«Бирлик» партияси раиси Абдураҳим Пўлат 70 ёшда!
Пўлат Охунов
Абдураҳим Пўлат 70 ёшда!
Ўзбек мухолифати ҳақида гап кетганда кўпчилик кўз ўнгида биринчилардан бўлиб гавдаланадиган инсонлардан бири Абдураҳим Пўлатдир.
Ўзбек миллатини ўзлигини англаш тарихида Абдураҳим акани роли беқиёс.
Ўтган асрнинг 80-йиллар ўрталаридан миллий ҳаракатни барпо этиш ва, хусусан, Бирлик Халқ Ҳаракатини тузиш ва уни ҳақиқий сиёсий кучга айланишида Абдураҳим аканинг хизмати катта. Кейинчалик Абдураҳим Пўлат ташаббуси билан Бирлик партияга айланди.
Хуллас, Абдураҳим аканинг хизматлари тарихда ўз ўрнини топиши шубҳасиз.
Албатта, бу буюк инсон ҳам хато ва камчиликлардан холи эмас. Абдураҳим аканинг камчиликлари кўпчиликка маълум. Хоссатан Абдураҳим аканинг инсонлар билан муомалада йўл қўйган хатолари у ва Бирлик партиясига нисбатан одамлар ёндашувини салбий томонга ўзгартириб юборди.
Абдураҳим ака билан 1989 йили танишганман. Ўшанда у киши 44, мен эса 27 ёшда эдим. Кўп йиллар бирга ишладик. Абдураҳим акани сиёсатда устозим, десам ҳам бўлади. Аммо, бир неча йил муқаддам у билан Бирлик партиясидаги ҳамкорлигимни тўхтатдим.
Бунга етаклаган омиллар ҳақида авваллари ёзганман ва ҳозир бу масалага қайтиш ниятим йўқ.
Бугун мақсадим — менга бир пайтлар яқин бўлган инсонни 70 ёшлик юбилейи билан муборакбод этиш.
Абдураҳим ака, Сизни ўзим ва бир неча эски сафдошлар номидан таваллуд кунингиз билан қутлайман. Сизга тани-сиҳатлик ва хотиржамлик тилаб қоламиз.
“Бирлик” ХҲП раҳбари Абдураҳим Пўлат 70 ёшда!
Бугун, 2015 йилнинг 7 ноябрь куни “Бирлик” Халқ Ҳаракати партияси раиси, профессор Абдураҳим Пўлат ўзининг 70 ёшли юбилейини Вашингтонда яқинлари, дўстлари ва сафдошлари даврасида нишонламоқда.
Шу муборак сана муносабати билан Абдураҳим Қаюмовични таваллуд айёми билан чин қалбдан табриклаймиз!
70 ёшли юбилейи арафасида Домлага аввало, узоқ умр, тан-сиҳатлик, тинчлик-хотиржамлик, оилавий бахту саодат ҳамда Ватанимиз равнақи ва халқимиз озодлиги йўлида салкам 30 йилдан буён олиб бораётган заҳматли, аммо, шарафли хизматларида улкан муваффақиятлар тилаймиз!
Жаноб Абдураҳим Пўлат “Бирлик” Халқ Ҳаракати ташкил этилган 1988 йилдан буён сиёсат майдонида енг шимариб, халқимиз ва миллатимиз фаровонлиги йўлида адолат ва демократия учун мардонавор курашиб келаётган фаол сиёсат арбобидир.
Профессор Абдураҳим Пўлат 1988 йилдан 2003 йилгача 15 йил давомида Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракатига раисдош ва раис ҳамда 2003 йилда Ҳаракатнинг расмий мақоми ўзгариб, Ҳаракат Қурултой қарори билан Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракати партиясига айланганидан буён ўтган 12 йил давр мобайнида эса, партия раиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
27 йилдан буён сиёсат майдонида хизмат қилиб келаётган Абдураҳим Пўлатга таваллуд айёми куни яна бир бора дунёдаги барча эзгу ва пок тилакларни тилаб қоламиз!
Абдураҳим Қаюмовичнинг ҳаёти ва фаолияти бутун умр тинимсиз курашлар билан ўтмоқда.
