«Чодирxаëл»нинг бугунги сонини марҳум ҳофиз Отажон Худойшукуров хотирасига бағишладик. Бу мавзуни ëритишимизга эса¸ ҳофиз мухлисларидан келган бир мактуб сабаб бўлди.
Абдулла Искандар
25.09.2009
“Биз Кореяда ишлаëтган ўзбек йигитларнинг сиз Озодлик радиоси таҳририятидан бир илтимосимиз бор. Шу йилнинг 4 октябри марҳум санъаткор Ўзбекистон¸ Туркманистон¸ Қорақалпоғистон ва Татаристон халқ артисти Отажон Худойшукуровнинг туғилган куни. Агар у киши тирик бўлганларида 65 ëшга кирган бўлар эди. Устоз санъаткор ҳақида эшиттириш беришларингизни илтимос қиламиз. Турсунбой¸ Зафарбек¸ Илҳомбек¸ Ҳамиджон¸ Бектемир ва Русланбеклар номидан Турсунбой Отабоев”
Отажон Худойшукуров 1944 йилнинг 4 октябрида Тўрткўл шаҳрида туғилди; 1994 йилнинг 22 декабрида оламдан ўтди.
Худойшукуров 50 йил умр кўрган бўлса ҳам ҳурмат ва эътирофдан бебаҳра қолмади. У ҳали 9 ëшида эканида республика миқëсидаги қўшиқ танлови ғолиби бўлди. 23 ëшида Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист унвонига эга бўлди. Кейинчалик у Ўзбекистон¸ Туркманистон¸ Қорақалпоғистон ва Татаристон халқ артисти унвонлари соҳиби бўлди. Ҳамза номидаги давлат мукофотига лойиқ кўрилди.
— Шахсан биз иккимиз жуда яқин дўст эдик. У Тошкентга келса¸ мен у ëққа борсам тўхтовсиз кўришиб турар эдик¸ дейди Омон Матжон.
1981 йилда Тошкентдаги Свердлов концерт залида Отажон Худойшукуров концерт берган эди. Оқ рангли «Газ 24» машина¸ қўлида Швейцарияда ишланган соат¸ башанг кийинган одам сифатида эсда қолган эди Отажон ака. Хўш¸ бу башанглик қобиғидан ичкари кирсак қандай одам эди у ҳаëтда¸ деб савол берамиз Омон Матжонга.
Омон Матжон: Ҳофизлар кийиниши керак¸ юриши керак¸ дунëнинг кўп жойларида бўлади. Улар қандай башанг кийинса¸ ëшларимиз уларга қараб ўрнак олса яхшику.
Озодлик: Оддий ҳаëтда қандай эди у киши? Сиз у кишини яқинроқ биласизда.
— Жуда ҳам содда¸ оддий. Уйга кўп келиб турган¸ дейди Омон Матжон.
«Агар Отажон Худойшукуров Италияда туғилганида эди¸ Паваротти каби опера ҳофизи бўлган бўлар эди»¸ деган фикрни айтган эди бир суҳбатда хоразмлик рассом Икром Қаландаров.
— Мен Отажоннинг ўзига “Сен Навоий театрига келиб ишлаб кўрмайсанми? Овозинг операга жуда ҳам тушади” деб айтганман. У менга “Э Омон ака. Опера санъати бу жуда мураккаб. Бизларнинг ўзимизнинг йўлимиз бор. Халқ берган¸ устозларимиз дуо қилган. Шу йўлдан бораверайлик. Эътиборингиз учун раҳмат” деб қўйган¸ дейди Омон Матжон.
Омон Матжон ўз дўсти Отажон Худойшукуровга бағишлаб шеър ҳам ëзди.
“Учинчи дарë” деган бу шеърни Отажон Худойшукуров қўшиқ қилиб ҳам айтган эди¸ деб эслайди Омон Матжон.
— Агар эшитган бўлсангиз¸ мен унга “Учинчи дарë” деган шеърни бағишлаганман. Агар хоҳласангиз¸ ўқиб бераман.
Гоҳи мен Сирдарë сайрига борсам¸
Кўнглимга келади қизиқ бир туйғу¸
Гўë шу яқин жойдан оқиб ëтгандай¸
Сирдарëдан кўра каттароқ бир сув.
