"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Исмат Хушев: Абдулла Орипов Америка тупроғида – Сафар таассуротлари (6-қисм)

Адабиёт, Муҳаррир минбари, Сафар таассуротлари... | 09/09/2015 06:54-     12382 марта ўқилди

Исмат Хушев Абдулла Орипов билан Хьюстон ресторанида
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррирининг АҚШга навбатдаги сафари тўғрисида
Яхши-суъратим“Дунё ўзбеклари”дан:
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев шу йилнинг 18-25 август кунлари бир ҳафталик ижодий сафар билан Америка Қўшма Штатларида бўлади. Журналист бу гал ҳам одатдагидек сафари давомида кўрган кечирганларини ўз ўқувчилари билан ўртоқлашиш ниятида.
Яқингинада ниҳоясига етган Бирлашган Араб Амирликлари (Дубай, Шаржа, Абу Даби) ва Туркия (Анталия, Истанбул) га бўлган, нашримизда эълон қилинаётган қизиқарли сафар таассуротлари тугамай туриб, журналистни бу галги кутилмаган АҚШ сафарига нима мажбур қилди?
Яна бир неча соатлардан сўнг Исмат Хушевнинг АҚШ сафари таассуротларини эълон қила бошлаймиз.
Нашримизни кузатиб боринг.
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири Абдулла Ориповни йўқлаб Хьюстон (АҚШ)га келди

Шоир ва АҚШ

«Дунё ўзбеклари»дан:
Шу кунларда Хьюстон (АҚШ)да даволанаётган улуғ шоиримизни йўқлаб, у кишининг саломатликлари билан қизиқиб нашримизга кейинги бир ойда юздан зиёд хат ва хабарлар келди, СМС ва телефон қўнғироқлари бўлди.
Шоир мухлислари ўзлари ихлос қўйган улуғ шоир тақдирига бефарқ эмасликлари тушунарли, албатта.
Қаршидан Зилола, Бухородан Ойдин, Шахрисабздан Акмалжон, Китобдан Собир, Косоннинг Некўз қишлоғидаги бир гуруҳ мактаб ўқувчилари, Олтиариқдан Бегали, Қўқондан Сулув, Учкўприкдан Одилжон, Хоразмдан Шоҳсанам ва Фарҳод, Жиззахнинг Бўстонидан таниқли ёзувчи Абулқосим Мамарасулов, Самарқанддан Гуландом, Навоийдан Султонмурод, Андижондан Шавкатбек ва Моҳигул, шоир Суҳайлий, Тошкентдан таниқли табиб Абдуқодир Сатторов, шоир Ҳамроқул Асқар, Дилором, Азиза, Муниса, Бобир, Шуҳрат, Камолиддинлар, АҚШнинг Хьюстон шаҳрида яшовчи наманганлик Дилбар, Манчестердан Гулбаҳор, Кентуки штатидан шоир Юсуф Жума оила аъолари, Канаданинг Монтералидан Лариса, Жумагул ва Баҳодирлар, Торонто шаҳридан Умида Турсунова, Олмониядан Нафиса Қодировна, Дубайдан Салтанат, Зулайҳо, Франциядан Эргаш Тўхтабоев, Буюк Британиядан профессор Аҳмад Ҳожи Хоразмий, Швециядан ака ука Билолиддин, Шарофиддин ва Камолиддинлар,  Норвегиянинг Осло шаҳридан Отабек Тошев, Туркиядан Замира Одилова ва Муҳаммаджон Калоновлар оиласи, Шотландиядан Отабек ва Наргизалар, Қозоқистондан Лайло, Гулмира, Абдужаббор ва Шарофатлар, Бразилиядан Марат, Дурбеклар ҳам «Дунё ўзбеклари»га мактуб йўллаб, Абдулла Орипов ва унинг сиҳат саломатлиги билан жиддий қизиқишган эдилар.
Бу ҳали қўл остимизда тўпланиб қолган хат ва хабарларнинг бир қисми, холос. Худди шу мазмундаги яна ўнлаб хатлар борки, бу — халқимизнинг улуғ шоир тақдирига бефарқ эмаслигидан далолат беради.
Ана шуларни ҳисобга олиб, «Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири 18-25 август кунлари бир ҳафталик ижодий сафар билан Америка Қўшма Штатларининг Хьюстон шаҳрида бўлишни режалади.
Абдулла Ориповнинг сиҳат саломатлиги, у кишининг бугунги кайфияти ва умуман улуғ ўзбек шоири билан боғлиқ барча савол жавобларга Исмат Хушев яна бир неча соатлардан сўнг эълон қилинажак ўз сафар таассуротларида баҳоли қудрат жавоб беришга ҳаракат қилади.
Нашримизни кузатиб боринг.

