"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Исмат Хушев: Абдулла Орипов Америка тупроғида — Сафар таассуротлари (2-қисм)

Бош мақола, Муҳаррир минбари, Сафар таассуротлари... | 22/08/2015 03:15-     12515 марта ўқилди

IMG_1308

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррирининг АҚШга навбатдаги сафари тўғрисида

Яхши-суъратим“Дунё ўзбеклари”дан:
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев шу йилнинг 18-25 август кунлари бир ҳафталик ижодий сафар билан Америка Қўшма Штатларида бўлади. Журналист бу гал ҳам одатдагидек сафари давомида кўрган кечирганларини ўз ўқувчилари билан ўртоқлашиш ниятида.
Яқингинада ниҳоясига етган Бирлашган Араб Амирликлари (Дубай, Шаржа, Абу Даби) ва Туркия (Анталия, Истанбул) га бўлган, нашримизда эълон қилинаётган қизиқарли сафар таассуротлари тугамай туриб, журналистни бу галги кутилмаган АҚШ сафарига нима мажбур қилди?
Яна бир неча соатлардан сўнг Исмат Хушевнинг АҚШ сафари таассуротларини эълон қила бошлаймиз.
Нашримизни кузатиб боринг.

«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири Абдулла Ориповни йўқлаб Хьюстон (АҚШ)га келди

Шоир ва АҚШ

«Дунё ўзбеклари»дан:
Шу кунларда Хьюстон (АҚШ)да даволанаётган улуғ шоиримизни йўқлаб, у кишининг саломатликлари билан қизиқиб нашримизга кейинги бир ойда юздан зиёд хат ва хабарлар келди, СМС ва телефон қўнғироқлари бўлди.
Шоир мухлислари ўзлари ихлос қўйган улуғ шоир тақдирига бефарқ эмасликлари тушунарли, албатта.
Қаршидан Зилола, Бухородан Ойдин, Шахрисабздан Акмалжон, Китобдан Собир, Косоннинг Некўз қишлоғидаги бир гуруҳ мактаб ўқувчилари, Олтиариқдан Бегали, Қўқондан Сулув, Учкўприкдан Одилжон, Хоразмдан Шоҳсанам ва Фарҳод, Жиззахнинг Бўстонидан таниқли ёзувчи Абулқосим Мамарасулов, Самарқанддан Гуландом, Навоийдан Султонмурод, Андижондан Шавкатбек ва Моҳигул, шоир Суҳайлий, Тошкентдан таниқли табиб Абдуқодир Сатторов, шоир Ҳамроқул Асқар, Дилором, Азиза, Муниса, Бобир, Шуҳрат, Камолиддинлар, АҚШнинг Хьюстон шаҳрида яшовчи наманганлик Дилбар, Манчестердан Гулбаҳор, Кентуки штатидан шоир Юсуф Жума оила аъолари, Канаданинг Монтералидан Лариса, Жумагул ва Баҳодирлар, Торонто шаҳридан Умида Турсунова, Олмониядан Нафиса Қодировна, Дубайдан Салтанат, Зулайҳо, Франциядан Эргаш Тўхтабоев, Буюк Британиядан профессор Аҳмад Ҳожи Хоразмий, Швециядан ака ука Билолиддин, Шарофиддин ва Камолиддинлар,  Норвегиянинг Осло шаҳридан Отабек Тошев, Туркиядан Замира Одилова ва Муҳаммаджон Калоновлар оиласи, Шотландиядан Отабек ва Наргизалар, Қозоқистондан Лайло, Гулмира, Абдужаббор ва Шарофатлар, Бразилиядан Марат, Дурбеклар ҳам «Дунё ўзбеклари»га мактуб йўллаб, Абдулла Орипов ва унинг сиҳат саломатлиги билан жиддий қизиқишган эдилар.
Бу ҳали қўл остимизда тўпланиб қолган хат ва хабарларнинг бир қисми, холос. Худди шу мазмундаги яна ўнлаб хатлар борки, бу — халқимизнинг улуғ шоир тақдирига бефарқ эмаслигидан далолат беради.
Ана шуларни ҳисобга олиб, «Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири 18-25 август кунлари бир ҳафталик ижодий сафар билан Америка Қўшма Штатларининг Хьюстон шаҳрида бўлишни режалади.
Абдулла Ориповнинг сиҳат саломатлиги, у кишининг бугунги кайфияти ва умуман улуғ ўзбек шоири билан боғлиқ барча савол жавобларга Исмат Хушев яна бир неча соатлардан сўнг эълон қилинажак ўз сафар таассуротларида баҳоли қудрат жавоб беришга ҳаракат қилади.
Нашримизни кузатиб боринг.

