Исмат Хушев — Дубайда! Бирлашган Араб Амирликларига сафар (5-қисм)
Исмат Хушев — Дубайда!
Бирлашган Араб Амирликларига сафар
(5-қисм)
1.
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, арабшунос олим Аҳмад Муҳаммад «Ислом.ўз» сайтидаги мақоласида гувоҳлик беришича, Бирлашган Араб Амирликлари Форс кўрфазининг жанубий соҳилларида жойлашган бўлиб, еттита — Абу Даби, Шаржа, Дубай, ал-Фужайра, Рос ал-Хайма, Ажман, Умм ал-Қовайн амирликларини бирлаштирган. Аҳолининг 25 фоизини араблар, 74 фоизини эронийлар, қолганини покистонликлар, ҳиндлар ташкил этади.
Ҳозирги Амирликлар заминида милоддан аввалги олтинчи минг йилликларда ҳам инсонлар макон тутишган, тўртинчи минг йилликларда бу ҳудуд шумерлар Месопотамияси ва кўҳна Ҳиндистон ўртасида қатнайдиган кемалар йўлида муҳим савдо нуқтаси бўлган.
Милоднинг бешинчи-олтинчи асрларига келиб, Сосонийлар давлати билан савдо алоқалари кучайди. Кейинчалик бу ерларга Оврупадан насронийлар, жанубдан кўчманчи араб қабилалари келиб ўрнашдилар.
Еттинчи-ўн еттинчи асрларда ҳозирги Амирлик ҳудудида яшаган маҳаллий балиқчилар дау қайиқларида Кения, Шри Ланка, Хитой, Вэтнам соҳилларигача етиб боришган.
1838 йилга келиб инглизлар “Қароқчилар соҳили” деб ном олган ҳозирги Амирлик ерларини ҳамда Уммон, Маскат, Баҳрайн, Қувайт ўлкаларини тўла босиб олишди ва кўрфазга ҳарбий кемаларини жойлаштиришди.
1958 йили Абу Дабида биринчи нефт конлари топилди, 1962 йили эса улар “қора олтин” бера бошлади. Қисқа вақт ичида номи унча машҳур бўлмаган Амирлик Ўрта Шарқнинг нефтга бой буюк давлатига айланди.
1965 йили Абу Дабида 13,5 милён тонна нефт олинган бўлса, орадан тўққиз йил ўтиб, 68 милён тоннага етди. 1966 йилда Дубайда, етти йилдан сўнг Шаржада, кейинчалик Рос ал-Хаймада улкан нефт конлари очилди.
Йигирманчи асрнинг 60-йилларида Британия салтанати чуқур ички бўҳронга учраб, мустамлакалари мустақилликларини эълон қилишди.
1971 йилнинг 2 декабрида кўрфаздаги олти амирлик қўшилиб, Бирлашган Араб Амирликлари давлатига асос солишди. Уч ойдан сўнг Рос ал-Хайма амирлиги ҳам янги давлат таркибига кирди.
Бугунги кунда Бирлашган Араб Амирликлари Форс кўрфазидаги энг бой, гуллаб-яшнаган, тўкин ўлкалардан саналади. Нефт ва сайёҳликдан келадиган милярдлаб дирҳам фойда туфайли мамлакат кун сайин бойиб бормоқда.
Уч ярим милён аҳолининг 59 минг нафари милёнчи бойлардан ҳисобланади.
Амирликдаги уйлар асосан икки-уч қаватли қилиб, оқ тошдан тикланади, уларни аҳолига давлат бепул қуриб беради. Айрим бойлар ўзларига ҳовузлари, хурмо боҚлари бўлган улкан қасрлар қурдиришади.
Аммо уй-жой жуда қиммат: кўп қаватли уйлардаги икки хонали квартиранинг энг арзони 200 минг дўллар туради.
Мамлакат нефт ва қумдан бошқа ҳамма нарсани четдан ташиб келтиради. Тўғри, водийларда деҳқончилик, кўчманчилар орасида чорвачилик, соҳилларда балиқчилик, маржон излаш, шаҳарларда майда ҳунармандлик бир оз ривожланган.
Аммо асосий ишлаб чиқариш маҳсулотлари Амриқо, Япония, Англия, Олмония, Италия, Жанубий Қурия, Тайланд, Уммон, Ҳиндистон, Эрон, Сингапур ва бошқа мамлакатлардан харид қилинади.
Амирликларнинг савдо ва сайёҳлик оламидаги шуҳратини Дубай шаҳри мисолида ҳам кўриш мумкин.
Масалан, “Бурж ал-Араб” жаҳондаги энг баланд, энг ҳашаматли меҳмонхона ҳисобланади. Бўйи 321 метр, 202 та оддий хона, иккита қироллик бўлмаси бор.
Оддий хонанинг бир кечалик баҳоси минг, қироллик хонасининг баҳоси саккиз минг дўллардир. Меҳмонхонани шунчаки томоша қилиб чиқиш учун ҳам қирқ дўллар тўлаш керак.
Дубайнинг шуҳратини дунёга ёйган яна бир нарса — Форс кўрфази сувларига қум тўкиб барпо қилинган “Хурмо ороли” номли митти шаҳарчадир.
Бу сунъий оролчани 400 метрли кўприк қуруқлик билан боғлайди. Осмондан қарасангиз, орол сув устига шохларини ёйиб турган улкан хурмо дарахтига ўхшайди.
Одамлари асосан “Жип” русумли машиналарни минишади. Йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этишади. Сабаби — жарималар жуда катта.
Тезликни ошириб қўйсангиз ёки белгиланмаган жойда тўхтатсангиз, бас, машинадан тўрт қадам узоқлашмай туриб, ойнада “жарима — 100 дир- ҳам” деган ёзувли қоғозни кўрасиз.
Йўл назоратчисининг қўлига пул бераман деб овора бўлманг, чунки назоратчининг ўзи йўқ. Ҳамма йўлларга қўйилган махсус радарлар тезликни оширган ёки йўл қоидасини бузган ҳайдовчини ва машина номерини суратга олиб, шу заҳоти политсия маҳкамасига жўнатади. Жарима — 200 дирҳам.
