Бугун Тошкентда Ўткиржон Хидиров таваллуд топган кун. Муборакбод этамиз!
Азизларим, ҳамзамонларим! Қадрли ва бетакрорларим!
Барчангизни Оллоҳ ўз инояти ва ҳидояти ила сийлаган муборак ва улуғ айём – Ийд-ул Адҳо – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан қутлайман! Яратган яна кўплаб шундай табаррук байрамларга тинчлик-ҳотиржамлик ва фароғатда етказсин барчамизни!
Руҳимиз, зотимиз, миллатимиз ҳамда мол-у давлатимизни бутунликда сақласин! Қалбларимизга ғайбий илҳом ва ишқ нурини йўлласин! Суйган бандалари қатори Ўзига таваккул этгувчи бандалари иймон ва иродаси мукофот-ажри ила сийласин!
.
ҚУРБОН ҲАЙИТИ
.
Исмоил бош эгди Ҳалилуллоҳга,
Деди: Тангри ҳукми – буюк бир ҳикмат!
Истаса отарди тубсиз ўр – чоҳга,
Ўтда куйдирарди истаса, албат…
.
Шукрки, қурбонлик истади Сиздан!
Деманг: бул – мусибат…
Бу – улуғ байрам!
Ишқни сўрамаслар, ахир, ишқсиздан –
Азиз зотин тутар ёрига одам…
.
Бошни тошга қўйиб бўғзин тутган чоғ,
Пичоқнинг тиғлари нурдай ёйилди.
Табиат зил тортиб ингради: Э-воҳ!
Отанинг қўлида ўғил сўйилди.
.
Неларни ҳис этган шул дам Иброҳим,
Не ғулу титратган танида жонни?!
Сен – шафқат эгаси, қодир Оллоҳим,
Мудом улуғлайсан ғофил инсонни.
.
Жаннатдан бир жонлиқ йўлладинг, ё раб,
Алишдинг бир жонни бошқа бир жонга.
Бешикаст ва тирик ўғлига қараб,
Расулинг қўл чўзди аршинг – осмонга:
.
Ё Раҳмон! То мулкинг сарҳадларида
Авлодлар топаркан ризқу-омонлик,
Бу Ийдни асрагай кўнгил қаърида,
Шаънингга атагай ийди қурбонлик!
.
Не замон айланди, айланди даврон,
Ҳисобдан адашдинг, эй бани башар.
Аммо унутмайсан ул кунни гирён –
Тангри марҳамати кўнглингда яшар.
.
Яратган Эгамга ўшандан буён
Қурбонлик келтирмоқ байрамдир бешак.
Азиз замондошим, шу лаҳза, шу он
Бандалик мақоми бўлсин муборак!
.
Ўткир ХИДИРОВ,
23.09.2015 йил. Соат 19.00.
“Дунё ўзбеклари”дан: Ўткиржон Хидиров ижодини анчадан бўён кузатиб келаман. Унинг шеърларини ўқиганда дилбар Ўзбекистонда кезгандай, қўли очиқ ва дилкаш ватандошлар меҳрини ҳис қилгандай бўламан.
Шу муборак Ҳайит кунларида Ўткиржоннинг яқинлари унинг туғилган кунини нишонлашади. Шу муносабат билан биз ҳам унга олис Канададан бўлса-да, сиҳат саломатлик, бахт саодат ва узоқ умр тилаб қоламиз.
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири.
Торонто шаҳри, Канада
25 сентябрь, 2015 йил.
“СЕНСИЗЛИК”
Янги шеърий тўплам (2015 йил) давоми 3-қисм)
УМР
Яшашни ўргансанг бир устоз топиб!
Ҳеч ҳам адашмасанг қарорларингда.
Таъқиқ китобини қўйсанг -да ёпиб,
Тўйиб гул ҳидласанг баҳорларингда.
Қай гиёҳ қай дардга даволигини
Қушлар айтаверса,
Сен-чи, тушунсанг.
Меҳр бу – жаннатий маъволигини
Билсанг-у камалак мисол олсанг ранг…
Шууринг шеърингда балқса ҳилолдай,
Бани башар унда уқса ўзини.
Шул дам исёнларинг турса шамолдай –
Пуфлаб учирворса армон сўзини.
