"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

ПАХТА ЭКМАСАК, ХУРСАНД БЎЛАСИЗМИ? — «BBC UZBEK» ХИЗМАТИ ДИҚҚАТИГА

Ватандан хабарлар, Муносабат, Муҳокама учун мавзу | 14/09/2015 05:03-     23660 марта ўқилди

Дилмурод телефондаПАХТА ЭКМАСАК, ХУРСАНД БЎЛАСИЗМИ?
(«BBC UZBEK» ХИЗМАТИ ДИҚҚАТИГА) 
Ўзбекистон Республикаси мустақил бўлганига 24 йил бўлди. 24 йил ичида юртимиз иқтисодий-ижтимоий воқеъликнинг деярли ҳар жабҳасида ўз мустақиллигини тўла мустаҳкамлашга эришди, эришмоқда. Аммо, бу жараён кўпларнинг уйқусини бузмоқда.
Ўзбекистон қайси йўналишда кучайса, ўша тарафдан тўсиқлар, хуружлар пайдо бўлмоқда. Жаҳон масс-медиаси кўмагида ютуқларимизни камайтириш, камчиликларни бўрттириш, уч-тўрт ғаламиснинг фикрини ўзбек халқи номидан тарқатиш каби ғаразлар бўй кўрсатмоқда.
BBC ахборот хизматининг ўзбекча сайтида 2015 йил 10 сентябрь куни эълон қилинган «Ўзбекистон СССР замонидаги пахта сиёсатини ўзгартирмади» номли материал ҳам ана шундай мақсадли тескари ташвиқотлар сирасига киради, десак, бу мулоҳазамизни тўла маъқуллайдиганлар ҳам, мақолани аслини ўқимасдан фикримизни тепкилашга уринадиганлар ҳам чиқади. Бу табиий ҳол, фикрлар эркинлиги даврида яшаяпмиз.
Лекин, шуниси борки, BBC материалига ўхшаш чиқишлар замирида сўз ва фикр эркинлиги, инсон ҳуқуқи эмас, Ўзбекистоннинг иқтисодий илдизига болта уришдек ёвузлик ётади. Ўзбек пахтасини сотишни бугун Тошкентдан олиб, Ливерпуль биржасига кўчирайликчи, ВВСнинг пахтамизга муносабати қандай ўзгараркин? Қолаверса, Тошкентдан, воситачисиз, тўғридан тўғри истеъмолчига пахта сотишимиз дунё пахта бозоридаги рақобатчиларимизнинг маҳсулоти сотилмай қолишига олиб келмоқда.
 “Ўзбекистон ҳукумати ўз зиммасига олган Халқаро Меҳнат ташкилотининг мажбурий меҳнатга чек қўйиш мақсадидаги олиймақом ҳужжати талаблари 2015 йилги пахта мавсумида бузилаётгани мисоллари” мавжудлиги ҳақида фикр юритаётган инглиз ҳамкасабаларимга шундай бир масалада мурожаат қилмоқчиман: мутахассислигим бўйича мен инглиз тили филологиман, таржима соҳасида илмий ишим якунига етиб қолди.
Инглиз тили билиш даражам анча юқори, C1-C2 орасида десам бўлади. Лекин, ўзбек тилидаги ҲАШАР деган сўзнинг инглизчадаги муқобилини топа олмай қийналаман. Балки, сиз ёрдам берарсиз менга? Бунақа сўзнинг инглиз тилида таърифи бўлмайди демоқчимисиз? Ҳа, яшанг, унда Ўзбекистондаги пахта умумхалқ ҳашарини “мажбурий меҳнат” деб ўзгартирмангда, айнан ёзинг!
Ўзбек халқи ҳашар билан уйлар қурган, ҳосилни йиғиштирган, эсласангиз, аниқроғи, маълумотингиз бўлса, Катта Фарғона каналини ҳам қазиган. Пахта теримини-ку, тўлақонли ҳашар дейиш ҳам тўғри бўлмайди, сабаби бунда терган пахта учун ҳақ ҳам тўланади. Ҳашарда умуман моддий манфаатдорлик бўлмайди.  Сизнинг мантиқ буни изоҳлай олмаса керак, деб ўйлайман.
Сўнгги йилларда “болалар меҳнати”дан фойдаланиляпти, деган танқидларга учради ўзбек пахтаси. Даладан далага айланиб, пахта тераётган болани топаолмаган кузатувчилар, дала атрофига сигирини айлантиргани чиққан йигитчаларни расмга тушириб кетди одамнинг энсасини қотириб. Ўтмади ўзбек пахтасининг харидорини олиб қўйиш режаси. Энди янгиси келибди-да?
Халқаро Меҳнат Ташкилотининг  мажбурий меҳнат тўғрисидаги Конвенциясини ўқиганмикан ВВС мухбири материал тайёрлаш жараёнида? Конвенцияда мажбурий меҳнатга таъриф бериб қўйибди: “бирор шахсни жазолаш билан қўрқитиш орқали, у кўнгилли  равишда бажаришни ҳохламаган меҳнат”. Иккинчи моддада тушунмаганлар учун яна изоҳ ҳам қўшиб қўйибди: “бажарувчиларга бевосита фойдали бўлгани учун фуқаролик мажбуриятлари деб ҳисобланиши мумкин бўлган ишлар мажбурий меҳнат бўлмайди” деб.
АҚШда маҳбусларни хусусий фирмаларга жазо ўташ даври учун давлат томонидан муддатли сотилаётганини кўриб турибмиз. IBM, Boeing, Motorola, Microsoft, Dell, Compaq, Hewlett-Packard, Intel, Pierre Cardin каби ўнлаб номдор компаниялар маҳбусларни мажбурий меҳнатга жалб этиш орқали ишлаб чиқарган маҳсулотлари билан жаҳон бозорларини тўлдириб ётишибди.
Лекин Конвенция талаблари бузилиши ҳақида ВВСда ҳеч гап йўқ. Демак, маҳбуснинг қандайдир бойваччанинг чўнтагини қаппайтириш учун меҳнат қилишга зўрланиши мажбурий меҳнат бўлмагандан кейин, Ўзбек УМУМХАЛҚ ҲАШАРИга “мажбурий меҳнат” ёрлиғи ёпишмаса керак…
 
