Президент маслаҳатчилари ёки Мавлон Умрзоқовнинг сиёсий портретига шарҳ (Якуни)
ИСМАТ ХУШЕВ:
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
ИККИНЧИ КИТОБ
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
ПРЕЗИДЕНТНИНГ ДАВЛАТ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ
ЁКИ МАВЛОН УМРЗОҚОВНИНГ СИЁСИЙ ПОРТРЕТИГА ШАРҲ
(2 китоб, 37 боб)
Суратда: Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари Ислом Каримов ва Асқар Акаевлар учрашуви. Улардан орқада тик турганлар: Ўнгдан биринчи — Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Медеткан Шеримкулов, Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков, Олий Кенгаш раиси Эркин Халилов, Президентнинг давлат маслаҳатчилари Мавлон Умрзоқов, Тимур Алимов, Бош вазир ўринбосари Саидхмухтор Саидқосимов, Давлат маслаҳатчиси Алишер Азизхўжаевлар…
(Журналист Исмат Хушевнинг шахсий альбомидан олинган бу тарихий суратлар матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)
(2 китоб, 37 боб) 4
якуний қисм
1.
Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Мавлон Умрзоқовнинг сиёсий портретига шарҳ беришда давом этамиз.
Ўзбекистонда Президентлик мақоми ва бошқаруви таъсис этилганидан бўён ўтган чорак аср давомида Девонга ўнлаб давлат маслаҳатчилари келиб кетишди. Мавлон Умрзоқов, биз истаймизми, йўқми, улар орасида алоҳида ўринга ва нуфузга эга. Унинг зиёли қатламига яқинлиги ҳам жуда муҳим рол ўйнайди.
Бир сўз билан айтганда — давлат арбоблиги даврида бугунги ўзбек давлати ижтимоий сиёсий қатламида зиёли арбобларнинг асосий бўғинини яратишда Мавлон Умрзоқовнинг алоҳида хизматлари бор.
Тўғри, Ислом Каримов асос солган Ўзбекистон давлатчилигидаги раҳбарлик тажрибасида, камдан кам мулозимни ҳисобга олмаганда, арбоблар узоқ ишлаш бахтига муяссар бўлишмайди. Янаям аниқроқ айтсак – бўлишолмайди.
Ўзбекистон давлатчилик тизимидаги арбобларнинг дастлабки бўғинидан бугун бармоқ билан санарли одамлар қолди. Улар ичида Ислом Каримов бош бўлган мамлакатда “арбоб” бўлганига пушаймон қилганлар ҳам оз эмас.
Шу маънода Мавлон Умрзоқовнинг ҳам пешонаси ярқирамади. У ўзбек сиёсий саҳнасида биринчи бўлиб қамоқ нималигини билган, маҳбуслик қисматини яқиндан таниган Давлат маслаҳатчиси бўлди: Ўзбекистон Олий суд ҳукми билан олти йилга кесилиб, шунинг уч йилини қамоқда ўтказди…
2.
Лекин икки қўлимизни кўксимизга қўйиб, адолат билан айтганда, Мавлон Умрзоқов жиноий ишида — жиноятнинг ўзи йўқ эди. Уни атай яратишди. Мен — бу воқеа ва ҳодисаларни ичидан яхши билган одам сифатида айтаяпман.
Мавлон Умрзоқов — пихини ёрган маккор сиёсатчи Тимур Алимов тўқиган қип-қизил ёлғон ва қуп-қуруқ қора тўҳматларнинг қурбони бўлди. Бу дунё – қайтар дунё деганлари рост экан. Вақт келиб Тимур Алимовнинг ўз мусибати ва кулфати ҳам бундан кам бўлмади.
Девондан ҳайдалган Алимовнинг — бевафо умри охирида даҳшатли сабоқ ва кўргуликлар бошига тушди: Уни яккалаб қўйишди. Жамиятда ёлғиз қолди. Ижтимоий сиёсий ҳаётдан тамомила ажратиб қўйилди.
Давраларда унинг — ёнидагиларга кўришиш учун тутган қўли — ҳаволарда муаллақ қолар, одамлар ундан нафратланар, у билан кўришмай, юз ўгириб кетишарди.
Мавлон Умрзоқовга келсак, уни ишлаб турганида унчалик хуш кўрмаганлар ҳам кейинчалик ҳатто, унга қучоқ очганини кўп кўрган ва кузатганман…
3.
Агар Умрзоқовнинг таржимаи ҳоли ва аччиқ тақдирига чуқурроқ назар ташланадиган бўлса, Умрзоқов фожеасига, аслида, ёлғиз Умрзоқовнинг ўзи айбдор эмас.
Унинг давлат тизимидаги тез ва юксак парвозига унча бунча одам дош беролмаслиги табиий эди.
Кечагина қуйи бир хизматда туриб, янаям аниқроқ айтсак, оддий бир вазирликнинг оддий ревизори — саноқли йиллар ичида давлатнинг иккинчи одамига айланиб қолди.
Ана шу қойилмақом парвознинг етарли тажрибалари йўқлиги унга панд берди, албатта. Мавлон акада дипломатия йўқ эди. Қолаверса, озроқ маккорлик ҳам етишмади.
Лекин Умрзоқовнинг ўтган аччиқ ва аламли қисматидан қатьий назар, у ўзининг инсоний фазилатлари билан одамлар қалбида — ҳеч бир давлат маслаҳатчисига муяссар бўлмаган ҳурмат ва эҳтиром билан яшаб қолди.
Айни пайтда, ажабки, унинг арбоблик даври ҳурмат ва самимият билан эсланади.
Бир сўз билан айтганда Мавлон Умрзоқов ўз аччиқ ҳаёти ва сабоқ бўларли ижтимоий сиёсий фаолияти билан келажак авлод учун яхши бир мактаб яратди.
Эрта бир кун давлат ва ҳукумат арконларида ишлаб, раҳбар бўлишни орзу қилган бугунги ёш авлод унга қараб, унинг ибратли фаолиятини ўрганиб тегишли хулосалар чиқариб, кўзларини очиши керак…
4.
Афсуски, ҳаёт бизга бир марта берилгани каби, арбоблик йўли ва қисмати ҳам инсонга бир марта берилади. Мавлон Умрзоқов ҳам етарли ҳаёт мактаби ва тажрибасига эга бўлганда эди, кўпгина хатоларни табиийки, такрорламаган бўларди.
Ўзбекистон давлати ва мустақиллиги учун жон фидо қилган, унга бутун ҳаёти ва умрини бахшида этган Умрзоқов каби Давлат маслатчилари босиб ўтган бу муқаддас йўл, бу аччиқ қисмат – ундан бошқа яна бир қанча давлат арбобларига ҳам хос тақдир бўлди.
Шахобиддин Зиёмов, Исмоил Жўрабеков, Бахтиёр Ғуломов, Тўхтапўлат Рисқиев, Бахтиёр Назаров, Тохиржон Иминов, Жамшид Файзиев, Равшан Муҳиддинов, Анвар Набиев ва бошқа собиқ мулозимлар шулар жумласидандир.
Одатда, истеъфога кетиб, юқори даража ва мансабидан айрилганидан кейин бизда камдан кам кишилар яхши ном билан эсланади. Айниқса погонлилар орасида бундай ҳол жуда кам учрайди.
Масалан, узоқ йиллар Ички Ишлар вазирлигига раҳбарлик қилган Зокиржон Алматов ҳақида ҳали ҳануз яхши гапиришади, одамлар ҳар кўрганида уни қучоқлаб кўришади.
Ҳатто ўзи бир пайтлар қамаган собиқ маҳбуслар ҳам Зокир Алматовни кўриб қолишса, унга беихтиёр қучоқ очганларини ўзлари ҳам билмай қолишади…
5.
Биз собиқ ички ишлар вазири ҳақидаги ўз мухтасар фикримизни у кишининг сиёсий портретига бағишланган “Биз билган ва билмаган Зокиржон Алматов” http://dunyouzbeklari.com/archives/84427 номли 23-бобда батафсил айтдик.
Зокиржон Алматов Ўзбекистонга неча йил миршаббошилик қилган бўлса, буюк актёрдай бир дақиқа бўлса ҳам, бошини “окоп”дан кўтармади. У ҳар доим, ҳар дақиқа ўзини – ҳаёт саҳнасида рол ўйнаётган моҳир актёрдай тутди.
Масалан, Президент девонига бориб қолса, бешинчи қаватнинг бошидан охиригача ҳар бир кабинетга кириб, икки қўлини кўксига қўйиб, Ислом Каримов командаси аъзолари бўлмиш бахтли мулозимларга қуллиқ қилар, “Бизга нима хизмат бор?” деб каттадан кичиккача ажиб бир меҳрибонлик билан мулозамат кўрсатарди.
Унинг кимлигини, парда ортидаги асл қиёфаси, қаҳру ғазаби ва куч қудратини фақат ва фақат унинг қўлига тушганларгина, етти қаватли ер остидаги МВД зиндонида меҳмон бўлганларгина билишлари мумкин эди.
Не кулфатки, ҳар гал телефонда гаплашганида ва ё учрашганида: “Исмат ака, Исмат ака!” деб мулозамат кўрсатиб, шакаргуфторлик қилувчи Зокиржон Алматовнинг менга нисбатан бўлган асл муносабатини мен ҳам ана шу зиндонга тушганимдан кейингина ўз танамда ҳис этдим, кўрдим ва англаб етдим.
