Намоз НОРМЎМИН: КАРИМОВНИНГ ИСЛОМ ҲАҚИДАГИ БАЁНОТИ
ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ БИР БАЁНОТИГА МУНОСАБАТ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Оммавий ахборот воситлари хабарига кўра Ислом Каримов Уфа шаҳридаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг йиғилишида қуйидаги маънодаги гапларни айтган:
“Ислом дунё миқёсидаги Диндир, у билан курашиш маъносиздир”. (Каримов: Ислам – это мировая религия, бороться с исламом – это нонсенс.http://dunyouzbeklari.com/archives/107899)
Ўзбекистон Президенти бу сўзларни дунёнинг энг катта диктаторларидан ёки Ислом динига кўра Фиръавнларидан учтасининг юзига қарата айтган: Булар Русия Президенти Владимир Путин, Хитой Давлат Раиси Си Цзиньпин ва Ҳиндистон Бош Вазири Наренда Моди…Каримовнинг ўзи ҳам диктаторликда улардан қолишмасада, аммо бу уч давлат раҳбарлари ҳар бир ҳаракатлари билан бутун дунёни гоҳ ўтирғизиб, гоҳ оёққа турғизаётгани ҳам бир ҳақиқатдир…
Қолаверса, Путин, Си Цзиньпин ва Наренда Модининг Ислом динини дунё миқёсидаги дин сифатида қабул қилмасликлари ҳам бир ҳақиқатдир. Путин ва Цзиньпин ашаддий даҳрий, яъни атеист, Моди эса Ислом динига кўра ширк ҳисобланадиган ҳинду дини ва миллатчилигининг вакилидир. Яъни, кичкина диктатор Ислом Каримовнинг дунёнинг энг катта 5 беш диктаторидан 3 тасига (қолган икки диктатура АҚШ ва Оврупо Иттифоқидир) қарата айтган бу сўзларини ўзига хос Исломий “даъват” ҳам дейиш мумкин. Қизиғи шундаки, Уфа шаҳрида ўтказилган ШҲТ ва БРИКС халқаро ташкилотлари раҳбарлари учрашувида Ислом дунёсининг энг муҳим давлатларидан Эрон ва Покистон раҳбарлари қатнашган эдилар. Эрон шиаликни ҳақиқий Ислом деб билади (бу аслида Исломий ҳақиқатга зиддир), Покистон эса ҳозирча дунёда ядро қуролига эга бўлган номигагина бўлса ҳам Исломий давлатдир. Аммо бу учрашувларда Эрон давлат раҳбари Ҳасан Руҳоний ёки Покистон Бош Вазири Навоз Шарифнинг Ислом Каримовнинг гапига ўхшаш гапни айтгани ҳақида дунё оммавий ахборот воситаларида хабар берилмади. Улар бундай гапни айтишганда албатта дунё матбуоти бундай хабарга ўрин берган ва ҳатто уни сенсацияга айлантирган бўларди…
Айтиш керакки, Ислом Каримовнинг ШҲТ давлат раҳбарлари ҳузурида айтган бу гапи шунчаки сўзлар эмас, бу юқори даражали давлат раҳбарларининг учрашув протоколига киритилган бир баёнот сифатида ҳам қабул қилинди. Яъни, Путин, Си Цзиньпин ва Наренда Моди ўрни келганда бу гаплари учун Каримовнинг қулоғини тортиб қўйиш ҳаққига ҳам эга бўлдилар…
Каримов шу йил Май ойида ўтказилган МДҲ давлат раҳбарлари учрашувида ҳам яна бир “сенсация” гапни айтганди. У бу учрашувда БМТнинг беш давлатдан иборат Хавфсизлик Кенгашининг адолатли билан иш юритмаётганини таъкидлаганди. У билан аслида дунё тизимининг ёки Дунё Илонининг бошини фош қилганди ҳам. Чунки биз севмасакда, бугун дунёда содир бўлаётган воқеаларни баҳоловчи ва муҳимроғи бу воқеаларнинг қайси тарафга қараб ривожланишини белгилаб берадиган асосий ташкилот АҚШ, Хитой, Русия, Франция ва Буюк Британиядан иборат бўлган БМТнинг Хавфсизлик Кенгашидир. Агар бу беш давлатдан бири дунё сиёсатига оид бирор муҳим қарорга имзо қўймаса, бу қарор қабул қилинмай қолаверади. Кечагина шундай бўлди ҳам: БМТнинг Хавфсизлик Кенгашида Серб жаллодларининг бундан 20 йил олдин Боснияда 8 минг мусулмонни қирғин қилиш расман қатлиом, дея баҳоланиши керак эди. Аммо Русия бу қарорни вето қилди (унга қарши чиқди) ва Серебриница қирғини афсуски расман “қатлиом”, дея тан олинмади.
