Анвар Сайрамий ижожидан: Ольга Ивановна ҳақида (Сафар таассуротлари)
Анвар САЙРАМИЙ
Сафар тааcсуротлари
ОДАМШАВАНДА ОЛЬГА ИВАНОВНА
Свердловск вилояти пойтахти Екатеринбург шаҳрига кўзлаган вақтимдан анча эртароқ етиб келдим. Шундай эса-да, керакли шахслар билан боғланиш, ташрифимни билдириш илинжида кўпқаватли мудофаа спорт–техника ташкилоти (ОСТО – оборонная спортивно — техническая организация) биноси қошида тўҳтадим. Мотоциклимни эса, уруш йилларида шуҳрат қозонган қирувчи самолёт ёдгорлиги ёнида қолдириб, бинонинг тўртинчи қаватига кутарилгач, қабулхона эшигини оҳиста тақиллатиб, ичкари кирдим.
Хонанинг чап томонидаги чарм билан қопланган эшикка вилоят ОСТО раиси генерал Клименко Николай Иванович, ўнг томондаги айнан шундай эшикка эса, вилоят ОСТО раисининг муовини, полковник Протько Анатолий Иванович, деб ёзиб қўйилганди. Қаршида, стол ортида эса, ўрта яшар бўлишига қарамай, латофатини йўқотмаган, мовий кўз котиба аёл бошлиқдан аллақандай ёзма топшириқлар олар, бажариш муддатини сўраб, аниқламоқда эди.
Аскари учрашувларда тегишли маҳкама раҳбарлари, матбуот ходимлари ва бошқалар мени асл сайёх қиёфасида кўргиси келар, соч–соқол, уст–бошимни тартибга келтириб олганлигимдан нолишар, мулоқотда ҳам тафсилотларни ўзгаришсиз баён қилишимни ёқтиришарди. Шу боис, либосларимни алмашиб олишни лозим топмадим ва яна ўша вилоят мотозаводи маҳсулотини тарғиб этаётганимдан яхшигина кутиб олишлигини назаримда тутгандим. Қиёфамга кўзлари тушгач, иккала шахс таажжубдан анграйиб қолишди. Гўё ўзга сайёрадан тушган одамсифатни учратгандай лол эдилар.
—Сизга нима керак? – сўради анча дақиқадан сўнг бошлиқ.
—Бошлиқда юмушим бор эди. Мен шундай – шундай… – қисқача мақсадимни тушунтирмоқчи бўлдим. Бош-оёқ яна бир разм солиб чиққач, ёқтирмаган бир қиёфада муовини эшиги томон ишора қилиб, деди:
— Ўша ёққа кира қолинг! — Ижозат сўраб, остона ҳатладим. Ҳашаматли хона тўрида салобат тўкиб ўтирган полковник виқор билан саломлашгач, ҳужжатларимни наридан – бери кўрган бўлиб, мийиғида кулимсиради. “Гап бундай, биродар. Қоғозларингиз қалбаки экан. Ҳақиқатдан ҳам шундай сайёҳ бўлганинггизда эди, ўз киссамдан сарфлаб бўлса ҳам, кўмак берган бўлрдим. Вақтимни олманг. Хайр, саломат бўлинг”.
Рингдан мағлубият билан чиқаётган боксчидай хонани тарк этаман ва қандайдир ишончсиз бир аҳволда бошлиқ эшиги томон яқинлашаман.
— Сизга яна нима керак, муовин қабулида бўлдингиз-ку, — менга юзланади ҳалиги котиба аёл.
— Ҳа, у мени тушинмади чоғи, раисга кирмоқчиман. Шу пайт муовин ўз хонасидан чиқиб, генерал ҳузурига йўл олди. Бир неча дақиқалардан сўнг, бошлиқдан ҳам қабул қила олмаслиги хақида хабар топдим. Киссамда ҳеч вақо қолмаган. На бензин ва на егулик бор. Ётоқ муаммоси турибди тағин.
Афтодаҳол юқори қават пиллапояларини бир – бир босиб, ташқарига чиқаман ва техникамга яқинлашаман.
Мотоциклдаги байроқларга, ёзувларга диққат билан назар солаётган европача кийиниб олган бир аёл яқинлашиб қолганимни сезмади ҳам. Кўзи тушгач, маъноли боқиб, мендан сўради: “Бу қандай мотоцикл, байроқлар, ёзувлар нимани ифодалайди. Сиз кимсиз ўзи?” “Одамман, инсон фарзандиман” демоқчи бўлдим ўкинчимни намойиш қилиб. Лекин, аёлнинг муомаласи, қандайдир қардошларча меҳрибонлик хислати мени бу фикримдан мутлоқ қайтарди.
