VatanШуни ҳисобга олиш зарурки, Оролбўйи ҳудуди иккита асосий манба – Амударё ва Сирдарё ҳисобидан сув билан таъминланади, ушбу дарёлар оқимининг камайиши мазкур кенг минтақанинг шундоқ ҳам заиф экологик мувозанатини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин.
Бундай шароитда 30-40 йил аввал, собиқ совет даврида ишлаб чи¬қил-ган, мазкур дарёлар юқори қисмида улкан гидроиншоотларни қуриш бўйи¬ча лойиҳаларни амалга оширишга ҳар қандай уринишлар, боз устига, ушбу иншоотлар барпо этиладиган зоналарнинг сейсмик хавфи 8-9 баллни ташкил этишини ҳисобга олсак, буларнинг барчаси экологияга ўнглаб бўлмайдиган зарар етказиши ва хавфли техноген ҳалокатларга олиб келиши мумкинлиги аён бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом КАРИМОВнинг БМТ саммити минг-йиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисидаги нутқидан.

Бу мулклар, серфайз, сертароват бу тупроқни боболаримиз Мовароуннаҳр – икки дарё оралиғи деб аташган. Икки азим дарё Сайҳун ва Жайҳун – Сирдарё ва Амударё неча асрлар давомида мозий ва кўҳна тарихнинг, давру замонларнинг туганмас тасмасидай ўтиб бормоқда. Бир қатор давлатлар, мамлакатларнинг ҳудуд ва сарҳадларини кесиб ўтганлиги боис, бугунга келиб ажабтовур трансчегаравий дарёлар номини олган Сирдарё ва Амударёнинг собиқ мустабид тузум емирилгандан кейин, эгалари кўпа¬йиб қолди. Дарёларни сиёсатга, сиёсатни дарёларга аралаштириб, бундан ўз манфаатларини кўзлаётган эпчил ва чаққон кайвонилар пайдо бўлди. Ўзбекистон Президентининг Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари иштирок этган кенгайтирилган таркибдаги учрашувда сўзлаган нутқидаги қуйидаги фикрлари бу масаланинг моҳиятини очиб беради:
– Тожикистон ва Қирғизистон, аввало, ўз манфаатларини кўзламоқда. Ҳолбуки, бу ерда гап ҳар бир алоҳида давлат манфаати ҳақида бормоқда. Бу фақат бугунги куннинг манфаатлари эмас, балки келажакнинг ҳам манфаатлари эканини алоҳида таъкидламоқчиман… Шу сабабли бу ерда гап нафақат Амударё ва Сирдарёнинг қуйи қисмида жойлашган мамлакатларнинг нуқтаи назари ҳақида, балки бутун жаҳон жамоатчилигининг фикри ҳақида бормоқда. Минтақадаги бу жараёнларга таъсир кўрсатишга уринаётган айрим учинчи мамлакатлар қандай стратегик мақсадларни кўзлаётгани тобора аён бўлиб бормоқда.
Бу борада мамлакатимиз Бош вазирининг Тожикистон Республикаси Бош вазирига Роғун ГЭСи қурилиши юзасидан қилган мурожаати – масаланинг нечоғли жиддий тус олаётгани, унинг чораси кўрилмаса – оғир оқибатларга олиб келишининг яна бир исботидир.

* * *

Одам болаларининг она табиат устидан зўравонлиги ҳар доим инсоннинг ўзи учун мудҳиш оқибатлар, мислсиз фалокатларни келтириб чиқарган. Одамзод ер юзида пайдо бўлганидан буён то ҳозирга қадар кечган асрлару даврлар бир-бир назар тасмасидан ўтказиб кўрилса агар, инсон яралгандан бери гўё фақатгина табиатга дахл қилиш, сув, ҳаво, осмону ерлар, тоғу даштлар ва ўрмонлар, ҳайвоноту наботот оламининг худо муҳайё қилиб қўйган табиий азалий мувозанатини бузиш, вайрону барбод этиш билангина шуғулланиб келгандек туюлади. Ҳолбуки, Қуръони каримда бани башар фарзандларига қарата, улар доимо ёдда тутмоқлари учун: “Осмонлар ва ер ҳамда улардаги бор нарса аллоҳнинг мулкидир”, “…Ерда жойларни берган, устларидан самони (яъни ёмғирни) сероб қилиб юборган, остларидан дарёларни оқизиб қўйган эдик”, сингари огоҳлантириш оятлари такрор ва такрор келтирилади. “Анъом” сурасида берилган изоҳда эса: “Яшаб турган дунёмиз инсон учун синов-имтиҳон олами эканлиги, бинобарин, бу дунёни обод-осойишта қилиш ҳам, хароб-вайронага айлантириш ҳам инсоннинг ўз қўлида эканлиги”, яна бир бора эслатиб ўтилади.
Табиат қонуниятига мувофиқ, ҳатто ўрмондаги ваҳший жонзотлар ҳам ўз ҳудудининг дахлсизлиги, тинчлик-осойишталигига кўз-қулоқ бўлиб, қараб-қўриқлаб юради. Сув остидаги балиқлар ер қаъридан то самовотга қадар рўй берадиган қалқинишлару силкинишларни сезиб яшаркан. Тупроқ бағридаги чумолилар қавмигача яқинлашаётган бирор-бир нохуш ҳол ё хавфни олдиндан сезиб, дарров бутун уруғ-аймоғи билан таҳлика-тадорикка тушишини ҳаммамиз яхши биламиз. Ердаги буғдой майсаси осмону фалакдаги ёмғир томчисини аввалдан сезиб шай ва интиқиб туришини табиатшунослар тахмин қиладилар.
Бу мисоллар сеҳридан яқин кечмишимиз ва асл ҳаётга қайтадиган бўлсак, табиатга ҳукмдорлик қилиш, уни менсимасликнинг нечоғли аччиқ ва заҳарли мевалар бергани, бу мевалардан ҳозирги кунга қадар бутун бошли эллар, элатлар “баҳраманд” бўлиб келаётганини кўрамиз. Ер шарининг олтидан бир қисмини – не халқлар, миллатларнинг ўзлигини синдириб, маънавий буровларию темир чангалларида ушлаб келган мустабид тузумнинг ўз қабиҳ сиёсатини табиатга ҳам юргизганида нима ҳалокатлар, қандай катта фожеалар рўй бергани ҳали ёдимиздан чиққани йўқ. Жаннатмакон бир ҳудудни хароб қилган, не-не навқирон аскар йигитларнинг ёстиғини қуритган, пуштини куйдирган, инсоният тараққиёти тарихида энг мудҳиш фалокатлардан бири деб тан олинган Чернобил фожиаси, Семипалатинск ядро полигони келтириб чиқарган оқибатлар, дунё ҳамжамияти баралла ҳайқириб чиққан Орол денгизининг заволга юз тутиши, қон-қардош халқларнинг хоҳиш-раъйига қарамай, ори-ғурурини писанд қилмай қурилган Тожикистон алюминий заводининг кечаю кундуз табиат ва иқлим, эл-улус саломатлигига етказаётган туганмас зиёну зарарларини қай тил, қай забон билан изоҳлаш мумкин?
Бир замонлар тожик халқининг атоқли фарзанди, ўзбек адабиётининг яқин дўсти, обрў-эътиборли арбоб Мирзо Турсунзода Кавказорти республикаларидан бирида рад этилган мазкур алюминий заводининг Тожикистонда, икки қардош, дўст-биродар халқ ёнма-ён яшайдиган хуш-ҳаво-хушманзара ҳудудда – Ҳисор водийсида қурилишига кескин қарши чиққанлиги ушбу мавзудаги мақолаларда аввал ҳам тилга олинган. Тақдир ва қисматнинг ажиб ўйинларини қарангки, истибдод замонининг мудҳиш ва совуқ, кўп бошли аждаҳони эслатувчи баҳайбат бу ёдгорлиги жойлашган манзилга кейинчалик Турсунзода шаҳри деб ном берилди. Хотира, хотирлаш, албатта, олижаноб инсоний туйғу. Улуғ шоирнинг номи, хотираси олдида, ул зотнинг бошдан оёқ эзгуликдан иборат ҳаёт мактаби қаршисида бошимизни эгиб таъзим қиламиз. Лекин бир нарса аёнки, Мирзо муаллим ҳаёт бўлсайди, номлаш масаласи қўзғалиб қолганда: “Аввал завод-паводингни кўтарасан, кейин гаплашамиз!” дейишлари аниқ эди. Мирзо домланинг: “Олам ўзгарди, менинг дарём, ўшалдирсан ҳамон, Одам ўзгардию лекин сен гўзалдирсан ҳамон”, деган шеърлари бор. Дарҳақиқат, дарё асл дарёлигича қолмоғи керак.
Олам ўзгариб бораётир, одам ўзгариб бормоқда. Биз онгимиз, тафаккуримиз ҳар лаҳза, ҳар соатда турланиб-шаклланиб бораётган кескин, оламшумул ўзгаришлар замонида яшамоқдамиз. Лекин, майса ўша-ўша, буғдой бошоғи ўша-ўша. Одам Ато – Момо Ҳаво замонидан буён сув таъми, ноннинг мазаси ўзгаргани йўқ. Меҳру муҳаббат – азалий ва абадий, туғилиш ва ўлим бир хиллигича турибди. Бир кишининг бошқа кишига меҳру оқибати яхши, лекин бу энди камлик қилади. Биз давлатлар, халқлар, миллатлар ва мамлакатлар бир-бирларига меҳру оқибатли, юз-хотирли бўлмоқлари ниҳоятда муҳим ва зарур бўлган, инсоний туйғулар ва муносабатлар дунёвий миқёс ва кўламларни талаб қилаётган даврларни бошдан кечираяпмиз.
“Аллоҳнинг мулки боқий”. “Дарёларни оқизиб қўйдик”. “Яшаётган ватанларингни обод, тоза ва озода тутинглар”. Азалий ва абадий каломлар. Элимиз, ота-боболаримизнинг яхши кўрган ҳикмати: “Оққан дарё оқаверади”. Алишер Навоий бобомизнинг достонларида келган “Баҳрун нажот” ва “Наҳрул ҳаёт” – Нажот уммонию Ҳаёт дарёлари. Ошиқу вола Фарҳоднинг тоғу тошларни қазиб, сув келтирганлари. Сув биз учун доим азиз, ҳамиша муқаддас саналган. Сувга тупурилмайди, бизда бу энг ёмон, номақбул ишлардан бири деб қаралади. Нон қатори сувни ҳам исроф қилманглар, деган ўгит-насиҳатларни болаликдан эшитиб улғайганмиз.
Қадим-қадим замонлардан буён ястаниб-ёйилиб оқиб ётган бобо дар¬ё¬¬¬ла¬римиз Сайҳун ва Жайҳун – Сирдарё ва Амударё. Бу ўлкада Амударё бўйларида яшаган одамлар энг кўҳна даврлардан бошлаб дарёни муқаддас деб билганлар. Унга сиғинганлар, авайлаб-эъзозлаганлар. Сув маъбудаси Анахита ва кемачилар пири Хўббим ҳақидаги афсоналарнинг тарихий манбаларда келиши ҳам бежиз эмас, албатта. Кўҳна битикларнинг гувоҳлик беришича, қуйи Амударёда ибтидоий деҳқончилик милоддан аввалги 7-9 минг йилликларга тўғри келаркан.
Сир ё Аму бўйида сувнинг оқимига қараб турсангиз – дарё мангуликка қараб оқаётгандай, бу туганмас, адоқсиз оқим худди абадиятдан келиб, абадиятга кетаётгандай. Дарёнинг улуғворлигию залвори сизга ҳам кўчиб, яратгандан ўзга ҳеч қандай куч уни тўхтатолмаслигига беихтиёр имон келтирасиз, сиз ҳам дарёга, унинг қудратли бир тўлқинига айланганингизни сезмай қоласиз. Шундай завқу шавқ оғушида дарёга қўшилиб равона бўлмоқ ҳолатидасиз. Лекин шоирона – самовий хаёллардан ерга, мисол учун, Сариосиёдаги чегарага яқин фермер тоғанинг даласига тушсангиз қандай бўлади?..
Асад ойи, экин, айниқса, пахта сероб қилиб суғориладиган палла. Ғўзалар қовжираб сўлиб турибди.
– Ариқларга сув келмай қўйди, жиян – дейди тоға ўзи ҳам сўлиган ғўзабаргидай шалвираб, мўлтайиб. – Кайвонилар сув бермай қўйишди, – деб тоға чегаранинг нариги томонига ишора қилади…

* * *

Фермер тоғанинг ўшандаги “Сув бермай қўйишди”, деган қисқагина ҳадик-хабари, кейинчалик, орадан тўрт-беш йиллар ўтгандан кейин маълум бўлишича, келажакда минтақамиздаги халқларнинг бошига тушиши мумкин бўлган катта экологик ташвишлар, рўй беришини ҳеч ким тўхтата олмайдиган даҳшатли хавф-хатарларнинг илк огоҳлантириш бонги экан.
Ўша суҳбатда, тоға ўзи билиб-билмаган ҳолда “кайвонилар” деган бир иборани ишлатди. Бу сўз кейин ҳам бот-бот ёдга келавериб анчайин беҳаловат этди. Биз гарчи XXI аср даҳлизида туриб гаплашган бўлсак-да, “кайвонилар” неча замонлар аввал ишга тушганини кейин манбалардан ўқиб билиб олдик. Мана бир мисол:
Чор Россиясининг Санкт-Петербургдаги Рус императорлиги Бош штабига қарашли Ҳарбий Топографик Бўлимининг хариталар заводида чоп этилган “Амударё соҳиллари ёқалаб” деб номланган китоби, унда берилган муфассал маълумотлар, бирор гўша, манзил ё сўқмоқ қолмай белгилаб олинган хариталари билан танишар экансиз, Термиздан то Урганч, Боботоғ, Бойсун, Кўҳитанг, Ҳисор тоғларидан то Помир қадар – сой борми, қир, тепалик, тоғу дашт борми, кечув жойлар, осма кўприкларгача, мева-чевалару ўсимлик ва жонзотлар, маъданлару қум-тошларнинг хилию рангига қадар – икир-чикиригача батафсил хатга туширилганининг гувоҳи бўласиз. Мазкур китоб ва хариталар, бу тўла-тўкис маълумотлар шунчаки чиқарилмагани, тўпланмагани, уларнинг замирида ҳарбий истилочилик мақсадлари ётганини юрак-юракдан ҳис этасиз. Китоб муаллифлари ҳам шунчаки жуғрофиячи сайёҳ эмас, балки Чор Россияси Ҳарбий разведкасининг малакали мутахассислари эканлиги ҳам маълум бўлади-қолади.
Ўша кайвонилар бугун ҳам маданийлашган замонлар, замонавийлашган сипо қиёфа, бежирим кийим-бошда Тожикистон алюмний заводи теварагида, Роғун ГЭСи, Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилишлари атрофида ўралашиб юришибди. Уларнинг мақсад ва муддаолари, кўзлаган ниятлари олам аҳлига маълум. Лекин, дарё бошида туриб, қўлларида сочиқ, ҳар турли кайвониларга “ўтинг-ўтинг” деб турган муҳтарам биродарларимизнинг улуслараро миқёсдаги муҳим масалага нисбатан тутаётган бир ёқлама фойдапарастлик позицияси ҳам ачинарли, ҳам ажабланарли.
Шу ўринда таниқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг сўнгги асари – глобаллашув даврининг ижтимоий-дунёвий, инсоний-маънавий таназзули ва оқибатларини рамзлар, тимсоллар асосида юксак бадиият билан ифода этган “Қулаётган тоғлар” романидаги қаҳрамонлардан бирининг шунчаки қизиқчилик учун айтган сўзлари масалага озроқ ойдинлик киритади деб ўйлаймиз:
“Бошқа бир зўрроқ нарсани ўйлаб кўрайлик. Нега тоғлардаги қорларни сотиш мумкин эмас? Ҳозирги дунёда ҳамма нарса сотилади ва сотиб олинади. Тоғларимиздаги қорлар бу – дарёлардаги сувлар. Бутун Марказий Осиё бизнинг тоғларимиздаги мангу қорларга боғлиқ. Ахир, кўкўпар тоғлар бизники, қорлар, музликлар бизники. Водийларни суғориш, бутун ҳосил етиштириш, аҳолининг сув ичиши – осмондан тушмаган, ахир! Бари биздан! Шундай экан бераётган сувимиз учун ҳақ, пул талаб қилайлик. Нега қорамой, газ ва бошқа турли-туман энергия манбалари жуда қиммат баҳоларда сотиладию ва ҳеч кимга шафқат-марҳамат қилинмайдию, биз эса ўзимизнинг бебаҳо сувимизни теп-текинга берамиз, ҳолбуки, сувсиз водийларда ҳаёт тугайди, лекин ҳеч ким бизга раҳмат айтаётгани йўқ…”
Бу парчага рус шоири Андрей Вознесенскийнинг: “Аҳвол шу тарзда кетаверса, бизнинг она табиатга, атроф-муҳит, кўлу дарёларимиз, дашту ўрмонларимизга муносабатимиз шу йўсин худбинларча ва тўраларча давом этаверса, кўрибсизки, бир кун келиб елимхалталарга эҳтиётан тўлдирилган соф-тоза ҳавони ҳам дўконлардан сотиб оладиган бўламиз”, деган истеҳзоли сўзларини илова қилиш мумкин. Яхшиямки, қуёш Олой ё Помир тоғлари ортидан чиқмас экан, яхшиямки, эсаётган шамолнинг муқим манзили йўқ, бўлмаса офтоб ё шамолни тўхтатиб қўйиб, ҳамиша ҳар ерда ҳозиру нозир корчалонлар шерикчилигида булар учун ҳам пул талаб қилашармиди?..
