб Бойбўрининг сўзини
Бермас бўлиб Барчинойи қизини
Чўлларда сарғайтириб гулдай юзини
Ёш тўлдириб бийлар жоду кўзини
Айрилиқ ўтига бағрини доғлаб,
Олтойчилик йўлга кетди бу бойлар,
Мусофир бўб, қалмоқ юртин сўроқлаб…
Неча бир жойларга талонлар тушди,
Молнинг олди қалмоқ юртга етишди.
Тўқсон тоғдан кети узилмай ошди…
Оға – инилар орасидан қора мушук ўтгани учун ўн минг уйли Қўнғирот эли ёт юртда жабр кўради. Бойсари банди этилади. Қилмишидан пушаймон ейди. Қон йиғлаб, қалмоқлар оёғи остига йиқилиб, ялинади:
Қалмоқ хонни ҳимоятим деб эдим,
Орқа тутиб бу юртларга кеб эдим.
Ўз жонимга ўзим қилдим зулимди,
Бунда келиб мен бойлатдим қўлимди,
Кимга айтай энди ўлар ҳолимди,
Эй жаллодлар, меҳрибонлик қил энди.
Раҳминг келмай кўздан оққан ёшима,
Аччиқ қамчи урма азиз бошима.
Даврон суриб юрдим Бойсун элима,
Ҳозир келиб банди бўлдим қўлинга
Қараб раҳминг келсин менинг ҳолима.
Бир гап билан келдим Қалмоқ элинга
Ҳозир банди бўлиб тушдим қўлинга.
Элингнинг расими шундай бўлама,
Мусофирни кўрса бойлаб урама?!
Ой Барчин Қалмоқ паҳлавонларига талаш бўлади. У канизакларига дардини айтиб бўзлайди:
Жафо тушуб танда жонга,
Мен қолганман қаттиқ кунда,
Шармандаман муна элда
Энди қолдим ғайри динда.
Худо деб йиғлай ҳар кунда,
Умрим ўтсин ислом динда.
Келмади бобомнинг ули,
Не бўлди кўрган куни,
Йиғлай беринг, қирқин қизлар,
Қуриди Барчиннинг шўри…
Ой Барчиннинг ноласи Алпомишга етади. У Барчинни қутқазиш учун Қалмоққа боради. Зўр қийинчиликлар билан Қоражон кўмагида ёвни енгади. Ой Барчин ва ўн минг уйли Қўнғирот улусини Туркэлга қайтариб олиб келади. Бироқ Барчиннинг ота – онаси ватанга қайтмайди. Уят – ўлимдан қаттиқ. Қайси юз билан қайтсин? Қалмоқда қолади. “Алпомиш”нинг биринчи қисми шу билан битади.
Иккинчи бўлагида воқеа яна ҳам фожеали кечади. Қалмоқ хони Тойчи жодугар Сурхаил фитнасига учади. Бойсарини банди этади. Бор мол – мулкини тортиб олади. Ўзини чўпон қилади. У хор бўлгани ҳақида (карвон орқали) қизига мактуб юборади. Барчин уни ўқиб, оҳ уриб йиғлайди. Сўнг иложсиз бир ҳолда хатни Алпомишга беради.
Алпомиш ўзининг олмос қиличини белига осади. Бойчибар отли учқур арғумоғини минади. Қирқ ботир унга йўлдош бўлади. Бўрон янглиғ Қалмоққа учишади. Бироқ суворийлар Чилбир чўли яқинида, Мурод тепа устига махсус қурилган қўрғон ёнида жодугар кампир – Сурхаилнинг тузоғига тушушади. Қирқ ботир ҳалок бўлади. Алпомиш етти йил зиндонда ётади.
Кунлардан бир кун зиндон тепасида ярадор ғоз кўринади. У мажолсиз бир алфозда айланиб энароқ Алпомишнинг тиззасига қўнади. Алп ғозни даволайди. Сўнг Қўнғиротга мактуб ёзади ва уни ғознинг чап қаноти остига боғлайди. У хатни Қалдирғоч ойимга етказади. Шундан кейин Қоражон (Алпнинг содиқ дўсти) Алпни қутқазишга Қолмоққа боради. Зиндонга ипакдан эшилган арқонни ташлайди. Аммо Алпомиш: “ Бир замон келиб юзимга солмасин” деган ўйда зулматдан чиқмайди.
Тойча хоннинг қизи Тавқа ойим Алпни сиртдан севиб қолади. Зиндонга яширинча ер ости йўли очади. Алпомиш улкан бўлгани учун унга сиғмайди. Шунда у Тавқи ойимга исириқ тутқазади ва: — Бойчибарни топ-да, шуни тутат, — дейди.
Тавқи ойим хон отхонасида занжирланган ҳолда ётган арғумоқни топади. Отбоқарларга сездирмай исириқни тутатади. Бойчибарга жон киради. У занжирларни узади. Отбоқарларни тишлаб ҳар ёққа улоқтиради, эшикларни тепиб бузади, Алпомиш сари учади. Яратганнинг қудрати чексиз. Бойчибарнинг думи узайади, зиндонга тушади. Алп унга осилиб ёруғликка чиқади. Жодугарни қиличдан ўтказади. Тойчини ҳам йитади. Унинг ўрнига чўпон Қайқуботни хон қилиб кўтаради.
Алпомиш соғ – саломат юртига қайтади. Бу пайтда ўн олти уруғ Қўнғирот элида Бойбўрининг эрони кунг (чўри) – Бодомдан туғилган ўғли – Ултантоз ўзбошимча хон бўлади. У халққа жабр – зулм ўтказади. Жумладан, Алпнинг оила аъзоларига ҳам. Айниқса синглиси Қалдирғоч, ўғли Ёдгор, дўсти Қоражонларга… Эл Алпомишни “ Қалмоқда ўлган” деб ўйлайди ва Ултанозга бўйсунишга мажбуо бўлади.
Ултан зўравонлик билан Барчинга уйланишни режа қилади. Унинг розилигисиз тўйни бошлайди. Алпомиш тўй устидан чиқади. Қисқаси, хотини, ўғли, синглиси, дўсти ва ўн олти уруғ Қўнғирот элини Ултантознинг қонли чангалидан қутқазади…
Достонни унутганлар бордир? Шу учун буни мен такрорлаб бўлса ҳам, уларнинг эсларига солишни истадим. Энг зарури: “ Алпомиш” тўғрисида материаллар йиғилганда, булар менга таққослашга хизмат қилади. Энди туб мақсадимга кўчаман.
БИРИНЧИ ТАЛҚИН
Тарозисиз вазнни,
қиёссиз ҳақиқатни,
идроксиз моҳиятни аниқлаш,
англаш қийин.
Ботир Норбой сўзи.
Кексайганимда мен эпосни қайта ўқиб чиқдим. Шунда “ Алпомиш”нинг ёшига бўлган ишончимга шубҳа оралади. Чунки шу пайтгача мен унинг ёши тўғрисида юқорида таъкидлаганимдек, уч хил фикрда эдим:
Уч минг йил,
Икки минг йил,
Минг йил…
Афсус, энди менинг бу таҳминим чипакка чиқди. Нега дейсизми? Бу “Алпомиш” Туркэл (Туркистон)ни араб ишғол этгандан анча кейин яралган.
Исбот?
Мисол: кўп замонлар олдин ўн олти уруғ Қўнғирот эли мусулмон бўлганки, Бойбўри билан Бойсари фарзанд кўриш ниятида Шоҳимардон пири равзасига боришган.
Мисол: достон арабча, форсча сўзларга кўмилган. Яъни: мусаллам, калима, маърака, вали, мурид, пир, ҳукм, ланъат, шаҳодат, кафил, лаббай, авлиё ва ҳоказа – ҳоказо.
Мисол: агар Алпомиш Исломдан олдин туғилганда, унга “ Ҳаким” эмас, туркча от қўйиларди.
Достон ҳам тоза туркилигини сақларди.
Мисол: қалмоқ Қоражон Ислом динига ўтади. У ёв томондан бўғовланганда, “ авлиёларга шафе” келтириб ушбу сўзни айтади:
Барчанинг отаси ҳазрати Одам,
Пайғамбарлик бўлди унга мусаллам.
Иброҳим, Исмоил, Макка Муаззам,
Динларнинг чироғи Имоми Аъзам,
Муҳаммадга уммат, ҳаққа мусаллам…
Умид қип йиғладинг ҳазрати Нурдан.
Ғам тортган лочинни қутқаргин тўрдан…
Холиқсан, Каримсан, Қаҳрингдан қутқар,
Гуноҳкор бандаман мақсадга еткар
Сатқанг бўлай Хўжа Қобил, Акбар,
Самарқанд валининг чарбоғи дерлар.
Шоҳизинда, Эрдониёр, пайғамбар,
Хўжайи Зумрати, Хўжайи Аҳрор,
Бобо, Якка пирсиз, Эрхўжа Мозор,
Бу сўзларни айтиб йиғлар Қоражон,
Бойчибарман мунда қолиб бу замон…
Энди ўзингиз бу сўзларнинг мағзини чақинг. Ҳеч бўлмаса Хўжа Аҳрорнинг қачон туғилганию қачон учганини эсланг. У 1404 йилда туғилади, 1490йилда ўлади. Демак, Алпомиш Хўжа Аҳрор вафотидан анча сўнг туғилган. Фикрмча: икки аср кейин. Йўқса, у Навоий, Бобур, Бедил асарларида акс этарди.
Мен бу ерда фақат ўзбек “ Алпомиш”ининг яралишини кўзда тутаяпман.
IV БЎЛИМ
ЎЗЛИКНИ УНУТГАНЛАР
Бўлакланиш — ётлашишга, аста- секин
ўзликдан айиришга олиб келади. Бу
чексиз оламда ҳар нарсанинг таянчи
бор. Ўзликни мен миллат таянчи деб
биламан.
Сафар Бекжон.
“ Ҳақиқат ва афсона”ни ёзаётганимда, менга Нукус, Остона ва ҳатто Олтойдан сим қоқишди. Кимлар дейсизми? Нотаниш кишилар. Фаҳмимча ёзар, оқин, бахшилар.
Қорақалпоқ деди: “ Алпамис қорақалпоқники”.
Қозоқ деди: “Алпамис қозоқники”.
Олтой деди: “ Алпўмиш” Олтойники.
Мен учовига ҳам бир хил жавоб қайтардим:
-Тўғри.
Бироқ уларга ўзбекда ҳам Қўнғирот уруғи борлиги ҳақида оғиз очмадим. Фақат ичимда Турк элни турли “ миллат”ларга бўлган қони ёт олчоқларни ланъатладим. Ўшанда қўнғиротлар ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ… Хуллас, турли “Миллат” таркибига кирган. Аммо барининг илдизи бир! Яъни бир туғишган эл. Улар этник жиҳатларини ҳам сақлаб келишмоқда: Монгаланд. Феъл, шева, удум… ўхшашликларида ҳам айнанлик мавжуд. Лекин ўзбек қўнғироти ўзини ўзбек, қозоқники қозоқ, қорақалпоқники қорақалпоқ, олтойники олтой, мўғилники мўғил деб билади. Бу- бўлакланиш оқибати. Яна шуни айтай, ўзбек бу “миллат”лар билан фақат Қўнғирот уруғи орқали қариндош эмас. Ўзбекэлнинг улар билан боғлайдиган яна бошқа қавмлари ҳам бор. Масалан, ўзбекдаги қипчоқ, қонгли, қиёт, найман, манғит, кенагас каби уруғлар қозоқ, қирғиз, олтой, мўғул, қорақалпоқ…ларда ҳам бор. Чунки барининг томири бир:
Турк.
Шундоқ экан, бу эллар нега ўзларини “Турк” дейишмайди? Бунга ким монеълик қилади? Олдин- ку тушунарли, ўрта бузар бўлган, яъни ўрис фашистлари. Ҳозир- чи? Агар Оврўпа билан АҚШ десангиз, менимча, янглишасиз. Улар учун Турки эллар бирлигига қараганда, ўрис, хитой хатарли. Балки, минг чандон. Булар олдида айрим тарқоқ, жоҳил мусулмон хавфи ҳалво. Чунки уларда замонавий қурол, яхлит бирлик, тиниқ мақсад йўқ. Оврўпа, АҚШ буни англамайди, деб ўйлайсизми? Англаганда қандоқ? Турк бирлиги эса уларга сиз ўйлаганчалик ташвиш туғдирмайди. Билъакс бу Оврўпа, АҚШга фойдали ҳам бўлади. Чунки ўрис, хитой кучига муқобил тарзда туғилади. Турки дунё ҳеч замон Оврўпадан ҳам, Америкадан ҳам зарар кўрмаган.
Менича, турк бир жиҳатдан йигирма уч бўлакка бўлинган арабдан ибрат олса бўлади. Қандай? Қаранг, араб қавмлари бир- биридан от билан туядай фарқ қилади. Урф — одат, кийиниш, лаҳжаю шевалари бўйича ҳам. Юз тузулишларини айтмасам ҳам биласиз. Бири оқ, бири занжи, бир қорамағиз… Бироқ бари ўзини “араб” деб атайди. Турк уруғлари эса?.. Ҳар бири ясама номда…
Воқеага қайтаман. Ўқувчи сен мендан: “ Эссе ёзаётганингни қардошлар қандай билишган?” деб сўрашинг мумкин. Жавоб: бу тўғрида ёзар Сафар Бекжон интернетда хабар берган. Афтидан, улар буни ўқишган ва сўнг менга сим қоқишган. Қондошларнинг саволлари менга Туркия Культир боқони (маданият министри) Номиқ Камол Зейбекнинг бир сўзини эслатди. Мен у билан 1992 йил кузда Анқарада учрашганман. Очиқ ва кўркам юзли бу киши ўзининг қипчоқлигини, қипчоқлар Ўртаер денгизи бўйларида Одам Ота давридан бери яшаб келаётганини, кўпи румлашиб кетганини, салжуқлар бизансни ишғол этганда, уларга қўшилганини айтди.
— Бунинг сабабини биласизми, Эврилбей?
-Йўқ, оға.
— Турклар кўчаётган тоғдек шовқин сурону тўфондек шиддат билан: “ Ур — а ур!”дея ҳайқирароқ бизанс устига от қўйишган. Ўшанда қипчоқлар Исовий бўлишган. Шунга қарамай, улар: “Э, булар бизнинг тилимизда сўзлаётирлар:” дейишган — да,салжуқлар томонга ўтишган. Тилнинг қудратига қаранг, Эврилбей!
— Беқиёс буюк!
— Қон ҳам тортган- да. Ўзингиз ҳам биласиз, Қипчоқ туркнинг энг эски уруғларидан бири. Қошғорли Маҳмуд “ Турк сўзлиги” китобида буни аниқ таъкидлаган: “ Бижанак, қипчоқ, ўғуз, кимак, бошқир, басмил, қай, йобаку, татар, қирғиз, чигил, тухси, яғмо, иғроқ, жарух, шумил, уйғур, тангут, хитой (Қора Хитой), тавғач, қорлуқ Турк уруғлари”.
