"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Намоз Нормўмин: Пиру машойихларга қўл ҳам кўнгил ҳам берманг

Муносабат, Муҳокама учун мавзу | 09/08/2015 19:51-     12629 марта ўқилди

ПИРУ МАШОЙИХЛАРГА ҚЎЛ ҲАМ КЎНГИЛ ҲАМ БЕРМАНГ

қуръон ва таржима 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

 

Қуръони Каримда бу дунё ҳаёти бир имтиҳон ва инсонлар бу имтиҳонда синовдан ўтишлари учун уларнинг турли даражаларда яратилгани марҳамат қилинади. (Мулк сураси 2 оят ва Анъом сураси 165 оятларга қаранг). Яъни, инсонлар ақл, қобилият, илм, дунёқараш ва ҳакоза хусусиятларда турли даражаларга эга бўладилар. Кимдир илмда қобилиятли бўлса, бошқалар тижоратда, яна бошқа инсонлар эса тадбиркорлик ва шунга ўхшаш соҳаларда тараққий қилиш қобилиятига эга бўладилар. Инсонлар орасида ўта истеъдодли, ижод ва санъатга иқтидорли шахслар ҳам бўлади…

 

Илмга иқтидорли бўлганлар орасидан катта олимлар, тижоратга ва тадбиркорликда қобилияти бўлганлар орасидан катта бойлар, ижодга истеъдоди бўлганлар орасидан эса машҳур шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар етишиб чиқади.

 

Ислом дини инсонлар орасида қобилият ва истеъдодда бундай “бўлинишларни”табиий ҳисоблаш билан бирга, бу хусусиятларга эга бўлишнинг ўзи инсонларнинг ўзаро ва ижтимоий муносабатларда бир бирига устун бўлишига далил бўла олмаслигини ҳам таъкидлайди. Яъни, бир киши илми ва ақли билан қилни қирқ ёрадиган олим ёки бойлиги миллиард миллиард сўм ёки истеъдоди билан дунёга машҳур ижодкор бўлсада, барибир бундай одамлар Аллоҳ таоло наздида бошқа инсонларлардан устун ҳисобланишмайди. Чунки инсонларнинг Аллоҳ наздида устунлари энг илмлилари, энг бойлари ёки энг истеъдодлилари эмас, энг тақводорлари ҳисобланади. Яъни, кимда тақво бўлса у Аллоҳнинг наздида устун ва ҳурматлидир, агарда инсонлар такаббурлик қилиб уни оёқ учлари билан кўрсатсалар ҳам…

 

“Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир.” (Ҳужурот сураси, 13 оят)

 

У ҳолда тақво нима ўзи? Тақво энг содда таърифда бир инсоннинг Аллоҳ таолога ягона Роб ва Илоҳ сифатида имон келтириб, солиҳ амалларни қилиши ва Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарса ва ишлардан узоқ туришидир. Тақво кимларда бўлади?

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг.” (Оли имрон сураси, 102 ояти)

 

Ушбу ояти каримага ва тақвонинг юқоридаги таърифга кўра, кимки мусулмон бўлса, у тақво соҳиби бўлади. Тақвонинг даражаси бўладими? Ҳа, бўлади, аммо буни Аллоҳ таологина билади. Яъни, инсонлар саҳиҳ имон, солиҳ амаллар, ҳалоллардан фойдаланиш ва ҳаромлардан узоқлашиш масаласида ҳам турли даражада бўладилар. Фақат бунга баҳо бериш Аллоҳ таолога қолган ишдир…

 

Бу айтилганлардан шу ҳақиқат маълум бўлади: Ислом динида инсонлар аввало мусулмонлар ва ғайримусулмонлар, дея икки тоифага айрилади. Мусулмонларнинг ўзлари эса асосан бир тоифа инсонлардир, улар орасида илм, амал, истеъдод, қобилият, тақво даражасига кўра бир биридан устун ижтимоий тоифалар бўлмайди. Яъни, Ислом динида бошқа дин ва жамиятларда бўлгани каби маънавий жиҳатдан муқаддас оталар, роҳиблар ва роҳибаларнинг оддий бандалардан, бойларнинг камбағаллардан, задагонларнинг бошқа инсонлардан устун тоифалар бўлишига йўл қўйилмайди. Ҳамма мусулмон, ҳамма Аллоҳ таолонинг бандаси, устунлик эса тақвода, унинг даражаси эса фақат Парвардигорнинг Ўзигагина маълум…

 

У ҳолда эски замонларда ҳам, бугунги кунда ҳам мавжуд бўлган мусулмонлар орасида алоҳида мақомга эга бўлган, ҳатто оддий мусулмонлар “қора суягу, улар орасида оқ суяк” ҳисобланадиган эшону пирлар, авлиёу муқаддас зотлар қаердан пайдо бўлиб қолган?

