«Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Ўзбекистон: ИШИД ва қўрқув фазоси
Ўзбекистон: ИШИД ва қўрқув фазоси
-
9 соатлар аввал
Ўзини «Исломий давлат» деб атаётган гуруҳга қарши курашда кўпчилик давлатлар юз тутаётган жиддий, аммо унча кўзга ташланмайдиган бир таҳдид мавжуд.
Жангариларнинг ҳаракатлари ғарб давлатларининг пойтахтларига ҳужумлар, учоқларни бомбалаш ёки тинч фуқароларни ўлдириш билан чекланмаган.
Бу каби радикал гуруҳларга қарши курашаётганда ҳукуматлар, ўзлари истаб-истамаган ҳолда яккаҳоким тузумларни мустаҳкамлашлари ёки демократик қадриятларга путур етказишлари мумкин.
Бунинг яққол мисоли Ўзбекистондир.
Марказий Осиёнинг ушбу давлати дунёдаги энг репрессив давлатлардан бири сифатида кўрилади.
Сиёсий ҳақ-ҳуқуқлар ва фуқаро эркинликлари ҳақида сўз бораркан, Freedom House сингари ноҳукумат ташкилотлари Ўзбекистонни Шимолий Корея билан бир қаторга қўйишади.
Президент Ислом Каримов ИШИД Ўзбекистон чегараларига яқинлашиб келаётгани ва минтақада «жанговар экстремизм ҳамда диний радикализм» таҳдиди кучайиб бораётгани ҳақида бонг урган.
Халқаро радикаллашув ва сиёсий зўравонликларни ўрганиш марказининг тадқиқотларига кўра, ҳозирда 500 нафарга яқин Ўзбекистон фуқаролари Сурия ва Ироқдаги жангариларга қўшилишган.
Аммо айрим алоҳида ҳужумларни ҳисобга олмаганда, Ўзбекистонга ИШИД ва бошқа жиҳодий гуруҳларнинг таҳдиди анча чекланган деб айтиш мумкин.
Ислом анчайин дунёвий кўринишга эга бўлган Марказий Осиёнинг деярли барча аҳолисига ИШИД мафкураси ёт.
Минтақада мазҳабий бўлинишлар йўқ ва одамлар сунний-шиа можароси ҳақида деярли ҳеч нарса билмайдилар.
Масжидлар сонининг кўпайиши ва Ислом ақидаларига риоя қилишнинг кучайиши ҳукуматлар томонидан кўпинча радикаллашув белгиси деб кўрилади.
ИШИДга қарши кампания
Британиядаги Эксетер ва АҚШдаги Питтсбург университети тадқиқотчилари Жон Хизершоу ва Дэвид Монтгомерига кўра, исломийлашув радикаллашувни англатмайди.
Лондондаги «Чатем-хаус» қироллик тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинган ҳисоботда муаллифлар Марказий Осиёда «сезиларли исломий экстремизм ва сиёсий зўравонлик далиллари кам ёки умуман йўқ» эканини таъкидлашади.
Аммо шунга қарамай, Ўзбекистонда ИШИДга қарши, табиийки, президент маъмуриятининг рухсати ё-да тўғридан-тўғри кўрсатмаси билан тўлақонли кампания бошлаб юборилган.
Дин уламолари ва ҳукумат расмийлари давлат телевидениесида террорчилик ва диний экстремизм таҳдидини муҳокама қиладилар.
Жиҳодчиликнинг ёвуз қиёфаси филм ва театр саҳналарида жонлантирилади.
Жамоа етакчилари ва маҳалла фаоллари ёшларни ИШИДга ўхшаш гуруҳларга қўшилмаслик ҳақида огоҳлантирадилар.
Буларнинг ҳаммаси ғалати, чунки Ўзбекистон ҳукумати бирон-бир муаммога юз тутаётганини тан олмайди.
Унинг асосий шиори-«Ўзбекистон келажаги буюк давлат» деган шиордир.
Мамлакатда ижтимоий муаммоларни муҳокама қилиш ман этилган.
Қўрқув муҳити
Хўш, Ўзбекистон нега ИШИДга қарши йирик кампания бошлади?