Амирликлар аҳолисининг тўқсон олти фоизини мусулмонлар, қолганини насроний ва ҳиндукийлар ташкил этади. Биргина Дубай амирлигининг ўзида 513 та жомеъ масжиди бор. Бундан ташқари, барча амирликларда мадрасалар, Қуръон мактаблари ишлаб турибди.
Мамлакат аҳолиси шариат қонунларига қаттиқ бўйсуниб яшайди. Аёллар ҳижобда юришади, ўттиз ёшгача бўлган аёллар маҳрамсиз мамлакатга киритилмайди.
Маст қилувчи ичимликлар савдоси ва истеъмоли (жамоат жойларида) тақиқланган. Фақат меҳмонхоналарда уч баравар қимматига сотилади.
Жиноятчилик йўқ ҳисоби. Энг кўп тарқалган жиноят — тагида пули бўлмаган чек ёзиб бериш. Айбдор беш-олти йилга қамалиши мумкин. Қамоқхонадан муддатидан илгарироқ қутулишнинг асло иложи йўқ.
Фақат Қуръони каримни тўла ёки ярмини ёдлаб, махсус ҳайъат ҳузурида синовдан ўтгач, озодликка чиқиш мумкин.
Аммо сайёҳларни маҳкамага тортиб ўтиришмайди, мамлакатдан ҳайдаб юбора қолишади.
Бирлашган Араб Амирликлари нефт туфайли халқининг тўкин, бадавлат яшашини таъминлаб, тараққиёт ва гуллаб-яшнаш даврини бошдан кечирмоқда.
Мамлакатнинг Ўзбекистон билан алоқалари ҳам ривож топмоқда.
Ҳаво йўллари очилиб, сайёҳлар ва тижжорлар бу юртга сафар
қилишяпти…
2.
Хуллас, яна Дубайдаман.
Мен Бирлашган Араб Амирликлари ҳақида шу пайтгача етарлича тасаввурга эга эмас эдим.
Мен Араб дунёсини яққиндан билишни, арабларнинг маданияти ва тарихини дурустроқ ўрганишни истардим.
Бу истак йўлидаги биринчи қадам табиийки, бу юртни бориб кўриш ва ўрганишдан бошланади.
Лекин ҳаммага ҳам бу орзу насиб этавермайди.
Шунинг учун ҳам мен Бирлашган Араб Амирликларида иккинчи бор кўрган кечирганларимни ҳам, баҳоли қудрат қоғозга туширишга, бу билан дунё ўзбеклари тасаввурида бу улуғ ва муборак юрт ҳақида маълум тасаввур уйғотишга — ўзимни қайсидир маънода бурчдор деб билдим…
Журналист Исмат Хушев МОПЧ Вице- Президенти Марат Зоҳидов билан Дубайдаги “Тошкент” ресторанида
(Ўтган йили олинган сурат)
3.
Дубай меҳмонхоналарида сайёҳлар учун яратилган шоҳона шарт шароит ва бошқа имтиёзларни ёзаётган хотираларимни ўқиб, хаёлан тасаввур қилиб кўришингиз мумкин. Лекин минг эшитгандан кўра, бир бора бориб кўрган афзал деган гап ҳам бор.
Эрталаб тонгда уйқудан турганингиздан то тунда яна уйқуга кетгунингизга қадар хизматингизда бўладиган меҳмонхона ходимлари — ҳижобли ва ҳижобсиз гўзал канизаклар, санамлар, ҳар бир имо ишорангизга муҳтож турувчи хизматкорлар – Сизни бу ерда мутлақ ҳоким, яккаю ягона хўжайин эканингизни ҳар зум, ҳар қадамда Сизга эслатиб туради…
Мен олдин ҳам дунё бўйлаб кўп кезган, беармон саёҳат қилган жаҳонгашта йигитман.
Лекин Бирлашган Араб Амирлигига қилинган бу галги сафар, бу бетакрор ва сирли саёҳат – умримнинг энг гўзал ва мароқли, ўлмас ва ардоқли хотираси бўлиб, журналистик шууримда мангуга муҳрланиб қолса, ажабланмайман.
Бу йилги сафар олдингисини қайсидир маънода тўлдирди ва янада бойитди.
Ўтган йили биз Марат Зоҳидов билан иккаламиз – икки эски қадрдон – бири Ватансиз, бири Ватанли, бири – сиёсий, бири – ҳаётий икки муҳожир Бирлашган Араб Амирликларининг энг гўзал ва кўркам шаҳарларидан бири бўлмиш – Дубайда ўтган кунларимизни хотирлаб уч кеча-ю, уч кундуз бирга бўлдик.
Биргаликда Дубайдаги фаровонлик ва ободликни, ҳурлик ва озодликни ўз она юртимиз – Ўзбекистон билан хаёлан қиёсладик, таққосладик.
Биз ўзбекистонлик икки ўзбек – араблар юртининг Ўрта ер денгизи бўйидаги қип қизил қум ва саҳродан иборат чўл-у, биёбоннинг қоқ марказида – жаннатдаги беҳиштдай дилбар ва мунаввар бир гўша, ям яшил ўтлоқзор ва зилол сувли фавворалардан иборат ўхшаши йўқ гўзал бир бўстон, бетакрор бир арши аъло яратган буюк араб халқига таҳсин ва ҳамду санолар ўқидик.
Уларнинг улкан бунёдкорлик меҳри ва яратувчилик сеҳри билан йўғрилган ақлу заковатига таъзим бажо айлаб, ташаккур ва тасаннолар тўқидик.
Араб Амирликларининг қаерига бормайлик, қай бурчига сафар қилмайлик – она Ўзбекистон доим бизнинг ёдимизда турди, хаёлимизда юрди.
Араблар юрти жуда гўзал ва обод. Дубайнинг таърифига – қалам ожиз, тил – лол.
Лекин Ўзбекистон барибир Ўзбекистон экан. Инсон ўз она Ватанининг асл қадрига ўша юртда яшаб юрганида ҳеч қачон етмас экан.