Фақат бахт куйласа қошингда хушҳол,
Фақат ибодатда ўтса кунларинг.
Меҳнатларинг ҳалол,
Ўзинг ҳам ҳалол,
Ишқдан ором олса ишқсиз тунларинг…
Йўқ, ишқсиз тунларда бўлмайлик хазон,
Мудом шодлик билан дўст бўлсин созинг.
Англаб етдингми ё сўнгги он, эй жон,
Кошки ортга қайтса умр – устозинг…
25. 05. 2002 йил. – 15. 07. 2015 тахрири.
ПАНД
Айтурлар: чин шоир асли кам бўлур,
Мудом кўзида нам, қалбда ғам бўлур.
Қолгани сохтадир , ёки хаваскор,
Ёки шуҳратпараст муттаҳам бўлур…
Буюклик даъвосин қилмагил, бўтам.
Қўйгил, айланмасин ашъорга нолам.
Бир банда туғилди, яшади, ўлди –
Энди шеър бўлдими сенингча шу ҳам!?
15. 07. 2015 йил. Соат 23. 30.
БУКР
Туянинг бели -ю бўйнида букр,
Янтоқ орасига суқавериб бош.
Истасанг ишқ учун лўкиллаб югур –
Бормикан сенда ҳам туяча бардош.
Бир кун аҳмоқ бошдан зерикиб қолар,
Ҳар не-га чўзилган букри бўйинлар.
Билиб қўй, қаригач жонингни олар,
Йигитликда завқли ишқий ўйинлар…
16. 07. 2015 йил. Соат 1. 40.
ЗОТ
Ўзини авлиё санаган, эй зот,
Бунча маломатинг, недан, ҳаётга.
Мен шеър битиб не-ни айладим барбод?
Айтчи, меҳринг йўқми одамизотга!?
Бунча таҳқирлайсан ношуд қавмингни,
Шунчалар комилми илму адабинг.
Айт, қачон йўқотдинг, қайда, шавқингни,
Бунча кибрлидир илмий талабинг.
Ҳеч валий кўрмаган элми ёки бу?
Ё санъат десинми дағаллигингни.
Қишлоқи атайсан хуш кўрса чолғу,
Пулга ўч деб ғашсан шаҳарлигингни…
Уни сотқин дейсан, буни саводсиз,
Сен нима, уларнинг отасимисан?
Бунча энсанг қотиб сўзлайсан тотсиз,
Ё тангри дуч келган подачимисан?!
Мен ҳам эшитгандим валий деганин –
Зуҳд-у ибодатдан кўтармаган бош.
Фақирга кавушин ечиб берганин,
Ялангоёқ, Ҳаққа тўкканин кўзёш.
Тангри ҳукмидадир ер, осмон, қуёш..
Мағфират айлагай кун келиб ўлсанг.
Синиқ табассум-ла бўлардинг дилдош,
Агар сен чинданам авлиё бўлсанг…
17. 07. 2015 йил. Соат 22. 40.
АЛИФБЕ
қизим Мадинага
«Алифбе»дан бошланар умр,
«Алифбе»дан бошланар баҳор.
Саф тортишиб ҳарфлар бирма-бир,
Кўнглимизни айлаймиз изҳор.
Келажакка биздан саломни
“Алифбе”нинг қаноти элтар.
Ватан, иймон ҳақда каломни
Башариятга қолдириб кетар.
Болаликда ичиб илмнинг
Булоғидан тотли шарбатни,
Довруғини таратамиз кенг
Ўзбекистон деган давлатни!
Ўткир ХИДИРОВ
БЕШИККА СУЯНИБ ЎЙ СУРГАН АЁЛ
Кўкнинг ҳилолисан, заминнинг гули,
Қанчалар мушфиқсан, қанчалар ҳалол!
Сен – бани башарнинг талпинар йўли –
Бешикка суяниб ўй сурган аёл.
Ҳадик -ҳавотирдан озурда жонинг,
Дунёга дунёлик келмасин малол.
Бўй етиб болажон, бўлсин посбонинг,
Бешикка суяниб ўй сурган аёл.
Бунчалар суюмли, бунчалар ширин,
Қисмат ҳозирлапти унга не камол!?
