"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Анвар САЙРАМИЙ: ГЕРКЕЗЛИК МЕЗБОН (Саёҳат синоатлари)

Дунё, Сафар таассуротлари... | 27/09/2015 11:22-     11805 марта ўқилди

Анвар СайрамийАнвар САЙРАМИЙ

 

♦ Саёҳат синоатлари

 

                                            ГЕРКЕЗЛИК МЕЗБОН

 

Оддий йўл чеккасидаги тепаликда жўнгина солинган уй ҳовлисига дастурхонлар ёзилиб, чўрак (туркман нони), мевалар ва бошқа егуликлар қўйилган. Қавмлар қияликларда ўтириб, ош ейишмоқда. Аҳён-аҳёнда пиёлага қўл чўзиб ҳам қўйишади. Гурунгга берилишган. Кўринишдан улар орасидан на бир зиёлини, на мансабдорни топасиз.

Йўлбошчим иккимиз жамоага салом бериб, тиз чўкдик ва келтирилган насибадан тановул эта бошладик.

Бошлаб келган ёшулли излаган кишимиз ўша ерда эканлигидан огоҳлантирди ва биздан анча нарироқда ўтирган дарвешона либосдаги кимсани кўрсатиб, деди: «Фироғий музейи мудири ўша киши. Она тилидан ташқари рус, инглиз, немис, эрон тилларини ҳам мукаммал ўзлаштирган. Илм даражаси олий. Бир неча бор хорижий мамлакатларда бўлган. Махтумқули ва оталари Озодий қабрларини зиёрат этиб қайтганлардан».

Ўз навбатида мудир ҳам бизнинг ташрифимиздан хабар топди, лекин қандайдир сабабларга кўра, эътиборсиз эди. Ҳамдўст-ҳамқишлоқлари билан суҳбатлашар, таомдан олиб ўтирган бўлиб, баъзан кўкка нигоҳ ташлаб қўяр, гарчи қиш кунлари эса-да, қиздираётган об-ҳаводан нолигандай кўринарди. Авом ҳангомаларининг асл мавзуси Тожикистондаги нотинчлик, арман-озарбайжон орасидаги биродаркушлик, гуржи, абхаз ва осетин халқлари ўртасидаги низоли муносабатлар, Чеченистондаги адолатсиз уруш ва яна собиқ совет тузуми давридан кейинги бесаранжомлик, келгусидаги оқибатлардан иборат эди.

Маросим сўнгида Аллоҳдан халққа диёнат, подшоҳларимизга муроса, замонамизга тинчлик сўраб, Қуръон тиловат қилингач, тарқалишдик. Фурсатдан фойдаланиб, мудирга яқинлашаман ва мақсадимни айтаман.

— Яхши, — деди у бепарволик билан, — келган экансиз музейимиз билан танишасиз.

Суҳбатимиз узилиб, яна унсиз ёнма-ён кетавердик.

— Кечирасиз, — дедим хижолатда, — якшанба куни ҳам сизни тинч қўймадим чоғи. Шу бугуноқ Қизил Арвотга қайтмоқчи эдим.

У хаёлан ниманидир чамалаган бўлиб, яна йўлида давом этаркан, сўнгги автобусга улгуришимни айтди. Нимадандир кўнгли нохуш эканлиги сезилиб турар, бинтланган, қон ва йод доғлари кўриниб турган панжаларимга гоҳида назар солиб қўяр, саволга чоғланиб, яна фикридан қайтарди.

Кишлоқ марказидаги манзарали ўсимликлар билан зийнатланган, шинамгина бир қаватли Махтумқули музейига етиб келдик. Бу маскан Геркез қишлоғида, Эрон чегарасидан атиги 30-40 чақирим берида, Туркманистоннинг жануби-ғарбий қисмига, тоғлар орасига жойлашганди.

