Исмат Хушев: Президентнинг Давлат маслаҳатчилари (2-том, 37-боб) 3
ИСМАТ ХУШЕВ:
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
ИККИНЧИ КИТОБ
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
ПРЕЗИДЕНТНИНГ ДАВЛАТ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ
ЁКИ МАВЛОН УМРЗОҚОВНИНГ СИЁСИЙ ПОРТРЕТИГА ШАРҲ
Суратда: Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов (ўнгдан биринчи) Бош вазир Абдуҳошим Мўталов (чапда) ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков (ўртада) лар билан Ўзбекистон Олий Кенгаши сессиясида. 1994 йил, Тошкент шаҳри.
(Журналист Исмат Хушевнинг шахсий альбомидан олинган бу тарихий сурат матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)
(2 китоб, 37 боб) 3
1.
Мавлон Умрзоқов Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланганда — мамлакат олий раҳбариятида ҳукм сурган вазият ҳақида ҳам икки оғиз сўз айтш керак бўлади.
Ўша пайтларда Президентга жуда яқин бўлган икки мулозим бор эди. Бири – Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков бўлса, иккинчиси Мавлон Умрзоқов эди.
Мен ҳар гал Мавлон аканинг кабинетига борарканман, у ерда Исмоил Жўрабековни тез тез учратар эдим. Улар ё Президентнинг олдига кириш учун Крайновнинг қўнғироқ қилишини кутиб турган ё Президентнинг олдидан чиқиб, Ислом ака уларга топширган галдаги вазифаларни маслаҳатлашиб ўтирган бўлишарди.
Шундай пайтларда Президент девонидагиларнинг диққат эътибори дохил бутун ўзбек ҳукуматининг фикру хаёли ҳам бешинчи қаватдаги Мавлон аканинг кабинетига қаратилган бўларди.
Бу кабинетда эртага кимни ишдан олиш ва кимни қайси юқори лавозимга тайинлаш Фармонлари тайёрланар, Ўзбекистоннинг бутун тақдири айнан Исмоил Жўрабеков билан Мавлон Умрзоқовларга боғлиқ бўлиб турган ажойиб ва ғаройиб паллалар эди.
Ўшанда Девонда Мавлон акадан бошқа Темур Алимов, Алишер Азизхўжаев, Бахтиёр Назаров, Тўхтапўлат Рисқиев каби бошқа Давлат маслаҳатчилари ҳам бор эди.
Лекин уларнинг бор йўғини биров билмасди…
2.
Вилоятларда ташкилий сессия бўладиган бўлса, бир икки кун аввал Умрзоқов билан Жўрабеков у ерга учиб кетишарди.
Ҳамма нарса давлат раҳбарининг келишига тайёр қилиниб, Ислом акага ўринсиз ва ноқулай савол бериши мумкин бўлган вилоят депутатларининг овози ўчирилиб, ташкилий сессия сценарийси бошдан оёқ ёзилиб, тасдиқланиб, ҳеч бир муаммосиз ўтказилишига замин яратилганидан сўнггина, у ерга Президент учиб борарди.
Ислом ака ортиқча савол жавобсиз, бамайлихотир биринчи раҳбарни алмаштириб, ўша куниёқ Жўрабеков билан Умрзоқовни ҳам ўзи билан бирга Тошкентга олиб қайтарди.
Бирорта ҳам ташкилий сессияда ортиқча савол жавобга изн берилмасди.
Президент кимни вилоят раҳбарлигига тавсия қилса, вилоят сессияси қатнашчилари ўша овозга сўзсиз рози бўлишар, бу ажойиб ва ғаройиб одат, мана йигирма беш йилдирки, ҳеч бир муаммо ва нуқсонсиз ишлаб келаяпти…
3.
Бизда муаммо одатда вилоят раҳбарини тайинлашда эмас, орадан кўп ўтмай уни порахўрлиги учун ишдан олаётган пайтда пайдо бўлади.
Нега шундай? Нега бунинг олдини олиш мумкин эмас?
Бизда вилоят раҳбарини аслида сессия қатнашчилари сайлашади. Лекин уни аввал Президент уларга тавсия қилади. Вилоятлардаги ташкилий сессия иштирокчилари “Мана шу раҳбар бизнинг номзодимиз!” деб айтиш тугул, ҳатто Марказдан кўрсатилган номзодни тузукроқ ва холисроқ муҳокама қилиш ҳуқуқига ҳам эга эмаслар.
Нега аксинча эмас. Масалан, аввал вилоят фаоллари ўзлари яхши билган ва таниган номзодни Президентга тавсия қилсалар, кейин Президент уни тайинлаш ҳақида Фармонга имзо чекса қандай яхши бўларди?
Биз бир кун шунга келамиз, албатта.
Майли, ҳаяжонланмай яна мамлакат тақдирини ҳал қилаётган Президентнинг давлат маслаҳатчиларига қайтсак…
4.
Мавлон Умрзоқов Президентнинг Давлат Маслаҳатчиси бўлиб “Катта”га яқин бўлиб юрганида унга ҳавас ва ё ҳасад қилган мулозимлар жуда кўп эди.
Ўзбекистондай каттакон бир давлатда Президентнинг энг яқин ва ишонган одами бўлиш бахти ҳаммага ҳам насиб этавермайди, албатта. Бу мулозим учун — олий шараф бўлиш билан бирга — катта ишонч ҳам.
Шундан келиб чиқиб, мен Президент орбитасидаги мулозимларнинг давлат раҳбарига яқинлик бахти ва масъулияти ҳақида ҳам бир оз мулоҳаза юритишни ўз журналистик бурчим деб биламан. Қишлоқча содда қилиб айтганда эса буни “Президентга яқинлик чўққиси” деб атасак ҳам бўлади.
Ростини айтишим керак, Мустақил Ўзбекистон сиёсатида, ўзбек сиёсий осмонида бу чўққига чиққанлар жуда кам бўлди…
5.
Тўқсонинчи йилларнинг бошида Ўзбекистонда Президентдан кейинги иккинчи одам Шукрилла Мирсаидов эди. Лекин бу кўпга чўзилмади.
Адолат ҳаққи ҳурмати айтиш керакки, аслида Шукрилла Раҳматович ўз ўрнига муносиб одам эди. Ундан кейин ҳам биз жуда кўп ҳукумат бошлиғи бўлган мулозимларни кўрдик. Лекин уларнинг бирортаси Бош вазир бўлганида Шукрилла Мирсаидов даражасидаги нуфузга эриша олмади.
Баъзи бош вазирлар, хусусан, Абдухошим Мўталовнинг рейтинги ниҳоятда паст эди. Ундан кейинги вице премьер Исмоил Жўрабеков ва ҳатто ички ишлар вазири Зокиржон Алматовларнинг обрў эътибори ва таъсир даражаси у кишиникидан бир неча маротаба юқори бўлган…
6.
Модомики, Ислом Каримов давридаги Бош вазирлар ҳақида гапирарканмиз, беихтиёр, Шароф Рашидов пайтидаги Бош вазирлар билан уларни таққослаб кўриш ҳам мақсадга мувофиқ бўлса керак деган фикр пайдо бўлади.
Коммунистик партия раҳбарлиги йилларида Ўзбекистонда нуфузли ва довруқли ҳукумат раиси бўлган мулозимлар ҳақида гап кетганида Нормуҳаммад Худойбердиев номини алоҳида тилга олиб ўтишни истардим.
Биз Нормуҳаммад Жўраевич билан Герман Лопатин кўчасидаги ҳукумат уйларида қўшни яшардик.
2011- йилнинг 1- декабрь куни умрининг сўнгги йилларини ёлғизлик ва аросатда ўтказган Номуҳаммад Худойбердиев саксон ёшларда вафот этганини эшитиб, чексиз ҳасратларга ошно бўлдим.
Негаки, Ўзбекистон ҳукуматига ўн бир йил раҳбарлик қилган бу истеъдодли ва халқпарвар одам сўнгги пайтларда оиласи ва фарзандларисиз, ёлғиз яшаётганини билардим.
Мени қаттиқ ларзага солган нарса шуки, унинг жасадини 1- декабрь куни ваннахонадан топишибди. Икки уч кун шу ерда қолиб кетган экан…
Ўзбекистон матбуоти бу улкан йўқотиш ҳақида расмий матбуотда негадир бир оғиз бўлса ҳам, хабар беришни ўзига эп кўрмади.
Ҳолбуки, менга етиб келган ишончли манбаларга кўра, унинг жанозасига Президент девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров бош қош бўлган.
Нормуҳаммад Худойбердиевнинг оиласи ( у киши рус миллатига мансуб эди) ва фарзандлари Тошкентдаги Боткин қабристонида дафн этилганларидан хабардор эдим.
