Қадр кечаси фазилати — Қадр кечасидаги хатми қуръонлар
Қадр кечаси фазилати

Муҳтарам жамоат! Диёримиз мўмин-мусулмонлари Муборак Рамазон ойини «Раҳмат» даҳаси бўлган биринчи ўн кунликни ва «Мағфират» даҳаси бўлган иккинчи ўн кунликни рўзадорлик ва тоат-ибодатлар билан ўтказиб, мана жаҳаннам оловидан озод бўладиган охирги даҳасида “Лайлатул қадр”, яъни Қадр кечасини топишга катта иштиёқ билан кутиб олишга киришадилар. Улар Қадр кечасида ҳар доимгидан ҳам бедор бўлиб, бу улуғ кеча фазилатидан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилиб, кечаси минг ойдан афзал бўлган бу кеча барокотларидан насибадор бўлиш орзусида бўладилар. Зеро Қадр кечаси ва унинг фазилати тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”.
Сура бошдан охиригача муборак Қадр кечасига бағишлангандир. Бу кечада шу йилдан келгуси йилгача бўладиган ишлар, ҳукмлар, ризқлар, ажалларнинг миқдори ўлчанади. Аллоҳ таоло бир йиллик тақдирни фаришталарга билдиради ва бу йил тақдир қилинган нарсаларни уларга ёзиб қўймоқликни амр этади.
“Лайлатул-қадр” сўзининг маъноси “белгилаш, ўлчаш кечаси”, яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради.
Уламоларимиз Муҳаммад (а.с.) умматига Қадр кечасининг берилиши ва Қадр сурасининг нозил бўлишига оид бир қанча ривоятларни нақл қилишган.
Шу жумладан Ибн Касир ўзининг тафсирида Ибн Абу Хотимдан шундай ривоят қилади: Бир куни Пайғамбаримиз (с.а.в.) Бани Исроил пайғамбарларидан Айюб, Закариё, Хузайқил ва Юшаъ ибн Нуҳ алайҳиссаломларни эсладилар. Уларнинг Аллоҳ таолога саксон йил ибодат қилишганини, кўз очиб-юмгунча ҳам осий бўлишмаганини эшитган саҳобалар бундан ғоятда ҳайратландилар. Шунда у зотнинг ҳузурларига Жаброил (а.с.) келди ва: “Умматинг шундай ҳайратландими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди”, деди ва у зотга “Инна анзалнаҳу фи лайлатил Қадр” сурасини ўқиди. Сўнгра: “Бу сенинг умматинг ҳайратланган нарсадан афзалидир, деди. Пайғамбаримиз (а.с.) ва у зот билан бирга бўлган барча саҳобийлар ғоят хурсанд бўлишди”.
Бу муборак кечанинг қадри улуғдир. Қадр сўзи икки хил маънода – қадри улуғ, иккинчиси, миқдор, яъни бандаларнинг тақдирини белгилашдир. Унда инсоният тарихида мисли кўрилмаган бир кеча ҳақида – инсонларга дунё ҳаётидан чин инсоний ҳаёт кечириб ўтиш йўл-йўриқларини кўрсатиб берадиган сўнгги мукаммал илоҳий дастуруламал бўлмиш Қуръони карим нозил бўла бошлаган ниҳоятда қадрли Қадр кечаси ва унинг фазилатлари ҳақида сўз боради.
Қадр кечаси шарофатли ҳукмлар чиқариш ва ўлчаш-белгилаш, Аллоҳ таоло томонидан ушбу кечада Ўзи хоҳлаган кишига ризқ-насиба белгиланиши ва бу ишлар тақсимотини тадбир қилувчи фаришталарига топшириш кечаси бўлгани учун Парвардигор Ўз элчиси эътиборини шу фазилатли кечага қаратмоқда. Буюк- ватандошимиз аллома Абул Қосим Замахшарий (р.ҳ) айтади: “Бу сурада Аллоҳ таоло Қуръони каримни уч усул билан улуғлаган: биринчиси, Қуръонни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган, иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган, учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган”.
