Анвар Сайрамий: Йўл очерклари — Самад Вурғун диёрида (Сафар таассуротлари)
Анвар САЙРАМИЙ
Йўл очерклари
Самад Вурғун диёрида
ОЗАРБАЙЖОН. 1995 йилнинг январь ойи. Эрта билан Тауз шаҳридан сафаримни давом этказарканман, қалбимда алланечук ҳаяжон бор эди. Боиси, кўпдан бери, шеърият гулшанига кириб келган онларимданоқ орзу қилиб юрганим – Қозоқ туманига қарашли Қирғоқ –Салахли қишлоғида таваллуд топган Озарбайжон халқ шоири Самад Юсуф ўғли Вакиловнинг она юртида бўлиш, унинг ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишиш иштиёқи, ёшлик даврида шоирга беназир илҳомлар бахшида этган серманзара диёрни зиёрат қилишдек орзу – ўйлар саросимага соларди.
Катта кўча бўйлаб ғарб томонга борар эканман, ногаҳон ”Дом поэзии Самада Вургуна” ёзувли нишонга кўзим тушди-ю қувонганимдан “Ура!” деб юборганимни ўзим ҳам сезмай қолибман.
Чеккага чиқиб тўхташим биланоқ, ёш – яланглар даврасида қолдим. Улар каминани ва “Бойчибор”имни синчковлик билан кўздан кечиришганч, саволлар ёғдирдилар. Суҳбат сўнгида техникамга зиён-заҳмат етказмасликларини айтишгач, музей томон ошиқдим.
Йўлнинг жануб томонида кенг хиёбон. Нақшли цемент плиталар ётқизилган. Қаршида дид билан солинган замонавий уй ва ўша атрофга ўрнатилган монументлар хиёбон чиройини янада очиб юборган. Муҳташам бино пештоқидаги ёзувни ўқиганимдан сўнг, бироз чоғланиб томоқ қиргач, эшикни очиб, ичкарига кираман ва музей ходимларидан бирига дуч келаман.
Саришта залнинг тўридан шоир бюсти жой олган. Қўшни хоналарда китоб жавонлари. Унда шоирнинг илк асарларидан “Клятва поэта”, “Фонар”, “Скамья смерти” каби китоблари, шеърий тўпламлар, достонлар ўрин олган.Деворларда турли — туман портрет ва расмлар. Столлар устига ва ойна тагига ҳужжатлар ва орден-у медаллар, яна бошқа нарсалар дид билан териб қўйилган.
Эҳтиром ила кутиб олган, музейдаги бебаҳо экспонатлар билан таништираётган сухандон қиз, музей соҳибаси Матонат Рагимова Самад Вурғун қаламига мансуб шеър ва ғазалларни ўзига хос маҳорат билан ўқиди-ки, беихтиёр,қалбим ларзага тушиб кетди.
Агар, сендан тонар бўлсам насибам оҳ-у зор ўлсин,
Баҳорим қишга айлансин,чечаксиз бир диёр ўлсин.
Чаманим,боғим- боғчам тўкилсин,бари хор ўлсин,
Мозорим ўт бўлиб ёнсин,бу ишқим ошкор ўлсин.
Бас,эй булбул, тин, эй довул, ки хоҳиш истироҳатдур,
Бу ерларда илинжим йўқ, юпанчим бир саёхатдур.
Ўлим! Эвоҳ,бу неъматдур, бу бир шонли саодатдур,
Агар, бевақт ўлар бўлсам, рақибим бахтиёр ўлсин.
Фалакдин интиқом истаб, жўшар руҳимда бўронлар,
На инсофни, на виждонни билар, ё Раб,бу инсонлар,
Ёз, эй Вурғун, турсин энди бутун оламда тўфонлар,
Йиқилсин меҳвари олам у тубдин тор-мор ўлсин!
* * *
Эл биларки сан манимсан ,
Юртим, юввош масканимсан,
Демак,туғма Ватанимсан,
Озарбайжон – Озарбайжон!
— Бу кун қолинг! Кечга ажойиб учрашув уюштирамиз, — деб қолди музей директори хайрлашув чоғида қардошларча меҳрибонлик билан.
Начора, Озарбайжон – Гуржистон чегарасига бугун етиб олишимни айтиб, ўз узримни билдираман ва яна йўлимда давом
этаман.
Узундан – узоқ асфальт йўллар узра мотоцикл рулини бошқариб борарканман, хаёлимдан мана бундай фикрлар кечди:
Во ажаб! “Одам борки одамларнинг нақшидур…” – деганида Ҳазрат Навоий минг бора ҳақ экан-да. Қисқа ва мазмунли ҳаётида Самад Вакилов ўз халқи ва келажаги учун қанчадан – қанча маънавий мерос қолдириб улгурибди.
25.05.2000 йил
Анвар Сайрамий
Анвар Сайрамий
Лермонтовнинг излари
Пятигорск. Шимолий Кавказнинг бу навқирон шаҳрига сафар қилган ҳар бир адабиёт мухлиси улуғ рус шоири Михаил Юрьевич Лермонтовнинг сўнгги кунлари ўтган жойларни, албатта, бориб кўради.