Эски замон олими И. Маркварт асарида ҳам бу ўз ифодасини топган:
“ Қипчоқ, кимак, уз, кун (Хун), қай, бижанак (печенег), чиғил, яғмо, қарлуқ ва бошқа уруғлар турклардир”.
— Оға, — Сизнинг қипчоқлар Ўртаер денгизи бўйида эскидан яшаб келганлар деган фикрингизни тарих тасдиқлайдими?
— Антик дунё тарихчилари- Ҳерадот, Пиний, Полиэн, Кетсий, Херил, Страбон, Менандер асарларини ўқиган киши буни билади.
Мен улуғ Туркчи – Номиқ Камол Зейбек олдида ўзимни ноқулай ва билимсиздай ҳис этдим. У буни сезса ҳам, сезмаганга олди ва гапида давом этди: — Мана бу тарих олантисидан ҳам ўзингиз хулоса чиқариб оларсиз:
“ Турклар юрти Шимолда Сибирнинг ( Сабир) тайга ўрмонлари, Шарқда Олтой, Саён тоғлари, Улуғ Хитой деворига қадар майдон, Жанубдан Помир тоғларига, Шимоли Ҳиндистонга қадар майдон, Ғарбдан Қора денгиз, Шимоли Кавказ денгизи оралиғидаги майдонларни ўз ичига олган”. Абу Райҳон Берунийнинг: “ Маъсуд Қонуни” китобида ҳам бу нарса қайд этилган. Қадим дунё тарихчиси Менандернинг қуйидаги сўзи эса сизнинг саволингизга тўлиқроқ жавоб бўлади: “Турон ўлкалари уч минг йиллик тарихий жараёнларда Хитой, Рим, Оссурия, Мидия, Эрон, Византия, Ҳиндистон, барча ўрта Шарқ, Яқин Шарқ мамлакатлари билан иқтисодий, сиёсий ва Маданий алоқада бўлганлар”.
Манбалар илмли кишини идрок қилишга ундайди. Чет эллар билан иқтисодий, сиёсий, маданий алоқада бўлган халқнинг, шубҳасиз, ўз Ёзуви бўлади. Чингизхон салтанатининг ҳам ўз Ёзуви бўлган:
ТУРК — УЙҒУР ЁЗУВИ.
Буюк Империя шу Ёзув воситасида дунё халқлари билан тиллашган.
Олмаотадан саккиз тошча нарида тўра ( шаҳзода, тегин) мозоридан топилган идишга Ўрхун Ёзувида туркча сўзлар битилган. Фан уни икки ярим минг йил аввал ёзилганини аниқлаган. Менинг фикримча, Тўнғу Ҳоқон салтанати замонидаёқ (Эрадан 1200 йил бурун) бизнинг Ёзувимиз бўлган. Зотан ўз Ёзувисиз — империя ўлмас.
Маълумки, Ашхобод ёнида олти минг йил ўнжа бошланган Анау маданияти эрадан олдин минг сана бошигача давом этган. Эл қуёшда қуритилган қирпичли уйларда ўтроқ ҳолда яшаган. Тасаввур қилинг, ўша эски, олис замонда!.. Улар экинчилик билан кун кўришган. Буни айтишдан мақсадим, ўша даврдаёқ туркнинг ўз Ёзуви бўлган.
— Таҳминда бу?
— Йўқ, цвилизация шуни тақоза этади. Фақат у Ёзув тупроқ остида ётибди.
— Топилармикан?
— Умидсиз дунё- ўлик дунё.
-Тўғри.
— Биз қипчоқлар ҳақида қўнишаётгандик. Чалғибмиз.
— Яхши томонга.
-Замонлар зайли билан қипчоқлар ер юзига сочилиб кетган. Кўпи ўзлигидан айрилган. Яъни бошқа миллатларга қотилган. Аммо Хунгария (Венгрия )қипчоқлари ҳамон ўзлигини сақлаб келмоқда. Чунки Хунгария эли — Хунда. Буни ўз оти ҳам айтиб турибди: Хунгария. Французлар яшайдиган юрт- франция дейиладику, шундай — да. Хун деган謬- турк дегани. Оврўпадаги илк Хун Ҳукмдорлари номларига қаранг, тамиз туркча:
Боламир (374 — 400)
Юлдуз(410 — 415)
Бунчук (415- 422)
Рўё (422 — 434)
Атилла (434 — 453)
Тилик (453 — 454)
Денгиз бог(454- 469)
Бироқ, кейинча, хун — турк тили ўзгаришга юз тутган. Нимага ? Сабаби : Хунлар Оврўпани ишғол этишганда, хотин — қизлар озчиликни ташкил қилган. Эрлар туб ерли аёлларга уйланишган. Оқибат: болалари ерли тилда тил чиқаришган. Худди татар авлодлари булғарлар каби. Биласиз, Ҳазар салтанатидан зарбага учраган булғарлар Аспаруҳ бошлиғида 622 йили Болқонни эгаллайди. Эркаклар славян қизларини хотинликка олишади. Бу — тил ўзгаришига олиб келади.
Номиқ Камол Зейбекнинг сўзи саксонинчи йилларда ўқиганим — “ Великие булгары” деган китоб ( Москва 1978, издательство “ искусство”, М. Фехнер)ни эсимга солди. Қуйидаги сатрлар хотирамда жонланди: “…По мнению казанских ученых, высказанному ими в последние годы, туркоязычные племена появились в Среднем Поволжье и Нижнем Прикамье еще в III-IV веках.
Когда в VII-VIII столетиях здесь осели пришедшие с юга полукочевые туркоязычные племена булгар ( болгар), они застали кроме коренных обитателей еще и этнически им родственны племена, что способствовало объединению разрозненного местного населения под властью булгар.
Не прекращающаяся с III-IV веков борьба между племенными союзами в Приазовье и Северном Причерноморью, образование Хазарского каганата и, наконец, арабское нашествие в начале VIII века заставили булгарские племена оканчательно покинуть родные степи, где они обитали со второй половины первого тысячелетия нашей эры.
Лиш ничтожное количество их осталось в Причерноморье, часть племен, разгромленная хазарами, около 660 года во главе с Аспарухом ушла на Балканы, где полнотсью растворилась среди побежденных ими славян и где 681 год считается годом основания первого болгарского государства.
До нас не дошли памаятники булгарский письменности, но арабско — персидские источники, русские летописи, византийские хроники воссоздают, хотя очень с купо, историю этого древного государство. Археологические раскопки, значительно расширяют наше представление о жизни булгар, потомками каторых являются казанские татары, преемники их богатого культурного наследия».
-Кўраяпсизми, қандоқ фожеа! — Хаёлимни бўлди номиқ Комол Зейбек, — агар хун — турк ўз маконида турғун яшаб қолганда, ҳозир унинг сони хитойдан- да ошарди. Афсус, миллион — миллион хун — турк ёт миллатларга сингиб кетган. Жумладан, хун — туркнинг бир бўғини ўлмиш Қипчоқ ҳам. Яъни менинг ёвқур уруғим.
— Шу сўзингизга бир мисол келтираман, оға. Мен саксонинчи йилларда Тибилисига борганимда, гуржи ёзари Чауба Амиражиби: “ Кахетия аҳолиси аслан қипчоқ бўлади,- деганди, — Тамара қурувчи подшолиги ( 1184 — 1213) — да келтирилган қипчоқ. Ҳозирда гуржилашган бўлсада, деярли ўз этник кўринишига эга. Кахетияга борсангиз, буни ўз кўзингиз билан кўрасиз. Шуни ҳам эътиборга олинг, тарих шаҳодати бўйича чатишмаган қипчоқлар европаид гуруҳга киради”.
-Биламан, яна у ерда ўзлигини унитаётган ажар турклари ҳам бор. Салжуқлар ҳукмронлиги ( XI — XII асрлар) даврида қолган турклар. Гуржи ҳукумати уларга тескари, айтиш мумкинки, ёвуз сиёсат олиб бораётир: “Сизлар аслан гуржусизлар, қадимда турклар сизларни мажбуран турклаштирган. Энди ҳур замон келди, ўз аслингизга қайтингиз”…
Тинимсиз пропаганда, бунинг устига туркча мактаб, ўқув юртлари йўқлиги, Турк дунёсидан узуб қўйилганлиги учун ажарлар ўз ота тилларини ҳам унутишаяпти. Гуржилашаяпти. Илдизан олиб қарасангиз, бу – ўриснинг Ўрта Осиё туркларига олиб боган сиёсатининг бошқача бир кўриниши. Ўрис бир бутун Туркистон туркини миллатларга бўлиб, булғанч мақсадига эришди.
— Зулм билан.
— Шу ўринда мен сизга бир суҳбатни баён этаман. Қисқа тарзда. Олмаотада президент Нурсултон Назарбоев менга шу савол билан мурожаат этувди:
— Туркияда қанча қозоқ яшайди?
— Етмиш миллион.
— Тушунмадингиз шекилли?
— Туркияда етмиш миллион қозоқ яшаяпти, — дедим такроран.
Нурсултон Назарбоев менинг гапимнинг тагига етдими, етмадими, билмайман, кулди, ажабланиб.
— Етмагандир?
— Балки?..
Номиқ Камол Зейбек билан қўнишганимга кўп замон кечди. Аммо уни эслаб тураман. Вақти – вақти билан. Унинг мана бу сўзи ҳам ёдимда қолган: “ Ёвузликда Гитлердан минг марта ёвуз рус шовинистлари иккинчи Жаҳон урушида немисларнинг бутун завод, фабрикаларини россияга муттаҳамларча кўчириб келганлар ва бу талончиликлариэвазига ўз оғир, енгил саноатларининг ривожланишига йўл очганлар”.
Қримни тортиб олган, Шарқий Украинага яширинча қўшин, қурол киритган, киритаётган, минглаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлаётган ашаддий шовинист Путин бир неча ой бурин “очун кўзгуси”да Қозоқ элнинг ҳамиятига тегди:
“ Совет давригача қозоқ давлати бўлмаган…”
Бундан Уч Жуз ойдинлари жунбишга келишди. Назаримда, президент Нурсултон Назарбоев ҳам. У тезлик билан қозоқ давлатчилиги, хусусан Абулхайрхон тўғрисида кўп серияли кинофильм яратишга бир неча миллиард танга ажратди.
Абулхайрхон ким? У кўчманчи ўзбеклар давлатига асос солган, яъни Муҳаммад Шайбонийхоннинг бобоси Абулхайрхон (1412 – 1468)ми? Йўқ. Бошқа. Бу Абулхайрхон (1693- 1748) Қозоқэлнинг Кичик Жузи хони бўлган. Адашмасам , XVII асрнинг йигирманчи йилларида қозоқэл яшаётган ўлкаларни Жунғорлар деб аталувчи мўғул – қалмоқлар босиб олади. Шунда Абулхайрхон Уч Жузли Қозоқэлни бир байроқ остига тўплайди. Ва босқинчиларга қарши курашади…
Қозоқэл олим, ёзар, шоир, тарихчи, ойдинлари ва ҳукумати Қозоқ давлатчилигини шу миллий ботир – Абулхайрхон давридан бошланган дейишади. Бу қараш натўғри. Бу кечаги тарих. Қозоқэл давлатчилиги Тўнғу, Ўғузхон, Каник, Бумин, Чингизхон, Темур ҳоқонлар замонларидан бошланган. Қозоқэл давлатчилиги Хоразм, Салжуқ, Ҳазар, Булғар, Қорлуқ ( Қорахон) ҳоқонликлари замонларидан бошланган. Қисқаси, турк эллари ер юзида ўн саккизта империя қурган бўлса, Қозоқэл тарихи ҳам шулардан бошланган. Бу сўзим уйғур, ўзбек, татар, бошқирд, озорбойжон, қирғиз, туркман, болқар, қумиқ, нўғай, қорачой, қорақалпоқ, чуваш, Кўкўғуз (Гагауз), Қорайим, Олтой, Ёқут, Тува, Хокас, Можар, хуллас, ер юзида қанча турк уруғи бўлса, ҳаммасига бирдек тегишли. Буюк туркчи Номиқ Камол Зейбек Нурсултон Назарбоевга “ Туркияда етмиш миллион қозоқ яшаяпти” деганда, шу элларнинг этник бирлигини кўзда тутган. Менинг туркияда яшовчи йўлдошларим – Турсун Йилдирим, Метин Эргун, Метин Санжактар, Ҳоқон Кўчунарслон, Юзел Танай, Аксан Ботирлар ҳам айнан шу фикрдалар. Улар инсон учун ёруғ дунё қанчалик зарур бўлса, Турк эллари учун Турк бирлиги ҳам шунчалик зарур деб биладилар. “ Бу меники, бу сеники” эмас, Турк олами қурган барча салтанатлар бутун дунё Турк эллариники. Шундоқ экан, қозоқ тарихи Тўнғу Ҳоқон давридан бошланган. Яъни уч минг икки юз йил ўнжа.
Ўзини – ўзи “ Суфер держава” дея алдаб, ўзини – ўзи кўкка кўтараётган, ўлат келтирувчи яроғини кўз – кўз қилиб кўпираётган, даҳлсиз юртларнинг ички ишларига тумшуғини тиқаётган, АҚШ, Ғарб, эрксевар Украинага тинимсиз туҳмат тошларини ёғдираётган, жаҳонга ҳукмрон бўлиш учун ўлиб – тирилаётган, энди мустақилликка эришган, иқтисодий, сиёсий, ҳарбий жиҳатдан заиф давлатларга қутқу ва ғовға солаётган фитначи ўрис тарихи қачон бошланган? Юқорида 862 йили дедик. Шу тўғрими? Менимча йўқ. Мавҳум. У Украинэл давлатчилигининг бошланиши. Бу тарих Украина тупроғида кечади. Демак, Украина халқиники. Ўриснинг кўп юз йиллик бўғовидан қутилган Украина олим, ёзар, шоир, тарихчилари ҳозир буни инкор этиб бўлмас далил – асослар билан исботлашаётир…
Ундоқ тақдирда ўзини славян авлоди деб ҳисоблаётган, бироқ қони норвег, исланд, швед, айниқса татар – мўғул ва бошқа қонларга қорилган ўрис давлатчилиги қачон юзага келган?
Вақти,
Макони,
Яралиш жараёни аниқми?
Менимча мавҳум. Ўрис тарихи пуфак мисол. Пуфлаб шиширилган… Тарих илмида етук кишилар буни кўпдан билишади.
Юқорида “Алпомиш”ни “Меники… меники…” деганларга шунча мисоллар келтирдим. Бекоргамас. Туб ҳақиқатни англатиш учун. Бир турк қавмида яралган нарса, илм – фандами, адабиёт – санъатидами, фольклёр ё мусиқадами, айросиз, бари барча турки элларникидир.