Зуррёдинг кўзида не сир яширин,
Бешикка суяниб ўй сурган аёл!?
Сенга боқсам, онам тушар ёдимга,
Мунису муштипар, фаришта мисол.
Мен уни соғинсам, боқ фарёдимга,
Бешикка суяниб ўй сурган аёл.
Асли, дунё – бешик, биз бир гўдакмиз,
Мангу аллалайди орзу ва хаёл.
Қара, таъзимингда турган эркакмиз,
Бешикка суяниб ўй сурган аёл.
2.08.2015. соат 16.00.
ДУНЁ ДУНЁ БЎЛДИ..
Дунё дунё бўлди.. Дунё хор бўлди –
Бизни севмаганлар бизга ёр бўлди…
Лабларида ханда, кўзларда қайғу,
Айрилиқ куйига интизор бўлди.
Қоронғу тунлардан нур топдик десак,
Қуёшли кунларда ҳам ғубор бўлди.
Йўқ эди ошиқни бундоқ хўрламак –
Маъшуқалар васли… бу ҳам бор бўлди.
Севгисиз ва ишқсиз боғлади ришта,
Эҳтирос отига ул сувор бўлди.
Биз шодлик изласак нигоҳларидан,
Кўнглимиз тубига ғамгусор бўлди.
Гар иззат истасак муҳаббатидан,
Ул лаззат тотига чунон зор бўлди.
Бизни севмаганлар ёр бўлиб бизга,
Бизни севганларга, Ўткир, ор бўлди.
2.08. 2015. йил. соат 21.20.
РАДДИЯ
Сарсон-у саргардон, боқ, бир мен эмас.
Барча дилхаста-ю, соғ бир мен эмас.
Ҳар ён – синоат, жумбоқ бир мен эмас,
Ичи қора, сирти оқ бир мен эмас…
Ҳосият қопламиш қийшиқ оғизни,
Мазасин тушунмас ҳар ким мағизни,
Бойликка не етсин!? Гар ялмоғизни
Менгзаб алқаган деб: Моҳ! – Бир мен эмас..
Кексалик изимиз пойлаган ёвдир,
Ёлғизлик унданам абжир ялқовдир.
Дарди пистирмаси бунга гаровдир –
Гоҳ ўлиб, тирилган гоҳ – бир мен эмас…
Кимгадир ҳиёнат – буюк фожиа.
Кимгадир адирдан тушмоқдир қия.
Кафаним четига чизманг ҳошия –
Қабртошдан унган тоғ бир мен эмас.
Мен – далли девона, сиз – аҳли дониш… –
Азиза, маҳбуба, асали, жониш!
Осонмас бу ширин тушдан уйғониш…
Хушни йўқотган, эй -воҳ… бир мен эмас.
10-12.08.2015 йил. соат 18.25.
ТИЛАК
Шундай дардга йўлиқинг сиз ҳам…
Тўйманг улкан бахтларга, эркам!
Балки бизга нималардир кам –
Балки ҳузур бергусидир ғам…
Гоҳ орзулар ёруғ туюлар,
Гоҳи сурур нурдай қўйилар.
Биз-чун танҳо ҳилол куюнар –
Атрофига шамлар айлаб жам.
Хаста армон либосин ечиб,
Аста соғинч шаробин ичиб
Ва илоҳий севгидан кечиб
Ёдда қолинг урён, мусаллам…
Ҳаргиз яшаб шармисор, гирён –
Кўнгил – бир ён, истаклар – бир ён,
Яшайверинг боқиб нигорон,
Севги сажда айлаган санам.
Сўнг ўшанда чорланг сиз уни –
Изтиробни, ҳасрат – қайғуни.
Бу –
Сиз ўлдирган шодликнинг хуни,
Ва мен ичган абадий қасам.
8-12.08.2015. сооат 19.00.
СИЗ БИЛАН БИЗГА ЭМАС
Севгининг тотли азоби
Сиз билан бизга эмас.
Дийдорнинг гўзал сароби
Сиз билан бизга эмас.
Ва на ҳижрон шарафлидир,
На соғинч тарафлидир.
Толеъ – тож садафлидир…
Сиз билан бизга эмас.
Ўртаниб отар оқ тонглар,
Шудринглар урар бонглар.