 

Бу саволнинг ва унинг жавобини тушунишнинг муҳимлиги шундаки, тарихда ҳам, бугун ҳам мусулмонларнинг турли фирқаларга ажралиб кетиши, фақат ажралиш эмас, бу орқали бир бирларига душман бўлишлари, оқибатда эса мусулмон умматнинг заифликка тушиб, душманларининг қаршисида хор зор бўлиши асосан мана шу саволга ва унинг жавобига бориб тақалади…

 

Ҳозирда мавжуд бўлган Баҳоийлар, Қодиёнийлар, Нусайрийлар, Исмоилийлар, Алавийлар ва шунга ўхшаш ўнлаб тоифалар аввалда мусулмон бўлган эдилар. Уларнинг ўзларининг пирларларига, шайхларига, диний лидерларига эргашдилар, кейин уларнининг баъзиларини муқаддас оталар ўрнида кўрдилар, баъзилари бу пиру шайхларини пайғамбарлар ва ҳатто Илоҳлар ўрнида кўрдилар, шу тарзда Ислом динидан узоқлашдилар ва ниҳоят мусулмонликдан ҳам чиқиб кетдилар…

 

Яна мусулмонлар орасида бошқа ўнларча ва ҳатто юзларча тариқотлар, фирқалар, гуруҳлар борки, улар мусулмонлардан ҳисоблансаларда, фақат ўзларининг гуруҳларини тўғри йўлда, пиру машойиҳларини гуноҳсиз ва хатосиз, деб биладилар, бу туфайли бошқа мусулмонлар билан ҳақиқий маънода биродар бўлмайдилар, улар билан умматнинг бирлашиши йўлида ҳамкорлик қилмайдилар.

 

Бундай ҳолни ўзимизнинг ватанимизда ҳам кўришимиз мумкин. Бизда ҳам тарихда бўлгани каби ҳозирда ҳам пиру шайхлар ўз муридларини атрофига тўплаб, ҳар ким ўз билганича иш қилиб, бу билан мусулмонларнинг бирлашишига эмас, ажралишига хизмат қилаётгани ҳам сир эмас.

 

Шундай экан, ўз муридларини таъбир жоиз бўлса ўз “бандаларига” айлантириб оладиган бундай пиру эшону машойихларнинг қандай ўртага чиқиши ҳақида қисқача тўхталиб ўталик:

 

1.Мусулмонлар орасида пир ёки эшон деб танилган баъзи кишиларнинг аслида “саййидлар” эканлиги айтилиб келинади. “Саййидлар” эса Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) авлодларидан бўлган кишиларга берилган бир мақом маъносидадир. Ҳақиқатан ҳам мусулмонлар орасида, орада деярли 15 аср ўтган бўлишига қарамай, Расулуллоҳнинг (сав) авлодлари ҳисобланадиган кишилар бўлиши мумкин. Бундай инсонлар ҳақиқатан Муҳаммад (сав)га уруғлик ва авлод жиҳатидан яқин бўлса (аслида буни исботлаш унчалик ҳам осон масала эмас), уларга алоҳида ҳурмат эътибор кўрсатилади. Бу ҳам бўлса мусулмонларнинг Муҳаммад (сав)га бўлган севги муҳаббатларининг бир кўринишидир. Шу билан бирга “саййидлиги” аниқ бўлса ҳам, бундай кишилар мусулмонлар орасида муқаддас зотлар, яъни гуноҳу хатолардан пок, маъсум зотлар ҳисобланишмайди. Яъни, улар халқ таъбири билан айтганда мусулмонлар орасида “оқ суяклар”, қолганлар эса “қора суяклар” ўрнида кўрилмайди. Шу даражадаки, Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) ўз фарзданлари Фотима (ра)ни қасд қилиб, “Агар Муҳаммаднинг (сав) нинг қизи Фотима ўғрилик қилса, унинг ҳам қўлини кесаман”, деганлар. Бошқа ҳадисда эса “Эй Фотима, асло отам Пайғамбар, деб ўйламанг, амалингизга қаранг, чунки охиратда инсонлар яхши амаллари билан жаннатга кирадилар” , деганлар.

 

Халқ орасида пирлару эшонлардан қиз олиб қиз берилмайди, уларга эътироз билдирилмайди, эътироз билдирганлар пес мохов бўлиб қолади, деган гаплар ҳеч қандай илмий асоси бўлмаган, бидъат ва хурофот гаплар ва одатлардир. Инсонларнинг энг улуғи бўлган Муҳаммад (сав)нинг аёлларидан бири Яҳудий асилли, кейин мусулмон бўлган Сафия (ра) онамиз эди. Шунингдек, Муҳаммад (сав) оила қуришда инсонлар имон, бойлик, насл ва насаб ҳамда гўзалликка эътибор беришларини, лекин бу ишда асос саҳиҳ имон эканлигини айтганлар….

 