Мавлон Умрзоқов ҳам бу зиндонга тушганидан кейингина, бир пайтлар ўзига “Мавлонжон ака, Сиз нима десангиз шу!” деб эртадан кечгача қуллиқ қилиб юрган миршаббошининг асл қиёфасини кўриш ва билиш “бахти”га муяссар бўлди…
Биз ўзбек ҳибсхоналаридаги ўз бошимиздан ўтказган ва ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган бу даҳшатли кўргуликларимиз эпопеясини яқин кунларда – “Подшо эркатойининг саргузаштлари” китобининг учинчи қисмида батафсил эълон қилиш ниятидамиз…
6.
Модомики, Мавлон Умрзоқовдан бошланган суҳбатимиз Зокиржон Алматов ва Ички Ишлар вазирлигининг зиндон ва турмаларига бориб тақалган экан, шу ўринда яна бир гапни ҳам айтиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлса керак.
Биз олдинги бобларда Зокиржон Алматовнинг кадрлар бўйича ўринбосари, ички ишлар полковниги Равшан Ҳайдаров ҳақида айтиб ўтдик, ҳали яна айтамиз.
Лекин бугун Мавлон Умрзоқов сиёсий портретига баҳо берарканмиз, Равшан Ҳайдаров ҳақида айтадиган яна бир муҳим гапимиз борлигини сездик.
Бу гап шундан иборатки, Равшан Ҳайдаровни Ички Ишлар вазирига ўринбосар қилиб тайинлаш ҳақидаги Фармонга Президент қўл қўйгани билан, аслида уни бу лавозимга Мавлон Умрзоқов кўтарган ва Ислом акага тавсия қилган эди.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Тақдир тақозоси билан Умрзоқов судланиб, жазони ижро этиш учун олис Қашқадарёнинг Косон туманидаги қамоқхонага юборилади. Бу ерда унинг кимлигини яхши билган турма раҳбарлари иззат икром билан кутиб олишади. Унга алоҳида хона қилиб беришади. Шароитларини яхшилашади.
Чунки Ўзбекистонда бундай лавозимдаги мулозим ҳали турмага тушмаган эди.
Турма маъмуриятидагилар бу “сургун” узоққа чўзилмай, Умрзоқов яна олдингидай ҳукумат арконларидан ўз ўрнини топиб кетишига астойдил ишонар эдилар.
Ана шундай ишонч устивор бўлган, тинч ва осуда кунларнинг бирида Ўзбекистон Ички Ишлар вазири ўринбосари Равшан Ҳайдаров турма фаолиятини назорат қилиш, тушган ариза ва шикоятларни ўрганиш ва чора-тадбир кўриш учун Қашқадарё вилоятига инспецион текширув билан келиб қолади.
Косон турмаси раҳбарлари Равшан Ҳайдаровни бу лавозимга аслида Мавлон Умрзоқов тайинлаганини яхши билишарди. Шунинг учун ҳам уни қувонч билан, бамайлихотир кутиб олишади.
Салом алик ва ҳол аҳвол сўрашилганидан сўнг, бир пиёла чой устидаги суҳбатда Равшан Ҳайдаровга собиқ устози ва раҳбари учун алоҳида шарт шароит қилиб беришганини, унинг кайфияти яхши ва руҳи тетиклигини айтиб қолишади.
— Қанақа устоз, қанақа шарт шароит? – деб ғазаб отига минади полковник Ҳайдаров.
— Бизда битта устоз бор – Зокиржон Алматов. Битта раҳбар бор – Ислом Каримов! – деб шайтонлаб қолади у…
Ва ўша заҳотиёқ Мавлон Умрзоқовни карцерга тиқтириб, турма бошлиғига охирги огоҳлантириш шарти билан “выговор” эълон қилади…
7.
Бу воқеа 1995 йилнинг хазонрез куз ойларида рўй беради.
1996 йилнинг эрта баҳор чоғларида Китобга борганимда раҳматли отам: “Ўғлим, Мавлон аканг Косонда экан, шуни бориб бир кўриб келсак, савоб бўлади. Яқин одамларнинг бошига оғир кун тушганида бориб ҳолидан хабар олиш керак! – деб қолдилар.
Ўзим ҳам анчадан бўён шуни ўйлаб юрган эдим. Лекин Мавлон акани қамоқхонага бориб кўриш ҳам хавфли, рўйхатга олишаркан деган гап сўзлар борлиги учун чўчиб юрган эдим. Косон турмасига ўтказилганини эшитиб, хурсанд бўлдим. Ўша куниёқ отам билан “Москвич” машинамизда йўлга чиқдик.
Косон турмасида бизни яхши кутиб олишди. Соч соқоли оппоқ, мўйсафид отамни кўриб, турмадагилар мулозамат кўрсатиб, яхши муомила қилишди. Мақсадимизни билгач, кимгадир қўйнғироқ қилиб, Сизлар турма бошлиғига учрашасизлар, у киши Сизларни қабул қилади, дейишди.
Хонасига кирганимизда ялпайиб ўтирган турма бошлиғи отамни кўрган заҳоти, ирғиб ўрнидан туриб, одоб билан қўшқўллаб кўришди. Бугун ўйлаб қарасам, раҳматли отамда раҳбарларга хос салобат ва келишган қадди қомат бор эди.
Улуғ Ватан урушида қатнашган, бир умр мактабда математикадан дарс берган отам узун бўйли, кўркам ва кўримли, соқоллари ўзига жуда ярашган, худди ёзувчи Хеменгуэйдек фаришта ва саришта бир одам эди.
Турма бошлиғи бизни Мавлон ака билан ўз кабинетида учраштиришга рози бўлди.
Яқинда келиб кетган Равшан Ҳайдаров ташрифидан сўнг Умрзоқов билан учрашув ва “свидания”лар тўхтатилган. У яқингинада карцердан умумий хонага ўтказилган бўлиб, унга нисбатан кучайтирилган жазо режими қўлланилган “штрафной” пайтлари экан…
8.
Лекин ўша куни Мавлон Умрзоқов биз билан учрашувдан бош тортди.
— Ота-болага мендан салом айтинглар. Лекин ҳозир улар билан учрашишни истамайман, менга ҳам, сизларга ҳам яна гап тегиб қолиши мумкин… – дебди энди анча ҳушёр бўлиб қолган Мавлон ака…
Бу ажиб ҳолатдан хижолат чеккан отам, олиб борган совға саломларни — егулик ва таомларни бошлиқ хонасида қолдираркан, “Майли ҳеч бўлмаса мана шу нарсаларни унга бериб қўйинглар, ҳамхоналари билан баҳам кўрсин”, — деб тушкун бир ҳолатда турмани тарк этган эдик…
Бугун энди отам бу ёруғ дунёда йўқ. Мен ҳам энди Ўзбекистонда эмасман. Косон ҳам, Тошкент ҳам энди узоқ-узоқларда қолиб кетди.
Кейинчалик Мавлон ака қамоқдан чиққанидан сўнг, ўша гап сўзлар қўзғалганида: “Шундай қилишга мажбур эдим, хафа бўлманг, Исматжон!” деб узр сўрагандай бўлди.
Мен-ку, буни тўғри тушунаман ва Мавлон аканинг ўша қўрқоқлиги ва ожизлиги учун кечирарман.
Лекин ўша воқеадан атиги бир йил ўтиб, 1997 йилда бу ёруғ дунёни тарк этган раҳматли отам руҳи олдида то ҳануз ўзимни гуноҳкор сезгандай бўлавераман…
9.
Майли, ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай яна мавзуга қайтайлик.
1991 йил бўлса керак, биз Мавлон Умрзоқов бошчилигидаги бир гуруҳ мулозимлар Ялтадаги “Ўзбекистон” санаториясига дам олишга бордик.
Мен Тошкентдан аввал Москвага учдим, у ерда СССР журналистлар уюшмасининг съезди иш бошлаши керак эди. Мен Ўзбекистон журналистлар уюшмаси томонидан съездга делегат қилиб сайланган эдим.
Москванинг “Домодедово” аэропортида мени Ўзбекистон ваколатхонасига тааллуқли бўлган енгил машина кутиб олиб, тўппа тўғри съезд делегатлари жойлашган «Украина» меҳмонхонасига олиб борди. Икки кун съезд ишида қатнашиб, Москвадан яна Ялтага учиб келдим.
Бу ердаги — ҳукуматга тааллуқли бўлган “Ўзбекистон” санаториясида Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов бошчилигидаги нуфузли бир гуруҳ дам олаётган эди.
Мен ўшанда биринчи маротаба Ўзбекистондан ташқарида расмий Тошкент мулозимлари учун хизмат қиладиган дам олиш масканини кўрдим.
“Ўзбекистон” санаторияси Бош врачи ҳам ўзбек йигити бўлиб, у бу лавозимга бевосита Президент девони (Зелемхон Ҳайдаров) томонидан тайинланар экан.
Ҳукуматга тегишли бўлган қоп қора, яп янги “Волга” автомашиналари хизматимизда. Ҳар бир оилага биттадан коттеж берилган. Мавлон ака Ҳалима опа ва ўғиллари Умиджон билан — битта коттежда.
Мен ва қудалари Маҳмуджон акага — битта коттеж. Мавлон аканинг дўстлари Ҳакимжон Эгамовнинг оиласи ва ўғиллари учун бошқа коттеж хизматда эди.
Мавлон аканинг қудалари Маҳмуджон Мелиқўзиев “Колхозстрой” бошлиғи Вил Шодмоновичнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишларди. У киши Учкўприкдан бўлиб, Мавлон акага қуда бўлганларидан кейин, кўп ўтмай ўзлари ҳам катта лавозимга кўтарилиб кетган эдилар. Жуда яхши ва самимий, қўли очиқ, данган ва хушмомила инсон эдилар.
