"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (15)

Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”, Адабиёт | 20/08/2015 19:38-     11444 марта ўқилди

 

 Абдулла акам АҚШда
ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ,
ХАЛҚ ШОИРИ АБДУЛЛА ОРИПОВ

 

ТАФАККУР МАДҲИ

Беруний шаънига йўқ асло таъриф,
Колумб ҳам даврига ярашган кўздек.
Бироқ ҳанузгача қалам кўтариб,
Бу юртга келмаган бирорта ўзбек.
У доим санчиқдай берганди азоб,
Шўронинг кибрли салтанатига.
Дердилар, бормангиз, бўлгайсиз хароб,
Буржуйнинг чириган мамлакатига.
Магар келса ҳамки  бирорта  сайёҳ,
Ёзғириб ёзарди етганча кучи.
Эмишки, кўчалар тўла оҳу воҳ,
Машаққат карвонин кўринмас учи.
Гўё пайқашмади  ғалабани соф,
Армстронг ой узра қўйганда қадам.
Ё, фалак, бандангда борми ҳеч инсоф,
Шунчалар ҳасадгўй бўларми одам.
Эплай олмаган  у ўзини асло,
Бутлаб ҳам бермаган  бировнинг камин.
Шу боис, дунёда тўхтамас ғавғо,
Шу боис, ўнгланмас шўрлик бу замин.
Ва лекин ўзбекка тафаккурдир зеб,
Маърифат  меросдир чунки қонида.
Агар керак бўлса, илму фанни деб
Тўй бергай  Самарқанд Регистонида.
А.Қ.Ш. Хьюстон. 20.08.2015
КЎЗЛАР

Дунёда энг ноёб, энг тансиқ сўздек
Битта каломимни айтаман сенга.
Ўзбекистон десам, десам гар ўзбек,
Иккита қоракўз кўринар менга.
Мисоли оловдек ўтли бир нигоҳ,
Асрлар қаъридан боқар жовдираб.
Кўрса, беҳуш бўлиб Лайли ҳам ногоҳ,
Мажнун ҳам кетарди даштга довдираб.
Бу кўзлар шодликдан, ғамдан зиёда,
Унда пок юраклар ўқурлар ваҳий.
Маъносиз назарлар тўлиқ дунёда,
Бу кўзлар илоҳий, чиндан илоҳий.
А.Қ.Ш. ХЬЮСТОН  20. 08. 2015
АБАДИЙ ЖАРАЁН

Ажабо, уммоннинг бағридан кетиб,
Уммонга қайтадан ёғади ёмғир.
Гуё ҳисларим ҳам мени тарк этиб,
Бошқатдан  қуйилар қоғозга охир.
Борлиқ аввал бошдан яралмиш шундоқ,
Мисоли шамол ва сукут аралаш.
Ойнинг ёғдусида, бир юзи оппоқ,
Бир юзи қорайган девларга ўхшаш.
Бахтни ваъда қилди тақдир бир замон,
Кулфатни юборди ўрнига аммо.
Баҳорда насимни кутгандим шодон,
Афсус, изғиринни кўрдилар раво.
Дўстларинг кўп бўлар, дея мулойим,
Башорат қилганди лўли қиз бир вақт.
Аттанг, кечикдилар дўстлар ҳам доим,
Садоқат эшигин қоқди хиёнат.
Улуғ ҳодисотлар юз бергай бари
Ёлғиз Худойимнинг ҳукмига кўра.
Хаёлим кетади асрлар сари,
Орзу қилмоқликдан толмасман сира.
Ҳозир-чи, тентирар саргардон  бу руҳ,
Ҳозир- чи, оламда шунақа ишлар.
Фақат режасини бузмагай андуҳ,
Фақат, ўз вақтида келгай ташвишлар.
                       А.Қ.Ш. ХЬЮСТОН 19. 08. 2015   
МУВОФИҚЛИК

