"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

«Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Истеъдодли ўзбек шоири Амир Худойберди!

Адабиёт | 14/09/2015 04:46-     10954 марта ўқилди

Амир Худой
Амир ХУДОЙБЕРДИ
ТАВАЛЛО
Яшашдан зериккан,
Дунёдан тўйган
Гадодай соҳилда арвоҳим юпун.
Бир мискин эдим-ку, Ҳақ,сени суйган,
Ўзинг бахш этгандинг илҳом ва жунун.

Баски, маъноси йўқ,ҳикматлари кам
Муҳитдан зада дил дийдорингга зор.
Асл маъно сен, эй сарвари олам,
Ёлвораман, бўлгил ўзинг менга ёр.

На дўзах ваҳмаси, на турфа бало-
Ғамлар айиролмас энди ёдингдан.
Иста, улоқтиргин танамни олов
Гирдобига, айро тушмам зотингдан.

Жаннат таъмасидан йироқ вужудим
Ловуллар, бир осий бандалигим рост.
Сенга талпинаман, васлинг — умидим,
Сенга муҳаббатим-эътиқод, ихлос.

Мен энди кетурман ҳимоя истаб,
Чорла, бир дам бунда турмоғим маҳол.
Сен менинг қалбимга қувонч бағишла,
Руҳимни ёритгил, ғамларимни ол.

Сен мени яратдинг, манглайим бердинг,
Сенинг дастурингдан тушмадим йироқ.
Далли-ю девона бир куйчи эрдим,
Ўзимча мисралар тиздим-тумтароқ.

Бемаъни истак ва бемаъни ҳавас
Борлиғим чулғаса чекурман фарёд.
Сўнгги дам яшашга куч бер, бер нафас,
Ялиниб-ёлвориб сўрайман нажот.

Шукурким, бировга етказмадим ранж
Ва бировга қасддан бермадим озор.
Ўзимни ўзимдан қутқаз, бер юпанч,
Қошингда тиз чўкиб йиғлайман зор-зор.

Ноумид айлама, ўлмайин шояд
Умрим поёнида Ҳақдин мосуво.
Паноҳингга олгил, айла ҳимоят,
Топинаман сенга, Тангри-таоло!

СЕВАМАН

Мен сени севаман, ғунча лабида
Ўпичдай титраган шабнам мисоли.
Мен сени севаман, ҳижрон шабида
Эриб адо бўлган бир шам мисоли.

Мен сени севаман, чўққини қучиб
Жарликка осилиб турган қоядай.
Мен сени севаман, ўзидан қочиб
Ўзига эргашиб юрган соядай.

Мен сени севаман…
О, бундан ортиқ
Севишимни талаб қилмагин, гулим.
Бундан ортиғини этолмам тортиқ,
Бундан ортиқ севги бўлади ўлим!

* * *
Гар ўлсам бешигимнинг
Ёпинчиғин топинглар.
Йиртиқ-ямоқ бўлса-да
Тобутимга ёпинглар.
Кўрсинлар йиғилганлар
Умрим бари хатодир.
Бу оламда топганим
Шу бир парча матодир…

Nodira Nazar

(Устоз, ҳамиша соғ-саломат бўлинг. Бу суратлар эса яхши кунлардан эсдалик бўлиб қолсин…
Ҳурмат ила Nodira Nazar)

Nodira Nazar's photo.
Nodira Nazar's photo.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Ўхшаш мақолалар йўқ.

МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.