2. Пиру эшонлик ва машойихлик (шайхлик) мақоми тасаввуф ва тариқотларда энг кўп учрайди ва аслида ҳам мусулмонлар орасида энг катта муаммо мана шундай мақомлар, яъни пирлик ва муридлик муносабатларига бориб тақалади. Бунинг асл сабаби тасаввуф ва турли сўфийлик тариқотларидаги ақидавий (Аллоҳ таолони таниш ва Унга имон келтиришдаги) хатолардир. Аҳли тасаввуфнинг кўпчилигига кўра аслида Аллоҳ ва Унинг бандалари Бирдир (бунга “ваҳдати вужуд” ақидаси дейилади). Аллоҳдан бошқа мавжудот бўлиши мумкин эмас, демак инсон ва бошқа мавжудотлар ҳам ўз асли билан Аллоҳдан бир жуздир (Астағфируллоҳ, Парвардигори оламнинг қисмларидир). Шундай экан, инсонлар орасида авлиёу пиру машойих мақомларида бўлганлар, Аллоҳ каби ўлмайдилар, жисмонан ўлсалар ҳам худди тириклардек ҳамма нарсани билиб турадилар, қабрларида ҳам ўз муридларига ёрдам бера оладилар, тирикликларида эса ғойибни (кўринмайдиган) нарсаларни билиб турадилар, шу тарзда муридларининг барча ҳатти ҳаракатларини биладилар ва ҳаказо… Бундай ақидавий жоҳиллик натижасида пиру машойихлар муридлар наздида муқаддас зотларга айланиб қоладилар, уларнинг устидан мутлақ ҳокимиятга эга бўладилар, улар муридларга ўтир деса ўтиришлари, тур деса туришлари, яша деса яшашлари, ўл деса ўлишлари “фарз” ҳолга келиб қолади. Бундай пиру машойихларга гап қайтариш у ёқда турсин, савол сўраш ва ҳатто юзига қараш ҳам одобсизлик ва осийлик ҳисобланади. Натижада пиру машойиҳларнинг машҳурлашиши ва уларнинг муридлари сонининг мингларга ва ҳатто миллионларга етишиши билан ўз ақли фаросатидан воз кечиб, пиру машойихлари нима деса, шуни қилиб кетаверадиган манқурт тўдалар ўртага чиқади…Албатта, бу айтилганлар бутун тасаввуф ва тариқот аҳилларига оид эмас. Улар орасида ҳам ақлли, ихлосли ва солиҳ амалли мусулмонлар бўлиши мумкин. Аммо истиснолар қоидаларни бузмайди, яъни одатда сўфий тариқотларида мана шундай ботил ақидалар, хурофат ва бидъат тўла амалларни кўриш мумкин…

 

3. “Шайх” таржимада “қария” маъносига келса ҳам, лекин сўфий аҳли бўлмаган ва саҳиҳ йўлда бўлган аҳли илмлар орасида ҳам бир мақом сифатида талаффуз қилинади. Яъни, Ислом олимларга шайх ҳам дейилади. Фақат бу мақом аҳли илмлар орасида тасаввуф ва тариқотлардаги мақомга ўхшамайди албатта. Шу билан бирга Исломни турли тушуниш натижасида Ислом олимлари ва уларга эргашган мусулмонлар орасида ҳам турли қарашлар ва ихтилофлар ва буларни ўзларига асос қилиб олган гуруҳлар учрайди. Айтиш керакки, бундай ихтилофлар Ислом динининг асосида эмас, яъни имонда, Қуръонда, Ҳақ йўлда эмас, бу асосларни тушуниш ва тушунтиришда, уларни амалий ҳаётга тадбиқ қилишдадир. Зотан, Ислом динига имон келтирган барча кишилар мусулмон мўминлардир. Сунний мазҳаблар бўлган Ҳанафийлик, Шофийлик, Моликийлик, Ҳанбалийлик диннинг мана шундай асосларида эмас, уларни тушунишда ва ҳаётга тадбиқ қилишдаги турли қарашларга асосланган. Шу билан бирга мусулмонлар орасида бу мазҳаблардаги баъзи далиллар заиф  кўрилганда, бу мазҳабларга эргашмай, айни масалада кучлироқ далилларга амал қилиниши керак, дейдиган жамоатлар ҳам бор. Хулоса қилиб айтганда, Ислом дини аввало тавҳидий имон ва тўғри (фойдали) илм динидир. Илм эса табиатан турли қарашларни ва бу қарашларни таҳлил қилишни ўз ичига олади. Шундай экан, ҳақиқий Ислом олимлари диннинг асосларига амал қилишда маҳкам турадиган, илмий ва амалий ихтилофларни эса мусулмонларнинг иттифоқига хизмат қилдиришга бел боғлаган олимлардир. Бундай ҳақиқий Ислом олимларининг сифатларидан яна бири асло золимлар ва уларнинг тузумларига итоат қилмасликлари ва жони баҳосига бўлса ҳам тавҳидий имон ва алоҳий адолатдан воз кечмасликларидир. 

Афсуски, ўзларини аҳли илмлардан деб ҳисоблайдиган баъзи “шайхлар” орасида энг муаммолилари золим раҳбарлар ва уларнинг тузумларига хизмат қилишга бел боғлаганлари, яъни сарой уламоларидир. Булар орасида золим қироллар, диктатор раҳбарларнинг ҳавойи нафсига мос равишда ботилни Ҳақни, ҳаром ҳалол дейдиган тоифаларни ҳам учратиш мумкин…

 