Айтиш керакки, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашини адолатсизликда айблаши Туркия Президенти Тойиб Эрдўғоннинг деярли ҳар куни такрорлайдиган баёнотларидан биридир. Эрдўғон бу баёнотини “дунё 5 давлатдан иборат эмасдир” дея таърифлайди…
Мен Ислом Каримов “Ислом дунё миқёсидаги Диндир, у билан курашиш маъносиздир” ёки “БМТнинг Хавфсизлик Кенгашининг адолатли билан иш юритмаётир”, дейиш билан дунёнинг энг яхши мусулмонига айланиб қолди, демоқчи эмасман. Каримов ҳақиқий маънода бир диктатордир, унинг асосан мусулмонлардан иборат бўлган Ўзбекистон халқига деярли чорак асрдир қилаётган зулми эса “тиллардан достондир”.
Менинг мақсадим Каримовнинг МДҲ ва ШҲТ давлат раҳбарлари йиғилишларида айтган юқоридаги гапларининг маъносиз гаплар эмаслигини таъкидлашдан иборат. Чунки Русия ҳам, Хитой ҳам, Ҳиндистон ҳам дунёни бошқаришни, яъни ўзларича дунё тузуми қуриб, инсониятни ўзларига итоат қилдиришни истайдиган давлатлардир. Бу давлатларнинг раҳбарларига қарата расмий мажлисда “Ислом дунё миқёсидаги Диндир, у билан курашиш маъносиздир” дейиш, сизлар хомхаёллик қилмангизлар, чунки дунёни бошқарадиган ягона куч ва инсониятнинг фитратига (табиатига) ярашадиган ҳақиқий дунё тузуми Ислом дини тузумидир, дейишни билдиради…
Балки Ислом Каримов ўзи айтган гапнинг негизида бу маъно ётганини билмас ёки у бу гапни бу маънода айтмаган бўлиши ҳам мумкин. Чунки у гапининг давомида билиб билмай “қовун туширган”. У бу қисқа нутқида террорчи дейилгандан фақат мусулмонлар тушунилмаслиги керак. Чунки Оврупода ҳам терорчилар борлигини кўряпмиз”, дея қисман мусулмонларнинг ёнини олиш билан бирга “БМТ анъанавий Ислом тарафдорларини қўллаб қувватлаши, фанатик Ислом тарафдорларига қарши эса кураш эълон қилиши кераклигини” айтади. (қаранг:http://dunyouzbeklari.com/archives/107899)
Каримов тушунчасидаги “Анъанавий Ислом дини”нинг асосий хусусиятлари шундан иборат: Ислом дини деган бир дин бор, бу дин мансублари бўлган мусулмонлар Аллоҳга ишонадилар, намоз ўқийдилар, рамазон рўзасини тутадилар ва шунга ўхшаш ибодатларни адо қиладилар. Аммо Ислом дини ижтимоий сиёсий ҳаётга аралашмаслиги лозим. Бу қоидага ғарбда секуларизм қоидаси ҳам дейилади. Бошчақа айтганда дин бошқа давлат бошқа, Ислом дини ва унинг вакиллари ижтимоий ва сиёсий жараёнларга, яъни жамият ва давлат бошқарувига, дунё бошқарувига аралашмаслиги керак…
Бундай “Анъанавий Ислом” Қуръони Карим олиб келган ҳақиқий Исломга мос эмаслигини динимизни озми кўпми биладиганлар жуда яхши тушунадилар. Қолаверса “Анъанавий Ислом”, “фанатик Ислом” ва шунга ўхшаш атамалар ё Ислом динининг ҳақиқатини тўлиқ тушумайдиганлар ёки бўлмаса, тушунса ҳам унинг ҳақиқатини қабул қилишни истамайдиганлар тарафидан ўртага отилган.