Ғоят рангбарангдир иши оламнинг,
Мувофиқ келмагай йўқ билан бори.
Жуда оғир гапдир, икки одамнинг
Гар тўғри келмаса феълу атвори.
Бирови иссиққа ўзини урар,
Лекин шеригига ёқар қаҳратон.
Виждони қошида улар тенг турар,
Санар иккиси ҳам ўзин қаҳрамон.
Турфа эл босгандир чексиз дунёни,
Унда ёлғиз бир кас  юрмаслиги рост.
Бириси танганинг олдги томони,
Бошқаси ўшанинг орқаси,  холос.
Илтижо айладим дунёга келиб,
Илоё, бергин сен лойиқ суҳбатдош.
Яшайин ҳар қайда ўзимни билиб,
Топилсин мени ҳам  англовчи  йўлдош.
Тўрт қавм туну кун тортишар, ажаб,
Аслида йиғилган узум егани.
Палахмон отишар йўқликка қараб,
Азиз — ку энг аввал  Инсон дегани.
Тафаккур чиқажак охири  ғолиб,
Ўрин қолмагайдир нозга, фироққа.
Фақат, тушунганлар йўргаклаб олиб,
Фақат, тушунганлар қўйсин тупроққа.
                                      А.Қ.Ш. ХЬЮСТОН  19. 08. 201
ҚАЛҚОН

Ҳаётда беморнинг ўзидан кўра,
Унинг боқувчиси  тортгай кўп азоб.
Буни рафиқамдан яхшиси сўра,
Бунга ҳамшира қиз бергайдир жавоб.
Дўсту ёронлар-ку  тинмай эрта кеч,
Сенга ҳаёт тилаб, қилурлар дуо.
Уни такрор этиб, чарчамаслар ҳеч,
Миллиард мартабали  муслим ҳам ҳатто.
Мен ҳайрон қоламан, ҳар бало келса
Доимо дуони қилганлар қалқон.
Наҳот, зулм охир тантана қилса,
Наҳот, қарғиш унга ўтмас ҳеч қачон.
Оламда кўрмадим жумбоқ бу қадар,
Оддий ҳол ва лекин теран шунчалик:
Дунё табибларин йиғсанг ҳам агар,
Бўлгайми ўша бир ҳамширачалик.
Кулфатнинг эшиги ёпилмас нечун,
Чалкашиб кетгандир турфа муддао.
Қўйинг яхшиларни, ёмонлар учун
Инсоф берсин, дея қилингиз дуо.
Гардун айланади  Инсон бошида,
Лекин, мартабаси ҳамиша  кушод.
Ёвузлик олдида, Иблис қошида
Тор-мор бўлмаслиги шартдир, одамзод.

                         А.Қ Ш. ХЪЮСТОН 18.08. 2015
 ЁЛҒОНЧИ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Балки кўрдим мен узоқ умр,
Кўп нарсадан чарчадим, нетай.
Бошим эгиб, сўрайман узр,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Яширайин кемтикларингни,
Артиб қўяй этикларингни.
Йўқот ўша ўтрикларингни,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Шу чиқдими камтарин жондан,
Шайтонликда ўтдинг шайтондан.
Худодан қўрқ, қўрққин иймондан,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Дейсан, ўйнаб, кулган мен — ўзим,
Роса кучга тўлган мен — ўзим.
Ким бўлсам ҳам бўлган мен — ўзим,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Эслайсанми, ёшлик паллангни,
Айтолмасдинг ҳатто яллангни.
Ишлатдилар қовоқ каллангни,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Одамзодга лойиқ ишни қил,
Бордир сендан бошқалар ҳам, бил.
Нелар демас суяксиз бу тил,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
Икки дунё бўлмассан обод,
Сен соғларнинг белидаги бод.
Келтиргайсан ҳар жойда иснод,
Ёлғон айтма, садағанг кетай.
А.Қ.Ш. Хьюстон. 18.08.2015

Ўхшаш мақолалар:

  1. Абдулла Орипов: Сен барҳаёт онамсан, Ватан…
  2. 21 март — Севимли шоиримиз Абдулла Орипов туғилган кун: «Биринчи муҳаббатим»
  3. Абдулла Орипов: Пойгаларни унутиб, энди Омоч тортган отга монандман…
  4. «Онажоним — шеърият!» туркумидан — Абдулла Орипов: Орият…
  5. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Абдулла Орипов: Инсон…
  6. Абдулла ОРИПОВ, Ўзбекистон халқ шоири ЯНГИ ШЕЪРЛАР (МАЙ, 2015)
  7. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (33)
  8. Ўзбекистон: МХХ Абдулла Орипов юбилейини ўтказишга рухсат бермади
  9. А.Орипов: Битта фарзандини бой берди Қўқон, Битта шоиридан айрилди ўзбек…
  10. Абдулла Орипов: Биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимовнинг порлоқ хотирасига
  11. Буюк Абдулла Орипов ёди: Сени жуда севаман, ҳаёт…
  12. Абдулла Орипов: Машрабни осган элдан мен қадр тилармидим — Озодлик радиоси
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.