Нормуҳаммад аканинг васиятига кўра уни ўзи туғилиб ўсган Фориш районига дафн этишибди…
Нима ҳам дердик, советлар даврида ўзбек халқининг бахт саодати ва равнақи учун курашган ва мустақиллик йилларида ёлғизлик ва қашшоқликда
вафот топган бу инсонни Оллоҳнинг ўзи раҳматига олган бўлсин, илоҳим.
Зотан Оллоҳдан ўзга бизга вафо қиладиган бошқа зот йўқ экан бу дунёда…
7.
Майли, мавзуга қайтсак.
Шукрилла Мирсаидовдан кейин ўн йиллар чамаси “Президентга яқинлик чўққиси”ни Исмоил Жўрабеков забт этиб келди.
Ростини айтганда, Жўрабековда катта сиёсий салоҳият йўқ, ўзи “замкнутий” одам эди. Лекин ниҳоятда ҳаракатчан, тиниб-тинчимаслиги билан Президентнинг ишончини қозонган бўлиши мумкин.
“У қурилиш бўлаётган “обьект”ларни текшириш учун ҳали муаззин азон айтмай туриб, айланишга чиқарди. Бирор масалада уни алдаб бўлмасди, ишнинг кўзини биладиган одам эди” дейишади уни яқиндан билганлар.
Исмоил Жўрабековни девондагилар “Берия” деб аташарди. Унинг ташқи қиёфаси Берияга ўхшаб кетгани учун ҳам шундай дейишарди. Зотан, у бирор кишига ёмонлик қилмаган, кўнглини оғритмаган эди.
Исмоил Жўрабеков ҳақида “Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ёки Ҳукуматдаги биринчи одам” номли мухтасар боб мавжудлиги учун ҳам, у киши ҳақидаги шарҳимизни шу ерда тугатамиз…
8.
Исмол Жўрабековдан кейин “Президентга яқинлик чўққиси”га бир муддат Мавлон Умрзоқов ҳам чиқиб тушди.
Ислом Каримовнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлган пайтларида Мавлон ака мамлакат раҳбарига ниҳоятда яқинлашиб кетган эди. Лекин, афсуски, бу узоққа чўзилмади.
Президент девонида Мавлон Умрзоқовга ғайирлик қилиб, унинг ўрнига ҳамиша кўз тикиб келган Тимур Алимовнинг ниҳоятда усталик билан амалга оширган фитнаси боис Ислом ака уни вазифасидан озод қилди.
Бу ерда албатта Мавлон аканинг содда ва сиёсий тажрибаси етарли эмаслиги ҳам маълум маънода рол ўйнаган бўлиши мумкин. Биз китоб давомида бу мавзуларга ҳали холис ва батафсил қийтиш ниятидамиз…
9.
Кейин бир муддат Темур Алимов бу чўққини эгаллади.
Бизни Мавлон Умрзоқов бошчилигида ишдан олиниб, ҳибс этилишимизни бошдан оёқ ташкил қилган, бунга Президентни ишонтирган ва фатвосини олишга эришган иғвогар ва уста фитначи ҳам айнан Темур Алимов бўлади.
Биз ўзимизнинг ҳибсга олинишимизга оид бу маҳзун ва мунгли хотираларга китоб давомида ҳали тўлиқ ва бафуржа қайтамиз.
Ростини айтиш керак, Президентнинг куч ишлатар тизимларини назорат қилиш бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлган пайтида Темур Алимов Ислом акага унчалик яқин бўлолмаган.
Ким билади дейсиз, балки Исмол Жўрабеков ва Мавлон Умрзоқовлар бунга йўл бермаган бўлишлари ҳам мумкин. Мен у пайтларда ҳали салтанат ўйинлари ва сарой интригаларидан мутлақо бехабар бўлган, сиёсатнинг ифлос найрангларини билмайдиган, тасаввур ҳам қилмайдиган содда ва самимий йигит эдим.
Тимур Алимов — Мавлон Умрзоқов қамалганидан кейингина унинг ўрнини эгаллаб, мамлакатдаги иккинчи одамга айланиб қолди. “Президентга яқинлик чўққиси” унга насиб этди.
Ўша пайтларда у ниҳоятда уста тулкилиги билан ном қозонди.
Девондагилар унинг номини “Гиббельс” деб аташарди. Ранги совуқ, “кампирияк” бу шафқатсиз зот ташқи кўриниши билан ҳам, тутган қирғинбарот сиёсати билан ҳам айнан Гиббельснинг ўзи эди…
10.
Биласиз Гитлер тузган партия 1933-йил демократик сайловлар йўли билан Германияда ҳокимият тепасига келганидан сўнг, Гиббельс унинг идеология ишлари бўйича Давлат котиби бўлган.
Бугун ўйлаб қарасам, Ислом акага ҳам шунақа насл-насабининг тайини йўқ, лекин ваҳший ва истилопараст одамлар кўпроқ керак экан. Ўз қаттиққўл сиёсати ва ҳукмронлигини янада мустаҳкамроқ ўрнатиш ва халқни кўпроқ таҳликада ушлаб туриш учун.
Темур Алимов Гиббельсга ўхшаб тўққиз йил давомида Ўзбекистонда Президент сиёсатини, унинг идеологиясини белгилаб берган шахс бўлди. Инсоф билан айтганда, ўзи ниҳоятда айёр ва худбин, лекин истеъдодли раҳбар эди.
Шуни тан олиб, рўй рост айтиш керакки, Алимов Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлиб тўққиз йил ишлаган бўлса — бирор сония, бирор дақиқа ҳам бошини “окоп”дан кўтаргани йўқ.
У ўзини Президентга шу қадар фидойи ва садоқатли қилиб кўрсата олди. Шу билан бирга у ниҳоятда ҳушёр одам эди.
Унинг олдин Тошкент обкомининг биринчи секретари бўлганини эшитган эдим. У ерлардан кетганидан кейин республика табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига раҳбар бўлган экан.
Ўтган умридаги катта ҳаёт тажрибалари Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлганидан кейин ҳам унга жуда қўл келгани аниқ.
Алимов шу қадар ҳушёр бўлганки, тўққиз йиллик Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлган даврида бирор маротаба ҳам Мавлон ака билан бизга ўхшаб давраларда нутқ сўзлаб, ваъзхонлик қилмаган, видеога тушмаган.
Бирорта базм ва ё зиёфатда майхўрлик ва ё шакаргўфторлик қилмаган.
Қилган бўлса ҳам ўз уйида ва ё ўта махфий ва ишончли манзилларида қилгандир…
11.
Тимур Алимов Президентга ниҳоятда садоқатли бўлиш билан бирга, ҳақиқий ишбилармон ва ёсумон эканини ҳам исботлади.
Буларни нималарда кўриш мумкин?
Масалан, у — бизлар қамалганимиздан кейин, бутун Президент аппаратини янгилади. Умрзоқовнинг энг сўнгги чангигача қоқди.
Мавлон ака Президентга яқинлик чўққисига чиқиб, мамлакатнинг иккинчи одами бўлган даврида ким билан қуюқроқ сўрашган бўлса, кимни вазифага қўйган бўлса, барчасини бирма бир топиб, шўрини қуритди – изини супуриб ташлади.
Ажабки, Мавлон Умрзоқовнинг кадрлари сифатида юқори давлат ва ҳукумат тизимларидан бўшатилган одамларнинг деярли ҳаммаси қишлоқликлар эди.
Ўша пайтларда бирорта тошкентлик мулозим ишдан бўшатилмади. Бу, албатта, Президентнинг обрўйига путур етказган жиддий бир ҳолат эди.
Лекин ҳеч ким буни мамлакат раҳбарига айта олмади.
Қолаверса, Ислом ака ҳам буни яхши билган, шу баҳонада ҳаддидан ошган қишлоқликларни ҳам бир ҳушини киритиб қўйсин Алимов деб атай унга шароит яратиб берган бўлиши ҳам мумкин.
Ислом аканинг шунақа ажабтовур одатлари борлигини яхши биламан…
Ва яна шуни биламанки, Президент аввалдан атай бу икки маслаҳатчисининг ўзъаро муносабатларини бузиб, бир-бирига ёвлаштириб келган. Мен бу ҳақда олдинги қисмларда гапирган эдим. Ислом ака бир кун келиб уларни бир бирига едиришни ҳам олдиндан режалаган бўлса, ажабмас…
12.
Темур Алимов республика раҳбариятидан Умрзоқовнинг кадрларини беаёв қуритаркан, айни пайтда ўзига яқин бўлган одамларни ҳеч бир истиҳоласиз масъул вазифаларга тайинлади.
