Муҳаммаджон Обидов: Соғлом ақл, холис муносабатдан юз ўгирганлар…
Ўзбекистон / Жамият
Марғилонлик норозилар 4 кундан бери газ-светсиз кўчада ўтирибди
22.12.2015
Фарғона вилояти Марғилон шаҳри маҳаллаларидан бирида газ ва электр тақчиллигидан норозилар тўрт кундан бери кўчага чиқмоқда. Ўзбекистонда газ ва электр тақчиллиги билан боғлиқ вазият кундан кунга ёмонлашаётгани кузатилмоқда. Айниқса, газ қувурларидан узиб қўйилган қишлоқларда электр қуввати кунига 2-3 соатдан берилаётгани, айрим қишлоқларда эса бир неча кунлаб ўчириб қўйилаётгани аҳолини қийин аҳволга солиб қўйган. Лекин кейинги йилларда қувурлардан узилмаган шаҳарларга ҳам чекланган миқдорда газ берилаётгани шаҳарликлар орасида норозиликни кучайтирмоқда ва норозилик акцияларини кўпайтирмоқда.
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрининг «Саховат» маҳалласи аҳли 4 кундан бери газ ва электр қуввати узиб қўйилганидан норозилик билдириб кўчага чиқмоқда. Ундан аввал Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида ҳам газ, электр, ичимлик суви тақчиллигидан норозилик билдирганлар муаммоси қисман ҳал бўлганидан илҳомланган марғилонликлар шаҳардан ўтадиган йўлни тўсиб қўйгани ҳақида Озодлик хабар қилди.
«Саховат» маҳалласи аҳли талабларини тинглаган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигида прокуратура, газ идораси ва бошқа мутасаддилар Марғилонга борганига қарамасдан, 22 декабрь куни маълум бўлишича, марғилонлик норозилар талаби бажарилгани йўқ.
«Саховат» маҳалласида норозилик билдираётган аёллардан бири сешанба куни Озодлик билан суҳбатда вазиятда ижобий ўзгариш кузатилаётгани йўқ, дея билдирди.
“Муаммони ҳал қилиб бериша олмаяпти. Сув келса, газ йўқ, газ келса, свет йўқ. Жуда қийин бўляпти. Кеча газни улаб кетишган эди. Бугун яна на свет бор, на газ бор, на сув. Маҳалламиз, асосан кўп қаватли уйлардан иборат. Бирорта хонадонга сув чиқмаяпти. Повалда сув зўрға жилдираб оқади. Вилоят ҳокимининг ўзи келди, суҳбат ўтказди. Кўчага чиқманглар, деб уқтирди. Лекин уйлар совиб кетган, кўчадан фарқ қилмайди. Шунга одамлар чиқяпти. Ҳозир кундуз куни ҳамма ишда, шунда ҳам 15-20 киши кўчада тўпланиб турибди. Кечқурун ишдан қайтса, яна ҳамма кўчага чиқиб олиши мумкин. Хуллас, вазият қийин”, дейди Марғилон шаҳри «Саховат» маҳалласи турғуни.
Саховатлик фуқаролар Озодликка вазиятни акс эттирувчи суратларни жўнатмоқда. Расмларда электр йўқлигидан маҳалла ҳудудидан ўтувчи йўллардаги светофорлар ишламаётганини кўриш мумкин.
Газ, электр ва сув йўқлигидан норози яна бир марғилонликнинг айтишича, расмийлар газ тақчиллигини вилоят учун ажратилган лимит билан изоҳлашмоқда. Лекин, маҳалла яқинидаги оҳак ишлаб чиқарадиган йирик цехга тўхтовсиз газ берилаётгани аҳолининг норозиликларини кучайтирмоқда, деб ҳисоблайди у.
“Табиий газ тепадан берилмаяпти, деб баҳона қилишяпти. Лекин оҳак заводи ишлаяптику?! Маҳалламизнинг нарироғида, Марғилонга кираверишда, катта оҳак цехи бор, хусусий тадиркорларга қарашли. Ўша ишлаб ётибди. Қишнинг кунида аҳолига газ бермасдан, оҳак цехига бериш тўғри бўлмаса керак, ахир?” дейди марғилонлик суҳбатдош.