“ Алпомиш”эпоси ҳам шундай. Уни фақат ўзбек, қозоқ ё қорақалпоқники дейиш хато. У уйғур, татар, бошқирд… ер юзида қанча турк эли бўлса, ҳаммасиники. Шундай қараш бизни буюк БИРЛИККА, Тангри томонидан берилган БИРЛИККА, Темур ҳоқон замонидаги метин БИРЛИК ва енгилмас ҚУДРАТга олиб келади. Туркистон, Туркэл бирлигисиз биз ҳеч замон тўла мустақилликка эришолмаймиз. Доимий равишда
Ўрис,
Хитой,
Афғон – Эрон хавфи бошимизга соя солиб туради. Тангри кўрсатмасин, мабодо улардан бири хуруж қилса, унга ёлғиз ўзбек бас келолмайди. Ёлғиз қозоқ ҳам, ёлғиз қирғиз ҳам, ёлғиз туркман ҳам…
Айирмачилик, умуман айирмачиликнинг ҳар қандай кўриниши ётлаштиришга олиб келади. Ўрис ҳукумати Туркистонни айни шу мақсадда бўлган. Ётлашган эллар аро тотувлик бўлмайди. Бундан ғаним ўз нафси аммори йўлида истаганича фойдаланади. Бу машъум манзарани ҳозир қирғиз, тожик, қисман қозоқ эллари тимсолларида ҳам кўриб турибмиз. Назаримда, айрим арбоблар бундан тегишли хулоса чиқаришмаяпти. Келажакда, узоқ эмас, яқин келажакда бу тузатиб бўлмас ҳалокатга олиб келиши мумкин. Наҳот шуни англаш қийин. Тўғри, Россия, Хитой, яна бир – икки давлат турки бирликка қарши. Ҳатто тиш – тирноғи билан қарши. Шунга қўрқув бор. Шунга ҳаракат йўқ. Ҳаракат бўлмас экан, путинча босим, путинча таҳқир давом этаверади. Миллатининг тайини йўқ Жириновскийга ўхшаш тўнка, телбалар ўтга бензин сепаверадилар. Қўрқмаслик керак!
Ҳаракат,
Ҳаракат,
Тинсиз ҳаракат лозим. Шу ўринда йўлдошим, профессор Бахтиёр Ўрдабекликнинг мана бу сўзини тўғри деб биламан:
“ Ҳаракат орқасида ёруғлик бор…” Қўрқувдан қутилолмаган арбоб дейми,
арбобча дейми ёки мияси пуч, қалби
ўлик, нафси бузуқ амалдор дейми,
ишқилиб бир нимада, уни бир улуғ
шоирнинг шеърларини ўқишга чор-
лайман. Лоақал қуйидаги қаторларни ўқишга:
Эхтирос қамчиси остида дир – дир
Титраётган туядай, тушов оёқда,
Юришга мажбурмиз, юрмоққа мажбур,
Билмай, мағриб қайда, машриқ қаёқда…
(“Адашганлар қўшиғи”,1983)
Сен учун қўрқинчли энди тўхтамоқ,
Тўхтасанг, шу заҳот ютади бўшлиқ!..
(“Бир ухлаб турсанг бас”, 1981)
Тўртинчи бўлимни шу шоир дўстимнинг сўзи билан тугатаман: “Биз ғурурнинг асирлари эдик. Тўғри сўзни сўйлаш ғурури, жасорат билан сўйлаш ғурури, ҳеч кимга ҳеч қачон бўйин эгмаслик ғурури, миллатга садоқат, душманга нафратғурури”.
V БЎЛИМ
ФИКРЛАР, ҚАРАШЛАР, ҚИЁСЛАР
Ҳар қандай фикрга танқидий
ёндошган маъқул.
Ёдгор Обид
ИККИНЧИ ТАЛҚИН
“ Алпомиш” келиб чиқиши
жиҳатидан қўнғиротларнинг
уруғ эпоси.
Профессор А.К. Боровков.
Мирёқуб Қобил билан Мамадали Эрон мени “ Алпомиш” тўғрисида ёзилган материалларга кўмиб ташлади. Буларнинг ичида Ҳамид Олимжон, Ҳоди Зариф, Мансур Афзал, Ғози Олим Юнус, Абдулла Алавий, Мақсуд Шайхзода, Тўра Мирза (ев), Малик Мурод(ов), Метин Экичи, В.М. Жирмунский, В.И. Чичеров, А.К. Боровков, С.П. Толстов, Л.И. Климович, М.И.Богданова, Л.М. Пеньковский асарлари кўзга ойдинроқ ташланади. Бу олимлар “ Алпомиш” эпик ривоят генезисини тўрт хил кўринишда кўрсатишади:
Олтой,
Ўғуз,
Қипчоқ,
Қўнғирот…
ОЛТОЙ ВЕРСИЯСИ.
Олтинчи – саккизинчи юз йилликларда, Турк ҳоқонликлари замонларида “ Алип Манаш” оти билан баҳодирлик эртаги шаклида Олтой тоғ этакларида туғилган.
ЎҒУЗ ВЕРСИЯСИ.
“ Бамси – Байрак” эпоси. У “ Алип – манаш” ва бошқа эртаклар замирида яралган. Тўққизинчи – ўнинчи асрларда Ўғузлар уни Олтойдан Сайхун бўйларига олиб келишган. Бу ерда у Солор – Қозон тўғрисидаги эпик ривоят циклига қараб мустақил йўсунда ривожланган. Кейинроқ эса ( XI аср) Салжуқли туркларнинг юришларида Кавказорти ҳамда Кичик Осиёга ёйилган.
ҚИПЧОҚ ВЕРСИЯСИ.
“Алпомиш ва Барсин Ҳилуу”, “Алпомиш” ҳамда яна бошқа номлар билан қипчоқларнинг Ғарбга силжишлари даврлари ( XI- XIII ) да Қозоқ, Бошқирд, Татар ўлкаларгиа тарқалган.
ҚЎНҒИРОТ ВЕРСИЯСИ.
Олтой, Ўғиз, Қипчоқлар воситаларида кўчманчи ўзбекларга етиб келган. Шунда айрим ўзгаришларга юз тутган ҳолда ( ўн олтинчи юз йиллик бошида) Бойсунга – Ўн олти уруғ Қўнғиротга ёйилган. Улар эса ўша эски, Олтой тоғларида боболари томонидан тўқилган баҳодирлик қўшиғи ва эртаги асосида “ Алпомиш” достонини яратганлар. Янгича мазмун, янгича шаклда. Ислом динига мослаштириб. Ҳамдга боқинг:
Қибла бетдан бир ой туғиб келсалар
Ой эмасдир, ул ҳам Расул пайғамбар.
Ой гирдида тўртта ёруғ юлдуз бор,
Тўртта юлдуз эмас, тўртта чорёр муқаррар.
Ошга кўп туз солинса, ош татиғи ( мазаси) бузилади. Ортиқча ҳамд ҳам асарни сохталаштиради. Элчи ва унинг йўлдошлари (саҳобалари)ни ой, юлдузларга чиқариш натўғри. Улар Тангри эмас, одам болалари. Фақат ёлғиз Яратган ҳар қандай мақтовга лойиқ.
Ўзбекэлда “ Алпомиш” достонини бахшилардан ёзиб олиш, ўрганиш йигирманчи йиллар бошида бошланган. Ғози Олим Юнус биринчи бўлиб бу ишга қўл урган. У Ўзбекэл шева, лаҳжалари ва этнографияси тўғрисида ҳам материаллар тўплаган. Шундан сўнг юқорида отлари зикр этилган олимлар бу ишни кенг кўламда давом эттиришган.
Профессор Тўра Мирза (ев)нинг айтишича “ Алпомиш” йигирма саккиз достончидан ўттиз уч марта ёзиб олинган. Бунинг меваси ўлароқ “Алпомиш”нинг йигирма иккита тўлиқ текисти, парча ва мазмунлари тахланган. Айни пайтда булар тил ва Адабиёти институти архивида сақланмоқда.
“ Алпомиш” ҳақида фольклорчиларнинг фикрлари хилма- хил. Айниқса унинг генез ( яралиши ва таркиб топиш жараёни)иси масаласида. Менинг наздимда, уларда муаян аниқлик, яъни узул — кесил бир ечимга келишлик етишмайди.
Сўзимнинг исботи учун айрим фикрларини келтираман:
“ Ҳар бир мавжудот- ўсимлик, ҳайвон, судралувчи… ўз туси, бўйи, ҳажми, вазни, ёши, қийматига эга. Агар шу нуқтаи назардан қаралса, адабиёт, хусусан, эл яратган асарлар ҳам шунга ўхшайди. “Алпомиш” ўз шакл — шамойили, мазмун- моҳияти ва элчиллиги билан ўзга достонларга қараганда бир бўй баланддай. У “Ота Қўрқут китоби”, “ Одиссея”, “ Манас”лар қаторида туради. Ёши ҳам шундай”.
Ҳамид Олимжон.
(Буни мен ёзарларнинг Дўрмон боғида
Уйғун шоирдан эшитганман).
“ Қадимги Ўрта Осиё халқларининг ёрқин достонлари, хоҳ мазмун, хоҳ шакл жиҳатидан қадимги эпик адабиётнинг ёдномаси бўлган юнонларнинг “ Илиада”, “ Одиссея” номли қаҳрамонлик эпосидан асло қолишмайди”
С.П.Толстов,
Академик.
“ Алип Манаш” — “ Алпомиш” достонининг Тоғли Олтой элларида тарқалган мустақил нусхаси. Олтойнинг бошқа достончилари бу асарни “ Ақпўмис”, “ Алпўмиш” деб атайдилар. Олтой нусхаси кўп мотивлари билан “ Алпомиш”га ўхшайди”.
“Ўзбек Совет энциклопедияси”
1- том, 244 — бет, Тошкент –1971,
“Фан” нашрёти.
( Изоҳ: Бу фикр академик В.М. Жир-
мунскийдан олинган).
“Алпомиш” достони патриархал – уруғчилик муносабатлари емрила бошлаган бир шароитда мўғуллар босқинидан аввал Сирдарё бўйлари ва Орол денгиз атрофида яшаган туёқчи Қўнғирот уруғи ичида яратилган”.
Ҳоди Зариф
“АлипМанаш” Олтой версияси келиб чиқиш жиҳатидан энг архаик ҳисобланади. “ Алпомиш” (Қўнғирот версияси) бошқа версияларга нисбатан (Ўғуз, қипчоққа нисбатан) “ Алип Манаш”га кўп жиҳатдан ўхшайди. Академик В.М. Жирмунскийнинг фикрига таяниб айтсам, унда қаҳрамонлик эпоси асосида баҳодирлик эртаги ёки қаҳрамонлик қўшиғи ётса – да, у ғоявий – бадиий жиҳатдан янги ҳодисадир”.
Тўра Мирза (ев),
Профессор.
Бу қарашлар маълум маънода қимматли. Бунга етишгунча олимлар кўп йўл босишган. Бу – тинимсиз ўқиш, изланиш, меҳнат маҳсули. Шунга қарамай, менинг назаримда ечимлар маъромига етказилмаган. Яъни:
Кучсиздай,
Тарқоқдай,
Чалкашдай.
Ишончсиздай.
Баъзан тарихий ҳақиқатга зиддай.
Баъзан бир – бирини такрорлагандай.
Баъзан ўз фикрига – ўзи қарши чиққандай.
Бир мисол, йўқса, гап калава ипидек чуваланиб кетади. Фақат бир мисол:
“ Достонларнинг қадимий илдизлари саклар, массагетлар, суғудлар, хоразмийларга бориб тақалади”.
Тўра Мирза (ев).
Биринчидан бу ноаниқ ва асоссиз гап. Олим қайси достонларни кўзда тутаяпти? Мубҳам. Агар у “ Алпомиш”, “ Гўрўғли”, “Ёдгор”…лари назарда тутса, хато. Чунки у замонларда бу асарлар яралмаган. Йўқса. Бу ҳодиса тарих, адабиётларда акс этарди.
“ Широқ” каби,
“ Тўмарис” каби.
Иккинчидан, бу Ҳоди Зариф назариясининг бўлакча кўриниши, яна ҳам аниғи – бўтқаси.
Учунчидан, бу фикри билан Тўра оға ўзининг “ Алпомиш” – “Алип-Манаш” илдизидан униб чиққан деган ғоясига қарши борган.
Тўртинчидан, академик Жирмунский томонидан фанга киритилган версиялар ( Олтой, Ўғуз, Қипчоқ, Қўнғирот) нисбатан тўғри. Лекин, менимча, замон, макон масаласида баҳс талаб. Бунга эссе сўнгроғида жавоб оласиз…
VIБЎЛИМ
ТАНГРИ ЯШАТГУВЧИДИР¹
Илмий нуқтаи назардан
қараганда, жонли эпосни
Ўрганиш, умуман, эпос муаммо-
сини ҳал қилиш учун бир очқичдир.
В.М.Жирмунский,
Академик.
———————————————————————————————————————————————————¹Қул Тигин битиги
Достон, эртак, қўшиқлар халқ
кўнглидаги қайғу – ҳасрат ва
шодликларнинг йўлдоши, унинг
билим қомусидир.
Пол Лафарг.
Достон – олис ўтмишдаги
афсоналар қобиғига ўралган
ҳақиқатни ўзида акс эттирган
эпосдир. Мен уни халқ оғзаки
ижоди, ананавий ижоди, деб
биламан. У узун – узун замонлар
оша бобо- момоларимиздан
келаётган ёдгорлик. Биз уни ўқиб,
кечмишимизни англаб оламиз,
даврлар руҳини англаб оламиз.
Бахтиёр Ўрдабекли,
Профессор.
Юқорида кўрдингиз, эл ижоди гултожи, достонлар султони “Алпомиш” фолъклорчи олимлар томонидан муносиб баҳоланган. Академик В. М. Жирмунскийнинг “ Об эпосе “Алпамыш”, “ Сказка об Алпамыше и
богатерская сказка “ каби асарларида эса у янада теран талқин этилган. Шундан кейин реакцион кучларнинг ҳалокатга элтувчи овозлари ўчган. Достонни нашр қилиш ва тадқиқ этишга йўл
очилган. Академикнинг монографиялари ўзбекчага эврилган. Босмадан чиқарилган. Шу асосда докторлик диссертациялари ҳам
ёқланган.
Реакцион кучлар…
Ўрис ҳукмронлигида ўз миллатига қарши борган, босқинчининг орқа, олдини ялаган иркитлар, хоинлар бўлган.
Ит –ит туғади.
Бит – бит туғади.
Сотқин – сотқин – да.
Ҳозир ҳам мавжуд, ўша ялоқлар авлоди. У, бу жойларда ўтиришибди. Ота – боболари қон ичган жойларда. Об – ҳаво қилишмоқда Ўзлари оёқости этаётган қонунни қурол айлароқ. Фақат ниқобда. Кўзга кўринмас ниқобда. Мустақиллик деб аталгувчи ниқобда. Ичларида эса шайтон ғужғон ўйнаётир. Қарамсизликка қарши.
Миллат илдизига болта урароқ,
Миллат бойлигин талароқ,
Миллат ғурурини топтароқ,
Миллат шанъини булғароқ,
Миллатни ботқоққа ботирароқ.
Кўпмас.
Бир ҳовуч.
Қўлида қилич.
Қўлида қалқон.
Ҳақни айт.
Йитади.