Жиянлари – академик Беҳзод Юлдошевни — Фанлар Академиясига Президент, Қодир Ғуломовни — Мудофаа вазири этиб тайинланишига эришди.
Қодир Ғуломов — Темур Алимовнинг тоғаси, шоир Ғафур Ғуломнинг опаси Баҳри Ғуломованинг ўғли эди.
Яна бир жияни Қишлоқ хўжалиги вазири эди. Кейин Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси бўлди…
Бир сўз билан айтганда у ўша пайтда бутун ҳукумат ва девондаги кадрларни аввало ўзига, жуда бўлмаса, Ғафур Ғуломга хайрихоҳ одамларга алмаштирди.
Темур Алимовнинг ана шундай ижодкор шогирдларидан бири — ёзувчи Хайриддин Султонов. У узоқ йиллардан бўён Президентнинг идеология ва оммавий ахборот воситалари бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келяпти.
Аслида Хайриддинга ўхшаш истеъдодли ёзувчилар Президентга адабиёт ва санъат, маданий ва ижтимоий ҳаётдаги бугунги муаммоларни рўй рост айтиши, зиёлиларнинг дарду изтиробларини давлат раҳбарига етказиб туриши керак эди.
Улар учун халқ дардини айтиб Президент ғазабига дучор бўлгандан кўра, том-том китобларини нашр этиш, бола чақалари тугул, қуда-андаларига қадар пойтахтнинг бутун бир кварталларини сотиб олиш афзал бўлиб қолди.
Ҳа, минг афсуски, Хайриддин ҳам раҳбарликка жуда тез кўникиб кетди. Тимур Алимовнинг дуосини олган садоқатли шогирди эмасми, устози тўққиз йил ишлаган бўлса, у салкам йигирма йилдан бўён Президент орбитасидан тушган эмас.
Хайриддин ва унга ўхшаб биз қамалган ўша қатағон пайтларида амалга чиққан бошқа мулозимлар ҳам пенсиядаги Темур Алимов то комага тушиб, ҳушини юқотиб, бу ёруғ дунёни тарк этгунига қадар ундан йўл- йўриқ ва маслаҳат олиб турганларига менинг ишончим комил.
Хайриддиннинг йигирма йилдан бўён тахтдан тушмай келаётганини ҳам интрига ва иғволарга ниҳоятда уста бўлган кампирияк устознинг ўзига хос маслаҳат ва ўғитларидан деб билиш керакка ўхшайди…
13.
Иккимингинчи йиллардан эътиборан то ҳозирга қадар — Зелемхон Ҳайдаров Президентга яқинлик чўққисини мустаҳкам эгаллаб келди. Ўзбекистонда давлат ва ҳукуматнинг Президентдан кейинги иккинчи одамига айланди.
Бу давр мобайнида Ислом Каримов атрофидаги ҳеч бир мулозим Зелемхон аканинг ўрнига рақобат қилолмади.
Зелемхон ака қалби ва феълининг кенглиги, инсоф-диёнати, камтарлиги ва ҳалоллиги, меҳр ва оқибатлилиги билан бу чўққини эгаллади ва уни янада мустаҳкамлади.
Ҳозир энди бу ўринга даъвогарларнинг деярли ҳаммаси асосан унинг шогирдларидир. Шулардан бири — илгари Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлган, кейин Ўзбекистон Бош прокурори этиб тайинланган Ихтиёр Абдуллаевдир.
Дарвоқе, Зелемхон Ҳайдаров ҳақида гапирганда Мавлон Умрзоқовни Ўзбекистон Олий раҳбариятига – Президент орбитасига олиб чиққан ҳам айнан у киши эканини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.
Биз олдинги қисм якунида Зелемхон Ҳайдаров билан Мавлон Умрзоқов орасидаги зиддиятга – Зелемхон аканинг кенг ва мўҳташам кабинетидаги ноқулай ва нохуш суҳбатга келиб тўхтаган эдик…
14.
Энди ўша мавзуни яна давом эттирсак.
Зелемхон Ҳайдаров билан Мавлон Умрзоқов орасида бўлиб ўтган менинг иштирокимдаги ўша ноқулай ва совуқ суҳбатдан сўнг уларнинг орасида нимадир узилгандек бўлди. Лекин Зелемхон ака катта ва тажрибали дипломат одам сифатида буни билдирмай юришга ҳаракат қилди.
Улар ҳануз олдингидай ўзъаро илиқ ва хуш муомилада бўлишар, учрашиб, суҳбатлашишар, ҳатто у ёки давраларда бирга иштирок ҳам этишарди.
Ўзларини бир бири билан ораларида гўё ҳеч нарса ўтмагандай тутишса ҳам, лекин мен уларнинг орасида нимадир йўқолганини сезиб юрардим. Лекин нималигини узоқ пайтга қадар билолмай юрдим.
Ва ажойиб кунларнинг бирида ногоҳон англаб етдим: уларнинг орасида йўқолган бу нарсанинг оти – самимият эди.
Самимият йўқ жойда, ишонч ҳам, дўстлик ҳам бўлмайди. Юракларни шубҳа-ю, гумон кемира бошлайди.
Самимият йўқ жойда, муносабатлар мабодо сақланиб қолса, демак у ерда фақат манфаат бўлишим мумкин, холос.
Сиёсий манфаатми, иқтисодий ва ё моддий манфаатми, бу энди ҳамманинг ўзига, доно фикрига ҳавола…
15.
Мавлон Умрзоқовнинг Зелемхон Ҳайдаров билан бўлган ўзъаро муносабати самимиятдан айрилгани билан, улар бир бирларига ҳеч қачон душманлик қиладиган одамлар даражасида эмас эди.
Душманлик қиладиган одам эса кутилмаганда бошқа жойдан – КГБ тарафдан, унинг қудратли раиси Ғулом Алиев тимсолида пайдо бўлди.
Энди шу ерда Мавлон Умрзоқов билан Зелемхон Ҳайдаров орасидаги асосий фарқни, янаям аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Мавлон акани бадном қилган айнан зиёфатлар эканини ҳам очиқ ойдин айтиб ўтишим керак, шекилли…
Мавлон ака билан мени кутилмаганда ишдан бўшатишган эди, худди шундай – кутилмаганда ҳибсга ҳам олишди.
Дастлабки тергов чоғларида мендан фақат Мавлон ака билан бўлган базму зиёфатларни сўрашганларида, рости, мен ҳайрон бўлган эдим.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, мени сўроқ қиладиган Миллий Хавафсизлик Хизмати терговчиси (жуда соҳибжамол аёл эди) мендан фақат Мавлон ака билан бўлган ўтириш ва базмларни сўраб суриштирарди.
Аниқроқ қилиб айтганда, асосий бир зиёфат сабаб бўлган эди аканинг қамалишига.
Эҳтимол, бу ўтириш бўлмаганида Мавлон ака умуман қамалмасмиди…
16.
Хуллас, Мавлон аканинг мен юқорида ҳикоя қилган “Дўрмон”даги дачаларида тез-тез бўлиб турадиган ўтиришларнинг бирида жуда нохуш бир воқеа содир бўлган эди.
Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг ўша пайтдаги раиси Ғулом Алиев кайф биланми, билмадим, ҳеч кутилмаганда: “Биз истасак Мавлонжон, Сизни ҳам кузатишимиз мумкин!” деб айтиб қолди.
Шунда Мавлон ака ароқнинг таъсиридан бўлса керак, жаҳл билан: “Мени кузатадиган одамнинг кўтанини суғуриб оламан!” деб жавоб қилдилар.
Бор гап шу!
Мавлон Умрзоқовнинг тоши енгил бўлса-да, бироқ Ғулом Алиев узоқни кўзлайдиган, оғир босиқ ва мулоҳазали одам эди. Президентнинг ёнида турган мулозимни “кузатиш” осон эмаслигини, у ўзи учун яхшилик келтирмаслигини Алиев яхши биларди.
Қолаверса КГБ раиси катта тажрибага эга бўлган, узоқни кўзлаган одам эди.
Шу боисдан резиденциядаги бу икки икки қўчқорнинг тўқнашувидан дабдурустдан олов чиқиб кетди дейиш ҳам унчалик ўринли бўлмаса керак…
17.
Бироқ шу жойда Умрзоқов яна бир қалтис қадам қўйди: КГБ раиси Ғулом Алиев билан бўлган дачадаги тўқнашувдан сўнг Мавлон ака Президент аппаратидаги ўз тизимида — МХХ идораси кадрларини элакдан ўтказадиган – бир сўз билан айтганда — назорат қиладиган сектор тузилишига Президентни кўндирди.