Ҳар куни эрталаб ҳаммасиз Мавлон акаларнинг коттежидаги меҳмонхонада тўпланиб, нонушта қиламиз. Сўнг ўзимизга ажратилган енгил машиналарга ўтириб, шаҳар айланамиз. Тушликни бирорта қимматроқ ресторанда, кечки овқатни эса яна Мавлон аканинг меҳмонхонасида қилардик.
Бу ерда буюртма асосида турли туман таомлар тайёрланар, камон қошли официантка қизлар атрофимизда эртадан кечгача парвона эди. Дастурхон устида анқонинг уруғидан бошқа ҳамма нарса муҳайё.
Ялтанинг энг гўзал ва хушманзара, сўлим ва оромижон бир гўшасида — Ўзбекистон давлати раҳбарлари учун яратилган бу шарт-шароит менинг йигитлик тасаввурим ва журналистик шууримда бир умрга муҳрланиб қолди…
Суратда: Ўнгдан биринчи – Маҳмуджон Мелиқўзиев, Исмат Хушев, Ҳалима Худойбердиева, Ҳакимжон Эгамов оиласи ва фарзандлари билан, Мавлон Умрзоқов ва ўғиллари Умиджон… Ялта, «Ўзбекистон» санаторияси, 1991 йил…
10.
Орадан атиги бир йил ўтар ўтмас, Сиз суратда кўриб турган – Ялтадаги “Ўзбекистон” санаториясига бориб биргаликда дам олган тўрт мулозим бошига оғир кунлар тушади. Улар Умрзоқов бошчилигидаги жиноий гуруҳ аъзолари сифатида ҳибс этилиб, судланадилар.
Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимидан олингандан сўнг Мавлон Умрзоқов бир муддат Сирдарё вилоят ҳокимининг социал ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари этиб тайинланганини муқаддам айтиб ўтдик.
Бу тайинлов ҳам шунчаки, номигагина бўлган, кимсан палончи Президентнинг Давлат маслаҳатчиси лавозимидан қамалибди демасликлари учун, атай қилинган сиёсий ўйин эди.
Мавлон Умрзоқов олти йилга, қудалари Маҳмуджон Мелиқўзиев — беш йилга, Ҳакимжон Эгамов — тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинадилар.
Бу жиноий гуруҳнинг суратга тушмай қолган яна икки аъзоси бор. Улардан бири — Навоий шаҳридаги олтин ишлаб чиқарувчи “Навоийолтин” Бирлашмаси Бош директори ўринбосари Ашуров бўлиб, у Умрзоқовга пора берганликда айбланган ва тўрт йил муддат билан озодликдан маҳрум қилинган эди. Иккинчи мулозим эса — Мавлон аканинг биринчи ўринбосари Амеитжон Отажонов. У раҳбари учун пора олди бердисига аралашгани ва мансаб ваколатини суистеъмол қилгани учун беш йиллик муддат билан жазоланган эди.
Журналист Исмат Хушев эса, уч йилга ҳукм қилиниб, Президент амнистияси билан ўша заҳотиёқ суд залидан озодликка чиқарилади…
11.
Шу ерда яна бир гап.
Исмат Хушевнинг кутилмаганда ҳибсдан озод этилиши Ўзбекистонда турли туман гап сўзларни урчитиб юборди. Аксарият одамлар унинг айби йўқлиги учун суд залидан озод қилинибди деб ўйлашгани аниқ эди.
Боз устига, ўзим ҳам Китобда — ноҳақ ҳибсдан қутилганим шарафига отам берган худойи ва шукроналик ошида таниш билишларга: “Айбим йўқ эди, озод қилишди!” деб дадил айта бошладим.
Менинг бу сўзларимни эшитган махфий хизмат идораси кўп куттирмади.
Олий Суд залидан озод бўлганимдан бир ҳафта ўтар ўтмас мени яна ҳибсга олишди. “ГАИ ходими тўхтатганда – тўхтамай ўтиб кетдинг” деган айб билан уч сутка бериб, сўнг озод қилишди.
Лекин озод қилишдан олдин МХХ ходимлари мен билан суҳбатлашиб, “Тилингни тийиб юр!” деб, қаттиқ огоҳлантиришди.
Бу огоҳлантиришдан кўп ўтмай “Халқ сўзи” газетасида Исмат Хушев ҳақида “Муттаҳамнинг парвози” деган фелъетон эълон қилинди. Унда мени нима сабабдан суд залидан озод қилинганимга батафсил шарҳ берилган бўлиб, Президент Амнистияси аслида нимани англатиши ва кимларга қўлланиши айтилиб, мен айбсиз бўлганим учун эмас, аксинча айбдор бўлиб, фақат Президентнинг авфи боис қамоқ жазосидан озод этилганим ажиб бир жонкуярлик ва фидолик билан қайта ва қайта таъкидланган эди…
12.
Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов бошлиқ бир гуруҳ юқори мансабли мулозимларнинг кутилмаганда ҳибсга олиниб, уларга Олий суд ҳукми билан узоқ йиллик жазо муддати белгиланиши бутун Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётини жиддий саросимага солиб қўйди.
Ўзбек мулозимлари ҳам бир қадар ҳушёр бўлиб қолишди. Энди улар ўз мансаблари абадий эмаслигини, Президент истаган пайтда ўз атрофидаги истаган мулозимни турмага тиқиши мумкинлигини тушуниб етган эдилар.
Бу билан Ислом Каримов бир ўқ билан бир нечта қуённи мўлжалга олган эди.
Биринчидан, Президент учун ҳамма тенг. Ҳеч кимга дахлсизлик ҳуқуқи берилмаган.
Иккинчидан, Ўзбекистонда Президентдан бошқа ҳамма жазоланиши мумкин.
Учинчидан, ҳукмдорнинг амри вожиз. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас!
Бу билан Ислом Каримов: «Ўзбекистонда адолат ҳам, диёнат ҳам, демократия ва ҳур фикрлик, ошкоралик ва сўз эркинлиги, қолаверса, Конституция ҳам — менинг ўзим! Истасанг ҳам — шу, истамасанг ҳам — шу…» — демоқчи бўлди.
Буни тушунган — тушунди, тушунмаган — йўқ…
13.
Шу ерда мушоҳада учун қизиқ бир фактни келтирмоқчиман.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келган тўқсонинчи йилларнинг бошида у кишининг командасига жалб этилган 500 нафар мулозимдан жуда саноқлиларигина бугун ўз лавозимини сақлаб қололган.
Зелемхон Ҳайдаров ва Георгий Крайнов — ана ўшалардан икки нафари, холос.
Қолганлари — Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Рустам Усмонов, Мамадали Маҳмудов ва Шуҳрат Нусратовлар каби йигирма йилдан бўён ё ҳибсда, ё — Муҳаммад Солиҳ, Тошпўлат Йўлдошев, Юсуф Жумаев ва Исмат Хушевлар каби — ҳижратда.
Ва ё собиқ давлат ва жамоат арбоблари Мавлон Умрзоқов, Исмоил Жўрабеков, Қаюм Ҳаққулов, Бахтиёр Ҳамидов, Козим Тўлаганов, Шароф Убайдуллаев, Бахтиёр Ғуломовлар каби ўз юртида – аросатда…
14.
Орадан йиллар ўтди.
Мавлон ака Олий суд ҳукми билан олти йиллик ҳибснинг уч йилини турмада ўтаб, «қамоқхонадаги яхши ва намунали хулқи учун» муддатидан илгари озодликка чиққанига ҳам ҳадемай йигирма йил бўлади.
Йигирма йилдан бўён Мавлон ака ҳеч қаерда ишламайди. Аниқроғи унга иш беришмади. Йигирма йилдирки, у киши жамиятнинг ортиқча одами каби бир оёғи ерда, бир оёғи осмонда – ҳавода муаллақ осилиб турибди.
Йигирма йилдан бўён «Катта мени эслармикан» деб умид билан яшаб юрибди.
Катта малака ва тажрибага эга бўлган истеъдодли бир йигитнинг шунча йилдан бўён ишламай, кўчада қолиб келиши бу ўтакетган бемаънилик, бориб турган адолатсизлик эмасми?!
Унинг ҳам оиласи, болалари ва набиралари бор. Уларни нафақат боқиш, балки кўнгилларида шу Ватан ва шу халққа нисбатан меҳр ва муҳаббат пайдо қилиш, унга садоқатли бўлишга чорлашдек оталик ва боболик бурчи бор, ахир!
Бир пайтлар давлат раҳбарига энг яқин одамлардан бири бўлган, бугун эса худди гуноҳкор ва муттаҳам одамдай ҳеч қаерда ишлолмай келаётган Мавлон ака ўз аянчли тақдири билан бу бемеҳр Ватан ва бу бағри тош давлатга нисбатан шўрлик болалари ва набираларининг ўксик қалбида қанақанги меҳр ва муҳаббат ўйғота олиши мумкин?!
Мавлон акадан бошқа тақдири уникига ўхшаган ўнлаб, юзлаб одамлар бор Ўзбекистонда. Улар ҳам вақтида Президент назарига тушиб, шу Ватан ва шу халқ учун меҳнат қилишган, заҳмат чекишган — жон фидо қилишган.
Уларнинг ҳаммаси ҳам махсус хизматлар ўз “аноним” мақолалари билан жамиятга тақдим этаётгани каби порахўр, ўғри, муттаҳам ва ё Ватан хоинлари бўлмаса керак…
15.
