Шу йилнинг 6 декабрь куни Фотиҳ Султон мажбурий обунага бағишланган блогпостини эълон қилган эди. Мавзу жуда оғир ва оғриқли. Блогер бисотидаги энг оғир сўзларни (аниқроғи, улардан кейин сўкиш бошланса керак) ишлатиб, газетачи-журналистларнинг томорқасини пайҳон қилиб ташлаган экан. Бечора журналистлар…
Очиғи, мажбурий обунага қанчалик қарши бўлсам ҳам, журналистларимизнинг бундай аҳволга тушиб қолганидан жуда ачиндим, аслида катта потенциалга эга, мудраётган жамиятни уйғотиб, улкан орзу-мақсадлар сари бошлаб чиқа олишга қодир бўла туриб, ўз қобиқларига бурканиб олган ҳамкасбларимга раҳмим келди
. Бир томондан эса жаҳлим ҳам чиқди. Шунча гап-сўз бўлди, уларни газетачилар ҳам ўқишди (бунга шубҳам йўқ). Лекин бирортасидан жавоб ҳам, эътироз ҳам бўлмади…
Гапга чечан, саҳифалаб мақола ёзишга қурби етадиган журналистларнинг нима учун блогпостга муносабат билдирмаганига бир неча сабаб бор, деб ҳисобладим ўзимча. Масалан:
улар интернет, айниқса ижтимоий тармоқлардан фойдаланмайди;
улар обуна билан овора, блогпост ўқишга вақти ҳам, тоқати ҳам етмайди;
ўқиганлари ҳам аччиқ ҳақиқатни тан олиб, бирор сўз деб ўзларини оқлашга журъати етмайди ёки бунга виждони йўқ қўймайди;
Ўзим ҳам яқингача газетада ишлаганман. Аввало ёзажак мулоҳазаларимга туз еган жойига тупуриш деб қабул қилинмаслигини сўрардим. Лекин газетада иш бошлаган вақтларимданоқ мен улар олиб бораётган сиёсатга қарши эдим.
Мажбурий обунадан тортиб, газеталарда ёритилаётган мавзуларгача, журналистлар дунёқарашининг торлиги, муҳаррирларнинг узоқни кўра олмаслиги, кадрларни тайёрлаш ва уларнинг бир жойда қўним топиб ишлашини таъминлаш борасида қилинмаётган ишлар, хуллас, эътирозларим бир дунё эди.
Муҳаррирлар ўқиб, бирор хулоса чиқарармикан, деб 2012 йилда “Маърифат”да “Босма нашрлар ҳаётида янги давр бошландими?” (Бирламчи сарлавҳаси “Газеталар даври тугадими?” эди), “Ҳуррият”да “Журналист давр қаҳрамони?” каби мақолаларни чиқардим.
Орадан қанча вақт ўтганига қарамасдан, вазият ҳалигача ўзгаргани йўқ, аксинча, ёмонлашиб бораёпти. Халқ ўртасида норозилик, эътирозлар кўпайган. Авваллари нолиб-нолиб қўйган бўлса, энди Интернет деган нарса чиқиб, дардини элга, бутун дунёга дастурхон қилиш имконияти пайдо бўлди. Афсуски, бу каби гап-сўзлар Ўзбекистоннинг имиджига, обрў-нуфузига ёмон таъсир кўрсатади, журналистлар номи ҳам қора бўлиб қолаверади…
Биз демократик давлатда яшаяпмиз, “мажбурий обуна” деган сўзнинг кун тартибига кўтарилиши жамиятимиз, миллий журналистикамиз учун иснод! Расмий-норасмий равишда юритилаётган адолатсиз обуна сиёсатини бир ёқли қилиш, бюджет ташкилоти ишчиларининг ўз ойликларини ўзи истагандек сарфлашига йўл қўйиб бериш вақти аллақачон етиб келган. Бунинг учун ҳукумат, муассис, муҳаррир ва журналистлар олдида бирдек катта масъулият ва мажбуриятлар бор.
Биринчи навбатда, газета ва журналларга мажбурий обуна қилинишига бутунлай чек қўйиш, бу ишни амалга оширганларни жиддий жазолаш керак.