Қуръони Карим Ислом динини “Ҳақиқий Ислом”, дея таърифлайди:
“Аллоҳнинг ҳузурида ҳақиқий дин Исломдир” (Оли Имрон сураси 19 оят).
У ҳолда “Ҳақиқий Ислом” дейилганда қандай дин тушунилади?
“Ҳақиқий Ислом “ дини аввало Тавҳидий имон, яъни Аллоҳнинг таолонинг Роб ва Илоҳ сифатида бирлигини Ширкдан, яъни кўпхудоликдан ажратишдир. Яъни, мусулмон кишининг Робби ва Илоҳи Аллоҳ таолодир. Кўпхудоликка эргашганлар эса ўзларига турли сохта Роблар ва Илоҳлар ясаб, уларга бандалик қиладилар. Бундай сохта Илоҳлар (санамлар, бутлар) турли шаклда бўлиши мумкин. Тарихда инсонлар ўзларига ўхшаган тирик ёки ўлган инсонларнининг ҳайкалларини ясаб, уларни бут қилиб олганлари каби, қуёшни, юлдузларни, ҳайвонларни (масалан, Ҳиндистонда сигирни), қабрларни ва ҳакозларни муқаддас санаб, бутлар ўрнида кўриб, уларга сиғинишган ва бу шаклда мушрик бўлишган. Ҳақиқий Ислом аввало мана шундай кўпҳудоликни (ширкни) рад қилади. Бу Ислом динидаги имоний масаланинг илдизир. Бу илдизнинг энг муҳим нуқтаси эса ўзларини Роб, дея эълон қилган Фиръавн ва Фиръавнзодаларни ва уларнинг тузумларини рад қилишдир.
“Ва (Фиръавн) мен сиз учун энг олий Робман (Парвардигорман), деди” (Нозиат сураси 24 оят)
Қуръони Каримнинг бу оятига кўра Ислом Каримовнинг ўзи ҳам, Русия Президенти Владимир Путин, Хитой Давлат Раиси Си Цзиньпин ва Ҳиндистон Бош Вазири Наренда Модилар ҳам, АҚШ раҳбари Обама, Оврупо Иттифоқи раҳбарлари ҳам, хуллас Аллоҳ таолонинг ҳукмларига амал қилмай, халқларни ўз ҳавойи нафслари билан бошқараётган бутун диктатор ва золимлар Фиръавнзодалардир.
“Ҳақиқий Ислом “ динининг Тавҳидий имондан кейинги хусусияти унинг мукаммал ибодатларидир. Яъни, ихлос ва садоқат билан намоз ўқиш, рамазон рўзасини тутиш, мол мулкидан закот бериш, имкони бўлса ҳажга бориш, Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан ҳазар қилишдир.
Тавҳидий имон ва мукаммал ибодатлардан кейин “Ҳақиқий Ислом “ дини инсониятга сиёсатда Исломий дунёвийлик тузумини таклиф қилади. Яъни, бугунги ваҳший капитализм ва терорчи материализмга асосланган дунё тузумининг сохта ва мунофиқано секуляр демократик сиёсий тузуми “Ҳақиқий Ислом “нинг дунёвий тузумига мос эмас. Бундай сохта ва мунофиқано секуляр демократик сиёсий тузум хусусан Мисрда диктатор Сисийни қўллаб қувватлаётган ғарб дунёсининг маҳсулотидир ва у инсоният учун кони зарардир…
У ҳолда “Ҳақиқий Ислом “ дини сиёсатда таклиф қиладиган дунёвийлик тузуми Эронда мусулмонлиги салла ва соқолдан иборат бўлган шиа руҳонийларининг, яъни ўзларига оятуллоҳ исмини берганларнинг тузуми ми? Ёки бу сиёсий тузум салтанат отадан болага ўтадиган золим араб қиролликларининг диктаторлик режимларими? Ҳаша ва Калла! Асло ва Асло бундай эмас!