Исмат Хушев:

Торонто — Даллас — Хьюстон —

Абдулла Орипов Америка тупроғида  

(Сафар таассуротлари)

2-қисм

IMG_1306

Суратда: Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов «Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири Исмат Хушев билан АҚШнинг Хьюстон шаҳрида.
1.
Хуллас, кейинги бир ойда — улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов яшаб, шифо топаётган, шу билан бирга буюк ва бетакрор шеърлар битаётган афсонавий шаҳар — Хьюстондаман.
Ажабки, мен Америка тупроғига ҳам Абдулла Ориповни хасталик чоғида кўргани келдим.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.  
Бундан роппа роса 34 йил муқаддам, яъни 1981 йилнинг май-июнь ойларида СССР Ёзувчиларининг 7-съезди делегати Абдулла Ориповнинг Москвада биринчи маротаба инфаркт бўлганида ҳам ёнида эдим. 
Склифасофский номли дунёга машҳур касалхонада Абдулла ака қирқ кун давомида шифокорларнинг жиддий назорати остида қолганига гувоҳ бўлганман.
Ўшанда шоир роппа роса қирқ ёшда эди.
Мана бу дардли ва аламли, ғамли ва ситамли сатрлар ҳам айнан Склифасофский реанимациясида битилиб, Исмат Хушев орқали Ўзбекистондаги ўз мухлис ва ўқувчиларига етиб борган эди:
 
 Қирқ ёш ҳам келди-ю, қўлимдан тутди,
Бормен на эртакда, на афсонада.
Қирқ ёшнинг қоқ ярми йўлларда ўтди,
Ярми эса ўтди касалхонада…
 