Исмат Хушев А.О. билан хьюстонда 1

Суратда: «Дунё ўзбеклари Бош муҳаррири Исмат Хушев улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов билан Хьюстон (АҚШ)да, 18-25 август, 2015 йил, Техас.
Исмат Хушев:
Абдулла Орипов Америка тупроғида –
Сафар таассуротлари
(6-қисм)
1.
Абдулла Орипов билан Америка Қўшма Штатларининг Хьюстон шаҳридаги учрашувларимиз бир ҳафта давом этди.
Бир ҳафта давомида биз устоз билан бирга бўлдик. Юракдан мириқиб суҳбатлашдик, дардлашиб, ҳасратлашдик.
Абдулла ака ва у кишининг хонадонига яқинлигим салкам қирқ йиллик тарихга эга эканини муқаддам айтиб ўтган эдим. Бугун яна айтмоқчиман: Абдулла Орипов мен учун туғишган акамдек қадрли ва азиз инсон.
Мен бугун у кишининг адабиётдаги ўрни, машҳурлиги ва буюклиги ҳақида гапирмоқчи эмасман. Зотан, бу менсиз ҳам ҳамма учун маълум ҳақиқат.
Мен бугун Абдулла Ориповнинг — худди ўз отамиз ва акамиздай оддий ва самимий, жонкуяр ва меҳрибон инсонлигини, гарчи Ўзбекистон Қаҳрамони бўлса-да, лекин у ҳам ҳануз кўплар қатори эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик ўртасида хаёллари паришон ва сарсон саргардон бўлиб, азият ва заҳмат чекиб юрган бетакрор ўзбек шоири эканини алоҳида таъкидламоқчи эдим.
Дарвоқе, Абдулла Ориповнинг машҳурлиги ва буюклиги ҳақида…
2.
Ростини тан олиб айтишим керак: Мен аслида бахтли ва омадли йигитман!
Машҳурлик ва буюклик бобида Ўзбекистоннинг бу яқин юз йиллик тарихида ўзига хос ва мос тарзда ўрин қолдирган икки улуғ инсон бор. Булар Ислом Каримов ва Абдулла Ориповлардир.
Не бахт ва ё не кулфатки, мен ўзбек халқининг шу икки таниқли ва машҳур фарзандлари, пешонасига битган ёруғ ва мунаввар юлдузлари билан танишиш ва ҳамсуҳбат бўлиш бахтига муяссар бўлдим.
Алал оқибат уларнинг лутфу карами ва ишончу марҳаматига сазовор бўлишдек камдан кам одамларга насиб этган улуғ бир неъмат, қутлуғ бир бахт менга насиб этди.
Бу ёруғ дунёга келиб неки орттирган  ва нени йўқотган бўлсам ҳам – шу икки улуғ ва буюк зот боис эканини яхши биламан…
3.
Ислом Каримов билан биринчи маротаба у киши Қашқадарё обкомининг биринчи секретари бўлганида Нишонда танишиб, сўнг Москвада – СССР Халқ депутатларининг 1-съездида янада яқинлашиб, қадрдон бўлиб қолган эдик.
Бу ҳақда китобларимда батафсил ёзилган ва яна ёзилади.
Ислом Каримов Ўзбекистоннинг янги биринчи раҳбари этиб тайинланганидан кейин менинг ҳаётимда ҳам шонли ва суронли кунлар бошлангани – бу фикримнинг ёрқин далилидир.
Лекин мен ҳали у пайтлар “Шоҳга яқинлик — сурурли ва шарафли бўлиш билан бирга – олмос тиғли қиличнинг дамига яқин бўлмоқдек хавфли ва хатарли эканини билмасдим.
Жуда камдан кам кишиларгина бу сарой ва салтанат шуҳратини кўтара олишларини ҳам анча кейин англаб етдим.
Уч бор ҳибс ва ҳақорат, зулм ва жаҳолатдан сўнггина, бошим тошга урилиб, кўзим очилди. Лекин энди кеч эди.
Мен энди Ўзбекистонда — шоҳ салтанатида эмас, балки Хорижистонда  — Ватансиз ажнабийлар шайтанатида эдим…
4.
Бу ерда, хорижда, Канада ва  Америка тупроғида ҳамма нарса бор: Эркинлик, озодлик, тенглик ва ободлик.
