"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Муҳаммаджон Обидов: Хитойдан мактублар. Бешинчи мақола.

Дунё, Сафар таассуротлари..., Ўзбекистон | 23/09/2015 00:32-     12236 марта ўқилди

Муҳаммаджон Обидов: Хитойдан мактублар.

                 5-мақола.

шинжон 2

 

Шинжон: тараққиёт ва миллатлараро бағрикенглик 

Шинжон Хитойнинг Ғарбдаги дарвозаси ва мухим стратегик аҳамиятга эга бўлган худудидир. Хитой тарихчиларининг қайд этишича, эрамиздан аввалги 60-йилларда бу ерлар Сиюй деб аталган ва илк бор Ханлар сулоласи давлат бошқаруви  тобелигига ўтган.

Бугунги Шинжон 1,6 миллион квадрат километр майдонни эгаллайди. Бу умумхитой худудининг олтидан бир қисмига тўғри келади. Осиё ва Еропанинг саккизта давлати билан чегарадош. Шинжонда 57 миллат ва элат вакиллари бўлган 23 миллион аҳоли яшайди. Унинг 13 таси 2-3 минг йиллик тарихга эга маҳаллий халқ бўлиб, ҳозирда миллий камчиликни ташкил этади. Булар уйғур, хан, қозоқ, хуэй, қирғиз, мўғул, мангжур, сибо, ўзбек, татар ва бошқалардир. Улар ўз тили, маданияти, урф-одатини сақлаб қолган ва айни чоқда бошқа миллат вакиллари билан ҳамжиҳатликда яшамоқда.

 

Шинжон шаҳар-қишлоқларини кезар экансиз, бир кўчада будда ибодатхонаси билан исломий масчитлар, христиан черковларини учратасиз. Дин давлатдан ажратилган. Диний эътиқод эркин. Мен ҳатто Урумчи масчитларидан бирида намоз ўқиётган хитой миллатига мансуб мусулмонни кўрдим. Умуман, Шинжонда 2300 дан зиёд масчит расман фаолият юритаётгани ҳам Хитойдаги диний бағрикенгликни кўрсатади.

Шинжонда хизмат сафари билан 1996 йилда бўлган эдим. Ўшанда Урумчи кўчалари тор, уйлари асосан бир-икки қаватли, йўл бўйида савдо расталари-ю, машхур уйғур ошхоналари жойлашган эди. Ўшанда мен Қорамой нефт кони ва уни қайта  ишлаш заводига бордим. Йўл-йўлакай  ўнлаб кичик шаҳар-қишлоқларни босиб ўтдим. Пленка остида пахта етиштираётган деҳқонлар тажрибаси ҳақида телерепортажлар тайёрладим. Очиғи, халқ турмуш шароитида кўплаб етишмовчиликлар бор эди.

шинжон 1

Салкам йигирма йил ўтиб мен кўрган Шинжон  бутунлай бошқача қиёфа касб этган. Урумчини умуман таниб бўлмайди. Кенг, тўрт бўлакда 6-8 қаторли кўчалар, чорраҳаларда 2-4 қаватли кўприклар, 30-50 қаватли ойнаванд миноралар, улкан савдо мажмуалари… Ҳамма қаергадир шошади. Халқнинг табиатида ҳам ишбилармонлик, вақтни қадрлаш каби фазилатларни сезасан. Буларнинг ҳаммаси мамлакатдаги иқтисодий тараққиёт, одамларнинг турмуш тарзига янгича ёндошуви ва онгидаги  ўзгаришлар натижаси эди.

 

2014 йил якунига кўра Шинжонда ялпи ички махсулот ҳажми 10 фоизга  ўсиб, 920 миллиард юань (150 миллиард АҚШ доллари) га тенг бўлган. Шинжон Хитойнинг энг тезюрар (соатига 300 км дан юқори) поездлар қатнови тизимига қўшилиши натижасида товар айланмаси кескин кўпайиб, йиллик экспорт ҳажми 27,6 миллиард долларга етган. Ташқи савдо ҳажми 100 миллион доллардан юқори бўлган 65 та корхона борлиги Шинжон иқтисодиёти юксалиш сари дадил одимлаётганидан далолатдир.