Ҳа, Мавлон акага ҳам осон бўлмади.
Бугун Ўзбекистонда — Мавлон Умрзоқовдек аввал олий давраларда мулозим бўлиб юрган, сўнг урилиб кўчада қолган собиқ давлат ва ҳукумат арбоблари жуда кўп.
Умуман, бугун Ўзбекистонда ҳаммага – хусусан, собиқ мулозимларга ҳам жуда қийин. Улар ижтимоий сиёсий ҳаётдан тамомила узиб қўйилган, жамиятда ортиқча одамдек, “қора рўйхат”ларга тиркалиб, ишсиз ва умидсиз яшаб юришибди.
Бу билан режим намояндалари одамларга атайлаб аччиқ ва аламли сабоқ бермоқчи бўлишган: «Қара, Давлат маслаҳатчиси бўлган одамнинг 25 йиллик аянчли қисматини кўр. Агар Каттага ва унинг сиёсатига, тузумга қарши борсанг, сен ҳам бундан бадтар бўласан» деган маънода…
Бундай ноинсоний ва мараз тузумнинг асл башарасини билиш ва бор бўй басти билан англаб етиш учун ўзимизга ҳам анча йиллар керак бўлди…
Мен бу гап сўзларни айтиш ва ўтган мулозимлик кунларимиз манзарасини чизиш билан бугунги авлодга – мустақиллик фарзандларига сабоқ бермоқчи бўлдим. Шу маънодаки, улар биз йўл қўйган хато ва камчиликларни такрорлашмасин. Кўр кўрона бировларга қуллиқ қилишмасин. Амал ва мартаба берди деб бир умр саждага бош урмасинлар…
Бировга меҳр қўйганда, садоқат билан унинг хизматини қилганда ҳам ҳамиша ақл ва фаросат, сабр ва заковат билан иш юритсинлар.
Мулозимлик ҳаётининг ҳар бир дақиқаси, ҳар бир сонияси эрта бир кун тарих ва давр тарозиси томонидан ҳисоб китоб қилинишини ҳамиша ёдда тутсинлар…
16.
Шу маънода мен бугун такрор ва такрор Мавлон Умрзоқов фожеаси ҳақида ўйга толаман.
Унинг фожеаси асносида ўз фожеам илдизини, унинг сарҳад ва кўламини олис Канаданинг тинч ва осойишта гўшаларида туриб сарҳисоб қиламан. Унинг ҳаётимга, умримга, оилам ва фарзандларимга етказган зарарли оқибатлари ҳақида аччиқ ва армонли ўйга чўмаман…
Мавлон Умрзоқов фожеасини бор бўй басти билан англаб етиш учун, унинг кўрганини — кўриш керак, бошидан кечирганларини — кечириш керак.
У ётган зиндон азобларини, қийноқларини, даҳшатларини тасаввур қилиш учун ўша кунларни кўриш, Мавлон ака каби СНБ, МВД ва Тоштурманинг қон ва тер ҳиди анқиб турган ўша зиндонларида ётиш керак.
Биз ётдик бу турмаларда. Бошқалар ётмасин…
17.
Шу ўринда яна бир гап.
Мавлон Умрзоқовнинг сиёсий портретига шарҳ бериш, унинг мулозимлик фожеасини таҳлил ва тадқиқ қилиш асносида — 1937 йилги Сталин қатағони билан Мустақиллик давридаги Ислом Каримов зулми орасида ажиб бир ўхшашлик кўраман.
Ўттиз еттинчи йилда шаҳид кетганларнинг болалари эллигинчи йилга келиб — давлат арбоблари бўлиб етишди. Улар ўтмиш салтанатининг бу таъқиб ва тазйиқ пардасини кўтариб, ўртадан тамомила олиб ташлашди.
Бизда эса чорак асрдан бўён давом этиб келаётган бу зулм машинаси билан тўқнашган ва таъқибга учраган – бир бора сиёсий саҳнадан тушган одамларнинг ўзи тугул, етти пушти ҳам ҳануз таъқиб ва тазйиққа учраб келяпти.
Масалан, эллигинчи йиллардан кейин Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Йўлдош Охунбобев, Абдулла Қодирий, Фитрат ва Чўлпонларнинг болаларидан — оталари учун уларнинг бошига тушган барча таъқиб ва тазйиқлар олиб ташланган эди.
Лекин Мустақиллик даврига келиб, Ислом Каримов зулмининг биз каби бахти қаро ва шўрлик қурбонларидан ҳали ҳеч нарса олиб ташланмади. Олиб ташланиши учун эса, бу давр тугаб, унинг ўрнига янги ва одил раҳбарият – яхши ва ёруғ кунлар келиши керак.
Ўзбекистон тарихида ўзбек халқи ҳеч қачон бугунгидек ер юзига тариқдек тарқалиб, сочилиб кетмаган, муҳожир номини олмаган эди. Аёлларимиз, опа сингил ва қизларимиз ўзларини ҳеч қачон бугунгидек дунё бозорларига такрор ва такрор намойишга солмаган эди.
Ўз юрти ва миллатини севган, Ватанини ор номус ва виждони деб билганлар — Ватансизликка гирифтор қилиниб, Ватан туйғусидан тамомила бегона каслар — Ватан қучоғи ва ардоғида қолмаган эди.
Мустақиллик даврига келиб — хориждаги менга ўхшаган сиёсий муҳожирлар тугул, Ватандаги собиқ давлат мулозимлари ҳам аслида Ватансизлик ва шаънсизликка дучор қилиндилар.
Шу маънода улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг мен Тошкентга борганда айтган: «Четга кетган – сен эмигрант эмас, ўз юртимда ҳақ ҳуқуқсиз қолган мен аслида эмигрантман!» деган сўзлари ажиб бир ҳикмат ва башоратдай аччиқ ва аламли таассурот қолдиради…
Бугунги авлод, хусусан ёшлар Ислом Каримов замонининг ва зулмининг биз кўрган қонли ва фиғонли башарасини кўрган эмас.
Мустақилликнинг муборак номи остига яширилган бу зулм ва қиронни – ўз халқи ва миллатига қарши қаратилган бу қатл ва қатағонни биз кўрдик, улар кўрмасин…
18.
2012 йил Президент ниҳоят ўн йиллик сургундан сўнг менга Ватанни қисқа муддат зиёрат қилишга ижозат берди. Шунга ҳам минг бора шукр деб, Ўзбекистонга сафар қилганимда Мавлон ака билан кўришдим.
Кўришиш ҳам жуда оғир ва ғалати бўлди.
Карим Баҳриев иккаламиз у кишини излаб – Домбробод маҳалласидаги янги ҳовлиларига борганимизда Ҳалима опа бизни илиқ қаршиладилар. Ўғиллари Умид ҳам оиласи билан уйда экан.
Аксарият тошкентликлардаги каби — тўрт сотихли саришта саранжом ҳовли жой. Ҳовли кичик бўлгани билан, лекин жуда файзли қилиб қурилган. Икки чети худди хориждаги каби кўм кўк майсалар билан бурканган йўлак асфаль қилинган. Тўрдаги ҳовузчага сув тўлдирилган. Унда қовун ва тарвузлар сузиб юрарди.
Даҳлизда оёқ кийимларни ечиб, узун айвондан ўтиб, меҳмонхонага кирдик.
Ҳалима опа ҳануз ўша ўша, йиллар юз кўзларига солган ўй ва мунгни ҳисобга олмаганда, ҳеч ўзгармаган. Фақат қарашларидаги ўксик ва аламли бир нигоҳни пайқаган бўлдим.
Лекин сўрашга иймандим.
Умуман Ўзбекистондаги сафарим давомида мен бундай – ҳаётдан хафа ва турмушдан зада нигоҳларни жуда кўп кўрдим.
Мавлон ака ҳадеганда чиқавермадилар. Безовта бўлаётганимизни сезиб, Ҳалима опа у кишининг уйда йўқлигини, ҳали замон келиб қолишларини айтиб, хижолат чекади.
Лекин опанинг бу сўзлари мени ишонтираолмади. Юрагимнинг туб тубида бош кўтарган аллақандай бир туйғу — Мавлон ака уйдалигини менга айтиб турарди.
Ҳалима опанинг кўзларига дадил тикилиб: «Мен у кишини уйда деб ўйлабман!» дейман сурбетлик билан.
Ўжар ва тик гапиришимни яхши билган улуғ шоира бир лаҳза саросимага тушиб, сўнг негадир нигоҳини олиб қочади…
19.
Карим ўртадаги хижолатни сезиб, опани гапга солмоқчи бўлади.
Лекин суҳбат барибир қизимади. Улар Ҳалима опа билан ўзъаро ниманидир гаплашаётган маҳал секин ўрнимдан туриб: «Мен ҳовлини айланиб келаман!» деб, ташқарига йўналдим.
Характеримни яхши билган Ҳалима опа қаршилик қилиб ўтирмади.
Залдан ўтиб, ҳовлига чиқдим. Умид менга ҳамроқ бўлди. Ҳовлидан туриб, дарвозахона устида қурилган болохона томонга нигоҳ ташладим. Иккинчи қаватдаги дераза пардалари сезилар сезилмас силкингандай бўлди. Парда ортидан гўё Мавлон ака мени кузатиб турганга ўхшарди.
Умид билан хайрлашиб, кўчага чиқдим.
Мавлон акаларнинг ҳовлисидан то катта йўлга чиққунча йўлнинг икки томонидаги зордоли ва олволи шохларидан тўкилган хазонларни бир бир босиб, ўтган кунларимни ўйлаб борардим…
20.
