"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (5)

Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”, Адабиёт | 09/08/2015 18:25-     11459 марта ўқилди

 

Шоир ва АҚШ 
TЕХАС ПАХТАЗОРИДА
Ўтган бобосини кўргандек ўзбек,
Югурди Техаснинг пахтазорига.
Аввал атрофига разм солди тек,
Хаёли кетганди бадбўй дорига.
Ҳорғин кипригига чарчоқ ҳам инмай,
Ҳатто мусофирнинг ўзгарди туси.
Чаноқни олиб у ҳидларди тинмай,
Ҳолбуки, пахтанинг йўқ эрур иси.
АҚШ. Техас. 9.08.2015
ЭРКИН ВА ТЎЛҚИН (Ҳазил)
Уммон осойишта, эркин ҳамда жим,
Сайёҳ манзарани алқарди фақат:
-Эркин қўйган бўлса ўғлин отин ким,
Ўшанга тасанно, унга минг рахмат.
Бирдан тўфон турди, ёзиб қанотин,
Сайёҳ дер: -Бу ёвни чиқарган ўлсин.
Тўлқин қўйган бўлса ким ўғлин отин,
Унинг падарига минг лаънат бўлсин.
АҚШ. Атлантика уммони. 8.08.2015
НАСА 
Мен ҳайрон қоламан,
Одамзод гоҳо
Кўрган мўь­жизасин бирдан унутгай.
Искандар, Магеллан довруғи ҳатто,
НАСА игнасининг кўзидан ўтгай.
Қандоқ бунёд бўлган ҳазрати Одам,
Ҳеч кимса кўрмаган илоҳий дамни.
Лекин машқ қилганлар минг йил муқаддам,
Ойда Армстронг қўйган қадамни.
Конрад коржомаси осиғлик турар,
Марҳум фазогирлар кўргазмасида.
Шоҳларнинг либоси яхлит сийму зар,
Барибир, илингай унинг пастида.
Тоғнинг этагида ўтирган сайёҳ,
Унинг маҳобатин кўрмас ҳеч қачон.
Асрлар қаъридан ташласанг нигоҳ,
Инсон қyриб олмиш янги бир жаҳон.
Низолар йўколур бир кун, албатта,
Одамзод ўзлигин топар қайтадан.
Шонли ўтмишини эслаб у пайтда,
Келгай маьракага ҳар битта Ватан.
Башар болалари фахрга тўлиб,
Тафаккур тўйида кўтаргайлар жом.
Ишонгум, ўша кун биринчи бўлиб,
Ёдга олинажак Улуғбек бобом.
 АҚШ. НАСА. 7.08.2015
Изоҳ:
1). НАСА – АҚШ фазогирлар таёрлаш ва назорат қилиш маркази. Хьюстонда жойлашган.
2). Армстронг, Конрад – Ойга қадам қўйган дастлабки фазогирлар.
ТАРҚОҚ ҚАВМ
Бир қавм бор эди, ғоятда тарқоқ,
Ҳар қайси ўзича кўтарган байроқ.
Қўшни қўшни билан сирлашмасдилар,
Тўю азада ҳам бирлашмасдилар.
Бир куни ёғилди кўкдан фалокат,
Қилиб бўлмас эди офатга тоқат.
Қавм-чи, дод солди, тинчидан жудо,
Аллох, Аллох дея қиларди нидо.
Бало тушмоқдайди ҳануз ҳаводан,
Шундоқ садо келди бирдан самодан:
-Тегманг, тўрт тарафга майли чопишсин,
Ҳар ким ўзи учун Аллох топишсин.
  АҚШ. Хьюстон 8.08.2015
ПОЛИЗ ҚЎРИҚЧИСИ 
Чайламиз бор эди,
Далада эдик,
Жайралар ўч бўлар қовун-тарвузга.
Ҳарҳолда, чўчитиб туради дедик,
Қўриқчи ўрнатдик бир кун полизга.
Ўриснинг хочидек бутани чопдик,
Ерга қадаб қўйдик оёқ-дастакни.
Қайдандир эски бир шляпа топдик,
Эгнига кийгиздик яғир пўстакни.
Ғаройиб қўриқчи бўлганди пайдо,
Довдирар, тушса гар шайтоннинг кўзи.
Узоқдан қорасин кўрганда гоҳо,
Жуфтакни ростларди болалар ўзи.
Энди у жойларда қовун полиз йўқ,
Жайра ҳам, тарвуз ҳам йўқдир, албатта.
Баланд иморатлар кўкка урар дўқ,
Фақат сақлангандир чинорлар, катта.
Биз ҳам улғайганмиз, улғайди дунё,
Қолди хотиралар мисоли етим.
Ўша гузарлардан ўтганда аммо,
Эслаб қўриқчини, жунжикар этим.
АҚШ. Хьюстон 7.08.2015

Ўхшаш мақолалар:

  1. Абдулла Орипов: Бир халқда ғалати одат бор эди: Ўлиги азизу, тирик хор эди…
  2. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да бугун ёзган янги шеъри
  3. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Абдулла ОРИПОВ, ИЮЛЬ ШЕЪРЛАРИ
  4. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (25)
  5. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (28)
  6. Абдулла ОРИПОВ: ТИРИКЛИК ҚИЙМАТИ (Укам Абдуваҳоб Орипов хотирасига)
  7. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Абдулла Орипов: Тош кийик…
  8. Абдулла Орипов: Биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимовнинг порлоқ хотирасига
  9. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг янги ёзган гўзал шеърлари
  10. Ёлғиз битта нур бор, йўқдир қиёси, У Аллоҳ зиёси, Аллоҳ зиёси!
  11. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстонда (АҚШ) ёзган янги шеърлари
  12. Абдулла Орипов: Узоқларда қолди туғилган уйим…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

2 комментария

  1. Малик:
    11/08/2015 в 01:26-

    Ха Абдулла ака бу Абдулла Ориф Худо берган истеьдод.Бир хил шоирман деганлар йиллаб езолмайди бунака мисраларни.

    Ответить
  2. komil:
    10/08/2015 в 10:37-

    Абдулла Ориповни янги шеърлари уқиб турибмиз. Исмат ака сизга катта рахмат!

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.