Муҳаммад Солиҳга суиқасдда гумон қилинганлар шахси матбуотга сиздирилди
08.12.2015
Истанбулда Ўзбекистон мухолифати раҳбари Муҳаммад Солиҳга суиқасд уринишида гумон қилинган икки шахс маҳкама қарори билан ҳибсда қолдирилди. Улардан бири Фурқан А. исмли Ўзбекистон фуқароси экани ҳақидаги маълумотни Туркия адлия тизимидаги манбалар сурати билан матбуотга сиздирди. Ҳибсда қолаётган яна бир шахснинг доғистонлик экани айтилмоқда.
Туркияда чиқадиган Yeni Safak газетасига кўра, қўлга олинган яна уч кишининг кўрсатмаси олиниб, шаҳарни тарк қилмаслик шарти билан қўйиб юборилган.
Ўтган ҳафта Истанбул полициясининг Терроризмга қарши кураш бўлими Муҳаммад Солиҳ ва унинг ўғли Темур яшайдиган ҳовли яқинида шубҳали автомобилни таъқиб этиб, машинада қочишга уринган беш одамни ҳибсга олган эди.
Суиқасд уринишида гумонланиб, ҳибсда ушлаб турилаётган икки киши устидан маҳкама яқин кунларда Истанбулнинг Тузла мавзеидаги судда кўрилиши кутилмоқда.
Маҳкама бу икки шахснинг суиқасд уриниши эпизодини муҳокама қилади. Лекин, ҳибсга олинган шахслар ҳақида полиция жамоатчиликка ҳеч қанақа маълумот бермаяпти.
Туркияда чиқадиган So’zcu газетасига кўра, бу икки шахс Истанбулнинг Пиндик мавзесидаги квартирани 33 ёшли Ҳусанбек У. исмли Ўзбекистон фуқароси номига кирага олгани аниқлаган.
Лекин, Ҳусанбек У. исмли шахснинг қаердалиги ҳозир маълум эмас.
Муҳожиратда яшаётган ўзбек мухолифати раҳбари Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистондаги президент Ислом Каримов бошчилигидаги режимни мухолифларини йўқ қилишга уринаётганликда айблади.
Солиҳ бу ҳақда ўзи ва ўғлига қарши суиқасд уринишида гумон қилинаётган шахслар ўтган ҳафтада Туркияда ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар ортидан таъкидлади.
— Каримов режими Швециядан то Туркияга узайган қотиллар тармоғини қурган, улар режимга қарши ҳаракат қилган инсонларни йўқ қилиш билан шуғулланяпти, — деди Солиҳ.
Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг уйи 2013 йилда ўққа тутилган эди.
— Аввал ҳам уйимизга ўқ узиб кетишди. У пайтда у қадар жиддийга олмаган эдик буни. Абдулла Бухорий ўлдириб кетилганидан сўнг бу нарсанинг планли равишда қилингани ва жиддий бир тармоқ экани ўртага чиқди, — деди Солиҳ.
Ўзбек мухолифат раҳбарига суиқасд уриниши ҳақидаги хабарлар турк матбуотида Швецияда таниқли имом Обидхон қори Назаровга суиқасд юзасидан маҳкама ҳукми кутилаётган бир пайтда пайдо бўлди.
1999 йили Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Терроризмга қарши бош бошқармаси бошлиғи полковник Ботир Турсунов ва Интерполнинг Ўзбекистон бўлими бошлиғи полковник Маҳмуд Хайитовлар, Россияда тадбиркорлик билан шуғулланадиган собиқ милиционер Баҳром Мўминохунов иштирокида Муҳаммад Солиҳга қарши амалга ошмай қолган суиқасд ҳақида Озодлик хабар берган эди.
Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулдаги уйи яқинида шубҳали шахслар қўлга олинди
03.12.2015
Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшаётган «Ўзбекистон халқ ҳаракати» етакчиси Мухаммад Солиҳ ва унинг ўғли Темур Солиҳ яшайдиган уй яқинида турк полицияси шубҳали шахсларни қўлга олди.