Мавлон ака билан илк маротаба танишган кун худди кечагидай ҳануз ёдимда.
Ҳалима опа Бош муҳаррир бўлган «Саодат» журналида ишлардим. 1988 йилнинг эрта хазон куз ойи эди. Улар мени – қишлоқдан келган кимсасиз йигитни имкон қадар қўллаб қувватладилар, оғир ва ситамли кунларимда бошимни силаб, акалик ва опалик қилишди.
Бугун – тўқсонинчи йиллар бошида Ўзбекистонда энг довруғли бўлган бу оила билан танишганимга ҳам чорак асрдан ошибди. Ўтган бу йиллар давомида нобакор қисмат не не зафар бирла хатарларни – парвоз ва инқирозларни бошимизга солмади дейсиз.
Биз уларнинг ҳаммасини ёруғ юз ва сабот билан енгиб ўтолдик-ми? Уларни билмадим-у, лекин менга ҳаётнинг бу оғир синовларидан мардлик билан ўтиш насиб этмади…
Тақдирнинг бу қийинчиликлари олдида, хусусан, Мавлон Умрзоқовга нисбатан, ўзимга боғлиқ бўлмаган ҳолда ожизлик қилган пайтларим ҳам, афсуски, бўлди. Бугун Мавлон ака мендан ўзини олиб қочгани ҳам бежиз эмас эди.
Ҳолбуки, мен бундан ўн йил муқаддам – хорижга бош олиб кетгунимга қадар Мавлон ака билан алоқам жуда яхши эди. У — тақдирнинг ногаҳоний зарбасидан ганггиб қолган ожиз ва нотавон укаси Исмат Хушевни аллақачон кечириб, яна олдингидай яхши муомила қилиб юрган эди.
Чунки, бошига қора кунлар тушганида уни сотган фақат мен эмас, бошқалар ҳам бор эди. Биз улар ҳақида мазкур бобда батафсил айтдик. Биз кейинги бобларда ўзимизнинг бу ожизликлигимиз ҳақида ҳам ҳамма гапни китобхонларга рўй рост айтишимиз керак.
Биздан кейинги ёшлар, Ислом Каримовнинг чорак асрлик сиёсий зулмидан азият ва заҳмат чекиб улғайган келажак авлод биз йўл қўйган бу хатоларни, фитна ва фасодни, сотқинлик ва номардликни қилмаслиги учун ҳам мен ҳаётимнинг бу аччиқ ҳақиқатларини ўқувчиларимга қандай бўлса – шундайлигича, рўй рост ва очиқ ойдин айтиб ўтишим керак…
21.
Лекин барибир Мавлон акани кўришим керак эди.
Ўзини олиб қочгани менга алам қилди. “Наҳот у киши мени соғинмайди? Наҳот қўмсамайди ўтган кунларимизни?” деган саволлар менга тинчлик бермас эди.
Тан олиш керак. Бир пайтлар у жуда қудратли одам эди. Дадил одам эди. Энг олиймақом учрашувларда ҳам ўз сўзини бермас эди. Наҳот шундай одам бугун шу қадар эҳтиёткор ва ҳушёр бўлиб қолган бўлса?
Ё бу ерда бошқа гап борми?
Умрзоқовнинг ҳибсдан кейинги 20 йилдан бўён давом этиб келаётган хорлик ва хўрлик ҳаётларидан хабарим бор. Оила аъзолари — болалари «розыск»да бўлди.
Туғишган бир укаси — Ашур ҳануз қидирувда. Терговчиларнинг тазйиқ ва таъқибдан чўчиб, қочиб кетган .
Бошқа бир укаси Тўрабек — Сирдарёда совхоз директори эди. Дала шийпони ёнидаги ариқ бўйида ухлаб ётганида чавақлаб кетишди.
Даланинг бошида буғдойини ўриб турган инсон сифатида ҳам — баланд мақомли инсон эди.
Унинг ҳам сирли ўлими то ҳануз очилмаган…
Мана шу фожеаларнинг барчаси Мавлон акани батамом синдирган бўлса ажаб эмас…
22.
Эртаси куни Мавлон аканинг уйига тинимсиз телефон қилиб, ниҳоят ўзлари билан боғланишга муваффақ бўлдим. Агар учрашишни истамасангиз, мен ортиқ телефон қилмаслигим мумкин деб дадил айтганимдан сўнг, у киши мен билан кўришишга қарор қилди.
Бу гал уларнинг уйига ёлғиз ўзим бордим, Каримга индамадим.
Ҳалима опа ва болалари мени худди кечагидай илиқ қаршилашди. Фақат бу гал ҳамманинг нигоҳи хотиржам, гуноҳкорлик ва безовталикдан йироқ эди.
Салом аликдан сўнг уйдагилар бизни Мавлон ака билан ёлғиз қолдиришди.
Энди – залдан ўтиб борадиган ичкари уйдаги меҳмонхонада эмас, балки ҳовли четидаги чорпояда суҳбатлашдик.
Мавлон ака менга худди ҳукумат одамидай ясама ҳурмат ва эҳтиром билан муомила қилди. Гап орасида тез тез Ислом аканинг яхшилиги ва улуғлиги, бундай раҳбарни ўзбек халқи ҳеч қачон топа олмаслигини қайта қайта таъкидлади. Ҳар эҳтимолга қарши ўзини ҳимоялаган ҳолда Президент ҳақидаги мақтов жумлаларни ойимтар сойимтар ҳолда қистириб турди.
Суҳбатимиз қовушмади. Бундай вазиятда ортиқча мулозамат қилиб, суҳбатни давом эттириш ғирт кулгили ва бемаънилик, қолаверса нодонлик эди.
Мавлон ака яна Ислом аканинг «улуғлиги ва ягоналиги» ҳақида гап бошлаганида шартта дастурхонга омин қилиб, ўрнимдан турдим.
Энди суҳбатни давом эттириш ортиқча эди.
Мавлон ака менга ишонмади. У мени МХХ нинг махсус топшириғи билан келган деб ўйлагани аниқ. У мени тинимсиз ёзиб олаяпти деб ўйларди. Унинг бу хавотирини мен унинг ён чўнтакларим ва қўйнимга тез тез назар ташлаб қўйган ола-жала кўзларидан, безовта нигоҳларидан шундоққина сезиб турардим.
«Қандай қилиб Ўзбекистонга келдингиз?» деб сўрамаганидан ҳам ҳаммаси маълум эди.
Хайрлашаётиб, Мавлон аканинг кўзларига дадил тикилдим. Унинг кўзларида кеча Ҳалима опанинг нигоҳларида кўрган алам ва армон билан боришиқ яна минг бир ситам ва ҳижронларни, дарду фиғонларни ҳам кўргандай бўлдим.
Унинг қарашларида ҳамма нарса бор эди. Фақат мен олдин учратадиган ажиб бир ҳайрат ва самимият йўқ эди, холос.
Худди шу нарса менга жуда алам қилди…
23.
Мен эса Мавлон ака билан Ислом Каримов пошшолигида ўтган шонли ва суронли кунларимизни, сўнг ҳибс ва ҳақоратда ўтган қонли ва фиғонли сургунларимизни эслаш, ёдга олиш учун, аччиқ ва аламли сабоқларга тўла умр бекатини биргалашиб сарҳисоб қилиш учун унинг уйига келган эдим.
Аслида биз Ватандан бош олиб, хорижга ҳам Мавлон Умрзоқов билан бирга чиққан эдик. Лекин Москвадаги бир ҳафталик муҳожирлик азобларини кўрган Мавлон ака «Бу менга тўғри келмас экан!» деб зудлик билан Ўзбекистонга қайтиб кетган эди. Мавлон Умрзоқов ҳамроҳлигида 2004 йилнинг ёзида Тошкентдан Москвага қилган парвозимиз ва у ердаги ажабтовур саргузаштлар ҳақида учинчи китобда батафсил ҳикоя қилинган. Ҳадемай уни ҳам эълон қиламиз.
Майли, мавзудан узоқлашмай, яна Мавлон Умрзоқовнинг Тошкентдаги хонадонига қайтсак.
Дарвоза ёнида хайрлашаётиб, беихтиёр Мавлон аканинг кўзларидаги бояги ҳадик ва саросима ўрнини пушаймонлик ва хижолат эгаллай бошлаганини сезгандай бўлдим. У киши хайралашётиб, мендан нигоҳини олиб қочаркан, кўзларида ёш беихтиёр ҳалқаланганини кўрдим. Ортиқ чидаб туролмадим, рўпарамда худди гуноҳкордай оппоқ бошларини эгиб турган Мавлон акани қучоқлаб, ёш боладай йиғлаб юбордим.
У киши ҳам худди шуни кутиб тургандай, гўзларида шашқатор ёш, менга отилди. Биз икки бахтсиз ва омадсиз ака ука – бир биримизни қучоқлаб ошкор йиғлардик.
Минг бир дарду алам билан, ич-ичимиздан, сўзсиз нидо чекардик…
24.
Бу дунёда йигит киши, эркак одам йиғламасин экан.
Биз — Мавлон ака иккимиз — бир пайтлар садоқат билан хизматини қилган, бугун эса бизни тубсиз уммон узра улоқтириб ташлаган, бу ҳам етмаганидек, одамларни бир биридан хавфсиратиб, ёв ва ғаним қилиб қўйган бу тузумга лаънат ўқиб, унинг тазйиқ ва таъқиби олдида ожизлигимиздан афсус чекиб, очиқ ошкор йиғлар эдик.