Еганингиз — олдингизда, емаганингиз – ортингизда. Очлик ва ночорлик ҳақида умуман гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Кўчаларга чиқиб, истаганча митинг қилишингиз, бақириб, чақиришингиз, байроқ кўтариб у ёқдан бу ёққа чопишингиз мумкин. Бировнинг иши йўқ. Нега бундай қилаяпсан, нима истайсан деб сўрамайди ҳам.
Лекин Ўзбекистондаги инсоний меҳр ва муҳаббат, бир оний сеҳр ва саодатдан нишон ҳам йўқ бу ерларда.
Бу улуғ ва муқаддас туйғуларсиз эса ўзбекнинг яшаши жуда оғир экан.
Биз Ислом Каримов зулмидан, тузумидан  қочиб, хорижнинг “бахтли ва фаровон” ҳаётини орзу қилгандик. Бу ерларда Ўзбекистондагидан минг карра бахтлироқ ва саодатлироқ яшасак керак деб ўйлаган эдик.
Лекин бизнинг бу содда ва ҳавойи орзу умидларимиз саробга айланди. Бу ёруғ дунёда — Ватансиз, Ўзбекистонсиз ҳеч қанақанги бахт ва саодат, тинчлик-омонлик  ва фаровонликнинг бўлиши ҳам мумкин эмас экан, гар бўлса ҳам – у инсонга татимас экан.
Бахтли турмуш ва ширин ҳаётнинг,  ҳақиқий бахт-саодатнинг асл манбаи она юртда — Ватанда — Ўзбекистонда  эканини билмаган эканмиз. Ватансиз инсоннинг қалби доим ярим ва ҳижронзада бўларкан.
Ярадор ва хаста қалб билан эса ҳеч қаерда бахтли яшаш мумкин эмас экан…
5.
Майли, армон ва эҳтиросга берилиб, мавзудан узоқлашмайлик.
Бир сўз билан айтганда, Ислом Каримов — бу менинг бахтим ва бахтсизлигим., шон шуҳратим ва ҳайратим, кулфатим ва дурду ҳасратимдир. Буни ким қандай тушунса – шундай тушунсин.  Мен нимага эришган бўлсам, яширмоқ не ҳожат, Ислом Каримов туфайли эришдим.
Мен тақдирнинг бу ажиб ва мўҳташам тўҳфасидан, бу саодатидан қалбимда ҳамиша фахр ва ғурур туйганман.
Бугун энди бошимга савдолар тушиб, омад мендан юз ўгиргани учун Ислом Каримовни айбдор қилиш, номардлик ва нонкўрлик эмасми?
Бу учун мен кўпроқ ўзимни, ўзимнинг худбин ва бежилов ҳатти ҳаракатимни айбдор десам, ҳақиқатга яқинроқ бўлса керак…
6.
Ҳаётимда, шу мўъжаз умримда  ёрқин из қолдирган иккинчи сиймо,  бу шубҳасиз — ўзбек халқининг улуғ ва бетакрор  шоири Абдулла Орипов!
Мен Абдулла акадан ҳам жуда кўп яхшиликлар кўрдим. Кўп нарсани ўргандим.
У кишининг тавсияси билан ёзувчи Евгений Ефимович Березиков раҳбарлик қилган Шаҳрисабз шаҳар партия комитетида ўзимнинг илк мулозимлик ҳаётимни бошлаган бўлсам, Ислом Каримов Президент бўлганидан сўнг, “Госплан” нинг иқтисод журнали Бош муҳаррири сифатида бу  фаолиятни энди республика миқёсида давом эттириш бахтига муяссар бўлдим.
Навқирон ўттиз ёшимнинг нари берисида — Тошкент обкомининг аъзоси, Ўзбекистон Компартияси съездларининг делегати сифатида олий минбарлардан сўз айтиш шарафига эришдим.
Мустақил Ўзбекистоннинг расмий ҳукумат делегациялари таркибида бир неча маротаба қатор хориж давлатларига бориб, ватаним номидан нутқ сўзлаш бахти ва масъулияти менга насиб этди.
Бугун энди булардан тонсам, ўз бахтсизлик ва омадсизлигимни Ислом Каримов ва Абдулла Ориповдан кўрсам, бу энди бориб турган нормардлик ва нонкўрлик, юзсизлик ва виждонсизлик эмасми?
7.
Хуллас, Абдулла ака билан Америка тупроғи – Хьюстондамиз.
Ўтган йиллар бизнинг тақдир ва қисматларимизни тамомила остин устун қилиб юборди.
Тақдир тақозоси билан энди мен Ўзбекистонда эмас, балки Шимолий Америкада – Канада давлатида истиқомат қиламан. Бу ерга сиҳатини мустаҳкамлаш илинжида Ўзбекистондан ташриф буюрган Абдулла Орипов ҳам энди олдингидек қудрати бор ва мансабдор шахс  эмас.