2 декабрь куни юз берган бу воқеа ҳақида Туркиянинг Анадолу ахборот агентлиги хабар берди.
Солиҳга суиақасд қилмоқчи бўлганликда гумонланиб қўлга олинганлардан бири Ўзбекистон фуқароси экани айтилмоқда. Истанбул полицияси унинг исмини очиқламаяпти.
Анадолу ахборот агентлигига кўра, Мухаммад Солиҳ ва унинг ўғли Темур Солиҳ ўзлари яшайдиган Истанбулнинг шарқий қисмидаги уйи яқинида шубҳали одамлар юргани ҳақида полицияга хабар берган.
Шундан сўнг Истанбул полициясининг террорчиликка қарши кураш бўлими ходимлари шу одамларни таъқиб остига олган.
Полиция машинасини кўрган шубҳали одамлар ўзлари кирага олган машинада қоча бошлаган. Полиция кейин уларнинг кетидан қувиб етиб, қўлга олган.
Қўлга олинган шахслардан бири Ўзбекистон фуқароси, яна бири келиб чиқиши доғистонлик бўлган Россия фуқароси экани аниқланган.
Муҳаммад Солиҳнинг Озодликка айтишича, Истанбул полицияси аслида беш одамни қўлга олган.
— Кеча бўлди бу. Уйимизнинг қўриқчилари сўнгги ўн беш кун давомида кузатув олиб бориб шу шубҳали одамларни пайқаган ва полицияга хабар берган ва кеча улар қўлга олинди. Улар беш киши бўлган, уч нафарини қўйиб юборишган, яна икки нафарини ҳибсда ушлаб туришибди. Улар менга суиқасд қилмоқчи бўлишган, деган гумон билан ушлаб турилибди экан. Улардан бири Ўзбекистон фуқароси экан. Ҳозирча шундан ортиқ маълумот йўқ менда, — деди Муҳаммад Солиҳ.
Таъкидлаш жоиз, 2013 йилда Ўзбекистон халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулдаги уйи ўққа тутилган, лекин ҳеч кимга зиён етмаган эди.
Озодлик билан суҳбатлашган Туркия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходимига кўра¸ Муҳаммад Солиҳнинг икки йил аввал ўққа тутилган Истанбулдаги уйи қаттиқ қўриқланмоқда.
Ўзбекистон мухолифати арбобларига нисбатан ҳужумлар илк бора бўлаëтгани йўқ
1999 йили Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг терроризмга қарши бош бошқармаси бошлиғи полковник Ботир Турсунов ва Интерполнинг Ўзбекистон бўлими бошлиғи полковник Маҳмуд Хайитовлар, Россияда тадбиркорлик билан шуғулланадиган собиқ милиционер Баҳром Мўминохунов иштирокида Муҳаммад Солиҳга қарши амалга ошмай қолган суиқасд ҳақида Озодлик радиоси рус ҳизмати мақола эълон қилган эди.
Бу радиомақолада Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд қилишдан охирги дақиқада воз кечган собиқ милиционер Баҳром Мўминохуновнинг иқрори ўрин олган.
Машаоллоҳ, туркча газетадаги Тимур Солиҳга қаратилган суиқасд уриниши деган жумла (T.S.ye yonelik bir suikast girisimi) Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд уриниши деб ўзбекчада ўзгариб кетибди. Таржима қусурими ёки…???
Бу касофатиларга Солиҳни ўйи атрофида нима бор экан? Уларни ким юборганлиги ҳаммага маълум. Ўзбекистон хокимятини шунча шарманда бўлгани етмасмикан! Олло толлога менг қатла шукр, ҳали ҳам одомзотга қисқа умр берган. Агарда ўзоқ умр берганда Каримовга ўхшаганлар юз йиллаб одамларни асоратга солиб, хозиргидек тобеликда ўшлаб тўрарди.
Машаоллоҳ, туркча газетадаги Тимур Солиҳга қаратилган суиқасд уриниши деган жумла (T.S.ye yonelik bir suikast girisimi) Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд уриниши деб ўзбекчада ўзгариб кетибди. Таржима қусурими ёки…???