"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

«Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Анвар Сайрамий ижодидан: Антиқа учрашув…

Маданият ва Санъат, Сафар таассуротлари... | 27/11/2015 07:02-     11123 марта ўқилди

Безымянный-1Сафар таассуротлари
Антиқа учрашув.
Луганск шаҳрида кўнгилдагидек таъмирдан чиққан ва баъзи қисмлари мутлоқ янгиланган техникам равон асфальт йўлда гўё қанот чиқарган қушдай елиб бормоқда.
Мен эса моторнинг бир меъёрда ишлаб турганлигидан мамнун ҳолда билган билмаган ашулаларимни баралла ҳиргойи қилганча йўлдан кўзимни узмай олдинлаб борардим.
Донецк шаҳрида бир кун, Днепропетровскда эса икки кеча тунаб ўтганим ва у ерларда ҳам анчагина дўстлар орттирганимдан, дарёнинг икки соҳилига жойлашган бу шаҳарнингда барча диққатга сазовор жойлари, обидалари билан танишиб улгурганимдан бениҳоя хурсанд эдим.
Ана шундай қизиқарли таассуротлар хақида ўйлаб борарканман навбатдаги “бекатим” Қора денгиз қирғоғида, Одессада, жуда бўлмаганда Николаев шаҳрига етиб олиш илинжидаман.
Теварак атроф ялангликлардан иборат. Ахён – ахёнда юқори кучланишли ток узатгичларнинг тиргаклари, қандайдир қуёш батареясига ўхшаш мосламалар ва корхона янглиғ бинолар кўзга ташланиб қўяди.
“Саёҳат дилга роҳат” – деб бежизга айтмайдилар. Мана саккиз ойдирки сафарим жараёнида қанчадан – қанча тоғу – тошларни, шаҳарлару – қишлоқларни, денгизлару – дарёларни, қўйингки инсон ақлини лол қолдирувчи бир – биридан ажойиб жуда кўп мўъжизаларни кўришга муяссар бўлдим. Энг эътиборлиси кўплаб мамлакатлардан қадирдон дўстлар орттирдим. Демак, мен бахтлиман, бахтиёр инсонман…
Ана ҳолос! Кутилмаганда техникамнинг мотори бирдан ўчди -қолди. Аста – секин йўл чеккасига чиқиб тўхтадим. Эгардан тушиб мотоциклимнинг у – ёқ, бу — ёғига назар ташлайман. Бензобакни очиб қарасам атиги бир ярим литрча ёқилғи қолибди ҳолос.
Кранникни қарама – қарши томонга бурашим ва йўлда давом этишим мумкин эди, лекин ундай бўлиб чиқмади. Сабаби кўпдан бери қуйқалар билан тўлиб битган кранникнинг мис найчасининг /запаска/ тешикчаси мутлоқ бензин ўтказмасди. Атрофга назар ташлайман. Олдимда мен турган жойдан чамаси уч – тўрт чақирим нарироқда қандайдир аҳоли пункти кўринади. Йўл картасига қарайман. Ҳа – бу Новый Буг шаҳарчаси, туман маркази.
Вақт ғанимат! Қуёш ботгунга қадар кранникни чиқариб тозалаб қайта ўрнатишим зарур.Унинг учун бир йўла бензобакни ечишим даркор. Акс ҳолда бор ёқилғи ҳам тўкилиб – битади. Яна бир муаммо – Енгил созлаш учун керакли бўлган ключлардан ташқари барча асбоблар кажава тагидан жой олганди. Демак, палаткани яна ўрин тўшакларни, чемодан ва бошқа нарсаларни чиқариб ерга қўйишим лозим. Бир – бирига боғлиқ бўлган бу юмушларни тезлик билан бажариб улгурмасам қоронғи тушгач ўша кимсасиз ялангликда қолиб кетишим ҳеч гапмас…
Ўткинчи машина ҳайдовчилари тўхтаб хол – аҳвол сўрашга, қандай кўмак керак дейишга ҳам вақтларини аяшади чоғи, баъзилар назар ташлашса, баъзилари умуман бепарво ўтади – кетади.
Не бахтки қуёш ботгунга қадар барча юмушларимни бажариб моторни ўт олдирдим ва кўриниб турган Новый Буг шаҳри томон юриб кетдим.
Новый Буг. Кенг, равон кўчалар. Айниқса йўл чеккаларига дид билан экилган дарахтлар баргларини ёйиш арафасида. Кўчаларга ўрнатилган чироқлар унча қоронғу тушмагани боис ёқилмаган. Шаҳарга кирибоқ ГАИ ходимининг биридан меҳмонхона қаерда жойлашганини сўрайман ва ўша ёққа йўл оламан.Бинони топиб ичкарига киргач админстраторга йўлиқдим. У аёл менга фақат туман ҳокимининг руҳсати билангина бир жой ажратишлигини айтиб ҳокимлик биноси томон йўллади.