“Ҳақиқий Ислом “ дини сиёсатда таклиф қиладиган дунёвийлик тузумида зотан подишоҳлик ва диктаторликка ўрин бўлмайди. Бу тузум саҳиҳ имонга, фойдали илмга, ҳам дунё ҳамда охират қадриятларининг, яъни моддий ва маънавий қадриятларнинг мутаносиблигига, ишларни Шуро асосида амалга оширишга, мусулмон халқнинг ўз раҳбарини ўзи сайлашига (бундай сайлов ғарбнинг сохта ва мунофиқано секуляр демократик тузуми сайловларидан албатта фарқ қилади), нафақат мусулмонларга, балки ғайримуслимларга ҳам ҳақиқий маънода ва адолатли ҳуқуқларни таъминлашга асосланади…
“Ҳақиқий Ислом “ динининг энг муҳим қоидаларидан бири иқтисодда фойизхўрликни (судхўрликни) таъқиқлашидир. Ислом дини бу соҳада ҳалол меҳнатга ва ҳалол фойдага, шахсий мулкчиликка, ҳалол тижоратга ўрин беради. Аммо фойизхўрликни (судхўрликни), порахўрликни, шахс ва жамоатчилик мулкининг талон тарон қилишини ҳаром, деб эълон қилади ва буларни қатъиян таъқиқлайди. Бугунги дунё тузумининг асоси бўлган ваҳший капитализм ёки терорчи материализм тузуми айнан Исломнинг мана шу иқтисодий қоидаларига тиш тирноғи билан қаршидир.
Бу анормал дунё тузуми аввало унга эргашган шахсларнинг Аллоҳга имонни тарк қилиб, Шайтонга эргашиши ва ўз ҳавойи нафси йўлида яшашаши билан бошланади. Шу тарзда моддапараст (ҳамда модапараст), худбин, фақат ўз қорнини ўйлайдиган, бу йўлда ёлғон, кибир, порахуўрлик ва бошқаларга зулм қилишдан тап тормайдиган ваҳший капитализмнинг шахслари ўртага чиқадилар. Бундай номи инсон ўзи илон бандалардан иборат жамиятлар ва давлатлар эса дунёда манфаатпарастлик курашини ва урушларини олиб борадилар. Бугунги ваҳший капитализм ёки терорчи материализм тузуми мана шундай қорни тўйса ҳам кўзи тўймайдиган бандалар ва улар тузган сирти ялтироқ (гўё демократия ва инсон ҳақларини шиор қилган) аммо ичи қалтироқ (аслида эса моддапараст диктатуралар) бўлган давлатларнинг тузумидир. Инсон ва дунё фитратига зид бўлган бу вахший тузумнинг энг ошкор қисмлари дунё иқтисодини бошқараётган катта банклар ва капитализмнинг дунёнинг ҳамма томонига тарқалган халқаро иқтисодий ширкатлар (компаниялар)дир. Ҳозир инсоният шундай бир даҳшатли вазиятга келдики, инсонлар орасида фойизхўрлик (судхўрлик)сиз ёки бўлмаса банклардан креди (қарз) олмасдан яшашни тасаввур қиладиганлар мутлақ озчиликни ташкил қиладиган бўлиб қолди. Инсоният орасида мутлақ кўпчилик эса фойизхўрлик (судхўрлик)ни ва банклардан креди (қарз) олишни нормал ҳол деб, билади ва буларсиз ҳаётни тасаввур ҳам қила олмайди. Бундай ҳолни мисол билан тушунтирилганда инсоннинг ўз ота онасини танимай қолишига қиёслаш мумкин. Нормалда инсонлар мусулмон бўладими, ғайримуслим бўладаими ўз ота оналарини албатта танийдилар. Аммо инсоннинг фойизхўрлик (судхўрлик)ни ва банклардан креди (қарз) олишни нормал ҳол деб билиши ва буларсиз ҳаётни тасаввур қила олмаслиги ўз ота онасини танимаслиги, демак уларни истаса уриши, истаса сўкиши, истаса ўлдириши мумкинлигини билдиради. Бу бугун дунёни ва унда яшаётган 7 миллиардан ортиқ инсониятни бошқараётган ваҳший капитализм ёки терорчи материализм тузумининг энг жирканч натижаси ҳамдир…
Ислом Каримовнинг “Ислом дунё миқёсидаги Диндир, у билан курашиш маъносиздир” деган гапи аслида Ислом тузуми бутун дунё тузумидир ва аввал ҳам, ҳозирда ҳам лаънати Шайтонга эргашишнинг маҳсули бўлган ваҳший капитализм ёки терорчи материализм тузумини дунёда ва инсоният орасида йўқ қиладиган ягона адолатли тузумдир, деган маънони билдиради…