Фараҳга тўлган замонлар
Сиз билан бизга эмас.
Биздаги оташ юраклар
Алвондек чўғ чечаклар.
Охири обод эртаклар
Сиз билан бизга эмас.
Не дердим, ишқ уқболари –
Орзудан тақволари.
Ўткир-у ҳам Зуҳролари
Сиз билан бизга эмас…
13.08.2015 йил. соат 19.40.
АСЛИ МАН
Асли ман бегонаман, девонаман,
Сан билан овораман, парвонаман.
Эй, санам, дилпораман, гирёнаман –
Қайданам ошиқманам, сарсонаман.
Асли ман кўйингда бир бардошманам,
(Пок айлаб остонангни фаррошманам.)
Пок айлаб ёноғингни кўзёшманам.
Хар чечак бирлан нечук сирдошманам…
Сир недир?! Ундан зиёд дилдошманам.
Асли ман ишқ элининг султониман –
Сан магар хонзодаси, ман хониман.
Сан магар жононаси, ман жониман…
Нотиғ-у ҳам шоири бийрониман.
Асли ман бир майсаман мажоли йўқ.
Қақшаган Қўқонингман шамоли йўқ.
Сан-ки, ёр, на заҳри-ю, на боли йўқ.
Ман – ҳазон, заволи бор, уволи йўқ.
Асли ман ҳам сан каби беихтиер…
Оҳ урар ҳар томирим мислики тор.
Кел, менинг руҳимга кир, эй, шаҳсувор,
Ўткиринг йўқ бўлса, Сан бўл мангу бор!
21. 08. 2015.
ИСЁНКОР
Нималар дедим-а сенга, азизам,
Нималар деяпман ҳали ҳам гангиб!?
Дўстлар, қанот қоқсам айтдилар: зам-зам!
Ёвлар иягимни қўйдилар танғиб…
Оби равон каби тиниқ руҳимни
Дунё лойқалатди зеб-у зар ила.
Вужудинг келтирар мудом суқимни –
Тангридан хуснингга омонлик тила.
Ўжар бу оломон, жоҳил оломон…
Унга кучим етмас, нафасим етмас.
Ҳамон қўлида тош, дилда кин ҳамон,
Ўзидек эмасга нафрати битмас…
Улар ўлим билан ўйнашган мени,
Ишратда айблашар, исёнда, буткул.
Айтгил, ажал билан қовушиб энди
Бўлдим шайтонгами ё Раҳмонга қул!?
На ишқим англадинг, на рашким пинҳон…
Руҳим – остонангда чанг артган мато.
Майли, тушунмагин, айла тошбўрон –
Худодан қизғондим севгини ҳатто!
24.08.2015 йил. Соат 21.45.
ЖАҲАННАМ ЎТИ
Тунда кўзинг билан кетдим тўқнашиб –
Гуриллаган олов, ловуллаган чўғ.
Лавийлар тўкилди кўксимга тошиб,
Яхшиси, уйқумда ўлдир… шартта бўғ!
Мен бундоқ ғазабдан қўрққум ҳамиша…
Ахир азобларга қандоқ розиман!?
Қалбим – чатнаб кетган биллурий шиша!
Алдовлар юртининг фуқаросиман.
Сен ҳам сўйламагил энди ростини,
Зериксанг, ўзимдан зериккин, жоним.
Кўзларинг олмасин тундан қасдини,
Ҳамон сеҳрлидир дилим – фурқоним…
Аянчли аҳволим кўрмасанг дейман,
Ё Худо суймаган бандаманми, айт?!
Ногоҳ кипригингга қўнган чангдай ман –
Қақнус шарафига битилган бир байт.
Ёнмоқдан қўрқаман, куйиб кетмоқдан…
Жаҳаннам ўтидан чиқсайдим омон.
Сен бундоқ қарама бегона ёқдан,
Ҳозир ҳолим ёмон… қуёшим, ёмон.
24.08.2015 йил. соат 23.00.
КУЗГИ ВИДО
Хазонлар қоплади ўриндикларни…
Қоплади йўлларни маҳзун сариқлик.
Пайконига солиб тилло ўқларни,
Ғалвир – булутларга сунди ёруғлик.