Аллоҳ таоло мазкур сурада “Қадр кечаси”нинг даражасини баланд қилди. Бунинг асосий сабабларидан бири бу кечада Қуръони каримнинг нозил бўлганлигидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
“У зотга ўзларидан олдинги одамларнинг умрлари кўрсатилди. Гўё у зотга умматларининг умрларини қисқа, бошқа умматлар қилган амалларга ета олмайдиган деб билганга ўхшадилар. Шунда Аллоҳ у зотга Лайлатул Қадрни минг ойдан яхши қилиб берди”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расул акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимки Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур”, — дедилар.
Ривоят қилинишича, бир куни Мусо (а.с.) Аллоҳ таолога нидо қилиб: “Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман”, — деди. Аллоҳ таоло: “Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман”, — деди. Мусо (а.с.) яна: “Илоҳо, сенинг раҳматингнинг орзусидаман”, — деди. Аллоҳ таоло: “Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилганларгадир”, — деди. Мусо (а.с.): “Илоҳо, сирот кўпригидан яшиндек ўтишни истайман”, — деганларида, Аллоҳ таоло: “Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман”, — деди. Мусо (а.с.) нидоларини давом этиб: “Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан тановул қилишни истайман”, — деди. “Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, Мени зикр этиш билан машғул бўлганлар жаннат боғларига сазовор бўлишади”, — деди Аллоҳ. Мусо (а.с.): “Илоҳо, дўзахдан нажот топишни истайман”, — деганларида, Аллоҳ таоло “Қадр кечасида истиғфорни кўп айтганлар дўзахдан нажот топадилар”, — деди. Мусо (а.с.) яна илтижо қилиб: “Илоҳо, сенинг розилигингни топишни истайман”, — деганларида, Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло: “Эй Мусо, Менинг розилигимни қадр кечасида икки ракъат нафл намоз ўқиганлар топадилар”, — деди (“Зубдатул воъизин” китобидан).
Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Расул (а.с.)дан уни аниқлаб айтиб беришларини кўп сўраганларидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигида, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27 кеча экани маълум бўлган (Бағавий тафсири). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечададир”, — дедилар”.
Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиши керак. Қадр кечанинг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарруъ, дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиши керак. Лекин яна шу нарсани ҳам унутмаслигимиз лозимки, Рамазон ойининг ҳар бир куни ва туни улуғдир. Шунинг учун ҳам бизлар мана бу кунларни ғанимат билган ҳолда, унда ибодат ва рўзалардан ташқари бошқа хайрли ва савобли ишларга ҳам кўпроқ эътибор қаратишимиз, кексаларни зиёрат қилиб дуоларини олишимиз, ночор оилалар бўлса уларга ҳам эътиборли бўлишимиз, ҳожатмандларнинг ҳожатларини чиқаришга ҳаракат қилишимиз ва шу каби савобни кўпайтирувчи ишларга интилишимиз, динимиз кўрсатмаларидандир. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўладиган амалларни қилишимизда ёру мададкор бўлсин!
Илоҳо, барчаларимизнинг тутаётган рўзаларимиз, таровеҳларимиз, хайру эҳсонларимизни даргоҳида қабул этиб, Лайлатул Қадр кечасининг файзу футуҳидан барчаларимизни баҳраманд қилгайсан! Омин.
ЭСЛАТМА!
Муҳтарам азизлар! Маълумингизким, ҳайит кунига қадар ҳар бир жондан Фитр садақасини адо этиб қўйиш лозим бўлади. Фитр садақаси ҳожати аслияси, яъни кундалик эҳтиёжидан ортиқча нисоб миқдорига етган бойлиги бор кишилар зиммасига вожиб бўлади. Ҳайит кунига улгурмаса, кейин адо этса ҳам ўтаверади. Бу садақани нисобга қодир бўлмаган ҳожатманд кишиларга берилади.
Маълумки, Фитр садақасининг миқдори вилоят, шаҳар ва туман бозорларидаги 2 кг буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда белгилаб адо этилади.