Қиличлига қиличсиз бас келадими?
Бўйни узилади.
“ Алпомиш”га осилган шу бир ҳовучнинг дадаси бўлади, додаси бўлади. Маразларнинг отларини айтишга ҳамодам ҳазар қилади, жирканади. Ахлатдан жирканган мисол. Лекин далил учун айтишга мажбурман: А. Абдунабиев. Иккинчиси унинг ўйнашдан бўлган оғаси: А.Степанов. Профессор Тўра Мирза (ев) дан бир сўз:
“… Бутун бошли бир халқнинг ажойиб қаҳрамонлик эпоси бўлган “ Алпомиш” достонини халққа қарши, реакцион асар, деб эълон қилдилар. Илгаридан ўйланган беъмани тезислар асосида иш кўрган бу “ танқидчилар” достоннинг ғоявий йўналишини бузиб талқин қилдилар. Бу билан халқ эпосини ўрганишга жиддий зарар етказдилар.Айрим адабиётшунос ва фольклористлар эса, А.Абдунабиев ва А. Степановларнинг баландпарвоз тезисларига маҳлиё бўлиб кетиб, “ Алпомиш” нинг халқчиллиги ҳақидаги ўзларининг илгариги фикрларидан воз кечдилар ва традицион эпоснинг энг яхши намуналаридан яна бир нечасини халққа қарши, деб эълон қила бошладилар. 1952 йилнинг мартида Тил ва адабиёт институти билан Ўзбекистон Ёзувчилари союзи ўтказган кенгаш ҳам “ Алпомиш” достонига тўғри, ҳаққоний, маркистик баҳо бера олмади. Кенгаш натижалари илмий жамоатчиликни қаноатлантирмади”.
Олдин “ Алпомиш”ни ёмонлаб, кейин қайтганларни, қайтганда ҳам уни “ Элга зарарли достон”, деб ёмонлаб ёзганларни нима дейиш мумкин? Форслар “ кунта” дейишади. Тутқунлар “ К…” дейишади. Қора зоналарда улар аёвсиз синдирилар… ва сўнг баччалар отрядига ўтказиб юбориларди. Мен буни талай марта гувоҳи бўлганман.
Бироқ, эркин ҳаётда “ Алпомиш”ни қоралаган касларнинг болалари яйраб юришибди. Худди оталари каби. Оғиз – орқалари бир бу зараркунандаларга қарши бир сўз деёлмайсиз. Қўрқасиз . Чунки қўлларида оталаридан қолган мерос – қурол бор:
Қилич,
Қалқон.
Менинг мағрур бобом Аҳмат Оқсоқол шу гапларни кўп айтар экан:
“ Сўзидан қайтган одамнинг қанжиқдан фарқи йўқ”.
“ Икки юзламачи киши – хоиндан ёмон”.
“ Қўрқоқнинг боши қулликдан чиқмайди”.
Чингиз ҳоқон тулки сифат бундай махлуқларнинг каллаларини олган. У буни қонунга киритган. Ясадан олинти :”Сўзида турмаган, икки юзламачи, юртини сотган, бировнинг хотинини йўлдан оздирган, бачча, баччавозларга ўлим!”.
Шу жумлага нуқта қўйишим билан қўл телефоним ( 563- 74 – 71) жиринглади. Эшитиш тугмасини босдим. Баҳодир Хон Туркистоннинг Жануб ўзбекларига хос овози янгради:
— Эврил ака, соғ – саломатмисиз?
-Тангри карами билан, Баҳодир, ўзингиз қандайсиз?
-Яхши, раҳмат, йўлдаман,ҳозир Юсуф Жума деган шоир яшаётган Люзвил – Кентаки штатидан ўтаяпман.
-Иш шарофати –да, Баҳодир, одамлар пул билан бориб кўролмайдиган юртларда юрибсиз, ҳавасим келади.
-Сочилган насиба экан, ака. Аммо жуда файзли жойлар, Худонинг назари тушган жойлар. Эссе қандай кетаяпти?
-Секин – секин, чумоли юришдек, аммо ёмонмас.
Адабиётшунос олим – профессор Ўрдабеклига маъқул бўлаяпти. Ҳозир “ Алпомиш”га қарши хуружлар тўғрисида ёзаётгандим. Сиз сим қоқиб қолдингиз.
-Қандай хуружлар, ака?
Айтдим.
-Замон бир ерда қотиб турмайди. Давр ҳам. Не – не золимлар ўтдилар. Ўзларини Худо билган золимлар. Ўтаверадилар. Тарих чангида йўқ бўлиб кетаверадилар. Бироқ, ака, Қўнғиротэл – “Алпомиш”и ер тургинча яшайди. Уни ҳар қандай бало – қазолардан Яратганнинг ўзи асрайди.
-Шундай Баҳодир, шундай, — дедим ва унга Кул Тигин битигини эслатдим:
“ Тангри яшатгувчидир”.
Баҳодир Хон Туркистон билан яна анча қўнишдик.
Туман мавзуда.
Она Ватанимиз ҳақида ҳам,
Мустақиллигимиз ҳақида ҳам.
Бу икки сўзни оммавий ахборот воситалари бўлар -бўлмасга, ўринли – ўринсиз тарзда сақичдек чайнаб сийқалаштираяпти. Тинсиз, ҳиссиз такрор ҳар қандай муқаддас сўз оҳорини тўкади, қувватини синдиради, мазмун – моҳиятини пучайтиради. Алал оқибат эл унга бефарқ қарайдиган бўлиб қолади.
Аслида бу икки сўз муқаддас.
Она Ватан!
Истиқлол!
Булар бизга Тангри томонидан берилган буюк неъматлар!
Қондош!
Агар сенинг уйингга ёт қон хўжайинлик қилса, бола – чақангни таҳқирласа, бошида ёнғоқ чақса, эрки, тили, ҳаракатини бўғовласа, кечмишини булғаса, томорқасига, мол – ҳолига, топган – тутганига эгалик қилса, шу сенга ёқадими? Бу мисолни Ватанинг миқёсида қиёсла. Даҳшатга тушасан. Айрим калтабин каслар: “ Ўрис бизга саноат олиб кирган” деб иддоа қиладилар. У саноатга бир сўм сарфлаган бўлса, миллиард қилиб ундириб олган, трилён қилиб ундириб олган. Шуни фаҳмлаш қийинми? Саноатида эса (асосан) шаҳарларни қурт- қумрсқадек босган ўрислар ишлаган, ўриспараст, ўрис тилли келгиндилар ишлаган. Ўзбекнинг боши заҳарланган пахта далаларидан чиқмаган.
Агар еб тўймас, ичиб тўймас, талаб тўймас, нафси ғор ўрис бизга саноат олиб кирмаганда, уни бизга маданиятда, илм – фанда, оғир, енгил саноатда ўрисдан юксак Оврўпа олиб кирарди, АҚШ олиб кирарди. Африкага етиб борган саноат Ўрта Осиёга, хусусан, Ўзбекэлга етиб келмасмиди? Буни инкор этган кишини мен калтафаҳм ва аҳмоқ, деб биламан.
Она Ватан!
Сени севмаган ўғил – қизинг борми? Бўлса , оқ қил! Тили бошқа, дили бошқаларни ҳам оқ қил!
Сотқинлару, ялтоқларни ҳам оқ қил!
Ланъатла!
Сени элинг севади. Сен эл билан тириксан!
Эл сен билан тирик!
Она Ватан!
Тирикчилик ташвишлари билан ер юзига тариқдай сочилиб кетган ўғил – қизларинг ҳам сени жон – дилларидан севадилар. Дунёнинг қайси ўлкаларида бўлсалар ҳам, сени эслаб, сени қўмсаб, сени соғиниб, сенга талпиниб яшайдилар. Баҳодир ҳам, унинг инилар – Баҳром, Бурхон, Бахтиёр, Ихтиёр, Ботир, Бобирлар ҳам.
Ким бу ўғил – қизларни “ Хоин” деса, билингки, унинг ўзи шундайдир. Улар ҳеч қачон ватанларини сотмаганлар. Сотмайдилар ҳам. Тирикчилик ташвишларида ёт юртларда ишлаб юрибдилар.
Ватан ишқи билан,
Ватан соғинчи билан.
Миллион – миллион ёшлар,
Куч – қувватга тўлган ёшлар.
Имони бут ёшлар,
Мияси тўқ ёшлар.
Қобилиятли ёшлар,
Иқтидорли ёшлар.
Улар ўз
Ақл – заковатлари,
Олмас зеҳнлари,
Билим, идроклари,
Бой фантазиялари,
Тошқин ғайрат – шижоатлари билан Ватанимиз нуфузини Америка, Англия, Франция, Олмония каби давлатлар даражасига кўтара оладиган ёшлар.
Юртдан ташқарига ҳар ким ҳам чиқавермайди.
Юрагида ўти бор, ҳур фикрли, эрк севар ёшлар чиқади. Улар чет элларда иш ўрганиб, тажриба орттириб, ҳаёт бўронларида чиниқиб, пишиб, янада комол топадилар. Бу турли – туман касбга эга тумонот ёшларнинг ҳаммасини номма – ном тарифлаш қийин. Бунинг иложи ҳам йўқ. Шу боис қуйидаги уч киши ҳақида бир чимдим – бир чимдим мисол келтираман:
Тоҳир Билол,
Муҳаммад Ислом
Абдужалил Боймат.
Ёқуб Икром.
Тоҳир Билол иқтисодчи. Саккиз йилдан бери Буюк Британиянинг эски савдо марказларидан бири – Ливир Пул шаҳарида яшаяпти. Менинг наздимда, бир ўзбек йигитининг дунё цвилизацияси гуллаб, яшнаётган юртда экономист бўлиб ишлаши қувончли ҳол.
Муҳаммад Ислом туҳматдан қамалиб чиққан . Аччиқ, аммо тўғри сўзи учун. Элсевар, эрксевар, ҳур фикр инсон. Қайта бўғовланмаслиги учун Ватан ( Самрақанд, Челак тумани) дан бош олиб чиқиб кетган. Ҳозир Канадада ўз соҳаси бўйича ишлаяпти. Профессор Отаназар Орипнинг айтишича, Муҳаммад Ислом иқтидорли қурувчи инженер, кенг билим эгаси, одил, ҳалол инсон.
Абдужалил Боймат иқтидорли физик. Фан номзоди. Тошкентдаги ядро институтида ишлаган. Анча пайтдан бери Голландияда ҳалол меҳнати билан кун кечиради.
Ёқуб Икром Политолог. Ўн тўққиз ёшида Тошкент давлат миллий университетини битирган. Собиқ МХХ ходими, фавқулодда истеъдодли. КГБ генералининг набираси, инглиз тилида беназр.
Лондонда яшаб, ишлаяпти.
Тоҳир, Абдужалил, Ёқублар, умуман, ҳаёт синовларида қайралган миллион – миллион қондошларимиз ўзимизга қайтсалар, ўзимизда ишласалар бўлмайдими? Шуни ўйлайман, шуни истайман, шуни орзу қиламан. Ўзимча уларнинг эркин яшашлари, эркин фикрлашлари, эркин ишлашлари учун шароит ҳозирлайман. Бу билан бекорга саҳрога оқаётган тошқин дарёни сувга ташна водийга, қуришга юз тутган водийга бураман. Ўзимча. Хаёлан. Хаёлни қонун тақиқламайди. Тақиқлай олмайди. Қамоқ, зиндон, сургун, қувғин, хор – зорликда ҳам инсон хаёл билан яшайди. Тирноқлар қўпорилган, кесилган товонларга қалампир тиқилган, қўл оёқ, умиртқа, жағлар синдирилган онларда ҳам инсон хаёл билан яшайди. Қонга ботиб, чала ўлик ҳолда ётганда ҳам уни хаёл тарк этмайди. Ҳатто жони узилаётган дамларда ҳам. Ҳар қандай ёвуз махлуқ ҳам хаёлни сўйолмайди, отолмайди, заҳарлолмайди. Хаёлни енгадиган, ўлдирадиган куч дунёда йўқ. Тангридан бошқа.
Мурод Жўра йигирма бир йил қамоқда хаёл билан, умид билан, чидам билан ўтирди. Қон ичиб, қон қусиб. Соғлигидан айрилиб. Синмади. Муҳаммад Бекжон 17, Самандар Қўқон 23 йилдан буён тиконли симлар ортида омонлик, озодлик кутишади. Хаёл билан, умид билан… Қон ичиб, қон қусиб… Яна тумонот йўлдошлар… Улар тортган, тортаётган азоб, ғам, алам олдида Алпомиш чеккан дард, қайғу, ҳасрат ҳалво. Етти йил… зулумсиз, зуғумсиз зиндон…
Хаёлимни жиловлолмайман. У менга бўйсунмайди. Ёт юртларда юрган қондошларим кўз олдимдан ўтади. Тўлқин – тўлқин бўлиб ўтади. Тинмай ўтади. Мен уларни Она эл бағрига чорлайман. Келадилар. Тўлқин – тўлқин бўлиб. Кўтаринки руҳ билан, шиддатли қадамлар билан, енгларини шимариб. Элга қотиладилар Элнинг асил ўғил – қизлари. Мен улар билан бир бутун бўлиб, Ватанимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқаман. Хаёлан.
Олиб чиқишимизга ишонаман. Юз фоиз. Ўғил – қизлар ҳам ишонадилар. Юз фоиз. Чунки томирларимизда Темур ҳоқон қониоқаётир. Хоразмий , Улуғбек, Бобур, Муқанналар қонлари оқаётир. Биз дунёда энг кўп – ўн саккизта империя қурган миллатнинг фарзандларимиз, демак, қутлуғ иш, қутлуғ ананани давом эттирувчиларимиз. Биз очунга яратиш, яшнатиш, яшартириш учун келган буюк элмиз. Туркэл! Мен ухлоқ қонларни уйғотаман! Хаёлан. Шунда Россиядан – да, Хитойдан –да буюк давлат қурамиз! Оврўпа билан, Америка билан дўст тутинамиз. Тенглик асоси билан. Зийнатланган дўстлик бўлади бу! Мен буни хаёл кўзи билан кўраман.
Хаёл чегара билмайди, тўсиқ билмайди, масофа, ҳад билмайди. Олимлар янглишади. Хаёл нурдан тез ҳаракат қилади. Истаса юлдузлар оламини кўз очиб – юмгинча кезиб чиқади. Истаса Тўнғу ҳоқон, Ўғуз ҳоқон, Чингиз ҳоқон, Темур ҳоқон замонларини бир зумда кўриб қайтади. Истаса юртоларнингҳар бири билан қўнишади. Истаса Аҳмад Яссавий, Қошғарли Маҳмуд , Мирза Бедилар билан шеърхонлик қилади. Истаса ўликларни тирилтиради. Истаса руҳлар билан гаплашади. Элчи ҳам хаёл билан миллиард – миллиард чақиримлик масофани оний тезликда босиб ўтган, Арши – Аълога чиққан, Тангрини кўрган, кечган пайғамбарлар билан суҳбатлашган. Мерож куни. Бунга ағдарилган кўзадаги сув тўкилиб улгурмаганчилик вақт кетмаган.