Дарахтлар…
Дарахтлар ҳали ҳам тирик.
Сир кўчмас улардан, бўёқлар кўчмас.
Дунё, сендан кўра бу руҳим йирик.
Сен мендан ўчарсан, сўзларим ўчмас.
Ҳар қалбга,
Ҳар кўзга кетарман сингиб,
Жавдираб боқарман сўнгра ортингдан.
Мен – қодир паҳлавон,
Баҳорни енгиб
Қайтяпман совутим судралиб жангдан.
Бу хазон эмасдир, бу – менинг қоним.
Дарахтлар тобутим бўлгайдир бешак!
Майсалар – қуёшга тутган қалқоним,
Зафар заъфарон туғ тутмишдир, демак.
Сен бунда ўлтириб хотирлаб бизни.
Майли, сигарета ёқиб тутатгил.
Бизнинг туроблардан туғилган қизнинг
Рўмолчаси қизил, кўйлаги яшил…
25.08.2015 йил. соат 13.50.
ДИЙДОР
Бу баҳор айёми мангу алмашган,
Такрор -такрор қайтган ҳар сафар ўзга.
Асли туйғуларда башар чалкашган:
Заволни менгзаган заъфарон кузга.
Ё Тангрим, мўъжиза яратгучи сен!
Етти ранг, етти ҳишт-беҳишт ҳам сенинг.
Баҳорни соғиниб яшаяпман мен,
Куздек товланади ҳисларим менинг…
29.08.2015 йил. соат 21.00.
ТУҒЁН
Димоғимга атринг ногоҳ урилгандек…
Имиллайди соат ортга сурилгандек,
Лабларингда гўё анор ёрилгандек.
Олам асли сенинг учун қурилгандек.
Радди хумор айлаб маъюс нигоҳингни,
Олов ила ол этурсан ёноғингни.
Мусофири бўлиб мискин, фироғингни,
Дард чекарман тасвир айлаб дудоғингни.
Икки жаҳон бизга ғаним, икки жаҳон!
Ломаконмиз танида жон, руҳи равон.
Ором қочди биздан нечун, қайга, қачон!? –
Роз айтгали энди кечми, моҳитобон?
Ошиқман деб оҳлар урмоқ урфда эмас,
Маъзур тутгил, нечук қалбинг қулфда эмас!?…
29.08.2015 йил. Соат 22.50.
ТУҒИЛИШ
Ишқ туғилди…
Чечак очди ишқ.
Шууримда уйғонди ҳайрат.
Алланечук илиқ келди қиш,
Томиримда жўш урди ғайрат.
Рангин-рангин дунёларни ҳам
Кўрдим ишқнинг йўргакларида.
Камалакнинг айлаганин жам
Туйғуларни осмон бағрида.
Келмаганди ҳеч ҳам яшагим
Бундай завқли, бундай шукуҳли!
Ёйиб ерга бахмал тўшагим,
Уфққа боққум ложувард руҳли…
Мен бахтлиман! Бахтиёрман мен!
Кўнглим баҳор билан қовушди.
Тун – чимилдиқ, келинчаксан сен –
Бойчечагим, рўмолинг тушди…
Воя етсин, камол топсин ишқ,
Баҳорим бор, қишим йўқ мани.
Магар толеъ шундоқ кулганмиш,
Ўлим билан ишим йўқ мани!
25.08.2015 йил. соат 23.45.
МУСТАҚИЛЛИК КУНИ
Юрт мустақиллиги бебаҳо зийнат,
Бошда тож эрур-ки, бахтингиз кулсин!
Бугун барчамизга, эй аҳли миллат,
Мустақиллик куни муборак бўлсин!
31.08.2015.
БИРИНЧИ ЁР
Наҳот унутгансиз биринчи қорни?
Биринчи қорхат бу дили изҳорми?
Биринчи севгига кўнгил хуморми –
Юзлари баҳорми биринчи ёрни?!
Сизга ишқ дафтарин илк бора очган,
Оромни ўғирлаб оҳудек қочган,
Дунёга гўзаллик завқини сочган,
Сўзлари ашъорми биринчи ёрни?!
Ким у, настаринми ёки нилуфар,
Кўзлари қуралай ва ёки ҳулкар?!