Ҳақиқий Исломнинг яна бир хусусияти таълим тарбияда, яъни бошланғич, ўрта ва олий тизим мактабларида фойдали дунё илмлари (фанлари) ва диний илмларни биргаликда ўргатишга асослангандир. Аслида Ислом динида соҳалар диний ёки дунёвий, деб ажратилмайди. Чунки Исломга кўра бутун соҳалар динийдир. Бунинг маъноси Ислом динининг бу дунё ҳаётига оид илмий ва бошқа қадриятларни ҳам ўз ичига олишини билдиради. Бундай таълимдан мақсад эса янги авлодларнинг ҳам фойдали илм соҳиби мутахассислар ҳамда имонли ва ахлоқли шахслар бўлиб етишишини таъминлашдан иборат. Бу билан айни пайтда шахс, жамият ва давлатларнинг ўнг томон оғмачилиги бўлган таркидунёчиликка (Ватикан давлати каби) ва сўл томон оғмачилиги бўлган моддапарастлик томонга (радикал материализм томонга) оғиб кетишининг олди ҳам олинган бўлади. Яъни, бундай таълим тарбия инсонни унинг фитратига мос, моддий ва маънавий қадриятлардан худбинларча эмас, меъёрида инсоф билан фойдаланадиган шахслар даражасига олиб чиқади…
Ҳақиқий Исломнинг асосий хусусиятларидан яна бири унинг ҳуқуқ тузумидир. Ҳуқуқ инсоннинг ҳаётини, ақлини, мол мулкини, наслини ва обрў эътиборини қўрийдиган қонунлар (ҳукмлар) мажмуасидир. Инсоннинг аввало мана шу беш ҳуқуққа эҳтиёжи бор. Яъни, инсон ҳаёти, ақли, мол мулки, наслини ва обрў эътиборининг хавфсизлиги таъминланган адолатли қонуний заминда (сиёсатда Конституция, яъни Давлат Низоми асосида) нормал фаолият олиб бора олади. Шунинг учун ҳам жамият ва давлат бошқарувининг асосий вазифаси энг аввало шахсларга мана шу ҳуқуқларни таъминлашдан иборат бўлади ки, буни тарихда ҳам, ҳар замон ҳам фақат Ислом динининг ҳуқуқий қонунлари (ҳукмлари) билангина амалга ошириш мумкиндир. Ҳозирги ваҳший капитализм ёки терорчи материализм дунё тузуми бу ҳуқуқларни таъминлаш у ёқда турсин, аввало уларни рад этади ва ўзининг зулм моҳиятини яшириш учун сохта инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини шиор қилиб олгандир…
Ҳақиқий Исломнинг яна бир муҳим хусусияти инсон ва жамиятга фақат зоҳирий (ташқи) жиҳатдан эмас, ботиний (ички) жиҳатдан баҳо беришидир. Ҳозирги дунё тузуми инсонни вужуд ва ақлдан иборат мавжудот ўрнида кўраркан, Ислом дини эса инсонни вужуд, руҳ, қалб, ақл ва нафсдан иборат мукаммал мавжудот сифатида таърифлайди. Шунинг учун Ислом дини инсонни қоринини тўйдирадиган ва ақлни шаҳват ва манфаат ўйинларига қурбон қиладиган ўйинчоқликдан чиқариб, руҳи мусаффо, қалби кибир ва риёдан тозаланган ва имонга тўлган, ақли яхшилик ва ёмонликни бир биридан ажратадиган, нафси тазкияланган (покланган) ҳолда фақат яхши истакларга ошино бўлган Аллоҳ таолонинг ҳақиқий бандасига айланишини истайди…
Ислом динидан хабари бўлмаганлар, ажабо бундай мутлақ адолатли тузум қаерда ўзи, тарихда бўлганми ёки фақат хомхаёлликми, деган фикрга боришлари мумкин. Чунки бундай кишиларнинг тасаввурида Ислом дейилганда қолоқлик, хурофот, жоҳиллик, золим султонлар ва уларнинг саройларидаги айшу ишратлар пайдо бўлади. Ҳолбуки, улар Қуръони Каримни ва саҳих ҳадисларни, Ислом дини ва мусулмонларнинг тарихидаги адолат тўла саҳифаларни яхшироқ ўргансалар ҳақиқий Исломнинг адолатли тузумининг аниқ воқеалик эканлигига ўзлари гувоҳ бўладилар.