Хаёл – инсонга Тангридан берилган ином. Улуғдан – да улуғ ином. Фақат инсонга. Бошқа бирон жонзотга берилмаган. Ҳамма нарса аввал хаёлга келади, хаёлда пишади. Сўнг амалда ўз ечимини топади.
Яхши хаёл — яхши ечим топади.
Ёмон хаёл — ёмон ечим топади.
Ердаги бор гўзал нарса яхши хаёл меваси.
Ердаги бор ёвузлик — ёмон хаёл меваси.
Яна хаёлим Баҳодир Хон Туркистонга кўчди. Хаёлда. Уни тўхтатиб ё ҳайдаб бўлмайди. У мутлоқ эркин нарса. Ана, Баҳодир Люзвил Кентаки чегараси ёриб ўтмоқда. Йўл ёруғ, атроф ёруғ. Ой, юлдузлар шуъласида. Ундан сўрайман:
— Штат улуси асосан нима билан тирикчилик қилади? У жавоб қайтаради:
— Отчилик билан, қўй, сигир, қисқаси туёқчилик билан. Экинчилиги ҳам бор. Эшитишимча, Юсуф шоир бола-чақаси билан деҳқончилик қилармиш.
— Ўзимизда ҳам қилса бўларди — ку.
— Золимлар қўйишмаган.
— Золимлар?
— Қонун бузарлар, элбузарлар, нафси ғорлар демоқчиман. Замон шуларнинг қўлида. Бўлмаса шоирни қамайдими?
— Айби бордир- да?
— Чин гапни айтиш айбми? Эл дардини айтиш айбми?
Шу чин сўздан эл — эл бўлади, юрт — юрт бўлади. Туб — тубидан қараганда, чин жиноятчилар чинни бўғган, чинни қамаган, чинни ўлдирган каслардир. Улар бойигандан бойиб, қутургандан — қутуриб кетаяпти. Ҳар бирининг бир эмас, бир нечтадан қасри, ботмон — ботмон ери, олтин, зари бор. Яна қариндош — уруғлари номларида ҳам… Буни халқ билади. Наҳот юрт боши билмаса?
Илдиз — илдизи билан қаралса, давлатни чўктираётган шулар, яъни қонунни ниқоб айблаганлар, қонунни қурол айлаганлар, яъни ҳаром ерлар. Айни шулар сабабли турли оқимлар пайдо бўлган.
Тенгсизликдан,
Ҳақсизликдан,
Йўқсизликдан.
Шулар сабабли ҳали эс — ҳушларини йиғиштириб олмаган болалар Россияга ўхшаш давлатларнинг қўғирчоғига айланган етти ёт мамалакатга — Сурияга кетаяптилар.
Тенгсизликдан,
Ҳақсизликдан,
Йўқсизликдан.
Россиянинг туб мақсади:
Нефт- газ…
У Башар олчоқни бекорга ҳимоя қилмаяпти.
Нефт — газ учун.
Нефт — газга згалик қилиш учун.
Башар бўрига қўтонни очиб қўйди.
Қўй тўла қўтонни…
Аслида ҳалқни ватанидан бездирган, хонавайрон қилган, қочишу ўлимларига сабабчи бўлган, бўлаётган, юртни Россия томорқасига айлантираётган ким?
Башар!
Бу сиёсий калтабин касни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Буни даҳлсиз Украина ери — Қримни тортиб олган, тупроғини уруш ўчоғига айлантирган Путин билмайдими? Ким шундай ўйласа, чучварани хом санайди. Ким шундай ўйласа, учига чиққан шовинистнинг совунига кир ювмаган бўлади. Унинг бутун ҳаракати замирига даҳшатли макр яширинган:
Ўрис империясини қайта тиклаш.
Кучсиз давлатлар ҳисобига.
Қандай йўл билан дейсизми?
Авраб,
Алдаб,
Қўрқитиб…
Ағдар — тўнтар бўлаётган Сурияда чи?
Нефт — газга эгалик қилиш…
Бироқ нияти амалга ошмайди. Афғон урушида СССР сингани сингари синади. бу ҳол уни парчаланишига олиб келиши ҳам мумкин. Омон бўлсак, буни кўрамиз.
— Мен ҳам шундай фикрдаман.
— Узр, мен гапга берилиб, воқеа ўзанидан чиқиб кетибман. Ўзанга қайтаман. Боя айганимдек, бир ҳовуч карчалон ҳукумат олдида ўзини ишлаётгандай кўрсатиб, ўзбекэлда об — ҳаво қилаяпти. Оталари пулига ўқиган, ўз тилини чала биладиган, ўз нафсини юртидан устун қўядиган, эли очдан ўлса ҳам пинагини бузмайдиган, қинғир йўл билан мансабга минган бу очкўзлар Ватанни таназзулга олиб келишмоқда. Айни шулар сабабли аёллар таналарини сотишга, ёшлар четга чиқиб кетишга мажбур бўлишаётир.
Очдан ўлмаслик учун,
Бола чақасини боқиш учун.
— Саботаж…
— Йўқ, ака, буни саботаж эмас, эгоист дейиш керак. Йўқ, бу ҳам нишонга тегмайи. Менимча, ҳаромер десак ўринли бўлар. Тараққиёт душмани, миллат душмани десак ҳам янглишмаймиз.
— Узукка кўз қўйдингиз.
— Бу ёлғончи, туҳматчи, нафси ўпқонлардан қандай қутилсак бўлади?
— Бунинг ечимини Чингиз ҳоқон бобонгиз 1206 йилда қурултойда, яъни хон бўлиб сайланган куни аниқ, тиниқ айтган. Бу унинг ЯСА (тузук)сида ҳам ёзилган:
“ Ёлғончи, туҳматчи, ўғри, бузуқи…нинг ёши, мартабасига қаралмасин! Ўлдирилсин!”
— Бобом жуда тўғри айтган. Афсус, энди бунинг иложи йўқ. Замона ечиши лозим.
— Менинг Муҳиддин Саттор деган болалик дўстим бор. У билан сира
“ сен- менга “ бормаганмиз. Бирга ўқиганмиз, бир синфда. Тўғри сўз, оқил бу инсондаги кўзга кўринадиган нарса: қалби. Тоза қалби. Мен Муҳиддин Саттордаги бу фазилатни туғма деб биламан. У кўп ўқийди. Бу ҳам қалбига сайқал ва зийнат берган.
Мен академик, генерал, давлат арбоблари билан ҳам қўнишганман. Уларда ўзим истаган нарсани кўрмаганман. Ўз манглай тери билан зўрға бир бўлак нон топиб, бола — чақасини боқаётган халқ дардидан йироқ вақ — вақ , кибр — хаво, ўзларини тарозига солиш… Энсани қотиради, кўнглида ғашлик уйғотади, юракка малол келтиради. Ҳозир уларнинг кўпм йўқ, изсиз кетган, адамга. Тирикларини ҳам ит билмайди. Ўз тўдаларидан бошқа. Аммо маҳобатли кошоналарда яшайдила, тагларида ноёб машиналар. Элни қон қақшатиб юлиб олинган маблағлар ҳисобига. Бунинг учун виждонлари “ қилт “ этмайди, юраклари “қилт” этмайди. Чунки
Виждонлари йўқ,
Юраклари йўқ.
Шунга
Талончилик қилишади,
Ўғрилик қилишади,
Ғарлик қилишади.
Элни ботқоққа ботираётган шулар. Яъни
Одам қиёфасидаги тўнғизлар,
Одам қиёфасидаги тулкилар,
Одам қиёфасидаги каламушлар,
Одам қиёфасидаги шайтонлар.
Уларнинг ўғил — қизларида ҳам, набираларида ҳам, хотинларида ҳам
“ Мерседес”, “ Жиб”лар, бўйинларида, қулоқларида, қўлларида олтин ҳалқалар, марварид ё гавҳар кўзли тилла узуклар, сирғалар. Бу нарсалар маош ҳисобига олинмаганини итам битам билади.
Давлатдан ўмарилган пул ҳисобига, қашшоқлашган халқ ҳисобига.
Қани қонун?
Одил қонун?
Атайлаб уюштирилган полис тафтишида 6 сўм 30 тийин камомад чиққани учун мени қамашди. Мендайлар озмас. Зоналарда минг- минглаб кишилар арзимаган нарсалар учун ўтирибдилар.
Умрлари бўйи қоринлари нонга тўймаган кишилар.
Умрлари бўйи эски — туски кийимларда юрган кишилар.
Қозонлари ойда — йилда қайнамаган кишилар…
— Чингиз ҳоқон сўзи тўғри. Буларни ўлдириш керак. Уруғларини куйдириш керак. Битта қўймай! Лекин ҳозир замон бошқа.
— Шу сабабли мен Сизга Муҳиддин Саттордан сўз очгандим. У тилга олганим — касларга қараганда, оддий содда, иқтидорли. Муҳиддин билан суҳбат қурсам, кўнглим ўсади, дам оламан, фикр оламан. Яна ундан нимадир ўрганаман. У олмон тили, адабиёти бўйича етук олим, доктор. Умри бўйи немис тили факультетида ўқитувчи, кафедра мудири, декан бўлиб ишлаган. Ҳозир пенсияда. Шу камтар дўстимнинг фикрича, президент ҳузурида мутлақ махфий бўлим тузиш, унга элни ўйлайдиган, пулга, зарга учмайдиган, етти пушти тоза кишиларни тортиш керак. Ана шу хуфя еб тўймас, юлиб тўймас ватан хоинларини қон қустиради, қамоққа, тамуғга юборади. Қонун йўли билан. Давлатни алдаб, халқни қон қақшатиб олганлари — миллиард — миллиардлар, қасрлар, ерлар, мол — ҳоллар, олтин, зарлар… бари — бари қайтариб олинади. Давлат ҳисобига, халқ ҳисобига. Қонун йўли билан. Жиноятчиларнинг болалари, қариндош — уруғлари ишдан четлатилади. Чунки улар бу пул унар лавозимларга ўз меҳнатларию ақллари билан эмас, додалари, адалари, тоғалари кучлари билан эришганлар. Яна АҚШ пуллари ҳисобига…
— Яхши фикр. Бироқ бу ўзбекэл шароитида амалга ошмайди.
— Нимага?
— Ҳаммаёқни ўргимчак тўридай ўраб олган миллат душманлари бунга йўл қўйишмайди.
— Мутлақ яширин тарзда — ку ахир.
— Барибир билишади. Билишгандан кейин эса сотиб олишади ё қамоққа тиқишади. Турли важ, баҳона, туҳматлар билан. Ҳатто ҳалокатга йўлиқтиришлари ҳам мумкин. Бу ҳаромхўрлар илдизи билан чопилмас экан, бирон эзгу ишни амалга ошириш қийин.
— Бўлмаса, бу масалани қўя турайлик, Баҳодир. Яхшиси , менга Люзвил — Кентаки штатидаги туёқчилик ва экинчилик тўғрисида бир оғиз ахборот беринг.
— Билмайман — да, ака. Аммо Америкада ҳамма тармоқ иши тенг асосда, яъни бири ортиқ, бири кам кўрилмаган ҳолда олиб борилади. Замонавий технология асосида. Жумладан туёқчилик, экинчилик ҳам. Ишнинг сифатини, унумини кўриб яйрайсиз. Эшитишимча, бу юртда юз минглаб от, қўй, қора мол… боқилади. Паррандачилик ҳам ривож топган. Фойдаси тоғ — тоғ. Мен буни эркин меҳнат шарофати, деб биламан. Уларнинг ишига ҳеч бир ёт ташкилот бурнини тиқмайди. Куч ишлатар тизимлари — ку мутлақо. Ҳар бир соҳа ўз ишу вазифаси билан машғул. Бер — бер йўқ. Пора йўқ . Жиз — биз йўқ. Таниш — билиш йўқ. Босим йўқ. Дунё эркинлик… Узр, ака, ҳаво айнияпти. Гулдирак…
Овоз узулди.
Мени яна ўй, хаёл қуршади. Яқинда Эрмон Йўлдош отли болалик жўрам Боғдондан қўноқ бўлиб уйимизга келувди. У “ Фориш” совхозида ( ҳозир “Фориш” ширкат хўжалиги) узундан — узун йиллардан бери бош иқтисодчи бўлиб ишлаб келмоқда. Эрмон Йўлдош билан узоқ қўнишдик. Эскилар айтиши, дунёнинг у учидан кириб, бу учидан чиқдик. Гоҳ қувондик, гоҳ қайғуга ботдик. Унинг афсус, аламга тўлган мана бу гапи мени даҳшатга солди, юрагимни қон қилди.
Мен буни уқиш осон бўлиши учун схемага солдим:
СССР даврида “ Фориш” Мустақиллик даврида, аниғи ҳозир
Савхозида: “ Фориш” ширкат хўжалигида:
55 минг қўй, 9800 қўй,
1000 от, 25 от қолган.
400 қорамол бўлган. Қорамол йўқ.
Ҳар йили давлатига 5 тонна пилла берилади.
34 тонна пилла топширилган
Ҳар йили 3 минг гектар Арпа, буғдой, умуман, ҳеч
ерга лалми арпа, буғдой қандай дон экилмайди.
Экилган. Ҳар гектардан
1200 тоннадан дон олинган.
Ҳозир экин экиш учун трактор, плуг, сеялка, умуман, техника йўқ. Металлом бўлган. Аслида сотилган. Пул амалдорлар чўнтакларига тушган. Улусда шундай гап.
“ Фориш” ширкат хўжалигида ер солиғи 50 миллион. Келаси йили фоизи билан 100 миллионга чиқади.
Чўпон — чўлиқ қарзга ботган. 75 миллионга.
1935 йил 9 февралда ташкил топган Фориш туманидаги ҳамма ширкат хўжаликларида аҳвол шундай. Ҳатто бундан ҳам баттар. Қарзга ботган. Яроқсиз. Таланган. Балки, бутун Ўзбекэлда аҳвол шундайдир?..
Тўқсон фоиздан ортиқ улус ишсиз. СССР давридаги сув қувурлари йўқ. Ҳатто туман маркази эли ташима сув ичади. Свет, газ муоммаларини айтмасам ҳам бўлади. Менинг болалигимда гуллаб- яшнаган Учқулоч кони ёпилган, харобага айланган, ташландиқ. Қолган- қутган аҳоли ишсиз, уранга тўйинган шахта сувини ичади.
Ҳокимлар шахмат тахтасидаги фигураларидай алмашилади. Натижа қани? Ҳаммаси еб қочар. Эшбек деган ҳоким ўз кабинетида 3 минг доллар пора билан қўлга тушган. МХХ уни кишанлаб, қамоққа олиб кетган.
Эрмон Йўлдошнинг айтишича, Байрам Узоқов деган ҳоким бутун бошли автобазани еб қўйган. Худди тўнғиз этидай. Суяк – пуяги билан. Из қолдирмай. Бир йўла қурилиш ПМК сини ҳам бўғзига тиққан. Худди илон қурбақани ютгандай. Автобазада 20 та автобус (3 таси “Икарус”):
Фориш – Тошкент,
Фориш – Самарқанд,
Фориш – Жиззах,
Фориш – Гагарин (Ержар)… ларга қатнаган.
