"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Карим Баҳриев ижодидан: Мени асир олди сочларинг, Кўзларинг ўлимга ҳукм айлади…

Адабиёт, Дунё, Маданият ва Санъат | 02/12/2015 10:32-     31476 марта ўқилди

Karim BahrievKarim Bahriyev
November 27, 2015
Бир орзуим бор — жаҳон шеъриятини яхлитроқ таржима қилиш, яъни ҳар мамлакатдан ҳеч бўлмаса битта ёки бир неча шоирнинг ҳеч қурса битта шеърини таржима қилиш ва шу китобни чоп этиш.
Беш йиллик уринишлардан сўнг мана Осиё, Австралия, Океания, Африка, АҚШдан сўнг Испания шеъриятига келдим. Бошидан уч сатр таржима ҳавола…
Мануэл МОЧАДО
* * *
Мени асир олди сочларинг,
Кўзларинг ўлимга ҳукм айлади…
Қатлни бекор қилди лабларинг.
Karim Bahriyev's photo.
Karim Bahriyev 
November 21 at 11:09am ·

Израиль - Украина's photo.
Karim Bahriyev 
November 20 at 9:54am ·
Karim Bahriyev's photo.
Karim Bahriyev
ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ ҲИКМАТЛАРИ
Қумнинг бир заррасиман, аммо бепоён чўлнинг дардини ортмоқлаб юрибман.
Тупроқдан келдик, тупроққа кетармиз. Муҳими дунёда кирланмасликдир, кўнгилни пок тутмоқ, дилга кир юқтирмасликдир…
Агар тақдир этса Аллоҳ — қўл ҳам олиб келар, ел ҳам олиб келар, сел ҳам олиб келар. Гар тақдир этмаса Аллоҳ — қўл ҳам олиб кетар, ел ҳам олиб кетар, сел ҳам олиб кетар….
Ҳаққа етмоқ истасанг, кўнгилларни қозонмоқни маслак айлагин, бунинг учун саройларда мармар бўлма, бир тупроқ бўлгинки, бағрингда гуллар етишсин…
Унутма! Иймонда кетмоқ, жаннатга эришмоқ учун бир умр лозим, буларнинг баридан айрилмоқ, куфрда кетмоқ учун бир лаҳза кифоя.
Яхшилик изла, тўғрилик изла, гўзаллик изла, аммо айб излама.
Савдоси, сармояси, мол-дунёси кўп одамнинг имтиҳони ҳам оғир бўлур.
Ишқи улканнинг имтиҳони ҳам залворлидир.
Гўзаллигингга қувонма, уни бир сўгал буза олар, мол-мулкингга қувонма, уни бир офат олиб кетар. Роббингга қувон, у ҳаммасига кифоя этар…
Инсонларни китоб каби англанг. Муқовасига қараб алданманг, ичини ўқиб чиққачгина моҳиятини биларсиз…
Гиламни калтак билан қоқмоқ гиламга озор бермоқ учун эмас, гиламни покламоқ учундир. Аллоҳ сенга ташвиш берар экан, сени имтиҳон қилиб тозалар, чангу ғуборингни кетказар. Қайғурма…
Ақлим ҳар кун товба қилар. Нафсим ҳар кун товбамни бузар. Иккисининг орасида қолган бир бечораман. Яхшиямки, Роббим, сенинг даргоҳинг бор…
Қоф тоғи қадар юксакжа бўлсанг-да, бир кафанга сиғар даражада кичиксан. Унутма, ҳар нарсанинг ҳисоби бор, қарзингни узгунинг қадар узилурсан…
Гул деганинг нима сенинг? Уч-тўрт тикон, бироз япроқ,
Недур сен севган бу ҳаёт? Уч-тўрт нафас, сўнгра тупроқ…
Ичингни ташингдан ҳам кўра кўпроқ покла, обод қил, чунки ташингни халқ (махлуқ) кўради, ичингга Аллоҳ (холиқ) кўради…
Жоҳил киши қараб туриб гулнинг гўзаллигини кўрмас, тиконларига тикилур.
Инсон бир дарё кабидир, сатҳи кўриниб туради, тубида не бўронлар қўпар, не пўртаналар тошар, сўзламас, жимгина оқар ва кетар…
Адолат недур? Гулни суғормоқдир.
Зулм недур? Тиконларни суғормоқдир.
