Абдулла Хурам: Афғон ёшлари ҳам, бахтли ҳаёт кечиришга ҳақли
Абдулла Хурам: Афғон ёшлари ҳам, бахтли ҳаёт кечиришга ҳақли
Касб тақозоси билан Афғонистонда бир неча бор хизмат сафарида бўлдим. Баъзида жанг майдонлари, дала-ю даштларида ойлаб юришга тўғри келган. Оддий дехқони-ю, зиёлиси, толибон-у ўзини юрт химоячиси деб хисоблайдиган мужохидлар, давлат арбоби-ю савдогарлари билан учрашиб сухбатлашдим. Генерал Абдурашид Дўстум химоясида кўплаб шаҳар қишлоқларини кездим.
Билмадим, дунёда яна бошқа афғонистондагидек жангари халқ бормикан. У не-не жафоли кунлар, қонли воқеаларни бошдан кечирмади. Хозирга қадар ҳам халоватли куни йўқ. Бунинг сабабини мухтасар изохлаш мушкул. Чунки тарих, Оллох бу диёр, халқ қисматига оғир синовлар битган экан.
Кузнинг биринчи ойи аввалида Хитой Давлат Кенгашининг Матбуат Концелярияси таклифига биноан Пекинда бўлиб ўтган “Буюк ипак йўли иқтисодий белбоғи” хамкор давлатлари журналистларининг семинар-конференциясида иштирок этдим. Ўша ерда Афғонистоннинг янги авлод журналистлари вакили Абдулла Хурам билан танишиб қолдим. Қуйида овоз тасмасига туширилган суҳбатни унинг розилиги билан сизнинг эътиборингизга хавола қилмоқдаман.
Абдулла Хурам. 1991 йилда Кобул шахрида туғилган 2012 йилда Хиндистоннинг Оллохобод Университетини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тугатди. Бир йил Кобулдаги банкларнинг бирида хизмат қилади. 2013-2015 йилларда Хитойдаги Шанхай молия Университетида ўқиб магистрлик унвонини олди. Айни чоғда Афғонистон Давлат телевидениесининг “Янгиликлар” тахририятида сиёсий шархловчи вазифасида ишламоқда. Олтита хорижий тилни билади.
-
Афғонистонда толибонлар урушининг охири кўринадими ва бунинг учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?
-
Толибонлар фақат Афғанистон муаммоси эмас, бутун дунё муаммосидир. Масала шу қадар чуқурлашиб кетганки, калаванинг учини топиш ғоят мушкул. Менимча, бир мен эмас, янги авлод сиёсатчилари фикрича, масаланинг узангги АҚШда. Америка бу минтақада тинчлик бўлишини истамайди. Афғонистон эса энг қулай плацдарм. Толибонни “яратган” ҳам уларнинг ўзи. Кейинчалик бизнинг тупроққа гўё тинчлик кафолатчиси бўлади дея юз минглаб харбий кучларини киритиш стратегик ниятлари эди уларнинг. Воқеликлар шундан далолат бермоқдаки, Афғонистондаги АҚШ харбий базалари, ер ости омборларидаги хисобсиз қурол-аслаха, ўқ дорилар фақат толибонга қарши кураш учунгина келтирилмади. Улар Хитой, Россия, Покистон ва бошқа яқин давлатларга рухий тахдид ҳам эди.
Энди дунё майдонида яна бир хавфли куч пайдо бўлди. Бу ўзини Исломий Давлати деб эълон қилган террорчилардир. Агар бу қонхўр гурух келиб чиқиш тарихига чуқурроқ кириб борилса у ҳам аслида океан ортига бориб туташади. Бугун “Исломий Давлат” гурухининг иштахаси очилиб кетди. У аввалги рахнамоларини танимай қолди. Буни қарангки, улар ҳам Афғонистонни эгаллаш, қадим Хуросон худудида ўз халифалигини қурмоқ ниятида. Афғон ҳалқи пешонасига янада қонли кунлар битилган экан. Толибон иккига бўлинмоқда. Уларнинг бир қисми Мулла Умар вафотидан сўнг Толибонга етакчилик қилаётган Ахтар Мансурга итоатдан бош тортиб Исломий Давлат рахбари Абу Бакр Бағдодийга байт бердилар ва кечаги маслакдошларига биродаркуш уруш очдилар. Ҳўш, Афғонистонда қачон тинчлик қарор топади, бу ёлғиз Оллохга маълум.
-
Мен Афғонистоннинг чексиз далаларида гиёхванд ўсимликлар бемалол ўстирилаётганини кўрганман, уларни қайта ишлаб қорадори шаклига келтираётган корхоналар хеч қандай тўсиқсиз фаолият кўрсатаётганини биламан. Карзай даврида ҳам, Ашраф Ғани даврида ҳам шундай. Хўш, хукумат буни тўхтата олмайдими ёки истамайдими?