Аёзлар қўйнида кезиб саросар,
Соғинганлар борми биринчи ёрни?
Мен қорга бурканган чўққиман шу пайт,
Мудом кўксида ғам, дилида бир байт.
Эй шамол, эй булут, эй само, сен айт –
Ишқи беқарорми биринчи ёрни!?
Йиллар ўтаверди, ҳислар олди тин,
Тақдирга кўнсак-да ҳузурбахш, сокин,
Азоб бераверар илк севги лекин,
Исми ё Озорми биринчи ёрни!?
26.09.2014 – 1.09.2015. соат 11.20.
МУСАВВИР
Нечун дил шаклини чизмадинг, синглим,
Умр шоҳ асарин яратадир ким?
Расм бу ё суврат, тураверма жим,
Жажжи юрагингга тутқаз қаламим.
Армон манзарасин чизарсан қандай?
Ҳазин туйғуларни қай рангда бўяй?
Оқ- қора тасвирнинг манзилидир қай?
Надомат турибдир лой чаплашга шай…
Негадир кўзингда андуҳлар ёши –
Умиднинг сўндими порлоқ қуёши?!
Рассоми ўзингсан ишқнинг – наққоши…
Жами бахтсизларнинг бахтли дилдоши.
Азалдан инсоннинг моҳияти шу –
Ҳаётга ранг қўшмоқ, юракка ёғду.
Оҳанг бер умрга – мазмун ва чолғу,
Ниҳоят, яшарсан севгингда мангу.
Нега дил шаклини чизмадинг, синглим?..
01.09.2015 йил. Соат 13.00.
ТУРК ҚЎШИҒИ…
Сени деб.. сени деб ақлдан оздим…
Сени деб шоирдай шеър ёздим.
Сасларинг ёқади дилимга…
Қайдан сен чиқдинг йўлимга!?
Кулгуларинг айлар ҳолим паришон,
Севаман! Севаман.. ишон!
Сени деб гулларга дўстман,
Қизғонма.
СУД
Ногаҳон
Мен сени йўлдан урибман –
Адам жари узра бир уй қурибман.
Туйнугини Сирот тараф бурибман..
Энди
Нима дейишниям билмай турибман…
ДИАГНОСТИКА
Ўтин ўт бўлмагай балки, тутунсиз,
Чилёсин ўқилгай, балки, отинсиз,
Зикр бўлмагандай фикр – ботинсиз,
Йигит эр бўлмагай, билинг, хотинсиз.
МАНЗАРА
Ўйинқароқ шуъла, фитнакор нурлар…
Мисли тутқич бермас қасоскор ҳурлар.
Жаннатда жонига тегиб ҳузурлар,
Келиб туйнугимдан пардани хўрлар…
ОРТИҚ
Бугун кечагидан тахтлироқман мен,
Демасман, шу қадар бахтлироқман мен.
Сен аҳдда собит-у, шаҳдлироқман мен –
Боқ, сендан неча йил вақтлироқман мен!?..
АЛАМ
Сени қарғамайман.
Қасд ҳам қилмайман.
Сен кетиб бу йўлдан, мен ҳам келмайман.
Яшамам сен билан оввора бўлиб,
Аммо не-ла бандман, ўзим билмайман!
РОЗИЛИК
Бир гўзал…
Бир мунис кечаларингда
Бахтнинг болишига бошингни қўйиб…
Сен ҳам хаёл сургил мастлиг-у мунгда.
Сўнг тўйиб йиғлагил, туш кўргил тўйиб…
Ретро…
Кўзларингга юлдуз тақиблар
Ўтдинг жону-ёнимдан, афсус…
Ҳажрингда ҳам топдим рақиблар –
Сен буларни билмайсан, Дилфуз…
ЁДИМДАСАН ХАЁЛИМДАСАН
Қизғалдоғим, алвонёноғим,
Кетиб мендан, шул дам кимдасан!?
Орзу ила битмас чанқоғим –
Ёдимдасан, хаёлимдасан…
Шудрингларни ичайлик бирга,
Сойир тушиб тоғлару қирга,
Кўмилайлик тоабад сирга –
Ёдимдасан, хаёлимдасан.
Кел, завқ ила боқиб ҳайратда,
Бахт туяйлик неча минг марта.