Мен ҳам илк бор бу шаҳарга келганимда дастлаб “Лермонтов уйчаси” Давлат адабий – мемориал музейига йўл олдим.
“Цветник” бекатида трамвайдан тушгач, сўраб – суриштириб, Анджиевский кўчаси орқали Буачидзе кўчасидаги шу музей биносига етиб келдим. Бошқа саёҳатчилар қатори музей билан танишишни унинг адабий бўлими – “Варзилинлар уйи” дан бошладим. Уй хоналарида Лермонтов яшаб ижод этган даврни эслатувчи рўзғор буюмлари тартибли турибди. Кираверишга шоир китоблари, қўлёзмаларининг кўчирма нусхалари, расмлари қўйилган. Улар гўё Лермонтовнинг қисқа ва машаққатли ҳаёти тафсилаотларини саёҳатчиларга баён қилаётгандай.
Қўшни хоналарда эса, диван, кресло, кроват ва бошқа эсдалик нарсалар. Айниқса, музей экскурсоводи пианинога ўгирилиб айтган гаплар қалбларни ларзага солиб юборди. Шоирнинг бевақт ҳалокатига сабаб бўлган машъум дуэль жанжали мана шу жойда бўлган экан. Бурчакда Лермонтов қотили Мартиновнинг ёвуз руҳи ҳали ҳам биқиниб тургандай, юрак увишиб кетарди.
Музей хоналари ниҳоятда совуқ ва қайғули туйилар, айни пайтда шу даврга нисбатан кишида нафрат уйғотарди. Девордаги бир тарихий ҳужжат диққатимни тортди. У ўша кездаги Пятигорск ҳарбий госпитали шифокори И.Е. Борколя де Толли берган гувоҳнома экан.
“1841 йил (17) 29 июлдаги кўрикда маълум бўлди-ки, пистолет ўқи ўнг биқинининг охирги қовурғаси пастидан тегиб, қовурғанинг тоғай билан қўшилиб кетган қисмидан ўнг ва чап ўпкани тешиб ўтгач, юқорига кўтарила бораркан, чап томонининг бешинчи ва олтинчи қовурғалари орасидан чиқиб кетаётиб, сўнг елканинг юмшоқ этини қирқиб юборган: шу жароҳатлар тауфайли поручик яккама – якка олишув жойида бир лаҳзада жон берган…”.
Тарихий ҳужжатлар орасида қотил Н.С. Мартинов, секундантлардан А.И. Васильчиков, А.А. Столипин, М.П. Глебов, С. В. Трубецкойларнинг расмлари турибди.
Шу ҳовлига яқин жойда деразаси Машуқ тоғига қараган, қамиш томли, кичкинагина “Лермонтов уйчаси” тиклаб қўйилган. Уйча – шоир ҳаётининг сўнгги кунларида яшаб, ижод этган Пятигорскдаги квартирасидир. Зиёратчиларнинг турнақатор сафини кўриб, тўлқинланиб кетади, киши. Оташин қалб эгаси гениал шоирга халқнинг бу қадар ихлоси асарларининг абадийлигида эканлигини англаб олдим.
Сафар давомида Машуқ тоғи ёнбағрига, ўрмондаги собиқ дуэль жойига бордим. Унда 1841 йил (15) 27 июль кеч соат олти – еттилар орасида поручик Лермонтов билан капитан Мартиновлар ўртасидаги дуэлнинг шу ерда бўлганлигини исботловчи далиллар, 1915 йили ҳайкалтарош Б.М. Микешин томонидан яратилган шоир ҳайкали, 1916 йилда В.В. Кольцов ишлаган гильза шаклидаги устунчаларга тортилган занжирли тўсиқлар, дуэль шартлари ва тафсилотлари ёзиб қўйилган тош плиталар унсиз сўзлайди.
Чеккароқда, отишув ўрнида сақланиб қолган улкан дарахт тўнкаси атрофидаги ёғоч тўсиқ олдида туриб, шоир хотирасига бир нафас сукут сақладим.
Шаҳар сиртидаги кўҳна қабристонда ҳам бўлдим. Шоир дастлаб шу ерга дафн қилинган. Қабр атрофидаги темир панжара ичкарисига оддийгина тош устун ўрнатиб, унга шоирнинг туғилган ва ўлдирилган йилларини ёзиб қўйибдилар. Қабрга олиб борувчи сўқмоқ тўғриланиб, йўлка ишланаётган экан.
Хуллас, Лермонтовнинг ҳаёти ва ижоди билан муфассалроқ танишгач, унинг қанчалик буюк талант ва аччиқ қисмат эгаси эканлигини чуқурроқ ҳис этдим.
Пятигорск ва Кисловодскдан яхши таасуротлар билан қайтарканман, “Лермонтов шаршараси” ва шоир босиб ўтган табаррук излар хотирамда муҳрланиб борарди.
Лермонтовнинг Пятигорскдаги квартираси
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