Ҳаёт олганинг қадар нафасдир, ҳаёт қолганинг қадар қафасдир, ҳаёт толгунинг қадар ҳавасдир…
Робингга қараб: «Менинг буюк дардим бор» — дема, дардингга қараб: «Менинг буюк Роббим бор», — дегин…
Гулнинг гўзаллиги — уруғининг поклигидан, инсоннинг гўзаллиги қалбининг поклигидандир
Ишқни бийрон сайраётган булбулдан эмас, сассиз-садосиз жон бераётган парвоналардан сўра
Миллиардлаб ерга бир-бир алоҳида ёғилаётган, бир-бирини туртмасдан ерга айрў тушаётган қор учқунлари охири охират бўлган дунё йўлларида миллиардлаб инсонлар бир-бирига зарар бермай, халақит қилмай яшашлари, ҳаракат қилишлари мумкинлигини англатади, ахир…
Баъзан масъумлигимизга фаришталар ҳавас қилади, баъзан жоҳиллигимиздан шайтон қочарга жой тополмайди… Дунёга келганимизнинг асосий ғояси – Аллоҳни танимоқ, иймон келтирмоқдир.
Ҳеч бир нарса кўрингани каби эмасдир, бугун сенга ҳаёт берган сув эртага сени чўктира олади ҳам.
Овозингни кўтарма, сўзингни юксалтир — япроқларни ёмғирлар ўстиради, гумбурлаган момоқалдироқлар эмас.
Одамлар сени ўз манфаатлари учун ҳаракат қилдиришни истайди, Аллоҳ эса сен ўз манфаатинг учун ҳаракат қилишингни истайди.
Тилингни тарбия қилишдан аввал дилингни тарбия қил. Чунки сўз тилга дилдан чиқиб келади.
Чумолиларнинг ғимирлашини биладиган, сасини ҳам эшитадиган Аллоҳ, қалбларимизнинг астойдил фарёдини эшитмайдими?! Албатта эшитади…
Карим БАҲРИЕВ таржималари
https://www.facebook.com/karim.bahriyev
Karim Bahriyev
ҚАДИМИЙ ҲИКМАТЛАР
Ортимга қарадим – миннатдор бўлдим,
Олдинга қарадим – талабгор бўлдим,
Атрофга қарадим – босиб келди ғам,
Тепадан – жаннатдан умидвор бўлдим…
*
Ишламасак агар – келмас ошу нон,
Ишласак тинимсиз – тўқмиз бегумон.
Агар ишламасак – нени ошаймиз?!
Тинимсиз ишласак –қачон яшаймиз?!
*
Қўй, куйган қалбимга қўл солма, ахир —
Ўзимга аёндир асли кимлигим.
Билсанг, хотиржамлик – кучлиликдандир,
Жуда жарангдордир асли жимлигим…
*
Фурсат топиб керак дам олиш,
Кўнгил ўйин этайлик обод.
Тугамайди бу дунёда Иш,
Аммо тугар бир куни Ҳаёт.
*
Поёнсиздир чархи фалак, коинот,
Сайёралар, буржлар, зулмат поёнсиз.
Биламан, заминда қийиндир ҳаёт,
Лекин бошқа жойда бу ҳам имконсиз…
*
Устоз айтар эди: “Сиқилма, бўтам,
Дунёда мардлар – кўп, ахмоқлар кам-да…”
Лекин кам бўлса ҳам, пухта жойлашган,
Нега йўлдан чиқар ҳар бир қадамда.
*
Эй биродар, чеҳрангга боқсам,
Юрагимни куйдиради чўғ.
Ахир, нега бунча қашшоқсан –
Пулдан бошқа бирор нарсанг йўқ…
*
Ўртанади кўнгил ўртада,
Улгурмаймиз, иш чала ҳамон.
Қолдирамиз барин эртага…
Эртагача бормизми омон?!
*
Гоҳ олиб, гоҳ сотиб кетамиз,
Дийда қотар, қотиб кетамиз.
“Вақт ўтяпти”, — деймиз ўксиниб,
Вақт ўтмас, биз ўтиб кетамиз…
*
Кўп қайғурдим, озроқ бўлдим шод,
Ерга қараб кўзим ёшладим-
Ёки эрта тугади ҳаёт,
Ё мен кечроқ яшай бошладим….
*
Бу ҳаётда кўп ҳикмат – тилсим,
Юрак унсиз бўзлаб ётибди –
Тушунганлар ўтирибди жим,
Тушунмаслар сўзлаб ётибди…
*
Ҳамма йўллар гўрга оборар,
Одил бўлмоқ керак ҳар ишда.
Қандай йўлда юришда гапмас,
