"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (30)

Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”, Адабиёт | 14/09/2015 18:10-     11381 марта ўқилди

Абдулла ака қўл
ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ,
ХАЛҚ ШОИРИ АБДУЛЛА ОРИПОВ
ЎҒРИЛАР ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Гўзал ҳислар туҳфа бўлмиш бизга баробар,
Уйимизни безагаймиз бериб оро, зеб.
Бошқаларни камситмагин асло, биродар,
Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.
Энг аввало, ўғриликни қўяр жойига,
Хумчаларни тўлдиради илик мойига.
Сўнг жўнайди маишатга-тоғнинг пойига,
Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.
У албатта ўйлаб кўрар ҳамма ёғини,
Май ичишга топар ҳатто бош чаноғини.
Отарчилар ўраб олар сўлу соғини,
Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.
Сулувларни қадрлайди бу қавм хушҳол,
Кўзи тушса, қўрғонига келтиргай дарҳол.
Қийшиқ жойи бўлса агар босгайдир дазмол,
Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.
Ақли бутун, яхши билгай недир гуноҳи,
Юрагини тилкалайди гўдаклар оҳи.
Ажаб ҳолдир, шоирларга тегмайди гоҳи,
Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.
Зўрлари бор, мардман дея кўкрагин керар,
Дуч келганни олабермай, яхшисин терар.
Уй эгаси касал бўлса, дорисин берар,
Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.
Моданинг у олдидадир, кийинар башанг,
Эгнидаги либослари талашади ранг.
Ўла қолса, туфлисига қўндирмайди чанг,
Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.
Ҳар жойда ҳам иш вақти бор, беш-олти соат,
Хизматчилар шунга аранг қилгайлар тоқат.
Фақат ўғри юмушидан топгайдир роҳат,
Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.
Барча соҳа олға қараб кетмоқда борҳо,
Томни тешиш шарт эмасдир энди мутлақо.
Қўйсанг басдир керак жойда ўхшатиб имзо,
Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.
Ўйлаб боқсам, кўп нарсанинг эгаси шулар,
Буюк-буюк шаҳарларда яшайди улар.
Ўғри деб кўр, ўша куни паймонанг тўлар,
Ким айтади, ўғриларнинг қалби йўқдир деб.
                    А.Қ.Ш. Хьюстон.  13.09.2015
БАШОРАТ

Раҳматли устозлар,
Домлаларим, Сиз,
Дорилфунундаги билим таянчи.
Қабрингиз қошида дейман чўкиб тиз:
Умрингиз якуни ғоят аянчли.
Башорат қилдингиз нималарнидир,
Уларнинг ҳеч бири топмади исбот.
Бошга кўтарардик Сизни барибир,
Чунки билмас эдик, қанақа ҳаёт.
Бизга уқдирдингиз, буткул ер юзи
Кетиб бораётир нотўғри йўлдан.
Тарихни ёритар Маркснинг сўзи,
Бошқалар бахтини бой берган қўлдан.
Бизга уқдирдингиз, эътиқод, имон,
Кўп борса, чилимнинг тутуни, холос.
Сира дўст бўлмайди қорни тўқ инсон,
Дунёни янгилаш бизларгадир хос.
Бизга уқдирдингиз, уммон ортида,
Бир тузум ётибди, тагидан чириб.
Охир тонг қолдингиз тарих олдида,
Айтган гапларингиз аксини кўриб.
Наҳот, ўйин эди инсон тақдири,
Наҳот, ўтган умр таваккал яккаш.
Наҳот, жаҳолатдир бу ҳолнинг сири,
Қолди бўйнингизда башарни алдаш.
Раҳматли устозлар,
Домлаларим, Сиз,
Аччиқ қисматингиз ибратдир бироқ.
Узр сўрамоқлик шарт экан сўзсиз,
Башоратдан аввал, фолдан олдинроқ.
 Шоир ва АҚШ
          А.Қ.Ш. Хьюстон.  12.09.2015

Ўхшаш мақолалар:

  1. Абдулла Орипов: Ҳасадгўйлар кўп экан фақат, Мен улардан узр сўрайман…
  2. «Дунё ўзбеклари» Абдулла Ориповнинг янги шеърларини тақдим этади…
  3. Дўстларим қутловга қўл чўзди, бироқ, Рақиблар тепадан отиб турди тош…
  4. Абдулла Орипов: Баззоз газламасин сотиб турарди, Бироқ ўтмас эди бир ўрам мато…
  5. Абдулла Орипов: Темурбек наслидан чиққан Ажиб сиймодир, Бобуршоҳ.
  6. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Абдулла Орипов: Қамчиқ довони…
  7. Абдулла Орипов: «Улуғ мўжизалар олдинда ҳали…»
  8. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Абдулла Орипов: Огоҳлик…
  9. А. Орипов: Юрагинг сиқилса, Тиқилса нафас, Сен борлиқ қўйнига олиб кетгин бош…
  10. Абдулла Орипов: Дейсан, касал бўлибди шоир, Ўлса керак яқин ўртада…
  11. Абдулла Орипов: Каттакон карвонга мансуб бўлса ҳам Гадонинг рутбаси гадодир доим…
  12. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Абдулла Орипов: Пахса уй ва Ўжар бола…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

2 комментария

  1. Nuur:
    17/09/2015 в 01:03-

    ;)) albatta bu Ug’rilar sherlardan sung buyuk faylasuf xam Abdulla Oripovga ta’n beradi.

    Ответить
  2. Абулқосим Мамарасулов:
    14/09/2015 в 19:43-

    Ўғрилар ҳақидаги шеърингиз гениал асар бўлибди, Абдулла ака.Минг раҳмат сизга!

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.