Бу вазифа аслида куч ишлатар тизими бўйича масъул бўлган Давлат маслаҳатчиси Тимур Алимов тизимига тааллуқли бўлиши керак эди. Лекин шунга қарамай Умрзоқов ўзи бош бўлган кадрлар тизимида ҳам шундай сектор тузилиши эришди.
Лекин бу ҳали фожеанинг ҳаммаси эмас эди.
Президент Девонида тузилган янги секторга раҳбар тайинлашда Мавлон Умрзоқов КГБ раҳбарларини четлаб ўтаркан, уларнинг ҳар қандай эътирозига кескин қарши туриб, бу кадр Сизлар билан эмас, балки биз билан ишлайди деб ўз фикрида қатьий туриб олди.
Бугун адолат билан айтганда шу вазифага танланган ва тайинланган полковник Отамурод Маҳатмуродов Мавлон Умрзоқовга яқин шахс бўлишига қарамай, хизмат юзасидан ўта заиф ва бундан ҳам даҳшатлироғи – жуда майда гап одам эди.
Бунга аппаратдаги яна бир майда гап – Нурмат Ахмонов (биз уни ўзъаро Аҳмоқов деб атардик) қўшилиб, бу икки “майда гап”дан Девонда катта катта иғво ва ғавғолар уяси пайдо бўлди.
Бу икки бўлажак генерал- генералликни тезлаштириш орзусида ҳар куни кечқурун оламдаги барча майда чуйда гап-сўзларни Умрзоқовнинг қулоғига қуйишни ўзларининг асосий касбларига айлантириб олишди…
18.
Майли, яна ўша даврага ва КГБ раисига айтилган ўша ҳақоратга қайтсак.
Даврада мендан бошқа Ўктам Исмоилов (Бош вазир ўринбосари, кейинчалик Сирдарё вилояти ҳокими), Мирзамурод Икромов (Тошкент вилояти ҳокими, Олий Кенгаш депутати), Шавкат Мирзиёев (Ўшанда Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани ҳокими, Олий Кенгаш депутати, бугунги Бош вазир) ва Мавлон аканинг Девондаги ўринбосарлари, жумладан — Аметжон Отажонов ҳам бор эди.
Мен дастурхонга қараб кириб чиқиб юрган эдим.
Тергов чоғида мендан ўша даврада бу маш-машалардан ташқари Мавлон ака шарафига: “Бўлажак Президент учун!” деб қадаҳлар ҳам кўтарилганмиди деб сўраб қолишди.
Рости мен бундай гап ва қадаҳ сўзларини эшитмаган эдим.
Демак, Мавлон акани ҳибсга олиш учун Президентга “У сизнинг ўрнингизга кўз олайтирди!” деган гап ҳам етарли бўлган.
Ҳолбуки, мен Мавлон акани яхши ва яқиндан билган йигит сифатида адолат ҳаққи ҳурмати шуни айтишим керакки, у киши ҳеч қачон бундай гапни айтмаган ва бундай фикрни хаёлига ҳам келтирмаган.
У киши Ислом акани жуда ҳурмат қилар, «Мендай қишлоқдан чиқан оддий бир йигитни шундай катта лавозимга лойиқ кўрди!» — деб ҳар гал оғзидан бол томиб мақтарди.
Шу ерда яна бир мулоҳаза.
Ўзбекистонда қайси юқорироқ даражадаги мулозим амалидан олинса, тергов пайтида ундан айнан мен юқорида келтирган гап-сўзларга ўхшаш айбловлар излашга уринишади. Нимаймиш, полончи палончининг ўтириш ва ё тўйида палончининг Президентлиги учун деб қадаҳ таклиф қилган эмиш…
Хусусан, Шукрилла Мирсаидов, Исмоил Жўрабеков, Козим Тўлаганов, Бахтиёр Ҳамидов ва Санжар Умаровларнинг тергов жараёнларида ҳам шунга ўхшаш бемаъни савол жавоблар бўлганидан мен кейинчалик хабар топганман.
Хўш, нима қипти, ўзининг юқорироқ лавозимдаги бирор дўсти ва ё қариндоши учун кимдир яхши ният билан шундай деб қадаҳ кўтарса, бунинг нимаси ёмон?!
Шу бир оғиз сўз билан ўша амалдор бир юмалаб Президент бўлиб қолмайди-ку, ахир!
Мен қамалганимдан кейин ўзим билан бўлган бунақанги ажабтовур тергов жараёнларига китоб давомида ҳали батафсил тўхталаман, албатта.
Лекин бугун, модомики, Мавлон Умрзоқов шахсига сиёсий характеристика бериш баҳонасида Президент орбитасидаги раҳбарларнинг олиймақом зиёфатларга бўлган муносабати ҳақида фикр юритарканман, юқори мартабали мулозимларнинг спиртли ичимликлар сероб бўлган турли базм ва ўтиришларда иштирок этиши, аксар ҳолларда, яхшилик билан тугамаслигини таъкидлаб ўтмоқчиман, холос…
19.
Эҳтимол айнан спиртли ичимлик бўлган зиёфатлардаги ҳаддан зиёд “очиққўнгиллик”, «гапдон» ва «сухандон»лигимиз учун ҳам Мавлон ака билан биз бугун Президент орбитасидан тушиб кетган бўлсак, не ажаб.
Зелемхон Хайдаров, Георгий Крайнов, Шавкат Мирзиёев, Рустам Иноятов, Элёр Ғаниев ва бошқалар эҳтимол, ана шундай — зиёфатларга кўпам рўйхушлик бермагани учун ҳам — то ҳануз ўз лавозимида ишлаб келаётган бўлсалар, не тонг!
Улар ким билан ва қаерда улфатчилик қилиш тартиб қоидасини, аслида, Ислом Каримовдан ўрганган бўлсалар, эҳтимол.
Ислом акада — ҳали Ўзбекистон давлатининг раҳбари бўлмай туриб ҳам ҳуда-беҳуда ўтиришларга бормаслик, иложи бўлса ароқ ичиладиган давралардан қочиш одати бор эди.
Буни Қашқадарёдаги раҳбарлардан кўп эшитганман.
Ўша — олдинги бобларда тилга олганим – СССР Халқ депутатларининг Биринчи съезди бўлаётган пайт Москвадаги “Россия” меҳмонхонасининг ресторанида ва кейинчалик Ўзбекистон Президентининг ёзги
Қароргоҳида “Аргументы и Факты” газетаси мухбирлари келганида Ислом ака билан билан бирга ўтириб шароб ичган ва сархуш бўлган ажойиб кунларимни бугун бетакрор бир ҳайрат билан эсларканман, қалбимни ажиб бир сокинлик, мунис бир маҳзунлик эгаллаб олаверади.
Демак, ўшанда Ислом ака менга қайсидир маънода ишонган, бу йигит билан бирга ўтирсак бўларкан деб ўйлаган, мен нодон эса, бу ишонч ва масъулиятни ўз даврида билмаган ва қадрига етмаган эканман…
20.
Мавлон Умрзоқовнинг КГБ раисига айтган ўша бир оғиз қўпол ва бепарда сўзи, албатта Ғулом Алиевга оғир ботади.
Шу бир оғиз ўйламай айтилган сўз — кейинчалик нафақат унинг ўзини, балки унинг атрофидаги бизга ўхшаган яна қанчадан қанча беайб ва бегуноҳ одамларнинг ёстиғини қуритди.
Ғулом Алиев Мавлон Умрзоқов билан тортишиб қолганидан сўнг кейинчалик ростдан ҳам зимдан кузатув бошланади, албатта бу Ислом аканинг розилиги билан амалга оширилади, лекин бу энди алоҳида мавзу бўлади.
Қисқаси, Мавлон ака билан мен СНБ (МХХ) нинг подвалида ётган пайтимизда Ғулом аканинг номига ялиниб-ёлвориб хат ёзганмиз.
Мавриди келса, кейинги бобларда ўша хат матнини тўлиқ келтириб ўтаман.
Мавлон Умрзоқовнинг хуфия идораси раҳбари Ғулом Алиев билан боғлиқ бир оғиз ҳақоратининг қисқача тафсилоти ана шулардан иборат…
21.
Зелемхон Ҳайдаровнинг кабинетидаги ноқулай суҳбат, КГБ раисига кайф билан айтилган ҳақорат дохил яна бир қатор Мавлон ака йўл қўйган хато ва камчиликлар алал оқибат у кишининг ишдан кетишига замин яратди.
Биз ҳали китоб давомида бу “хато ва камчиликлар”га батафсил ва атрофлича тўхталиб ўтамиз, албатта.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, Мавлон ака кутилмаганда ишдан олинган кун тонгида “Дархон”да ҳукумат одамларидан кимнингдир ошига бордик.