Норозилик акциялари Ўзбекистон учун 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин камдан-кам учрайдиган ҳолга айланган. Лекин газ ва электр тақчиллигига қарши норозиликлар кейинги пайтларда кўпаймоқда.
Ўтган ҳафта Фрағонанинг Қиргули мавзесида ҳам газ тақчиллигидан норозилар кўчага чиққан эди.
Йил бошида Навоий вилояти Хатирчи тумани Мирзо Улуғбек деҳқон фермерлар уюшмаси ҳудудида яшовчи элликка яқин аёл электр энергияси тақчиллигидан норозилик билдириб, Хатирчи-Зарафшон йўлини тўсиб қўйган. Хатирчилик манбаларга кўра, туман ҳокими воқеа жойига келиб, чироқни ўчирмасликка ваъда бергач, норози аёллар тарқалган.
Навоийда ҳам, Фарғонда ҳам норозилик намойишлари зўравонликларсиз ўтганини қайд этиш жоиз.
Газ ва электр қуввати йўқлигидан шикоятлар Озодликка Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларидан келмоқда. Шикоятлар сони кундан-кунга кўпаяётгани ва хабарлар мазмунидан вазият борган сари ёмонлашаётганини хулоса қилиш мумкин.
Аввалги хабарларда Озодлик муштарийлари электр қуввати кунига 3-4 соат, газ ҳам ўта чекланган тарзда берилаётганидан шикоят қилган бўлса, шу кунларда келаётган хабарларда электр қуввати 24 соат ичида ўртача 2-3 соат берилаётгани, айрим ҳудудларда эса электр қуввати ҳам, газ ҳам бир неча кунлаб ўчириб қўйилаётгани айтилади.
Хусусан, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидан келган хабарда “Бизда ток хоҳлаганда ёнади, хоҳлаганда ўчади. Кунига нари борса, 2 соат берилади. Унинг ҳам аниқ вақти йўқ”, дейилади.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидан келган хабарда айтилишича, Озодбош қишлоғида қиш совуғи авж олиши билан электр ҳам, газ ҳам бир неча кунлаб ўчириб қўйилиши одатий ҳолга айланган.
“Электр эрталаб 8да ўчади, кейин кечаси 12да, ёки эртасига 12да келади. Унда ҳам атиги 2 соатгина ёнади. Газни-ку гапирмаса ҳам бўлади”, дея шикоят қилди бўстонлиқлик муштариймиз.
Ўзбекистон йилига 60 миллиард куб метргача табиий газ қазиб олишини иддао қилишига қарамасдан, ўзбекистонликлар йиллардан бери газ тақчиллигидан азият чекади.
Шунингдек, ўзбекистонликлар электр тақчиллигидан қийналаётган бир пайтда, Тошкент ҳукумати келаси йилдан Афғонистонга сотиладиган электр ҳажмини оширишини эълон қилди.
ОЗОДЛИК
Соғлом ақл, холис муносабатдан юз ўгирганлар.
“Марғилонлик норозилар 4 кундан бери газ-светсиз кўчада ўтирибди”
“Озодлик” радиоси ва унинг сайтидаги бу иддао уни эшитган, ўқиган ҳар қандай одамни ташвишга солади. Наҳотки, деган савол беради ўзига ўзи.
Айниқса, ўзбек халқи ишонувчан. Наҳот шундай бўлса, дея Марғилондаги таниш-билиш, қариндош уруғига қўнғироқ қила бошлайди.
Мен Марғилонда туғилиб ўсганман. Шунинг учун шаҳарнинг “Озодлик”да тилга бот-бот олинган “Саховат” махалласига ўзим бордим. У ердаги кўп қаватли бир неча уйларда яшовчи ахоли билан учрашиб суҳбатлашдим. Хонадонлар эшигини қоқиб, эгасидан изн олиб ичкари кирдим. Газ, сув, электр таъминоти сухбатларимизнинг мавзуси эди. Мен уларнинг ҳар бирини эринмасдан “Озодлик” радиоси сайтидаги 23 декабр куни эълон қилинган юқоридаги сарлавҳа остидаги мақола билан таништирдим.