Жиддийроқ мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, жаҳон ҳамжамиятининг глобал сув муаммолари борасида ўсиб бораётган хавотирларига жавобан сув муаммолари бўйича таниқли мутахассислар гуруҳи ва бир қатор халқаро ташкилотлар ташаббуси билан 1996 йилда Франциянинг Марсел шаҳрида ташкил топган Жаҳон Сув кенгашининг президенти жаноб Луи Фашоннинг фикрлари, айниқса, диққатга сазовордир:
– Бугунги кунда ҳар қандай йирик лойиҳалар нафақат техник жиҳатдан, балки комплекс тарзда ўрганиб чиқилиши лозим. Яъни, бунда ижтимоий-иқтисодий оқибатлар, хусусан, Қирғизистондаги Қамбарота ва Тожикистондаги Роғун ГЭСлари сингари иншоотлар қурилишининг Марказий Осиё ҳудудида яшаётган халқларнинг турмуш тарзи ва фаровонлигига таъсири эътиборга олинмоғи даркор.
Япониялик йирик тадқиқотчи, Марказий Осиё ва Кавказни тадқиқ қилиш институти ижрочи директори жаноб Тецужи Танака: “Минтақадаги сув ресурсларини бошқариш масаласи Марказий Осиё трансчегаравий дарёларнинг ҳам юқори, ҳам қуйи оқимида жойлашган барча беш давлат ўртасида келишувга эришилишини талаб этади”, деса, Қувайт сиёсатшунос олими Фаҳд ал-Миқраднинг фикр-мулоҳазалари янада кескинроқ:
– Минтақада сув етишмовчилиги жиддий сезилаётган бир шароитда дарёларнинг юқори қисмида жойлашган мамлакатлар 1997 йилги “Халқаро дарёлар оқимларидан фойдаланиш ҳуқуқлари тўғрисида”ги ҳамда 1992 йилги “Трансчегаравий дарёлар ва халқаро сув ҳавзаларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги конвенцияларга амал қилиши ҳамда ўз ҳаракатларининг оқибатларини тўлиқ тушуниб етишлари зарур. Тижорий манфаатлар йўлида масъулиятсиз қарорларни қабул қилишга йўл қўйиб бўлмайди, негаки, бу қарорлар халқларнинг тақдири билан боғлиқ. Сув ресурсларидан исрофгарчилик билан фойдаланиш мамлакатларнинг барқарор ривожланиши ва хавфсизлигига таҳдид солади.
– Марказий Осиёда сув ресурслари орасида Амударё ва Сирдарё каби трансчегаравий дарёлар стратегик аҳамият касб этади, – деб ёзади туркия¬лик журналист Сардор Ўзтурк. – Учинчи бир давлатнинг Марказий Осиёдаги стратегик дарёларнинг юқори қисмларида ГЭСлар қурилиши учун имтиёзли кредитлар ажратиш тўғрисидаги қарори бу ҳаракатларнинг пировард мақсади минтақадаги сув ресурслари бошқарувини ўз назоратига олиш ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида “бош ҳакам” га айланиш, бошқача айтганда, уларни бошқаришдан иборат эканини очиқ-ойдин намоён этди.