Шу ҳолга тушаман Хоразмда ҳам¸
Буюк Амударë бўйида туриб¸
Гўë Жайҳундан ҳам баҳайбат наҳр¸
Яқингина жойдан оқар ўкириб.
Бу нима¸ кўринмас қандай оқим бу¸
Ерданми кўкданми келар бу садо¸
Наҳот тупроғимда кўзга ташланмай¸
Оқиб ëтган бўлса учинчи дарë.
Билмадим мени кўп таъқиб этади¸
Шу сирли акс-садо¸ шу илоҳий ун¸
Жуда юксак бўлар руҳим шу кезлар¸
Вужудим ва менга жудаям яқин.
— Раҳматли Отажон бу шеърни жуда яхши кўрарди. Уйга кўп келиб-кетар эди, шуни ўқиб беринг¸ деяверар эди. Яхши дўст эдик. Овози энди қудратли овоз¸ дейди Омон Матжон.
Табассум қил
Ўзи одатда «Чодирхаëл» дастурининг “Таниш қўшиқлар” саҳифаси алоҳида бўлар эди. Аммо бу сафар қуюшқондан чиқиб, бу саҳифани Отажон Худойшукуров ҳақидаги эшиттириш ичига жойладик.
Отажон Худойшукуров шоир Омон Матжоннинг “Сени яхши кўраман” туркумига кирувчи “Табассум қил” шеърини қўшиқ қилди. Бу қўшиқ у ҳақида суратга олинган ҳужжатли фильмдан ҳам ўрин олди¸ деб эслайди журналист Рўзимбой Ҳасан.
— «Табассум қил» ҳам бошқача. Отажон ака оғир¸ қадимги мумтоз қўшиқларни айтиб тилга тушган одам эди. Овози баланд эди. Енгил йўлда, лирик қўшиқларни ҳам маромига етказиб ижро қилар эди. «Табассум қил» қўшиғи ҳам шу жумлага киради. Отажон ака ҳақида ишланган ҳужжатли фильмга ҳам бу қўшиқ киритилган. Бир эшитганда бу қўшиқларнинг сўзларини ëдлаб қолиш мумкин. Сўзлари шунақа содда. Ҳозирги замон қўшиқларидан фарқли. Ҳозирги замон қўшиқларига Европа ва бошқа жойнинг мусиқалари аралашиб кетган¸ дейди Рўзимбой Ҳасан.
Ўтган асрнинг 80- йилларида айтилган бу қўшиқ паст оҳангда бошланиб бирдан ракета каби шиддат билан авжга чиқади. Айнан шу авжни эплай олмагани боис Отажон Худойшукуровга тақлид қилувчилар деярли йўқ¸ дейди Омон Матжон.
Омон Матжон: Тўғриси овози етмай тарк этади. Менинг
Фано¸ бақо не ишдур¸
Бир бировни қувишдир¸
Изиндан «воҳ» дейишдир¸
Ўртадаги дўст қани.
Икки дарë ораси¸
Уч юз олтмиш қалъаси¸
Излар ҳофиз ноласи¸
Ўртадаги дўст қани.
Озодлик: Мен интернетда у кишининг ўлимидан олдинги видеосини кўрдим. Соқоллари ўсиб кетган¸ тушкун бир кайфиятда. Нима бўлиб бу киши оламдан ўтди? Қандай муаммоси бор эди бу кишининг?
— Ëшлик пайтидан ҳам юраги кўп безовта қилар эди. Дунëдан ўтганини эшитиб¸ “Вой¸ вой¸ вой. Икки дарë орасидаги қудратли овоз кетди. Ўрнини нима тўлдиради?” деб ўтирсам¸ кейин Муяссар хоним Раззоқова чиқди. Уларнинг тўйида “Мана Худойим икки дарë оралиғидан яна бир қудратли¸ кучли овозни¸ бахтни берди” деб айтдим. Буларни шундай эслаб туриш ëмон бўлмайди¸ дейди Омон Матжон.