4. Ислом дини аввало тўғри, фойдали илм, яъни Ҳақни ўрганиш динидир. Шунинг учун ҳам Қуръон Карим Бақара сураси 145 оятида ўзини “Илм”, дея танитади. Зумар сураси 9 оятида эса “Биладиганлар билан билмайдиганлар асло тенг бўлмайди”, дея марҳамат қилинган. Демак, мусулмон бўлиш учун инсон аввало Қуръон илми соҳиби бўлиш керак. Қуръони Карим эса ўзини асосан осон тушуниладиган (муҳкам) оятлардан ташкил топган, дея таърифлайди. (Оли Имрон сураси 7 оят). Шундай экан, барча мусулмонлар аввало Аллоҳнинг каломи бўлган Қуръони Каримни ва уни тушунишда асосий тафсир моҳиятига эга бўлган Муҳаммад (сав) ҳадисларини ўрганишлари керак. Қайтариб айтамиз, булар муҳкам, яъни осон тушуниладиган, ақли роса (ноқис бўлмаган) барча инсонлар ўргана оладиган асослардир. Қуръони Каримни тушунишнинг калити эса “Ла Илоҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ” илоҳий калимасида жамланган. Кимки, бу илоҳий калиманинг маъносини тушунса, у Қуръон оятларининг ва уларнинг асосий тафсири бўлган саҳиҳ ҳадисларнинг маъноларини тушуна олади. Бу калима асосан уч маънони билдиради: 1. Аллоҳ таоло ким, унинг Роблиги ва Илоҳлигининг маъноси нима, Аллоҳга қандай ибодатлар (намоз ўқиш, рўза тутиш ва ҳк) ва итоатлар (шахсий, ижтимоий, яъни оилавий, маърифий, ижтимоий, ҳуқуқий ва ҳакоза соҳалардаги итоатлар) қилинади. 2. Шайтон ким, у бошлайдиган ботил йўллар, яъни куфр, ширк ва нифоқ (мунофиқлик) йўллари нимадан иборат ва улардан қандай сақланиш керак. 3. Муҳаммад (сав)га Аллоҳнинг Пайғамбари сифатида имон келтириш ва Қуръоннинг амалий тафсири бўлган суннатларига эргашиш…Ҳақиқатан ҳам Қуръони Карим Илоҳий китоб бўлиш билан бирга мана шундай содда ва осон тушуниладиган китобдир. Инсонларнинг баъзилари Қуръоннинг илмий “калити” бўлган “Ла Илоҳа Иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ” илоҳий калимасининг мана шу маъносини билмаганликлари учун ҳам Қуръонни ўқисалар ҳам уни яхши тушуна олмайдилар. Ҳолбуки бу инсонлар Аллоҳнинг охирги каломи бўлган Қуръонни юқоридаги илмий “калит” билан ўқиганларида уни албатта жуда осон тушунган бўлар эдилар. Чунки Қуръоннинг бутун сура ва оятларининг ягона мавзуси “Ла Илоҳа Иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ” илоҳий мавзусидир.

 

Шу билан бирга сўз бошида айтилгани каби инсонлар ақл ва ўрганиш жиҳатидан турли даражага бўлинадилар. Оддий мусулмонлар Қуръони Каримни ўқиш билан Парвардигорларининг уларга марҳамат қилган ибодатлар (намоз ўқиш, рўза тутиш ва ҳк) ва итоатлар (шахсий, ижтимоий, яъни оилавий, маърифий, ижтимоий, ҳуқуқий ва ҳакоза соҳалардаги итоатлар) ҳукмларини ўрганишлари мумкин. Аммо уларга амал қилишда Қуръон ва ҳадис илмининг мутахассислари бўлган аҳли илмларнинг ўргатишларига ҳам эҳтиёж бўлади. Чунки Қуръони Каримга ҳар ким ўзи тушунганича амал қила олмайди, аксинча Ислом дини нозил бўлгандан кейин Қуръон ва саҳиҳ суннатга асосланган ва мусулмонлар орасида ўрин олган ибодат ва итоат шаклларига амал қилинади, замонавий масалаларда эса аҳли илмлар мажлисларининг ва мусулмонларнинг Шўролари ва раҳбарларининг қарорлари билан амал қилинади.

 

Аммо муҳими бутун мўмин мусулмонларнинг умумий маънода Қуръон ва саҳиҳ ҳадислар илмининг асосларига воқиф бўлишларидир. Яъни, мусулмонлик умуман билмайдиганларнинг мутлақ биладиганларга эргашиш дини эмас, ўз динлари ҳақида умумий маълумотга эга бўлган мусулмонларнинг бу илмларни тафсилотлари билан биладиган аҳли имларга ва раҳбарларга эргашиш динидир. 

 

Пиру машойихларнинг мусулмонларнинг елкаларига ўтириб олиб, уларни ўзлари истаган йўлга солишларининг асосий сабаби ҳам муридларнинг илмий жоҳиллиги, бунинг натижасида Пиру машойихларнинг жоҳил муридлар наздида «муқаддас зотларга» айланиб кетишидадир.

 

Айтиш керакки, Аллоҳ таоло бутун мусулмонларни Қуръонни ўрганишга масъул қилган. Яъни, охиратда фақат аҳли илмлар эмас, бутун мусулмонлар Қуръондан сўраладилар, имтиҳон қилинадилар. Бу ҳақда Зуҳруф сурасининг 44 оятида “(Эй Муҳаммад), Бу Қуръон албатта сиз ва қавмингиз учун бир эслатмадир ва (қиёматда) Ундан сўраласизлар”, дея марҳамат қилинган…

 

Ислом динида унинг асосларини ўрганиш бутун мусулмонларга вожиб бўлгани каби, унга амал қилиш ҳам бутун мусулмонларга вожибдир. Яъни, Исломнинг ибодатлари ва итоатлари фақат Пиру машойихларнинг вазифаси эмас, бутун мусулмонларнинг вазифасидир. Демак, ибодату тоатларда ҳам “муқаддаслик” эмас, илмийлик ва унга амал қилишлик асосдир.

 

5. Бу мавзудаги энг муҳим масала мусулмон кишининг  қайси ва қаердаги жамоатга аъзо бўлиши ва қатнашиши, жамоатнинг эса қандай тузилиши ва фаолият олиб бориши масаласидир. Мусулмон киши аъзо бўладиган энг биринчи жамоат унинг оила аъзолари ва яқинларидан ташкил топган жамоатдир. Чунки Ислом динида бундай оилавий ва қабилавий яқинликка (қариндош уруғлик муносабатларига) алоҳида эътибор берилади. Бунинг маъноси бундай жамоатларда инсонларнинг бир бирларини жуда яхши танишлари ва табиий шаклда ўзаро яқин муносабатлара бўлишлари ва яхшилик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдамлашишнинг аввало қариндош уруғлар ва яқинлар орасида бўлишидир.