Акани — укага, элни — юртига душман қилиб қўйган бу тузум ва унинг тоталитар сиёсатидан фиғон чекиб кўз ёш тўкардик. Худди азага борган одам ўз дардини айтиб йиғлайди деганларидек, биз бир-биримизга ошкор айтмасак ҳам, лекин дилда айтилмаган дардларимиз беҳисоб эди.
Икки ака уканинг бир бирини маҳкам қучоқлаб ошкор йиғлашидан ортиқ азоб бўлмаса керак бу дунёда…
Биз бир биримизни тушунган эдик. Ва бир биримизни кечирган ҳам эдик.
Анча маҳал ўтиб, ўзимизга келиб, атрофга қарасак, Ҳалима опа ва болалари ҳам бизнинг ғариб ҳолатимизна кўриб, худди биздек аччиқ ва аламли кўз ёш тўкиб туришарди.
Кўз ёш билан хайрлашдик…
25.
Шу ўринда бизнинг бу маҳзун ва ғариб ҳолатимизни ҳазм қилолмай: «Инсон ҳар қандай қийинчиликларда ҳам ўзини йўқотмай, бу синовдан шараф билан ўтиши керак!» дейдиганларга айтадиган бир оғиз сўзим бор.
Улар бизни яхши тушуниши ва ҳис қилиш учун қуйидагиларни айтиб ўтишим керак.
Инсон ҳар қандай жамиятда ҳам ўз қиёфасини сақлаб қолиш керак дейдиганлар бугунги замонни, Ислом Каримов тузумина яхши билмаскан. Бу тузумни билиш ва бизнинг ожиз ва мискин ҳолатимизни тўғри тушуниш учун бизнинг кўрганларимизни — кўриш, бошдан кечирганларимизни — кечириш керак. Ислом Каримов зиндонларини — кўриши керак.
Бизга эса аччиқ қисмат шуни раво кўрди: Мустабиднинг ўша машъум зиндонларини бошдан ўтказишни насиб этди. Унинг тилга олиб бўлмас ноинсоний азоблари ва бало-уқубатларини бошимизга солди.
Бир сўз билан айтганда, биз Каримов зиндонларининг ҳали матбуотга олиб чиқилмаган ҳақиқий башарасини кўрдик. Энди инсон сифатида — бу турма зулмидан ўзбек халқини огоҳ этишимиз, журналист сифатида эса — у ерда кўрган кечирганларимизни бор бўй басти ва фожеаси билан матбуотга олиб чиқишимиз, ўзбек диктаторининг қамоқхона ва турмалардаги бу зулмидан бутун дунё аҳлини огоҳ этишимиз лозим…
26.
Майли, ортиқча ҳис—ҳаяжонга берилмай, Мавлон Умрзоқовнинг бугунги кунларига қайтсак.
Кечагина давлат ва ҳукуматнинг иккинчи одами бўлиб, Олий мақом давраларда юрган Мавлон ака бугун ўзи каби ишсиз ва истеъфодаги гапдош ва даврадош дўстлари даврасида ўтган кунларини армон билан эслаб юради.
Даврабоши ҳам унинг кўкси ўксимасин деб давранинг энг биринчи сўзини унга беради:
«Сўз — иқтисод фанлари доктори, профессор Мавлон Умрзоқовга!» деб тантанали равишда эълон қилинади. Одамлар, даврадаги шишадошлар — авом халқ даврабошининг бу таклифини қандай қабул қилишди, бу энди бошқа мавзу.
Энг муҳими сўз берилди. Сўз берилган — Мавлон Умрзоқов атрофига — таниқли давлат ва жамоат арбоби каби синчковлик билан назар олади. Кўркига кўрк қўшиб турган қоринни бир ичкарига тортиб, бир чап елкани, бир ўнг елкани учириб, гўё бу елкаларда бутун дунё юки тургандай қад ростлаб, худди Стокгольмда — Швеция қироллигида Нобел мукофотини нақд қабул қилиб олаётгандай виқор билан нутқ ирод этади.
Ва албатта ўз нутқида энг аввал Ислом акани мақтаб ўтади. Сўнг ора орада бу сўзларини одамлар қандай қабул қилишдийкин деб бирма бир уларнинг кўзларига обдон тикилиб чиқади.
У ўз нутқида кутилмаганда баъзи даврадошларини ҳар эҳтимолга қарши бу қалтис замонда ҳушёрликка чақириб қолади, сўнг сирли равишда бу йўлдан юринг ва бу йўлдан юрманг деб маслаҳат бера бошлайди.
Нима қилсин, ўрганган кўнгил – ўртанса ҳам қўймас деганлари шу бўлса керак-да.
Назаримда шундай пайтларда унинг ёдига яна давлат маслаҳатчилиги тушиб кетса ажаб эмас…
27.
Адолат ҳаққи ҳурмати айтиш лозимки, Мавлон Умрзоқов энг олий мақомда юрганда ҳам ўз сўзини дадил айта оларди. Ва бунга ҳатто Президентни ҳам кўниктира олган эди.
Умуман ўша пайтда Мавлон ака бош бўлган “Орготдел” Президент билан тўғридан тўғри мулоқотда бўлиб, воқеаларга адолатли муносабат билдиришда ўзига хос бўлган алоҳида сиёсат олиб борарди. Бир сўз билан айтганда — Умрзоқовнинг иш услуби эди бу.
Албатта, бу борада Мавлон ака ўз манфаатларини ҳам тиқиб юборарди. Лекин барибир ҳар бир масалада — адолат ва диёнат, истаймизми йўқми, барибир устивор бўлиб қолаверарди.
Масалан, “Халқ сўзи” газетасидан ноҳақ бўшатилган Бош муҳаррир Аҳмаджон Мухторов масаласини олиб кўрайлик. Мавлон Умрзоқовнинг “Орготдел”и бу борада Президентни ўз фикрига ишонтириб, Мухторовни газета раҳбарлигига қайта тиклашга эришган эди.
Биз бу ҳақда Президент Маҳкамаси раҳбари Зелемхон Ҳайдаров номига ёзилган “Очиқ хат”да батафсил тўхталиб ўтганмиз.
http://dunyouzbeklari.com/archives/99525
Ўшанда Ўзбекистон Олий раҳбариятида — Президент доирасида ана шундай одил ва адолатли сиёсат юритиш ва унга доим амал қилиш одат тусига кирган эди.
Бошқа Давлат маслаҳатчиларига қараганда нисбатан оқкўнгиллиги, инсонийлиги ва самимийлиги нуқтаи назаридан ҳам Умрзоқов Ислом акага тўғри сўзларни айта оларди. Президентни шунга кўниктирган эди.
Мавлон Умрзоқовдан фарқли ўлароқ, Тимур Алимов эса аксинча, Президентга доим нотўғри ва ёлғон маълумот бериб турди. Унинг учун адолат туйғусидан кўра давлат раҳбарининг кайфияти биринчи ва асосий ўрин тутди. Бундан ташқари у Президент оёғи остида ер доим силкиниб туришини, хавфли вазиятлар давлат раҳбарини ҳамиша ва ҳар ерда таъқиб этиб юришини истарди.
Шунинг учун ҳам у давлат раҳбари оёғи остидаги ерни тебратиб турадиган унсурларни қўллаб қувватлашга ҳам тайёр эди. Масалан, ўша даврда кенг қанот ёйиб келаётган “Эрк” тарафдорларининг Ўзбекистонда кўпайишига Алимов аслида қарши бўлмаган. Адолатпарварлигидан эмас, йўқ, асло! У юқорида айтганимиздек, президент оёғи остида доим ер силкиниб туришини зимдан истар эди.
Президент девонидаги умрининг охирига қадар у шу одатига содиқ қолди.
Бугун Ўзбекистон Олий раҳбариятининг у ёки бу сарҳадларида — Президент оиласи, командаси ва орбитасида, ҳукумат ва давлат коридорларида вақт бевақт портлаётган катта-кичик мина ва бомбаларни аслида Алимов ўз вақтида жиб бир истеъдод билан — яширин мурувватини бураб қўйиб кетган эди…
Алимовнинг айнан мана шундай давлатга ва унинг раҳбарига қарши бўлган разил ва хоинона сиёсатини тушунтираман деб Умрзоқов ўзига энг катта балони сотиб олди. Президент атрофидаги аждаҳолар ичидан ўзига сон саноқсиз ёв ва душман орттирди. Улар эса ўз навбатида биргалашиб, бирикиб, галма галдан Умрзоқовнинг оёғидан олишди, унинг бошини ейишди…
28.
Мавлон аканинг сирдоши ва сафдошларидан бўлмиш унинг биринчи ўринбосари Аметжон Отажонов Умрзоқовдан озгина ранжиганда — Девондаги аждаҳолар ўз-ўзидан унинг қўлтиғига кириб, қанот боғлаб, Отажоновни осмонга учириб кетишди.
Ва Умрзоқов қулаган куни Отажонов унинг ўрнига ўтиришини қасам ичиб, унга ваъда қилишди.
Умрзоқов ишдан четлатилган кунларда худди шундай бўлди ҳам. Отажонов “Оқ сарой”дагиларнинг хоинона ва манфур маъдасига мувофиқ қисқа бир муддат Мавлон аканинг креслосида ўтирди: Умрзоқовнинг тўқиб бичилган “Жиноий иши” охирига етгунга қадар Отажонов унинг столини эгаллаб турди.