“Учинчи бир давлат”нинг аралашуви, келишув ёки қарори замирида яширинган асл ниятни қирғизистонлик таҳлилчи Валентин Богатирев янада дангалроқ ошкор этади: “Бу келишувларда гап электростанциялар қурилиши ҳақида эмас, балки бу жараёндан бугунги вазиятга таъсир этувчи кучли восита сифатида фойдаланишга уриниш ҳақида бормоқда… Бу шунақа бизнес-лойиҳаки унинг асл моҳияти – электр энергияси сотиб даромад олиш эмас… Шундай экан гап бу ерда муайян сиёсий манфаатлар ҳақида кетяпти”.
Бундай мисолларни яна ўнлаб, юзлаб келтириш мумкин. Масала таҳликали, ташвишли тус олгани, вақт борида соғлом ақл-идрок, теран тафаккур, сергак ва оқилона сиёсатга таяниб, худо асрасин, келажакда катта офатларга сабабчи бўладиган ҳолатларнинг ҳали кеч бўлмайин ҳозирданоқ чорасини кўриш лозимлиги хусусида дунё оммавий ахборот воситалари, жаҳон ҳамжамияти, кенг жамоатчилик вакиллари қачондан буён бонг урмоқдалар.
Бу бонгга бамайлихотир қулоқ солиб ўтиравериш – вақтни бой бериш деганидир. Дунёнинг тузилиши, ундаги мамлакатлар, давлатларнинг тарзи-авзойидан азал-азалдан маълумки, манфаатлар тўқнашган жойда ҳамиша низолар келиб чиққан. Биз низо тарафдори эмасмиз, албатта. Давлатимизнинг аҳил иттифоқчилик, холис, инсоний мақсад-муддаоси олам аҳлига беш панжадай аён. Вазият ўнғай бўлиб турган жараёндан фойдаланиб қолиш пайида кайвониликка киришганларнинг хатти-ҳаракатлари ўз виждонларига ҳавола. Эслатиб ўтилганидек, Роғун ГЭСи – кўлами ва миқёси жиҳатидан ғоят улкан иншоот, бугун қурилиши давом эттирилмоқчи бўлинаётган мазкур ГЭСнинг лойиҳаси бундан қирқ йиллар олдин, собиқ шўро тузуми даврида тузилган. Унинг лойиҳавий, конструкторлик ва технологик ечимлари аллақачон эскириб бўлган. Бунинг устига, шундай йирик иншоот қурилишининг бир неча бор кучли зилзилалар рўй бериб келган, бундан буён ҳам рўй бермоғи муқаррар бўлган сейсмик жиҳатдан жуда ҳам хавфли ҳудудда – баланд тоғлар- қоялар орасида мўлжалланаётгани ҳаммани ташвишга солмоғи табиий. Саян-Шушенск ГЭСида яқинда рўй берган фалокат тўхтовсиз чалиниб келаётган хатар ва огоҳлантириш бонгининг энг оғриқли нуқтаси бўлди. Россиянинг гидротехника соҳасидаги етакчи тадқиқотчиси, Давлат Думаси депутати “Гидротехник иншоотлар хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуннинг муаллифларидан бири Владимир Тетельминнинг бу борадаги мулоҳазалари эътиборга молик:
– Гидротехниклар учун сувнинг тўғон олдидаги шиддати ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Сувнинг юқори сатҳидаги қалқиниши беҳад катта бўлиб, мавсумда 40 метргача етади. Ҳарорат эса 30 даража иссиқ ва 30 даража совуқлик ўртасида ўзгариб туради. Булар жуда жиддий рақамлардир. Мазкур тўғон лойиҳалаштирилган буюк совет қурилишлари деб ном олган йилларда, индустриализациялаштириш ва маҳобатга берилишлар даврида ҳайбаракаллачилик авжига чиқиб, экологик талабларга асло риоя қилинмади. Саян-Шушенск ГЭСи бу – ўз ичида одамлар назаридан пинҳон, катта хавф-хатарни яшириб турган баҳайбат “Қора қути”нинг худди ўзидир.
Тадқиқотчининг таъкидлашича, ушбу ГЭС тўғонининг биринчи, энг баланд устуни ўтган асрнинг 1985 йилидаёқ дарз кетган экан.
Келажакда, 20-25 йиллардан кейин Роғун ГЭСининг шундай устуни ёки уни тутиб турувчи тоғ қоялари дарз кетмайди деб бугун ким кафолат бера олади?..