— Саёҳатчиман, — дедим сўзига жавобан, — Европа – Осиё ўлкаларини кезиб юрибман. Мана бу номлар эса, босиб ўтган юртларим. Хужжатларимни синчковлик билан кузатиб олгач, кўзлари чақнаб қувонч билан буюрди: “Нима қилиб турибсиз, техникани ичкарига ҳайданг. Мен ўша вилоят ҳарбий – спорт клуби раиси Ольга Ивановна бўламан. Ҳой, Володя! Дарвозани оч, меҳмонни қабул қил” деди харбий машина ва боша техникалар тартиб билан саф тортган ховли кираверишда турган навбатчи йигитни чорлаб. Менга рад жавобини берган махкамага қарашли бу гаражга Ольга Ивановна хам хаддили эканини тушунгач, у ёққа юра бошладим. Мурувватли раҳбар кўмагида ётоқ-жойли, насибали ҳам бўлдим. Ювиниб, кийим- бошларимни ўзгартириш тараддудида хам эдим-ки, телефон орқали мотоциклим ёнига чақириб қолдилар.
Ташрифимдан хабар топган оммавий ахборот воситалари ходимлари яқинлашишим биланоқ, бир-бирларига навбат бермай: “Исми шарифингиз, оилавий шароитингиз, уйдан қачон чиқдингиз, сафардан асл мақсад нима, энг оғир дамларингиз, теникамиз хақида нима дея оласиз? каби саволлари билан мурожат қилишар, жавобимни тасмага тушириб, қоғозга ёзиб олишарди.
— Сиз кўп ходисаларни чамамда пинхон тутмоқдасиз аниқроқ айтингчи, нахотки хамма жойда хуш кутиб олишаётган бўлса, — деб қолди қизқувчан журналистлардан бири.
— Қўйинг, — эътироз билдираман унга, — келинг, фақат яхши тафсилотлардан гаплашайлик. Бошқалар хам талабгарни қувватлашди. Иложсизликдан Болтиқбўйи мамлакатлардаги аянчли ахволимни, қиш кунларидаги дарбадарликни ва нихоят бир неча дақиқа олдин Свердловск вилояти ОСТО раиси қай тарзда қабул қилганлигини икки оғиз гапириб бердим.
“… Бизнинг Ирбит “ Урал- мото” заводимиз учун бундан зиёд тарғиб бўлиши мумкин эмас…” деб ёзади ”Уральский рабочий” вилоят газетаси мухбири Т.Молчанова ўзининг 1995 йил 14 инюнь 109- сонидаги мақоласида. – Ўқитувчи – саёх олдида ўта хижолатда қолдик. Ёки биз мунчалар ўзлигимизни унутиб, ўзгариб кетдикмикан?”
Кечикиб бўлса хам, генерал Клименко ва муовини каминани хузурларига чақириб, узрларини билдирдилар. Қабулхона тўридаги деворга ўрнатилган Россия герби ва давлат байроғи тагида эсдалик учун расмга тушдик (суратда). Хазил тариқасида уларга “ е, чопоним, е, ич, чопоним, ич” хикоясини кулгули қилиб сўзлаб бердим.
Кечган нохуш воқеаларни унутган бўлдик ва мен мехмонхона томон йўл олдим.
Ғира-шира тонг отмоқда. Неон чироқлари хали Екатеринбург шахрининг кенг кўчаларини, баланд-баланд уй деворларини, тартиб билан экилган дарахт шохларини бахоли – қудрат ёритиб турибди. Ахён – ахёнда енгил машиналар эрталабки тинчликни бузиб, елиб ўтиб қолади. Бисотимдагиларни йиғиштириб, пастга тушаман. Сибирнинг эрталабки нохуш изғирини этни жунжиктиради. Ховлидан гараж қоровули ёрдамида “Бойчибор”имни етаклаб, ташқарига чиқаман. Ўша ердан 300 чақирим шимоли-шарқда жойлашган Ирбит шахрига “Урал-мото”заводига тезкорлик билан етмоғим даркор. Чунки, у ёқда туман “Восход” газетасининг мухбирлари, заводнинг “Знамя победы” газетаси ва синов цехи ходимлари кутишмоқда. Уларни хам Ольга Ивановна телефон орқали огохлантириб улгурган эканлар…
Шахардан узоқлашар эканман, ўша илтифотли, самимий, инсон қадриятини бахолай оладиган одамшаванда аёл кўз олдимда гавдаланиб борарди.
Анвар САЙРАМИЙ,
Июль, 1995 йил