-
Мен суратни танидим. Бу мен яшайдиган 67 уй, — дейди ўзини Мақсуда Обидова деб таништирган аёл. – Тухмат ҳам шундай бўладими? “Саховат” маҳалласи ахли 4 кундан бери газ ва электр қуввати узиб қўйилганидан норозилик билдириб кўчага чиқмоқда”, “Марғилонликлар шаҳардан ўтадиган йўлни тўсиб қўйди” дейилибди. Айланай ука, журналист дегани сўраб суриштириб кейин ёзмайдими. Ким нима деса, ёлғонни ҳам тарқатаверадими? Қани юринг бирга, дуч келган уйни чақириб эгаси билан гаплашинг. Ахоли нима деса шуни ёзинг, ростини, борини ёзинг, мухбир ука.
Мақсуда опа куйикиб гапирарди. Мен ноилож яна дуч келган 3-4 хонадон эгалари билан суҳбатлашдим.
-
Ўғлим, келиним билан яшаймиз, — дейди “Саховат” махалласи 67 уй, 4 хонадон сохиби Дилбархон Ахмедова. – Уйимиз иссиқ. Мана кириб кўринг, газимиз баланд ёняпти.
-
Сўнгги 4 кундан буён газ, электр мутлоқо узиб қўйилган, одамлар норозилик билдириб шаҳардан ўтадиган йўлни тўсиб қўйишган, деган “Озодлик” радиоси ахборотига нима дейсиз, — сўрадик опадан.
Дилбархон Ахмедова кўзларини жовдиратганича,
-
Вой яшшамагурлар – ей, ахир бу тухматку, бунақа гапни қаердан олишибди,-деб хайратдан ёқа ушлади. – Бугун-эрта келиним жижилайди. Чақалоққа ҳам шу ерда қараймиз. Агар шароит бўлмаганида шундай қарорга келармидик?
Мен “Саховат” махалласидаги 69 а кўпқаватли уйнинг бешинчи қаватига кўтарилиб 50-хонадон эшигини чақирдим. Ичкаридан қўллари совун кўпигига ботган аёл чиқди.
-
Хизмат?
-
Опа кечирасиз, мен журналист Муҳаммаджон Обидовман. Уйингизда газ, сув, чироқ борми?
-
Бор, айланай, бор. Кўрмаяпсизми, кир юваётган эдим. Сув, чироқ бўлмаса қандай қилиб кир ювардим?
Мен барибир ўз кўзим билан кўрай деб, илтимос қилдим. Дарҳақиқат, жумракдан сув отилиб тушар, газ плитасидаги челакда сув қайнаб турарди. Хижолатдан, узр сўраб ташқари чиқдим.
Мени бир савол қийнарди? Хўш, “Озодлик” нега бунадай ҳақиқатдан йироқ ахборотни тарқатяпти? Дарвоқе, ахоли суратни таниди-ку, дея яна бир бор интернетга кирдим. Йўлак, унинг тўрида бир кўпқаватли уй сурати турибди. Мақолада ёзилган “кўчага чиққан норози” лардан биронтаси ҳам “ашёвий далил” – суратда акс этмаган.
“Саховат” махалла фуқаролари йиғини идорасига кириб, раис вазифасини бажарувчи Ўғилхон Хакимовадан шу мавзуда сўраб-суриштирдим.
-
Ё тавба, 3-4 кун аввал кўп қаватли уйларда газ босими пасайган эди. Электр эса ахоли огохлантирилиб аввалдан белгиланган тартиб ва вақтда бир кеча-кундузда 3-4 марта икки соатдан ўчирилади. Шу оламга дўмбира қилинадиган гапми, ахир? – Ўғилой опа дунёдаги нотинчликлар хабардор экан. – Хали Парижда, хали америкасида куппа-кундузи одамларни ўлдириб кетишяпти, самолётлар портлаяпти, бечора араб мамлакати ахолиси тинчини йўқотганига йиллар ўтяпти. Қўшнимиз Афғонистонни айтинг, яна толибон дегани қўзғалиб қолибди-ку. Шуларни гапирсин ўша “Озодлик”!
Махалламиз ахли халол, меҳнаткаш ва Ватанпарвар инсонлар. Бизда хеч қанақа норозилик чиқишлари бўлмаган. Қолаверса “кўчани тўсди”, деб ёзганига куласанми, куясанми?