Шу ерда Эркин Халилов билан Шавкат Мирзиёевлар мендан “Мавлон ака тинчми?” деб сўраб қолишди. “У киши ҳам ошга келишлари керак” дедим ҳайрон бўлиб.
Ҳеч қачон Мавлон аканинг тинчлигини сўрамаган, аксинча, ҳамиша у киши боис менга ҳам қўшқўллаб таъзим қилиб юрадиган бу икки олифта мулозимнинг ўша тонгдаги кутилмаган муомиласи мени сергак қилиб қўйди.
Бош устига: “Сиз бораверинг, мен орқангиздан етиб бораман” деган Мавлон ака ошга келмади.
Кейин у кишининг олдиларига – Президент Девонига бордим. Ҳар гал менга честь бериб, ҳужжат сўрамай ичкарига ўтказиб юборадиган милиционер бу гал расмий муомила қилиб, гувоҳномамни сўради.
Ажиб бир ҳайрат билан бешинчи қаватга кўтарилдим.
Мавлон аканинг кабинетларига кираверишдаги ҳашамдор қабулхона бўм-бўш, қуралай кўзли, гўзал котиба қиз Муҳиба ҳам негадир кўринмас эди.
Ҳайрон бўлиб, ичкарига мўралагандим, Мавлон аканинг ёрдамчилари хоразмлик Ботиржонга кўзим тушди. У стол тортмаларини йиғиштираётган эди.
Стол усти ҳам тартибсиз бир алфозда.
Кўп ўтмай дам олиш хонасидан Мавлон ака чиқиб келди. Кўзлари қизарган, кайфияти жуда ёмон. Мени кўриб негадир қучоқлаб олдилар. Чуқур хурсинганларидан йиғлаганларини сездим.
Мен энди ҳамма нарсага тушуниб етган, лекин бундай бўлиши мумкин эмас деган бир савол ҳамон шууримда чарх уриб айланар эди.
Биз бир биримизга тикилганча бир муддат сўзсиз туриб қолдик. Энди менинг ҳам кўзларим ёшланди. Мен Мавлон акадан ҳеч нарса сўрамадим.
Демак, энди, тамом.
Гап сўзсиз ҳам ҳамма нарса тушунарли эди…
22.
Ўша куни Мавлон аканинг оиласи ва болалари дачада экан.
Мавлон ака Ҳалима опага телефон қилиб, зудлик билан дачани йиғиштириб қўйиш кераклигини айтдилар.
Ҳалима опанинг “Нега?” деган саволига Мавлон ака “Кейин айтаман” деб гапни қисқа қилдилар.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси ишдан олинганда кабинет, сейф ҳамда хизмат машинаси билан бирга дачани ҳам топширишини мен ўшанда билган эдим…
Одатда дачаларни мулозимларга Зелемхон ака берар, улар ишдан бўшатилганда эса, у кишининг ёрдамчилари қайтариб оларди.
Шунинг учун ҳам мулозимлар амалга тайинлангандан кейин давлат раҳбари нима деса шуни қилиб, нима иш буюрса шуни бажариб, бу дача ва имтиёзларнинг қадига етиб, тинчгина юришга ҳаракат қилишарди.
Президентнинг Парламентдаги чиқишларига ҳамиша хайрихоҳлик, давлат миқёсидаги йиғилишлардаги нутқига бир овоздан қўшилишлик сирларини мен ана шу имтиёзлар асносида янада теранроқ англаб ета бошлаган эдим.
Одатда, давлат амалдорларининг хизмат машиналари раҳбарлардан кўра кўпроқ уларнинг оиласи ва болаларига хизмат қиларди. Мулозимнинг амалдорлик имтиёзларидан унинг ўзидан кўра кўпроқ оиласи манфаатдор эди.
Буни ҳамма билар, лекин ҳеч ким бунга қарши чиқолмасди.
Президент девони ва Вазирлар Маҳкамаси қошидаги амалдорларга хизмат қилувчи гараж раҳбарларини ҳам шахсан Зелемхон ака тайинлар ва табиийки раҳбарларнинг ўзидан кўра кўпроқ оиласи хизмат машиналардан фойдаланишини у киши яхши биларди.
Лекин била туриб, шунга атай шароит яратиб беришидан ҳам билиш мумкинки, бу ҳам аслида раҳбарларни амал ва имтиёзларга маҳлиё қилиб ушлаб туришнинг бир воситаси экан…
Суратда: Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов Фарғона вилояти ҳокими Мирзажон Исломов билан…
(Журналист Исмат Хушевнинг шахсий альбомидан олинган бу суратлар матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)
23.
Мавлон аканинг гап сўзлари пала партиш, ўзини тамомила йўқотиб қўйган, хаёллари ҳам, назаримда, жойида эмас эди.
Ҳамиша Президентнинг ёнида, унинг энг ишонган одами бўлиб юрган арбобнинг кутилмаганда ишдан олиниши жуда ёмон бўларкан. Мавлон ака бир кечадаёқ, ўзини тамомила олдириб, саросимага тушиб қолгани шундоққина кўриниб турарди.
Унга ўша дамда жуда раҳмим келди. Лекин ҳозир гапириб, кўнглини кўтариш ортиқча эди. Бундай пайтда индамай ҳамдард бўлиш ҳам мумкин-ку, ахир.
Мавлон аканинг дам олиш хонасига кириб, стол устида турган оғзи очиқ коньякни пиёлага қўйиб, бир кўтаришдаёқ ичиб бўшатдим. Қайтиб кабинетга кирсам, хонада Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов ўтирганини кўрдим.
Халал бермаслик учун қайтиб, дам олиш хонасига кириб, одатда Мавлон ака ишдан толиққан пайтларда кириб бир оз дам оладиган оромкурсига оҳиста чўкдим.
Ҳаммаси тамом. Мавлон аканики — ишдан олишган бўлса, демак бу дунёда ишдан олинмайдиган одамнинг ўзи йўқ экан-да.
Беш дақиқа ўтар ўтмас Мавлон ака хонага кириб келдилар.
— Тўппончани опкетгани келибди… – дедилар сўрамасам ҳам.
Маълум бўлишича, Зокиржон ака Мавлон акага бир баҳонаи сабаб билан тўғилган кунларидами, билмадим, тўппонча совға қилган экан. Энди шуни олиб кетгани келибди.
«Демак ишларимиз унчалик яхши эмас» хаёлимдан ўтди негадир. Шунда беихтиёр, боя ошда «Мавлон ака тинчми?» деб сўраган Шавкат Мирзиёевнинг кўзларида ногаҳоний чарақлаган қувонч жилваси сабабини сезгандай бўлдим.
Демак улар Мавлон аканинг ишдан олинганини билган эканлар…
24.
Дарвоқе, Шавкат Мирзиёевнинг кўзларидаги қувонч жилваси ҳақида.
Шавкат Миромонович пойтахтимиздаги Мирзо Улуғбек туманига ҳоким бўлганидан бор йўғи икки йил ўтар ўтмас, уни Президентга айтиб, ҳокимликка тавсия қилган Мавлон Умрзоқовнинг ўзи кутилмаганда давлат раҳбарининг қаҳрига учраб, ишдан олинади.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. Сиёсатнинг юзсизлиги жуда ранг баранг.
Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовни ишдан олиш ва ҳибс этиш учун унинг рақиблари Тимур Алимов бошчилигида энг ифлос усуллардан ҳам қайтишмаган.
Хусусан, Шавкат Мирзиёев ҳам уларнинг талаби билан Умрзоқовни давлат тўнтариши қилишга уринишда айблаб далолатнома ёзиб беради. Бунинг эвазига унга аввал Бош вазир ўринбосарлиги, сўнг у рози бўлмагач, Тошкент шаҳар ҳокимлиги лавозими ваъда қилинади.
Умуман, Умрзоқовни айни айб билан айблаб ариза ёзиб бериш беш мулозимдан талаб қилинган.
Булар – Мирзо Улуғбек туман ҳокими, Ўзбекистон халқ депутати, Олий Кенгаш Мандат комиссияси раиси Шавкат Мирзиёев, Девондаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш Бошқармаси қошидаги Авф этиш комиссияси раиси Нурмат Рустамович Ахмонов, Президентнинг маданият ишлари бўйича Давлат маслаҳатчиси Хайрулло Жўраев, аввал Мавлон аканинг ёрдамчиси бўлган, сўнг Тошкент шаҳар ҳокимининг ижтимоий масалалар, медицина ва олий таълим бўйича ўринбосари этиб тайинланган – Исмоил Шодмонқулов ва Президент девони собиқ масъул ходими, муқаддам Мавлон Умрзоқовнинг ўринбосари бўлиб ишлаган, сўнг «Совет Ўзбекистони» газетаси Бош муҳаррири бўлган таниқли журналист Шароф Убайдуллаевлар эди.