Гар воз кечсак севгидан шартта…
Ёдимдасан, хаёлимдасан.
Аммо севги.. бу – дард, бу – ғулу…
Бир йўлиққан, қутулмас мангу.
Қўй, дилимга солмагил қутқу –
Ёдимдасан, хаёлимдасан.
Ёнимда йўқ, ҳаётимда йўқ,
Бир чечаксан – баётимда йўқ…
Айбламагил – гуноҳ кимда йўқ?!
Ёдимдасан, хаёлимдасан.
02.09.2015 йил. Соат 20.20.
МЕНИНГ МЕНИНГМАСИМ
Менинг менингмасим, бойчечаккинам!
Ёлғон дунёлардан ўтяпмиз биз ҳам.
Аммо сен мўъжиза, шодлик чинакам.
Муҳаббат эса – ғам, муҳаббат – алам…
Менинг менингмасим, бойчечаккинам.
Кеча қорлар кураб, йўлаклар очиб,
Мунис баҳорларни кутгандик шошиб.
Келдингми айрилиқ бағридан қочиб,
Аёзларда мағрур қад тутган санам –
Менинг менингмасим, бойчечаккинам?!
Севгилимга тутсам, ё, титрармисан,
Олис соғинчларни хотирлармисан?
Ишқим қулоғига шивирлармисан?
Сен менинг дилимнинг тилмочи – эркам,
Менинг менингмасим, бойчечаккинам.
Нима дей, ёндиму, кул бўлдим, дейми,
Яна кўзёшингдан ҳўл бўлдим, дейми?
Ифорин ел ютган гул бўлдим дейми,
Кошки кимлигимни ўзим ҳам билсам…
Менинг менингмасим, бойчечаккинам?!
Муҳаббат нимадир?! Муҳаббат – алам.
Қара, севгилим ҳам чекмоқдадир ғам.
Сен уни шод айла менинг учун ҳам,
Ёлғон дунёлардан топган гулгинам –
Менинг менингмасим, бойчечаккинам!
ЁШЛИКДА СЕВИШГАН
Улғайиб танидик гулларни,
Совурдик ифорсиз йилларни.
Топдик кўп суюмли дилларни –
Ёшликда севишган бошқача.
Олислаб борадир у кунлар,
Ҳуркак қиз ўйнатган ўйинлар –
Шамоллар, ёнғинлар, қуюнлар…
Ёшликда севишган бошқача.
Баҳорни беқарор билган чоқ,
Гул ёноқ, шўх нигоҳ, ол дудоқ,
Қайтарми илк бўса, илк титроқ!?
Ёшликда севишган бошқача.
Дунём йўқ сенингсиз, йўқ ҳаёт,
Азизам, кел, бунда қоқ қанот!
Бу қалбим – нур тўла коинот,
Ёшликда севишган бошқача.
Боқ, қушчам, кўкдаги моҳ бўлдик,
Муҳаббат юртига шоҳ бўлдик.
Кимларга энди дард, оҳ бўлдик?
Ёшликда севишган бошқача.
13.09.2015 йил. соат 23.50.
БАХТ ЮЛДУЗИ
Шаҳло, Шаҳлогинам, шаҳлокўз дилбар….
Сасларинг сеҳрли, нафасинг нафис…
Тақдир йиғлатди деб ўксима баттар,
Ҳали бахт дегани кулади илкис.
Хоразм…
Балиғин соғинаман мен,
Тотини соғиндим туз-у кузларин.
Ногоҳ дийдорига чоғланаман мен
Хумор кўзлари-ю, зебо юзларин…
Тошкентда муҳаббат топиб, йўқотдим.
Йўқотдим йўлимни масрур дамларда.
Айрилиқ дилимда оғриқ уйғотди,
Ўргатди шодликни топмоқ, ғамларда.
Дунёга теранроқ бошлайсан қараб,
Бахтсизликда, жоним, чорасизликда.
Кўзгу қаршисида шул дам соч тараб,
Яшаётган сенми мангу музликда!?
Қайғули шоиринг мунгли сўзини
Битса сенга атаб аста қучгандай,
Ажабмас, қайдадир бахт юлдузини
Яшнатиб юборсанг ўчакишгандай…
12.09.2015. 21.30.