Шинжонда сўнгги йигирма йиллик кўрсаткичлар орасида ер билан осмонча фарқ қандай қилиб юзага келди?

шинжон 4

–  Мамлакат ғарбидаги Қиндао, Шанҳай, Гуанджо каби ҳудудлар жуда тез ривожланиб кетди. Бунинг сабабларидан бири улар денгиз бўйида эканидир. Шинжон эса қитъадаги денгиздан энг узоқ минтақа, – дейди ШУАР (Шинжон-уйғур автоном райони) ҳукуматининг матбуот концелярияси раиси Ли Сюе Цзюнь. – Хитой ҳукумати шунинг учун ҳам Шинжонни ривожлантириш учун 2010-2020 йилларга мўлжалланган махсус Давлат Дастури қабул қилди. Унга кўра беш йўналиш белгиланиб, Шинжонда дунёнинг итстиқболли меёрларига жавоб берадиган транспорт тузилмалари, савдо ва логистика, молия, маданият, фан ва таълим, тиббий хизмат марказларини яратиш устида жуда ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

 

Дарҳақиқат, шундай. Ўн йил ичида беш йўналишдаги 346 та лойиҳа бўйича 3,06 триллион юань (480 миллиард доллар) маблағ ўзлаштирилиши лозим. Биз нафақат пойтахт Урумчи, балки Қашқар, Санджи ва бошқа шаҳарларда, олис районларда ҳам дастур ижросини кўрдик. Бундай асрий лойиҳаларга аввало маблағ керак бўлсада, аслида у кифоя эмасди. Хитой раҳбарияти мамлакат шарқидаги ривожланган маъмурий провинция, саноат марказлари ва йирик сармоядор тадбиркорларга Шинжонда амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳаларни бириктирган. Биз ҳатто Қашқарда эски шаҳарга туташ майдонларда “Қашқар-Шенжен” райони қурилаётганини кўрдик. “Қашқар-Шанҳай”, “Қашқар-Гуанджо” каби районлар ҳам унга туташ эди. Шинжонни бутун Хитой қайта қуриб ривожлантиряпти. Ғарбдан нафақат маблағ, балки илмий мауссасалар, олимлар, мутахассислар сафарбар қилинган бу ерга. Қурилиш ишига эса Шинжоннинг барча ҳудудларидаги ёшларни жалб этганлар.

шинжон 7

– Шинжондаги 43,6 минг оиалада унинг аъзоларидан бирон-бир киши ҳам ишламаслиги аниқланган эди. Ҳозирга келиб бундай биронта ҳам оила қолмади. 2014 йилнинг ўзида Шинжонда 50 мингдан зиёд янги ишчи ўринлари яратилди, – дейди Ли Сюе Цзюнь. – Мақсадимиз тараққиёт ҳар бир оилага бахтли ҳаёт келтирсин.

Шинжонни ривожлантириш дастурида бу ўлка ёшларига замонавий таълим беришга алоҳида эътибор қаратилган.

– Мен шаҳардан қирқ чақирим наридаги қишлоқларнинг бирида яшардим. Мактабда ўрта таълимни олгач синов суҳбатида иштирок этдим ва бошқа тенгдошларим қатори Сиан Унисервитетига қабул қилиндим, –  дейди Қашқарлик Қадрия. – Олий маълумот олгач ҳозир инглиз тили таржимони бўлиб ишлаяпман. Турмуш ўртоғим ҳам мактабда чет тилида дарс беради.

Шинжонда яшайдиган маҳаллий халқ вакилларини Хитой ғарби, жануби ва марказидаги ўттиздан зиёд университетларга имтиёзли равишда қабул қилиб энг замонавий касбларга ўқитмоқдалар.