Бешалови ҳам – Мавлон Умрзоқовнинг бевосита ҳамюртлари, ҳамшаҳарлари, ҳамфикр ва ҳамкорлари эди: уларнинг учтаси зоминлик, иккитаси жиззахлик.
Шу боисдан ҳам уларнинг Умрзоқовни қоралаб бериши алоҳида аҳамият касб этар эди…
25.
Тимур Алимов бу рўйхатни узоқни кўзлаб, атайлаб тузган:
Президентнинг ўрнини олиш учун давлат тўнтариши қилмоқчи бўлганини бегоналар эмас, унинг энг яқин одамлари – ҳамюртлари фош қилаяпти деб аюҳаннос солиш ва бу қабиҳ фитнага Ислом акани ҳам ишонтириш учун.
Мирзиёев, Жўраев, Шодмонқулов – Зоминлик. Убайдуллаев ва Ахмонов — жиззахлик. Уларнинг бешалови ҳам Мавлон Умрзоқовга ўзъаро ҳамшаҳарлик томирлари билан туташган.
Исмоил Шодмонқулов билан Шароф Убайдуллаевдан бошқа ҳамма бу таклифни ҳеч иккиланмай қабул қилишади.
Уларнинг ҳар бири Умрзоқовнинг «давлат тўнтариши» юзасидан олиб борган ҳатти ҳаракатини ўзларича баён қилишга киришиб кетадилар ва бу далолатномалар Мавлон Умрзоқовнинг жиноий иши юзасидан очилган машъум ишнинг энг биринчи саҳифасига тикилиб, ўша заҳотиёқ Президент столига қўйилади.
Табиийки, ўзи яхши билган мулозимларнинг бу далолатномалари билан танишган президент дарғазаб бўлиб, столга мушт уради: «Кўрнамак Умрзоқовни подвалга чуқурроқ ташланг, токи бу яқин орада қайтиб чиқмасин!» деб керакли одамларга «Закройте его!» деган ўзининг одатдаги топшириғини беради.
Бу Умрзоқов устидан ўқилган ҳукм эди, албатта.
Лекин Умрзоқовнинг ҳибсга олинишига ҳали яна бир оз вақт бор эди…
26.
Айтилган мазмундаги далолатномани ёзиб берганидан сўнг Нурмат Ахмонов йигирма йилдан зиёд вақт мобайнида энг «ёғлиқ» ва «юмшоқ» жой — Ўзбекистон Олий Хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлади.
Биров мушугини «пишт» демади.
Хайрулла Жўраев ҳам Маданият ва спорт ишлари бўйича вазир бўлиб узоқ йиллар Президент орбитасида айланиб юрди.
Шароф Убайдуллаевга Хайрулла Жўраевнинг ўрни — Госсоветниклик ваъда қилинган эди.
Лекин Шароф Убайдуллаев Тимур Алимовга шахсан рад этганига қарамай, ўз ихтиёри билан Умрзоқов ишини олиб бораётган МХХ терговчиси Равшан Жалоловни топиб: «Бу гаплар ёлғон, Умрзоқов ҳеч қачон давлат тўнтариши қилмоқчи бўлмаган» деб ёзма гувоҳлик беради.
Лекин энг Олий идорада Умрзоқов устидан ҳукм аллақачон ўқиб бўлинган эди…
27.
Кейинчалик Шароф ака ҳатто Умрзоқовнинг Олий Суд мажлисида ҳам иштирок этиб, бир неча маротаба бу тўҳматни фош этишга ҳаракат қилиб кўрди.
Лекин унга гапириш имконини бермадилар. У қолдирган ёзма ахборот эса кейинчалик жиноий ишга тикилмагани маълум бўлди.
Бугун орадан шунча йиллар ўтиб кетганидан кейин бўлиб ўтган бу воқеаларни Канаданинг сокин ва осойишта бекатидан туриб холислик билан сарҳисоб қилишга уринарканман, ўша – бизни суд қилган Ўзбекистон Олий маҳкамаси жараёнлари худи кино лентасидай кўз ўнгимда гавдалана бошлади.
Ўшанда бизнинг судимизда Шароф Убайдуллаевдан бошқа бирорта таниш билиш ва ё журналист иштирок этмаган. Фақат қариндош уруғларимиз, маҳкама залида тартиб интизом сақлаб турувчи ички ишлар ходимлари ва Шароф Убайдуллаев қатнашганди, холос.
Олий суд маҳкамасига – Мавлон Умрзоқов дохил етти нафар юқори мансабли шахслар юз тутган эдик. Кейинчалик мендан бошқа олти собиқ арбоб турли «срок»лар билан «зона»га юборилган, фақат мен Президентнинг амнистияси боис жазони ўташдан озод қилиниб, суд залидаёқ озодликка чиқарилган эдим.
Биз – умримизнинг энг ғамли ва аламли, дардли ва ситамли бу маҳзун саҳифасига ҳали яна бир неча бор қайтишга, у кунларга холис ва атрофилича баҳо беришга, истаймизми, йўқми — барибир мажбурмиз…
28.
Ҳеч эсимдан чиқмайди: Маҳкамадаги танаффусларнинг бирида Мавлон ака Шароф Убайдуллаевни ёнига чақириб, ундан шубҳаланиб: Сиз ҳозир қаерда ишлаяпсиз? – деб сўраган эди.
Шунда Шароф аканинг берган жавоби мана йигирма йилдирки, ҳануз қулоқларим остида жаранглаб туради:
— Ўша Сиз қўйиб кетган жойда ишлаяпман…
Шукрилла Мирсаидов судида иштирок этиб, сўнг «ГКЧПдан чиққан қаҳрамон» ва «Мирсаидовнинг қора ишлари» номли суд очеркларини ёзган Шароф Убайдуллаев бу маҳкамада ҳам бежиз иштирок этмаяпти, у махсус топшириқ билан юборилган бўлса керак деб ўйлаган Мавлон ака.
Ҳолбуки Шароф Убайдуллаевни Мавлон аканинг ўзи «Ўзбекистон овози» газетаси Бош муҳаррирлигидан ишдан бўшатганидан бўён ҳеч қаерда ишламай келаётган эди. Нима учун Мавлон ака айнан Шароф Убайдуллаевни ишдан олгани – бу энди алоҳида мавзу бўлади…
Шу шу унга ортиқ иш беришмади.
Мана 25 йилдирки, истеъдодли ва тажрибали журналист, ажойиб ва фидойи инсон Шароф ака, ҳануз ишсиз — кўчада қолди.
Бу ёзув чизувларнинг тепасида Президентнинг давлат маслаҳатчилари Алишер Азизхўжаев ва Бахтиёр Ғуломовлар туришган.
Орқага чекинганларни Зелемхон Ҳайдаров чақириб чекинмасликка ундаган.
Умрзоқовнинг ўрнига кадрлар бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган Тимур Алимов бу ишларга бевосита бошчилик қилган…
29.
Умрзоқовни аслида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Ишлар Бошқармасига Зелемхон Ҳайдаров олиб келган бўлиб, улар ўртасида ўзига хос яқинлик ҳам йўқ эмас эди.
Бир томондан — ҳар иккаласининг ҳам илдизи Зоминга бориб тақалади.
Бахтиёр Ғуломов ҳам Умрзоқовга ёмонлик истамасди. Табиатан адолатли ва инсофли бўлган Ўзбекистон махсус хизматларининг энг ёш генерали Бахтиёр Ҳисомович ҳам бу ерда Умрзоқовга ёрдам қўлини чўзолмади.
Бу даҳшатли фитнанинг бош дирижери бўлган Тимур Алимовнинг ўша кунларда Президентдан жуда катта ваколат олиб, унинг алоҳида ишончига сазовор бўлгани ҳам бу ерда катта рол ўйнади.
Алимов ўшанда Президент девонининг аосий ва энг қудратли одамига айланган эди.
Зелемхон Ҳайдаров, ҳатто ўзининг тагига сув кетишидан ҳам қўрқиб, бу ишда Тимур Алимов ишончидан чиқиб қолишидан чўчиганлиги табиий эди, албатта. Зелемхон ака ўша кунларда: «Ўнг қўлингиз Умрзоқовнинг тарафида турибди» деб айбланишидан қўрққан бўлиши ҳам мумкин.
Бахтиёр Ғуломов эса бевосита куч ишлатар тизимлари бўйича Тимур Алимов ўрнига Давлат маслаҳатчиси бўлиб ўтгани учун ҳам ҳали унинг чизиғидан чиқишга юраги дов бермас эди.