-
Махаллага вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев келибди,-деб ёзишибди…
-
Ҳа, тўғри вилоятимиз ҳокими марғилонликлар билан учрашгани келди. Лекин бу хеч қанақа воқеа билан боғлиқ эмас. Сиз телевизор кўрасизми? – сўради Ўғилой опа тўсатдан.
-
Ҳа, албатта.
-
Вилоят телевидениеси, “Фарғона ҳақиқати” газеталарида вилоят ҳокими қайси куни, қайси шаҳар-туман, қайси қишлоқ ёки маҳалла ахолиси билан учрашиши жадвали эълон қилинганку. Солиштириб кўринг, ўша эълон қилинган жадвалда белгиланган кун ва соатда жумладан, бизнинг махаллага ҳам келди, вилоят ҳокими.
Дарҳақиқат шундай эди. Вилоят ҳокимининг жойлардаги учрашувлари жадвали хамиша газетада, телевидениеда эълон қилинади. “Озодлик”чилар эса бу фактни ҳам ўзларича талқин қилганлар.
Ҳўш, унда бу “машмаша” қаердан келиб чиқди?
Такрор эслатиб ўтаман, бу сатрлар 2015 йил 23 декабр кунига тегишли. Аммо бундан сал илгари баъзи воқеалар ҳам рўй берганди.
-
6 декабр куни “Трансгаз”дан хабарнома келди, таъмирлаш ишлари сабабли 18-21 декабр кунлари Охангарон магистрал қувирида газ босими пасаяди, деган. Биз бу ҳақда махаллий ОАВларига эълон бердик, — дейди “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Марғилон шаҳар филиали бошлиғи Музаффар Акбаров. – Шу кунлари Марғилонда, жумладан “Саховат” махалласида ҳам газ босими пасайди, узиб қўйилгани йўқ.
Маълум бўлишича Марғилонга газ келаётган қувирлардаги босим 6 кг. га тенг. Аввалдан хабар қилинган кунлари у 4,5 кг. бўлган.
-
Марғилондаги хонадонларни ёритиш ва маиший техникаси учун бир кеча-кундузда 550 минг киловат электр қуввати етади ва бизга шунча лимит ажратилган, — дейди шаҳар электр тармоқлари корхонаси рахбари Равшанбек Мамажонов. – Шаҳарда газ босими камайган 18-21 декабр кунлари ахоли томонидан хонадонларга қўшимча иситиш ускуналари қўйилиши натижасида бир кунлик эхтиёж 730-740 минг киловатга чиқиб кетди. Натижада айрим подстанция, кўчалардаги трансформаторларда авария холати рўй берди. Биз аввалдан таъмир гуруҳлари тузиб тайёргарлик кўргандик. Шунга қарамай ўша кунлари баъзи кўча, уйлар 2-6 соатгача электр қувватисиз қолди. Жумладан, “Саховат” махалласида ҳам шундай бўлди. Махалланинг биронта ҳам кўпқаватли уйи, хонадонлар хеч қачон электр таъминотидан узиб қўйилмаган.
Мен ушбу сатрларни сизга етказгунча қанча-қанча маълумотларни ўргандим, солиштирдим, мутахассис жалб этиб хулоса олдим. Равшанбек ҳам аниқ рақамлар келтирган экан.
Очиғи, баъзида алам қилади. “Озодлик”дагилар ўзи ўзбек боласи, мусулмонлигига ҳам шубҳа йўқ. Лекин нега Ватанини шунчалар ёмон кўради? Нега хаётий ҳақиқат қолиб фисқу фасод тарқатади?
Такрор айтаман. Хали муаммолар талайгина. Улар қаторида электр таъминотида ҳам бор бу гап. Аммо бу муаммо халқдан яширилгани, ёки чораси кўрилмаётгани йўқ-ку! Келинг, мен мамлакат мисолида айтмай (аслида сўнгги 23 йилда мамлакат ахолиси сони 48 фоизга ёки 10 миллион нафарга кўпайди) Марғилонда 2012 йил 31 декабр холатига 210543 нафар ахоли яшаган. 2015 йил 1 октябрга келиб у 221216 тага етган. Ёки салкам уч йилда ахоли нуфузи 11 минг кишига ошган. Демак, Марғилон шаҳрининг газ, сув, электрга эхтиёжи ҳам ошганми? Табийки, ҳа!
