"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Хосият Рустамова: Бу кеча эрини туш кўрди аёл, Эри ухлаб ётар ёнида…

Адабиёт, Хотин-қизлар олами | 15/12/2015 06:38-     31493 марта ўқилди

Хосият Рустамова. Шеърлар
 Хосиятнинг яхши расми
Ҳар кунгидан боғлар виқорли
Бурилиб қарайман…
Олис ўлканинг
Бепарво нигоҳи. Беруҳ йўлчилар,
Менинг биттагина ихчам сумкамни
Талашиб кетади юк ташувчилар.
Отилиб кираман.
Нотаниш вагон,
Шовқин. Кимсаларнинг хунук кулгуси.
Кимдир маст. Тентирар.
Перронда ҳамон –
Бир аёл чинқирар. Бола йиғиси.
Вагонга совуқ сув қуйилар бирдан,
Бир лаҳза, бир муддат
Ҳамма  жим қолар.
Қирғий нигоҳларин ололмас  ердан,
Калта иштон кийиб олган болалар.
Бир немис аёлни элитар уйқу,
Ёнида бир эркак тўкади савлат.
Менимча, поездга илк бор чиққан у –
Чўзилиб ётишга тортар ҳижолат.
Мўйловдор амаки
Боқиб ҳар ёнга,
Майда ўтмишидан сўзлар пайдар — пай.
Нон, тухум кўтариб чиқар вагонга,
Кўзлари ичига чўккан болакай.
О, қандай чиройли, Ватан деган сўз,
Агар ватанимда
Яшай олсанг Сен.
Тезликни ошириб бормоқда поезд –
Яқинлашиб қолдим юрагимга мен.
Тонг
Ҳали бошланмади бу уйда ҳаёт,
Гуллар ўз  ҳолида, тун  ўз ҳолида.
Бу кеча  эрини туш кўрди аёл,
Эри ухлаб ётар ёнида…
Тонглар томларини куйдирмасидан
Қуритар гулларнинг болишларини.
Ўзига зеб бериб улгурмасидан
Тун йиғлаб отади калишларини.
Оғилнинг уйқусин бузади секин,
Тушини айтмасдан ҳали ўзига.
Бир челак сут тўкиб юборди келин
Мудраган тонгларнинг юзига…
***
Ҳар кунгидан боғлар виқорли,
Қарғалар ҳам боқар беписанд.
Қара, жоним, кўча чиройли –
Сен  ҳам ойна олдидамисан?!
Осмон оппоқ.
Ер жуда майин,
Балки, қорқиз ясарсан қордан.
Сенга қандай етиб борайин,
Йўлларимни қор босиб қолган.
***
Кетинг…
майли, қишлоққа кетинг,
Йўлингизда сарғайди  анғиз.
Кутаяпти бир қишлоқ бетин,
Кутаяпти Сизни қўшни қиз…
Ҳазин қўшиқ куйлайди хазон,
Бежон рақс тушар супурги.
Номозшомгул чақириб азон,
Зулумотда очиб эшикни
Бир қиз…
Сизни кутаяпти…
Йўл  чанг  чалар.
Қўйбоқар бола,
Чангли йўлни беки – жарчиси.
Қўлларида кулча, бир она
Ёшли кўзин тикиб ташқари
Сизни кутаяпти…
Кўзларида соғинч сарғайиб,
Унутолмас сизни эгачи,
Дарвозадан  мунғайиб бир ит,
Секин кириб кетар ичкари…
Кетинг…
майли, қишлоққа кетинг,
Йўлингизда сарғайди анғиз…
***
Ёпиқ эшикларнинг
Ортида ким бор,
Мудом кимдир кетар,
Кимдир келади.
Дашту биёбонми,
Ё  гуллаган боғ –
Менга кимдир борга ўхшайверади.
Аммоки, сезилмас шарпа ва қадам,
Сездиргиси келмас йўғу борини.
Бу одам сабрли, тоқатли одам –
Босмайди эшикнинг қўнғироғини.
Ўйлайман, кузатиб турар тирқишдан,
Қишу баҳор бўлсин
Билмай каму кўст.
Пичирлайман секин : Мен Сенинг
билан –
Ёпиқ  эшикларнинг  ортидаги  дўст.
***
Эшик қайта очилар:  –  Киринг…
Ерга оғир чўлғонар ридо.
Сенинг эса тўхтамас  йиғинг,
Сени тўхтатолмас илтижо.
Қўшниларинг қарар дарчадан,
Эринг сенга термулар беун.
Кўзларингда минг йил асраган
Қарзларингни узасан бугун.
***
Тун жойлашар борлиққа,
Тунука том тарақлар.
Ўйчан боқар ариққа –
Чолу кампир дарахтлар.
Осмон –  сут тўла  кўза,
Синиб кетар тонг олди.
Ниҳол кўкка бўй чўзар –
Кўзгу деб ўйлаб ойни.
***
Бир тушдан уйғондим, тушларинг
Бунчалар шоирдек бир латиф.
Мен қандай ухлайин қушларнинг
Қоп-қора кўзига айланиб.
Мен сендан қўрқаман. Тонг  саҳар
Азобдан силқиса товонинг.
Қип-қизил кўйлакда тун қадар
Йиғлатиб чиқаман самони…
Юлдузлар оромин бузди ким,
Юрагим йиғлайди йўргакда.
Дардимни  ёпиниб, аста-жим
Чиқаман қип-қизил кўйлакда…
Бир тушдан уйғондим.
Тушларинг
Гулсевар шоирдек бир латиф.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
http://ijod.uz/

Ўхшаш мақолалар:

  1. Баҳром Рўзимуҳаммад: Хосият юмронқозиқ эмас, бахт қуши…
  2. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (26-27)
  3. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (32-33)
  4. Гулноз Мамарасулова: АРМОНГА АЙЛАНГАН БАХТ (Ҳикоя)
  5. Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (1)
  6. Ҳабиб Темиров: Қора қаср асираси. Қисса. (Якуни)
  7. Кенжабий: КЎКДАН ТУШГАН САТРЛАР (Фарида Афрўз ижодига чизгилар)
  8. Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева муборак ёшда!
  9. Шароф УБАЙДУЛЛАЕВ: Ҳамон кўз ўнгимда 17 ёшдасиз, Ҳалимахон…..
  10. Ҳалима Худойбердиева шеъри: Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл!
  11. Байрамингиз қутлуғ бўлсин, азиз онажонлар, мунис опа сингиллар, барно қизлар!
  12. Холниса Раҳмонқулова: Башоратчининг бошидан кечирганлари 2-китоб (3)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

1 Comment

  1. Хамроқул Асқар:
    16/12/2015 в 21:14-

    Бир челак сут тўкиб юборди келин
    Мудраган тонгларнинг юзига…

    Осмон – сут тўла кўза,
    Синиб кетар тонг олди.

    Тушларинг
    Гулсевар шоирдек бир латиф… Гўзал ва қуйма сатрлар

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.