Хулоса қиладиган бўлсак, Ислом Каримовнинг “Ислом дунё миқёсидаги Диндир, у билан курашиш маъносиздир” деган гапи инсоннинг шахс сифатида ҳам, жамиятлар ва давлатларнинг ҳам Исломий имон асосида ислоҳ қилинишини ва бу асосда янги дунё тузумига асос солинишини билдиради. Дунёни ва инсониятни ҳозирда жаҳаннам азобларига ва зулмларига дучор қилаётган, дунёнинг бутун давлатларидаги маҳаллалар бошқарувидан бошлаб, давлатлар бошқарувидан то дунё бошқарувигача Фиръавнлашган (диктутурага асосланган, тоғутлашган) дунё тузумига ҳам Ҳақиқий Ислом динининг қонунларига (ҳукмларига) асосланган мана шу Исломий Дунё Тузуми барҳам бериши мумкин ва беради инша Аллоҳ…
Бу мақолани ўқиганларда унда дунё диктаторларининг энг “олий” намоёндалардан бири бўлган Ислом Каримовга катта баҳо берилиб юборлимадимикин, деган савол ҳам туғилиши мумкин. Мен Ислом Каримовнинг Мауммар Каддафий ёки Садддам Ҳусайн каби телба тескари диктатор эмас, давлат бошқарувини ва айниқса дунё сиёсатини яхши тушунадиган ақлли айни пайтда маккор диктатор эканлигини аввалги мақолаларимда ҳам айтганман. Каримов бугунги геополитикада (дунё сиёсатида) тарозу қаёққа оғаётганини ёки тошлар қаёққа отилиши мумкинлигини жуда яхши тушунади. Масалан, Каримов ШҲТ нинг Уфа йиғилишида бу ташкилотга ядро қуролига эга бўлган Покистон ва Ҳиндистоннинг аъзо бўлишига ҳақли равишда эътироз қилди. Чунки бу давлатларнинг ШҲТ га аъзо бўлиши бу ташкилотдаги кучлар мувозанатини ўзгартириши мумкин…
Аммо Ислом Каримовнинг фожеаси унинг давлат ва дунё сиёсатининг ўйинларини тушумаслигида эмас, унинг фожеаси билган нарсаларига амал қилмаслиги, айниқса бир нарсани айтадиган, ваъда берадиган бўлса, албатта унинг тескарисини қилишидадир. Унинг Ўзбекистон Президенти сифатидаги деярли 25 йиллик тажрибаси айнан мана шундай ёлғон сиёсат сафсаталари ва зулмлари билан тўлиб тошган…
Қолаверса, Ислом Каримовнинг “Ислом дунё миқёсидаги Диндир, у билан курашиш маъносиздир” гаплари унинг Ислом динини дунёда устун қилиш нияти борлигини ҳам билдирмайди. Дунё у ёқда турсин, у ўзи бошқараётган Ўзбекистонда ҳам Ҳақиқий Ислом динининг тараққиётига йўл очмоқчи эмас. Кейинги пайтда ватанимизда мусулмонларни қама қамашларнинг қайта авж олиши ва бозорларда, кўчларда милиция ходимлари тарафидан мусулмон қизларнинг ҳижобларини ечишга мажбурланиши Каримовнинг давлат бошқарувида диктатура усулидан воз кечишни истамаётганига далилдир…
Ислом Каримов агар истаса ҳозирги вазиятда дунё миқёсида эмас, Ўрта Осиё минтақасида бир мусбат қадам қўя олиши мумкин. Чунки бу сиёсий қадам унинг диктатурасига бевосита хавф туғдирмайди. Бу сиёсий қадам ШҲТ га аъзо бўлган Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бу ташкилотга аъзо бўлмаган Туркманистон давлатлари орасида Ўрта Осиё иқтисодий ва маъданий ҳамкорлик ташкилотининг тузилишидир. Минтақамизда айни миллат ва айни дин, яъни Ислом дини мансублари бўлган Ўрта Осиё халқлари ва давлатлари орасида бундай ҳамкорлик ташкилотининг тузилиши бугунги геополитик шартларда жуда муҳим эканлиги бир ҳақиқатдир. Буни