Исмат Хушевга ўхшаб, хориж эллар сари ногоҳ юз тутса, маданияти ёт ва қадрияти бегона юртлардан қўним топса, она Ватан қадрини ана ўшандагина англай бошлар экан одамзот…
Талабалик йилларимдаги истеъдодли шоир дўстим Мирзо Кенжабоевнинг қуйидаги дилбар сатрлари Дубайдаги ўтган йилги ўн беш кунлик саёҳатим давомида бир кун ҳам мени тарк этмаган бўлса, бу йил ҳам худди шундай бўлди десам, ишонаверинг:
Ернинг ҳар буржида одамлар гоҳо
Менга ўз тилимда сўзлар, гумон йўқ
Ўзбек кўп курраи заминда, аммо
Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ!
4.
Бирлашган Араб Амирликларининг пойтахти – Абу Дабига Дубайдан енгил машинада атиги бир соатнинг нари берисида етиш мумкин.
Абу Даби – Бирлашган Араб Амирлигидаги шиддат билан ривожланаётган гўзал ва бадавлат шаҳарлардан бири.
У – етти амирликни ўзида мужассам этган – Бирлашган Араб Амирликларининг пойтахти бўлиш билан бирга тап-тақир саҳрода яратилган ям-яшил ўтлоқлари ва дилбар гўшалари билан инсон тафакукури ва яратувчилик қудратини бутун оламга кўз кўз қиладиган дунёдаги энг гўзал ва кўркам шаҳарлардан бири ҳамдир.
Абу Даби атрофида топилган газ ва нефтдан келаётган даромад ҳисобига кундан кунга ривожланиб ва гўзаллашиб бораётган бу шаҳарни бежизга “Боғи-эрам” деб аташмайди.
Дубайдан пойтахтга элтувчи Corniche Road деб аталмиш ўн километрлик ям-яшил кенглик – шарқий Абу Дабидаги кўм кўк боғ-роғлардан ташкил топган ажиб манзарадан иборат.
Денгиз бўйидаги қирғоқ бўйлаб қурилган замонавий пляж ва дам олиш масканлари, осмонўпар бино ва виллалар Сизда эртаклардаги сирли бир оламга тушиб қолгандек серзавқ бир тасаввур уйғотади.
Тап тақир саҳрода ҳам шундай гўзал бўстон яратиш мумкинлигидан ўзингиз ҳам ажиб ҳайрат ва ҳавасга ошно бўласиз.
Инсон даҳоси ва заковотига қойил қолиб, тасаннолар айтасиз…
Одамлар яшаётган тап тақир саҳродаги оролчадан иборат бўлган масканда атиги ўттиз йил муқаддам қурила бошлаган шаҳар бугунга келиб гуллаб яшнаётган ана шундай беқиёс ва бетакрор бир бўстонга айланганига ҳеч ишонгингиз келмайди…
5.
Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритганига ҳам ҳадемай ўттиз йил бўлади.
Сал кам чорак асрлик муддатда биз эришган ютуқ ва ўзгаришлар билан албатта Абу Дабидаги инқилобий ўзгаришларни таққослаш кулгили туюлиши мумкин.
Лекин мен оддий бир ўзбек фарзанди сифатида, ўз Ватанининг баркамол қадду камолини кўришни орзу қилган инсон сифатида, Ўзбекистонни ҳам Дубай ва Абу Дабилар қаторида кўришни орзу қилардим.
Шу маънода Араб Амирликларидаги “ўттиз йил” билан Ўзбекистондаги “ўттиз йил” орасида ер билан осмонча фарқ борлиги мени ниҳоятда ранжитди…
Менинг бу надоматимни ўқиб, эҳтимол кимдир “Дубай ва Абу Дабини Тошкент ва Самарқанд билан солиштириш мумкин эмас. У ерда нефт ва газ бор, бизда нима бор?” деб менга савол бериши мумкин.
Бизда ҳам араблардан кам бўлмаган истеъдодли ва ақл заковатли, оташин ва ҳайратли инсонлар бор, эртаю кеч далада тиним билмай меҳнат қиладиган жафокаш халқ бор деб жавоб бермоқчиман уларга…
6.
Абу Дабини Дубай билан боғловчи узун ва ҳайбатли, замонавий Муссафа ва Аль Мактум кўприкларидан ўтаркансиз бир жаннатдан иккинчи жаннатга ўтаётгандек арши аъло завқини туясиз.
Ўзингизни ерда эмас, кўкда – етти қават осмону фалакнинг гўзал бир беҳиштида парвоз этиб юрган пардек жуда енгил сезасиз…
Ҳазрати инсонни кўз ўнгингизда янада улуғ ва музаффар кўрсатувчи бу баланд ва муҳташам кўприкдан ўтаркансиз, одам ақлу заковоти билан унинг улкан бунёдкорлик маҳоратига, сирли ва синоатли жасоратига тан бермасдан иложингиз йўқ…
Туркияда – Истанбулга кириб келган денгиз қўлтиғини иккига бўлиб, шаҳарнинг Осиё ва Европа қисмларини ўзъаро боғлаб турувчи икки буюк кўприкдан ўтганимда ҳам ана шундай ҳайратга тушган эдим.
Дубайдан Абду Дабига этадиган кўприк ҳам Истанбулдаги кўприклар каби ўз маҳовати ва салобати билан Америка ва Канадада кўрган кўприкларимдан сира ҳам қолишмас эди.
Ҳазрати инсон ва унинг олтин қўллари нималарга қодир эмас бу дунёда?
7.
Инсонни улуғловчи, унинг ақлу заковоти ва бунёдкор меҳнати натижасини рўёбга чиқарувчи – олтин қўллари мадҳини суюкли шоиримиз Эркин Воҳидовча ҳали ҳеч ким меёрига етиб мадҳ этмаган бўлса керак:
ҚЎЛЛАР
(Қасида)
Танингда камтарин аъзо
Бу қўллардир, бу қўллардир,
Мудом меҳнат учун пайдо
Бу қўллардир, бу қўллардир.
Жаҳонда токи бунёдсен
Ки, номи одамизодсен,
Юрақдек тинмаган асло
Бу қўллардир, бу қўллардир.