Гарчи Махтумқули Фироғий Эрон ҳудудида таваллуд топиб, ўша ёқда, Оқтўқайда қазо қилган бўлса-да, унинг ёшлик ва ўсмирлик йиллари Туркманистонда, Қора қалъа атрофларида кечган. Ўша жойларда улғайиб, дўстлар орттирган, шеърият-ғазалиёт бобида, бахшиликда камол топиб, халққа танилган. Унинг отаси мулла Давлатмамад Озодий тоғ ёнбағридан чиқаётган булоқ сувларидан фойдаланиб, ўша ерда улкан боғ яратганлардан экан.

Оташин қалб соҳиби, куйчи ва бастакор, Туркманистон халқ шоири Махтумқули шарафига қурилган музей остонасидан ҳатлар эканман, қалбимда алланечук бир ҳаяжон сезаман, руҳини ёд этганча чуқур ўйга толаман. Кўз олдимда нуроний бир аллома гавдаланади.

Мудирнинг ундовидан ҳушёр тортдим. У мени стол ва креслолар, шоирнинг портрети ва яна бошқа кўргазмалар билан жиҳозланган чоққина хонасига етаклади. Ўтириб, тиловатдан сўнг, таниша бошладик.

Ким ва қаерданлигимни, сафаримнинг мақсади, кўрган — кечирганларимдан, келгуси режаларимдан гапириб бердим. Суҳбатимиз давомида Қизил Арвот шаҳарчасига аянчли бир ҳолатда кириб келганлигимни, мотор панд берганлигидан кечаси кимсасиз ялангликда қолиб кетганлигимни, созлаш ва йиғиш чоғида панжаларимни жароҳатлаб олганлигимни, афтодаҳол шаҳар чеккасига етиб келиб, автосервисга техникани жойлаштириб, туман ҳокими, врач қабулларида бўлиб, яна вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида 76 километр йўл босиб, тоғлар ошиб, шоирнинг ёшлик чоғлари кечган ушбу диёрга етиб келганлигимни батафсил гапириб бердим. Тарихий расмлар, мақолали газеталар, совға тариқасида тақдим этилган китоблар ва бошқа эсдаликларни ҳам унинг назарига ҳавола қилдим. Ўшалар ҳақида гапирарканман, мудирнинг дастлабки бепарволигидан асар ҳам қолмаганлигини, қизиқиши ўта ортиб бораётганлигини сезардим. Сўнг, жўшиб ғазалимдан ўқидим.

— Азизим, сизни ўзгача тасаввур этган эканман, бу кун ҳеч қаёққа кетмайсиз. Музей билан танишгач, Озодий яратган боққа олиб бораман, Махтумқули авлодлари билан учраштираман, унинг чанқоғини қондирган булоқ сувларидан ичасиз, илҳом бағишлаган дала ва адирларни, боғ-у роғларни кўрасиз, кулбамда иззатли меҳмоним бўласиз, — деб қолди мудир. Акс ҳолда, ранжитишимни сезгач, илтимосини қабул этдим.

Ўша куни кўрган — кечирганларимни ҳаётимдаги энг сермаҳсул онлардан, деб биламан. Қоронғу кечгача чор-атрофни зиёрат қилдик. Тонггача янги орттирган дўстим ила суҳбатда бўлдик. Яна рубоийларимдан, фардларимдан ўқиб бердим. Эрта тонгда камтарин инсон, бир неча йиллардан буён Махтумқули музейининг соҳиби, зиёли шахс Ашир Хасмамидов иккимиз йўл юриб, туман марказига қайтдик. У менга соғлигим яхшиланиб, техникам созлангунча ҳамроҳ бўлиб юрди, сўнг, зарур юмуш билан Ашгабат томон жўнаб кетди.