Умрининг заъфарон дамларини ўзи бир пайтлар:  “Сеҳрли диёр” деб куйлаган АҚШ уммони соҳилларида минг бир ҳайрат ва ҳасрат билан ўтказаётган – ўз юртида Муқимийдек яккаланган ва камситилган улуғ ва дили пора  бир шоир.
Фақат Ислом ака ўша ўша – ҳануз Президент, ҳануз ҳукмрон. Ҳануз Ўзбекистон давлатининг ўттиз миллионли аҳолисига  абадий йўлбошчи…
8.
Ҳаётимда ўчмас ва ёруғ из қолдирган бу икки улуғ инсон билан туташган тақдир ришталарини эслаш – менинг учун доим ишонч ва шараф, қувонч ва фараҳдир.
Шу билан бирга мен бугун бу икки улуғ  инсон орасига нифоқ солувчиларни огоҳлантириб қўймоқчиман: Кўзингизни каттароқ очинг, олов билан ўйнашманг!
Сизлар эрта бир кун ўз қора ном ва юзингиз билан, фитна ва ҳасаддан иборат қилмишингиз билан бу дунёдан беном ва бенишон ўтиб кетасиз. Лекин Ислом Каримов билан Абдулла Ориповлар асрлар оша мангу яшаб қолажаклар!
Шу сабаб ҳам, ростини айтсам, менинг юрагимга туташ бўлган бу икки буюк инсоннинг ўртасини бузаман деганларни кўргани кўзим йўқ.
Нега бундай бўлди? Нега давримизнинг икки буюк сиймоси орасидан қора мушук оралади? Бу ерда қандай сир бор,  қолаверса, бунга ким ва қайси ёвуз кучлар сабабчи бўлиши мумкин?
Буни Сиз билан биз билолмаймиз. Лекин бу ёвуз кучларнинг кимлиги — Абдулла аканинг ўзига ойдай равшан. Улар аслида Абдулла Ориповнинг рақиб ва ё ғанимлари эмас, балки — Ислом Каримовнинг душманларидир. Улар Ислом Каримов учун — Абдулла Ориповдек буюк шоирдан «душман» ясашни орзу қиладилар. Лекин уларнинг бу ҳавойи орзулари ҳеч қачон ушалмайди.
Абдулла аканинг Президентга бўлган садоқатига шубҳа ҳам бўлиши мумкин эмас.
Маълум ва муайян шароитда Абдулла Ориповнинг соғлиги ёмонлашуви туфайли унинг Уюшма раислигидан озод қилиниши ортида бу ёвуз кучлар Абдулла Ориповга ҳар қадамда тўғаноқ қўя бошладилар ва оқибатда — юқорида айтганимиздек — унинг ўзидан кейин  яқинларига ҳам кутилмаган зарбалар берилди.
Бу воқеаларга мамлакат раҳбарининг мутлақо хабари ҳам, алоқаси ҳам йўқ эди!
Бу кучлар кимлигини Абдулла ака яхши билади, шекилли. Лекин уларнинг кимлигини бизга айтишни истамади…
9.
Айни пайтда, бу икки инсонни яхши билганим учун ҳам, тўла ишонч билан айта оламанки, уларнинг орасини бузиш ҳеч кимга насиб этмайди.
Вақтлар ўтади, кунлар келади, мунофиқларнинг ҳаммаси раҳнамоси билан бирга номма ном юзага чиқади. Юзлари қора, номлари шармисор бўлади.
Шундай кунлар узоқ эмас.
Мен бунга — эратага  қуёшнинг чиқишидек, қуёш чиққанда эса, табиий равишда, зулматнинг чекинишидек —  қаттиқ ишонаман…
10.
Менинг бу ўлмас ишончимга эса Абдулла Ориповнинг ҳали  талабалик давримдаёқ менга атаб, донишмандлик ва меҳрибонлик билан битган ушбу  дилбар сатрлари сабаб бўлса, не ажаб:
Менинг шеърларимни севибсан, Исмат
Шеърларим номидан сенга кўп раҳмат.
Сира кўрма алам, сира кўрма ғам,
Оламда қанотинг ёзиб юр, болам.
Доим ошно бўлгин самимиятга,
Шунда раҳмат деймиз биз ҳам Исматга.
Шу гапларни айтди таваккал, башанг,
Қашқа воҳасидан Абдулла аканг!
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
6 сентябрь, 2015 йил, Якшанба.
Торонто шаҳри, Канада.