2.
Орадан йиллар ўтди.
Мен — Ломоносов номидаги Москва Давлат университетининг журналистика факультетини  битириб, Ўзбекистонга қайтдим. Абдулла Ориповнинг тавсияси билан Шаҳрисабз шаҳар горкомининг биринчи секретари Евгений Ефимович Березиков қўли остида ўзимнинг илк мулозимлик фаолиятимни бошладим.
Абдулла Орипов ҳам Ўзбекистонга қайтиб, Склифасофский касалхонасининг аччиқ ва аламли сабоқларидан сўнг ўзига анча ҳушёр бўлиб қолган эди. Шу боисми, ҳар қалай — ўзини ва соғлигини қадрлайдиган бўлди.
Москвалик шифокорлар унга энди бир умр асабийлашмай яшашни, ҳаяжонланмасликни маслаҳат беришган эди. Мен ёш бўлсам ҳам — шифокорларнинг ўта ваҳимачи бўлишини яхши билардим. Лекин Абдулла ака уларнинг гап сўзлари-ю, ваҳимасига ростдан ҳам ишонди.  Умрим якун топди деб ўйлади, шекилли, қўйидаги фано ва видо сатрларини битди:
Хайр, эй беармон кезган қирларим,
Хайр, эй йироққа қочган сўқмоқлар.
Хайр, эй масканим – туққан ерларим,
Хайр, эй, саҳролар, хайр, эй тоғлар…
Ҳаяжон – бу ўлим, кулфатдир – қўшиқ.
Қилт этган шамолдан титрамас юрак.
Унга энди на дард, на қувонч, на ишқ,
Балким тўнғиб қолган бир ором керак…
Лекин Склифасофский касалхонаси шифокорларининг кейинги «прогнози» шуни кўрсатдики,  «тўнғиб қолган ором»га  ҳали анча вақт бор эди.
Абдулла Орипов ўшандан кейин ҳам на ором ва на ҳаловат нелигини билмай ишлади, ижод қилди. Номард ва ғавғоли бу дунёнинг жуда кўп ва турфа хил «қўшиқлари»ни тинглашга мажбур бўлди.
Ва табиийки, кўп таъсирланди, ҳаяжонланди…
3.
Ҳолбуки, Абдулла Орипов ўша саксонинчи йиллардаёқ Склифасофский касалхонаси реанимациясида туриб қуйидаги умидсиз сатрларни битган эди:
Бир ҳовуч кул эмиш оташ қисмати,
Мен ҳам ёна ёна тиндим ногаҳон.
Энди тилларимда видо ҳасрати,
Энди кўзларимга тийрадир жаҳон.
Олам тин олади, тинурман мен ҳам,
Энди у сирларин сўйламас ортиқ.
Фақат деразамдан бир қушча беғам,
Менга қўшиқларин этади тортиқ.
Йўқ, шоир одам ҳеч қачон  ўлим билан келишаолмас экан. У ҳамиша курашувчан ва яшовчан бўларкан.
Бундан 34 йил муқаддам Москванинг Склифасофский реанимациясида ҳаёт билан хайрлашиб: “Энди тилларимда видо ҳасрати” деб умидсиз сатрлар битган  Абдулла Орипов  барча ғанимларини доғда қолдириб, инфаркт  ва  ўлим хавфини енгиб, ҳаёт ва адабиёт учун, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак — шеърият абадияти учун, яшаши ва ижод қилиши лозимлигини исбот қилди, оқлаб чиқди.
Миллат ва адабиёт ҳаққи ҳурмати, Тангримга – Яратган Эгамга шукроналар бўлғайким,  орадан 34 йил ўтиб, Абдулла Орипов Америка тупроғида – Хьюстонда ҳам  ўлим ва айрилиқни яна бир бор доғда қолдирди.
Сенга шараф бўлсин, Яратган Эгам! Таъзим бўлсин сенга Художон – Тангрим!!!
4.
Хуллас, яна хаста шоирни кўргани сафарга чиқдим. Бу гал Москвага эмас, балки Америка тупроғига келдим.
Ростини айтсам, ҳали Абдулла Ориповга муҳиб ва мухлис бўлган олис талабалик йилларимда ҳам, ундан кейинги шонли ва суронли мулозимлик давримда ҳам  бир кун келиб Абдулла Орипов билан Америка Қўшма Штатларида  кўришаман   деб сира ўйламаган эдим.
У кишини кўриш учун  Америка тупроғига қадам ранжида қилиш – етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган, хаёлимга ҳам келмаган эди.
Лекин ҳаёт – барибир ҳаёт экан.
Бугун мен, не тонгки, яна хаста шоирни кўргани келдим. Унинг ҳолидан хабар олгани бу гал  Америка тупроғига – Хьюстонга қадам ранжида қилдим…
5.
Аэропортдан таксига ўтириб, тўғри меҳмонхонага келиб жойлашдим.
Америка ва Канада меҳмонхоналарига гап йўқ. Эшикдан ичкарига киришингиз биланоқ, қўлингиздаги сумкангизни олиб, самимий мулозамат кўрсатишади. Ҳужжатларингизни расмийлаштириб, қўлингизга калитни бериб, юкларингизни одоб билан хонангизга киритиб беришади.
Абдулла Орипов турган хонадонга телефон қилиб, яхши етиб келганимни айтиб, кечроқ кўришамиз деб хайрлашдим.
Хьюстонда ҳаво жуда иссиқ  – Ўзбекистоннинг жазирамасидан сира қолишмайди. Хонада ҳаво музлатгич ишлаб тургани боис ҳаво салқин, айтиш мумкинки – оромижон бир ҳолат эди…
6.
Душга тушиб, кийимларни алмаштириб, хонамни кўздан кечира бошладим.
Стол, стул, холодильник, кондиционер, телевизор, кийим қўядиган шкаф, сейф, телефон. Ҳатто меҳмон кутадиган иккинчи хонада ҳам диван ва креслолар дид билан қўйилган, дереза пардалари ярим очиқ ҳолда хонага ажиб бир кўрк ва  салобат бахш этиб турарди.