2016 йилда Тўрақўрғонда қурилаётган электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилса жумладан, Марғилондаги бу эхтиёж ҳам тўлиқ қопланади, албатта. Давлат айни шу лойиха учун деярли 1 миллиард доллар маблағ ажратди, ахир. Демак, муаммо ечими устида амалий иш қилиняпти эканми? “Озодлик” “манбаа”лари буни билмайди, деб ўйлайсизми? Жуда яхши биладилар. Аммо ҳар доимгидек улар фақат тирноқ остидан кир ахтарадилар.
Ёки мана шу менинг шаҳрим, Марғилоннинг ўзида 2015 йилда 60 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Кўчалар кенгайди, янги иншоатлар барпо этилди. 46 хонадондан иборат “Камолот” ёшлар уйи хеч қандай аввалдан тўловсиз 20 йиллик имтиёзли кредит асосида ёш оилаларга берилди. Гўриаввал махалласида хамма хавас қилгулик болалар спорт мажмуаси қурилиб ишга туширилди.
“Эскпоколарпринт” Ўзбекистон-Швецария ипак йигирув қўшма корхонаси 300 та ёшларга иш бериб фаолият юрита бошлади. Умуман йил давомида 46 та катта-кичик корхоналар ишга тушди. 16,5 миллион доллар сарфланиб шаҳардаги барча маҳалла, кўчалардаги 59 километрли сув қувурлари алмаштирилмоқда. 50 та кўп қаватли уйларнинг томлари мукаммал таъмирланди. Холбуки, бу уйларнинг хаммаси ахоли томонидан хусусийлаштирилган.
Ҳўш, нега “Озодлик” ҳам, унинг “манбаа”лари ҳам булар ҳақида лом-мим демайди? Чунки бу уларнинг манфаатига мос эмас.
Яна бир бор айтаман, халқ фаровонлигини таъминлаш, Ватан равнақига эришишнинг хали ечимини кутаётган масалалари бор. Бунга истак, харакат, маблағдан ташқари, энг муҳими – жисмоний вақт, ҳам керак. Буни англаш учун соғлом ақл ва холис муносабат зарур холос.
Муҳаммаджон Обидов,
Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Svet, gaz xatto ichimlik suvi judayam kupchilik aholida yuq. Bu xech kimga sir emasku .
Озодлик факат ёмон тарафини гапиради холислик йук умуман, булар хаммаси Американи сиёсатини таргиб килади озодликни Америка молиялаштиради демак заказни Америка беради, максад давлатлани ичида ахоли билан давлат муносабатларини бузиш, хокимятини огдариш хукумат тепасига Сакашвилига ухшаш узини одамларини олиб келиш, келажакда Америкага буйсинмаган давлат рахбарларига мухолифат яратиб охир окибат уларни йукотиш, бунака фитна радио хамма давлатда бор. Мухаммад Солихни ким бокябти Туркияда ё китоби миллион тиражда сотилиб бойиб кетдими бу каср уйни ким берди? Огох булиш керак сал бушкетсан бошинга Ирок, Сурия куни тушади ё нотугрими. Озодлик ёзяпти Узбекистонда мактаб ёшидагиларни узини узи улдириш холатлари куп учраб туради деб туртта холатни келтирибти, нима Америкада укувчилар узини осмаябтими Узбекистондан ун баробар купрокдир узини осиш.
Офарин Мухаммаджон ака! Аммо Ойни этак билан ёпиб булмайди. Хар кандай масалага холислик билан ёндашиб, халкимизнинг шароитини уйлайдиган рахбарлар жуда хам кам. АГАРДА ТИРНОКНИНГ ОСТИДА КИР БУЛМАСА УНИ ХЕЧ КИМ ТОПОЛМАЙДИ ВА КЕЙИНЧАЛИК КИДИРИБ ХАМ УТИРМАЙДИ! Борни бордек-йукни йукдек ёзиш керак.
Озодлик хакидаги фикрларингиз нисбатан тугри, уларга сенсация керак. Халкга хизмат курсатувчи идорларнинг нопок ходимлари уз хизмат вазифадарини суъистемол килиб, газ, сув, светни цехларга сотиб пул ишлашаяпди!!!