Айни пайтда, Норак, Роғун ГЭСларидан ташқари Помир тоғлари бағрида қалқиб, жимирлаб турган бошқа бир хавф ҳақида ҳам эслатиб ўтишга тўғри келади. Гап 1911 йилнинг 19 февралидан 20 февралига ўтар кечаси кучли зилзила туфайли вужудга келган Сарез кўли ҳақида бормоқда. Тоғли Бадахшон автоном вилоятида рўй берган зилзила натижасида Мурғоб водийси ёнбағридаги тоғ ўпирилиб, Мурғоб дарёсини бутунлай тўсиб қўйди, ва жаҳондаги энг йирик сунъий тоғ кўли ҳосил бўла бошлади. Помирнинг марказий қисмида жойлашган бу кўлни шимолдан Олой орти, жанубдан Ҳиндикуш, шарқдан Қошғар, ғарбдан эса Лолатоғ ўраб туради. Ҳозирги кунда Сарез кўлида 17 куб километр сув йиғилган. Ўзбек журналисти Мурод Абдуллаев “Сарез кўли мадад сўрайди” мақоласида келтиришича “Сарез кўлида йиғилган сув миқдори Амударёнинг қуйи қисмида жойлашган шаҳар ва вилоятлар, уларда яшаётган беш миллиондан зиёд аҳоли учун жуда катта хавф туғдиради. Чунки муттасил текшириб борилаётган кўлнинг мувозанат ҳолатида кўп йиллардан бери барқарорлик сезилгани йўқ. Унинг гидромелиоратив аҳволи сокинлашмаяпти. Сарез кўлидаги табиий тўғон очилиб кетишига таҳдид солувчи хавфни бартараф этиш учун давлатлар¬аро саъй-ҳаракатни кеч бўлмасидан ҳозирданоқ бошламоқ зарур”.
Кўриниб турибдики, Роғун ГЭСи билан бирга минтақамиз, у томони Афғонистон, Покистон давлатлари зиммасида Сарез кўли масаласини ҳам иттифоқ бўлиб ечимини топиш, ҳал қилиш муаммоси турибди. Сув бошида турган муҳтарам давлатбошилар, зиёлилару кенг жамоатчилик минтақамизга, унинг тақдирию келажаги, равнақ ва ривож топишига дахлдор, халқларимизнинг тинчи ва осойиши учун, ниҳоятда, муҳим ҳисобланган жиддий масалаларни ҳал этишда ақл-заковатга, инсонпарварлик ва эзгулик тамойилларига таянадилар деган умидимиз бор. Умид ва ишонч одамзоддан ҳеч қачон айро тушмаган, бундан буён ҳам қалбларимизни тарк этмасин деймиз.
Биз азал-азалдан бир ариқ сувни қирқ элат ичиб, оға-инилардек аҳил-иноқ, қон-қардош бўлиб яшаб келган миллатлармиз. Қувончу ташвишларимиз – бир, аждодий томирларимиз бир-бирига туташиб кетган. Пири комил Абдураҳмон Жомий билан сўз мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоийнинг бир-бирларига бўлган меҳру муҳаббати, инсонийлик, олижанобликнинг юксак тимсолига айланган дўстликларига бошқа халқлар, олам аҳлининг ҳозирга қадар ҳаваси келади. Ҳазрат Навоийнинг мангу ўлмас сатрлари бир ё икки кишига эмас, бутун олам аҳлига қарата айтилгани ҳам бежиз бўлмаса керак:

Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизга, ки эрур ёрлиғ иш.

* * *

Борлиқ манзара худди харитадагидек аён. Сувлар, дарёлар, водийлару тоғлар. Одам болаларига қароргоҳ қилиб берилган замин, она сайёра.
Сир ё Аму бўйида сувнинг оқимига қараб турсангиз – дарё мангуликка қараб оқаётгандай, бу туганмас, адоқсиз оқим худди абадиятдан абадиятга қараб кетаётгандай.
Соҳилда бобо ва набира турибди.
Бобо ва набира, ўтмиш ва келажак. Дарё умрдай, вақтдай, замондай оқиб бораётир.
– Оққан дарё шундай оқаверадими, бобожон?..
– Оқади болажон, иншоолло, оқади!..

ШАРҚ ЮЛДУЗИ

http://sharqyulduzi.uz/