Ҳозир бу эртакка айланган.
100 тача ЗИЛ у ГАЗ -53 билан 50 тача авто кранни ҳам ямламай ютган. Бир ўзимас. Тил бириктирганлари билан бирга. Иси чиқмаслиги учун ҳужжат ҳам тахлаган –да. Бир жамадон.
-Байрам ҳамма ёғли жойларга ўз уруғи одамларини қўйган эди, -дейди Эрмон Йўлдош, — узоқ ишлаши, ўмариши, сири фош бўлмаслиги
учун. Бошқаларни қийратди.
— У қайси уруғдан?
— Адинасариқ. Уруғчилик туманда кучли. “ Қирлик” билан “ Сойлик”ни биласиз, бир – бири билан қирпичоқ.
— Ҳозирам – а?
— Мен бор гапни айтаяпман. Яна денг “ Қирлик” билан “ Сойлик” “ Турк”,
“Оқҳаёт”, “ Қурбонҳожи”, “Одинасариқ”, “Шоталиб”, “ Мансур “, “Бўронғужи”, “Чулули” каби уруғчаларга бўлиниб олиб, бир – бирининг орқасини кавлашади.
— Аслида булар туркнинг Қорамон бўйидан бўлади. Тилига қаранг, том ўғузча.
— Биламан. Бош уруғимиз: Қорамон. Замона зайли билан момо – бобомиз Туркистондан бу тоғлар орасига келиб қолишган. Биз бу ерда бир ота – онадан дунёга келганмиз. Оққоя ёнида. Эски қабристон ҳамон сақланмоқда. Секин – секин кўпайганмиз. Оға – иниларимиздан бири “ Қизучган” қоя этагига — сойга кўчиб энган. Шундан “ Қирлик”, “Сойлик “ деган атамалар келиб чиққан. Боғдоннинг эски оти ҳам “Қорамон” бўлган. Анави , профессор Абдураҳмоннинг отаси – Ражаб Қори Турк уйида шажарамизнинг бир нусхаси бор, деб эшитаман.
— Буни менга Абдураҳмон Ражабнинг ўзи ҳам айтган. Бу олис тарих. Яъни буюк Салжуқ¹ бобомиз Туркустондан (ХI асрбоши) Эрон, Араб сари от сурганда, уруғларимиз бу ерда қолишган. Бу ҳам тақдир тақазосида.
— Мен ҳам шундай фикрдаман. Бироқ, ҳозир гап бундамас. “ Қирлик” билан “ Сойлик” орасида бўлаётган келишмовчиликда. Байрам Узоқов ўз хатти – ҳаракати билан тутаётган ўтга бензин сепди. Чўпон бўлса ҳам мен буни тушунардим. Ҳоким – ку, аҳир, у!
Мен хаёлан Эрмон Йўлдош сўзини таҳлил қиламан. Байрам кўз олдимда ўтади. Байрамлар… Минглар… Миллионлар… Семиз, тўмтоқ, тулкисимон башаралар…
— Шулар Ўзбекни талон – тарож қилишаяпти, — дейман ўзимга – ўзим, -шулар ўзбекни чўктиришаяпти. Баҳодир ҳақ. Тармоқлар шулар илкларида. Ўргумчак тўрлари…
Эрмон билан Баҳодир сўзларида ўхшашлик бор. Дардли ўхшашлик.
Халққа қайишиш дарди,
Халққа ачиниш дарди,
Халқни ўйлаш дарди.
Миллионларда ҳам шу нарса бор. Алпомишда ҳам шу дард бўлган. Шунга у қалмоққа ҳам, қўнғиротга ҳам рўшколик берган. Тойчини, эсланг, Ултантозни эсланг.
Менга фикрли одамлар ёқади. Мустақил фикрли. Баҳодирда шу нарса бор. Бўлганда ҳам ўзиники, бировларникидан фарқли. Айрим кишилар буни инкор этишлари мумкин. Ихтиёрлари. Бошқаларга тан беришни мен олижаноблик, деб биламан. Бобур ҳоқоннинг шу сўзи ибратли:
“ Мен ақлли, зийрак, кучли ёвни тан оламан. Агар у менинг қонли душманим бўлса ҳам”.
Баҳодир Хон Туркистоннинг: “ Қўнғиротэл” “ Алпомиш” и ер тургинча яшайди” деган фикрига ҳам қўшиламан. Ким қўшилмайди? Ўзини ҳаммадан доно билганми? Ёхуд кунчими? Маймун ҳам ўзини
“ ақилли” деркан.
———————————————————————————————————————————————————¹Турк – ўғиз эли хоқони Салжуқ бобомиз улуғдан – улуғ импеяга асос солади. Мана, тарих битиги: “Салжуқ 1040 йилда Маҳмуд Ғазнавийларнинг қўшинини енгандан сўнг Хуросоннинг ҳаммасини босиб олади. Кейин Хоразмни (1043) бўйсундиради. Ғарбий Эронни (1042 – 1051), Озорбойжонни (1054) босиб олади. Аббосийлар халифаси Тўғрулбекни султон деб тан олади. Салжуқийлар ХI асрнинг 2 – ярмида арманиларни мағлуб этади. Византия империяси қўшинларини (1071) енгади. Арманистонни, Кичик Осиёнинг ҳаммасини, Сурия, фаластинни ўз хукмронлигига бўйсундиради. Гуржистон, Ширвон ва Мовороуннаҳр унинг вассалига айланади. Шундай қилиб, Қора ва Ўртаер денгизларидан то Форс қўлтиғи ва Жайхунгача ястаниб ётган жуда буюк исперия вужудга келади”.
Ҳўмер ( Гомер)нинг “ Одиссея” эпопеяси минг йиллар оша яшаб
келмоқда. » Алпомиш“ нинг ундан кам ери борми? Йўқ. Бу тўғрида йирик – йирик фольклорчилар ўз фикрларини баён этганлар. Юқорида академик С.П.Толстовнинг ҳам ёздиғини ўқидингиз. Менимча, академик В.М. Жирмунскийнинг қиёслама талқини бошқа олимларникига нисбатан қимматлидай, холисдай. У ўзининг “Баҳодирлик эртаги”да олтой, ёқут, мўғул, шўр, хокас, бурятларнинг халқ оғзаки ижодларига оид асарларини “ Алпомиш”га солиштиради, менгзаш, менгзамаслиги ва ҳам илдизан бир, бир эмас томонларини аниқлайди. Булар ўзимизнинг туркэл уруғлари эртаклари, албатта. Уруғ бир бўлгандан кейин ўхшаш жиҳатлари бўлиши табиий ҳол.
Академик В.М. Жирмунский изланишни кенгроқ кўламда давом эттиради. У юнон эпоси “ Одессия”ни “ Алпомиш”га қиёслайди. Фольклорчи олим Тўра Мирза (ев) сўзи:
“Академик” Жирмунскийнинг фикрича, Алпомишнинг қайтиши Одиссеянинг номаълум қиёфада келишидаги деталлар ўхшаш: ҳар иккисида ҳам хўрланган ота ( Бойбўри ва Лаэрт), рақиб томонидан камситилган ва ўлим билан қўрқитилган балоғатга етмаган ўғил (Ёдгор ва Телемах), қаҳрамоннинг дўсти ва ёрдамчиси, қули ва қадирдони кекса чўпон ( Қултой ва Эвмей) типлари бор. Алпомиш ҳам, Одиссея ҳам воқеани ўз кўзлари билан кўриш учун қиёфаларини ўзгартирган ҳолда келадилар. Одиссеяни ярим ўлик ҳолида ётган ит Аргус қарши олса, Алпомишнинг ватанига қайтишини етти йилдан бери чўкиб ётган қора нор қарши олади. “ Алпомиш” да, шунингдек, “ Одиссея”да ботирнинг қайтиши ҳақидаги ҳикоянинг асосий мазмунини ғарбий вариантларда бўлганидек, қаҳрамоннинг шахсий тақдири романтикаси эмас, балки зўравон – узурпаторга қарши ҳокимият, ўз уйи ва хотини учун қаҳрамонона кураш ташкил қилади. Ана шунга асосланиб, В.М. Жирмунский антик ва Ўрта Осиё маданиятларининг қадимий алоқлари масаласини қўяди”.
Академик В.М. Жирмунский: “ Алип Манаш” турк ҳоқонликлари замонлари ( VI -VIII) да, Олтойда яралган” деган ғояда қатъий турган. У “ Олтой версияси” билан фанга кирган. Дунё фолклорчилари буни тан олган. Мен ҳам бошда шу фикрда эдим. Ҳозир эса бу фаразни, хусусан, давр масаласини баҳсли, деб биламан. Нега? Сал сўнгроқ…
Уйғур, қозоқ, қорақалпоқ, татар, бошқирд… умуман, барча “ Алпомиш”ларнинг отаси ҳам, онаси ҳам “ Алип Манаш”лиги тўғри. Жумладан, ўзбек “ Алпомиш”ининг ҳам. Бу борада Жирмунский ҳақ. Академик И.С. Брагинский ҳам бу фикрни қўллайди:
“ Алип – Манаш” келиб чиқиш жиҳатидан энг архаик ҳисобланади. “Алпомиш” ( Қўнғиротверсияси) бошқа версиялар ( Ўғуз, қипчоқ)га нисбатан “ Алип Манаш “ ( Олтой верси) га кўп жиҳатдан ўхшайди”.
“ Алпомиш” достонининг иккинчи бўлим Ўғуз версияси – “ Бамси Байрак” ка яқин. Қипчоқ версияси – “ Алпомиш ва Барсин Ҳилуу” ҳам шундай. Оға – инилар бир – бирига менгзайдилар. Худди Америкадаги етти баҳодир – Баҳодир, Баҳром, Бурхон, бахтиёр, Ихтиёр, Ботир, Бобирлар каби. Чунки бир ота – онанинг болаларидир. “ Алип Манаш”, “ Бамси Байрак”, “ Алпомиш ва Барсин Ҳиллу”, “ Алпомиш”лар ҳам шундай. Чунки бир илдиз меваларидир.
Менинг йўлдошларим “ Алип Манаш”ни топишга кўп урунишди. Анқара университети профессори Метин Эргун, доктор Турсун Йилдирим, туркчи дўстлар – Ҳоқон Кўчунарслон, Юзел Танайларга хатлар ёзишди. Шунингдек, Олтой олимларига ҳам. Самара бермади. “Олтойча Алпомиш” муаллифи доктор Метин Экичини ҳам топишолмадик.
Бироқ мушкулни Тангрининг ўзи осон қилди. Кутулмаганда академик Гумилевнинг “Қадимги турклар” китоби эсимга тушди. Унда “Алип Манаш”нинг мазмун, моҳияти қуйидаги тарзда берилган:
“ Алпомиш ҳақидани эртакнинг вариантлари кўп. Лекин энг қадимийси Н. Улагаш бахши оғзидан ёзиб олинган Алип Манашдир. Унинг мазмуни Турк – ут (Турк – миллат оти, ут – мўғулча – лар қўшимчасини англатади… Милод бошида хитойлар : Турк”ни “ Турк – ут” деб атаганлар) тарихини ёритиш учун зарур бўладиган йўналишда қисқартириб берилган. Алип Манаш девқомат баҳодир бўлган. Ота – онаси уни Қирғизхоннинг гўзал қизиға уйлантиради. Бироқ Алип Манаш хотинини севмасди, у Ақ қоннинг қизи гўзал Эрка Қароқчини излаб йўлга тушади. Кўп саргузаштлардан кейин Ақ қонга асир тушиб қолади, ёввойи ғознинг қанотига хат ёзиб, ёрдам сўрайди. Қутқазиш учун юборилган тутинган иниси уни қутқаришдан бош тортади ва асир учун аталган сеҳрли емоқни еб қўяди. Шундан кейин у Алип Манашга ўхшаб қолиб, орқага қайтади, келиб дўстининг хотинига эришмоқчи бўлади. Алип Манаш ботирни оти қутқаради. Лекин бунга сеҳр аралашади. Баҳодир билан унинг оти биргаликда Ақ қонни енгади. Уни кўп ботирлар қонига зомин бўлган қизи билан бирга ўлдиради. Аққоннинг халқи ва молини баҳодир ўзи билан олиб кетади. У уйига тоз ва иркит бир чол қиёфасида қайтади. Шу қиёфа ёрдамида хоин дўстини ошкор қилади. Хавфни ҳис этгач, хоин дўсти турнага айланиб учиб кетади. Алип Манаш эса ўз ерига асирлар ва чорвасини жойлаштириб, халққа катта тўй беради.
Бу эртакда ҳаммаси қизиқ “ оқ хон” нинг ёвуз барно қизини излаб сафарга чиқиш Ўрхун битикларидаги ўз уйингда – Ўтукан йишида яшашинг керак; Табғач хоннинг кулчасидан ўзингни кўмачинг яхши, табғачалардаги гўзаллардан юртинг қизлари афзал (гарчи бундай очиқ айтилмаган бўлса ҳам), деган кўрсатмаларни эслатади. Ғоз қанотидаги хат Хан даври Хитойидаги СУ У деган элчи ҳақидаги панд – насиҳат ҳикоясига уйғундир. Ҳикояда элчи шу йўл билан Хун асирлигидан қутулади. Тутинган уканинг сотқинлиги мавзуси ниҳоятда кескин, аламли тусда берилади. Чунки биз кўрдикки, Биринчи ҳоқонлик тарихи бошдан – оёқ хитой айғоқлари томонидан сотиб олинган турк – ут шаҳзодалари ва ботирлари курашидан иборат. Турк – утлар бир – бирига камдан – кам суянишган. Шунинг учун ижобий қаҳрамон сифатида сеҳрли сифатларга эга от берилган. Эртак охирида қаҳрамон интилган мақсадига етмаганлигидан умидсизланиб, хаёл сукутига ғарқ бўлади. Гўзал қизга уйланишдан кўра ўч олиш ҳисси устун чиқади ва у Аққон билан яқинларини ҳамда қизини қатл эттиради. Лекин амалий манфат ҳисси қондирилади ва чеккан азоб – уқубатлари натижасида қаҳрамон ўлжали бўлади. Ниҳоят, ёмонлар жазосини олиб, яхшилик тантана қилгач, эртак бахтли тугайди. Бу панд – насиҳатли унсурлар осмон остида, ер устида яшаб қолиш учун шафқатсиз кураш кетаётганбир паллада ниҳоятда муҳим ва зарур эди. Биз таҳлил этаётган вариантдаги қандайдир бир илғаб олиб бўлмас оҳанглар, унинг Биринчи ҳоқонлик даврида пайдо бўлиб, иккинчисида ҳам яшаб, Олтойга келиб тўхтаб қолган ва бизгача етиб келган, деб тургандай. Мана шундай ўтмишдан узилган парчалар туфайли биз фақат Турк ҳукмдорлари мағрурона эълон этган, тошга ўйиб битган нарсаларнигина эмас, унинг халқи нималар дегани ва нималарни тинглаганини тасввур эта оламиз”.
