Собиқ «акромий»чи: “Хатоларимни англаб, ҳақ йўлга қайтдим”
“Хатоларимни англаб, ҳақ йўлга қайтдим” ёхуд собиқ “акромий”чининг пушаймонлари
Ўтган мазмунсиз умрига ачиниш, қилган ишларидан пушаймон бўлиш инсон учун энг катта мусибат экан. Уларнинг орасида камина ҳам бор. Бундан жуда афсусдаман. Йўқса, ғоялари сариқ чақага қиммат, динни ниқоб қилиб олиб, сафсата сотадиган “Акромийлар” тўдасига қўшилмас эдим. Балки у пайтлари хом бўлганим, ҳаётда ҳали кўп нарса кўрмаганим учун, алданиб қолгандирман. Лекин ҳар қанақасига ўйламайин, ўшанда “акромийчи”га айланиб катта хато қилганман. Қўл-оёқларимни, эркинлигим, эътиқодимни кишанлаганимни билганимда эса, анча сувлар, қонли, кир, иркит сувлар оқиб кетганди. Шу қарорим билан нафақат ўз ҳаётим, келажагим, балки оилам, яқинларимнинг тақдирига путур етказганман, тамға босганман…
“Халифатчилар”га аъзо бўлганимда, қони қайноқ ёш йигит эдим. Унинг сохта ғоялари кўзимни кўр, қулоғимни кар қилиб қўйди. Вақт ўтган сари, бир тўда нокасларнинг қармоғига илиниб, уларнинг ёлғонларига чув тушганидан хафсалам пир бўлиб борарди. 1994 йилда пайдо бўлган ушбу “таълимот”нинг ичига қанча чуқур кирсам, шунча умидсизлик топардим. Унинг асосчилари, жумладан, Акрам Йўлдошев аслида фирибгар, одамларни кетидан эргаштириш йўли билан обрў, пул, ҳокимият топадиган кимса, мен эса уларнинг қўлидаги ўйинчоқлардан бири эканлигимни кеч бўлса-да, англаб етдим.
Бир пайтлари “ҳизбчи” бўлган А.Йўлдошев ўзининг ғойибий раҳнамоси, аслида чаламулла Тақиуддин Набахоний назарияси асосида “Иймонга йўл” чаладарслигини яратганди. Шу йўл билан биз каби ёшларнинг онгини заҳарлади, бузғунчиликни тарғиб қилди.
У “Ҳизб-ут таҳрир” каби ҳозирги даврдаги ҳеч бир давлатни “ислом диёри” деб атаб бўлмаслиги, балки у хоҳ араб давлати бўлсин, хоҳ мусулмон мамлакатлари бўлсин, ҳаммаси “куфр диёри” деб билиш кераклигини доим таъкидларди. Бундан ортиқ тубан қараш бўлмаса керак. Ваҳолонки, ислом динида ҳамиша одамлар ўртасидаги меҳр оқибат, илму урфон олий қадрият сифатида илгари сурилади.
Буни мен анча кейин, “акромий сохта пешволар” этагидан қўлимни узиб, динимизнинг ҳақиқий этагини тутганимдан кейингина астойдил билдим. Шундан сўнг ислом оламининг чин жонкуярлари асарларини ўқиб чиқдим. Шундан кейин, тафаккуримга, юрагимга нур кирганини сездим. Иймонга йўл аслида бошқа тарафда эканлигига гувоҳ бўлдим.
Қанча покланганим сари, “акромийлар” қарашларидан шунча нафратлана, хазар қила бошладим. Масалан, “акромий”лар “ҳизб-ут таҳрир”га хос тарзда “эътиқод эркинлиги”га бирдек рахна солиб, айниқса, “аҳли китоб”лар (ғайридин вакиллари)га нисбатан муросасиз ва шафқатсиздир. Улар миллий ва диний бағрикенглик тамойилларига очиқдан-очиқ тажовуз қиладилар.
Гўёки “таҳрирчи”лар каби ер юзида адолат ўрнатувчи бўлиб, бўлажак “халифат”лик доирасида инсонларнинг ҳаётини “жаннат”га айлантириш ҳақида асоссиз хаёлий ваъдалар берадилар. Аслида уларнинг номи улуғ супраси қуруқ, ислом дини мезонларидан мутлақо йироқ гаплар эканлигини “акромийлар” ботқоғидан зўрға қутулган мен кабилар жуда яхши биладилар.
Кўриниб турибдики, ушбу оқимга илонни ёғини ялаган, муқаддас тушунчалар кўмагида нафсини қондирадиганлар бошчилик қилади. Яна бир дилни куйдирадиган гап. “Акромий”лар ғоясини ёйиш баробарида кўпроқ кенг халқ оммасини ўз томонига оғдириб, тарафдорлар сонини кўпайтиришга интилади.
Бу борада улар асл режасини қаттиқ сир тутиб, ўзларини гўё сиёсатга алоқаси бўлмаган “диний жамоа” қилиб кўрсатишади. Эҳтиёткорлик юзасидан кўрилган бу чора уларни, “сиёсий ҳокимият” учун курашувчи “ҳизб-ут таҳрир”дан фарқли ўлароқ, мусулмон оммасининг очиқ нафратига дучор бўлишидан маълум муддат сақлагани бор гап.