Ана шундай таранг ва гаранг сиёсий вазиятдан ўз манфаати йўлида усталик билан фойдаланган Алимов «Давлат тўнтариши» ҳақидаги фитнани фош қилиш билан Президент кўзига чўп солишдан ҳам чўчимади.
Бу ўз даврида Ўзбекистон сиёсий ҳаётида катта шов шув ва сенсацияга сабаб бўлган тарихий воқеа.
Вақти келса бу ҳақда юқорида номлари келтирилган арбоблар — шу «қатлиом» жараёни иштирокчилари ўзлари тарих учун иқрорлик кўрсатсалар ёмон бўлмасди.
Биз эса яна ўз мавзумизга қайтсак…
30.
Шу ўринда Президентнинг Давлат маслаҳатчиси вазифасидан озод қилинган Мавлон Умрзоқовнинг ҳибсга олинишига оид баъзи тафсилотларни ҳам очиқлаш керакка ўхшайди.
Тимур Алимовнинг биз юқорида тилга олган далолатномаларини ўқиган Ислом ака «Закройти его!» деб фатво берган билан, ҳали бевосита ҳибсга олишни амр этмай турган эди. Энди шу «Амр»га асос бўлган иккинчи воқеага тўхталиб ўтсак.
Ўша тонгги ошдан сўнг мен Девонга бориб билганим – Мавлон аканинг ишдан бўшатилгани баробарида у кишининг Сирдарё вилоятига ҳоким ўринбосари қилиб юборилгани ҳам маълум бўлади.
Ўша кундан эътиборан Тимур Алимовга худо беради.
У Мавлон аканинг ўрнига ўтгунига қадар Президентнинг куч ишлатар тизимларини назорат қилиш бўйича Давлат маслаҳатчиси эди. Мавлон Умрзоқовдан дачада ҳақорат эшитган КГБ раиси Ғулом Алиев ҳам хизмат юзасидан қайсидир маънода унга бўйсунарди.
Хуллас, барча аламзадалар бир бўлиб, энди Умрзоқовнинг ўзини ҳақорат ва жаҳолат домига торта бошладилар.
Шундоғам тақдирнинг қаттиқ зарбасига учраган Умрзоқовнинг атрофида тағин қора булутлар тўплана бошлади. Кўп ўтмай бу булутлар тобора қуюқлаша борди. Афсуски Умрзоқовнинг ўзи ҳам ўз оёғи билан ғанимларининг бу тузоғига тобора яқинлашиб кела бошлаган эди.
Хуллас, Президент атрофидаги мулозимлар учун Умрзоқовни Сирдарёга сургун қилиш билан кифояланиб қолиш мумкин эмаслиги аён бўлади.
У Сирдарёга сургун қилингач, вилоят ҳокимининг фан ва маданият ишлари бўйича ўринбосари сифатида Тошкентда тез тез бўлиб турадиган республика йиғишларига мутлақо қатнашмай қўйди. Одатда ҳоким ўринбосарларининг республика йиғилишлари, табиийки, Президент маҳкамасининг рухсати ва кўрсатмаси билан ўтказилиб, унинг натижалари ҳақида албатта Девонга ахборот бериб туриларди.
Умрзоқов қаторасига бир неча йиғинларга қатнашмаганидан кейин: «Нега Умрзоқов кўринмайди?» деган савол кун тартибига чиқади.
Бу савол, биринчи ўринда – Сирдарё вилояти ҳокими Ғулом Ботирович Хасановга берилиш табиий эди. Ғулом Хасанов елкасини қисиб, «Билмайман» — дейди.
«Нега билмайсиз?» — деган саволга эса, «Қандай билай, у ҳеч кимга бўйсунмайди!» — деб жавоб қайтаради…
31.
Шу жавобдан кўп ўтмай Умрзоқов ўз ташаббуси билан меҳнат таътилига кетади.
Отпуска сўраб ёзган аризасини вилоят ҳокимига бераркан, Ғулом Хасанов Умрзоқовга ётиғи билан: «Сизнинг отпускангиз Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган махсус график асосида бўлади, Сиз буни Бош вазир ўринбосари Муҳаммаджон Қорабоев билан келишиб олинг!» — дейди.
— Қорабоев мен билан келишсин, — дейди Умрзоқов отдан тушса ҳам эгардан тушмай.
Сўнг аризасини вилоят ҳокими столига отиб юбориб: «Қорабоев билан ўзингиз келишиб олаверинг!» — деб, ўз ташаббуси билан меҳнат отпускасига чиқиб кетади.
Эртаси кундан бошлаб у вилоятда кўринмайди.
Худди мана шу кунларда кадрлар бўйича янги давлат маслаҳатчисининг: «Умрзоқов қаерда?» деган саволига Ғулом Хасанов елкаси тиришиб: «Тополмаяпман, еру кўкда ҳам йўқ, ишга ҳам чиқмайди» — дейди зарда билан.
Ўша кунлари Умрзоқовнинг ўрнини эгаллаб, Тошкентда кун сайин гуркираб бораётган иккинчи шохдор ҳўкиз – Темур Алимовга худди мана шундай жавоб керак эди.
Умрзоқовнинг еру кўкда йўқлигини янаям қайта ишлаб, тўн кийдириб, шоҳнинг қулоғига жаҳлини обдон даражада қўзғатадиган қилиб етказгач, дарғазаблик остида айтилган Фармони Олий тайёр бўлади:
— Ернинг остидан бўлса ҳам, қулоғидан суғуриб, олиб келиб тиқиб қўйинглар, токи бу бадбахт у ер бу ерда гуллаб юрмасин!
Маълумки, меҳнат таътили тугар тугамас Умрзоқов бир зумлик ширин уйқудан кейин кўзини СНБ нинг ертўласида очганлиги — бу энди алоҳида мавзу бўлади…
32.
Мавлон Умрзоқов Ўзбекистон Олий суди ҳукми билан олти йилга озодликдан маҳрум этилади.
Биз Олий суд маҳкамаси тафсилотлари ва қамоқда ўтган кунларимиз ҳасратлари ва даҳшатлари ҳақида «Подшо эркатойининг саргўзаштлари» нинг яқин кунларда эълон қилинажак учинчи китобида бафуржа ҳикоя қилиш ниятидамиз.
Ҳозир эса мавзудан келиб чиқиб, Мавлон Умрзоқовнинг қамоқдан кейинги аянчли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.
Шу ерда адолат ҳаққи ҳурмати айтишимиз керак: Мавлон акага нисбатан Президент жуда катта ноҳақлик қилди. Бу шу маънодаки, турмадан чиққанидан кейин ҳам — мана салкам йигирма йилдирки, Мавлон ака ҳануз ишсиз — кўчада қолди.
Умуман, бизда жуда ёмон бир одат бор: Кимки ҳақми, ноҳақми раҳбарликдан урилиб, жиноий жавобгарликка тортилса, тамом, у бир умр давлат ва ҳукумат ишидан бадарға қилинади.
Ҳолбуки, амалда турган мулозимлардан бу – жазоланган шўринг қурғурларнинг ўлса – ўлиги ортиқ.
Хўп, Мавлон ака ёмон эди дейлик. Судланди, жазоланди, қамоқ муддатини якунлаб, озодликка чиқди. У озодликка ўз ихтиёри билан эмас, давлат ва ҳукумат тизимидаги қонунчиликка оид норматив ҳужжатлар асосида – Олий суд белгилаган жазо муддатини ўтаганидан сўнггина озод этилди.
Энди у яна олдингидай ўз ҳақ ва ҳуқуқларига эга бўлиши керак эмасми? Ҳамма қатори ишлаш, меҳнат қилиш ва жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига олдингидай фаол аралашиш ва иштирок этиши лозим.
Лекин, минг афсуски, бу бизда мутлақо мумкин эмас…
Майли, ортиқча эҳтиросга берилмай, яна Мавлон Умрзоқовнинг турмадан чиққанидан кейинги аламли ва ситамли ҳаётига назар ташласак…
33.
Шавкат Мирзиёев Жиззахда беш йил – 1996 йилдан 2001 йилгача ҳоким бўлиб ишлади.
Жиззахда ишлаб турганида отаси Миромон ака вафот этди. Унинг жанозаси Зоминда бўлди. Шунда бўлиб ўтган бир воқеани одамлар ҳозиргача гапириб юришади.
Область ҳокимининг биринчи ўринбосари Қаҳҳор ака Ортиқмуродов жанозага келганларни кутиб, келди- кетди қилиб турган. Шунда кутилмаганда бу даврага яқинда қамалиб чиққан Мавлон Умрзоқов билан – Давлат маслаҳатчилигида унга ёрдамчи бўлиб ишлаган Исмоил Шодмонқуловлар потайига келиб қолишган.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлганида майли эди. Энди ишсиз, қамалиб чиқиб, кўчада юрган одамга кимсан — вилоят ҳокимининг отаси жанозасида нима бор?