Исмат Хушев Абдулла ака билан машинада

Суратда: «Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири Исмат Хушев улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов билан енгил машинада Хьюстон сайрида
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

1 шарҳ

  1. Otabek Toshev
    07.09.2015 at 00:05(Edit)

    Абдулла Орипов камдан кам бир неча юз йилларда тўғиладиган туғма талантли донишманд шоир. Унинг шеърлари оддийлиги, осон ўқилиши, ёрқинлиги, фавқулодда ўткир руҳ анқиб тўриши, айниқса фалсафий ўлмас руҳиятининг устунлиги билан ажралиб туради. Булар бари шундан далолатки – унинг шеърлари нафақат ўн йиллар, асрлар оша ҳам келажак авлодлар томонидан ўқилажак.

    4 шарҳ

    1. Абдулло Саид
      08.09.2015 at 14:19  (Edit)

      Бу ерда, хорижда, Канада ва Америка тупроғида ҳамма нарса бор: Эркинлик, озодлик, тенглик ва ободлик.
      Еганингиз – олдингизда, емаганингиз – ортингизда. Очлик ва ночорлик ҳақида умуман гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
      Кўчаларга чиқиб, истаганча митинг қилишингиз, бақириб, чақиришингиз, байроқ кўтариб у ёқдан бу ёққа чопишингиз мумкин. Бировнинг иши йўқ. Нега бундай қилаяпсан, нима истайсан деб сўрамайди ҳам.
      Лекин Ўзбекистондаги инсоний меҳр ва муҳаббат, бир оний сеҳр ва саодатдан нишон ҳам йўқ бу ер…