Менга хонанинг шинамлиги ёқди.
Кенг ва каттакон диван каравот оппоқ чойшаб, пахта гулли кўрпа ва пар ёстиқлар билан безалган. Қараган одамда ўша жаннат жойга тезроқ ётиб, ором олиш истаги пайдо бўлади.
Биз одатда болаларимиз билан оилавий сафарга чиқишни ёқтирардик. Фарзандларим, айниқса,  кенжатойим Камронбек ҳамиша меҳмонхонлардаги мана шундай кенг ва каттакон диван — каравотни, унда қатор қилиб териб қўйилган пар ёстиқларга кўмилиб ухлашни яхши кўрарди.
Оилам уйда уларга айни шароитни яратиб қўйса ҳам, болаларим  доим  оилавий сафарга чиқишни орзу қилишар ва ҳар гал меҳмонхоналардаги шаҳзодалар учун мўлжалланган кенг ва каттакон каравот ва ундаги сон саноқсиз пар ёстиқларни мақташдан, мадҳ этишдан  чарчашмасди…
7.
 Хуллас, ярим кечадан бўён оёқда турганим таъсириданми, ё тонг саҳарлаб етти қават осмону фалакларда “Қайдасан, Хьюстон!” деб беармон парвоз қилганим учунми,  билмадим, ҳар қалай очиққан ва толиққан эдим.
Меҳмонхонанинг биринчи қаватидаги ресторанга тушиб, тамадди қилиб чиқаётиб, беихтиёр меҳмонхона ортидаги кўкаламзор бағрида мавжланиб турган кўк кўк, зилол сувли бассейнга кўзим тушди.
Хурсанд бўлиб кетдим. Жазирама Хьюстонда бассейнни кўриб қолиш – ҳаёт завқи ва шавқи яна давом этишидан далолат эди, албатта.
Хонага кўтарилиб, чўмиладиган кийимларим билан сочиқни олиб, пастга тушдим. Топ тоза ва озода бассейнда ярим соат мазза қилиб чўмилдим.
Сўнг хонамга чиқиб, бир оз мизғиб олмоқчи бўлдим…
8.
Бир оз эмас, аламижон ухлаб қолибман.
Саёҳатнинг – меҳмонхоналарнинг шуниси яхшики, уй ва рўзғор ташвишларидан вақтинча озод ва холиссан. Ҳеч ким сенга у бу нарса олиб беринг деб илтимос қилмайди. Уйда у бу нарса қолмабди, нима пиширишга ҳам ҳайронман деб безовта қилиш йўқ.
Сафарда сен ўзингга — хон, ўзингга – бексан!
Одамнинг кўнгли тинч, кайфияти яхши бўлса – ширин ва хотиржам ухлайди.
Меҳмонхонанинг тинч ва сокин хонасида, оромижон пар ёстиқлар оғушида мен ҳам ширин уйқуга кетдим…
9.
Қанча ухлаганимни билмайман.
Кутилмаган телефон қўнғироғидан уйғониб кетдим.
Телефонда аввал янгам ош дамлаётганларини айтдилар. Сўнг Мавлуда трубкани олиб куёви ўн минутдан кейин мени меҳмонхона пастида кутажагини маълум қилди.
Ювиниб, кийиниб, оила аъзоларим бериб юборган совға саломларни олиб, айтилган муддатда пастга тушаётсам, рўпарамдан узун  бўйли, қадди қомати келишган, шошиб келаётган кўркам бир йигит чиқиб қолди. Кўнглимдан беихтиёр: “Мавлуданинг куёви шу бўлса керак деган!” деган ўй ўтди.
Адашмаган эканман. Куёв ҳам мени кўрган заҳоти: “Исмат ака, Сизмисиз? Сизни дарров танидим!” деб ширин бир табассум билан менга қучоқ очди. Унинг бу такаллуф ва самимиятидан қувониб, мен ҳам унга қучоқ очдим.
Аҳмаджон билан тезда тил топишиб кетдик.
Чаққонлик билан қўлимдаги юкларни олиб, мени ҳурмат  билан пастга турган машинаси томон бошларкан, унинг ўта маданиятли ва одобли, эҳтиромли  ва зукко йигитлигига ишонч ҳосил қилдим.
Умуман менда бир одат бор: Кўрган одамимни бир қарашдаёқ кимлигини аниқ айтолмасам ва билмасам ҳам,  лекин табиатан аслида қандай одамлигини дарҳол ажрим қилиб бера оламан.
Энг аввало, Аҳмаджондаги самимият мени ўзига мафтун этди. Ундаги очиқкўнгиллик ва юксак маданият, нозик дид менинг диққатимни тортди.
Шунда беихтиёр юрагимда: “Абдулла Ориповдай эл суйган, довруқли ва афсонавий инсоннинг куёви ҳам энг камида ана шундай гўзал фазилатли – оқил ва барно йигит бўлиши керак!” деган ёруғ бир ўй, ширин бир ҳавас пайдо бўлди.
 Абдулла акамнинг ва Ҳанифа янгамнинг орзулари ушалганидан , Мавлуда ўзига ҳар томонлама муносиб жуфти ҳалол топганидан юрагимда ажиб бир қониқиш ва қувонч туйдим.
Гап сўз билан бўлиб Аҳмаджонларнинг уйларига етганимизни ҳам сезмай қолдим.
Биз тушган қимматбаҳо енгил машина икки қаватли кўркам бино олдига келиб тўхтади.
Машинадан тушиб, совға саломларни олиб, эшик қўнғироғини боскарканмиз, ичкаридан янгамнинг: “Улар келишди!” деган мунис ва меҳрибон, таниш ва қадрдон  овози эшитилди…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
20 август, 2015 йил, Хьюстон (АҚШ)
 (Давоми бор)
Абдулла Орипов: Умр йўллари Видео (2-қисм) Исмат Хушев Хьюстон (АҚШ)да
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Ўхшаш мақолалар:

  1. Исмат Хушев – Истанбулда! «Туркияга саёҳат» туркумидан (7-қисм, давоми)
  2. Исмат Хушев: Абдулла Орипов Америка тупроғида — Сафар таассуротлари (1-қисм)
  3. Исмат Хушев: Абдулла Орипов Америка тупроғида — Сафар таассуротлари (3-қисм)
  4. Исмат Хушев: Қодиржон Ботиров билан учрашув (“Истанбулга саёҳат”)
  5. Исмат Хушев: Жума, шанба, якшанбада — «Гоҳ сайр ҳам даркор экан…» (Фотолавҳа)
  6. Исмат Хушев – Туркияда (Анталияга саёҳат” туркумидан) 3-қисм
  7. Исмат Хушев: Қодиржон Ботиров билан учрашув — “Истанбулга саёҳат” рукнидан
  8. Исмат Хушев: Жума, шанба, якшанбада «маёвка»га чиқдик биз…
  9. Исмат Хушев: “Уйдан кетганимга ўн йил бўлибди…” (8)
  10. Исмат Хушев: Рашитжон Қодировнинг ишдан олиниши ортида МХХ турибди
  11. Собиқ пахтачилик министри турмадан чиқарилиб, уч СНБ генерали ҳибс этилди…
  12. Исмат Хушев билан юзма юз — Президент ислоҳотлари нега саботаж қилинмоқда?
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