Мотоциклимни ҳокимлик эшиги қошида қолдириб каска ва папкамни қўлларимга олганча иккинчи қаватга кўтариламан ва қобулхона эшигини тақиллатиб ичкари кираман. Стол ортида ўтирган ва қоғозларни у ёқдан – бу ёққа саралаётган ёшгина котиба қиз менга кўзи тушгач –“Келинг, сизга нима керак” – дея юзланди.
— “Ҳа мен саёҳатчиман, журналистман”- дедим унга – (Мер района) / район ҳокимида ишим бор эди” – дейман мақсадимни тушиндириб ва бисотимдаги барча газеталару – расмларимни, хужжатлару – ёрлиқларимни унинг қўлига тутқазаман.
Котиба қиз қўлимдан олган хужжатларимни эҳтиёткорлик билан стол устига ёйгач аввал суратлару – фахрий ёрлиқларимни, гувоҳномаларни, газеталарни бирма – бир кўздан кечира бошлади. Айниқса газеталардаги шеърларим, мен ҳақимда ёзилган мақолаларга кўзи тушгач жилмайибгина каминага боқиб қўярди.
Журналистик гувоҳномамни диққат билан кузатаркан гоҳ менга гоҳо “пресса” ёзувли хужжатдаги расмга такрор ва такрор боқар, қандайдир майинлик билан бирон нарса дегандай ёқимлигина жилмайиб қўярди.
“ Майли – деди, котиба қиз бошини андек кўтариб, — бир оз сабр қиласиз, ҳоким мажлис ўтказмоқда”.
Қизиқиб қолди шекилли, техника билан мутлоқ яқинига бориб бўлмайдиган Волгограддаги “Мамасв курган” қошида бир тўп, журналистлар билан, Хива шаҳрида, Ичон қалъа ичкарисида “Калта минор олдида ва яна Самарқанддаги регистон майдонида мотоциклим билан тушган расмларни қўлига олиб кўраркан “Вот какие уникольные фото» деб — каминага қараб табассум ином этиб қўйди.
Ўша кезда стол устига жойлаштирилган митти звонок майингина жиринглаб қолди. Котиба нарсаларимни наридан – бери йиғиштирдида қўлимга тутқазиб ичкарига ҳоким олдига кириб кетди.
Орадан бир неча дақиқа ўтгач чиқди ва менга раҳбар қобулига, киришлигимни айтди.
Демак, бошлиқдан тегишли топшириқларни олгач, ташрифим ҳақида ҳам батафсил гапириб берган кўринади.
Эшикни оҳиста тақиллатиб ичкарига кираман. Даставвал ҳокимга, сўнгра эса қолган барча – барча мажлис иштирокчиларга қарата “Здравствуйте” – дея салом бераман.
Саломим жавобсиз қолди. На ҳоким ва на бошқалар калимага келмас, менга боқишганларича лол ҳолатда туришардилар. Кутилмаганда эшик олдида пайдо бўлиб қолган бу одамсифатни, ёки қайсидир ўзга сайёраларнинг биридан келиб қолган жонзодни учратиб қолишгандай ҳайрон эдилар.
Бир қўлимда каска,иккинчи қўлимда портфелимни ушлаганча, берган саломимга алик кутиб туравердим.
Ўтирганларнинг барчасини чеҳраларига ва кўзларига зеҳн ила боқарканман – “Ҳалиги котиба қиз таърифлаган журналист, шоир қайда – ю, бу рўпарамизда пайдо бўлиб қолган соч – соқоллари хурпайган, юзи қовжираб – лаблари ёрилиб битган, афти – ангори бир ҳолатда бўлган дарвешсифат ким?” – дегандек маъноларни уққандай бўламан.
Орадан қанча сониялар ўтди билмадим, лекин бирдан бошлиқ хушёр тортди шекилли “Здравствуйте! Добро пожаловать!” – деб қолди.
Худди ўшани кутишиб туришгандай, бошқалар ҳам “Здравствуйте, здравствуйте дейишгандек бўлдилар.
“Хужжатларингиз билан танишсам майлими?” – деди менга боққанча туман ҳокими.
“Мана марҳамат” – деганча барча нарсаларимни унинг столи устига ёйиб қўяман.
Аввало паспортимни, журналистик гувоҳномани синчковлик билан кузатаркан, қора костюм, оқ кўйлакда, галстукда,оро бериб таралган қора сочли ва оқ юзли расмимга такрор ва такрор боқар лекин қаршисида турган бу одамсифатни ҳеч унга ўхшата олмай ҳайрон эди.
Навбат турли мамлакатларда босилиб чиққан газеталарга, сўнгра мотоциклим билан тушган антиқа расмларга ва каминага тақдим этилган дипломлару – фахрий ёрлиқларга келди.