Бугунги кунда анъанавий Хоразм йўналишида қўшиқ айтадиганлар Комилжон Отаниëзовни ўзига устоз деб билишади. Шу маънода Комилжон Отаниëзовга энг яқин шогирд сифатида Бобомурод Ҳамдамов¸ Ортиқ Отажонов ва Отажон Худойшукуровлар тилга олинади. Хўш¸ уларнинг қай бири Комилжон Отаниëзовнинг асл издоши? Профессор Аҳмад ҳожи Хоразмий хотираларига қулоқ соламиз.
Аҳмад ҳожи Хоразмий: Нафақат Хоразмда¸ балки Таваккал Қодировлар ҳам Комилжон акани ўзларига устоз деб билиб¸ у кишидан фотиҳа олишган. Шу жумладан Ортиқ Отажонов ҳам¸ Олмахон Ҳайитова ҳам¸ Бобомурод Ҳамдамов ҳам¸ Отажон Худойшукуров ҳам Комилжон аканинг расмий шогирдлари ҳисобланади. Тўйлардан кейин ўзингиз биласиз¸ яқин одамлар ўтириб базм бўлади.
Озодлик: Шоғол базм, дейди уни.
— Ҳа¸ ҳа. Шундай базмларнинг бирида “Комилжон ака¸ мана икки энг кучли шогирдингиз Бобомурод Ҳамдамов ва Отажон Худойшукуров ëнингизда. Шуларга бир айтишув айттиринг. Бизлар қайси бир кучли эканлигини кўрайлик” деб айтишган. Комилжон ака жуда ақлли инсон бўлганда. “Агар шундай бўладиган бўлса¸ буларнинг бири пастроқ тушадигaн бўлса¸ одамлар наздида қандай аҳволда қолади” деб ўйлаб¸ “Ихтиëр ўзларида. Мен айтишув айтинглар ëки айтманглар деб айтмайман” деган. Шунда Отажон Худойшукуров “Мен айтишувга тайëрман” деган. Бобомурод Ҳамдамов бўлса “Чоржўйда менинг борадиган жойим бор. Мени кутиб туришибди. Мен бормасам бўлмайди. Менга рухсат берасизлар” деган. Бу бўлган воқеа. Бу гап ҳатто Комил Авазнинг “Олис оҳанглар” деган китобида ҳам ëзилган. Ўша пайтда Комилжон Отаниëзовдан кейин Отажон Худойшукуровнинг олдига тушадигани бўлмаган¸ дейди Аҳмад ҳожи Хоразмий.
Суҳбатга Отажон Худойшукуров ҳақида китоб нашр қилдирган хоразмлик журналист Рўзимбой Ҳасан ҳам қўшилди.
Рўзимбой Ҳасан: Комилжон акадан “Сиздан кейин сизнинг ўрнингизни босадиган шогирдингиз борми?” деб сўрашган. Бу бир даврада сўралган бўлса керак. Матбуот учун сўралмаганда. Шунда “Дарëнинг орқасида биттаси бор” деб Отажон акага ишора қилган. Қўпол бўлса ҳам айтай. “Дарëнинг орқасида битта ҳўкиз бор” деб айтган дейишади. Нотўғри гап бу. Дарëнинг орқасида бор деб¸ лекин ишора қилган.
Аҳмад ҳожи Хоразмий: Мен шуни айтмоқчи эдимку¸ лекин айтмай турган эдим. Буни Рўзимбой айтди. Журналистда бу. У “Менинг ўрнимни босадиган бир одам бор. Агар ўзини яхши тутиб юрса¸ шу ўрнимни боса олади” деб айтган. Бунисини ҳам эшитганман.
Рўзимбой Ҳасан: Ичкиликни ташласа деб айтган. Отажон ака ичар эди. Комилжон ака ëқтирмаган буни. Шу мақсадда айтганлар бу гапни. Энди буни айтавериш керак. У даврнинг ижодкорларга хос иллат бу. Шунинг учун ҳам унчалик маъқул кўрмаганлар. Имсиной опам “Шунинг учун ҳам фотиҳа бермаган” деб айтар эдилар.
— Комилжон аканинг ўзи намозхон одам эдилар. Ароқ ичадиган одамларни ëмон кўрар эдилар¸ дейди Аҳмад ҳожи Хоразмий.