Ҳаёт деб ердан узсанг ҳам,
Нажот деб кўкка чўзсанг ҳам,
Тириксан то сенга ошно
Бу қўллардир, бу қўллардир.
Замин бунёди бу қўллар,
Унинг барбоди бу қўллар.
Саодат ҳам буюк савдо
Бу қўллардир, бу қўллардир.
Ғазал бахш этган оламга,
Ажал келтирган одамга
Бу тиғдир, бу гули раъно,
Бу қўллардир, бу қўллардир.
Севар ёрга гул узган ҳам,
Очиқ кафтини чўзган ҳам
Тилаб хайру закот танҳо,
Бу кўллардир, бу қўллардир.
Жаҳон даъвосини этган,
Жаҳондин лек очиқ кетган
Скандар илки бедаъво
Бу қўллардир, бу қўллардир.
Кулол айлантирар чархин,
Қаро лой санъат ўлгай чин,
Бужур, лек санъати зебо
Бу қўллардир, бу қўллардир.
Тутибдур игна жонона,
Бўлибдур шеър сўзона,
Ўзи олтин, иши тилло
Бу қўллардир, бу қўллардир.
Ажаб, нозик бу бармоқлар
Териб мисқол қилур тоғлар,
Жаҳонда энг буюк кимё
Бу қўллардир, бу қўллардир.
Диёримбир сахий соқий,
Орол унга майи боқий,
Сиру мавжли Амударё
Бу қўллардир, бу қўллардир.
Қўйиб нуқта қасидамга,
Боқарман тонгги оламга,
Қуёшдан шуълаларму ё
Бу қўллардир, бу қўллардир.
Салом, офтоб, салом, дунё,
Салом, шеърим, сени танҳо
Юракмас айлаган иншо,
Бу қўллардир, бу қўллардир.
1975
8.
Майли ортиқча ҳис ҳаяжонга берилмай, мавзуга қайтсак.
Абу Дабида – Бирлашган Араб Амирликларининг 2004 йилда сайланган Президенти – шайх Халифа бен Зоҳид истиқомат қилади.
Шунинг учун ҳам бу ерда Бирлашган Араб Амирлигининг дунёдаги энг катта давлат байроғи ҳавода мағрур ҳилпираб турибди…
Абу Даби – Бирлашган Араб Амирликларининг пойтахти ҳам.
Унинг атрофида топилган беҳисоб газ ва нефть қазилмалари – бу шаҳар ободончилиги, қурилиши ва инфраструктураси учун зарур бўлган маблағларни бемалол топиб бера олади.
Шунинг учун ҳам бу ерда – бутун ер юзидаги халқаро нефт ва газ кўргазмалари тез тез ўтказиб турилади.
Унинг равнақи ва гуллаб яшнаши йилдан йилга ошиб бормоқда.
Абу Дабида амирликлардаги энг катта миллий университет фаолият юритади.
Бу шаҳарнинг яна бир эътиборли томони шундаки, бу ердаги – ижтимоий ва сиёсий ҳаёт, миллий қадриятлар, музей ва мачитлар, шарқ бозорлари, дам олиш масканлари, замонавий супермаркетлар, йирик маданий ва илмий муассаса марказлари кечаги ва бугунги тарих билан гўзал бир уйғунликда эканлиги беихтиёр эътиборингизни тортади.
Араб Амирликларига иккинчи бор келиб, Абу Дабининг диққатга сазовор жойларини ажиб бир ҳайрат ва ҳавас билан айланарканмиз, бу ердаги одамларнинг юзидаги бахт ва саодат муждаларини сезмаслик мумкин эмас эди.
Нафақат Абу Дабида, балки Бирлашган Араб Амирлигининг ҳар бир гўшасида биз кўрган ва учратган аҳолининг кўзларида, юзларида, сўзларида шу юртдан фахрланиш ва ифтихор ҳиссини туйиш мумкин эди.
Мен бу ҳолга нима учун эътибор берганимга ҳали қайтамиз…
9.
Бирлашган Араб Амирликларида менинг диққатимни тортган ҳолнинг яна бири – оилавий сафарга чиққанларга мўлжалланган имтиёз ва имконлар, шароит ва эъзозлар бўлди.
Гап шундаки, Бирлашган Араб Амирликларида оилавий қадриятлар, эр хотиннинг ўзъаро муносабатлари, фарзанд тарбияси, рўзғордаги меҳр ва муҳаббат ришталари энг олий даражада қадрланиб, эъзозланар экан.
Одамларнинг бир бирига бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиромидан, уларнинг юксак инсоний маданиятидан қувонасиз.
Бу ерда ҳамма худди бир оила фарзандидай бир бирига ҳамдам ва хайрихоҳ эканини кўриб, уларга ҳавас қиласиз.
Бунинг устига ҳаё ва ибо, гўзал исломий одоб ва ахлоқ мезонлари Сизни ҳар қадамда ажиб ҳайратларга ошно этади.
Рўпарангиздан келаётган эр хотин – хўжасининг ёнида ажиб бир ҳаё билан ойдай юзларини ҳижобга буркаб, лаблари қимтиниб, нигоҳларини ерга боққанча латиф бир қиёфа, офтобдек бир сиқим ғужум нур ёнингиздан ялт этиб ўтиб кетади.
Худди ўз қизингиз ва куёвингиз, ўғлингиз ва ё келинингизни кўргандек, кўнглингиз ёришиб, оталикнинг фахр ва ифтихор туйғулари дилингизни чўлғаб олади.
Қалбингизда Ислом ва Қуръон қадриятларига нисбатан сўнмас бир меҳр ва ҳавас уйғонади.
Олдин айтдим, яна айтаман: Мен шу мўъжаз умрим давомида дунёнинг жуда кўп бурчини кездим. Жуда кўп миллат ва элатнинг миллий қадриятлари билан танишдим.
Лекин Ислом динидаги, Ислом оламидаги меҳр ва оқибатни, ҳурмат ва эҳтиромни, севги ва садоқатни бошқа ҳеч қаерда учратолмадим.
Бирлашган Араб Амирликларидаги ўтган йилги ва бу йилги мафтункор ва бетакрор, сирли ва сеҳрли сафардан олган энг катта сабоғим шу бўлди…
10.