Аммо қанча муддатга? Қинғир ишнинг қийиғин қирқ йилдан кейин ҳам чиқади дейди-ку халқимиз. “Акромийлар”нинг қийиғи ўн бир йилда юзага чиқди. Улар томонидан 2005 йил 13 май куни Андижон шаҳрида уюштирилган қўпорувчилар ҳаракатлари ушбу оқимнинг асл башарасини очиб ташлади. Ўз ифлос мақсадига эришиш йўлида тинчиликдек олий неъматга рахна соладиган, инсон умрини сариқ чақага ҳам олмайдиган, ватандошлари қонини оқизадиган бундай террорчилар дўзахда азобланиши аниқ.
Қилар ишни қилиб қўйиб, Қирғизистон, у ердан БМТнинг Қочоқлар ишлари олий коммиссариати имконияти орқали “қочоқлик мақоми”ни олиб, хорижий давлатларга қочиб кетдилар. Ҳозирги кунда улар АҚШ, Канада, Австралия, Голландия, Финландия, Чехия, Германия, Швеция, Швейцария ва Дания давлатларида паноҳ топганлар. Уларнинг орасида биз каби адашиб, “акромий” бўлиб қолган, боши муҳожирлик, ватангадодик деворларига урилавериб, ғурра бўлиб кетган, айни пайтга келиб чин иймон йўлини танлаган осий бандалар ҳам бор эди.
Ислом аҳкомлари, тан олинган кўрсатмаларидан баҳраманд бўлар эканман, “Акромийлар”ни илдизи билан йўқотиш керак деган фикр ҳаммёғимни чулғаб олди. Афсуски, улар ҳамон ўз фаолиятини давом эттирмоқдалар. Уларнинг тарафдорлари Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида иш олиб бораяпти. Германиянинг Дююсельдорф деган шаҳрида эса “Акромийлар” йўналишида 2009 йилдан буён “Андижон — Адолат ва Тикланиш” ишлаб келаяпти. У хорижлик раҳнамолари ёрдамида интернетдаги сайтларида Ўзбекистон ҳақида фисқу фужур ёғдиришдан тўхтамаяпти. Улар ҳам жазоларини олишлари муқаррар.
2011 йилда бир қатор чет давлатлари ёрдамида “Андижон — Адолат ва Тикланиш”, ҳозирда Швеция давлатида яшириниб келаётган “Жиҳодчилар” ДЭО раҳнамоси Обид қори Назаровга тегишли бўлган “Таянч” ташкилоти ва Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги “Эрк” партияси иштирокида “Ўзбекистон халқ ҳаракати” номли уюшма тузилди. Ушбу ҳаракат аъзоларининг асосий мақсади Ўзбекистон ва қолаверса, Марказий Осиё минтақасида араб давлатларида бўлаётгани каби халқ ғалаёни ҳамда тартибсизликларни келтириб чиқариш, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишдир. Бундай қабиҳ ният билан яшаш, тирикликка ўлим тилаш бандасининг иши эмас.
Бир қатор хориж сиёсий доиралари ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида нафсини иймонидан, динидан устун қўядиган юқоридаги каби оқимлар, айниқса, “Акромийлар” тўдасидан фойдаланаётгани янада ачинарлидир. “Акромийлар” шундай қилиб ўзларини, оилаларини ва ўз юртларини ғарбнинг пулларига сотмоқдалар, оқибати нима бўлиши улар учун аҳамияти йўқдек.
Хулоса тайин: юқорида тилга олинган барча оқимлар қатори “Акромийлар” ҳам шайтон малайлари, нафс қуллари, бадкирдорлардир. Ана шу ёвуз дунёдан узилиб чиққаним учун, қутулганим учун Яратганга беадад шукрлар айтаман ва бошқаларни ҳам ўз вақтида кўзларини очиб, диний-экстремистик ғоялардан воз кечишга, керак бўлса, уларга қарши курашишга чақираман.
Эй мусулмон биродарлар, Ўзбекистон дея аталмиш ҳур диёрда дориламан яшаётган ҳамюртлар, доим хушёр бўлиб яшанг, ҳар бир тинч кунингиз қадрига етинг. Иложи бўлганда, ўз Ватанимга қайтиб бориб, сизларнинг бахту саодатингизга шерик бўлардим, она тупроғимни кўзларимга суртиб юм-юм йиғлардим.
Кечириб бўлмас хато қилдик, шундан сарсонмиз, саргардонмиз. Бундай кунларни юзи тескари бўлсин.
Ўзбекистондек буюк давлатнинг бугуни ва эртасига кўз тегмасин, Яратганнинг ўзи халқимизни ва юртимизни ўз паноҳида асрасин. Омин.
Абдумалик Хамидов,
«Дунё ўзбеклари» редакцияси почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Бу гапларинг билан кимни кармокка илинтирмокчисан. троллча»? Одамлар. сен. айтганчалик ахмок эмас .Акромий ким,хизбут ким,халифалик нима -хозир купчилик англаб етган.
Фақат бир ёқлама қарашга эга, сиёсий билими йўқ кишигина динни орқа қилиб, бошқалар қўлида ўйинчоқ бўлиб охир оқибат пушоймон бўлади. Мамлакатимиздаги якка ҳокимлик у келтириб чиқараётган момаларни сабаб қилиб қон тўкишга ҳеч кимни ҳаққи ҳуқуқи йўқ. Бўргага аччиқ қилиб, кўрпани ёқиш нодони ишидир.
Бамисоли «Сотқин» филмини кўргандек бўлдим…