 

*    *    *

 

1994 йил 19 декабрда Болқон вилоятида, аввал туман тушиб, сўнгра, қалин қор ёғди. Бу Ахал вилоятида 5 декабрдаги озгина ёққан қордан кейинги иккинчиси эди. Гарчи Туркманистон иссиқ ўлкалардан саналса-да, бу галги қор ўз кучини кўрсатди. Жароҳатли панжаларим совуққа чидаш бермас, рулни бошқариш ўта қийин кечарди. Шу сабабли, Қазонжик шаҳрига етгач, яна уч кун қолиб кетдим…

Небитдоғ шаҳридан ўтишим биланоқ, Каспий денгизи соҳиллари кўрина бошлади. Ҳа, мен орзиқиб кутган онлар. Гоҳо кўзга ташланиб, яна ғойиб бўлаётган Қизилсув қўлтиғи қирғоқларидан айлана-айлана Красноводск шаҳрига оқшом чоғи кириб бордим. Шаҳар ҳокимлиги ва ДОСААФ раиси Клавдия Васильевна Таражинскаянинг моддий кўмагида Боку шаҳри томон сузадиган кемага мотоциклим ва мен жойланиб олдик.

Портда йўловчиларни ўтқазиб, юк ортаётган ҳайбатли кемамиз тонг саҳар сузиб кетади. Мен эсам каютада шифтга боққанча ўйга толаман. Хаёлимда (тарк этаётган) Туркманистоннинг узундан -узоқ йўллари-ю дашт-саҳролари, янги ва кўҳна шаҳарлари, мурувватли инсонпарвар одамлари, дунёга машҳур гилам тўқийдиган фабрикадаги ҳаяжонли учрашув ва донгдор Ахал зотли отлар етиштирадиган заводлардаги мазмунли суҳбатлар…

Беихтиёр, яна Геркезни, Махтумқули музейини, унинг соҳиби, дарвешсифат Аширни ёдга оламан. Нега у ёлғиз яшайди. Инсон сифатида бошқалардан фарқлай олмайсан. Мезбонликни ҳам меъёрига етказа оларкан. Яна фалсафий нуқтаи назари ҳам аъло. Ёки илм деб, ҳаёт лаззатларидан воз кечганларданмикан? Йўқ, оилали олимлар, инсонни лол қолдирувчи янгиликлар яратаётган, ҳатто, сайёраларга «нарвон» қўяётган оталар кўп-ку дунёда. Мулкка, ичимликка, беҳуда маишатга мойиллигини ҳам сезмайсиз, атрофлича фикрлаб, турли мавзулар ҳақида сўз юритади, адабиётга, шеъриятга чанқоқ.

Ҳар ҳолда, қисқа вақт ичида камина билан дўстлашиб улгурган, маърифатли, инсон қадриятини тўғри баҳолай оладиган, камгап ва камтарин шахс, геркезлик мезбонимнинг оилавий турмушига ич-ичимдан ачиниб кетдим.

«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Ўхшаш мақолалар:

  1. Абдуқодир Сатторов: Ўзбекистондан Малайзияга сафар (1)
  2. Абдуқодир Сатторов: Ўзбекистондан Малайзияга сафар (3)
  3. Абдуқодир Сатторов: Бобомиз қабрига зиёрат — Эроннинг Ҳамадонига ташриф (1)
  4. Абдуқодир Сатторов: Бобомиз қабрига зиёрат – Эроннинг Ҳамадонига ташриф (2)
  5. Абдуқодир Сатторов: Эронга — Бобомиз қабрига зиёрат… (5)
  6. Абдуқодир Сатторов: Эронга — Бобомиз қабрига зиёрат (6)
  7. Абдусаттор Қодиров: Эронга — Бобомиз қабрига зиёрат (7)
  8. Абдуқодир Сатторов: Эронга — бобомиз қабрига зиёрат (Якуни)
  9. Абдуқодир Сатторов: Авлиёлар юртига саёҳат (7)
  10. Абдуқодир Сатторов: Авлиёлар юртига саёхат (8)
  11. Абдуқодир Сатторов: Авлиёлар юртига саёҳат (9)
  12. Муҳаммад ИСМОИЛ: САМОЛАРДА СЎЙЛАГАНИМ СЕНСАН, ОНА-ЮРТ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.