Менинг ушбу сатрларимни ўқиб кимдир: “Бизда ҳам аслида шундай-ку!” – деб эътироз билдириши ҳам мумкин.
Ҳа, бизда ҳам шундай.
Ўзбеклардаги ҳавас қилса арзийдиган бу қадриятлар дунёнинг ҳеч бир халқида балки бу қадар қадр ва эъзозда эмасдир.
Бунга шак шубҳа бўлиши мумкин эмас.
Лекин истаймизми, йўқми, кейинги йилларда бизда миллий қадриятлар оёқ ости бўла бошлади.
Меҳр ва оқибат, инсоф ва диёнат, шарм ҳаё ҳамда адолат туйғулари бир қадар қадрсизланди.
Порахўрлик ва коррупция, алдаш ва ёлғон гапириш, бировнинг дўпписини бировга кийдириб кун кўриш, хоинлик ва хиёнат – адолатсиз жамиятдаги чорасиз одамларнинг оддий ҳаёт тарзига айланиб қолди.
Кишилар қалбида яхши ва ёруғ кунларга ишонч ва умид туйғулари йўқолиб бормоқда.
Ана шулар ҳақида ўйлаганимда, донишманд шоиримиз Абдулла Ориповнинг қуйидаги бетакрор ва ўлмас сатрлари беихтиёр ёдимга қуйилиб келади.
Ўзбек жамиятидаги бу иллатларни ҳали ҳеч ким бу қадар афсус ва надомат билан, меҳру маҳорат билан меъёрига етказиб куйламаган эди:
Юздан парда кетса,
Дилдан диёнат,
Меҳр ришталари зимдан узилса,
Юракларни босса шубҳа, хиёнат,
Ишонч кўприклари бузилса;
Етимлар ҳақидан қўрқмаса биров,
Сўқмоққа айланиб кетсалар йўллар,
Қиблагоҳлар осий, туғишганлар ёв,
Ғазналарга чўзилса қўллар;
Болалар руҳига ҳаёт деган дарс
Манманлик уруғин жойласа,
Ошиқлар кўчада маъшуқасин эмас,
Кимнингдир қадамин пойласа;
Элнинг шоирлари ғаним зотлар каби
Бир-бирларин ғажиб есалар,
Минбарларга чиқса кўча-кўйнинг гапи,
Андишани қўрқоқ десалар…
Бундай юртда энди қирғин шарт эмас,
Вабо ҳам қочади ундан йироққа,
Ҳатто дарёлари қурир басма-бас,
Ҳатто тупроқлари тушар титроққа…
Назаримда бу ерда изоҳга ҳожат ортиқча бўлса керак…
11.
Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти – Абу Дабига борган одам бу ерда энг аввал – дунёнинг кўркам ва довруғли қадамжоларидан бири бўлмиш Шайх Зайда Ҳазрати Олийлари масжидини бориб кўради.
Бу мўҳташам масжид 2007 – 2005 йилларда қурилган бўлиб, унинг умумий ер майдони – 5627 квадрат метрни ташкил қилади.
Бир вақтнинг ўзида қирқ минг кишининг намоз ўқиши мумкин бўлган бу улкан масжидга қадам ранжида қиларкансиз, қалбингизни ҳали Сиз ҳеч қачон ва ҳеч қаерда ҳис қилмаган ажиб ва сархуш бир туйғу қамраб олади.
Ўзингизни ниҳоятда енгил, руҳингиз пок ва осуда, мунаввар бир ҳолда сезасиз.
Кишининг ақлу ҳушини ўғирлаб, ўзини жаннат боғларига етаклаб кетувчи бундай сеҳрли ва сирли масжидларни мен Муҳаммад Солиҳ таклифи билан Туркияга борганимда, Эдирна шаҳрида ҳам кўп кўрган эдим.
Ўшанда дунёнинг энг қадимий ва улкан масжидлари шу ерда экан деб ўйлагандим.
Йўқ, адашган эканман, Абу Дабидаги масжид олдида Эдирнада кўрганларим ҳеч нарса бўлмай қолди.
Тўрт минора ва 82 гумбаз (купола) дан иборат бўлган бу масжид асосан қимматбаҳо мармар тошларидан қурилган.
Ҳар бир миноранинг баландлиги 107 метр.
Эътиборимни тортган ҳолдан яна бири – бу ерда дунё масжидларидаги энг катта шойи гилам ёзилган бўлиб, энг катта биллур қандил ўрнатилган экан.
Мен бир эмас, бир нечта улкан шойи ва зарбоп гиламлар ҳамда бири биридан гўзал сон саноқсиз биллур ва олтин қандиллар ҳақида гапираяпман…
Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев Абу Даби шаҳрида
(Ўтган йили олинган сурат)
Суратда: Исмат Хушев Марат Зоҳидов билан Абу Дабидаги янги қурилган муҳташам масжиднинг муқаддас остонасида… (Ўтган йили олинган сурат)
Суратда: МОПЧ Президенти Марат Зоҳидов Абу Дабида… (Ўтган йилги расм)
Суратда: Биз ўтирган енгил машина Абу Дабидаги машҳур масжидга етиб келди…
Суратда: Дубайни Абу Даби билан боғловчи баланд кўприкдан кўринган илк манзаралар…
12.
Дарвоқе, масжидда бизни ажиб ҳайратларга ошно этган гилам ва қандиллар ҳақида яна бир маълумот.
Журналистлигимга бориб, масжид маъмурларидан сўраб суриштирганим мени бадтар ҳаяжонга солди.
Биз босайми ё босмайми деб оҳиста қадам ташлаётган оёғимиз остидаги пардек момиқ ва юмшоқ ипак гиламлар – Али Холиқий исмли эронлик машҳур рассом чизмалари асосида дунёда ном қозонган “Эрон гиламлари” номли машҳур ва довруғли компания томонидан махсус тайёрланган экан.
Умумий сатҳи ва кенглиги 5627 квадарт метрдан иборат бўлган бу улкан мато (гилам) устида 20 нафар техник ходимлар ва 30 нафар ишчилар ҳамда 1200 нафар тикувчи ва тўқувчи қизлар гуруҳи меҳнат қилишган.