VII Бўлим
БЎРИ АВЛОДИ
Бўри бўрига, тулки тулкига, тўнғиз тўнғизга ўхшайди- я!..
( Чўлпон Эргаш бу сўзни киноя билан кўп айтар эди)
Юқорида мен эртак, ривоятларни бир – бирига ўхшаш жиҳатларини баён қилдим. Буни бир ота – оанинг фарзандлари турли отлар билан аталгани каби, бир миллатнинг уруғлари турли номлар билан аталиши мисолида ҳам кўрамиз. Масалан уйғур, қозоқ, қирғиз, туркман, болқар, татар, бошқирд, қорайим, олтой, ёқут, хокас, кўкўғуз, қрим, қорачой, қумуқ, нўғай, чуваш… лар хун – турк қавмларидир. Бундай айтганда, бир оғочнинг шохларидир. Ҳаммаси ўзини “ бўри авлоди” , деб ҳисоблайди. Яъни Хун тегини билан урғочи бўридан тарқаган авлод – Турк дейилган. Мўғул ҳам ўз шажарасини бўз бўридан бошлайди. Бу – миф, албатта. Бироқ илдиз бирлигини англатувчи миф. А. Н. Гумилев сўзи:
“ Турклар Хун шаҳзодаси ва урғочи бўрини насаббоши дейдилар. Турк байроқларига бўрининг олтин калласи зеб бериб турган.
Турк тобо (тўба)лар Шимолий Хитойни қўлга киритган палладаги қавм ва қабилалар орасида “ Ашинанинг беш юз хонадони” ҳам бор эди. Уларнинг яшаш жойи Шенсининг ғарбий қисмида бўлиб, IV асрда Хитойдан тортиб олинган эди. Ашина уруғи ХЭси ( Ордоснинг ғарбий томони, Хуанхэ тирсаги ва Наншан оролиғидаги ерлар) ҳокими Хун беги Муғанга бўйсунар эди.
Хитойлар Ашина хонлари қўл остидагиларни ту – кйу деб аташарди. Бу сўзни П.Пело ТУРК – УТ шаклида жуда аниқ тикланган. “ ТУРК – ут” нинг маъноси “Турклар” демакдир.
“ Ашина” сўзининг маъноси эса “Бўри” дир. Туркчасига бўри тушунчаси қашқир ва бўри сўзлари билан берилади. Мўғул тилида эса, шоно чинодир. “ А” хитой тилидаги ҳурмат ифодаси бўлган олд қўшимчаси. Демак, “ Ашина” дегани “ олижаноб бўри “ деганидир”.
(“ Қадимги турклар” )
Бу фикрни Н.Я.Бичурин ( Собрание сведений), Рашид — ад- Дин (сборник летописей), Н.А. Аристов (заметки) каби олимлар ҳам тасдиқлайдилар.
ҲАҚГА ЯҚИН ТАЛҚИН
Алпомишнинг бобоси – Алип Манаш шу Бўри ( Ашина) хонодонларидан бирида дунёга келади. Яъни тўртинчи юзйилликда. Бу сўзим академик Жирмунскийнинг, умуман, фалклорчи олимларнинг қарашларига зид бўлса – да, мен ўз фикримни тўғри, деб биламан. Менинг наздимда Алип Манаш енгилмас, ёвқур, ботир бўлган. Бўри авлоди уни мадҳ этган. Асрлар силсиласида мадҳ илоҳий тус олган. Ва оқибат Алип Манаш афсонавий қаҳрамонга айланган. У ҳақда ривоят, эртак, достонлар тўқилган.
Шу Бўри ( Ашина) уруғи аста – секин мислсиз куч – қудрат, шон – шуҳратга эришади. Буюк турк – ут салтанатини бунёд этади. Хитой бу давлатга ўлпон тўлаб туради. Бумин, Истами, Муған каби давруқли ҳоқонлар ҳам ( VI аср) шу Бўри (Ашина) наслидандирлар. Улар ва уларнинг улуғ авлодлари тарихда Турк – ут, Турк номлари билан ер юзида империялар қурганлар.
Менинг “ Алип Манаш”га бўлган фикримни академик Гумилевнинг қуйидаги ёздиғидан ҳам илғаб олиш мумкин:
“ Турк – ут мураккаб тузилишли эл эди . Келгусида аъёнлар бўлиш насиб этган “ 500 хонадонли” Ашина V юзйилликда Ордосдан кўчиб Турки тилли аҳоли яшайдиган Олтойнинг жанубий ёнбағрига жойлашди”.
Кўряпсизми, V асрда…
Фанга расман кирган Олтой версиясида эса: “ Алип Манаш” VI — VIII юзйилликларда, турк ҳоқонликлари замонларида Олтой тоғ этакларида яралган” дейилади. Бу версия на фақат баҳсли, ҳатто хато. “ Алип Манаш” IVаср бошида Ордосда туғилади. 439 йилда бўри авлоди ( Ашина) Гоби саҳросининг шмолий қисмига кўчади. Бу ерда “ Алип Манаш” яна ҳам жилоланади. Эл тилида. Ўша кезда Гоби иқлими тирикчилик учун нисбатан қулай бўлган. Яъни унда саҳрога мослашган ўсимликлар ва ёввойи ҳайвонлар мўл бўлган.
Ашина V юзйилликнинг иккинчи ярмида ўз қондошлари яшаётган Олтойга силжийди ва “ Алип Манаш” бу ўлкада кенг илдиз отади. Олтойдан эса бу баҳодирлик эртаги турки уруғлар яшаётган юртларга, жумладан, туркистонга ҳам тарқалади. Юқорида айтганимдек, “ Алип Манаш” Ўзбекнинг Қўнғирот элида Ислом дини босими ва таъсирида “ Алпомиш” номи билан ўзгаришга юз тутади.
У замондан то Сабир ( Сибир) хони Кўчим хон давригача (1156 й.) Сабир турклари ҳозиргига қараганда бир неча минг марта кўп бўлган. Табиати гўзал ҳамда ўрмонларга бой бўлган. Эл тўкис, эркин яшаган. Ўрис босқини (1556) йилда Ермак Сабирни ишғол этади, аҳолини аёвсиз қиради ва турк бешикларидан бири бўлмиш Сабирни Россия, деб эълон қилади) дан кейин бу қадим Турк юрти ғорот, эли қирғинборот бўлган. Яна у кўп очарчилик ва ўлатларни бошидан кечирган. Халқ босқинчи сиқинтиси ва таъсирида нисбатан ўрислашган ҳамда христянлашган. Мана бу узундидан ўзингиз хулоса чиқариб оларсиз:
“ Алтайский язык относится к туркской группе генетически родственных языков, которые в свою очередь входять в семью алтайских языков, состоящей, кроме туркских, из монголских, тунгусских, маньчжурских, а также корейского и японского языков. Туркские народы расселены в мире от якутов на восток до Турков на западе, от чувашей и татар на севере до туркмен и уйгуров на юге.
Исторически Алтай признается учеными родиной турков. Географический Алтай, кроме Алтайского края, представлен Кузнецким Алтаем ( Кемеровская область), Рудным Алтаем ( Казахстан), а за, рубежом пределы Алтая заходять далеко в Монголию и Китай. Территория Алтая богата археологическими памятниками, а также памятниками Туркского рунического письма V — XI вв.
Горную часть Алтайского края охватывает территория Горно – Алтайской автономной области, коренной население которой алтайцы.
В настоящее время в Горно – Алтайской автономной области, проживает свыше 18 0000 человек, из них 64 процента русские , 30 – алтайцы, 6 – казаки и граждане других национальностей».
( « Как это сказать по – алтайски», Горно – Алтайского книжского издатель ство, 1990)
Бу ҳақда келиб чиқиши этник турк бўлган рус олими Н.А. Баскаков ((Алтайская семья языков и ее изучение, Москва, “ Наука” 1981), ( Алтайские язык. Москва, изд. “Наука”, 1958) ҳам ўз китобларида ёзган.
ЧИНГИЗХОН ВЕРСИЯСИ
Шу жумлага нуқта қўйишим билан АҚШ нинг Аригон штатидан Баҳодир Хон Туркистон сим қоқиб қолди. Хол – аҳвол сўрашдик. У менга арча ортилган мошинада йўлда кетаётганини айтди. Гапи сўнгида: — Америкада янги йилга тайёргарлик эрта бошланади, — деди.
-Рулда сизми, келинми?
-Феруза уйда. Кичик ўғлим Дадахон ўз тилини унутиб қўйаяпти. Шунга Феруза Дадахон билан машғул. Менимча, ишдан кўра ҳам бола тарбияси муҳим. Сарвиноз , Севара, Давронбеклар ҳам ўзбекчани инглизчага аралаштириб гапиришади. Бу мени ташвишга солаяпти. Ўз тилини билмаган ўзбек, ўзбек бўладими? Мен болаларимни ўз тили, ўз эли билан фахрланишларини истайман.
-Ҳар бир ўзбек сиздек фикрлаганда эди…
-Биринчи навбатда, бу, ота – она тарбиясига боғлиқ.
-Ота – онанинг ўзи тарбияга муҳтож бўлса – чи?
-Энди, бу, менимча, давлат миқёсидаги гап. Яъни давлатнинг миллий сиёсат юргизишига боғлиқ.
-Тўғри, Баҳодир, тўғри. Бироқ мен бир кишининг кунига мингларча чақирим йўл босишини ақлимга сиғдиролмайман.
-Тирикчилик – да, ака.
-Шундай оғир машинани келин ҳайдашига ҳам ишонгим келмайди.
-Мендан қолишмайди.
Мен ўзбек аёлини Америкадай буюк мамлакатда оғирдан – оғир машинани узоқдан – узоқ масофага ҳайдашини ўзимча тасаввур қиламан. Шунда, ихтиёрсиз бир тарзда Феруза ва нагадир у билан бирга Халқаро Оскар Мукофоти лауреати Зулфия Назар кўз олдимга келади. Бундан ғурур туяман. Ўйлайман, Феруза ва Зулфия мисолида бутун ўзбек хотин – қизларини ўйлайман. Меҳнатда, садоқатда, гўзалликда тенгсиз ўзбек хотин – қизларини. Агар меҳрга ташна бу аёлларга яшаш, ишлашлари чун Оврўпа хотин – қизлариникидай шароит яратилса, ҳурмат, эътибор кўрсатилса ва меҳнат ҳақи тўланса, юрт бўстонга айланади. Мен бунга юз фоиз ишонаман!
-Жим бўлиб қолдингизми, ака?
Баҳодирнинг овози ва гўшак қитирлашидан хаёлим тарқади.
-Узр, — дедим ва уни саволга тутдим, — бир ўзингиз йўлда чарчаб қолмайсизми?
-Ҳаёт мажбур қилганда, одам ҳамма нарсага ўрганаркан, кўникаркан. Уйқум келганда машинани йўл четига тўхтатаман. Мизғиб оламан. Сўнг яна йўлга тушаман. Йўл… йўл… адоқсиз йўл… Ишонасизми, йўқми, мен бундан лаззат ҳам оламан. Яна ота – боболарим кўрмаган юртларни кўраман. Ҳиндуларни кўрганимда, ўзбекларни кўргандай бўламан. Бир замонларда, ақл етмас замонларда, бир ота – онадан тарқаганмизми, деб ўйлаб ҳам қоламан. Нью – Мексика элини ҳам ўзбекдан ажратишингиз қийин.
Йўлда мен тирикчилик завқини ҳам туяман. Чунки меҳнатимга яраша ҳақ оламан. Оиламга етиб, ортадиган ҳақ. Манглай тери завқи бошқача бўлади, ака.
Ўзимизда “ Йўл азоби, гўр азоби” дейишади. Америкада мен буни сезмайман ҳам. Йўл кенг, текис, шоир айтганидай, ойнадай. Бирон ерда ўнқир ё чўнқир йўқ. Ўзбекка бу нарса ёлғондай туюлиши мумкин. Мен чатиб сўзлашни ёмон кўраман. Бу юртда сифат биринчи ўринда туради. Бу юртда виждон биринчи ўринда туради. Бу юртда элга ҳурмат биринчи ўринда туради. Имон бор ерда, барака бўлади, қут бўлади, тарққиёт бўлади. Америка эркин дунё, ака! Ёлғон, зўрлик, туҳмат, зулм, ҳаром – ҳариш аралашган ерда эса ҳеч қачон ўсув бўлмайди, чўкув бўлади. Қайси давлат ўз халқини алдаса, қайси давлат ўз халқини таласа, билингки, у давлат қулашга юз тутади. Сурияга қаранг…
-Марксни ўқигансиз – да.
-Советлар даврида уни ҳар ойдин ўқиган.
Менга Ницше ¹ ёқади, Спиноза² ёқади.
-Қайси асарларини ўқигансиз?
Ницшенинг
-“ Зардушт шундай деган”, “ Яхшилик ва ёмонликнинг нариги томонида”, “Ҳокимиятга интилиш иродаси”, Спинозанинг “ Илоҳият – Сиёсатга оид тракт” каби китобларини. Спинозанинг мана бу фикрлари одамни ўйлантириб қўяди:
“ Табиат азалий, у ўзига – ўзи сабабчи, ўзининг борлиги учун ҳеч нарсага муҳтож ё қарам эмас. У яратувчи, яъни Тангри. Борлиқ ( субстанция) биттаю – битта, ниҳояли нарсалар (модуслар) эса сон – саноқсиз. Ниҳоясиз ақл ниҳоясиз субстанцияни унинг ҳамма кўринишлари ёҳуд аспектларида пайқаб ола билган бўлар эди. Аммо бизнинг ниҳояли идрокимиз субстанциянинг
моҳиятини фақат икки аспектда: “ кўлам” сифатида ва “Тафаккур” сифатида бениҳоя моҳият деб пайқайди. Инсон бир зот, унда кўлам модусга – танага – тафаккур модуси – руҳга мувофиқ келади. Ҳар иккала модус бўйича ҳам инсон табиатнинг бир қисмидир”..
“Ўзини сақлашга интилиш ва ўз фойдасини кўзлаш инсоннинг хулқ – атворини ҳаракатга келтиради”.
“ Диннинг мақсади нарсаларнинг табиатини билиш эмас, балки фақат кишиларни ахлоқий ҳаёт тарзида яшашга ундашдир. Шу сабабли дин ҳам, давлат ҳам фикр эринлигига тажовуз қилмаслиги лозим”
—————————————————————————————————————————————————¹Фридрих Нацще (1844-1900) Олмон файласувифи.
²Барух Спиноза (1632-1677) Ҳолланд файласуви
Мен Баҳодирга Спинозага нисбатан тарих тарифини айтдим: “Спинозанинг
таълимоти шундай бир тарихий вазиятда таркиб топдики, бу вазият Нидерландияни испан феодал монархияси зулмидан озод бўлгандан кейин илғор капиталистик мамлакатга айлантирди».
” -Кўраяпсизми, ака, тарихда бир одамнинг хизмати нечоғлик улуғлигини! Шундай буюк олим Аместердам яҳудий черков жамоасидан ронда қилингани.
