"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Туркманистон диёридаги саргузаштлар. Бедор утган тун

Дунё, Сафар таассуротлари... | 08/08/2015 18:26-     11374 марта ўқилди

page-0001БЕДОР ЎТГАН ТУН

Туркманистон. Марв шаҳри. 1994 йил. Қиш фаслининг биринчи куни. Шаҳарнинг осмонўпар биноларидан бири – “Санжар” меҳмонхонасининг тўртинчи қаватига жойлашган, кўркам жиҳозланган 404 – хона шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан уч кунга каминага ажратилган. Ўша қисқа вақтдан унумли фойдаланиш режасини ҳаёлдан ўтказиб, эндигина эрталабки нонуштадан қайтган ҳам эдимки, телефон жиринглаб қолди. Овозидан дарров танидим.
У куни кеча танишган телестудия ҳодими Сафар Турди эди. Қисқа салом – аликдан сўнг мудаога ўтиб, “Бахшилар уйи” га боришини илтимос қилди. У ерда Туркманистон халқ бахшиси, профессор Ўтаниёз Наватов ҳамда ёш бахшилар, санъаткорлар, журналистлар ила мулоқотда бўлишимизни, яна шахарнинг диққатга сазовор бир неча жойларида мотоциклим билан телетасмага тушириш ниятида эканлигини айтди.
Майдалаб ёғаётган ёмғирдан шаҳарнинг аксари жойлари, кенг асфальт кўчалари – ю майдончалар халқоб сувларга тўлганди.
Олдинда кетаётган машиналар ғилдирагидан сачраётган лойқа сув томчиларидан кўз очиш қийин. ГАИ ходимининг “тўхтанг” ишорасини дарров пайқадим ва қоидага биноан чеккароққа чиқиб, моторга тин бердим. Менга яқин келиб ўзини таништирган милиция формасидаги бу ёшулли мезбонлар томонидан тайин этилган бўлиб, техникамни ўша ерда қолдиришимни айтди ва “Бахшилар уйи” ни кўрсатиб юборди.
Дарахтлар орасидан ўзининг бежиримлиги, маҳобати билан кўзга яққол ташланиб турган бинонинг ён эшигини оҳиста очиб, ичкарига кирдим. Жанубга пешров айвонда ёмғирдан паналаб турган чаққонгина йигит мени ичкарига етаклади. Хонага салом бериб киришим биланоқ барчалари ҳурмат тариқасида ўринларидан туришди. Кўпдан таниш биродарлар каби бағриларига босишиб, навбат билан ҳол – аҳвол сўрашди ва тўрдан жой кўрсатишди.
– Сиз бизнинг азиз меҳмонимисиз, – деди меҳрибонлик билан Ўтаниёз ака ўз ёнига чорлаб.
– Турли миллат ва элатларнинг удумлари, анъаналари, туриш – турмушини ўрганиш мақсадида олис ва машаққатли сафарга чиқибсиз, бу эзгу ниятингизнинг соғ – омонликда якунлашига тилакдошмиз. Иншоллоҳ, мақсадингизга етгайсиз. Шу боис кўрган кечирганларингиздан андак суҳбатингизни олиш ниятидамиз…
Кўрсатаётган илтифотлари учун ташаккуримни билдирдим. Ўтирдик. Фотиҳадан сўнг телекамера биз томонга қаратилди…
Келаси куни Байрамали шаҳри ташқарисидаги “Эски Марв” қўриқхонасини ҳам покистонлик эътиборли зотлар ила зиёрат қилдик ва кўхна обидаларнинг яратилиш тарихи билан яқиндан танишдик. Республика пойтахти Ашагабатдан “Ватан” ва “Ахборот” дастурларида зангори экран орқали учрашувимиздан намуналар кўрсатилди, шеърларим қардош туркман тилига таржима қилинди.
Хуллас, бу ҳафта ҳам бошқалари каби сермаҳсул ўтди десам муболаға бўлмас…
4 декабрь соат кечки тўртлар чамаси елиб бораётган мотоциклим силкина – силкина бир жойга бориб тўхтади. У ёқ бу ёқларини кўздан кечирган бўлдим. Чап томондаги свеча ва карьбюраторни очиб ҳам кўрдим. Ана холос! Контакт кетибди.
Эҳтиёт қисмлар ичидан излаб ўрнатгунимга қадар қоронғи тушиб, ҳеч нарса кўринмай қолганлиги сабабли ўша кимсасиз ялангликда, саҳрода кечани ўтказишимга тўғри келди. Ўрнатган палакамнинг ички ҳарорати, изғиринни ҳисобламаганда, ташқаридан деярли фарқ қилмасди. Яъни тўшакда тонг отгунга қадар ўралиб ўтиришдан ўзга чорам йўқ эди. Совуқдан, очликдан безовталана бошладим. “Эҳ, Анвар ақлинг кирмади, кирмади-да, — дедим унсиз ўзимни койиган бўлиб, ахир йўлни кесиб бўлармиди. Мана, ҳозир тўрвада бирон – бир луқма бўлганидаку мазза қилиб ковшаниб ётган бўлармидинг. Эҳтиётингни қилиб дўкон – пўконда тўхтаб ўтганингдами?!
“Магазиндан сотиб олиш учун ҳам пул керакда, – дедим яна ўзимга – ўзим тасалли бериб. – Ахир шунча иззат – икромдан сўнг йўлга ҳам бирон егуликми, пулми дейишга забон қани. Қаноатли, сабрли бўлиш керак-да. Келаси шаҳарга бир амаллаб етиб олсанг, ана ундан кейин”.
Ҳа, бу айтишгагина осон гаплардан эди. Чодир устини лаҳзадаёқ қиров босди. У ҳам етмаганидек, ташқарида чақалоқларнинг йиғисига ўхшаш товушлар эшитила бошлади.
Таажжубланиб, қулоқ тутдим, сўнг астагина ташқарига мўраладим. Во, ажаб, не кўз билан кўрайки жуфт – жуфт ялтираган кўзлар мен томонга яқинлашмоқда эди. “Ё худованда карим, – дедим бутун аъзойи баданимни жунтиктириб юборган қандайдир туйғудан саросимага тушиб, – қудратинг кенг, меҳрибонлигинг беқиёсдир, илоё чивиндек жонимни ўз паноҳингда асрагайсан…”.
Яна аллақандай садолар ҳам эшитила бошлади. Ваҳимали овозлар яқинлашган сайин ҳар хил тадбирлар ҳақида фикр юритаман, безовталанаман.
Ана шундай онларда каллада не ҳаёллар кечмайди дейсиз.
Эҳтиёт учун қўлимга болға ва яна нималардир олиб, ўзимча ҳужумга тайёрланаман. Ўша кеча шоқоллар ила бўлиб ўтган жанг тафсилотларини айнан баён қилиш учун қалам ожизлик қилади. Аниқроғи менда адиблик маҳорати андек етишмагандек гўё.
Ярим кечада бошланган мажаро чўзилгандан – чўзилди. Бостириб келаётган чиябўриларнинг қанча эканлигини тун қоронғисида билиш анча мушкул эди. Гоҳо у ёқда пайдо бўлиб қолса, гоҳида яқинингдан келиб чиқади.
Яхшиямки созлаш асбобларим сочилиб ётганди. Ключдан тортиб монтировкагача улоқтирвердим. Бензин солярка эмаски, бир оз ёниб турса. Шошилганимдан пайпоқ ва пойтавалоларимни ҳам мойлаб, машъалга ишлатиб юборибман.
Не бахтки Эрон томонданми, Ашгабатданми келаётган ҳайбатли машина чироқлари, ерни титратгучи мотор овозларидан йиртқичлар анча чекинишиб, зулмат ичра йўқолишди.
Бундай ҳодиса неча бор такрорланганини аниқ эслай олмайман, лекин ҳар гал қаёқдандир машиналар колоннаси келиб қолишини интизорлик билан кутардим. Ана шундай шароитларнинг бирида миямга ажойиб бир фикр келиб қолди. Эҳтиётдан тўрвага солиб олган уч – тўрт метрли ток узатгичнинг бир томонини мотоциклимнинг аккумуляторига, иккинчисини эса чодиримнинг ичкарисига ўтказиб, олти вольтли лампочкага улаб олдим. Чодир ичи ёришиб кетди. Чодир шамолда қанот қоқаётган ҳайбатли қуш мисол силкинарди. “Онадан қайта туғилдим”, – деган ибора ўша кезда айнан мен учун айтилгандай эди.
“Анвар, – дейман яна ўзимга далда берган бўлиб, – йўлга чиқаётганингда мана шу каби саргузаштларни қўмсамаганми эдинг. Қоя тошларга чилқирда осилиб ўрмалаётган альпинист йигит – қизларчалик ироданг йўқми!”.
Ўзимни қўлга олиб, дадилашаман.
Хуллас, тонг отди. Мотоциклимни тез наридан – бери тузатган бўлдим ва йўлга отландим. Минг машаққатлар ила Тежен шаҳрига оқшом чоғи эсон – омон кириб бордим.
Анвар Сайрамий