Бор гап йўлда қандай юришда…
*
Билмаганга ўргат билганинг,
Билганлардан ўрган, дил очгин.
Билишини билмаса – уйғот,
Билмаслигин билмаса… қочгин.
*
Инсон бўлиш асло кеч эмас,
Аямасанг бас ширин жонинг.
Ҳар кун эрта сен уйғонган тонг –
Янги ҳаёт бошлаш имконинг…
*
Ололмайсан – гар сўрамасанг,
Ҳаракат қил – кўраверасан.
Агар олға қадам қўймасанг,
Ўз жойингда тураверасан…
*
Ишлар қилдинг элдан панада,
Шодсан, ишинг юриб турибди.
Қилмишингни билмас ҳеч банда,
Лекин Аллоҳ кўриб турибди…
*
Қуёш чиқди – бир тонгим отди,
Дунё ётар қаршимда дуркун…
Юрдим, турдим, ёндим – кун ботди,
Ўтиб кетди умримдан бир кун.
*
Ёқтирса ким – бўлмагин хурсанд,
Ёқмай қолсанг – берилма оҳга…
Элга бирдай ёқмоқлик қийин,
Етар, ишинг ёқса Аллоҳга.
*
Инсон зоти шундоқ азалдан,
Кўрмагунча асло ишонмас.
Аллоҳ эса иймондир буткул,
Ишонмаганингча кўринмас…
*
Мен кетар кун юртнинг сўнгги кунимас,
Аён бўлса эди элга мардумлик —
Юқорининг зулми қўрқинчли эмас,
Қўрқинчлидир жуда… пастдаги жимлик.
*
Учоқда қуш каби учмоқда инсон,
Балиқдай сузмоқни билди уммонда —
Фаннинг ривожи бу, ўрганса энди –
Заминда яшамоқ илмин инсондай…
*
Дунёни тушундим, энди шошмайман,
Тошмайман, урмайман бошимни дорга…
Секин эшитаман гўдак кулгусин,
Қарайман қуш каби қўнётган қорга.
*
Пайпоғим йўқ, деманг — оёғи йўқ бор,
Боладан нолиманг – бор боласизлар.
Ҳаётдан ўксинманг – ўлганлар қанча,
Тириксиз, шукр этиб – эл бўласизлар…
*
“Келажак” келмайди, дўстим ҳеч қачон,
Ухлайсан, уйғонсанг – бўлади “бугун”.
“Кеча” — йўқ, “эрта” — йўқ, ишинг қолдирма –
Ҳаёт бугун ўтар — умр ўтар, тушун…
*
Дунё – бир қўрғондир, инсон – бир меҳмон,
Абадий қолмоққа рухсатинг йўқдир.
“Кеча” – ўтди, “эрта”нг борми – ноаён,
“Бугун” айт, бошқа бир фурсатинг йўқдир…
*
Аллоҳ бериб турса – кўпайтир шукринг,
Бермай қўйса бир вақт – оширгин сабринг.
Шу тахлит яшасанг мўмин, хокисор –
Кенгайиб, гулларга тўлгайдир қабринг.
*
Кучли сабр этадир, заиф сабр этмас,
Бизга кўп синовлар берган ҳаётдир.
Сабр этиш – ҳеч замон енгилмоқ эмас,
Сабр этмоқ — аслида буюк жиҳоддир…
*
Дарвешга дедилар: “Устинга қара,
Йиртиқ-ямоқ кийим, жанда ҳирқатинг!”
Дарвеш деди: “Дилни поклаш-ла бандман,
Устимни безашга йўқдир фурсатим!”
*
Заиф ғазаб этар, жўмард қилар сабр,
Ўзин енгган киши енгар оламни.
Оламда ҳеч кимса қўрқита олмас,
Аллоҳдан қўрқувчи собир одамни…
*
“Кеча” “эрта” бўлган юз берди “бугун”,
“Кеча”га айланар бугунги иш ҳам.
Ҳаёт шу тахлитда этади давом,
Бу қадар ҳаяжон не керак, ошнам…
*
Хадикда боқамиз иш бошлай туриб:
“Одамлар бу ишга, эвоҳ, не деркин?!”
Асли ўйлашимиз керак қайғуриб:
“Барини кўрмоқда, Аллоҳ не деркин?!”
*
Бугун ўз юкини тортади ҳар ким,
Инсон дайр чўлида юрган тевадир.
Бандадан тиласанг – кўп кўрар ёмон,
Аллоҳдан тиласанг — кўпроқ севади…
*
Инсон зоти ҳамиша жумбоқ,
Билолмайсан ҳеч афзалини —
Бой оёғин эҳтиёт қилар,
Қашшоқ асрар пойафзалини…
*
Бандалик умрини яшасак мўъмин,
Керилмай кимсага ўз кучимиздан.
Ўйлаймизки, Аллоҳ тепадан кўрар,
Аллоҳ кўриб турар ич-ичимиздан…