Москвада, Қизил майдонда, Ленин мавзолейи қошида тушган суратимдан, афтодаҳол кўринишим бир оз ўхшади шекилли, атрофдагиларга қараб – “Ўртоқлар, мана бизнинг шаҳримизга узоқдан, Қозоғистондан ҳурматли сайёҳ ва журналист Анвар Пардабеков ташриф буюрибдилар” – деди ниҳоят.
Хонадаги барча – барчалари ҳам бир овозда “Хуш келибсиз” – дея ун чиқаришдилар.
Ва ниҳоят Қирғизистонда босилиб чиққан газетадаги “Юрткезар шоир”, Ўзбекистондаги “Ўзбекистон бўйлаб мотоциклда” дейилган, Озорбойжон газетасида “Сайёҳ Анвар бей Сайрамий тинчлик ҳамда дўстлик элчиси” номли, яна Калмыкия А.Р. да «Қозоғистонлик шоир ва сайёҳ” ва “ Волгоградская правда” газетасидаги “Путь длиной в год совершаст странник из Сайрама” номли, Туркманистонда Туркменская искра газетасида ёритилган “Миротворец на мотоцикле” деб номланган қатор мақолалар ўз кучини кўрсатди чоғи барча – барчалари энди каминага нисбатан мутлоқ бошқача муомалада ёндошдилар. Самимий савол – жавобларга ўтилди.
“ Айтингчи – деди ҳоким – оилалимисиз?” “Ҳа – дейман саволига жавобан, — хотиним ва беш нафар фарзандларим бор: Рафиқам дорилфунуннинг химия факультетини тамомлаган, 25 йилдирки ўрта мактабларнинг бирида ўз соҳаси бўйича талабаларга сабоқ бериб келмоқда:
“Уларни соғинмадингизми?” – дейди даврада ўтирган бир аёл.
“Албатта соғинганман, жуда уларни соғиндим” – дедим ҳамма – ҳаммасига бир – бир боққанча.
Кейинги ҳангомалар сафаримнинг асл мазмун – моҳияти, йўлдаги қизиқарли таассуротлар, кечирган машаққатлару – қўлга киритилган ютуқларим ҳақида борди.
Ҳоким шахсий ҳайдовчисини чорлади чоғи салом бериб хонага кирди ва мен билан қўл бериб сўрашгач бошлиққа юзланди.
“Тимофей” – деди шофёрига буйруқ тариқасида: мана бу амакингни мотоциклини бизнинг гаражимизга жойлада, ўзини машинангга ўтқазиб меҳмонхонага олиб бор. Ётоқ жойи ва егуликлар билан таъминла. Эрта тонгда келиб кераклича ёқилғи қуйиб бергач йўлга солиб юборасан.
Янги танишган Новый Бугликларнинг барчаси билан самимий хайрлашдим. Улар ўз навбатида келгуси сафарларимнинг – да муваффақиятли давом этказишим, соғ – омонликда ватандошларим ва оила аъзоларим билан дийдор кўришишим учун тилак билдириб қолдилар. Яна дедиларки, — “Мана шундай оғир бир шароитларда давлатлар аро тотувликни, халқлар ўртасида дўстлик – биродарликни боғлаб юрган сиз каби фидоий инсонлар янада кўпайверсин”
— “Сизга оқ йўл ҳурматли журналист!”
Биз хайрлашдик…
Эртаси куни худди ўша вақтда мен Қора денгиз соҳилларида, чоғ кайфият билан, ашуламни баралла айтганча елиб бораман.
1995 йил Декабрь ойи.
Анвар Сайрамий,
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Ўхшаш мақолалар:

  1. А.С.Пушкин. ПУТЕШЕСТВИЕ В АРЗРУМ (проза) (3)
  2. Жюл Верн: САМАРҚАНД — ЖАННАТНИНГ БИР БЎЛАГИ
  3. Анвар Сайрамий ижожидан: Ольга Ивановна ҳақида (Сафар таассуротлари)
  4. Абдуқодир Сатторов: Авлиёлар юртига саёҳат Сафар таассуротлари (4-қисм)
  5. Абдуқодир Сатторов: Авлиёлар юртига саёҳат Сафар таассуротлари (5-қисм)
  6. Абдуқодир Сатторов: Авлиёлар юртига саёҳат (6-давоми)
  7. Абдуқодир Сатторов: Авлиёлар юртига саёҳат (11-якуни)
  8. Муҳаммаджон Обидов: Хитойдаги Фарғона наслли арғумоқлар (2-мақола)
  9. Деря АШИРОВ: ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙ ЮРТДОШИ ТЕЖЕНДА
  10. Хожа Аҳмад Яссавий қадамжолари бўйлаб етти кунлик яёв саёҳат
  11. Аваз Қўзи: Сафаримиз охирлаб, Қайтдик хурсанд Сайрамга…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.