Дилмурод ЖУМАБОЕВ,
Наманган,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Пахта ББС учун расм

«Ўзбекистон СССР замонидаги пахта сиёсатини ўзгартирмади»
  • 10 Сентябр 2015
Шу кеча-кундузда ҳукумат амалдорлари, вилоят ҳокимларидан тортиб, мактаб-коллеж директоригача — расмий масъулларнинг асосий вазифаси пахта йиғим-теримига имкони борича кўп сондаги одамни сафарбар қилишга айланган.
Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари аллақачон Ўзбекистон ҳукумати ўз зиммасига олган Халқаро Меҳнат ташкилотининг мажбурий меҳнатга чек қўйиш мақсадидаги олиймақом ҳужжати талаблари 2015 йилги пахта мавсумида бузилаётгани мисоллари ҳақида ҳисоботлар эълон қилдилар.
Хўш, Орол денгизининг қуриши, Ўзбекистон тупроғини пестицидлар билан заҳарланиши ва тупроқ унумдорлиги пасайиши, инсонлари саломатлигига путур етказиши, йил-ўн икки ой қилинган меҳнат эвазига арзимас ҳақ тўланиши мавзулари 1986-1991 йиллардаги Ўзбек матбуотида кенг ва батафсил ёритилган пахта яккаҳокимлигидан нега мустақилликдан 24 йил ўтиб ҳам воз кечилмади?
Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида мамлакат қишлоқ хўжалиги ва саноати пахта етиштиришга мослаштирилгани учун пахта экинидан воз кечиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўпчилик яхши англади.
Ва пахта етиштиришни камайтириш томон олинган Ўзбекистон ҳукумати қарори тўғри бўлганини кўпчилик эътироф этиб қўллаб-қувватлади.
Аста-секин 3 миллион тонна хомашёнинг 70-80 фоизгачасини Ўзбекистоннинг ўзида ёки мато, ёки тайёр маҳсулот сифатида қайта ишлашга ўтилиши деҳқонларни тўқимачилик ёки тикувчилик саноатига жалб қилишга олиб келади, деб кутилди.
Хорижлик сармоядорлар билан ҳамкорликда Туркия, Жанубий Корея пахтани қайта ишлаш қўшма корхоналари ташкил этилди ва бу фабрикалар инсонларни иш билан таъминлади ҳам.
Бироқ 2000 йиллардан кейин қўшма корхоналар фаолият юритишда мушкулликларга дуч кела бошладилар, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва ҳукуматнинг энг юқори мансабдорлари бориб тантанали очиб берган ва фахр-ифтихор манбаи қилиб кўз-кўз қилинган толани қайта ишлаш корхоналари ёпила бошлади, юзлаб, балки минглаб инсонлар ишсиз қолдилар, улар Россиядаги «дангасалар» сонини кўпайтиришга мажбур бўлдилар.
Ҳали 1996 йиллардан буён эълон қилиниб келинаётган пахта хомашёсининг 70 фоизгачасини Ўзбекистоннинг ўзида қайта ишлашга ўтиш ҳақидаги баёнотлар Россия ёки Бангладешдаги хомашё харидорлари кўзи ўнгида «нархини ошириш» огоҳлантиришидан бошқа нарса эмаслиги аён бўлиб қолди.
Ўзбек ҳукуматидан пахта ва ғалла харид нархларини эркинлаштириш, агросаноатни диверсификация қилиш чақириқларига қарамасдан, Ўзбекистоннинг миллионлаб одамларни ҳар кузда далага мажбуран олиб чиқадиган экини бугун ҳам пахта бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон ҳамон дунёнинг олтинчи энг йирик пахта етиштирувчиси, бешинчи пахта экспортчиси эканича қолмоқда.
Болалар меҳнати дунёнинг кўплаб таниқли ширкатларини Ўзбек пахтаси бойкотига қўшилишга ундади.
Ўзбек амалдорлари эса эътиборларини Хитой ёки Бангладешдаги пахта манбасига кўп ҳам инжиқлик билан қарамайдиган мижозларга бурдилар.
Чет эл ширкати бир тонна толани неча пулдан сотиб олади?
Маҳаллий журналистларга кўра, буни ҳатто ўша толани чигитидан тозалаган пахта тозалаш заводи ҳам, бу заводлар тепасидаги «Ўзпахтасаноатсотиш» уюшмаси раҳбарлари ҳам билмайдилар.
Бу йил ҳам пахта йиғим-теримига чиқиш «савоб иш» экани ҳақидаги чақириқлар янграмоқда.
Бу СССР замонидаги «пахта миллий бойлик» шиорини эслатади.
У замонда пахтадан тушган даромад Ўзбекистон иқтисодига, далада ишлаган колхозчининг колхози молиявий аҳволига бевосита таъсир кўрсатган, буни оддий одамлар ўз ҳаётларида ҳис қилганлар.
Бугун-чи?
Ўзбекистон парламенти бир йиллик пахта ҳосилидан республика бюджетига қанча даромад тушгани, бу даромад қайси ижтимоий мақсадларга сарфланишини муҳокама қилгани ҳақида бирор марта хабар қилинмаган.
Охирги йилларда халқаро ташкилотлар пахта Ўзбек халқининг эмас, бирҳовуч амалдорнинг бойлик манбаига айланганини айтиб келадилар.
«Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар ўтказилмади. Бутун тизим Шўролар пайтидагидек қолди», дейди Кардиф университетида илмий тадқиқот олиб бораётган ўзбекистонлик таҳлилчи Фарҳод Ҳазратқулов.
Аксинча пахта яккаҳокимлигини сақлаб қолиш истаги мажбурий меҳнатнинг Шўро давридагидан ҳам ёмонроқ кўриниш олишига туртки берди.
ББС