— Бу кечирилмас ҳол! Ўзи доим сўқурлар кўзи очиқларга тажавуз қилиб келганлар. Италян файласуфи Жордоно Бруно ( 1548 — 1600) шаккокликда айбланади, 8 йил қамоққа маҳкум этилади, сўнг ёқилади. Ваҳдати — вужуд таълимоти асосчиси Мансур Ҳаллож ( 858 — 922) “ Мен ҳақман!” (“Ана — л ҳаққ!) дегани учун чопилади. Буюк турк шоири Насавий ҳам “ Кофир” деб жазога тортилади ва тириклай териси шилинади. Спинозанинг узтозлари¹ -дунёда “ Иккинчи ўқитувчи “ деб тан олинган Узлуғ Тархон Фаробий (873 — 950) ҳам, қомусий олим Абу Али Ибн Сино (980 — 1037) ҳам Кофирга чиқарилади.
Мен Баҳодирга Ибн Сино тўртлигини ўқиб бердим:
Мендек бир кишини кофирликда айблаш осон.
Лек йўқ менинг иймонимдан кўра бутроқ иймон.
Дунёда битта- юбитта мендек мусулмон,
Гар мен кофир бўлсам, оламда йўқ бир мусулмон…
— Яхудо, Тарсо, Ислом руҳонийлари ёвузликда бир бирларидан
қолишмаганлар.
— Динларни уруш ўчоқларига айлантираётганлар ҳам шу сўқурлар — да,
Баҳодир.
— Уруш ўчоқлари… Бу мавзуда гаплашсак, гап кўп. Аммо мен ҳозир Сизга
янги бир таклиф билан телефон қилаяпман, ака.
— Қандай?
— “Алпомиш” га тегишли.
— Айтинг.
— Чингизхоннинг тарихини мендан яхши биласиз, деб ўйлайман.
— Йўқ, Баҳодир, юзаки.
— Умр баёнини — чи?
— Ўзимга яраша десам бўлар.
— Туғилган ерини аниқлолмадим.
— Бўржичинда шекилли, 1155 йилда, ой, куни хотирамдан кўтарилган.
Эсимда қолганларини айтайми?
— Жон деб эшитардим.
— Чингизхоннинг болалик оти Темужин². Унинг отаси Есигей Баҳодир
ўзимизнинг Қиёт уруғидан бўлади. Онаси- Ойлин Қўнғирот, Сизга
———————————————————————————————————————————————————¹Спиноза – Фаробий билан Ибн Синони “Устозларим” деб билган ва бу ҳақда ўз асарларида қайд этган.
²Темужин – Темирчи, темир сўзидан олинган.
қондош.
— Шунга мен ўзимни Чингизхон авлодидан, деб биламан.
— Гнезис, яъни томир бирда, Баҳодир, қон тортади.
— Шундай.
— Есигей баҳодир Қиёт уруғининг бошлиғи бўлади. У Тўйчиут қавми
йўлбошчиси ёвқур Темужин билан дўст тутунади. Шу чун ўғлига Темужин, деб исм беради. Есигей баҳодир ўғли 9 ёшга тўлганда, унга 11 ёшли
Қўнғиротқизи — Бортени унаштиради.
— Қизнинг оти Барчин.
— Мен тарих ёздиғини айтдим, Баҳодир.
— Қони ёт йилномачилар исмларни бузиб кўрсатишган.
Мен ўқиганим бир китобда Барчин “ Барчи”, яна бирида “ Баржи” деб ёзилган. Хитой тарихёзарлари кишини “ки — жи” деб ёзганлар- ку, шундай — да.
— Тўғри. Энди, Баҳодир, гапимни бўлмай эшитинг.
— Суҳбат қизиган паллада одам ўзини тутиши қийин. Узр.
— Кейинча Есегей баҳодир ёвқур Темужин билан келишмай қолади.
Ўша — ўғил — қизи унаштирилган куни тўйчиутлар Есигей баҳодирга заҳар беришади. Унинг биринчи хотини Ойлиндан Ҳасағ, Хачун, Тамуғе, иккинчи хотинидан Бектр, Бегутай отли ўғиллари қолади. Темужин тўнғич фразанд бўлади. У отаси ўрнини эгаллайди. Ўн ёшида Бортега уйланади. Аста — секин элга танилиб боради. Бундан Тойчиут уруғи бошлиғи Темужин: “ Отасининг ўчини олади” деб ташвишга тушади. Шу сабабли у Меркут уруғи билан бирга Есигей баҳодир қавмига туйқус босқи ёпади. Бор бойлигини тортиб олади. Темужиннинг оёқ, қўл, бошига тутақ (қабза, қолип, қандала, тахтакач, калодка) кийдиришади. Бу билан у ейиш, ичишдан маҳрум бўлади. Уни илон, чаён, ари чақадими ёки чивин, пашша талайдими, у қўлларини тутақдан узиб ололмайди. Шу ҳолатда қора тунда, ғаним уйқуга кетган паллада тушов оёғи билан қочади ва теграси қамиш билан қопланган кўлга бекинади. Шўр сувда Темужиннинг фақат оғзи, бурни кўриниб туради. Ёғий ҳаммаёқни ағдар – тўнтар қилади. Уни тополмайди. Фақат ёвнинг Сулдош қабиласидан бўлмиш
Сурғаншира исмли бир чериги Темужинни кўради. Унга ичи ачийди. Шунга сотмайди. Темужин нажот истаб кечаси Сурғанширанинг уйига боради. Не азоб билан, судрала – судрала. Сурғаншира ўлим билан тугайдиган бу ҳолдан даҳшатга тушади ва уни қутқазишга қўрқади. Аммо унинг ўғли Чираун
Тумужиннинг тутақдан бўшатади. Сурғаншира унга ўз байталини совға қилади. Чираун Темужини аравага ётқизади, устига жун босади ва шу йўсунда ҳеч кимга сездирмай уйига элтади. Йиллар кечгач, Темужин яхшиликни – яхшилик билан қайтаради. Сурғанширага туганмас мол – мулк беради. Чираунни қўшин қўмондони этиб тайинлайди.
Тимужинўн ёшида бўртага уйланади.
Темужин Жадиран қабиласи бошлиғи Жамухани ва Тўғрулни ўзига анда (анда мўғулча – йўлдош, жўра, ошна, дўст дегани) деб билади. У бу икки
йўлдоши ёрдамида отасини ўлдирган, мол – мулкини талаган, ўзи ва оиласига мислсиз кулфат келтирган Тойчиут билан меркутларни қириб ташлайди. Ой, йил сайин Тумужининг довриғи ортиб боради. Бу Жамухада ҳасад уйғотади. Ҳасад Жамухани куйдиради ва бу вулқон ўлароқ унинг тилига тошади:
— Икки кўчқорнинг боши бир қозонда қайнамайди, юртда бир хўжайин бўлади!..
Шундан кейин андалар ўртасига совуқчилик тушади.
1184 – йилда Темужи Тўғрул хон (Туғрул бу пайтга келиб шарқий мўғулэл хони бўлади ва Ван хон номини олади. Яъни 1182 – 1187 йилларда) билан бирга Беркутларга чопул ёпада. Қўллари баланд келганда, найманлар босқисига учрайдилар. Жамуха Темужинни найманлар ўлдиришини истайди ва уни ташлаб қочади. Темужи қирғиндан омон чиқади. Бироқ Беркут, Тайгут қабилалари Бортени ўғирлаб кетадилар. Вақт кечиши билан Темужи Ван хон кўмагида хотинини қутқазади. Дунёни титратган тўртала ўғил ҳам Бортедан туғилади:
Жўжи,
Чиғатой,
Угадай,
Толуй.
Булардан туғилган авлодлар ҳам узун – узун замонлар ер юзига ҳукмронлик қиладилар.
Ван хон ўлимидан олдин бутун еру мол – мулкини Темужинга васият қилиб қолдиради. Темужин 1206 йили Қурултойда хон этиб сайланади ва унга Чингиз¹хон номи берилади. Чингизхон тенгсиз империя асосчиси, тенгсиз юртолар (жаҳонгир ) бўлиш билан бирга ўз тили – турки тилда шеърлар ҳам битган. У тўнғич ўғли Жўжи ўлимига қаттиқ куяди. Ушбу сўзлар юракдан қоғозга тўкилади, ёшга айланб:
Қувулсин олған қулундай,
Қулунимдан айрилдим.
Айрилишқан анқу²дай
Эр улумдан айрилдим…
Бу тўртликни менга профессор Ўрдабекли телефонда ўқиб берганди ва фахр ҳисси туйган овозда деганди: — Тилига қаранг, Ўрта турк тили, Яссавий тили, бундай айтсам жонли ўзбек тили. Мен Ўрдабеклига қўшимча
қилувдим: — Қўнғирот шеваси десангиз, яна ҳам аниқлик кашф этади.
-Олтин Ўрда эли ҳам, аскарлари ҳам шу тилда сўзлаганлар, — деди менга Баҳодир Хон Туркистон.
——————————————————————————————————————————————————-¹Чингиз – тоза, қудратли маъносини англатади.
²Анқу — ёввойи қуш оти
-Кўрган, билгандай атаяпсиз.
-Бу – Чингизхоннинг она тили – да, ака. Биласиз, Олтин Ўрда ҳукмдорлари ҳам чингизийлар бўлганлар. шундай экан, давлат тили ёт тил бўлмаслиги табиий.
-Мантиқан, тўғри.
-Қолаверса, Олтин Ўрда элининг асосий қисми турки уруғлардан таркиб топган. Бунга Ўрта Осиёдан келган турклар¹ни ҳам қўшсангиз, кўнглингиздаги шубҳага ўрин қолмайди.Шуни алоҳида урғу бериб айтаман: Чингизхон империяси Ёзуви (алфавити) ҳам турк — уйғур ёзуви бўлган Чингизхоннинг ўнг қўли, Билим боқони Уйғур Татунга бўлган.
-Тўғри.
-Энди, таклифимга келсак, мен Темужинни Алпомишга ўхшатаман. Унинг ҳам отаси Едигей баҳодир Бойсаридай уруғ бошлиғи бўлган. Темужин ҳам Алпомишдай асирга тушган. У ҳам Алпомишдай Қўнғирот қизига уйланган. Мен Барчин – Бортени бир қиз деб биламан. Алпомиш қалмоқ хони Тойчи билан,Темужин Тойчиут билан савашади. Тойчи – Тойчиут… Синчиклаб қаранг, бу икки атама орасида мувофиқлик бор.Қалмоқ мўғилнинг бир уруғи. ТайчиутТурки тилли қавим. Қўнғиротэл бу икки қабила билан келишолмаган. Олис вақт силсиласида “Алпомиш” эпосида Тайчиутга нисбатан ҳам қалмоққа нафрат кўпроқ сақланиб қолган. Асарда бу бўртиб туради.
Оғасидан аразлаган Бойсарининг ўн минг уйли Қўнғирот эли ва туман – туман туёғи билан олисдан – олис Қалмоқ юртига кетишига ойдин киши ишонмайди. Тасаввур қилинг, олти ойлик йўл – а!.. Яна қанча – қанча тоғлар, қанча – қанча саҳролар¹… Бу бир эпик достон –да, дейишингиз мумкин. Ҳар қандай афсона ҳам ҳаёт ҳақиқатига яқин бўлади. Йўқса, қийматсизланади. Бу- менинг нисбий фикрим.
Бойсари оғасидан ўн кунлик йўл узоққа кўчганда, мен бунга ишонардим. Эпосда “ Олти ой…” дейилган? Ҳамма гап шунда, қулф – калит шунда. Замонлар зарбида хоҳ жонли, хоҳ жонсиз бўсин, ҳар нарса озми, кўпми ўзгаради, баъзан бутунлай ҳам. Бироқ ҳар қандоқ замон, макон, ҳолатда ҳам
ўзгарган нарсалар ўзакларида ўз аслини эслатувчи нималардир сақланиб қолади. Гарчи “ Алпомиш” кўп сиёсий, диний тазийқ ва босимларга учраган бўлса ҳам, ўзида ўзининг қадим илдизига оид айрим нарсаларни сақлаб қолган.Темужин Тойчиут билан урушади. Ўз маконида. “ Алпомиш” да шу
қадим ҳақиқат, жўғрофик ҳақиқат сақланган. Лекин этник макондан йироқда.
Шу учун мен Бойсарини мўғул қалмоғига силжишини “ Томирига тортиш” деб биламан. Алпомишнинг Тойчи билан саваши ҳам тарихий воқеанинг
такрорланишидир. Яъни Темужиннинг Тойчиут билан урушининг қайта кўринишидир. Алпомиш – Темужин бир шахс. Барчин – Борте ҳам. Қанча замон кечса ҳам, қанча макон ўзгарса ҳам инсон ўзидан жуда узоққа кетолмайди. Нарсалар ҳам, воқеалар ҳам шундай – да.
-Ғалати фикр.
-Ишонмаяпсиз.
-Олис ҳақиқатни англаётгандайман.
-Мақсадга кўчаман. Мен “ Алпомиш” достонини кўчманчи ўзбеклар замони- ( XV аср)да Туркистонга тарқалган” дега қарашга қаршиман.
-Нимага?
-“Алпомиш” ундан тақрибан 250 йил аввал бу юртда пайдо бўлган.
-Қандай?
-Чингизхоннинг Ўрта Осиёга Юриши даври¹да. Айни шу замонда ўн олти уруғ Қўнғирот эли ҳам бу ўлкага келиб қолган. Чингизхон билан бирга. “ Алпомиш” билан бирга. Чингизхоннинг ўзи қўнғирот бўлгандан кейин, “Алпомиш” ҳам Қўнғирот уруғи достони бўлгандан кейин бунга шубҳа йўқ.
-Янги талқин. Янги версия.
— “Алпомиш” Чингизхон ва чингизийлар ҳукмронликлари замонларида ўз аслини сақлаган. Чунки улар буддавий бўлганлар. Олтин Ўрда исломни қабул қилгандан кейин, «Алпомиш» ўзгаришга юз тутган.
— Тўғри талқин
— Тоққа ўрлаяпман, Эврил ака, ҳозирча ҳайр.
— Омон бўлинг.
ТУГАНМА
Мен адабиёт, тарих, фольклор фанларидан йироқ оддий бир инжинер йигитни “Алпомиш” достони ҳақида юритган фикрларига ичимда севиндим. Унга нисбатан кўнглимда илиқ ҳислар туйдим. Беихтиёр хаёлимдан шу гап кечди.
“Ҳар қалай Чингиз авлоди – да”.
Бедил сўзлари қалбимда туғён урди:
“Илдиз узсанг, уруғ хаёли ватан,
Илдиз пайдо бўлар яна уруғдан”…
“Асли инсон бўлмоқ – ўзини билмоқдир.”
———————————————————————————————————————————————————¹Чингизхон 1219йилда Туркистонга босқи ёпади.
²Чингизхон ХIII юзйилликнинг йигирманчи йилларида Туркистонни ишғол этганда, сон-саноқсиз ерли йигитларини ўзига аскарликка олган.
1.12.2015