Ўзбекистон мухолифат кучлари ташкил этилиб, сиёсий кучга айланишида ва 1989 йил 21 октябрда Ўзбек тили – Давлат тили мақоми олиниши ва кейинчалик Ватанимиз Мустақилликни қўлга киритилиши каби бир қатор тарихий жараёнларда Абдураҳим Пўлатнинг жасорати ва меҳнатлари беқиёс ва бебаҳо эканлигини, Ўзбекистон халқининг бугунги ва келажак авлодлари ҳамиша шараф ва юксак мамнуният ила тилга олиб, миллатимизнинг жонкуяр ва жасур фарзанди сифатида у кишидан доимо миннатдор бўлишига ишончимиз комил!
Зеро, жаноб А.Пўлат бундай олий шарафга муяссар бўладиган юксак тарихий ишларни, сафдошлари билан бирга амалга оширди ва оширмоқда.
Кунлар келиб, мамлакатимиз ҳақиқий озодлик ва фаровонликка эришганида Абдураҳим Пўлатнинг ҳаёти ва фаолияти Ўзбекистон мактаблари ва олий ўқув юртларида ўрганилади, кўплаб тадқиқотлар олиб борилади.
Бугун, Ватандан жуда олис бўлган АҚШда 70 ёшли юбилейини қарши олаётган ўзбекнинг жонкуяр фарзанди, сиёсат арбоби, қадрли Устозимиз Абдураҳим Пўлатни яна бир бора муборак таваллуд айёмлари билан чин юракдан қутлаймиз!
Келаси айёмларни — 75, 80, 90, 100 ёшли юбилейларингизни жонажон она Ватанимизда, азиз халқимиз билан биргаликда муҳташам тўйхоналарда қарши олишлик барчамизга насиб айласин, қадрли Домла!
Туғилган кунингиз муборак бўлсин, азиз Устоз!
Самимий эзгу тилак ва табриклар билан,
Сизга юксак ҳурмат ила,
сафдош дўстларингиз ва шогирдларингиз номидан
Улуғбек Бакиров
7 ноябрь, 2015 йил,
Норвегия
05 November 2015
16:02 — Инглизларнинг Daily Mail газетаси Қиролича ва оиласини диктатор Нурсултон Назарбойнинг оёғи остига ётишда айблади
Бу газетада эълон қилинган мақола сарлавҳасининг ўзиёқ ҳамма нарсани англатади — «Қозоғистон диктатори учун қизил гилам тўшалди: Қиролича ва Йорк Герцоги Андрю (шаҳзодалардан бири — «Ҳаракат») баҳсли ҳукмдор Назарбоевни фахрий қорвул билан кутиб олиш маросимида ерга ётдилар.»
Мақолада 75 ёшли Нурсултон Назарбоев темир мушти билан собиқ совет республикасини 26 йилдан бери бошқариб келаётгани, бу йил шубҳали 98 фоиз овоз билан қайтадан президентлтикка сайлангани, ҳозир отаси билан Лондонга келган қизи Дарига Бош вазир ўринбосари бўлиб, отасининг вориси ҳисобланиши айтилади. Табиий, Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари топталаётгани, жумладан, норозилик намойишига чиққанлар ўққа тутилгани, мухолифат лидерлари қамоққа ташлангани, қийноқлар қўлланиши, диний репрессиялар, цензура борлиги алоҳида урғуланади.
Мақолага Нурсултон Назарбоев ва қизи Дариганинг Қиролича ҳамда шаҳзодалар билан тушган бир неча расми ва Назарбоевнинг Бош вазир Дэвид Кэмерон билан учрашуви пайтида олинган расми қўшилган.
Ўша расмлардан бирида Назарбоевнинг ёнида қизи Дарига, қаршисида Қиролича ва шаҳзодалар Андрю ҳамда Чарлзни кўраяпсиз.
03 November 2015
20:12 — Андижон вилоятида бир даста, Тошкент вилоятида битта миршаббоши янгиланди
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг “Постда” нашрига кўра, Андижон вилоятининг бир қанча туманларига янги миршаббошилар тайинланди. Хусусан, подполковник Хайрулло Қодиров Балиқчи тумани ИИБга, подполковник Санжар Жабборов Олтинкўл тумани ИИБга, подполковник Абдувоҳид Иброҳимов Улуғнор тумани ИИБга, подполковник Ботиржон Ҳамидов Хўжаобод тумани ИИБга бошлиқ этиб тайинланган.