03.02.1996 йил

Шахар дарвозаси қошида

Ўхшаш мақолалар:

  1. Абдуқодир Сатторов: Ўзбекистондан Малайзияга сафар (1)
  2. Абдуқодир Сатторов: Ўзбекистондан Малайзияга сафар (3)
  3. Абдуқодир Сатторов: Ўзбекистондан Малайзияга сафар (4)
  4. Абдуқодир Сатторов: Бобомиз қабрига зиёрат — Эроннинг Ҳамадонига ташриф (1)
  5. Абдуқодир Сатторов: Бобомиз қабрига зиёрат – Эроннинг Ҳамадонига ташриф (2)
  6. Абдуқодир Сатторов: Эронга — Бобомиз қабрига зиёрат… (5)
  7. Абдуқодир Сатторов: Эронга — Бобомиз қабрига зиёрат (6)
  8. Абдуқодир Сатторов: Эронга — бобомиз қабрига зиёрат (Якуни)
  9. Исмат Хушев Бирлашган Араб Амирликларидан Канадага қайтиб келди
  10. Анвар САЙРАМИЙ: ГЕРКЕЗЛИК МЕЗБОН (Саёҳат синоатлари)
  11. Абдуқодир Сатторов: Авлиёлар юртига саёҳат (7)
  12. Абдуқодир Сатторов: Авлиёлар юртига саёхат (8)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.