-
Афғон давлати рахбарияти буни қанчалар хохламасин, харакат қилмасин тўхтата олмаяпти. Қўлидан келмаяпти. Чунки истеъмолчилар – қудратли куч. Истеъмолчи деганда мен наркотик савдосидан даромад кўраётган кучларни назарда тутмоқдаман. Ўн минглаб гектар майдонларни назоратга олиш учун давлат кучишлатар тизими сафини бир неча бор кенгайтириш, замонавий қурол-аслаха керак. Бунинг учун маблағ етишмайди. Мамлакат иқтисоди, ғазна ночор. Донор мамлакатлар эхсонига боғлиқ. Аслида булар муҳими эмас. Муҳими – гиёхванд ўсимлик етиштираётган ахоли даромади ўрнини қоплаш. Муҳими юз минглаб, балки миллионлаб иш ўринлари яратиш. Айтинг, хозир бу муаммони Афғонистон давлати ёлғиз хал қила оладими?.. Аслида, дунё хамжамияти учун афғон наркотигини тўхтатиш толибон муаммосидан хам устун туриши лозим, деб ўйлайман.
-
“Озодлик” радиосида Афғонистон хақида баъзан қарама-қарши ахборотлар берилади. Қай бирига ишонишни билмай қоласан. Айтингчи, Афғонистонда “Озодлик” радиосини тинглайдиларми? Унинг хабарларини қандай қабул қиладилар? Шахсан сиз-чи?
-
“Озодлик” радиосини ким молиялаштиради? Америка. Шундай экан, унинг журналистлари хар қанча холисман дея қасам ичсалар хам ишонмайман. “Озодлик” хамиша ўз эгалари манфаати йўлида хизмат қилиб келади. Яъни, информация танлаш, ёндошув ва тарқатишда унинг манфаати нуқтаи назаридан келиб чиқади. Америка сиёсати тепасида турганларга ёқадиган шаклда хабар тарқатади. Мен бу радиога ишонмайман. У хар доим хам рост гапирмайди.
Сиз ўзингиз бу радиони эшитиб турасизми?
-
Ҳа.
-
Унда айтингчи, қачон “Озодлик” америка харбийлари тинч ахоли, қуролсиз одамлар, аёллар, болаларни ўлдиргани хақида гапирган? Йўқ бу радио Америка манфаатига зид бирон бир ахборот тарқатмайди. Аммо Афғонистонда шундай воқеалар бўлиб тургани хақиқат-ку! Қани холислик? Шу билан бирга адолат юзасидан айтишим керак, “Озодлик” журналистлари бир ёқлама ахборот тарқатишда нихоятда профессионал, юксак малакага эга.
-
Ашраф Ғани агар мен мамлакат Президенти бўлиб сайлансам бир қатор иқтисодий-ижтимоий ислохотлар қиламан, деб ваъдалар берганди. Сиёсатчилар аксинча, хозирга келиб хукумат кучсизланди, таъсир доираси торайди, деб хисоблайдилар.
-
Ха, шундай бўлди. Хозир давлат бошқарувида кучли қудрат сезмайсиз. У ишлайдиган, фидоий, қобилиятли одамларни топмай туриб кўплаб рахбарларни бўшатиб юборди. Халқ хам биляпти, унинг мавқеи сусайиб бораётганини. Бунда ҳам Американинг қўли бор. Аввалига уларга қатъий ўз фикрини билдирган Карзай ёқмай қолди. Уларга Ашраф Ғанидаги каби тобелик керак эди. Карзай имзоламаган шартномани унга имзолатдилар.
-
Афғонистон давлат бошқарувида Абдурашид Дўстумнинг мавқеи мустахкамми? У яқинда хукумат аъзоларининг итоатсизлигидан нолиган эди.
-
Абдурашид Дўстумни мамлакат шимолида, туркий халқлар якдил қўллайди. У хозир шимолда толибон ва ундан ажралиб чиқиб “Исломий Давлат” га байт берган гурухларга қарши амалиётлар ўтказмоқда. Пуштунлар унинг қудрати ортишини ёқтирмайдилар. Хукуматда эса пуштунлар кўп. Мана, қаранг, Дўстум толибон, Исломий давлат гурухига қарши курашяпти. Аммо пуштунлар орасида уларга гох яширин, гох ошкора ёрдам бераётганлар бор.
-
Афғонистонда тинч хаёт қуриш ишига Ўзбекистон қўшаётган хиссага қандай бахо берасиз?
-
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Афғонистон масаласи мухокама қилинган анжуманларда ишни фаровон хаёт шароитларини қуришдан бошлаш кераклиги ҳақидаги таклифлари бир неча бор янграганини биламан. Ўзбекистон бундай ёндашувни амалда хам кўрсатмоқда. Довон ва даралар оша автомобил йўли, темир йўли қурилишида берилган ёрдамни унутиб бўладими? Бу ҳақда афғон матбуоти ҳалқни хабардор қилган. Шу ўринда яна “Озодлик”ка қайтмоқчи эдим. Бу каби ибратли ва афғон ҳалқи учун мухим воқеа нега унинг дастурларида бот-бот янграмади?