Ва бу иш ниҳоясига етгач, “вазифаси” тугаганлигини англатиб, унинг ўзини ҳам Умрзоқовнинг ёнига — МХХ ертуласига олиб бориб қўйишди.
Президент орбитасидаги бу оламшумул воқеа — “Умрзоқов операция”си бошида Тимур Алимовнинг шахсан ўзи турди. Кейинчалик у нафақат Президент девонидан, балки бутун Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётидан Умрзоқовнинг энг охирги изларини ҳам тамомила супуриб, энг охирги чангига қадар қоқиб ташлади…
Мавлон Умрзоқов давлат маслаҳатчилигидан урилиб кетганидан кейин унинг -Президентга ҳамиша тўғри ва рост сўзларни айтиш сиёсатини — Бахтиёр Ғуломов давом эттирди.
Ва айнан шу нарса унинг бошига етди. Тўғри сўзнинг акс садоси ҳамиша тўғри ва адолатли бўлиб қайтмас экан. Хусусан, шоҳ саройида, мамлакатнинг энг олий идорасида, тўғри сўзни айтиш, ҳалол ва очиқ-ойдин сиёсат юритиш — кўпинча душман орттириш билан тугаркан.
Душманнинг эса биттаси ҳам кўплик қилади.
Бугун 25 йилдан бўён ёлғон ахборот олиб улғайган бугунги авлод Ўзбекистон давлатчилиги тамал тошини қўйишда фаол бўлган ва фидойилик кўрсатган, шу билан бирга Президентга ўзининг рост ва тўғри сўзини айтиб, балога қолган Мавлон Умрзоқов ва Бахтиёр Ғуломов каби давлат ва ҳукумат арбоблари борлигини билиши ва уларни ҳамиша ёдда тутиши учун ҳам биз адолат ва диёнат ҳаққи ҳурмати, бор масъулиятни бўйнимизга олиб, бу гапларни ёздик.
29.
Ҳа, 25 йилдан бўён Ўзбекистонда давлат раҳбаридан тортиб оддий мулозимга қадар ёлғон айтиш ва бир бирини алдаш билан овора. Бир бирини алдаган мулозим эрта бир кун шоҳни ҳам гадони ҳам алдаши муқаррар.
Биз бугун Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётида ана шу даҳшатли ёлғоннинг давлат ва ҳукумат фонидаги ҳақиқий ва типик манзарасини кўриб турибмиз. Тан олиш керак, бу манзара 25 йил ичида даҳшатли даражага етди…
Радио, телевидения ва оммавий ахборот воситалари эртадан кечгача ёлғон айтиш билан овора. Уларга ишонилса, Ислом Каримовнинг оқил ва доно сиёсати боис Ўзбекистон тиним билмай гуллаб яшнаяпти, у аллақачон дунёнинг энг озод ва обод мамлакатларидан бирига айлайган.
Бугун Ўзбекистон ўз аҳолисининг яшаш даражаси ва ҳаёт фаровонлиги борасида ер юзи давлатларининг энг олдинги қаторида. Ўзбек халқининг олаётган ойлик маошларига ҳатто Европа давлатлари аҳолиси ҳам ҳавас қилса арзийди…
Ўз ватанининг бу ютуқ ва ғалабасини кўролмайдиганлар, уни тан олиш ўрнига аламзадалик қилиб, Президентга маломат тошини отаётган Муҳаммад Солиҳ, Тошпўлат Йўлдошев, Юсуф Жума ва Исмат Хушевлар – Ватан хоинлари, “террорчи” ва “экстримист”лардир.
25 йилдирки, ўзбек халқи ёлғонлар устига қурилган салтанатда яшаб келяпти.
Ёлғон устига қурилган салтанат эса — қум устига қурилгандек муваффақ ва лаҳзалик экани ҳаммага маълум.
“Усти ялтироқ ва ичи қалтироқ” бўлган бундай салтанат эса радио ва телевидения, оммавий ахборот воситалари томонидан ҳар куни — эртадан то кечгача — ўз меъмори ва бунёдкори бўлмиш юртбоши шаънига тинимсиз мадҳия ва шон шарафлар ўқилаётган, гулгун ва оташин алёрлар айтилаётган ажойиб ва ғаройиб кунларнинг бирида ҳеч кутилмаганда қулаб тушиши ҳам мумкин…
30.
Умрзоқовнинг сиёсий портретига бағишланган бобни ёзаётган кунларнинг бирида кутилмаганда Тошкентдан Мавлон ака билан Ҳалима опаларнинг тўнғич фарзандлари Умиджоннинг бевақт вафот этгани ҳақида мудҳиш хабар келди.
Бу фожеани эшитиб, мен ўзимни тамом йўқотиб қўйдим.
Эндигина ўттиз бешга кирган гўзал ва навқирон йигитнинг кутилмаган ўлими унинг ота онасини ҳам адойи тамом қилганини эшитдим.
Қўлим ёзишга бормай қўйди.
Бугун энди бу мусибат содир бўлганига ҳам икки-уч ой бўлиб қолди. Тошкентга сим қоқиб, Мавлон ака билан Ҳалима опанинг аҳволини сўрадим.
— Ҳалима опа ҳалиям реанимацияда. Мавлон ака ҳам ярим ўлик, ярим тирик ҳолда.. – деган аччиқ ва аламли хабар эшитдим…
31.
Тижорат ишлари билан Озарбайжонга борган Умиджон Бокудан Тошкентга учиб келган заҳоти ўзини ёмон сеза бошлаган.
Аэропортда уни кутиб олган дўстлари уйидагиларга билдирмай 16-шаҳар касалхонасига олиб боришади.
Аҳволи оғирлашиб, вазият хавфли тус ола бошлаганидан кейингина Мавлон ака билан Ҳалима опаларга хабар қилишади.
Улар касалхонага етиб келишганида кеч бўлган эди…
32.
Инсон умри – бир ёниб ўчадиган шамга ўхшайди.
Лекин шу қисқа ва лаҳзалик умрда ҳам одам минг бир фитна ва фасодлар, фоже ва фарёдлар гирдобида қолиб яшашга маҳкум.
Мавлон ака билан Ҳалима опаларнинг бошига тақдир не-не дарду алам, ғам ва ситам, таъзия ва мотам солмади дейсиз. Бугун уларнинг ярим ва ярадор, шикаста ва мажруҳ дилларида нима дарду ҳасрат борлиги ёлғиз Яратганга аён…
Ким билади дейсиз, агар Мавлон Умрзоқов ва Ҳалима Худойбердиевалар ўша 1994 йилнинг май ойида Президент қаҳрига учраб, инқироз ва таназзулга юз тутмаганида эди, бошларига бунча кулфат тушмаган бўлармиди…
Оиладаги ҳар бир фожеа, биз истаймизми йўқми, Умрзоқовнинг шахсий фожеаси билан боғлиқ эканидан кўз юмолмаймиз. Мавлон аканинг ота бир, она бошқа икки акаси ҳам кейинги йилларда бирин кетин сирли ва синоатли тарзда бу ёруғ дунёни ташлаб кетишди.
Бу фожеалар Умрзоқов бошидаги сиёсий фожеанинг давомидир.
Отаси Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлганида, Умиджон қандайдир 16- горбольница коридорларида хор-зор бўлиб, бевақт ўлим топмасди, албатта…
33.
Ҳа, 25 йиллик ёлғон ва қатағон муҳит одамларни қўрқитиб, тамомила саросимага солиб қўйди. Сиёсий саҳнадан бир маротаба урилган одам бизда ортиқ одам ўрнида кўрилмайдиган бўлди.
Ҳеч ким ҳеч кимга ишонмайдиган, сохта ва турғунлик замони — табиий ва гулгун давр деб тақдим этилди.
Порахўрлик, ўғрилик ва коррупция – фахрга, адолат, диёнат ва одамийлик – жабрга етаклайдиган жамият барпо этилди.
Хуфия хизмат ва пойлоқчилик, тўҳмат ва айғоқчилик, махсус хизматларга алоқадорлик – фахрга, улардан нафратланиш ва адолатни ҳимоя қилиш – жабрга айланди.
“Ҳамма бир бирини пойлайди, ёзиб олади ва етказади” деган ҳадик кундан кунга одамлар онгига тобора чуқурроқ сингиб бормоқда…
Бугун Ўзбекистондаги ана шундай “сирли ва ғаройиб” кунларнинг бирида, шундай бир ижтимоий-сиёсий шароитда, ширин бир уйқуга кетиб, 1937 йил кўз очмайсиз деб ким Сизга кафолат бера олади?
Мана Сизга биз ишонган, севган ва меҳр қўйган устозимиз Ислом Каримов асос солган ва 25 йилдан бўён мақтаб келаётган Ўзбекистон Мустақиллиги!
Ўзбекистон Мустақиллигига шон шарафлар бўлсин!
Якуний ва сўнг сўз ўрнида.
Исмат Хушевнинг юқоридаги қочирма ва киноясини ўқиб, ўқувчи ва мухлисларимиз ҳайрон қолишлари мумкин. Чунки биз шу пайтга қадар Ислом Каримов, унинг қатағон сиёсати ва тоталитар тузими ҳақида бу қадар кескин фикр айтишдан ўзимизни имкон қадар тийиб келдик. Лекин энди ҳам тилимизни тийиб, сукут сақласак — уят бўлади.
Негаки, энди мамлакатдаги ёлғонлар даражаси ўз чегарасидан тамомила чиқиб кетди…
Биз одатда ўтган 25 йиллик мустақиллик замонаси ҳақида турли хил қарашлар ва фаразларга дуч келамиз.
