Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (22)
КУЗ ТАШРИФИ
Қайдадир самода ўқилар баёт,
Қулоғим тутаман сирли овозга.
Кўрдим, ўн йил олдин ўтиб кетган зот
Келди Тиллашайхга — жума намозга.
Айни куз, боғларнинг пишган меваси,
Чумоли сафига ташлайман разм.
Олма туршагининг бордир эгаси,
Қарри ажиналар қилурлар базм.
Порлаб кўринади Қутбда юлдуз,
Осмон ҳам қорамтир — ранги аслидир.
Сариқ чакмон қийган Хизр каби куз,
Чиндан у донишманд руҳлар фаслидир.
Афсус, бахорларим ўтдилар кетиб,
Терга ботганича қолди саратон.
Буюк томошанинг сўнггини кутиб,
Фасллар оралаб кездим саргардон.
Нимани изладим кундуздир, тундир,
Барча кўрганларим наҳотки абас.
Шамолни ғорларга қамаш мумкиндир,
Қайта олинмагай “пуф” деган нафас.
Ибтидо бор экан бордир интиҳо,
Чигал ҳисларингга куз бергай барҳам.
Балки ўн йил ўтар, юз йилдир, аммо
Жума намозига келурман мен ҳам.
АҚШ. Хьюстон. 02.09.2015
ЁЛҒИЗЛИК
Афсус, ўтиб кетди
Умр муваққат,
Дунёда бир ўзинг
Қолдинг сен фақат.
Демишлар, ёлғизнинг
Ёри Худодир,
Дўстдан муҳаббат кут,
Душмандан шафқат.
АҚШ. Хьюстон. 02.09.2015
ҚАЙМОҚ
Техасдек иқлими
Қайноқ йўқ экан,
Шундан-ми, айиқ йўқ-
Маймоқ йўқ экан.
Жаннатга ўхшайди
Манзилим, лекин
Сигир кўп экану
Қаймоқ йўқ экан.
АҚШ. Хьюстон. 02.09.2015
САЙЁҲЛАР
Кеча хитой эдинг,
Бугун-чи япон,
Эртага ҳиндусан
Ва ёки цейлон.
Кафтгирни қўлга ол,
Қани, ош пишир,
Бир кун ўзбек бўлиб
Тургайсан, ўғлон.
АҚШ. Хьюстон. 02.09.2015