 

Мусулмонларнинг жамоатларида асосий қоидалар саҳиҳ имон, солиҳ амаллар, ибодатлар ва тоатлар, яхши ахлоқ билан билан бирга ишларнинг Шўро, яъни маслаҳатлашиш билан амалга ошишидир. Яъни, намоз ўқиш, рўза тутиш каби ибодатлар мусулмонларга қанчалик вожиб бўлса, ишларни ўзаро  Шўро, маслаҳатлашиш билан амалга ошириш ҳам шу даражада вожибдир. Қуръонда Каримда Шўро амри нафақат мусулмонларга (Шўро сураси 38 оят), Муҳаммад (сав)га ҳам (Оли Имрон сураси 159 оят) берилган бир амрдир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (сав) жуда кўп ишларида мусулмонлар билан маслаҳатлашар эдилар. Бадр жангида ансору муҳожирлар, Уҳуд жангида ёш ансорларнинг маслаҳатлари билан амал қилдилар. Оиша (ра) онамизга туҳмат воқеасида аёллари ва саҳобалари билан маслаҳат қилдилар. Демак, мусулмонларга бутун ишларини Шўро, маслаҳатлашиш билан қилиш Қуръон ва саҳиҳ суннатнинг амридир. Умумий ишларда мусулмон омма билан маслаҳат қилинади. Мутахассисликка оид ишларда мутахассилар (масалан, тиббий ишларда табиблар, иншоат ишларида муҳандислар ва ҳк) билан маслаҳат қилинади. Мусулмонларнинг ўз раҳбарларини сайлаш иши ҳам мана шундай мусулмон омманинг зиммасидаги вазифадир. Албатта, бундай сайлов ғарбдаги ғирромлик ва манфаапарастликка, моддапарастликка, фирқапарастликка, фақат инсонларнинг ақл ва дунёқарашларига, инсонларнинг ҳавойи нафсларидан келиб чиқадиган “эркинликларга” асосланган сайлов бўлмайди. Ҳар ишнинг ўз қоидаси бўлгани каби мусулмонларнинг ўз раҳбарларини сайлашнинг ҳам ўз қоидалари бўлади. Аввало сайлайдиган ва сайланадиган мусулмонлар фойдали илм, саҳиҳ имон, солиҳ амаллар, тақво, ихлос, яхши ахлоқли бўлишлари ва шу билан бирга бирор соҳада мутахассис ва айниқса бошқарув ва ташкилотчилик ишларини яхши билишлари керак. Аввало кичкина жамоатларда (юзларча ва мингларча аъзолари бўлган) мана шундай асосларга кўра бошқарув Шўроси (ҳайъати) ва раҳбарлар сайланади. Кейин бу Шўроларда сайланган вакиллардан мусулмонлар бошқарувининг туман, вилоят ва миллий давлатлар раҳбарларини босқичма босқич сайлаш ҳам мумкин. Бундай сайловлар очик, ошкоралик, номзодлар жамоатчиликка таниш бўлган имоний эркинлик ва ўзаро ёрдамлашиш муҳитда бўлиши янада мақсадга мувофиқдир. Чунки Аллоҳ таоло мусулмонларга тақво ва яхши амаллардаҳамкорлик қилишни амр қилган. (Моида сураси, 2 оят). Бундай сайловларда сайланган раҳбарларга мусулмонларнинг итоат қилиши вожибдир (Нисо сураси, 59 оят). Ислом динининг ушбу қоидаларни ва уларнинг ҳаётга тадбиқ қилинишини ўрганган баъзи кишилар, фақат «дунёвийлик, дунёвийлик», деявермасдан, ҳақиқий дунёвийликнинг Ислом динида бўлишига эътибор қаратсалар яхши бўларди…

 

Мусулмонлар ўз жамоатларини ва жамиятларини мана шундай имоний асосларга бино қилсалар, албатта уларнинг бидъат ва хурофотларга ғарқ бўлишдан, динимизда асоси бўлмаган пиру машойихларга “бандалик” қилиш каби жоҳил ишлардан узоқ бўладилар. Ислом дунёсидаги бундай ишларни кўриб, баъзан инсон ёқа ушлайди. Масалан, Туркияда шундай жамоатпарастлик борки, уларга аъзо бўлганлар ўз жамоатларини пиру устозларининг номлари билан атаб олганлар, бу пиру устозларининг улуғ зотлар ва ҳатто ғойибни билишларига ишонадилар, бу зотларнинг доимий равишда Муҳаммад (сав) учрашиб туришларини (тавба, астағфуриллоҳ), Пайғамбаримиз бу зотларга таъломот беришларини иддио қиладилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (сав)ни ҳар мусулмон фақатгина тушида кўриш мумкин, аммо бу ҳам бот бот бўладиган воқеа эмас. Қолаверса Муҳаммад (сав) умматларига Қуръони Карим ва саҳиҳ Суннатларини мерос қилиб қолдирганлар ва У Зотни (сав) тушларида кўрганларга ҳеч бир ишда таълимот бермайдилар…

 