Ўхшаш мақолалар:

  1. Муҳаммаджон Обидов: “Озодлик”ка муносабат ёки водийдаги рўмоллилар ҳақида
  2. Муҳаммаджон Обидов «Озодлик»дагиларга: Ниятингизга етолмайсиз…
  3. Талант АЛЕКСАНДЕРОВ: АҲОЛИНИ АЙБДОР ЭТИШ ТЕХНОЛОГИЯСИ…
  4. OzodNazar: Милиционер квартираси, нася пул ва бокира пардаси тўғрисида
  5. «Дунё ўзбеклари» почтасидан: Bugungi ta’lim tizimiga kimlar mas’ul?
  6. Азиз-авлиёлар юртига зиёрат («Оқ мозор» қабристони ҳақида) 2-қисм
  7. Сурат Икромов хотиралари: Жаҳон чемпионини “ваҳҳобийликда” айбладилар
  8. «Қачон футболимиз ривожланади?!» «Пахтакор» мухлислари диққатига…
  9. ЎЗБЕК МАҲАЛЛАСИ ҲАҚИДА ИККИ ХИЛ ФИКР… («ОЗОДЛИК» РАДИОСИГА ЖАВОБ)
  10. Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими ҳибсга олинди
  11. «Озодлик» радиоси: «Ўзбекистоннинг келажаги порлоқлигига ишончим комил!»
  12. Элдор Ғафуров: ЎзТВ ни «портал» билан урмаса, бошқа илож қолмади…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

1 Comment

  1. Эркин Ҳамидов:
    15/09/2015 в 03:53-

    Бу Жумабоевда билим савия умуман йўқ эканку. Ҳар қандай давлат қонунчилигида ҳатто ўзбекистонда ҳам махбуслар ҳуқуқлари чекланган шахслар сирасига киришини, уларга нисбатан мажбурий меҳнат ахлоқ тузатиш тизимининг бир бўлаги эканини наҳотки билмаса??? Бирон нарса ёзишдан олдин бироз ўқиб ўргансангчи ука!!!

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.