–  Айнан улар Шинжон ичкарисида ижтимоий даражани юксалтиришга ҳисса қўшишларига умидвормиз, – дейди ШУАР тараққиёт ва ислоҳот Давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Ган Чанчун. – Аслида биз ишни қуйидан бошлаганмиз. Масалан, мактабгача тарбия муассасаларига шу ёшдаги болаларнинг 89 фоизи жалб қилинган. Бу ривожланган мамлакатлардаги кўрсаткичдан кам эмас. Турмуш шароитини яхшилаш учун чет шаҳар, қишлоқларда ягона лойиҳадаги уйлар қурилиб аҳоли яшаш янги марказлари, шаҳарчалар пайдо бўлаяпти. Бу уй ҳаражатининг 30 фоизини давлат бюджетидан қоплаяпмиз

шинжон

Мен Қашқар кўчаларини кезиб юрган чоғимда хонадонларнинг бири эшигини қоқдим. Эллик ёшлардаги чеҳраси очиққина аёл чиқди. Ўзимни таништирдим. Қўярда-қўймай ичкарига таклиф қилди. Чоғроқ бўлсада тоза ва ораста ҳовли. Айвонга нақшинкор устун ва безакли  пештоқ ўзгача чирой бериб турибди.

– Беш фарзандим бор, учтаси ўғил, – дейди Мухлича опа. – Хукумат ёрдам берди, уйимизни қайта қурдик. Икки ўғлимга уй солдик. Уларнинг ҳаражатига ҳам давлат қарашди. Келинлар, фарзандларнинг ҳаммаси ишли. Тинчликка нима етсин. Илоҳим дунёмиз тинч бўлсин.

Мухлича опа уйғурлар эмин-эркин яшаши, диний эътиқодда ҳам, миллий урф-одатда ҳам ҳеч қандай тазйиқ йўқлигини айтиб ҳаётдан хурсандлигини билдирди.

Шинжон телевидениеси 15 та каналда 4 та тилда кўрсатувлар тарқатмоқда. Радиоэшиттиришлар эса 5 та тилда 12 та каналда олиб борилади. Уйғур тилидаги газеталар тарихий        ёзувида оммавий адад билан босиляпти. Амалдаги қонунларга кўра Шинжон мактаблари ва олий ўқув юртларида икки тилда, маҳаллий халқ ва хитой тилларида ўқитади.

шинжон 3

– Бизнинг 1-каналда кунига 18 соат кўрсатув уйғур тилида берилади. Бундан ташқари бир марта умумхитой телевидениеси информацион дастурини таржима қилиб намойиш қиламиз, – дейди Шинжон телевидениесининг машхур журналистларидан бири Гулрабо Одил.

Мен Урумчи, Қашқар, Санджида кўплаб маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашдим. Барчаси ҳаётидан мамнун. Пекиннинг Тянанмэн майдонида сайр қилиб юриб иттифоқо шинжонлик ёшлар билан учрашиб қолдим.

– Информацион технологиялар йўналшиида илмий иш олиб боряпман, – дейди ўзини Юсуф Умар деб таништирган йигит. – Пекин университетининг ўзида Шинжондан келган яна 60 га яқин мен каби тадқиқотчилар бор.

Хитойнинг Шинжон Давлат Дастурида яна бир жиҳат бор.

– Биз барча миллат халқлари бирдек ривожланиши тарафдоримиз, – дейди Ган Чанчун. – Амалга оширилаётган лойиҳалар уларнинг  ҳаёт тарзини юксалтиришга қаратилган.

шинжон 6

Биз ушбу мақола билан Шинжонни “бахтиёрлик ороли”га қиёсламоқчи эмасмиз. Ҳали унинг ўзига хос муаммолари бор. Аҳёнда бўлсада диний экстремистик гуруҳлар, турли оқим вакиллари ўзларини “кўрсатиб” қўядилар. Бундай гуруҳлар Шинжонда ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлаётгани йўқ. Уларни молиявий таъминлаб турган ва ғоявий раҳнамолари ким? Нега Афғонистон толибонлари ва Исломий Давлат жангарилари орасига уйғур ёшлари бориб қоляпти? Шинжонда миллатлараро низо қўзғамоқчи бўлаётган баъзи ҳорижий оммавий ахборот воситалари ортида аслида кимлар турибди? Бу масалаларга Хитойда, унинг кўп миллатли Шинжонида ғоят эҳтиёткорлик билан ёндошилмоқда. Муаммоларни халқпарвар ва бағрикенглик борасидаги амалий ишлар таъсирида бартараф этишга эришяптилар.