*
Ҳаётнинг ҳикмати Тангрига аён,
Ўйлаб ҳеч тагига ета олмайсан.
Эмин-эркин яша, билки, Дунёдан…
Тирик ҳолда чиқиб кета олмайсан.
*
Роббим, дилдан йироқ кетсин ғам,
Иймон сари ҳидоят айла.
Мана шу сатрни ўқиётганнинг ҳам
Тилагини ижобат айла…
*
Ҳақгўй фанода — хор, бақода — азиз,
Ҳақ йўли аслида осонми- қийин?!
Ёлғон таскин бериб, охир ўлдирар,
Рост сўз оғритару, тузатар кейин…
*
Бу ҳаёт қонуни азалдан комил,
Адолат оқибат енгар беармон.
Аллоҳ дер: “Заифга жабр айлама,
У мендан тиласа – ёрдам берарман…”
*
Дунёда ҳар нарса ўткинчи, билгил,
Қувонч етган бўлса — шодлан, етади.
Ташвиш келган бўлса — ташвишланмагин,
У ҳам мангу эмас, у ҳам ўтади…
*
Яшамоқ санъати – чидамдир мудом,
Тўрт ёнда изғийди турли хил шарпа.
Оғриган жойингни кўрсатма, айтсанг –
Айнан шу жойингга берарлар зарба…
*
Бозорга айланди бугун ҳамма ёқ,
Биров олиб, биров сотаётгандир.
Шовқинда эшитмай қолдим, эҳтимол
Омад эшигимни чертаётгандир…
*
Ҳаммамизни Аллоҳ яратди,
“Йўқотмайин сизни” – дема, бас —
Йўқотмайди ҳеч ким ҳеч кимни,
Чунки ҳеч ким ҳеч кимникимас.
*
Воҳ, бунчалар шавққа, шахдга тўлганмиз,
Орзулар кўп, кибр ундан-да кўпроқ —
Асли бир томчидан пайдо бўлганмиз,
Охир бўлажакмиз бир сиқим тупроқ.
*
Севгилим, мен сени кўрган лаҳзада
Унутилди ўтган умрим маҳзани.
Энди қолган умрим ўтар ғамзада,
Унута олмасдан ўшал лаҳзани…
*
Бирови бошлиқдан тилайди шафқат,
Бирови замондан турибди сўраб,
Бирови фалакдан кутади омад…
Мен фақат Ўзингдан тилайман, ё Раб!
*
Имом Шофеъий дедилар бир он:
“Ҳаётнинг тарзига назар сол ичкин –
Жим туриб ҳаммани қўрқитар арслон,
Ит тинмай вовуллар – қўрқмайди ҳеч ким!”
*
Румийдан бир ҳикмат англадим бу кеч:
“Болам, ғамда ёнсанг, эзилмагин ҳеч.
Ўтин ёнган сари — ўчоқда кулдир,
Банда ёнган сари — Аллоҳга қулдир…”
*
Илм дер: инсонда — тўқсон фоиз (90%) сув,
У гоҳида — оқил, гоҳида — ёвуз…
Гар ақли бўлмаса, бўлмаса қалби,
Инсон – рўпарангда тик турган ҳовуз.
1984-2013
Karim Bahriyev's photo.
https://www.facebook.com/karim.bahriyev
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Ўхшаш мақолалар:

  1. Ўлмас Умарбеков Гаров (ҳикоя)
  2. Ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг: Илонга айланган йигит ёрининг тўйига қаршилик қилди…
  3. Mуслим Магомаев: Она…
  4. Муҳаммад Солиҳ: Кечиккан баҳор…
  5. Сиз севган ёзувчилар — Одил Ёқубов: Тилла узук (ҳикоя)
  6. Нусрат Раҳмат. Фожиа (ҳикоя)
  7. Иброҳим Ҳаққул ҳикматлари
  8. МАМАДАЛИ МАҲМУДОВ НЕГА ҚАМАЛГАН ЭДИ?
  9. Шуҳрат Бобожон: Муҳаммад Солиҳ ПУЛ ҳақида бундан 35 йил олдин мана бу мисраларни ëзган эди
  10. Muhammad Yusuf. Shoir hayoti va ijodiga bag’ishlangan hujjatli film
  11. АННА АХМАТОВА: Сен ҳар доим сирли ва янги…
  12. Норқобил Жалил: Мен ер билан салом алик қиламан…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

1 Comment

  1. Nuur:
    02/12/2015 в 15:25-

    Karim Bahriev ijodi- tong chog’i guldagi shabnam kabi beqiyosdir.

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.