Мамлакат ичида турган бир тоифа башоратчилар бу тузимнинг бебаҳо эканлигини, сон саноқсиз фазилатларини достон қилишдан чарчамайдилар. Барча ютуқларини унинг “оқил ва донишманд” йўлбошчиси — мамлакат биринчи раҳбарининг номи билан боғлайдилар.
Мамлакатнинг иқтисодий, маънавий ва ижтимоий сиёсий ҳаёти қай даражада ботқоққа ботганлигини кўра била била туриб ҳам уни атай кўрмасликка ва билмаслика оладилар.
Уларга ишонилса, ажабки, Ўзбекистон тараққиёт бўйича дунёда бешинчи ўринда экан. Кеча эса Марказий ва Миллий банкимиз дунёнинг энг нуфузли банклари орасида 45 ўринга чиқибди.
Ваҳоланки, бугунги пул сиёсати тизимида Ўзбекистон банклари аллқачон парокандаликка ва чуқур инқирозга учраганини халқ яхши билади.
Шу билан бирга унинг тепасида турганлар ҳам, ҳукуматда уни назорат қилаётганлар ҳам энг ашаддий жиноятчи сифатида қўлларига кишан солиниши кераклигини ҳам халқимиз аллақачон англаб етган.
Нафсиламбирини айтганда, ижтимоий сиёсий ҳаётимиздаги бу “ютуқ ва ғалабалар”нинг ҳаммасини ясаш, ҳар нарсага ишонувчан содда ва авом халқимизга: “Қаранг, ҳаётимиз қандай гўзал ва фаровон!” деб эртадан то кечгача ойнаи жаҳон орқали кўрсатиш мумкиндир.
Бироқ, Ўзбекистоннинг кадрлар сиёсатидаги шармандали инқироз ва таназзулни ҳеч нарса билан хаспўшлаб бўлмайди. Бунга яққол мисоллардан биттаси — бизнинг бугунги қаҳрамонимиз Мавлон Умрзоқовнинг фожеали ҳаётидир.
Қарийб ўттиз миллионли мамлакатнинг кадрлар сиёсатини бошқарган инсон билан мана йигирма йилдирки, ҳеч кимнинг иши йўқ. Лекин бу жим-житлик аслида нисбий маънога эга.
20 йилдирки – уни кузатадилар. Ҳар бир қадамини ўлчаб турадилар. Ким билан учрашгани, сўзлашгани махсус ва махфий идоралар назоратида. Шу боис унинг ўзи ҳам аллақачонлар ясама ва сунъий қўғирчоққа айланиб қолган.
Унинг ҳар қандай инсон билан учрашганда, ҳар бир сўзини етти марта ўлчаб, тарозига тортиб, давлат сиёсатига мос келадиган ибораларни ўйлаб топиши ҳам шундан. Кўзингизга олазарак қараб туришининг асл сабабини ҳам ана шу ҳадик ва хавотирдан излаш керак.
Биз Мавлон Умрзоқов портретига бир мунча чуқурроқ ва батафсилроқ ёндашганимизнинг боиси ҳам шундаки, унинг аламли ва аччиқ тақдири – бутун бир мамлакат фожеасини яққол кўрстиб турибди…
Мустақил давлатнинг 25 йиллик сиёсати маҳсули шуки, бугунги Ўзбекистон давлати ва салтанати — қум устига қурилган саройга ўхшайди. Ўзбек мулозимлари мустақиллик меъмори бўлмиш – Президент амри билан бу саройга тинимсиз зеб беришдан чарчамайдилар. Саройнинг ҳар тўрт томонига – пештоқлар-ю, қуббаларига дунёдаги жамики чиройли сўзларни ёзиб, уни ҳатто Амир Темурнинг “Оқ саройи” ва “Кўк сарой”ларига менгзайдилар.
Бироқ аслида Амир Темур олиб борган сиёсат – ҳақиқат ва диёнат устига қурилганлигини ва буюк бобомиз давлат бошқарувидаги ўзининг бош шиорини: “Куч адолатдадир!” деб белгилаб қўйганини эса негадир унутадилар. Унинг шону шавкатига шайдолик ва ташналик билан интилсалар-да, Амир Темур тажрибаси ва сиёсатидан нақадар узоқда эканликларини, ҳарчанд уринмасинлар — тушуниб етмайдилар..
Бир сўз билан айтганда, Мавлон Умрзоқов фожеаси – ёлғиз унинг фожеаси эмас.
Бу фожеа мустақилликнинг 25 йиллик ўтган умрига ҳам босилган хунук бир тамғадир.
Бу фожеа шу даврнинг ҳам фожеасидир.
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
21 ноябрь, 2015 йил,
Торонто шаҳри, Канада
ТАМОМ
3 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ1 Comment
-
Исмат хар кандай макола ёзганда хиссиётга берилмасдан мантикий ва у бу ким томонга огмасдан ёзсанг хамма ишонади. Сенинг шу маколаларинга караб одамлар нотугри фикрлар пайдо булиши мумкин ки унинг жавобини жаноби хакнинг олдида беролмайсан. Шунинг учун любой информацияни хеч кимга боглик булмаган холда ёзгин. Биламан бу шархимни чикармайсан но имей ввиду журналист нейтральный одам булиш мажбуриятида. Буни мендан яхши биласан
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Ismat aka. Siz prezidentni maqtasangiz va hurmat qilsangiz maqtaymiz va hurmat qilamiz. Yomon ko`rib tanqid qilsangiz – yomon korib tanqid qilamiz. Sizga shu qadar ishonamiz. Siz bizning siyosatda ko`r bo`lgan ko`zlarimizni ochgan ustozimiz, yo`lboshchimizsiz. Biz sizga o`z ota onamizga ishongandek ishonamiz. Davlat va hukumatlar va hatto mahsus hizmatlar ham bizni bu yo`ldan qaytarolmaydi. Bekorga ovora bo`lishmasiz!
Erishilgan yutuqlar bir kishiniki emas deb, xizmat ko’rsatganlarni ism-sharifini, qilgan ishlarini keltirasiz, bu yaxshi. Lekin nima uchun xato va kamchiliklarni bir kishining bo’yniga yuklaysiz?! Bu nohaqlik!
Har safar Timur Alimov haqida qisqacha to’xtalasizu, uning jinoyatlarini, faoliyatini va inqirozi haqida yozmaysiz. Buning sababi nima?!
Biz sizdan bu ablax shaxs faoliyati haqida ochiq maqola kutayabmiz. Shundagina jurnalistik faoliyatingizga soya solib turgan “bir yoqlamalik” birmuncha chelinadi nazarimda…!
Маколани охиригача ўқиб, Мавлон Умрзоқов фожеаси – миллат фожеаси эканига ишондим. 18-19 асрлардаги хокимият учун курашишлар, бу йўлдаги фитна фасодлар тугамас эканда. Ўзбеклар ўзи ўтирган дарахтнинг шохини арралашдан бошқа ишга ярамайдиган миллат сифатида тарихда қолаверар эканда!?
4 шарҳ
Хурматли Исмат ака! Сизнинг тугри сузлигингизга тан бермасдан илож йук. Маддохлар ва соткин казоларнинг барчасини лашкарбошиси билан битта килиб тарихнинг энг шармандалик жавонига улоктирдингиз!Президентнинг дустимисиз-душманимисиз деган саволнинг урнига, катта бир журъат ва жасорат билан аксини олиб чика олдингиз ва исботлаб бердингиз!
Кани энди бизнинг виждонлик казолар бир жойга тупланиб барча каззобларни йукотишса ва мамлакат ва халкни саклаб колишса эди.
Мавлон ака ва у кишининг аянчли қисмати оркали Мустақил Ўзбекистоннинг бутун чорак асрлик фожеаси ёркин ва ишонарли ҳолда ифода килинган!!!
Ассалому алайкум! Биринчи суратдаги Қирғизистон элчисининг исми шарифи Медеткан Шеримкулов.
“Дунё ўзбеклари”дан: Ассалому алайкум! Минг раҳмат Сизга!!!
М.Умирзоқов кунгли тоза ҳалол инсон бўлганлигига шубҳа йўқ! У кишини бошига тушган кулфатга келсак. Бунинг сабаби хаддан ташқари ихтёткорликни унутганлиги, давлат бошлиғига керагидан ортиқ ишонганлиги дисак тўғрироқ бўларди. Нима билмасмиди Умирзоқов илонди захрини ялаган виждонини йўқотган кимсалар ўзи ишлаётган жойда борлигини. Албатта биларди, бунга шубҳа қилмайман. Мансабни эгалаган одамлар ичида камдан кам кишиларгина асил ҳолатини сақлаб қолиши яъни бўзилмай тўриши мумкин. Ким билади у киши ўзига ҳаддан ташқари юқори баҳо бериб, ҳаволаниб кетган бўлиши, атрофдагиларга кўп ишонган бўлиши хам мумкин. Нима бўлганида хам Исмат Хушевнинг бу асари кейинги 25 йиллик тарихни ўз ичига олган сиёсий асардир. Бетакрор ва дурдона асар. Мен шундай истеъдодли журналист билан замондошлигимдан фахрланаман.
Ismat Xushevning bu asari parda ortidagi uzbek siyosiy elitasi hayoti haqida hikoya qiluvchi birinchi siyosiy asar sifatida muhim ahamiyat kasb etadi.
“Дунё ўзбеклари”дан: Техник сабаблар боис ушбу бобга келган ўндан зиёд изоҳ ва муносабатлар ўчиб кетгани учун ўқувчилардан узр сўраймиз…