6. Ислом динида имоний асослардан бири аввал Аллоҳ таолони, сўнгра Муҳаммад (сав)ни ундан кейин мўмин ота оналарни, фарзандларини ва охирида мўмин мусулмон биродаларни яхши кўришдир. Бундан шу маълум бўладики, мўмин мусулмонларни, шу шумладан аҳли илмларни ва мусулмон раҳбарларни яхши кўришнинг ҳам даражаси бор экан. Аслида инсонларнинг пиру машойиҳларига қаттиқ боғланиб қолишлари бир томондан илмсизлик, жоҳиллик натижаси бўлса, бошқа томондан уларни ҳаддан ортиқ яхши кўриб, таъбир жоиз бўлса, уларга “ошиқ” бўлиб қолишларидир. Яқинда ўзимизда вафот этган бир машҳур шайхнинг бир муриди бундай “ошиқликни” шу сўзлар билан ифода қилди: “Мен учун ҳаётда энг муҳим нарса шайхим эди. Шайхим вафот этгандан кейин менга ҳаётнинг маъноси қолмади”. Туркияда ҳозирги мусулмон ҳукуматга қарши курашаётган бир пирнинг муриди эса “пирим менга бир кулиб қараса, мен унга 40 миллион долларлик сарватимни бағишлар эдим”, дея пирига севгисини“изҳор” қилганди. Бундай жоҳилано севги муҳаббат ва унинг изҳоридан Аллоҳ таолога сиғинамиз. Чунки бу дунё ҳётининг маъноси фақат пиру шайхларни яхши кўришдан ёки уларнинг бир табассумига жонини ва молини фидо қилишдан иборат эмас. Муҳаббатга лойиқ энг улуғ Зот аввало Аллоҳ таолонинг Ўзидир. У бандасининг меҳру муҳаббатда кимсани Ўзига шерик қилишини истамайди. (Бақара сураси, 165 оят). Аллоҳ таолодан кейин яхши кўришликка Муҳаммад (сав) лойиқдир. Мусулмонлар инсонлар ичида фақат ва фақат Муҳаммад (сав) улуғлайдилар. Аммо Пайғамбаримиз (сав) ҳадиси шарифларида “Мени Насоралар Ийсо (ас)ни улуғлаганлари каби улуғламанглар”, дея огоҳлантирганлар. Муҳаммад (сав) севиш ва ардоқлашда ҳам бир чегара бўлгани ҳолда, умримнинг маъноси шайхимни ёки пиримни севишдир, дейиш нақадар катта жоҳиллик ва ғофилликдир…

 

Хулоса сифатида шуни айтишимиз мумкин:

 

Ислом динида бошқа динларда бўлгани каби муқаддас зотлар, роҳиблар, роҳибалар, муридларини ўзларига матлақ боғлаб олган пиру машойихларга ўрин йўқдир. Динимизда пиру муридлик муносабатини ўрнатиш, пирга қўл бериш, пирнинг этагини ўпиш, пири ва шайхи бўлмаганнинг шайхи Шайтондир, деган гаплар (аслида бу гап шайтоний гапдир) ва амаллар ҳам хурофоту бидъатлардан иборатдир.

 

Ислом динида бутун мусулмонлар Қуръон ва саҳиҳ суннатларни ўрганишга мукаллафидирлар. Чунки ҳар мусулмон ўз амалидан масъулдир, ўз яхши амаллари билан охиратда қутулишга эришади. Бу шаклда илмли бўлиш ҳар мусулмонга вожибдир. Қуръони Карим ва саҳиҳ ҳадисларни ўрганиш уларнинг “калити”бўлган “Ла Илоҳа Иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ” илоҳий калимасининг маъносини ўрганиш билан амалга ошади. Бутун мусулмонлар шу шаклда Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларнинг ҳақиқатини ўргана оладилар, аммо уларга амал қилишда аҳли илмларнинг йўл кўрсатишига эҳтиёж бўлади. Шунингдек, мусулмонлар бутун ишларини ўзаро Шўро, маслаҳатлашиш билан амалга оширадилар, раҳбарларини ҳам имоний қоидалар ва эркинликлар доирасида ўзлари сайладилар, сайланган раҳбарларга Исломий ҳукмлар доирасида итоат қиладилар. Мўмин мусулмонлар аввало  Аллоҳ таолога қаттиқ муҳаббат қўядилар, бу муҳаббатларини Аллоҳга ихлос ва тақво билан ибодат ва итоат қилиш билан исботлайдилар. Аллоҳдан сўнгра мусулмонлар Муҳаммад (сав)ни севадилар, у Зотни (сав) улуғлайдилар, бу севгиларини Пайғамбаримизнинг саҳиҳ суннатларига эргашиш билан исботлайдилар. Аммо мусулмонлар Расулуллоҳни (сав) яхши кўришда ҳам ғулувга кетмайдилар (ҳаддан ошмайдилар). Шундан кейин мусулмонлар ўз мўмин мусулмон ота оналарини, оила аъзоларини ва фарзандларини яхши кўрадилар ва уларга Ислом амр қилган шаклда яхшилик қиладилар. Энг сўнгида мусулмонлар бир бирларини, шу жумладан аҳли илмларни ва ўз раҳбарларини яхши кўрадилар, улар билан Ислом йўлида ўзаро ёрдамлашадилар, бир бирларига яхшиликни амр қиладилар, ёмонликдан қайтарадилар (“Амру бил маъруф ва наҳйи мункар” қиладилар). Бу шаклда мусулмонлар орасида мутлақ устун бўладиган тоифаларнинг, яъни муқаддас оталарнинг, пиру машойихларнинг ўртага чиқишига ҳам йўл қўйилмайди…