Муҳтарам имом домла! Масжидларда намоз вақтига қатъий риоя этиб, хусусан жума намозини белгиланган вақтдан ўтказмаган ҳолда адо этишингизни ва фарз намозини адо қилишда, иложи борича қисқа сураларди ўқишга тавсия қиламиз.Чунки жамоат орасида ёши улуғ ва касалларимизни ҳисобга олиш лозимдир. Жума иш куни бўлганлиги учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз тавсия этилади!
Манба: Muslim.uz / Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб портали
Қадр кечасидаги хатми қуръонлар

Қуръони карим муборак Рамазон ойи кечаларидан бири Қадр кечасида нозил бўла бошлаган. Аллоҳ таоло: “Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир” (Қадр, 3), дея марҳамат қилган.
У тоқ кечаларда кутилади. Тўққизинчи ёки еттинчи ёки бешинчи ёки учинчи ёки охирги кеча қадр кечасидир”, дейилган. Аксар уламоларнинг фикрига кўра, Қадр кечаси Рамазон ойининг йигирма еттинчисидир.
Юртимиздаги кўпгина жоме масжидларда хатми Қуръоннинг якунланиши ушбу кечага тўғриланади. Чунки дуолар ижобат бўладиган Қадр кечасида Қуръоннинг хатм қилиниши янада алодир.
Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда бугун оқшом хатми Қуръон якунланади:
Учтепа туманидаги “Абдуллоҳ ибн Масъуд” жоме масжиди, масжид имом-хатиби Мирзаев Эргашали, хатмга ўтаётган қори Бойхонов Фозилхон;
Учтепа туманидаги “Абу Ҳанифа” жоме масжиди, масжид имом-хатиби Алихонов Муҳаммадамин, хатмга ўтаётган қори Кабиров Муроджон;
Учтепа туманидаги “Ҳазрати Али” жоме масжиди, масжид имом-хатиби Шарипов Салоҳиддин, хатмга ўтаётган қори Джалалов Зайнитдин, Маджидов Мухаммадсолих;
Учтепа туманидаги “Азиз ота” жоме масжиди, масжид имом-хатиби Ахунжонов Зокиржон, хатмга ўтаётган қори Исломов Баходир;
Олмазор туманидаги “Тўхтабой” жоме масжиди, масжид имом-хатиби Бегматов Исоқжон, хатмга ўтаётган қори Нурмуҳамедов Алишер;
Олмазор туманидаги “Аҳмаджон қори” жоме масжиди, масжид имом-хатиби Эргашев Муҳаммадий, хатмга ўтаётган қори Эргашев Мухаммадий, Рузиев Жахонгир;
Мирзо Улуғбек туманидаги “Авайхон” жоме масжиди, масжид имом-хатиби Холиқов Алиқул, хатмга ўтаётган қори Йўлдашев Мухиддин;
Шайхонтоҳур туманидаги “Олмазор” жоме масжиди, масжид имом-хатиби Уразинбетов Худоёр, хатмга ўтаётган қори Атауллаев Хайриллохон;
Яшнобод туманидаги “Имоми Аъзам” жоме масжиди, масжид имом-хатиби Абдусатторов Абдулазиз, хатмга ўтаётган қори Холмирзаев Убайдулло;
Яшнобод туманидаги “Аҳмад Яссавий” жоме масжиди, масжид имом-хатиби Хушвақтов Алимардон, хатмга ўтаётган қори Тоҳиров Сайдулло;
Юнусобод туманидаги “Минор” жоме масжиди, масжид имом-хатиби Сайфуддинов Рахматилло, хатмга ўтаётган қори Хамидов Садриддин, Аминов Мухаммадлоиқ, Сайфудинов Абдулқодир;
Юнусобод туманидаги “Оқтепа” жоме масжиди, масжид имом-ноиби Холмуродов Бахтиёр, хатмга ўтаётган қори Обидов Нурулла, Мирзаев Аҳмадхўжа;
http://kun.uz/