Шинжон Хитойнинг Буюк ипак йўлидаги Европа, Ғарбий, Марказий ва Жанубий Осиёга очиқ дарвозасидир. 2016 йилда Хитой-Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланади. Ҳозир Қашқардан  Помирнинг музли чўққилари пойидан ўтиб Тожикистонгача катта халқаро йўл очиляпти. Қашқардан Покистоннинг Исломободига халқаро автотрасса орқали қатновлар бошланган. Энди бу икки шаҳарни боғловчи темир йўл қуришмоқчи. Шунда Хитой–Покистон–Ҳиндистон ягона темир йўли пайдо бўлади. Қашқардан Афғонистонга йўл қуриш лойиҳаси муҳокама этилмоқда. Бу каби лойиҳалар якунига етса Шинжон иқтисоди  янада юксалади, шубҳасиз халқ ҳаёти фаровонлашади.

Обидов Хитой йиғинида

Муҳаммаджон Обидов

Тошкент-Пекин-Урумчи-Қашқар.

«Дунё ўзбеклари» учун махсус

 

Ўхшаш мақолалар:

  1. Шоҳона ов: Дубай шайхи Ўзбекистонда дам олаяпти (фото + видео)
  2. Абдулла Хурам: Афғон ёшлари ҳам, бахтли ҳаёт кечиришга ҳақли
  3. Uzbekistan: Tashkent Trying to Keep Culture from Going Pop
  4. ICG: ‘Каримовнинг кетиши минтақадаги вазиятни беқарорлаштириши мумкин’
  5. Сегодня 11 января на планете Земля великий праздник — «Международный День Благодарности»
  6. Photos of INTER-PRESS
  7. Нежность (Узбекфильм,1966)
  8. Исмат Хушев: “Уйдан кетганимга ўн йил бўлибди…” (8)
  9. Исмат Хушев: «Уйдан кетганимга ўн йил бўлибди…» (10)
  10. Подшоҳлар шуни эсда тутсинларки, уларгача ҳам бошқалар подшоҳлик қилганлар ва бир муддат ўтгач, уларнинг ўринларига бошқалар келгайлар. (Хўжа Аҳрор ҳикматларидан)
  11. Глава 1: ОСОБЕННОСТИ СРЕДНЕАЗИАТСКОЙ КУХНИ
  12. Дочь Бухары (Гуласал): Репортаж из узбекско-корейской свадьбы
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

3 комментария

  1. Ўзбек+Уйғур:
    23/09/2015 в 17:09-

    Бу мақоладан жуда афсусландим. Ки, уйғур иниларимизга неча юз йиллардан бери жабру зулм қилиб келаётан, аслида қадим уйғур миллатини илдизи билан суғуриб ташлашга қаратилган Хитой йиртқич сиёсатини бор буди билан қўллаган мақола экан. Уйғур оғайниларимизни, аслида эса Туркистон ва орзулардаги чинакам Ўзбекистоннинг қалбини ер билан яксон қилаётган Хитой пропогандасидан ҳам ўтказиб юборибди.

    Ответить
    • Хур Туркистон:
      23/09/2015 в 22:10-

      Тугри айтасиз биродар. Факат, йирткич Хитой сиёсати билан Узбекистон режимининг диктаторни сиёсати деярли фарк килмайди. Хитой уйгурларни эзса бу режим узини халкини эзади.
      Бу журналист эса уша режимга хизмат киладиган журналист. Шунинг учун бунинг маколаси мана шунака пропаганда булиб колган.

      Ответить
  2. Малик:
    23/09/2015 в 03:16-

    Мухаммаджон ака Турфонга бормадингизми..мен хам 2008 йилда булганман Шинжонда хакикатдан хам ривожланиш жуда кучли у ерларда,
    номоз укиётган хитойлар деганингиз улар дунганлар.Шахарларини айникса Урумчини инфраструктураси анча ривожланган лекин кишлоклари хароброк эди.Уйгурларни маданияти,урф-одати,тили узбекларга жуда якин иккинчи узбеклар деса хам булади)) тили жуда ширин.
    Хар калай Шаркий Туркистонимиз булган 100 йил аввал, Кукон хонлиги тассаруфида.

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.