 
ИЗОҲ
: Ҳозирги ўзбек режимнинг бош мафкурачиларидан, яъни “пирларидан” бўлган ва ўзини академик деб атайдиган Рустамжон Абдуллаев “Дунё Ўзбеклари” сайтида эълон қилинган
“Барак Обама – не мусульманин, но он в исламе, как и другие христиане”

(http://dunyouzbeklari.com/archives/109498) номли мақоласида оддий Исломий ҳақиқатларни нотўғри шаклда талқин қилган:

 

1.Аввало Христанлар Р. Абдуллаевнинг мақоласида айтилгани каби, мусулмон бўлмасалар ҳам Ислом динидаги кишилар эмаслар. Ийсо (ас) Инжил билан келган, бу Ҳақ китоб бўлган ва Ийсо (ас) эргашган ҳаворийлар мусулмон бўлганлар. Аммо кейинчалик инсонлар Инжилни ва Тавротнинг матнларини ўзгартирдилар, яъни тахриф қилдилар. Шу шаклда Исломий таълимотга зид бўлган ва ҳозирги кўринишга эга бўлган Мусавийлик (яҳудийлик) ва Насронийлик динлари пайдо бўлган. Бу асли бузилган икки дин аҳллари Қуръонда “Аҳли китоб” деб таърифланган. Ислом динига кўра “Аҳли Китоблар” мушрик ва кофир кимсалардир. Уларнинг бошқа мушрик ва кофирлардан фарқи  мусулмонларнинг уларнинг таомларидан ея олишлари (очиқ ҳаром бўлмаслик шарти билан), мусулмон эркакларнинг “Аҳли Китоблардан” бўлган аёлларга уйлана олишлари ва мусулмон ҳукмрон бўлган жамиятларда “Аҳли Китоблар”га ҳам ўз эътиқодларига эргашиб, диний ибодатларини адо қила олишларидир. (Моида сураси 5 ояти ва бу оятнинг тафсирига қаранг)

 

2. Бу мақолада яна мусулмонларнинг маст қилувчи ичимликлар (масалан, ароқ ичган) ҳолда намоз ўқий олишлари айтилади. Бу ҳам Исломий ҳақиқатга зиддир. Чунки Қуръони Карим маст қилувчи ичимликларни бир зарбада эмас, аста секинлик билан уч поғонада ҳаром қилган. Яъни, маст қилувчи нарсаларнинг ниҳоий ҳукми уларнинг ҳаром ҳисобланишидир. Шунинг учун ҳам Қуръон жам бўлгандан кейин мусулмонлардан ҳеч ким маст қилувчи ичимликлар ичиб намоз ўқимаган ва бундай қилишга рухсат ҳам йўқдир. Исломнинг бошланишида инсонлар ўз урф одатларидан, шу жумладан маст қилувчи ичимликлардан воз кечишлари осон бўлмагани учун ҳам бу иш юқорида айтилгани каби аста секинлик билан уч поғонада амалга оширилганди.  Бу ҳақда Қуръони Каримнинг Наҳл сурасининг 67 ояти, Бақара сурасининг 219 ояти, Нисо сурасининг 43 ояти ва Моида сурасининг 90 ва 91 оятларини ўқиб, ўрганиш мумкин.

 

3.Ушбу изоҳни ёзишдан мақсад зулм режимига хизмат қилаётган “академикнинг” Ислом дини ҳақидаги нотўғри фикрларидан бошқаларни огоҳлантиришдир. Чунки ҳақиқатни билмайдиганлар кишилар Ислом динини бундай бузиб тушунтиришларга ўзлари билиб билмай эргашиб кетишлари мумкин. Яна ушбу изоҳни бу ерда ёзиш унинг ушбу мақоланинг мавзусига алоқаси борлигини ҳам билдирмайди. Изоҳнинг бу ерда ёзилишига сабаб эса, зулм тарафдорларига алоҳида жавоб ёзишга эҳтиёж йўқлиги, улар билан баҳслашишнинг ноўрин эканлиги учундир.

 

Даъватимизнинг охири оламларнинг Робби Аллоҳ таолога ҳамд айтишдир. Омин!

Намознинг янги ва яхши 

Намоз НОРМЎМИН

 

09.08.2015

www.namoznormumin.blogspot.com

Ўхшаш мақолалар:

  1. Мақсуд Бекжон: Атамалар эволюцияси
  2. «Ижтимоий тармоқлар орқали озод бўлган маҳбус ҳали тарихда бўлган эмас…»
  3. «Озодлик» ва Садриддин Ашурга: Маҳаллийчиликнинг кучайишига ким айбдор?
  4. ИСЛОМ ПЕШВОЛАРИНИНГ РИМ ПАПАСИГА ОЧИҚ ХАТИ
  5. Турк олими ва беларус ёзувчиси Нобель олди, ўзбеклар қачон олади?
  6. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Абу Муслим: Целибат
  7. Нуқтаи назар: Ўзбекистон ва қари «Дирежёр» қиссаси
  8. Абдуллоҳ Нусрат: Мактаб ва репититор ораси тўрт энликми?
  9. ИЛОНЛАР ЭМАС ҒАНИМ – ГАРЧИ ОТЛАРИ ВАҲИМ…
  10. Рус тилида гаплашадиган ўзбек ҳамюртларимиз ҳақида…
  11. 44 фоиз россиялик Путиннинг коррупцияга қарши курашишига ишонмайди
  12. И.Каримов ҳақида мен билган айрим факт ва ҳақиқатлар
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

8 комментариев

  1. мумин:
    11/08/2015 в 03:11-

    Намоз ака жуда хам долзарб масалани чукур еритиб берибсиз, Сизга катта рахмат. Сиесий маколаларингиздан кура диний мавзудаги чикишларингиз кундан кунга чукур маьно касб этиб бораяпти. Аллох Рози булсин.