Бу улкан поёндоз гиламнинг умумий оғирлиги 47 тонна бўлиб, унинг 35 тоннаси — шойи ва шерстдан, қолган 12 тоннаси эса — ипак ва пахтадан иборат экан….
13.
Энди икки оғиз сўз осма қандиллар ҳақида.
Масжид залларида Германияда ишлаб чиқилган, Австрия олтин ва кристалидан қуйилган етти нафар биллур қандил (люстра) осиб қўйилган.
Масжиднинг марказий залидаги бош қандил – дунёдаги энг катта қандил (люстра) ҳисобланади. Унинг айланаси – 10 метр, баландлиги – 15 метр, оғирлиги – 12 тонна…
Яна бир маълумот: 2010 йилнинг 26 июнь куни қўшни Қатардаги подшоҳ саройларининг бирида ҳам шунга ўхшаш – дунёда тенги йўқ улкан қандил ўрнатилган.
Лекин шунга қарамай, Абу Даби масчидидаги бу қандил дунё масжидларида ўрнатилган қандиллар орасидаги энг улкан ва катталиги, бебаҳо ва беқиёслиги билан алоҳида аҳамият касб этади…
14.
Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу Дабидаги бу улкан масжид – дунёдаги олтита энг катта ва улуғвор, машҳур ва номдор масчидларидан бири экан.
У Бирлашган Араб Амирликларининг асосчиси ва биринчи Президенти Шайх Зайда Ҳазрати Олийлари шарафига унинг номи билан аталганини юқорида айтиб ўтдик.
Масжид ёнидаги саҳнада унинг мўъжазгина қабри ҳам бор.
Абу Дабидаги Шайх Зайда Ҳазрати Олийлари номидаги бу муборак масжид 2007- йилнинг муқаддас Рамазон ойида расмий очилган бўлиб, ўшандан бўён дунё мусулмонларининг энг қутлуғ ва шарафли, улуғ ва муқаддас қиблагоҳи ва қадамжойи сифатида фаолият юритиб келади.
Яна бир гап.
Бу масжидга ҳам Дубайдаги яна бир машҳур Жумейра масжиди каби фақат мусулмонлар эмас, балки бошқа дин вакиллари ҳам бемалол кириб-чиқиши мумкин.
Олдин унақа эмас экан.
Кўпчилик аҳоли ва саёҳатчиларнинг таклиф ва истакларини ҳисобга олиб, 2008 йилнинг мартидан эътиборан Бирлашган Араб Амирликларининг Туризм ва сайёҳлик вазирлиги ана шундай қарор қабул қилган.
Шайх Зайда Ҳазрати Олийлари масжидига кириш ва саёҳат қилиш – бепул…
15.
Минг шукрки, менга дунёнинг жуда кўп масжид ва черковлари, қиблагоҳ ва ибодатхоналарини бориб кўриш, зиёрат қилиш бахти насиб этди.
Исроилнинг Тель Авив ва Қуддусида, Туркиянинг Эдирна, Истанбул, Измир ва Анқарасида, мана энди Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай ва Абу Дабисида шундай қутлуғ ва муборак қиблагоҳларни, улуғ ва муқаддас қадамжоларни кўриш ва зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлдим.
Европанинг қатор шаҳарларига қилган сафарларимни айтиб ўтирмасам ҳам бўлади. Бу ерларда инсон эрки ва диний ҳуқуқи олий даражада кафолатланган ва ҳимояланган.
Америка қитьасида ҳам мусулмонларнинг бундай қадамжолари талайгина.
Бугун менга Ватан бўлмиш Канадада ҳам ҳар қадамда, ҳар бир шаҳар ва қишлоқда мусулмонлар намоз ўқиши мумкин бўлган бундай масжидларни тез-тез учратиш мумкин.
Бу ерларда ҳеч ким Сизни, диний эркингизни чекламайди. Истаган фуқаро истаган динига сиғиниб, ўз диний қида ва эркини бемалол адо этиши мумкин.
Ўзбекистонда кейинги пайтларда “диний экстримизм” ва “терроризм” га қарши кураш байроғи остида ноҳақ жабр кўраётган ва арзимас сабаблар билан ҳибс этилаётган кўплаб мўмин мусилмонларимизнинг аччиқ ва аламли тақдирини ўйлаб ёзаяпман бу гапларни.
Халқимиз ўз динига меҳр қўйса, унга астойлил боғланиб, сажда қилса, бундан қўрқмаслик ва жазавага тушмаслик керак демоқчиман ўзбек ҳукуматига…
16.
Дунёдаги энг машҳур ва довруғли, улуғвор олти масжиднинг бири ҳисобланган Абу Дабидаги сирли ва синоатли муқаддас қадамжодан бир олам таассурот билан ташқарига чиқарканман, мен энди ўзимни тамомила бошқача сеза бошладим.
Бу шу маънодаки, мен масжидга киришдан олдин – Дубайга тасодиф билан келиб қолган туйғулари тарқоқ, хаёли паришон, юрт ишқида юрак бағри қон бўлган оддий бир ватангадо муҳожир эдим.
Масжиддан эса мутлақо бошқа бир одам бўлиб чиқдим – ўзидан ва тақдиридан мамнун, эртанги кунидан кўнгли тўқ, истиқболли келажагидан умидвор, бағри бутун ва руҳи тетик, Ўзбекистондек дилбар Ватани борлигидан юрагида ажиб бир фахр ва ифтихор туювчи бахтли саодатли, бой бадавлат бир инсон бўлиб чиқдим…
17.
Абу Дабида мен ҳис этган бу қувонч ва саодат билан бирга қалбимнинг энг олис манзилларида ширин бир армон ҳам бош кўтарганди.
Бу армоннинг номини, агар таъбир жойиз бўлса, афсус ва надомат деб ҳам аташ мумкин.
Бу – нега мен ҳануз намоз ўқимаслигим билан боғлиқ бўлган жавобсиз бир савол эди…
18.