Нашрга мувофиқ, подполковник Маҳамадали Исмоилов Тошкент вилояти ИИБ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.
30 October 2015
07:22 — Мустафа Жамилўғли: Россия Қримга яна русларни кўчириб келмоқда
Кеча Киевда УНИАН агентлигида Украина парламенти Олий Раданинг инсон ҳуқуқлари, миллий озчиликлар ва миллатлараро муносабатлар комитети раисининг ўринбосари Георгий Логвинский ва шу комитетнинг аъзоси, қримтатарларнинг миллий лидери Мустафа Жамилўғли матбуот-конференцияси ўтказдилар ва Қримда Женева конвенциясини бузиш ҳоллари жуда кўп бўлаётгани, бу ерга русларни кўчириб келиш уюштирилаётганини гапирдилар.
Мустафа Жамилўғли ҳозир Россиянинг сиёсати Қримни биринчи марта босиб олиш пайтидаги кабидир, деди. Ўша пайтда ерли аҳолини четга чиқариб юбориш, айни замонда, оммавий шаклда бу ерга Россиянинг ички вилоятларидан русларни кўчириб келиш учун ҳамма шароит яратилганди, ҳозир ҳам шундай бўлмоқда. Ҳозир одамларни Тула, Архангельск, Астрахан вилоятларидан кўчириб келишмоқда, уларнинг кўпчилиги ҳарбийларнинг оилалари.
Қрим инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича мониторинг ўтказадиган мустақил халқаро ташкилотлар учун феълан ёпиқ эканлиги ҳам матбуот конференциясида айтилди.
Қримтатарлар яна оғир аҳволда экан, дейди мухбиримиз, Турк дунёсининг Туркиядан бошқа давлатлари ёки Россиядан қўрққанлари (Қозоғистон ва Озорбайжон) ёки Россиянинг ялтоқлари (Ўзбекистон ва Қирғизистон) бўлганлари сабабли бу муҳим масалада оғиз очмаяптилар. Туркманистон эса, ҳеч нарсага аралашишни истамайдиган ва ўйламайдиган мамлакатга айлантирилган. Турк дунёсида инқилобий ўзгаришлар бўлиб, ҳокимиятга туркчи-тўрончилар келмагунча қримтатарларга ҳеч ким ёрдам беролмайди.
http://harakat.net
«Дунё ўзбеклари»дан:
Бутун умрини ўзбек халқи эрки ва бирлиги, бахту саодати йўлида сарф этган мухолифат лидерларидан бири, «Бирлик» партияси раиси Абдураҳим Пўзлатовни кўпминг сонли мухлис ва ўқувчиларимиз номидан 70 йиллик юбилейи билан чин дилдан муборакбод этамиз. У кишига сиҳат саломатлик, бахт саодат ва узоқ умр тилаб қоламиз.
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири
7 ноябрь, 2015 йил, Торонто шаҳри, Канада
Abdurahim Po’lat ozbek halqining haqiqiy fidoyisi. Ayniqsa islom dini haqida yaxshi fikrlari bor. Yubiley muborak. Hali ko’p yillar ozbek halqiga xizmat qiling.
Абдурахим ака 70 ёшингиз муборак бўлсин!
Мухолифат майдонга чиққан пайтлари мен мухолифатчи эмас, мансабдор бўлган бўлсамда сизлар(мухолифат)нинг ўзбек тилини давлат тили қилиш, ва Ўзбекистон мустақиллиги масалаларида очиқ ойдин сизлар(мухолифат)нинг тарафдорингиз бўлганман.
Сизлар ватанни тарк этганингиз сабаб, ўзбек тили ҳалигача давлат тили бўлаолмаяпти. Ўзбекистон ва унинг ҳалқи эса тўла маънода мустақил эмас.
Бу мақсадларга эришиш йўлида сизга ва сизларга куч-қувват ва узоқ умр тилаймиз.