"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (9)

Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”, Адабиёт | 14/08/2015 07:08-     11189 марта ўқилди

Шоир ва АҚШ

ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ,

ХАЛҚ ШОИРИ АБДУЛЛА ОРИПОВ

БЕГОНА ОДАМ

(Эсдаликлардан)

Саҳро қўйнидаги тап- тақир қирлар,

Сокин, осойишта, мўжаз бир қишлоқ.

Тарқалиб қоларди шивир – шивирлар,

 Мусофир йўловчи келганда бироқ.

Дерди, бир- бирига одамлар мубҳам:

-Қишлоқда юрибди бегона одам.

У қайдан келмишдир? Балки, эҳтимол

Уйидан бош олиб кетган қаландар.

Ўғридир, каззобдир, молингга завол,

Ё жонни олгувчи ажалдан баттар.

Ишқилиб, бўлмасин ёвуз, шум қадам:

-Қишлоқда юрибди бегона одам.

Бир вақтлар келарди айғоқчи меҳмон,

Ҳамманинг бисотин рўйхат қиларди.

Қанчалаб шўрликни  айлаб қатағон,

Қайга жўнатишни ўзи биларди.

Ёш -қари боқарди атрофга пурғам:

-Қишлокда юрибди бегона одам.

Элу юрт  қолганди қўрқиб, безиллаб,

Йўлда кўтарилган чангдан ҳадик бор.

Яшарди юраги мудом сизиллаб,

Ўлиб ўлмаганди,  тириклайин хор.

Очма эшигингни, Хизр келса ҳам:

-Қишлоқда юрибди бегона одам.

Сен мендан хавотир олма, қишлоғим,

Мен ҳам ўзинг каби озурда жонман.

Тикандан тилиниб кетган ҳар ёғим,

Туғилган гўшамсан, сенга меҳмонман.

Демагин шу лаҳза, демагин шу дам:

-Қишлоқда юрибди бегона одам.

АҚШ,   Техас.  12.08.2015

ҲАЁТ КЕЧИНМАЛАРИ

Умрим қиёмига етган чоғида,
Қўғирчоқ ўйинин кўрсатма менга.
Шуҳратинг балқса ҳам Олимп тоғида,
Ўзингни ҳурмат қил,  ўргатма менга.
Турфа вазиятда яшайди инсон,
Кимдир ватанда ҳам юргайдир сарсон.
Ниятинг соф бўлса, пок бўлса виждон,
Ўзингни ҳурмат кил,  ўргатма менга.
Неча савдоларни кўрди бу бошим,
Гоҳо заҳарларга қотилди ошим.
Оқди халқим десам кўзимдан ёшим,
Ўзингни ҳурмат қил, ўргатма менга.
Замин бир ва лекин одамлар ҳар хил,
Мен озор беришни истамайман, бил.
Шундоқ шиква билан яралмиш кўнгил,
Ўзингни ҳурмат кил,  ўргатма менга.
Бир сабаб бўлдию дилимни очдим,
Дунёга ўзимча меҳрлар сочдим.
Талотўп  жойлардан минг фарсаҳ қочдим,
Ўзингни ҳурмат қил,  ўргатма менга.
Қалбимни юпатар азиз бир туйғу,
Шошилма, олдинда уйқу бор мангу.
Ҳаётнинг мардона кечинмаси бу,
Ўзингни ҳурмат қил,  ўргатма менга.
Юзларга киргайман мен ҳали, валлоҳ,
Ундан нарёғин ҳам билгайдир Аллоҳ.
Эсласа эслайди халқим, иншоллоҳ,
Ўзингни ҳурмат қил,  ўргатма менга.
 АҚШ,   Техас.  12.08.2015

Ўхшаш мақолалар:

  1. — ”Афлотун дўстимдир, лекин хақиқат Ундан афзал” – демиш файласуф Суқрот…
  2. Абдулла Орипов: Осмони фалакда чиқди фармойиш: -”Сомончи йўлида ўтсин намойиш!
  3. Абдулла Орипов: Имиллама сен ҳам, ғанимим, Ёмонлигинг қилишга шошил…
  4. Марҳумлар гапирмас, лекин номидан – Сайраб юрар экан тирик қолганлар
  5. Тошкент аэропортида чегарани кесиб ўтаётиб ёзилган тўрт қатор шеър
  6. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (2)
  7. Абдулла ОРИПОВ: ЯНГИ АСР МЎЖИЗАЛАРИ (Қизим Мавлудага)
  8. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Абдулла Орипов: Эверест ва Уммон…
  9. Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов: Гамлет…
  10. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг энг янги шеърлари…
  11. Абдулла Орипов: Узоқларда қолди туғилган уйим…
  12. Абдулла Орипов ҳикмати: Кимсага ёмонлик қилмагил, Бир куни ўзингга қайтади…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.