Ёлғон бўлмасин, олдинги қисмларда ёзганимдек, Тошкентда ҳибсга олиниб – Милллий Хавфсизлик Хизмати ертўласида ётганимда ҳаётимда илк маротаба намоз ўқишни бошлаган эдим.
Бу ҳақда кечаги гал ёздим, яна ёзаман.
Биз турган камерада бешта кравот қўйилган бўлиб, биз атиги икки маҳбус бу катта ва кенг хонанинг вақтинчалик соҳиби эдик.
Ҳамроҳим – ТошМИнинг олтинчи курс талабаси бўлган покистонлик бир йигит эди.
Уни Карачи разведкасига алоқадорликда гумонлаб, ҳибсга олган эдилар.
Ўша – 1994 йилларда МХХ ҳибсхоналарида маҳбуслар жуда кам эди. Бугун – 2014 йилга келиб эса, унинг камераларида одам тўлиб кетганига шубҳам йўқ…
Абдул Хассан исмли бу йигит эрталабдан то кечгача беш вақт намозни канда қилмасди. Мен ҳам унга қўшилиб ўз ўзидан намоз ўқишни бошлаганман.
Бу шу маънодаки, у нима қилса – мен ҳам шуни қилардим. Нима ҳаракатни бажарса – шуни бажарардим: турса турардим, чўккаласа – чўккалардим…
Фақат икки калима сўзни билардим: Авзибилла ҳимина шайтони ражим, Бисмиллоҳи раҳмони раҳим…
Намоз суралари ва ё қурон сўзлари ўрнига фақат Оллоҳга илтижо қилардим, холос…
19.
Озодликдан маҳрум бўлган маҳбуслик ва маҳкумликда Сиз фақат вақт ўтишини ҳисоблаб, терговчи ва ё адвокатингизни кутиб яшайсиз.
Фақат ўшаларгина Сизга бу дунёда ҳаёт борлигини, Сиздан бошқа одамлар яшаётганини эслатиб, ташқаридан мужда келтириши мумкин.
Хусусан, адвокатни – Хўжа Хизрни кутгандай кутиб яшайсиз.
У Сизга келтирган: “Салом Исмат ака, Сизни соғиндик. Айниқса – болалар…” деб аччиқ кўз ёш ва бардош, ҳаё ибо ва меҳру вафо билан ёзилган бир парча оқ қоғоз – Сизни яна яшашга, озодликка умид қилишга, ўлмасликка чорлайди…
Ана шундай чорасиз ва нажотсиз бир пайтда фақат намоз – Оллоҳга сиғинишгина Сизни яна ҳаёт билан боғлаб, қалбингизга милт-милт этган, ғира шира умид уйғотувчи ёруғ шуълаларни бахш этиб туриши мумкин, холос.
“Подшо эркатойи саргузаштлари»”нинг эрта индин Туркиядан Торонтога боргандан кейин эълон қилишни бошлайдиган учинчи китоби – бошдан охиригача менинг Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтган шўрлик ва аянчли маҳбуслик қисматимга бағишланади…
20.
Майли, ортиқча ҳис ҳаяжон баъзан яхши бўлса, баъзан хаёлни олиб қочиши мумкин.
Мавзудан узоқлашмайлик.
Биз ҳозир МХХ нинг тошкентдаги лифт билан тушадиган машҳур ертўласида эмас, балки гўзал ва муборак Дубайнинг Абу Даби номли пойтахтида қад кўтарган улуғ ва муқаддас масжит пойидамиз.
Биз ҳозиригина бу муборак қадамжодан йигитдек ёшариб, минг бир орзу умид билан руҳланиб, покланиб ва тозаланиб чиқдик.
Энди бизга жасорат ва шижоатга қўл уриш ҳеч гап эмас.
Энди агар биз истасак Тошкентдаги МХХ нинг ертўласи тугул, Ўзбекистон салтанатини бутун тожу тахти билан остин устун қилиб ташлашимиз, ер билан яксон қилиб юборишимиз мумкин.
Лекин биз буни истамаймиз.
Биз Ватан сарҳадларида худди бугунгидек ҳамиша тинчлик ва озодлик ҳукмрон бўлишини, бизни муҳожирликка маҳкум этган бўлса-да, лекин барибир ўша Президент ва унинг салтанати омон бўлишини, ҳукм суришини истаймиз.
Бу аслида парадокс ҳол бу. Лекин бизнинг бундан ўзга йўлимиз ҳам, чорамиз ҳам, қолаверса горизонтда бундан ҳали нишона ҳам йўқ.
Ислом Каримов – бизнинг бахтимиз ва бахтсизлигимиз, орзу умидимиз ва армонимиз, қувонч ва қайғумиз бўлиш билан бирга улкан фожеамиз ҳамдир.
Биз унинг холис ва ҳур фикрли эмас, балки фанатик бир солдати эдик. Энди бундан тонолмаймиз.
Биз энди ундан олисда – хориждамиз деб, бошқа кемага чиқолмаймиз.
Ўз эътиқод ва виждонимизга, ҳис туйғуларимизга хиёнат қилолмаймиз.
Энг муҳими – бировнинг дўпписини бировга кийдириб, хоинлик ва иккиюзламачилик қилиб яшолмаймиз.
Биз бу йўлга сиёсат ва салтанатнинг ана шундай бешафқат ва ифлос қоидаси борлигини билиб, кирганмиз.
Чунки биз истаймизми ё йўқ, барибир – Ислом Каримовнинг аскарларимиз.
Ўшанинг даврида элга танилдик, ўшанинг сиёсатида давру даврон сурдик, энди бугун бундан тонсак, уят бўлади.
Фақатгина кўнглимизда бир иштибоҳ бор: Биз Ислом Каримов ҳам замонга қараб ўсиб ўлғайишини – ўзгаришини, бағри кенг ва кечиримли бўлишини истаймиз.
Узоқ йиллардан бўён ҳибсда қолаётган Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Рустам Усмонов, Муҳаммад Бекжон, Аъзам Фармонов, Дилмурод Саайидлар ҳам Аҳмаджон Одилов каби саксон ёшига қадар қамоқхонада қолмасликлари керак.
Ишсизлик, коррупция ва порахўрлик Саакашвили методида таг томири билан қўпориб ташланиши зарур.