бошқалар тушунмаса ҳам Ислом Каримов жуда яхши тушунса керак. Чунки Путин бошқарувидаги Русия биринчи имкон туғилиши биланоқ Ўрта Осиёда иккинчи “Украина сценариясини”, Хитойнинг эса имкон туғилиши билан Ғарбий Туркистонда (Ўрта Осиёда) ҳозирда Шарқий Туркистон халқига қилаётган қатлиом сиёсатини амалга ошириши кун каби ошкор. Бу ҳақиқатни Ислом Каримов тушунмаслиги мумкин эмас. Албатта, Хитой ва Русия Ўрта Осиё давлатлари орасида бундай ҳамкорлик ташкилотининг тузулишини исташмайди. Аммо Ислом Каримов истаса бу масалада Нурсултон Назарбоев билан жуда осон тил топишади, Алмазбек Атамбаев билан бу орқали ярашади, Имомали Раҳмонов билан биродароно қучоқлашади, Қурбонгули Бердимуҳамедов билан эса янада иноқлашади. Чунки мавжуд геополитик шартларда, Ўзбекистон ёки Ўрта Осиё давлатлардан ҳар бири якка ҳолида келажакда буюк давлат бўлиш у ёқда турсин, аксинча давлат сифатида йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди…
Ислом Каримов учун Ўрта Осиё давлатлари ҳамкорлик ташкилотини тузиш масаласи тарихда давлат раҳбари сифатида озгина бўлса ҳам яхши ном қолдириши учун сўнгги имкониятдир. Ва имкониятнинг муддати жуда қисқа, нари борса бир неча йилдир…
Намоз НОРМЎМИН
15.07.2015
Илова: Барча мусулмон мўмин биродарларни яқинлашиб келаётган Рамазон байрами билан табриклайман. Бу кунлар Ислом умматининг уйғониш кунларидир. Қуръони Каримда айтилгани каби золимлар истамаса ҳам Аллоҳ ўз нурини тамомлайди ва Ҳақ динини, Ислом динини дунёда устун қилади. Шу кунларга етишиш умиди ва нияти билан ийидингиз муборак бўлсин азизлар! Омин.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Сермазмун макола, имон кузи билан йугрилган фикр. Тушунмаётган хамюртларга: хулоса чикаришдан олдин, уз динларинг деб даъво килаётган Ислом динини яхшилаб урганинглар. Бу ерда хеч канака бир ёкламалик, бировни камситиш деган нарса йук. Исломдан, Хакни гапирса дарров айрим калтафахмлар террорчи деган гапга утишади ё фикр доираси тор ёки билиб туриб Хакни тан олгиси келмайди. Яратувчининг барча айбу-нуксонлардан холи булган Аллохнинг конун-коидалари мукаммалми ёки яратилган хатокор инсонларними.
СИЗНИ ҒОЯ ҚАРАШЛАРИНГИЗ АМАЛИЙ ҲАЁТДАН ЎЗОҚ ХОМ ХАЁЛ. ИСЛОМ СИЁСАТДАН ЮҚОРИ ТЎРАДИ. МАНА МИСРДА ИСЛОМИСТЛАРНИ ҲОКИМЯТГА КЕЛИШИ ҚАНДАЙ ОҚИБАТЛАРГА ОЛИБ КЕЛДИ. БОЗОР ИҚТИОДИ КАПИТАЛ ТУЗИМИДАН АВЗАЛРОҚ СЕСТИМАНИ ИНСОНИЯТ ҲАЛИ ЎЙЛАБ ТОПГАНИ ЙЎҚ. ЎЗ ҚАРАШЛАРИДАН БОШҚАЛАРНИ ИНКОР ЭТИШ БИРЁҚЛАМАЛИК, ЎЗ ҲИС ТУЙҒУЛАРНИ АСРИГА АЙЛАНТРАДИ ОДАМНИ.
Намоз бутун дунени асосий динларини камситиш йули билан узини террорчи деб аташга асос солмокда бошка дин вакиллари билан нифок солишга уринмокда бундай йул жуда хавфли бошкаларга кибр билан карашга ургатмокда Хакикатни айтганда Намоз узигина эмас бошка ислом дини уламолари ва оддий диндорлар орасида хам бу рухда бошка дин вакилларига кибр ва душманлик билан карашга ташвикот жуда кучли Ноислом диндагина эмас Ислом динида хам зиддиятлар борлигини инкор этиш калтабинликдир
Islom dini arablarning dini. Turkiylarning oz dini bor. Bu Tangrim dini .