Сабаби оддий-ҳукумат одамлар назарида мавжуд тузумга ягона муқобил бу- ИШИД, деган тасаввурни яратмоқда.
ИШИД жангчилари ҳақидаги видеони томоша қилган ўзбеклардан бири менга «агар президент кетса, Ўзбекистонда жазавага тушган исломчилар ҳокимиятга келади», деб айтди.
Хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши худди шу ИШИД таҳдиди билан тушунтирилади.
Бу чоралар мамлакат фуқаролари устидан жосуслик қилиш, ноқонуний ҳибсга олишлар ва ўзгача фикрловчиларга қарши қийноқлар қўлланишига изн беради.
Улар фуқароларни ҳукуматнинг амалларини савол остига олишдан қайтаради.
Сўнгги ойларда ўзбек милицияси хонадонларга рейдлар уюштириб, одамларни сўроқ қилмоқда.
Ўтган ой маҳаллий ҳуқуқ фаоллари ИШИДга аъзоликда гумон қилинган 200 дан ортиқ кишининг ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатганлар.
Ҳюман Райтс Вотчдан Стив Свердлоунинг айтишича, бу ҳибсга олишлар янгилик эмас.
«Ўзбекистон махсус хизматларининг асосан тинч, мустақил диндорларни ҳибсга олиши ва ҳеч қандай далилсиз узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этиши яхши ҳужжатлаштирилган тенденциядир»,- дейди у.
Стив Свердлоуга кўра, бу ердаги янгилик улар мансуб деб кўрилаётган гуруҳнинг номи, яъни ИШИД, холос.
Эски далиллар
Амалда «исломий экстремизм» иборасини Ўзбекистон ҳукумати ўтмишда ўз тарғиботларида кенг ишлатган.
Аммо ҳозирга қадар номи тилга олинган гуруҳларнинг биронтаси ИШИД чалик ваҳший бўлмаган.
Одамларнинг кўзида таҳдид қанчалик катта бўлса, уларни назорат қилиш ҳам шунчалик осон бўлади.
Радикал гуруҳлар таҳдиди хаёлий эмас ва ўтган ой ҳибсга олинганларнинг баъзилари ҳақиқатан ҳам ИШИД га алоқадор бўлишлари мумкин.
Бироқ Ўзбекистондаги тузум ёпиқ ва биронта ҳам мустақил матбуот ё-да инсон ҳуқуқлари ташкилотларига вазиятни ўрганишга рухсат бермайди.
Хўш, нима учун давлат шунчалик кўп одамни сохта айбловлар билан ҳибсга олмоқда?
Уларнинг ҳаммаси ҳам ҳукуматга мухолиф бўлиши эҳтимоли кам, шунинг учун ҳам амалдаги тузумга таҳдид солишлари қийин.
Гап шундаки, бу оммавий ҳибсга олишлар қўрқув фазосини яратишга ёрдам беради.
Яъни ҳукумат одамларни жиҳодчилар таҳдиди муқаррар, улар мамлакат чегараларига етиб келишган ва ҳатто жамиятга сизганлар, деб ишонтиришга уринмоқда.
Одамлар ўзларининг қашшоқ турмушлари ва репрессив тартибдан мамнун бўлмасликлари мумкин, аммо улар ягона муқобил ИШИД деб ишонишади ва мавжуд тартибни қабул қиладилар.
Натижада улар ноқонуний ҳибсга олишлар, қашшоқлик, газ ва электр танқислиги каби кундалик муаммолардан норозилик билдиришмайди.
Аммо шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қўрқув нафақат яккаҳоким тузумлар, балки демократик жамиятларни ҳам чиркинлаштириши мумкин.
У миллий хавфсизлик эвазига демократик тамойиллардан воз кечишни мантиқий қилиб кўрсатади.
Лекин тарих шуни кўрсатмоқдаки, бундай усул ечимдан кўра кўпроқ муаммоларни пайдо қилади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram — BBC UZBEK
Twitter — BBC UZBEK
Odnoklassniki — BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube — BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype — bbcuzbekradio
Afsuski shunday ,yaqinlarimiz bilan telefon orqali aloqalashib shunday xulosaga keldim qurquv shunchalikki fobiya holatida xalqni shunchalik qurqitish ,tushinmadim tug’risi.