Мамлакатимизда секин аста демократик тамойилларга изн берилишини, ҳур фикрлилик ва эркин матбуотга йўл очилишини истаймиз.
Ва пировард натижада хориждаги соғлом ва мўътадил ўзбек мухолифатининг Ватанга қайтишини орзу қиламиз…
21.
Абу Даби саёҳатидан Дубайга қайтарканмиз, бу ерда кўрган кечирганларимизнинг ўчмас ва ёруғ таассуроти бутун фикру хаёлимизни қамраб олганди.
Мен Ўзбекистонимиздаги ҳар бир журналист, ҳар бир ижодкорга Бирлашган Араб Амирликларига келиш, Абу Даби ва Дубайга саёҳат қилиш насиб этишини чин дилдан орзу қиламан.
Негаки, ижодкор одам учун Араб дунёсини билиш ва ўрганиш, ер шарининг Дубай номли олтин бекатидан ўтган давр ва бугунги ҳаёт ўртасида туриб – умр ва тарих сарҳадларига назар ташлаш жуда фойдали ва сабоқли эканини ич ичимдан ҳис этган, англаб етган эдим.
Ҳали шундай кунлар келадики, Ўзбекистон билан Бирлашган Араб Амирликлари бугунги мўътадил муносабатларни янги поғонага кўтариб, ўзъаро борди келди алоқаларини янада мустаҳкамлайдилар.
Ҳар иккала давлатлар аро визасиз алоқалар амал қиладиган дориламон кунлар ҳам эрта бир кун келишига мен албатта ишонаман…
22.
Дарвоқе, Шаржа шаҳри ҳақида.
Шаржа – Дубайдан атиги ярим соатлик йўл бўлиб, бу ердаги аксар меҳмонхоналар денгиз қирғоғида жойлашган.
Лекин энди бу ердаги нарх – Дубайдаги меҳмонхоналар нархидан тамомила фарқ қилади.
Дубайда биз турган меҳмонхоналар 300-500 АҚШ доллари атрофида бўлса, бу ердаги меҳмонхоналарнинг деярли ҳаммасида нарх бир хил – 100, нари борса 200 АҚШ доллари атрофида…
23.
Дубайда – Ҳиндистон ва Покистондан иш излаб келганлар жуда кўп.
Такси ҳайдовчилар, меҳмонхонада юкингизни ташувчилар, ҳаммоллар – барча қора ишни қилувчилар асосан шу икки давлат вакиллари эканига эътибор қилдим.
Шунда беихтиёр, нафақат ўзбеклар дунёга “гастербайтер” бўлиб таниляпти, балки ҳиндлар ва покистонликлар ҳам бизнинг сафимизда бор экан деган ожиз бир таскин кўнглимдан ўтди…
Мен ўзбеклар дунёга “гастербайтер” бўлиб – муте ва хорлик билан эмас, балки ижодкорлик ва бунёдкорлик билан танилишини жуда жуда истар эдим…
(Давоми бор)
Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев нашримизнинг Дубайдаги мухлислари билан…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири
7 июль, 2015 йил, Истанбул, Туркия.
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири Исмат Хушевнинг Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркия бўйлаб сафари чоғи олинган суратлар галареяси, июнь-июль, 2015 йил.
7 июль, 2015 йил. Истанбул.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
(Давоми бор)
Исмат ака сафар таассуротларига гап йук! Худди, сиз билан енма-ен бирга сафар килгандек булдим. Бирор нарса хакида таьсирли езиш учун, аввало автор узи таьсирланиш керак уша нарса еки вокеадан. Зерикарли езмаслик учун эса, сизга ухшаб каерда кандай езишни билиш керак деб уйлайман. Сизга рухий баркамоллик, уйгок калб, оилавий тукис бахт доимо хамрох булишини Аллохдан сураб коламан
“Мачит” эмас “Масжид” ёзилади
Bu boyliklarning barchasi turkiy va forsiy musulmonlarning cho’ntagidan kelgan. O’zbek yemasa ham hajga borsam deydi!
“Аёллар ҳижобда юришади, ўттиз ёшгача бўлган аёллар маҳрамсиз мамлакатга киритилмайди”. Unda MDH davlatlaridan (balki butub dunyodan) kelayotgan “tungi kapalaklar” yoki yosh qizlar Dubayga qaysi yo’l bilan kirishyapti?
Исмат ака сиз мавжуд сиёсий ҳокимят ичидан чиққанман дейсиз. Лекин қоғозга ўраб одоб доирасида пустагини қоқиб, камчиликларини очиб, чуқур мулохазали танқид қиласиз. Араблар нафақат нефт қушимча ислом дини туфайли шу мақомга эришди. Нефти бор мамлакатларни ҳаммаси ҳам БАА.КАТАР даражасига эришгани йўқ. Бизга келсак ҳали ҳам ўрта йўлдамиз жоҳил совет утмишидан қутлганимиз йўқ. Исломни ҳам жамиятимизга синдира олмадик. Исмат ака ёзганлари ва БАА хакдаги фикрлари биз учун ахамиятлик. Бошкалар хам у кишдан урганиш керак ёзишни. Айникса давлапт ва ахбарот агентликлари мухбирлари. Улар жуда сийка ва зерикарли ёзади. Исмат акани уларга бошлик киилб куйиш керак. Ман приздент бусам шундай килардим.
Бундан ортиқ таърифлаш мумкинми! Сафар таъсуротларини журналист аҳли. Шахсан мен Араб Амирлигига бу ёзганларингизни ўқиб боргандек бўлдим. Сиз саёҳатда тўриб шунчалик ижод қилишингизни ақилга сиғдириш қийин. Қандай вақт топасиз? Бутун ҳаёлингиз ижод, фикрлашда бўлса керак. Мана энди биз биламиз замонавий ҳақиқий журналист, ижодкор қандай бўлиши керак эканлигини сизнинг мисолингизда.
Ismat aka korib keganingiz yahshi, rosa tomosha qiladigan joylari kop, man bir narsaga hayron qoldim nega kostyumda yurdiz ahir u erlar 35-45 daraja issiqku tashqarida? Omad sizga!