    Ответить
  2. Сардор:
    11/08/2015 в 01:20-

    Намоз Нормўминга: 1. Аввало Христанлар Р. Абдуллаевнинг мақоласида айтилгани каби, мусулмон бўлмасалар ҳам Ислом динидаги кишилар эмаслар. Ийсо (ас) Инжил билан келган, бу Ҳақ китоб бўлган ва Ийсо (ас) эргашган ҳаворийлар мусулмон бўлганлар» депти. Академик Р.Абдуллаев домла мақоласига “Барак Обама – не мусульманин, но он в исламе, как и другие христиане”, деп ном қўйипти. Демак у тўғри фикир билдирипти..

    Ответить
  3. Kalon:
    10/08/2015 в 07:56-

    Maqola juda tugri va aniq yozilgan. Afsuski shunaqa va shunga uhshash illatlarga odamlar kur kurona ergashaverishadi.. lekin ohirgi 20 yil ichida juda kuchli «islomiy uygonish» boshlanib ketti. InshaAllah odamlar uygonishyapti. Sizni anchadan beri kuzatib boraman, va maqolalaringgizni qiziqish bilan uqiyman. Olloh rozi busin.

    Ответить
  4. Sokin:
    10/08/2015 в 00:20-

    Намоз НОРМЎМИН, Рустам Абдуллаевга ўхшаган ҳеч қачон режимга хизмат қилмаган, у аслида шайтон этагини тутиб, фақат ўз манфаати йўлида ҳаркат қилади. Академлиги ҳам сохта эканлиги рус сайтларидаги бир нечасида далиллар билан исботланган. У билан фақат бир жойда озгина кесишасизлар. У ҳам Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд каби зотларни ўзбекка алоқаси йўқ, улар араблар деб рад этади. Бу унинг бир неча ахмоқона мақоларида акс этган.

    «Дунё ўзбеклари»дан: Академик Рустамжон Абдуллаев ва Намоз Нормўмин шахсига оид ҳақорат ва камситиш кўринишлари бўлган ўндан зиёд изоҳ сайтга қўйилмади. Ўқувчиларимиз шундан хулоса чиқариб, иш тутишларини маслаҳат берамиз.

    Ответить
  5. Istemi hoqon:
    10/08/2015 в 00:03-

    Намоз Нормўмин жуда муҳим масалани кўтарган. Ҳақиқатдан эшонлар ва сайидлар Ўзбекистонда анчагина. Нега Намоз Нормўмин билган хурофотни ва бидъатни бу эшонлар ва сайидлар билмайди?
    Ислом динига араблар ёки Намоз Нормўмин нуқтаи-назаридан ёндошсангиз, аллақачон барча ўзбеклар арабларнинг қулига айланиб жиҳод ва терроризм орқали ўлиб кетиши керак эди. Ўзбек ҳалқини мана шу эшонлар ва пиру машойихлар арабларга қул болишдан сақлаб қолаяпти. ТАСАВВУФ илми эса ўзбекларни араблаштиришдан сақлаб қолаётган муҳим таълимот.

    Ответить
  6. Ахмад ҳожи Хоразмий:
    09/08/2015 в 22:28-

    Намоз ака,
    Мана бу мақолангиз шахсан менинг кўнглимга ўтирмади.
    Сабаби шуки, ўзингиз тушинмайдиган соҳага қўл урибсиз.
    Шайх Абдуҳомид Ғаззолий, Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд каби машшоихлар сиз (ваҳобий) ларга нимаси билан ёқмайди? Ахир улар илми Калом ва ҳадис илмининг уламолари ҳам бўлишганку!
    Амир Темур, Жомий, Навоий, Махтимқули кабилар машшоихларга кўнгил ва қўл бериб буюк бўлишган.
    Илмим сизчалик бўлмасада, ТАСАВВУФГА ТОШ ОТМАНГ!, деб маслаҳат бермоқчиман.

    Ответить
    • Намоз Нормўмин:
      10/08/2015 в 11:52-

      Ассалому алайкум домла! Нима қилай сизга ўхшаб зардуштийларнинг ва буддистларнинг раҳномаларини ҳам Аллоҳнинг Пайғамбарлари бўлган, дейми? Эртага қиёматда Аллоҳ буларни Мен пайғамбар қилиб юбормаганман деса нима дейсиз? Мақоламда илмим даражасида далиллар келтирдим. Эътирозингиз бўлса сиз ҳам далил келтиринг. Имон масаласида инсонлар қиладиган катта хато ширкдир, яъни Аллоҳга ҳам бутларга ҳам эътиқод қилиб, одатий ҳолларда бутларга, қийин ҳолларда Аллоҳга сиғинишдир. Шуни унутманг. Омон бўлинг.

      Ответить
      • Bumin hoqon:
        10/08/2015 в 18:55-

        Namoz
        Nega jihodga bormaysiz? Ertaga Allohga nima deysiz? Vaqtim bo’lmadi deysizmi?

        Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.