Сўнгги концерт
Юраги хаста Отажон Худойшукуров ўлимига саноқли кунлар қолганида¸ ўзининг сўнгги қўшиғини айтди. Маҳаллий журналист Ҳусайн Раҳмон ҳовлисида айтилди бу қўшиқ.
— Ўлмасларидан 16 кун олдин қўшиқ айтганларига гувоҳ бўлдик. Бу охирги касал бўлган уч йилда сўнгги қўшиқ айтиши эди. Ҳусайн Раҳмон неварасига суннат тўй қилганида Отажон ака келди. Қўлидан ушлаб олиб келдилар. Ўшанда Отажон ака “Агар мен тирик бўлсам¸ шу неварангни уйлантирганингда мен қўшиқ айтаман” деган экан.
Одам кўп эди. Тўйлар муборакдан бошлади. “Ўртанаман¸ ëнаман” деган ашуласи бор. Бу қўшиқ у кишининг аҳволига мос тушди. Хаста бўлган бўлса ҳам овози ўзгармаган экан. Ҳамма одамлар йиғлади. Ҳусайн Раҳмон “Врачлар таъқиқлаган бўлса ҳам шунча йил айтмай юриб¸ бугун айтди¸ ваъдасида турди” деб эртасига садақа берди. Вафотидан икки ҳафта олдин эди. Овози ўзгармаган экан. Жонли ижро қилди. Мусиқасини ëнида шогирдлари чалиб туришди. Мен ўша пайтда газетага “Дарë яна тошди” деб ëзиб чиқдим. Чунки Отажон ака уч йил деганда ашула айтди. Ўлгунча овозини йўқотмадилар. Жисмонан мажруҳ бўлсалар ҳам овози шундай қолди¸ дея эслайди Рўзимбой Ҳасан.
Ўзбекистондаги бир неча ҳофиз Отажон Худойшукуров ўз торини менга қолдириб кетган¸ деган ривоятни гапириб юради. Хўш¸ Отажоннинг тори кимга насиб қилди?
— Буни рамзий маънода тушуниш керак. Элликқалъада ҳар икки йилда бир марта Отажон аканинг хотирасига бағишланган танлов бўлиб ўтади. Ëшлар боради¸ барча вилоятлардан келишади. Шу танловда Отажон аканинг аëллари Қувонч опа ҳам иштирок қиладилар. Шу танловда биринчи ўринни олганларга тор берилади. Бу торни олганлар шогирд бўлиш у ëқда турсин Отажон акани умуман кўрмаган бўлиши ҳам мумкин. Ўшанда олинган торлар бўлиши керак.
«Комилжон аканинг тори фалончада қолди», деган гаплар ҳам юради. Мен буни Имсиной опадан интервью қилиб¸ ëзиб олганман. Имсиной опанинг айтиши бўйича¸ Комилжон аканинг шогирдлари айтишув қилиб¸ Бобомурод Ҳамдамов енгган ва торни олиб кетган. Кейин Комилжон ака Имсиной опанинг тушига кириб¸ “Тор қани?” деб сўраганлар. Кейин Имсиной опа Тошҳовузга борганлар ва Бобомурод ака билгандай “менинг ҳам тушимга кирди” деб чиқариб берганлар. Тор масаласини рамзий маънода тушуниш керак. Улар ўз қўли билан бир-бирига тор бермаган. Шу икки йилда бир марта бўладиган танловда берилади рубоб. Мен ўзим қатнашиб¸ кўрганман. Тор олганларнинг кўпчилиги кейин машҳур бўлиб кетди¸ кўпчилиги саҳнадан тушиб кетди. Ҳозир ҳофизлар кўпку¸ дейди Рўзимбой Ҳасан.
Отажон Худойшукуров бу дунëда 50 йил умр кўрди. Бу 50 йилнинг 40 йилида қўшиқ куйлади.
Бир пайтлар магнит ленталарига муҳрланган овоз бугун глобал интернет тўридаги порталлар воситасида дунëнинг турли бурчагидаги Отажон ака мухлисларига етиб бормоқда.