Иккинчидан, газета ва журналларни боқимандалик ботқоғидан чиқариш, олма пиш-оғзимга туш қабилида иш тутишдан воз кечишга мажбурлаш керак. Бугун газета-журналларнинг 80-90 фоизидан кўпроғи яшовчанлик, курашувчанлик, рақобатбардошлик, мослашувчанлик каби хусусиятлардан мосуво. Савол туғилади: бундай чалажон, ўзининг асл вазифаларини бажариш қобилиятига эга бўлмай қолган инструмент кимга ва нимага керак?
Аксарият ҳолларда жавоб оддий: давлат сиёсатини ёритиш, олиб борилаётган чора-тадбирлар мазмун-моҳиятини халққа етказиш учун керак. Мажбурий обуна ҳисобидан кун кўраётган газеталар асосан муассис-ташкилотнинг ташвиқоти билан шуғулланар экан, нашрнинг барча харажатларини ташкилот ўз зиммасига олиб, ташвиқот газеталари (вазирликлар, ҳокимиятлар ва партиялар нашрлари шулар жумласидан) аҳолига бепул тарқатилиши керак эмасми?
Агарда бунга лаёқат, имконият етмаса, сифатсиз, ўзини оқламаётган, муассис-ташкилотнинг юқори аппаратидаги уч-тўрт амалдор ва таҳририятдаги беш-ўн журналистгагина нафи тегаётган, турган-битгани зарар бўлган бундай ташвиқот ускунасидан воз кечиш керак!
Учинчидан, газета ва журналлар фаолият йўналишлари, ишлаш услубини бутунлай қайта кўриб чиқиб, бугунги замон талабларига мослашиш керак. Бу ишни биринчи навбатда уқувсиз, ношуд журналистларни ишдан бўшатишдан бошлаш лозим. Бир неча таҳририятлардаги вазиятдан бохабар бўлганим учун айта оламанки, уларда ишлаётган 20-30 фоиз техник ва ижодий ходимларнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ.
Агар штат қисқартиришлари амалга оширилишини бошласа, нафақат журналистикамиз тепса тебранмаслардан қутулган бўларди, балки бошқалар ҳам шу рўйхатга тушиб қолмаслик учун сифатлироқ ишлашга ўтар эди. Ношуд кадрларни дарҳол ишдан ҳайдаш сифатли ходимларга бўлган талабни янада ошириш билан бирга, иш ўринлари учун кучли рақобатни пайдо қилади. Шунда журналистика факультетларида дарсларни ухлаб ўтказаётган бўлғуси боқимандаларнинг ҳам ичига ўт тушармиди?!
Газета ва журналларда ишлаётганлар, айниқса бош муҳаррирлар бир нарсани билиб, тан олишлари керак: бугун жамиятга ахборот бериш, янгиликларни етказишда улар позицияни тўлиқ ва батамом интернет нашрларини бой беришди. Охирги вақтларда интернетдаги янгиликлар сайтлари ўртасида рақобат шу қадар кучайдики, ҳар қандай ахборот саноқли дақиқалар ичида тарқалаяпти.
Уларнинг аудиторияси ҳам кундан-кунга ортиб бораяпти. Бу эса газета ва журналлар дунёнинг бошқа давлатларида бўлганидай ахборот-таҳлилий, танқидий-мушоҳадали маълумотлар бериб боришга ўтиш вақти келганини англатади. Жамиятни ўйлантирадиган, ўзига жолб қиладиган ахборотларни бериб бормас экан, бундай газета-журналлар ҳеч қачон қабул қилинмайди. Натижада мажбурий обуна масаласи кун тартибидан тушмай қолаверади.
Тўртинчидан, газета ва журналлар замон ўзгаришларини инобатга олган ҳолда босма нашр билан параллел равишда ишлайдиган, бироқ асосий газета материалларига қарам бўлмаган онлайн сайтларини юритишни бошлашлари керак. Мадомики, мақсад юртимизда юритилаётган сиёсат моҳиятини халққа етказиш экан, 12 миллионлик потенциал аудиторияни эгаллаш ва бўлиб олиш “жанги”га дадил кириб боришлари керак.
Ваҳоланки, интернетни одноклассники, ватсап ва телеграмлар деб тушунадиган кўп миллионли интернет фойдаланувчиларини ахборот муҳитига жалб қилиш, улар онгу савияси, дунёқараши ошириш, атроф-теваракда содир бўлаётган ишларга кўр-кўрона эмас, балки онгли муносабат билдира оладиган даражага етказиш борасида ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп.