Муҳаммаджон Обидов: «Дунё ўзбеклари»га Хитойдан мактублар — Еттинчи мақола
Қашқар: ичкаридан назар
Қашқарда шарқона рух, маданият ва табиат уйғунлашган. Эски шаҳарнинг илонизи бўлиб бир-бирига туташган кўчаларидаги кичик-кичик аммо файзли ховлиларида ахил-иноқ, хамиша қувноқ уйғур, ўзбек, қирғиз оилалари яшайди. Намоз вақти азон чақирилганини эшитган эркаклар яқин орадаги масчитларга шошадилар. Улар жуда кўп. Шаҳар марказидаги 10 минг номозхонни сиғдирадиган Ийдгох масчитига бундан 1300 йил аввал асос солиниб, 1442 йилда қайта қурилган. У Осиёдаги энг қадимий исломий масканлардан биридир.
Қашқарга унинг бозорлари ўзгача файз, тароват бахш этади. Бу ерда “жон”дан бошқа сотиладиган барча нарсани топасиз. Бири-бирига туташ чойхона, ошхона олдиларида ширу-шакар мева расталари. Сентябрнинг биринчи ярми – анжир сайли кунлари. Хар қадамда сап-сариқ, бир донаси кафтингизни тўлдирадиган, ширасидан лаб ёпишгудек анжир терилган тоғоралар ёнида ироқи дўппини бурчак қилиб кийган уйғурларнинг “кеп қолунғ, еб қолунғ, арзониға сотаману кетамун” деган хитобини эшитасиз.
Минг йиллар давомида Буюк ипак йўли чоррахасида жойлашгани учун-ми, Қашқарда хунармандлик бағоят ривожланган. Эски шаҳарда кулол, темирчи, дўппидўз, йигчи, мисгарлик, қандолатчилик каби махаллалар ахолиси хануз ноёб халқ санъатини авлоддан-авлодга ўтказиб келмоқда. Бу махалла кўчаларида гўё ўрта асрларга бориб қолгандек сезасиз, ўзингизни. Хамма нарса кўз ўнгизда бажарилиб сўнг сотилади. Қашқарнинг яна бир хунармандлар маркази — Артуш ва Қумдарвоза кўчалари эса хамиша сайёхлар билан гавжум.
— Биз Швециядан келдик. Қашқар дархақиқат Шарқнинг ўзига хос дурдона шаҳарларидан бири экан, — дейди ўзини Роберт Твинсон деб таништирган сайёх. – Очиғи Хитой сафари чоғида бундай манзарани учратишни кутмаган эдим.
Эски шаҳардан сал нари юрсангиз гўё бошқа юртга келгандек бўласиз. Йигирма-ўттиз қаватли осмонўпар бинолар, 25-30 метрли харакат қатори оралиғи гулзор кенг кўчалар, хашаматли, бири бирини такрорламайдиган, замонавий меъморий ечимдаги ойнаванд иншоатлар… Қурилиш кранлари атрофида ўнлаб қудратли техника, автомобиллар харакатда. Одамлар тинмайди. Гўё дастурлаштирилган робот. Хар ким ўз ишини билиб қилаверади. Бу – Қашқарнинг янги шаҳари.
Тарих сахифаларини вароқласангиз Қашқар дунёнинг энг жафокаш худудларидан бири эканига ишонч хосил қиласиз. Уни шоирлар энг гўзал Маликага қиёслаб таърифлаб адашмаганлар. У нақадар гўзал, балки “қулай” шаҳар эди. Шунинг учун ҳам минг йилликлар давомида хонликлар ўртасида талаш бўлган. Уни гох Хитой империяси, гох Турк хоққонлари, гох Муғил истилочилари, хатто Тибет хукмдорлари ҳам босиб олаверганлар ва хамиша қўлдан-қўлга ўтиб юраверган. Сақланиб қолган манбааларда қайд қилинишича, эрамиздан аввалги биринчи асрдаёқ Қашқар Хитойнинг Хан сулоласи бошқаруви таркибида бўлган ва уни Шуле деб атаганлар. Кейинчалик у турклар, қорахитой ва муғиллар ихтиёрига олинган. Ўн тўртинчи асрдан то 1755 йилгача темурийлар давлати таркибида ривожланиб, гуллаб яшнаган. Шу йилдан яна Хитой империясига тобе қилинган. Юз йил ўтиб, 1862 йилда шаҳар ахли хитой бошқарувига қарши қўзғалади ҳамда Муҳаммад Ёқуббек қашқарни Қўқон хонлига таркибидаги вилоят маркази деб эълон қилади. 1933-1934 йилларда Қашқар халқаро хамжамият тан олмаган Шарқий Туркистон Республикаси пойтахтига айлантирилади. 1937 йилда у яна Хитой таркибига қайтган. Бу кўхна шаҳар бугун Шинжон уйғур автоном районининг Қашқар округи марказидир.
Қашқарнинг бундай қисмати аввало унинг жўғрофик қулай жойлашгани, тупроғининг хосилдорлиги, сувга мўллиги, одамларининг иқтидорли ва мехнатсеварлиги туфайли эди.
Қашқарни шимолда Тян-Шан, ғарбда Помир, жанубда Қорақурум тоғлари ўраб туради. Шарқда эса бепоён Токлимакон чўлларига туташ. У Буюк ипак йўлининг марказигина эмас, балки Хитойдан Ўрта Осиё, Европа, Жанубий Осиё давлатларига чиқадиган дарвоза ҳамдир. Карвонлар Қашқарда тўхтаб, дам ва куч олиб сўнг ўрта йўлда Эргаштом довонидан ўтиб Фарғона водийсига, қадим Марғилон, Қўқон, Самарқанд, Бухорони ортда қолдириб Эрон, Туркияга, ундан Европанинг Испаниясигача борган. Бошқа карвон жанубга бурилиб Тошқўрғон орқали Конжирон довонидан ўтиб Покистон, Хиндистонга йўл олган. Ва айни чоғда у ерлардан қайтган карвонлар яна Қашқарда тўхтаб, бир оз тин олиб, сўнг Токлимакон қумларидан оралаб Хитой шарқига юрган.
Қашқарнинг юқори хосилли майин ва узун толали пахтаси (ипак пахта деб хам аталади) хамиша харидоргир бўлган. Хозирга қадар Қашқар Хитойнинг энг кўп пахта етиштирувчи худуди хисобланади.
Қашқарнинг бепаён анор, нок, узумзор боғлари, мағизи катта ва ширин пистазор, бодомзорларини жаннатий боғларга қиёслаганлар, шоирлар. Дарвоқе, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат умрининг сўнгги йилларини шу ерда кечирган ва Қашқар тасарруфидаги Ёркент шаҳрида вафот этган. Унинг мозорини махаллий ахоли зиёратгохлардан бири сифатида эъзозлайдилар. “Девону луғати-турк”ни тузиб қолдирган машхур аждодимиз Махмуд Қошғарий, туркий адабиёт ривожига катта хисса қўшган шоир Юсуф хос Хожиб Қашқар фарзанди эдилар. Ислом тарғиботчиси ва таълимотчиларидан бири Оппоқхонхўжа хазратлари шу ерда умргузаронлик қилганлар.
Шаҳар чети, Кўчан махалласида хашаматли, чорминора, катта гумбазли мақбара бўлиб, у ислом давлатларида ном чиқарган зиёратгохга айланган. Бу мақбара XVII асрда яшаган таниқли уламо Хожимуҳаммад Юсуфхўжа вафотидан сўнг унинг шарафига қурилган. Сўнгра бу ерга унинг катта ўғли Оппоқхонхўжа қўйилган. Хозир мақбара ичида беш авлоднинг 72 вакили қабрлари бор. Улар орасидан Хитой императори Циянлуннинг иккинчи хотини Ифорхон сағанаси жой олган. Айтишларича, Оппоқхонхўжанинг жиян набираси Маймура Азим беқиёс гўзал бўлган ва ундан табиий хушбўй ис таралиб турган. Шундан Маймура Азимга халқ Ифорхон деб исм қўйган. Унинг тарифи императоргача етиб борган ва 1760 йилда Маймура Азим Пекинга олиб кетилади. Тарихчиларнинг қайд этишича, император Ифорхонга ошиқ бўлиб колган. Шунинг учун унга “Шанфий” деб хитойча ном бериб саройнинг бош бекаси қилиб тайинлаган. 1788 йилда, 55 ёшида вафот этган Шанфий хоним жасади унинг васиятига кўра туғилган шаҳри Қашқарга карвон билан олиб келинади ва Оппоқхонхўжа мақбарисига дафн этилади.
Зиёратгох давлат химоясига олинган Шинжондаги ягона мақбарадир.
Қашқарда миллатлараро бағрикенгликни хар қадамда сезасиз. Уйғурлар билан хамжихатликда яшаётган хан, хуэйчи, қирғиз, тожик каби 31 миллат она-тилини, маданиятини сақлаб қолган. Мен шаҳар кўчаларини кезиб бир неча тўй тантаналари гувохи бўлдим. Келин-куёв ўз миллат кийимларида, хофизлар миллий қўшиқларни куйлайдилар, дастурхонда ҳам анъанавий таомлар. Шу паллада Ижтимоий фанлар Академияси профессори Ла Ди Шин билан бўлган учрашувим ёдимга тушди.
— Хитой учун миллий муносабатлар сиёсатини шакллантиришда собиқ Совет Иттифоқининг аянчли “тажриба”си сабоқ бўлди. Биз миллий ва эътиқод бағрикенглиги йўлини танладик. Хитойда яшовчи барча миллат, хох у жуда оз сонли бўлсада, ўз тили, диний эътиқоди, маданиятини сақлаш, қўллаш ва ривожлантириш хуқуқи ҳамда имкониятига эга. Бу Хитойнинг ички сиёсатидаги энг устивор йўналишдир, — деган эди Ла Ди Шин. – Мамлакатда тинчлик, хавфсизлик ва тараққиётга шундай омилсиз эришиб бўлмайди.
Дарвоқе, тараққиёт ҳақида. Қашқарнинг янги шаҳари кун сайин бўй чўзмоқда. “Шинжонга манзилли ёрдам умумхитой дастури”га кўра Янги Қашқардаги мавзеларнинг бирида “Қашқар-Шенчжен” йўлдош шаҳарчаси қурилмоқда. Бу ерда уй жой, савдо марказлари, компания ва фирмалар учун маъмурий бинолар, боғ, сунъий кўл ва сайлгохлар мажмуаси бунёд этиляпти.
— Унга Хитой шарқида ғоят тараққий топган Шенчжен шаҳри ғазнасидан 31 миллиард юан (5 миллиард доллар) маблағ ажратилган, дейди йўлбошчимиз, Қашқар матбуот концелярияси масъул ходими Хан Цзяо.
Янги Қашқар шаҳри марказида “Тараққият” деб номланган иккита минора қурилмоқда.
— Уларнинг баландлиги 58 қават бўлади. Ундан бизнес маркази, меҳмонхона, божсиз савдо зонаси, халқаро конференция заллари, уй-жой ўрин олади, — дейди Хан Цзияо. – Бу эгизак минора янги Қашқарнинг ташриф нишони бўлиб қолади.
Миноралар баландлиги 268 метр бўлиб, унинг қурилишига 6 миллиард юан (960 миллион доллар) маблағ ажратилган.
Янги Қашқар ва халқаро аэропорт ўртасида икки томонлама саккиз қаторли магистрал йўл бунёд этилган. Аэропорт яқинида эса солиқ имтиёзига эга эркин иқтисодий худуд, Осиёдаги энг йирик ихтисослашган бир неча логистик марказлар, божхона хизмати, зарур инфратузилмалар қурилган. Бу иқтисодий худуддаги энг замонавий технологиялар билан жихозланган янги темир йўли станциясидан юк ортган эшалонлар 2016 йилда қуриладиган Қашқар-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли орқали Европа давлатларигача, Қашқар-Исломобод йўналишида эса Покистон ва ундан Хиндистонгача харакат қилади. Қашқардан Афғонистонга йўл очилгач Хирот орқали Эроннинг Форс кўрфазидаги бандаргохларигача етиб бориш лойихалаштирилган.
Божсиз иқтисодиёт худудида хозирнинг ўзида 222 та саноат корхонаси фаолият кўрсатяпти. Биз электр ускуналари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишдик.
— Солиқ имтиёзи туфайли махсулот таннархи арзон. Тежалган маблағга технологияларни янада такомиллаштириш йўли билан ишлаб чиқариш хажмини оширмоқдамиз, — дейишди компютер жихозлари цехи мутахассислари.
Шундай қилиб, Қашқар миллийлик замонавийлик билан уйғунлашган Буюк ипак йўлидаги стратегик шаҳарга айланган.
— Биласизми, Шинжон, жумладан Қашқарда миллий ўзликни сақлаган холдаги жиддий ислохотлар, иқтисодий лойихаларнинг амалга оширилиши ҳамда Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро тенг, икки томонлама фойдали ва истиқболли муносабати геосиёсатнинг айрим корчалонларига ёқмайди, — дейди профессор Ла Ди Шин. – Улар турли йўллар билан чет элга олиб чиққан баъзи уйғур ёшлари онгини захарлаб Шинжонда, Қашқарда экстремистик гурухлар тузмоқчи, бу ердаги барқарорликка тахдид солмоқчи бўладилар. 2008, 2011, 2012 йилларда амалга оширган террористик харакатлари билан қисман мақсадларига эришдилар ҳам. Муҳими шундаки, махаллий ахоли, уйғурларнинг ўзлари бу воқеа ижрочиси ва ортида турганларни қораладилар.
Дарҳақиқат, туб Қашқарлик уйғур, ўзбек, қозоқ ва бошқа миллат вакиллари билан кўча куйда, бозорда, уқув юртида, илмий муассасаларда, оммавий ахборот воситалари тахририятларида кўп ва хўп сухбатлашдик. Улар тинч-тотув ва хамжихатликда яшаш тарафдори.
Биз юқорида ёзганларимиз ҳам балки кимларгадир ёқмас. Аммо кўрган, билган, эшитганларимизни қоғозга туширдик. Бугунги Қашқарни шу тарзда кашф этдик.
Муҳаммаджон Обидов
Тошкент – Пекин – Қашқар
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