Хуллас, Мирзиёевнинг кўрсатмаси билан «Жўрабеков келаяпти» деган баҳонада бир пайтлар ўзини раҳбарликка олиб келган, бугун эса кўчада қолган собиқ мулозимдан ҳамроҳи билан таъзияхонани тезда тарк этишлари сўралади…
Дунёда кўрмаган хўрликлари қолмаган Мавлон Умрзоқов бунга ҳам дарҳол кўникади ва ўша заҳотиёқ Зоминни — Мирзиёвлар хонадонини тарк этади…
34.
Шу ўринда яна бир гап: Бу дунё ростдан ҳам қайтар дунё экан.
1993 йил Қўқонда Мирзиёевнинг қайнотаси Маҳмуд ака вафот этади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Аэрофлотининг ўша пайтдаги раҳбари Арслон Рўзметов ажратган махсус «АН 24» самолетида бир гуруҳ мулозимлар Қўқонга – таъзияга боришади.
Мен бу пайтда Ўзбекистон делегацияси сафида Туркияда расмий сафарда эдим.
Ислом Каримовнинг Борис Ельцин таклифига кўра Москвага кетганидан фойдаланиб Мавлон ака ҳам Қўқонга таъзияга бориб, Мирзиёевнинг кўнглини олмоқчи бўлади.
«Тошкент – Қўқон» йўналиши бўйича учган махсус учоқда кўнгилсиз воқеа содир бўлади.
«Ўзбекистон Аэрофлот»и раҳбари Арслон Рўзметов ажратган махсус самолет Ленинобод тоғларига етганида кутилмаганда «Воздушная волна» га тушиб, бир томони қийшайганча, шитоб билан пастлай бошлайди.
— Пастга қарасак, Ленинобод тоғлари. Бу ерга қулаган самолет тугул, унинг ичидагилардан ҳам ҳеч нарса қолмаслиги тайин эди, — деб хотирлайди самолётда бўлганлардан бири. – Тасмаларни тақмаганимиз боис, ҳаммамиз ўриндиқдан пастга қулаб, самолетнинг ичи бир пасда тўс -тўполонга айланди. Ҳамманинг ранги оқариб, ичи ағдар тўнтар бўлиб кетди. Одам бундай пайтда ерга ўтириб олиб, оғзига келган алжабрни айтаверарар экан. Бири дуо ўқияпти, бири калима келтиряпти. Яна бири нимадир деб вайсаяпти. Хуллас, ўлишимизга бир баҳя қолган эди. Ниҳоят, ҳаётдан умидимизни узган бир пайтда, самолёт қулашдан тўхтаб, ўзини тиклай бошлади. Яхшиямки, воздушная волнага тушган самолётни мотори кўтариб, тягаси ушлаб тураркан…
Учувчилар вазиятни хабар қилишган шекилли, Қўқон аэропортида таъзияга борган беш мулозимни бир эмас – бешта «Тез ёрдам» машинаси кутиб олади.
Аэропортда кутиб турган Мирзиёев: «Ака, тирикмисиз?» деб Умрзоқов билан сўрашмоқчи бўлганида Мавлон Бобожонович жаҳл билан: «Қайнотангни ҳам, ўзингни ҳам…Бор, йўқол, кўзимга кўринма!» — деб, қаттиқ сўкиб юборган экан.
Тошкентдан Умрзоқов билан бирга таъзия деб келган Бош вазир ўринбосари Муҳаммаджон Қорабоев, Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Мирзажон Исломовлар самолетдан туша солиб, хайр хушни ҳам насия қилиб, жўнаб қолишган.
Умрзоқов командаси ҳам таъзияни унутиб, Қўқондаги ҳокимият дачасига қараб кетишган…
Этаси куни Қўқон ҳокими Ҳожиқул ака: «Мавлонжон, шунча жойдан келдиларинг, таъзияга бормасанглар, уят бўлади, одамлар нотўғри тушунади» — деб уларни бир амаллаб потайига олиб борган.
Кеча бир ўлимдан қолган меҳмонлар Мирзиёевнинг қайнотасиникида потиҳа ўқиб, сўнг қабристонга ўтишган…
Ўша Қўқон аэропортидаги Умрзоқовнинг сўкишини Мирзиёев унутмаган, шекилли, Зоминга отасининг таъзиясига келган устозидан яхшилаб аламини олган…
35.
Мавлон Умрзоқовнинг энг яхши фазилатларидан бири — унинг самимиятидир.
Эшиги зиёлилар учун доим очиқ эди. У зиёлиларни доим хуш кўрарди. Оиласи шоира бўлгани учунми у ўзининг оилавий турмуш тарзи билан зиёлилар тоифасига мансуб бўлганлиги учун ҳам, у зиёлиларни ўзига яқин тутарди.
Бирор бир катта кичик ёзувчи ва шоир, санъаткор ва айниқса гўзал раққоса қизлар унинг қудратли ишхонаси остонаси олдида бир зум ҳам кутиш нелигини билмасдилар.
Бу орада Зелемхон Ҳайдаров унинг бинетига бир неча бор келиб кетарди: Умрзоқовнинг ёдамчиси Исмоил Шодмонқуловга қараб: «О, Мавлон акангиз ҳалиям бўшамабдику!» деб кулиб, ҳазил мутойиба қиларди. Сўнг:
-Ҳай, бўшаганда келарман, — деб узун коридордан яна ғойиб бўларди.
Мавлон ака эса «зиёлилар» оғушидан ҳадеганда бўшайвермасди…
Шу билан бир қаторда у зиёлилар қатламининг Президентга бўлган хайрихоҳлигини бир қадар мустаҳкамлаган ҳам эди.
Очиғини айтганда, олдин зиёлилар давлат раҳбарига у қадар яқин эмас эди.
Умрзоқов уларни гуруҳ гуруҳ қилиб вилоятларга юборар, бир гуруҳи бу сафарларда ўз ижоди билан мустақиллик мадҳини куйласа, олқишласа, бошқа бир гуруҳи мамлакатда Президент бошқаруви афзалликлари ҳақида, ижтимоий сиёсий маърўзалар билан халқ қалбига мустақкам кўприк солларди.
Масалан бу гуруҳлар ичида шоир ва ёзувчилардан Жуманиёз жабборов, Худойберди Тўхтабоев, Нормурод Нарзуллаев, Жамол Камол, Муҳаммад Али, Пирмат Шермуҳаммедов, санъаткорлардан Ёқуб Аҳмедов, Теша Мўминов, Ортиқ Отажонов, Ғуломжон Ёқубов, Малика Аҳмедова ва бошқалар бўлишарди…
36.
Мавлон Умрзоқов Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлганида бир гуруҳ таниқли ва истеъдодли ижодкорлар давлат ва жамоат ишларига жалб этилди.
Шароф Убайдуллаев, Мамадали Маҳмудов, Омон Матжон, Сафар Остонов, Саъдулла Ҳаким, Маматқул Ҳазратқулов, Усмон Азим, Ўткир Раҳмат, Хайрулло Жўраев, Муҳаммаджон Раҳмонов, Аҳмад Тошхўжаев, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султонов, Ғаффор Ҳотамов, Азим Суюн, Мирзо Кенжабек, Фахриёр ва бошқалар шулар жумласидандир.
Адабиёт ва журналистика вакилларининг юқори давлат лавозимларида ишлаши жамиятда халқ билан раҳбарият алоқаларининг кун сайин яхшиланиб, мустаҳкамланиб боришига мустаҳкам замин яратди.
Шу билан бирга ижодкорлар, зиёлилар, илм аҳли ва дин вакиллари муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари, Шерали Жўраев, Ҳалима Худойбердиева, Нурали Қобул, Карим Баҳриевларнинг республика Олий Кенгашига депутат этиб сайланиши ҳам Мавлон Умрзоқовнинг раҳбарлик даврига тўғри келади…
Суратда: Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича энг қудратли Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов таниқли ўзбек журналистлари Исмат Хушев ва Карим Баҳриев билан…
(Давоми бор)
1 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГLeave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Ismat Xushevni har gal o`qib, mazza qilaman. Asar qanday qilib yakuniga etganini bilmay qolaman. Keyingi 5-10 yilda O`zbekiston oliy doirasidagi siyosiy o`yinlar tahlilini hech kim bu darajada qiziqarli va tushunarli qilib yozmagan. Rahmat! Qo`lingiz dard ko`rmasin!