      Исмат ака хак гапни ёзганлар. Узга юртда хамма нарса бору Ватандагидай мехру мурувват йук…

      REPLY
    2. Нодир
      08.09.2015 at 09:08  (Edit)

      Гадонинг душмани гадо бўлади.
      Иккиси бир бирин еб тугатгунча,
      Ўртада бу дунё адо бўлади.
      Бу тўртлик Абдулла акага тегишли шекилли.
      Абдулла аканинг душманлари ижодкорлар, шоирлар. Маънавият, маънавият, маърифат тепасида турган Хайриддин Султонов бошчилигидаги бир гуруҳ ичи қора, кўнгри кир, нияти ифлос кимсалардир…

      REPLY
    3. O’zbekxon
      08.09.2015 at 01:56  (Edit)

      Исмат Хушев жуда тарбияли ва маданиятли инсон экан. Мен бунчалик деб ўйламаган эдим. Биронта ўзбекни топиш қийин, бир неча минг км жойга устози соғлигини сўраб борадиган. Тангрим умир берса Абдулла ака ҳали юз йил яшайди. Биз оддий одамларни умиридан халқга, ватанга унча фойда йўқ! Адулла Орипов тарихий буюк ва ихтидорли шахс бўлиб, ҳали кўп шеърий асарлар орқали оммага, қолаверса келажак авлодларга хизмат қилиши мумкин. Исмат Хушевни мана шу хайирли ва улуғ иши учун хам тарих унутмайди.

      REPLY
    4. shaybony
      08.09.2015 at 01:50  (Edit)

      Истеъдодли одамни душмани истеъдодсиз кимса бўлади, нима қилсин бундай паст номардлар қўйнига ичи қоралигидан тош олиб юрмай. Мана шунинг учун А.Орипов душманлари ҳамманикидан кўп. Абдулла ака соғ саломат бўлинг узоқ яшанг, оқибатда рақибларингиз аламидан ёрилиб ўлсин.

Ўхшаш мақолалар:

  1. Исмат Хушев: «Уйдан кетганимга ўн йил бўлибди…» (10)
  2. Исмат Хушев: Икки умр ораси (Одил Ёқубовни эслаб)
  3. А.С.Пушкин. ПУТЕШЕСТВИЕ В АРЗРУМ (проза) (3)
  4. Исмат Хушев: Тошкентдан Қашқадарёга сафар (19)
  5. «Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири Исмат Хушев Германияда
  6. Президент Ислом Каримов ҳақида икки хил шеър: Элбек Раҳмат ва Исмат Хушев…
  7. Исмат Хушев — Дубайда! Бирлашган Араб Амирликларига сафар (4-қисм)
  8. Исмат Хушев: Улуғ шоир Эркин Воҳидов ҳукуматга нима ёмонлик қилган эди?
  9. «Озодлик» мухбири Ҳурмат Бобожон оиласи билан Алп тоғларида таътилда…
  10. Абдулла Орипов барҳаётлигида Торонто оқшомида ўқилган шеър (Видео)
  11. Журналист Исмат Хушевдан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга шеърий мактуб
  12. Исмат Хушев: Чорак аср кечиккан эъзоз (Ҳалима Худойбердиева ҳақида)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

2 комментария

  1. Malik:
    10/09/2015 в 01:48-

    Исмат ака ! Сиз устозга ёлчигансиз Ака..Нима булганда хам.

    Ответить
  2. Shavkatbek:
    09/09/2015 в 17:52-

    Kam bolmang Ismat aka, sizda Odamgarchilik ziynati kuchli, shuning uchun sizni xurmat qilaman.. Ustozni uluglashni xam tilda xam amaliy kursatib qoyasiz.. Ozgina etibor va yaxshilik kurgan kishilarni eslab minnatdor bolasiz.. Kam insonga nasib qilgan tuxfa bu… Azizlik ikki dunyo ajralmas xamroxingiz bulsin..

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.