5 комментариев

  1. Istemi hoqon:
    23/08/2015 в 03:15-

    «Миллат ва адабиёт ҳаққи ҳурмати, Тангримга – Яратган Эгамга шукроналар бўлғайким, орадан 34 йил ўтиб, Абдулла Орипов Америка тупроғида – Хьюстонда ҳам ўлим ва айрилиқни яна бир бор доғда қолдирди.

    Сенга шараф бўлсин, Яратган Эгам! Таъзим бўлсин сенга Художон – Тангрим!!!»

    Ismat aka, Tangrim albatta Abdulla akaga sog’liq beradi. Tangrimni esdan chiqarmasak bo’ldi.

    Ответить
  2. O'zbekxan:
    23/08/2015 в 00:48-

    Исмат Хушев жуда тарбияли ва маданиятли инсон экан. Мен бунчалик деб ўйламаган эдим. Биронта ўзбекни топиш қийин, бир неча минг км жойга устози соғлигини сўраб борадиган. Тангрим умир берса Абдулла ака ҳали юз йил яшайди. Биз оддий одамларни умиридан халқга, ватанга унча фойда йўқ! Адулла Орипов тарихий буюк ва ихтидорли шахс бўлиб, ҳали кўп шеърий асарлар орқали оммага, қолаверса келажак авлодларга хизмат қилиши мумкин. Исмат Хушевни мана шу хайирли ва улуғ иши учун хам тарих унутмайди. Биз Абдулла акани кайфияти қандай, солиги қандай деб қон булиб юрдик. Мана энди билдик, яхши экан. Шоирнинг калбида, юрагида дарду армонлари куп, албатта. У буларни Исмат Хушевга айттган булиши керак. Шунинг уун хам мен Исмат Хушев хотираларини сабрсезлик блан кутиб яшаяпман.

    Ответить
  3. Shayboni:
    23/08/2015 в 00:33-

    Шундай узоқ жойга маъсулятни ҳис қилиб, ҳамма шахсий ишларингизни ташлаб борибсиз Исмат ака! Катта раҳмат одамгарчилигингиз учун. Абдулла Орипов иродали руҳи олмасдек уткир шоир. Биз ишонамиз у киши ҳали узоқ яшаб янада ўлмас асарлар яратади. Бу учун отахон адибимизни руҳини, кайфиятини кўтариб тўришимиз керак. Бошқа биздан ҳеч нарса талаб қилинмайди. Шунинг учун хам сиздан жуда миннатдормиз. Бахтимизга доим бор булинг. Сиз хакикий журналист канака булишини исбот килиб келяпсиз. Хаётда хам, ижодда хам. Кеча бир дусим уйимизга келиб, юрагини очди. У сизни олдин ризо ва жахонгир иговаргарларнинг гапига учиб ёмон куриб юрган экан. Энди сизнинг оллийизда хижолатлигини, сиз улардан минг кара устун ва яхшилийизди айтиб, хижолатлигини билдирди. Абдулла Орипов учун мен энди Исмат хушевни бир умир хурмат килиб утаман деди…

    Ответить
  4. Bumin hoqon:
    22/08/2015 в 10:54-

    Abduqodir
    Arablarning Allohi madad berganida Abdulla aka Amerikaga kelmasdan tuzalib ketar edi. Amerikalik doctorlar madad bermoqda Abdulla akaga. TANGRIM YORDAM BERAYAPTI Amerikada.

    Ответить
  5. Абдуқодир:
    22/08/2015 в 05:05-

    Исматжон илоим кам бўлманг. Хайирли ишларингизда ОЛЛОХим мадаткор бўлсин илоим. Усозни яккалатиб қўйманг. Кўнглини кўтаринг. Эсон омон она юртимизда кўришиш яна насиб айласин

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.